язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Меҳнат муҳофазаси/ Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари/ Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 18.06.2009 й. 1971-сон билан рўйхатга олинган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 08.06.2009 й. 29/Б-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 18 июнда 1971-сон

билан рўйхатга олинган

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2009 йил 8 июндаги

29/Б-сонли буйруғига

ИЛОВА



Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш

ишларида меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) мувофиқ ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида (бундан кейинги ўринларда ободонлаштириш ишлари деб юритилади) ишловчи ходимларнинг (бундан кейинги ўринларда ходимлар деб юритилади) меҳнатини муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар мулкчилик шаклидан ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, барча ободонлаштириш ишларида хизмат кўрсатувчи корхоналарга (бундан кейинги ўринларда корхоналар деб юритилади) тааллуқлидир.


2. Мазкур Қоидалар архитектура-қурилиш меъёрлари ва қоидалари, санитария нормалари ва қоидалари, давлат стандартларининг меҳнатни муҳофаза қилишга оид қоидалари ҳамда маълум турдаги ишларни бажариш бўйича бошқа қонун ҳужжатлари талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.


3. Корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонун ҳужжатларига ва мазкур Қоидаларга риоя этилиши устидан давлат назорати, бунга махсус ваколат берилган давлат идоралари томонидан, жамоатчилик назорати эса, меҳнат жамоалари ва касаба уюшмалари томонидан сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.


4. "Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисида"ги Намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ корхоналарда қуйидагилар назорат қилиниши лозим:

иш жойларининг аҳволи;

меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши;

бахтсиз ҳодисаларнинг ўз вақтида ва тўғри ўрганиб чиқилиши;

меҳнатни муҳофаза қилишга ажратилган маблағларнинг тўғри сарфланиши;

меҳнатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларининг бажарилиши ва бошқалар.



II. ХАВФСИЗЛИКНИНГ

УМУМИЙ ТАЛАБЛАРИ


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш

хизматини ташкил этиш


5. Корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ташкил қилиш "Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил қилиш тўғрисида"ги Намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


6. Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 14-моддасига мувофиқ ишловчилар сони 50 ва ундан ортиқни ташкил қилувчи корхоналарда махсус тайёргарликдан ўтган шахслар орасидан меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил қилинади. Ишловчилар сони 50 дан кам бўлган корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш функцияларини бажариш корхона раҳбарларидан бирининг зиммасига юклатилади.

Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати вазифаларига корхонада меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси бўйича барча ишларни мувофиқлаштириш ва ушбу ишлар ўз вақтида бажарилишини назорат қилиш киради.


7. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра корхонанинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбари ёки бош муҳандисига бўйсунади ҳамда корхонанинг фаолияти тугатилган тақдирда тугатилади.


8. Корхоналарда "Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисида"ги низом (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь), (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлар ахборотномаси, 2000 й., 1-сон) талабларига мувофиқ ҳар бир мутахассислик бўйича, шунингдек ҳар бир бажариладиган иш турлари учун алоҳида меҳнат муҳофазасига оид йўриқномаларнинг ишлаб чиқилиши ва белгиланган тартибда тасдиқланиши зарур.


9. Корхоналарда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни ўрганиш ва ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1997 й., 6-сон, 21-модда) билан тасдиқланган "Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисида"ги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Меҳнат муҳофазаси бўйича

қўшимча талаблар қўйиладиган

ўта хавфли ишлар рўйхати


10. Ҳар бир корхонада ишлаб чиқаришнинг аниқ шарт-шароитлари ҳисобга олинган ҳолда хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг рўйхати тузилади.


11. Корхоналарда шикастланиш, касаллик ёки иш қобилиятининг пасайишига олиб келадиган, ходимларга таъсир ўтказадиган хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари қуйидагилардан иборат:

ишлаб турган электр узатгич линиялари яқинида олиб бориладиган ишлар;

кучланиш остидаги электр кабеллар ўтказилган участкаларда ер қазиш ишларини бажариш;

хлорни транспортировка қилиш, хлордан фойдаланиш ва бошқа кучли таъсир этувчи заҳарли моддалардан фойдаланиш билан боғлиқ ишларни бажариш;

фтордан фойдаланиш ва уни чиқариш билан боғлиқ ишларни бажариш;

ернинг патоген зарарланган участкалари (чиқинди тўпланадиган жойлар, мол ўликхоналари, қабрлар ва бошқа шу каби жойлар)да ер қазиш ишларини бажариш;

баландликда ишларни бажариш ва баландликка кўтарилиш билан боғлиқ ишларни бажариш;

дарахтларни кесиш билан боғлиқ ишларни бажариш;

дарахтларни транспорт воситаларига ортиш, тушириш ва уларга бирламчи ишлов бериш билан боғлиқ ишларни бажариш;

транспорт воситаларининг қатнови вақтида йўл ҳаракати жойларида дарахтларни антисептик ва ёнғиндан ҳимоя воситалари билан тўйдириш ишларини бажариш.



