язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Меҳнат муҳофазаси/ Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари/ Отлар билан ташиш ва бошқа ишларни бажаришда меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 20.06.2009 й. 1973-сон билан рўйхатга олинган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 02.06.2009 й. 23/Б-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 20 июнда 1973-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2009 йил 2 июндаги

23/Б-сонли буйруғига

ИЛОВА



Отлар билан ташиш ва бошқа ишларни

бажаришда меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) Қонунига мувофиқ отлар билан ташиш ва бошқа ишларни бажариш билан шуғулланадиган ходимлар учун меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар мулкчилик шаклидан қатъи назар, отлар билан ташиш ва бошқа ишларни бажариш билан шуғулланадиган корхона ва ташкилотлар (бундан кейинги ўринларда корхоналар деб юритилади) томонидан қўлланиши шарт.


2. Мазкур Қоидалар йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари, ҳайвонлар гигиенаси нормалари ва ветеринария-санитария қоидалари, давлат стандартларининг тегишли нормалари, шунингдек белгиланган тартибда тасдиқланган бошқа тармоқ норматив ҳужжатлари талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.


3. Корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонун ҳужжатларига ва мазкур Қоидаларга риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган давлат идоралари томонидан, жамоатчилик назорати эса меҳнат жамоалари ва касаба уюшмалари томонидан сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.


4. Мазкур Қоидаларнинг бажарилишини назорат қилиш корхонанинг хавфсизлик техникаси бўйича хизмати (муҳандиси) зиммасига юклатилади.



II. ХАВФСИЗЛИКНИНГ

УМУМИЙ ТАЛАБЛАРИ


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш

ишларини ташкил этиш


5. Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 14-моддасига мувофиқ ишловчилар сони 50 ва ундан ортиқни ташкил қилувчи корхоналарда махсус тайёргарликдан ўтган шахслар орасидан меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил қилинади. Ишловчилар сони 50 дан кам бўлган корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш функцияларини бажариш ташкилот раҳбарларидан бирининг зиммасига юклатилади.

Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати вазифаларига корхонада меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси бўйича барча ишларни мувофиқлаштириш ва ушбу ишлар ўз вақтида бажарилишини назорат қилиш киради.


6. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра корхонанинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбари ёки бош муҳандисига бўйсунади ҳамда корхонанинг фаолияти тугатилган тақдирда тугатилади.


7. Корхоналарда отлар билан ташиш ва бошқа ишларни бажаришда меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


8. Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга мувофиқ корхоналарда қуйидагилар назорат қилиниши лозим:

иш жойларининг аҳволи;

меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши;

бахтсиз ҳодисаларнинг ўз вақтида ва тўғри ўрганиб чиқилиши;

меҳнатни муҳофаза қилишга ажратилган маблағларнинг тўғри сарфланиши;

меҳнатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларининг бажарилиши ва бошқалар.


9. Корхоналарда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни ўрганиш ва ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1997 й., 6-сон, 21-модда) билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларга йўл-йўриқ бериш,

ўқитиш ва уларнинг билимларини

текшириш ишларини ташкил этиш


10. Ходимлар ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, йўл-йўриқлар олишлари, билимларини текширувдан ўтказишлари ҳамда касбий-техник тайёргарликдан ўтган бўлишлари шарт.


11. Ходимларни меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқлардан ўтказиш, ўқитиш ва билимларини текшириш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


12. Корхона маъмурияти барча ишга кираётганлар, шунингдек бошқа ишга ўтказилаётган ходимлар учун ишларни бажаришнинг хавфсиз усулларини ташкил этишлари ҳамда уларга меҳнатни муҳофаза қилиш ва бахтсиз ҳодисаларда жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича йўл-йўриқлар беришлари шарт.


13. Корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) низомга мувофиқ ишлаб чиқилади. Ходимларни ушбу йўриқномалар билан таъминлаш корхона раҳбариятининг зиммасига юклатилади.



3-§. Касбий танлов


14. Корхоналарда касбга кўра танлаш ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассислар рўйхати бўлиши лозим.


15. Отлар билан ташиш ва бошқа ишларни бажариш билан шуғулланадиган ходимлар тегишли касбий маълумотга ва зарур иш тажрибасига ҳамда ушбу ишларни бажаришда қўйилган талабларга жавоб берадиган даражада ишларни ташкил қилиш қобилиятига эга бўлиши лозим.


16. Ходимлар отлар билан ташиш ва бошқа ишларни бажаришга киришиш олдидан бундай ишларни амалга ошириш бўйича йўл-йўриқлар олишлари, ўрнатилган талаблар билан танишишлари ҳамда уларни бажаришнинг хавфсиз усулларини ўзлаштириб олган бўлишлари лозим.


17. Касбий танловдан сўнг ишга қабул қилинган ходимларнинг касбий маҳорати юқори эканлигига ишонч ҳосил қилиш мақсадида назорат ўрнатиш, зарур бўлганда қайта йўл-йўриқдан ўтказиш лозим.


