язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Меҳнат муҳофазаси/ Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари/ Каноп-жут ишлаб чиқариш корхоналари ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 06.05.2009 й. 1951-сон билан рўйхатга олинган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 03.04.2009 й. 13-1/Б-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 6 майда 1951-сон

билан рўйхатга олинган

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2009 йил 3 апрелдаги

13-1/Б-сонли буйруғи билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Каноп-жут ишлаб чиқариш корхоналари

ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) мувофиқ каноп-жут ишлаб чиқариш корхоналари ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча турдаги каноп-жут ишлаб чиқариши корхоналарига (бундан кейинги ўринларда корхоналар деб юритилади) тааллуқлидир.


2. Ушбу Қоидалар қурилиш меъёрлари ва қоидалари, санитария нормалари ва қоидалари, Давлат стандартлари талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.


3. Мазкур Қоидаларнинг бажарилишини назорат қилиш корхонанинг хавфсизлик техникаси бўйича хизмати (муҳандиси) зиммасига юклатилади.


4. Каноп-жут ишлаб чиқаришда меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя этилиши юзасидан давлат назорати қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади.



II. ХАВФСИЗЛИК БЎЙИЧА

УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш

хизматини ташкил этиш


5. Корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш "Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисида"ги Намунавий низомга (1996 йил 14 август, рўйхат рақами 273) мувофиқ амалга оширилади.


6. "Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил қилиш тўғрисида"ги Намунавий низомга мувофиқ корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ички назоратнинг асосий турлари қуйидагилар ҳисобланади:

ишларга раҳбарлик қилувчи ва бошқа мансабдор шахсларнинг тезкор назорати;

маъмурий-жамоатчилик назорати (уч босқичли назорат);

бош мутахассислар хизмати томонидан амалга ошириладиган назорат.

Қуйидагилар назорат қилиниши лозим:

иш жойларининг аҳволи;

меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши;

меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш вазифаларини амалга оширишга доир ишларни бажариш;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг ўз вақтида, тўғри ўрганиб чиқилиши;

меҳнатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларининг бажарилиши;

меҳнатни муҳофаза қилишга ажратилган маблағларнинг тўғри сарфланиши.


7. Ўзбекистон Республикаси "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 14-моддасига мувофиқ ишловчилар сони 50 ва ундан ортиқни ташкил қилувчи корхоналарда махсус тайёргарликдан ўтган шахслар орасида меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил қилинади. Ишловчилар сони 50 дан кам бўлган корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш функцияларини бажариш корхона раҳбарларидан бирининг зиммасига юклатилади.

Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати вазифаларига корхонада меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси бўйича барча ишларни мувофиқлаштириш ва ушбу ишлар ўз вақтида бажарилишини назорат қилиш киради.


8. Корхоналарда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилади (тасдиқланади) ва юритилади:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш чора-тадбирларини ўз ичига олган жамоавий шартнома;

тасдиқланган меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини аттестация қилиш услубига мувофиқ иш ўринларини аттестация қилиш карталари;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ишчилар ва муҳандис-техник ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маъмурий-жамоатчилик назоратини юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ишчи ва хизматчилар билан ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;

ҳар бир касб ва иш турлари бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари.


9. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра корхонанинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбари ёки бош муҳандисига бўйсунади ҳамда корхонанинг фаолияти тугатилган тақдирда тугатилади.


10. Корхоналарда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни ўрганиш ва ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори билан тасдиқланган "Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисида"ги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларга йўл-йўриқ бериш, ўқитиш

ва уларнинг билимларини синовдан

ўтказиш ишларини ташкил этиш


11. Корхоналарнинг барча ходимлари, шу жумладан, раҳбарлари ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, йўл-йўриқлар олишлари, билимлари синовдан ўтказилиши лозим.


12. Бевосита ишлаб чиқаришда ишларни ташкиллаштириш ва бажариш билан боғлиқ ишчилар, раҳбарлар, муҳандис-техник ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш "Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисида"ги Намунавий низомга (1996 йил 14 август, рўйхат рақами 272) мувофиқ амалга оширилиши лозим.



3-§. Жамоавий ва якка тартибдаги

ҳимоя воситаларини қўллаш


13. Корхоналарда зарарли ишлаб чиқариш омилларининг таъсирини камайтириш ёки уларни бартараф этиш учун жамоа ва якка тартибдаги ҳимоя воситалари қўлланилиши лозим.


14. Жамоавий ҳимоя қилиш воситалари жумласига қуйидагилар киради:

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ҳаво муҳитини нормаллаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳароратини, намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғлик ўринлари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

шовқин, тебранма, электр токи уриши, статик электр, ускуналар юзасини юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.


15. Каноп-жут ишлаб чиқариш корхоналарининг ходимлари "Пахта тозалаш ва каноп-жут ишлаб чиқариш корхоналари ходимлари учун махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибдаги ҳимояланиш воситаларини бепул беришнинг Намунавий меъёрлари"га (2009 йил 18 март, рўйхат рақами 1925 - Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 12-сон, 138-модда) мувофиқ якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан таъминланиши лозим.


16. Якка тартибдаги ҳимоя воситалари қуйидаги турларга бўлинади:

махсус кийим-кечак;

махсус пойабзал;

махсус бош кийими;

нафас аъзоларининг ҳимоя воситалари;

қўлни ҳимоялаш воситалари;

бош учун ҳимоя воситалари;

юзни ҳимоялаш воситалари;

эшитиш аъзоларини ҳимоя қилиш воситалари;

кўзни ҳимоя қилиш воситалари.


17. Корхона маъмурияти ходимларни белгиланган меъёрларга мувофиқ, керакли якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан таъминлаши, улардан фойдаланиш муддатларига ҳамда сақлаш, ювиш, тозалаш ва таъмирлаш бўйича зарурий шартларига риоя қилинишини таъминлаган ҳолда якка тартибдаги ҳимоя воситаларини бериш ҳисобини юритиши шарт.