3-§. Якка тартибда ҳимояланиш

воситаларидан фойдаланишга

бўлган талаблар


12. Корхона маъмурияти ходимларни белгиланган меъёрларга мувофиқ, керакли якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан таъминлаши, улардан фойдаланиш муддатларига ҳамда сақлаш, ювиш, тозалаш ва таъмирлаш бўйича зарурий шартларига риоя қилинишини таъминлаган ҳолда якка тартибдаги ҳимоя воситаларини бериш ҳисобини юритиши шарт.


13. Якка тартибда ҳимояланиш воситаларидан фойдаланиши лозим бўлган ходимлар, уларнинг қўлланиш усулларини, ҳимояланиш хусусиятларига, амал қилиш муддатлари тўғрисида тўлиқ маълумотларга эга бўлиши ҳамда улардан фойдаланишга ўргатилиши лозим.


14. Корхона раҳбарияти қуйидагиларни таъминлаши шарт:

амалдаги меъёрлар бўйича мазкур ишлаб чиқариш учун талаб қилинадиган барча шахсий ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатурасини;

ҳимоя воситаларини қўллаш ва тўғри фойдаланиш устидан доимий назоратни амалга оширишни;

қўлланилаётган ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлигини текширишни;

шахсий ҳимоя воситаларидан хавфли ва заҳарли моддалар муҳитида фойдаланилганда уларни дегазация ва дезинфекция қилишни (бир марта қўлланиладиган ҳимоя воситалари бундан мустасно).


15. Ҳимоя кийими иш вақтида тўла тугмаланган бўлиши, шунингдек улардан фойдаланишда енг манжетлари ва бармоқлари қўл ҳимоя воситаси билан беркитилган бўлиши зарур.


16. Ходимларнинг сочлари махсус бош кийим (берет, рўмол ва ҳоказо) билан беркитилган ва йиғиштириб олинган бўлиши лозим.


17. Транспорт воситалари ҳаракатланиш жойларида ишларни бажараётган ходимлар қўшимча сигнал воситаси сифатида, сариқ рангли ип матодан тикилган нимчалар билан таъминланган бўлиши лозим.


18. Якка тартибда ҳимояланиш воситалари алоҳида жойларда сақланиши зарур.


19. Суюқ заҳарли кимёвий воситалар билан ишлашда организмни ҳимоя қилиш учун қуйидаги воситалардан фойдаланиш зарур:

кислотадан ҳимояловчи восита билан тўйдирилган ип матодан тикилган махсус кийим;

резинадан тикилган кўкракпешли фартук;

резина этиклар;

резина қўлқоплар;

резина енг манжети.


20. Чангсимон, қуруқ ва қаттиқ заҳарли кимёвий воситалар билан ишлашда организмни ҳимоя қилиш учун қуйидаги воситалардан фойдаланиш зарур:

чанг ўтмайдиган матодан тикилган махсус кийим;

махсус қўлқоп;

резина этиклар ёки брезент бахиллар.


21. Кўзни заҳарли кимёвий моддалардан ҳимоялаш учун ПО-2, "Моноблок", СЗЗМ-бц турдаги ҳимоя кўзойнакларидан фойдаланиш зарур.


22. Заҳарли кимёвий моддаларни нафас олиш йўлларига киришидан ҳимоялаш учун РУ-60 М турдаги универсал респираторлар, коробкалари алмаштириладиган саноат противогазлари, Ф-62 III, У-2К, "Лепесток", "Астра-2" турларидаги чангга қарши респираторлардан фойдаланиш зарур.

Учувчанлиги юқори бўлган заҳарли кимёвий моддалар билан ишлашда коробкали саноат противогазларидан (А, В, Г маркали) ёки респираторлардан фойдаланиш зарур.

Учувчан заҳарли кимёвий моддалар билан ишлашда РУ-60 М турдаги, патронлари алмаштириладиган респираторлар (А, В маркалари) фойдаланиш зарур.

Учувчан бўлмаган заҳарли кимёвий моддалар билан ишлашда чангга қарши У-2К, Ф-62 III, "Астра", "Лепесток" туридаги респираторлардан фойдаланиш зарур.



4-§. Касбий танлов


23. Корхоналарда касбига кўра танлов асосида ишга қабул қилиниши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


24. Барча ишчилар ўта хавфли бўлган ишларни бажаришга киришишдан олдин, бундай ишларни амалга ошириш бўйича йўл-йўриқдан ўтишлари, талаблар билан танишишлари ва уларни бажаришнинг хавфсиз усулларини ўзлаштириб олган бўлишлари зарур.