18. Ҳомиладор, эмизикли аёллар ва 18 ёшга тўлмаган шахслар томонидан, отлар билан ташиш ва бошқа ишларни бажаришга рухсат этилмайди.



4-§. Ходимларнинг якка тартибдаги

ҳимоя воситаларидан фойдаланиши


19. Ходимлар якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан корхона томонидан бепул таъминланиши лозим.


20. Якка тартибда ҳимоя воситаларидан фойдаланишда, ходимлар уларнинг қўлланилиш усуллари, ҳимоя хусусиятлари ва амал қилиш муддатлари тўғрисида тўлиқ маълумотларга эга бўлиши ҳамда улардан фойдаланишга ўргатилиши лозим.


21. Корхона раҳбарияти қуйидагиларни таъминлаши шарт:

амалдаги меъёрлар бўйича мазкур ишлаб чиқариш учун талаб қилинадиган барча шахсий ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатурасини;

ҳимоя воситаларини қўллаш ва тўғри фойдаланиш устидан доимий назоратни амалга оширишни;

қўлланилаётган ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлигини текширишни;

шахсий ҳимоя воситаларидан хавфли ва заҳарли моддалар муҳитида фойдаланилганда уларни дегазация ва дезинфекция қилишни (бир марта қўлланиладиган ҳимоя воситалари бундан мустасно).


22. Шахсий ҳимоя воситаларини сақлаш, бериш ва қабул қилиш ўрнатилган тартибда амалга оширилади.


23. Ходимлар отларнинг ҳаракатини чекловчи асбоб-ускуналардан фойдаланиши шарт.



5-§. Ходимларнинг

саломатлигини назорат қилиш


24. Отлар билан ташиш ва бошқа ишларни бажаришга белгиланган тартибда дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтган ҳамда тиббий жиҳатдан соғлом бўлган шахслар қўйилади.


25. Корхона раҳбарияти (ёки иш берувчи) ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда уларнинг тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаши лозим.


26. Тиббий кўриклар даволаш-соғломлаштириш тадбирлари белгиланган текшириш далолатномаси билан якунланиши лозим.


27. Корхона раҳбарияти тиббий кўрик далолатномаси билан танишиб чиқиши ҳамда далолатномада кўзда тутилган барча тадбирлар ва кўрсатмаларни бажариши лозим.


28. Даврий тиббий кўрикларнинг ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва уларнинг натижаларига кўра берилган тавсияларнинг бажарилиши учун жавобгарлик корхона маъмурияти зиммасига юкланади.


29. Ходим тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки тиббий комиссиялар томонидан ўтказилган текширишлар натижаларига кўра берилган тавсияларни бажармаган тақдирда, корхона маъмурияти ушбу ходимни ишга қўйишга ҳақли эмас.


30. Корхоналарда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2000 йил 6 июндаги 300-сонли "Ўзбекистон Республикасида ходимларни ишга қабул қилишда дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруғи (рўйхат рақами 937, 2000 йил 23 июнь) асосида амалга оширилиши лозим.



III. ХАВФЛИ ВА ЗАРАРЛИ

ОМИЛЛАР ВА УЛАРДАН

ҲИМОЯЛАНИШ УСУЛЛАРИ


31. Ҳар бир корхона, амалдаги тармоққа мос келадиган хавфи юқори шароитларда бажариладиган ишлар рўйхатини тузиб чиқиши зарур.


32. Отлар билан ташиш ва бошқа ишларни бажаришда хавфли ва зарарли омиллар инсон организмига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.


33. Отлар билан ташиш ва бошқа ишларни бажаришда хавфли ва зарарли омилларга қуйидагилар киради:

а) асов ва асабий отлар;

б) носоз улов воситалари;

в) йўлларда хавфли паст-баландликлар;

г) дарё ва йўллардаги қалинлиги 15 см дан кам бўлган музлар;

д) йўлларнинг темир йўл ўтиш жойлари билан кесишиши;

е) юқумли касалликлар билан зарарланишлар.


34. Отлар билан ташиш ва бошқа ишларни бажаришда инсонлар ва ҳайвонларга хос касалликлар (туберкулёз, бруцеллёз, лептоспироз ва бошқалар) билан касалланган шахсларнинг ишлашлари тақиқланади.


35. Отлар билан ташиш ва бошқа ишларни бажаришда тери касалликлари билан касалланган, шилинган ва майда яралари бор ходимлар фақат шифокор рухсати билан ишга қўйилади.



IV. ОТЛАР БИЛАН ТАШИШ ВА

БОШҚА ИШЛАРНИ БАЖАРИШДА

ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


36. Отлар сақланадиган корхона ҳудудидаги йўллар, йўлаклар ва ўтиш жойлари бўш, текис ва етарлича ёритилган бўлиши керак. Қиш вақтида ўтиш жойлари ва йўлаклар қордан тозаланиши лозим.


37. Озуқа йўлаклари ҳар хил жиҳоз ва материаллар билан беркитилмаслиги керак.