4-§. Касбий танлов


18. Корхоналарда касбига кўра танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


19. Корхона мутахассислари, ишлаб чиқариш участкаларининг раҳбарлари тегишли маълумотга ва иш тажрибасига, каноп-жут маҳсулотларини ишлаб чиқаришни унга қўйилган талабларга жавоб берадиган даражада ташкил этиш қобилиятига эга бўлиши лозим.


20. Босим остида ишловчи ускуналар ва хавфи юқори бўлган бошқа ишларда хизмат кўрсатувчи ходимлар махсус курсларда тайёргарликдан ўтган ва тегишли гувоҳномага эга бўлиши шарт.


21. Ўта хавфли ишларга тегишли касбий маълумотга эга бўлмаган шахсларни қабул қилиш ман этилади.


22. Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари рўйхатига (рўйхат рақами 1990, 2009 йил 29 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 30-31-сон, 355-модда) мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.

23. "Аёллар меҳнатидан фойдаланиш қисман ёки тўлиқ тақиқланган ноқулай меҳнат шароитига эга ишлар рўйхати"га (2000 йил 5 январь, рўйхат рақами 865) мувофиқ аёллар зарарли ва ноқулай меҳнат шароитига эга бўлган ишларга қабул қилинмаслиги лозим.



5-§. Ходимларнинг саломатлигини

назорат қилиш


24. Корхона маъмурияти (ёки иш берувчи) касаба уюшмаси қўмитаси ва соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг кўрикка келишини таъминлаши лозим.


25. Корхоналарда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш "Ўзбекистон Республикасида ходимларни ишга қабул қилишда дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруқ (2000 йил 23 июнь, рўйхат рақами 937) асосида амалга оширилиши лозим.

Ходимлар тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлашга ҳақли эмас.


26. Тиббий кўриклар корхонанинг тиббий-санитария қисмлари ва поликлиникалари, улар мавжуд бўлмаган ҳолда даволаш-профилактика муассасаси томонидан ўтказилиши лозим. Тиббий кўриклар даволаш-соғломлаштириш тадбирлари белгиланган текшириш далолатномаси билан якунланиши лозим.

Корхона маъмурияти (ёки иш берувчи) ва касаба уюшмаси қўмитаси тиббий кўрик далолатномаси билан танишиб чиқиши, иш берувчи эса далолатномада кўзда тутилган барча тадбирлар ва кўрсатмаларни бажариши лозим.


27. Даврий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва тавсияларнинг бажарилиши учун жавобгарлик корхонанинг маъмурияти зиммасига юкланади.


28. Ходим тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки тиббий комиссиялар томонидан ўтказилган текширишлар натижаларига кўра берилган тавсияларни бажармаган тақдирда, корхона маъмурияти ушбу ходимни ишга қўйишга ҳақли эмас.



6-§. Санитария ва гигиена талаблари


29. Корхоналарнинг ишлаб чиқариш хоналари қуйидаги санитария қоидаларига мувофиқ сақланиши лозим:

иш зонасида ҳаводаги зарарли моддаларнинг миқдори ГОСТ 12.1.005-2000 ССБТ "Иш зонасидаги ҳаво. Умумий санитария-гигиена талаблари"га биноан рухсат этилган энг кўп тўйинганлик даражасидан ошмаслиги;

ишлаб чиқариш хоналарида рухсат этилган ҳарорат, нисбий намлик ва ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги иш жойларидаги ортиқча иссиқлик, бажарилаётган ишнинг оғирлик даражасига кўра тоифаси, йил мавсуми ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши;

ишлаб чиқариш хоналарида шовқин ва тебранма даражаси ГОСТ 12.1.003-89 ССБТ "Шовқин. Умумий хавфсизлик талаблари", ГОСТ 12.1.012-90 ССБТ "Тебранма. Умумий хавфсизлик талаблари" талабларида белгиланган миқдордан ошмаслиги;

ишлаб чиқариш, санитария-маиший хоналарнинг, хом ашё ва тайёр маҳсулотни сақлаш хоналарининг ёруғлиги ҚМҚ 3.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёруғлик. Лойиҳалаштириш меъёрлари"га жавоб бериши ҳамда меҳнат шароитларини яратиш учун етарли ёруғлик кучини таъминлаши;

хоналарда ёритиш асбоблари чанг тўпланишига имконият бермайдиган конструкцияга эга ва синган тақдирда унинг парчалари сочилиб кетмаслиги учун ёпиқ бўлиши;

электр токининг одамга таъсир этишининг олдини олиш бўйича хавфсизлик талаблари ГОСТ 12.1.019-86 ССБТ "Электр хавфсизлик. Умумий талаблар"га жавоб бериши;

статик электрдан ҳимоя қилиш тадбирлари ГОСТ 12.1.18-93 ССБТ "Статик электр. Учқун хавфсизлиги. Умумий талаблар"га мувофиқ амалга оширилиши керак.



7-§. Ишлаб чиқариш бинолари ва

хоналарига қўйиладиган талаблар


30. Корхоналарнинг ишлаб чиқариш биноларини қуриш, қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари ҚМҚ 3.01.02-00 "Қурилишда хавфсизлик техникаси" қоидаларига риоя этилган ҳолда амалга оширилиши лозим.


31. Корхонанинг барча ҳудуди тоза сақланиши лозим. Йўллар, ўтиш йўллари ва бинолар, қурилмалар ҳамда иншоотлар орасидаги ҳудудларда материалларни сақлаш, уларга ускуналар ёки ишлаб чиқариш чиқиндиларини тахлаб қўйиш ман этилади.