25. Ўта хавфли ишлар билан шуғулланиш, белгиланган тартибга мувофиқ корхона раҳбари томонидан тасдиқланиб, рухсат этилган ходимлар томонидангина амалга оширилиши лозим.


26. Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари рўйхатига (рўйхат рақами 1990, 2009 йил 29 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 30-31-сон, 355-модда) мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.

27. "Аёллар меҳнатидан фойдаланиш қисман ёки тўлиқ тақиқланган ноқулай меҳнат шароитига эга ишлар рўйхати"га (рўйхат рақами 865, 2000 йил 5 январь), (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлар ахборотномаси, 2000 йил, 1-сон) мувофиқ аёллар зарарли ва ноқулай меҳнат шароитига эга бўлган ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


28. Корхона маъмурияти (ёки иш берувчи) ходимларни касбий танловдан ўтказишда қуйидагиларни ташкил этиши зарур:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2000 йил 6 июндаги 300-сон "Ходимларни ишга киришдан олдин дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруғига (рўйхат рақами 937, 2000 йил 23 июнь) асосан ишга киришдан олдин ва даврий равишда тиббий кўрикдан ўтказиб туриш;

малакали саралашдан ўтган ходимларнинг касбга адаптацияси жараёнини назорат қилиб бориш;

ходимларнинг амалий кўникмалари касб талабларига мувофиқлигини текшириб туриш.



5-§. Ходимларга йўл-йўриқ бериш,

ўқитиш ва уларнинг билимларини

текшириш ишларини ташкил этиш


29. Ходимлар ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, йўл-йўриқлар олишлари, билимларини текширувдан ўтказишлари ҳамда касбий-техник тайёргарликдан ўтган бўлишлари шарт.


30. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш "Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисида"ги Намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


31. Корхона маъмурияти барча ишга кираётганлар, шунингдек бошқа ишга ўтказилаётган ходимлар учун ишларни бажаришнинг хавфсиз усулларини ташкил этишлари ҳамда уларга меҳнатни муҳофаза қилиш ва бахтсиз ходисаларда жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича йўл-йўриқлар беришлари шарт.



6-§. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш


32. Ободонлаштириш ишларига белгиланган тартибда дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтган ҳамда тиббий жиҳатдан соғлом бўлган шахслар қўйилади.


33. Корхона раҳбарияти (ёки иш берувчи) ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда уларнинг тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаши лозим.


34. Тиббий кўриклар даволаш-соғломлаштириш тадбирлари белгиланган текшириш далолатномаси билан якунланиши лозим.


35. Корхона раҳбарияти тиббий кўрик далолатномаси билан танишиб чиқиши ҳамда далолатномада кўзда тутилган барча тадбирлар ва кўрсатмаларни бажариши лозим.


36. Даврий тиббий кўрикларнинг ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва уларнинг натижаларига кўра берилган тавсияларнинг бажарилиши учун жавобгарлик корхона маъмурияти зиммасига юкланади.


37. Ходим тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки тиббий комиссиялар томонидан ўтказилган текширишлар натижаларига кўра берилган тавсияларни бажармаган тақдирда, корхона маъмурияти ушбу ходимни ишга қўйишга ҳақли эмас.


38. Корхоналарда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2000 йил 6 июндаги 300-сон "Ўзбекистон Республикасида ходимларни ишга қабул қилишда дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруғи (рўйхат рақами 937, 2000 йил 23 июнь) асосида амалга оширилиши лозим.



III. ОБОДОНЛАШТИРИШ ИШЛАРИНИ

БАЖАРИШ ЖАРАЁНЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Ободонлаштириш ишларини бажаришда

ходимларнинг меҳнат хавфсизлигига

қўйиладиган талаблар


39. Йўл қопламасига нитробўёқ билан чизиқларни чизиш ишлари комбинезон, ҳимоя кўзойнаклари ва респиратор кийган ходимлар томонидан бажарилади. Бўёқлар билан ишлайдиган барча ходимлар уларнинг хусусияти ва хавфсизлик техникаси бўйича йўл-йўриқдан ўтказилган бўлиши лозим.


40. Белги чизиқларини чизиш ишларини бажараётган ходимлар бригадасида биринчи тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган тиббий аптечка бўлиши шарт.


41. Дарахтларга шакл бериш жараёнида гулқайчи, қўларралар, электр арралар ҳамда бензин билан ишлайдиган арралардан фойдаланишга, фақатгина улардан хавфсиз фойдаланиш усулларини ўзлаштирган ходимларга рухсат этилади.


42. Ходимларнинг тегишли диэлектрик оёқ кийими, резина қўлқоплар ва бошқа ҳимоя воситаларисиз электр токи билан ишлайдиган асбоб-ускуналарда ишлашлари ман этилади.