38. Қиш мавсумида музлаган йўлакларга қум, шлак ва қиринди сепилиши лозим.


39. Корхона ҳудудида транспорт ва кишиларнинг ҳаракатини бошқарувчи йўл белгилари ва кўрсаткичлари бўлиши керак.


40. Корхона ҳудуди тунги пайтда талабларга мос ҳолда ёритилиши лозим.


41. Ишчи отлар ҳар бир отбоқарга махсус бириктирилади.


42. Қишлоқ хўжалик мосламалари отга фақат соз ҳолда қўшилиши лозим.


43. От арава ва отга қўшиб ишлатиладиган мосламалар ҳар бир отга алоҳида бўлиши керак.


44. Қишлоқ хўжалик мосламаларига қўшилган отларни ёлғиз қолдириш тақиқланади.


45. Ишга чиқишдан олдин бригадир ва отбоқар ишга тааллуқли барча инвентарларнинг созлигини текшириш ҳамда ғилдиракларнинг маҳкамлигига алоҳида эътибор қаратиши керак.


46. От-улов воситалари ва бошқа мосламалар ҳар доим соз ҳолда бўлиши керак.


47. От-улов воситалари отбоқарга отнинг орқа оёғи етмайдиган ҳолда, махсус ўриндиқлар билан жиҳозланиши керак.


48. Ҳуркак ва яғир отларда кўзпанасиз ва юганланмаган ҳолда юришга рухсат этилмайди.


49. Ташиш ишлари билан банд бўлган отларнинг ҳамма туёқлари тақаланган бўлиши керак.


50. Автотранспорт ва бошқа транспорт воситалари тез ҳаракатланадиган йўлларда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қиладиган отбоқар ва ювош ҳамда ўргатилган отлардан фойдаланилади.


51. Юқори тепаликлардан пастга тушишда аравалар оралиғида маълум масофа бўлиши, уларда тормоз тизими қўлланилиши талаб этилади ва бундай пайтда одамлар аравада бўлиши тақиқланади.


52. От-уловларини карвон ёки гуруҳлаб тупроқ ёки қор йўлларда ҳамда бироз қия йўлларда олиб боришда 1,5 - 2 м, муз йўлларда 5 м оралиқ масофа сақланиши керак.


53. От-уловлар оралиғи кескин пастликларда пастлик узунлигича бўлиши керак. Кескин пастликларда албатта ҳаракатни тўхтатувчи мосламани (тормоз) қўллаш керак. Бундай ҳолатларда от уловларда одам бўлиши тақиқланади.


54. От-уловларини дарё ва кўлларда муз қалинлиги етарли бўлмаганда ҳамда баҳор вақтида музларда ёриқ пайдо бўлганда ва муз сув билан қопланганда олиб юриш тақиқланади.


55. Пастқамлик, қумлоқ йўлларда, темир йўл ўтиш жойларида ва бошқа хавфли жойларда отларни бошқарувсиз қолдиришга рухсат этилмайди.


56. Донали оғир ҳамда катта ҳажмдаги юклар аравага занжир, трос ёки арқон билан яхшилаб боғланиб, махсус устунча ва поналар билан маҳкамланиши лозим.


57. Ёш отларни юк ташишга ўргатиш малакали ходимларга юклатилади.


58. От-уловларда хавфсиз ҳаракатланиш учун:

жиловни икки қўллаб ушлаш ва жиловнинг ерга осилиб қолишига йўл қўймаслик;

аравани ҳаракатга келтиришда жиловни секин силкитиш билан отларни юргизиш;

аравани тўхтатишда жиловни секин тортиш, керак бўлганда сал кучлироқ тортиш, лекин кескин силкитмаслик;

аравани буришда жиловнинг қайтариладиган томони тортилиши, лекин қарама-қарши томони қўйиб юборилмаслиги керак.


59. Аравакаш ўтирадиган жойда ҳайдовчининг оёғини тирайдиган қаттиқ асос бўлиши керак.


60. От аравада озуқани тарқатишда аравани тўхтатиб ерга тушилади, сўнгра озуқа тарқатилади.


61. Яйловда отлар билан ишлаганда олдин эгарининг мустаҳкамлиги ва тўғри боғланиши ҳамда узангининг мустаҳкамлиги текширилади. Узангилар тортилгандан сўнг айил узунлиги аниқланади. Эгар устида ўтирганда оёқ кийим узангига тўғри келиши лозим.


62. Эгарланган отни юганидан тутиб отхонадан чиқариш лозим. Отхонадан ёки бошқа ёпиқ иморатлардан чиқишда ёки у ерларга киришда отларга минилмайди.


63. Эгар устида ўтирганда юганни қўлга ўраш, қўйиб юбориш мумкин эмас, отни тўғри бошқариш керак.



V. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

ҚОИДАЛАРИ БУЗИЛГАНЛИГИ УЧУН

ХОДИМЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


64. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.


65. Ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳолда ходимларнинг саломатлигига етказилган зарарлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.



VI. ЯКУНИЙ ҚОИДА


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 26-сон, 306-модда.