32. Корхона ҳудудида чекишга фақат махсус ажратилган, "Саноат корхоналарида ёнғин хавфсизлиги бўйича намунавий қоидалар" ШМҚ 2.01.02-04 га мувофиқ жиҳозланган жойларда рухсат этилади.


33. Ишлаб чиқариш хоналари ва омборхоналар автоматик равишда ёнғинни ўчириш воситалари ва автоматик ёнғиндан хабар берувчи сигнализация билан жиҳозланган бўлиши лозим.


34. Корхона маъмурияти бинолар ва иншоотларни сақлаш, уларни эксплуатация қилиш ва таъмирлаш устидан доимий назоратни амалга ошириши шарт.


35. Ишлаб чиқариш хоналарида ҳаво оқимини бошқарувчи ускуналар ва ҳарорат, намлик, тозаланиш самарадорлиги ва фильтрларда босим ўзгаришини ўлчаш мосламалари билан жиҳозланган вентиляция тизими мавжуд бўлиши лозим.



8-§. Маиший хоналарга

қўйиладиган талаблар


36. Корхоналарда "Корхоналарнинг маъмурий ва маиший хоналари" ҚМҚ 2.09.12-98 талаблари ва мазкур Қоидаларга мувофиқ санитария-маиший ва қўшимча хоналар қурилиши лозим.

Маиший ва қўшимча биноларни лойиҳалаш ҳамда қуриш уларни ишлаб чиқариш объектлари билан бир пайтда ишга тушириш зарурлигини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши лозим.


37. Кийим алмаштириш хоналари, душхоналарнинг ўлчамлари, душ сеткалари, оёқ ванналари, бет-қўл ювгичлари, истеъмол сув таъминоти қурилмалари, ҳожатхоналар ва шу каби қурилмаларнинг сони, сменадаги энг кўп ходимлар сони ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши лозим.


38. Душхоналар ва ҳожатхоналардаги тарновлар, каналлар, траплар, писсуарлар ва унитазлар мунтазам равишда тозаланиши, ювилиши ва дезинфекция қилиниши лозим.


39. Ювиниш хоналарида электр қуритгичлар, кўзгу, кийим илгичлар, совун учун идишлар, шунингдек энг кўп ходимлар ишловчи сменада 40 кишига битта қурилма ҳисобидан келиб чиққан ҳолда қўлни хлорли эритмада ювиш мосламаси кўзда тутилиши лозим.


40. Махсус кийимни ювиш учун корхоналарда кир ювиш хоналари назарда тутилган бўлиши лозим. Кир ювиш хоналарининг таркиби ва майдони аҳолига маиший хизмат кўрсатиш корхоналарини лойиҳалаштириш бўйича қурилиш меъёрлари ва қоидаларига биноан белгиланиши лозим.


41. Гардероблар кўча ва иш кийимларини сақлаш учун мўлжалланган бўлиши лозим.



9-§. Сув таъминоти ва канализацияга

бўлган талаблар


42. Ташқи сув таъминоти ва канализация тармоқларининг жойлашиши "Саноат корхоналарининг бош лойиҳаси" ҚМҚ ва саноат корхоналарини лойиҳалаш санитария меъёрларига мос бўлиши керак.


43. Ишчиларни ичимлик суви билан таъминлашни "Саноат корхоналарининг ёрдамчи бинолари ва хоналари" ҚМҚ талабларини ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаш керак.


44. Агар ичимлик сувининг сифати хавфсизликни таъминлай олмаса, махсус хона ажратилиб, унда қайнатиб совутилган сув ёки иссиқ чой сифатида тарқатилади.


45. Ичимлик суви сақланадиган идишлар зангламайдиган ва енгил тозаланадиган ва дезинфекцияланувчи материаллардан ҳамда зичлаб беркитиладиган бўлиши лозим.


46. Ичишга тарқатиладиган сувнинг ҳарорати 20°С дан кўп ва 8°С дан кам бўлмаслиги ва қайнатилган сув ҳар сменада камида бир марта янгиланиб турилиши керак.



10-§. Иш жойлари ва хоналарни

ёритишга бўлган талаблар


47. Ишлаб чиқариш ва ёрдамчи хоналарнинг табиий ёритилиши "Табиий ёритиш. Лойиҳалаш меъёрлари" ҚМҚ талабларига мос бўлиши керак.


48. Ёритиш ускуналарини ўрнатишда қандилларнинг турлари, лампаларнинг қуввати ва уларнинг жойлашиши тасдиқланган лойиҳага мос бўлиши керак.


49. Бир текис тақсимланган умумий ёруғлик қандиллари машиналар гуруҳи орасидаги йўлакларда, полдан 4,5-6 м. баландликда, локаллашган умумий ёруғлик қандиллари эса иш камералари тарафидан дастгоҳларни бошқариш баландлигида ва оператор тарафидаги майдончадан 2-2,5 м. баландликда жойлаштирилади.


50. Ишлаб чиқариш цехлари, хом ашё омборлари ва юк тушириш-ортиш майдонлари қўшимча равишда кўчма ёритиш мосламалари билан таъминланган бўлиши керак.


51. Ишлаб чиқариш лабораториясида ёритишнинг комбинациялашган (умумий ва маҳаллий) ёки локаллашган системасини қўллаш керак.


52. Корхоналарнинг асосий ишлаб чиқариш цехларига, лабораторияларига, тарозихоналарига люминесцент лампалар қўйилиши керак. Бунда асосий технологик цехларда оқ ранг берувчи (ЛБ) лампалар, лаборатория ва тарозихоналарда ЛДЦ-1 ва ЛД турдаги лампалар ишлатилади.


53. Енгил алангаланувчи ва ёнувчан суюқликлар омборида ҳамда аккумуляторларни зарядлаш хоналарида фақат портлашдан ҳимояланган қандиллар ишлатилади.


54. Барча ишлаб чиқариш цехларида табиий ёруғлик максимал қўлланиши керак.