43. Об-ҳавонинг ёғингарчилик пайтларида электр асбоб-ускуналарда ишларни бажариш тақиқланади.


44. Ходимлар томонидан пичоқлари махсус ҳимоя воситалари билан жиҳозланмаган автоматик ўт ўриш ускуналаридан фойдаланиш тақиқланади.


45. Ходимлар томонидан меҳнат хавфсизлиги бўйича қўшимча (кучайтирилган) талаблар қўйиладиган ишлар (дарахтларга шакл бериш, дарахтларни ағдариш ва бошқалар) белгиланган тартибда рухсатнома орқали амалга оширилади.

Рухсатнома мавжуд иш ҳажмларини бажариш муддатига берилади. Ишларни бажаришда бир суткадан ортиқ вақт танаффус қилинганда ёки бажарилаётган ишларнинг шарт-шароитлари ўзгарган ҳолларда рухсатнома бекор қилинади ва ишларни қайта бошлаш учун янги рухсатнома берилади.



2-§. Ободонлаштириш ишларини бажаришда

фойдаланиладиган асбоб-ускуналар ва

транспорт воситаларига қўйиладиган талаблар


46. Ободонлаштириш ишларида фойдаланиладиган асбоб-ускуналарга қуйидаги талаблар ўрнатилади:

меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими талабларига жавоб беришлиги;

техник кўрикдан ва синовларда ўтганлиги;

белгиланган талабларга мувофиқ ҳолда жойлаштирилганлиги;

фойдаланиш жараёнида уларга профилактика хизмати кўрсатиб борилганлиги;

белгиланган муддатларда жорий ва мукаммал таъмирдан ўтганлиги.


47. Фойдаланишда бўлган барча турдаги автомашиналар, шунингдек ободонлаштириш соҳасида ишлатиладиган техник воситалар (гидравлик, телескопик) шотилар, кўчатларни суғоришга ихтисослашган автосувташувчи воситалар ва насос-кучланиш ускуналари ва тиркамалар техник жиҳатдан соз ҳолатда бўлиши лозим.


48. Хавфсиз меҳнат шароитларини таъминламайдиган, техник жиҳатдан эскирган ҳамда яроқсиз ҳолга келган жиҳозлар алмаштирилиши ва ҳисобдан чиқарилиши лозим.



3-§. Иш режимига қўйиладиган талаблар.

Дам олиш ва меҳнат қилиш тартиби


49. Ходимларнинг оптимал даражадаги иш режими ва дам олишини таъминлашга қуйидагилар орқали эришилади:

иш шароитлари зарарли бўлган иш жойлари ва участкаларини аниқлаш;

иш ва дам олишнинг белгиланган режимига риоя этиш;

меҳнаткашларнинг юқори самарадорлик билан ишлашини таъминлайдиган иш ва дам олиш режимларини таъминлаш;

шамол кучи ва ташқи ҳаво ҳароратидан келиб чиқиб, ишда танаффуслар қилиш ёки ишларни вақтинча тўхтатишни таъминлаш;

шамол кучи ва ташқи ҳаво ҳароратидан келиб чиқиб, ишда танаффуслар қилиш ёки ишларни вақтинча тўхтатишни таъминлаш зарур;

иш шароитларидан келиб чиқиб, зарарли иш шароитлари учун қоплама тўловлар ва имтиёзлар тақдим этиладиган ходимлар контингентини аниқлаш ва уларга ушбу имтиёзларни тақдим этиш.


50. Ишнинг кун тартиби, иш ҳафтаси, дам олиш ва танаффус вақти қонун ҳужжатларига асосан белгиланиши керак.


51. Ишлаш ва дам олиш тартибини тузаётганда ишнинг хусусиятини, зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омиллари, меҳнат тури ва оғирлик даражасини ҳам инобатга олиш лозим.


52. Дам олиш ва меҳнат қилиш тартиби бир неча турлардан иборат бўлиши керак. Дам олиш учун берилган вақт, меҳнатнинг оғир ва енгиллиги, жисмоний ва ақлий иш турларига қараб белгиланиши керак.

Куннинг иссиқлик ҳарорати 33°С дан ошган вақтларда, ташқарида ишловчи ходимларнинг иш куни режимига белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритилиши мумкин.



IV. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАНЛИК

УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


53. Меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонун ҳужжатлари ҳамда мазкур Қоидаларга риоя қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи корхоналар зиммасига юклатилади.


54. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.


55. Ишларни бажариш билан боғлиқ ҳолда ходимларнинг саломатлигига етказилган зарарлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.



V. ЯКУНИЙ ҚОИДА


56. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш Давлат қўмитаси, "Саноатконтехназорат" Давлат инспекцияси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва "Ўзкоммунхизмат" агентлиги билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 25-сон, 293-модда.