55. Қандилларни, ойналарни, фонар ва шунга ўхшашларни мунтазам равишда ҳар ойда бир марта ювувчи моддалар билан тозалаб турилади. Куйган лампаларни алмаштириш, бу ишларни бажаришда хавфсизликни таъминловчи ускуна ва мосламалар ёрдамида бажарилади.


56. Қандилларни ўрнатиш ва тозалаш, лампаларни алмаштириш ҳамда электр тармоқларини созлаш ишлари электр токи ўчириб қўйилган ҳолда ва бу ишларни бажаришга рухсати бор шахс томонидан бажарилиши керак.


57. Куйган лампаларни ёритиш ускуналарининг лойиҳасида кўрсатилган мос қувватли лампа билан алмаштириш керак.


58. Ёритиш ускуналарини тўғри ишлатиш ва техник ҳолатини назорат қилиш завод бўйича буйруқ билан тайинланган ва техник тайёргарлиги етарли бўлган шахсга топширилади.



III. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ (ТЕХНОЛОГИЯ)

ЖАРАЁНЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Хом ашё тайёрлашда

хавфсизлик талаблари


59. Лента ҳаракатланадиган роликларни фақат транспортёр тўхтаганда мойлаш мумкин.


60. Тўсиқлари ечилган ҳолатда транспортёрни юргизишга йўл қўйилмайди.


61. Транспортёрни юргизишдан олдин огоҳлантириш сигнали чалиниши керак.


62. Хом ашёни тайёрлаш ва ҳўллаш цехларида ички ўтиш жойларининг кенглиги аравача ва одамларнинг хавфсиз ҳаракатланиши учун етарли кенгликда бўлиши керак.


64. Ишнинг хавфсизлигини таъминлаш учун аравачаларнинг тормоз ва товушли сигналлари ҳолатини доимо кузатиб бориш ва носозликларни ўз вақтида тузатиб туриш лозим.



2-§. Канопни қуритишда

хавфсизлик талаблари


65. Буғли қуритгичлардан фойдаланилганда ишчи зонасидаги барча буғ қувурларини шлактола билан ўраш ва йўл қўйиладиган энг юқори босимга мўлжалланган манометр, беркитувчи вентил ва сақловчи клапанлар ҳамда конденсат чиқариб турувчи кран билан таъминлаш зарур.


66. Қуритгич ишлатилганда камерадаги ҳаво ҳарорати меъёрдан ошиб кетмаслиги керак. Ўрнатилган даражадан ҳарорат ошиб кетганда (иссиқлик сигнали пайдо бўлганда) ўтхонадаги иссиқ газ жўнатишни дарҳол тўхтатиш керак.


67. Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун қуритгич ўт ўчириш жиҳозлари билан таъминланган бўлиши лозим.



3-§. Хом ашёга механик ишлов

беришда хавфсизлик талаблари


68. Ўраш барабанларининг кичик ён томонидаги кириш тирқишларини тозалаш ва йиғилиб қолган тола ҳамда ўзакларни олиб ташлаш фақат машина тўлиқ тўхтагандан сўнг рухсат этилади.


69. Смена мастери ҳар сменада камида 2-3 марта ҳамда бош муҳандис ва бош механик ҳар суткада камида 1 марта машинани ва айниқса унинг силкитиш қисмини кўздан кечириб туришлари керак.


70. Камера ёки қутилардаги эшикчалар толанинг ички босимидан очилиб кетмаслиги учун ишончли илгаклар бўлиши керак. Уларнинг ишончлилиги иш бошланишидан олдин текширилиши зарур.


71. Нафас олиш органлари ва кўзларни ҳимоя қилиш учун пресс ёнида Ф-146 респиратор ва чангга қарши кўзойнакда ишлаш керак.


72. Узун ва қисқа толани навларга ажратиш цехида чангни йўқотиш учун чанг ютгичлар қисқа тола навларга ажратиладиган, узун тола ажратилган стол ва пресслаш қутисини юклаш жойида ўрнатилади.


73. Цех ичига етарлича тоза ҳаво етказиш учун, чиқариб ташлаш зонасини ҳаво олинадиган жойдан камида 5-8 м. баландда жойлаштириш зарур.



4-§. Шовқин ва титрашга

қўйиладиган талаблар


74. Иш жойларида шовқин белгиланган меъёрлардан юқори бўлганда уни камайтириш учун қуйидаги тадбирлар қўлланилади:

а) деталларнинг зарбали ҳаракатларини зарбасиз ҳаракатларга, илгарилама-қайтма ҳаракатларни айланма ҳаракатларга ўзгартириш;

б) шовқин чиқарувчи агрегат ёки унинг айрим қисмларига изоляцияловчи қобиқлар ўрнатиш;

в) агрегатдан чиқаётган аэродинамик шовқинларга қарши самарали товуш сўндиргичлар қўллаш;

г) шовқинли ускуналарни (вентилятор, компрессор) изоляцияланган хоналарда ёки цехдан ташқарида жойлаштириш;

д) ишчилар дам олиши учун шовқиндан изоляцияланган хоналар ташкил қилиш;


75. Ишлаб чиқариш хоналарида шовқинни техник воситалар билан бартараф этишнинг иложи бўлмаса, унда шовқиндан шахсий ҳимояланиш воситалари ёрдамида сақланиш керак.



5-§. Ёнғин ва портлаш

хавфсизлиги талаблари


76. Ишлаб чиқаришда қўлланилмаган ёнғин ва портлаш хавфи ва токсик хусусиятларига эга бўлган моддалар ва материалларни ишлаб чиқариш жараёнида қўллаш тақиқланади.


77. Технологик объектларда портлаш хавфлилиги ҳолати юзасидан белгиланган тартибда назорат ўрнатилиши лозим.


78. Технологик жараёнлар жойлаштирилган бинолар ва хоналарнинг портлаш жиҳатидан хавфлилик тоифалари лойиҳа ташкилоти томонидан ТЛТМ 24-86 "Технологик лойиҳалаштириш тармоқ меъёрлари"га мувофиқ ҳар бир аниқ ҳолат учун алоҳида аниқланиши керак.


79. Технологик жараёнларни амалга оширишда ёнғинлар, портлашлар, авариялар, заҳарланишлар содир бўлиши ҳамда атроф-муҳит ишлаб чиқариш чиқиндилари (оқова сувлари, вентиляция чиқиндилари ва шу каби) билан ифлосланиш эҳтимолини истисно этадиган шарт-шароитлар таъминланиши лозим.


80. Барча ишлаб чиқариш цехлари, хом ашё ва тайёр маҳсулот омборхоналари, маъмурий ва бошқа ёрдамчи бинолар ҳамда иншоотлар дастлабки ёнғинни ўчириш воситалари билан таъминланган бўлиши шарт.


81. Вентиляция тизими ёнғиндан дарак берувчи сигнализация билан бирлаштирилган бўлиши лозим.



6-§. Омборларга ва юк ортиш-тушириш

майдончаларига қўйиладиган талаблар


82. Корхона ҳудудига келадиган материаллар ва ускуналар учун шу мақсадга ажратилган ва тайёрланган махсус омборлар ва юк ортиш-тушириш майдончалари бўлиши ва уларнинг тузилиши ва жойлашиши "Умумий мақсадлар учун омбор бинолари ва иншоотлари" ҚМҚ талабларига мос бўлиши керак.


83. Омборларда материалларни тахлаш усуллари ёритилган меҳнатни муҳофаза қилиш ва ёнғин профилактикаси бўйича йўриқномалар кўринарли жойга осиб қўйилади. Бу йўриқномада ушбу омборда қандай материаллар, қанча миқдорда, қандай идишда сақланиши мумкинлиги кўрсатилади. Кўринарли жойларга юкларни жойлаш ва ортиш схемаси осиб қўйилади.


84. Каноп толаси тойини, тола чиқиндиларини, қурилиш материаллари, тойларнинг тасмалари, ўраш материаллари ва бошқа материалларни алоҳида омборларда сақлашни ташкил этиш керак.


85. Корхоналардаги юк ортиш-тушириш эстакадалари, майдончалари, платформа поллари вагон поли ёки автомобил кузови текислиги билан баробар бўлиши керак.


86. Юк ортиш майдончаси периметри бўйича (бундан юк ташиш транспорти йўли мустасно) баландлиги 30 см. ли мустаҳкам ҳимояловчи тўсиқ билан тўсилади.


87. Кальций карбиди захираси қуруқ, яхши шамоллатиладиган, ёнмайдиган ва ташқаридан ёритиладиган хоналарда сақланиши керак.


88. Кальций карбидини ертўлаларда сақлаш тақиқланади.


89. Битта омборда кальций карбиди барабанлари билан бирга, сиқилган газ тўлдирилган баллонлар ҳамда кислородли баллонлар ва ёнувчи газлар сақланиши тақиқланади.


90. Кислота алоҳида хонада сақланиши керак. У хонада фақат дистилланган сув бўлиши мумкин.



7-§. Юкларни кўтариш ва туширишда

хавфсизлик талаблари


91. Қўлда кўтариш ва ташишда белгиланган меъёрларидан ортиқ юкларни кўтариш ва ташиш ишлари механизациялаштирилиши керак.


92. Барча механизм ва юк кўтариш ускуналари "Саноатконтехназорат" давлат инспекцияси томонидан тасдиқланган "Юк кўтариш кранларини хавфсиз ишлатиш Қоидалари"га мос бўлиши керак.


93. Юкни илувчилар иши, шу ишларни хавфсиз бажариш йўриқномасига биноан бажарилиши керак.


94. Каноп тойлари, боғлам ва шу каби нарсаларни электротельфер билан кўтаришда илгакни кўтариш чегаралагичи бўлиши керак.


95. Электротельфер илгагига тойларнинг тушиб кетишининг олдини олувчи ҳимоя қурилмаларини ўрнатиш лозим.


96. Юкларни кўтариш ва ташиш вақтида тугун ва сиртмоқларни тўғрилаш ва сирпаниб кетган арқонни тўғрилаш тақиқланади.


97. Юк кўтариш ускунасига кўтариши мумкин бўлган юкнинг оғирлиги, ўтказилган синовнинг вақти ва келгуси синов вақти ёзиб қўйилади.


98. Транспорт воситалари ўлчамлари ва конструкцияси, ташиладиган юкнинг ўлчамига мос бўлиши керак.



8-§. Чилангарлик ишларига

қўйиладиган талаблар


99. Чилангарлик ишларининг барча асбоблари фақат соз ҳолда ишлатилиши керак. Цехда чилангарлик асбобларини сақлаш, топшириш ва қабул қилиб олишнинг қаттиқ назорати ва тартиби ўрнатилиши керак.


100. Цех маъмурияти чилангарларга берилаётган асбобларнинг сифатини ҳар куни, иш жойларидаги ва омборлардаги барча асбобларнинг сифатини эса камида бир ойда бир марта текшириб туриши керак. Текшириш вақтида аниқланган носоз асбоблар йиғиб олиниб, алоҳида сақланади.


101. Эговларнинг ва металл арраловчи қўл арраларининг дастаклари асбобнинг ўлчамларига мос бўлиши ва маҳкам ушлаб турувчи ҳалқалари бўлиши керак.



9-§. Электр пайвандлаш ишларига

қўйиладиган талаблар


102. Электр пайвандлаш ускуналарининг ток остида бўлмаган металл қисмлари (трансформаторлар, генераторлар қобиқлари) ҳамда пайвандланаётган конструкциялар ва буюмлар ерга уланиши керак.


103. Электр пайвандлаш ишларини бошлашдан олдин симларнинг ва электр двигателларининг изоляцияларини ҳамда барча контактларнинг қаттиқ бириктирилганлигини текшириш зарур.


104. Симларни бир жойдан иккинчи жойга ўтказишда уларнинг изоляция қобиқлари шикастланишига, пўлат симларга, ацетилен аппаратлари ичакларига, газ аппаратларига ва иссиқ қувурларга тегиб кетишига йўл қўйиб бўлмайди.


105. Электр пайвандлаш агрегат ва аппаратларини токка улаш ёпиқ рубильниклар орқали амалга оширилади. Кўчма пайвандлаш агрегатларида рубильник қопқоқлари блокировка қилинган бўлади.


106. Пайвандлаш агрегатларини токка улаш, узиб қўйиш ҳамда уларни созлаш ишларини фақат электр монтёрлари бажаришлари керак. Бу ишларни пайвандловчиларнинг бажариши тақиқланади.


107. Электр пайвандлаш аппарат ва агрегатларининг созлигини иш бошлашдан аввал текшириш керак.


108. Ерга уловчи сифатида биноларнинг металл конструкциялари, коммуникацияларнинг қувурлари ва технологик ускуналардан фойдаланиш мумкин эмас.


109. Тасодифан тегиб кетиши мумкин бўлган ток юрувчи қисмлар (электр симлари, рубильниклар, контактлар) пайвандловчини токдан ҳимоялаш мақсадида тўсиб қўйилади.


110. Очиқ электр ёйи билан ишлаганда электр пайвандловчининг юзи ва кўзини ҳимоялаш учун шлем-маска ёки ҳимояловчи ойнаси бўлган тўсиқ билан ишлаш керак.


111. Ёмғир ёғиб турганда ва момақалдироқ бўлаётганда электр пайвандлаш ишларини бажариш тақиқланади.


112. Пайвандлаш ишлари махсус ажратилган хоналарда, бошқа ҳолларда эса электр пайвандлаш иш жойи бошқа иш жойларидан ёнмайдиган материалдан қилинган кўчма тўсиқ билан тўсилиши керак.


113. Босим остида турган аппарат ва идишларни пайвандлаш тақиқланади.



10-§. Газ билан пайвандлаш ва қирқиш

ишларига қўйиладиган талаблар


114. Газ билан пайвандлаш ишларини бажаришда металларни кислород, ацетилен ва газ билан ишлов бериш саноат санитарияси ва хавфсизлик техникаси Қоидаларига риоя қилиш керак.


115. Кўчма ацетилен генераторлари (кейинги ўринларда генераторлар деб юритилади) очиқ ҳавода ёки бостирмалар тагида ишлатилиши керак. Генераторларни, зарур пайтларда, ҳар бир генератор учун ҳажми 300 кв.куб тўғри келган хоналарда ёки генератор бир хонада, пайвандлаш бошқа хонада бўлса 100 кв.куб ҳажмли хоналар ичида ҳам пайвандлашга рухсат этилади лекин иккала ҳолда ҳам хона яхши шамоллатиб турилиши керак.


116. Генераторларни компрессорларнинг ва вентиляторларнинг ҳаво сўрувчи жойлари яқинига енгил алангаланувчан моддалар ёки ацетилен билан бирикиб ўз-ўзидан портловчи модда ажралиб чиқадиган хоналарга киритиш мумкин эмас.


117. Генераторни қия ҳолатда ўрнатиш мумкин эмас.


118. Металларга газ алангаси билан ишлов бериладиган хоналар қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

ҳар бир иш жойи учун, ускуналардан ва йўлаклардан ташқари камида 4 x 2 метр майдон ажратилиши, йўлакларнинг эни эса 1 метрдан кам бўлмаслиги керак;

металларга газ алангаси билан ишлов бериш ишларини ертўлаларда, иккинчи ва ундан юқори қаватларда бажариш тақиқланади;

газ билан пайвандлаш цехларининг поллари ёнмайдиган, иссиқлик ўтказмайдиган ва енгил тозаланадиган бўлиши керак.


119. Пайвандлаш ва газ билан қирқиш ишлари цехларни ичида махсус ажратилган ва махсус жиҳозланган жойларда ва хоналарда амалга оширилиши лозим.


120. Газ алангаси билан ишлов бериш жойларидан 5 метрдан яқинда жойлашган ёғоч деворлар, пардеворлар ва эшиклар асбест билан ёки наматни лойсувоқ қилиб, устидан тунука билан қопланиши керак.


121. Металларга газ алангаси билан ишлов бериш цехлари хоналари ҳаво сўрувчи вентиляция билан таъминланиши керак. Вентиляция ишламаган ҳолларда газ билан пайвандлаш ишларини бажариш тақиқланади.


122. Газ билан пайвандловчининг доимий иш жойи, ишлов берилаётган маҳсулотни ўрнаштириш ва жойини алмаштириш учун махсус стол ёки мослама билан таъминланиши керак.


123. Доимий иш жойларида ўчирилган горелкаларни илиб қўйиш учун махсус илгак бўлиши керак.


124. Доимий иш жойининг поли бетон ёки асфальт бўлса ёғоч панжаралар билан тўсилиши керак.


125. Газ алангаси билан ишлашда иш жойи яхшилаб кўриб чиқилиши, ортиқча, ишга халақит берувчи буюмлар енгил алангаланувчи суюқликлар олиб ташланиши керак.


126. Кальций карбиди қопқоғи яхши беркитиладиган, қуруқ идишларда, ўтга чидамли, енгил конструкцияли, яхши шамоллатиладиган, ташқи электр ёритгичли хоналарда сақланади. Уларни ертўлаларда сақлаш тақиқланади.


127. Баллонларни, махсус жиҳозланган алоҳида хоналарда, вертикал ҳолатда махсус уялари бор мосламаларда сақланади. Бўш баллонлар алоҳида сақланиши керак.


128. Карбид кальций солинган барабанларни учқун чиқармайдиган махсус асбоблар билан очиш керак.


129. Кўчма ацетилен аппаратларини ишлатиш вақтида қуйидагилар тақиқланади:

кальций карбидини хўл яшик ва корзинкаларга солиш;

бир генератордан бир неча горелка орқали қирқиш ишларини бажариш;

карбидни ишлатиш бўйича йўриқномада кўрсатилганидан ортиқча солиш;

кислород ва ацетилен баллонларидан 10 метргача бўлган масофада чекиш, гугурт ёқиш ва очиқ аланга ишлатиш;

газни белгиланган миқдоридан ортиқча чиқариш;

ортиқча газни чиқариб юбориш мақсадида генератор қопқоғини очиш;

ацетилен генераторларини йўлларда, йўлакларда, зинапоя майдончаларида, ертўлаларда, қоронғу жойларда ва одамлар кўп тўпланадиган жойларга ўрнатиш;

манометрсиз, бузуқ манометрли ёки ишлатиш муддати тугаган манометрли редукторларни қўллаш;

иш тугагач, дам олиш пайтида ёки иш орасидаги қисқа танаффус пайтларида кислородли баллонларни ёки ацетилен генераторларини назоратсиз қолдириш.


130. Музлаган ацетилен генераторларини фақат мой аралашмаган буғ ёки иссиқ сув билан эритишга рухсат берилади. Кўчма генераторларни хоналарда иситишни очиқ аланга манбаидан ва ҳаво сўрувчи вентиляция мавжуд бўлган тақдирда камида 10 метр масофада бажариш лозим.


131. Генераторлардан чиқадиган ишлатиб бўлинган кальций карбиди балчиқсимон қолдиғи, яхшилаб металл яшикларга йиғиб олиниши ва махсус жойларга олиб бориб ташланиши керак.



IV. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ УСКУНАЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Ишлаб чиқариш ускуналарига

қўйиладиган умумий талаблар


132. Барча айланувчи ва ҳаракатланувчи қисмлар (валларнинг чиқиб турган учлари, ҳаракат узатувчи тасмалар) ишончли равишда тўсилган бўлишлари керак.


133. Тез-тез очиш керак бўладиган жойларга очиладиган тўсиқ ва қопқоқлар ўрнатилиши, улар машинанинг ҳаракат узатувчи қисмлари билан электр блокировка қилиниши лозим.


134. Тўсиқлар мустаҳкам, енгил, ишончли равишда маҳкамланган бўлиши ва қисиб қолувчи тирқишлари ва ўткир бурчаклари бўлмаслиги керак.


135. Оғирлиги 5 кг дан ортиқ бўлган тўсиқлар ушлаш учун қулай дастакларга эга бўлиши керак.


136. Ишлаб чиқариш ускуналарида тўсиқлар, ҳимоя мосламалари ёки чангли ҳавони сўрувчи мосламалар бўлмаса ёки носоз бўлса ишлатишга рухсат берилмайди.


137. Ишлаб чиқариш ускуналари иш давомида ўзидан чангли ҳаво чиқарса, зичлаб беркитилиши ва меъёрдаги иш шароитларини яратувчи чангли ҳавони сўрувчи мосламалар ўрнатилиши керак.


138. Икки, уч ва ундан ортиқ кишилар билан бошқариладиган машиналар, уни юргизиш ва тўхтатиш ҳақида икки томонлама сигнал билан таъминланиши керак.


139. Машина, механизм ва дастгоҳларнинг юргизиш тугмалари ўз-ўзидан юриб кетиш ҳолларидан мустасно бўлиши керак.


140. Ишлаб чиқариш ускуналарини ишлатиш фақат техник созланган ҳолатда ва заводлар технологик ускуналарининг хавфсизлик техникаси талабларига мос бўлгандагина рухсат этилади.


141. Янги ўрнатилган ёки капитал созлашдан чиққан ускуналарни хавфсизлик техникаси муҳандиси иштирокида далолатнома тузилгандан кейин ишлатишга рухсат берилади.


142. Тўсиқларнинг ва ҳимояловчи мосламаларнинг ҳамда асбобларнинг созлиги цех раҳбарияти томонидан мунтазам текшириб турилиши керак.


143. Машиналарга ўрнатилган чанг сўрувчи мосламалар сўрилган чангли ҳавони ва бошқа зарарли чиқиндиларни узлуксиз равишда контейнерларга ва бункерларга узатиши керак.


144. Чанг йиғиладиган бункерлар зич ёпилган бўлиши керак.


145. Очиладиган ва олинадиган тўсиқ, қобиқ ва эшикларнинг ички тарафи тўқ сариқ ёки тўқ қизил рангга бўялади.


146. Монтаж ва демонтаж вақтида қўлланадиган тагликлар ва кўтариш механизмлари иш бошлашдан аввал синаб кўрилади ва улар қўлланганда хавфсизлик талаблари таъминлаши керак.


147. Кўтарилган юк остида ишлаш тақиқланади.


148. Ишлаб турган цехларда монтаж ишлари олиб борилса, ҳам монтажчиларнинг, ҳам цех ишчиларининг хавфсизлигини таъминлаш кўзда тутилиши керак.


149. Ишлаб турган заводларда монтаж ва демонтаж ишларини олиб боришда очиқ аланга ҳамда учқун чиқарувчи турли механизм ва мосламалардан фойдаланиш тақиқланади.



2-§. Электр қурилмаларига қўйиладиган

хавфсизлик талаблари


150. Электр қурилмаларини ва тармоқларини монтаж қилиш ва ишлатиш вақтида "Электр қурилмаларининг тузилиши Қоидалари", "Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш Қоидалари" (2004 йил 9 июль, рўйхат рақами 1383), "Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги Қоидалари" (2004 йил 20 август, рўйхат рақами 1400) талабларига риоя қилиниши керак.


151. Ҳар бир заводда маъмурият буйруғи билан энергия хизмати муҳандис-техник ходимларидан, корхона электр ҳўжалиги умумий ҳолати учун жавобгар шахс тайинланади ва ундан "Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги Қоидалари" ва мазкур Қоидалар талаблари бажарилишини таъминлаш талаб этилади.

Электр ускуналарига хизмат кўрсатувчи ходимга электр хавфсизлиги бўйича кучланиши 1000 V гача бўлган электр ускуналарга IV гуруҳ, электр хавфсизлиги бўйича кучланиши 1000 V ва ундан юқори кучланишга эга бўлган ускуналар бўйича V гуруҳ берилгандан кейин бажарадиган иш доираси белгилаб берилади.



3-§. Хом ашёни ортиш ва тушириш

механизмларига талаблар


152. Корхоналарда механизация воситаларини ишлатишда "Электр ускуналари. Ишларни олиб бориш ва ташкил қилиш. Ишлатишга қабул қилиш" ҚМҚ талаблари асосида олиб борилиши керак.


153. Механизациялаш воситаларида ишлашга механизмларни ишлатиш бўйича махсус ўқишни тугатган ва ушбу касбда ишлаш ҳуқуқи бўйича гувоҳномаси бор шахслар қўйилади.


154. Механизация воситаларини уларнинг барча қисмлари, узел ва деталлари, ҳимояловчи ва огоҳлантирувчи воситалари соз бўлгандагина ишлатиш лозим.


155. Механизация воситаларини ток манбаи шкафига улаш ва ундан узиб қўйиш ишларини фақат навбатчи электр монтёри бажариши керак.


156. Тасмали транспортёрлардан ғарамлар устидаги одамларни тушириш ва чиқариш учун фойдаланиш тақиқланади.


157. Транспортёрни юргизишдан аввал хавфли зонада одамлар йўқлигига ишонч ҳосил қилиш, товуш ёки огоҳлантирувчи товуш чиқарувчи асбоблар билан сигнал бериш ва фақат шундан сўнг юргизувчи тугмани босиш керак.


158. Транспортёр аравасининг ўз-ўзидан юриб кетмаслиги учун ғилдираклари тагига поналар қўйилади.


159. Транспортёрни созлаш ва тозалашдан аввал уни ўчириш ва огоҳлантирувчи белги осиб қўйиш керак.


160. Транспортёрнинг 1,5 метрдан баландда жойлашган механизмларини созлаш ва тозалашда нарвонлардан фойдаланиш керак.


161. Транспортёр тасмаси зўриқиб ишлаётганда унинг тезлигини ошириш тақиқланади.


162. Тасманинг бўш қисмида, роликлар бўйнида, ҳаракатга келтирувчи ва тарангловчи барабанларда ўралиб қолган толани транспортёр тўхтатилгандан сўнг илгак билан олиб ташланади.


163. Транспортёрни 20 метргача суришни қўлда бажаришга рухсат этилади, 20 метрдан ортиқ жойга 5-6 км/с тезлик билан трактор ёки автомобиль ёрдамида олиб бориш керак. Бунда одамларнинг 10 метр яқинга келишлари, транспортёр остида туришлари тақиқланади.



4-§. Юк ортувчи машиналарга

қўйиладиган талаблар


164. Аккумуляторли юк ортгичлар ва пневматик шинали электрокаралар текисланган, сув тўпланмайдиган ва қаттиқ юзали майдончаларда ишлашга мўлжалланган.


165. Юк ортгичлар ҳаракати пайтида юкни кўтариш, тушириш тақиқланади.


166. Юк ортувчи машиналарнинг юк майдончаларида одамларни олиб юриш тақиқланади.


167. Юк ортувчи машиналарда ва автоюклагичларда ишлашга 18 ёшга тўлган, ҳайдаш ҳуқуқи берилган гувоҳномаси бор, тиббий кўрикдан ўтган, махсус ўқишни битирган ва билими текширилган шахслар қўйилади.


168. Юк ортгичларни ва электрокараларни созлаш ва техник назорат қилиш махсус жиҳозланган хоналарда бажарилиши керак.



5-§. Металларга совуқ ҳолатда ишлов бериш

дастгоҳларига қўйиладиган талаблар


169. Заводларда металларга совуқ ҳолда ишлов бериш амалдаги саноат санитарияси ва хавфсизлик техникаси қоидаларига мос ҳолда олиб борилиши керак.


170. Ишлов бериш вақтида, узлуксиз қиринди чиқарадиган металларни қирқаётганда махсус қирқувчи ёки қириндиларни майдаловчи мосламалар қўлланади. Синувчи қиринди чиқадиган металларга ишлов беришда, қириндиларни чиқариб турувчи мослама ишлатилади.


171. Дастгоҳларда маҳсулотни сайқаллаш, тозалаш ва ялтиратиш ишларини бажариш вақтида хавфсизликни таъминловчи махсус мосламалар қўлланиши керак. Бу мосламаларни қўллаш технологик ҳужжатларда кўрсатилиши керак.


172. Станок юриб турганда, қўлда сайқаллаш айниқса, мураккаб конфигурацияли деталларни сайқаллаш тақиқланади.


173. Горизонтал ва вертикал пармалаш дастгоҳларининг узатиш валлари тўсиқлар билан тўсилиши керак.


174. Дастгоҳлар ишлаётганда, ишлов берилаётган материалга тегиб турмаётган фрезаларнинг кесувчи қисмлари ишлатишга қулай бўлган тўсқичлар билан тўсилиши керак.


175. Горизонтал ва узунасига пармаловчи дастгоҳларда винтнинг чиқиб турган каллаги тўсилиши керак.


176. Дастгоҳ ишлаб турган пайтда детални алмаштириш ёки қотириш тақиқланади.


177. Пармалашдан чиққан қириндини фақат дастгоҳ тўхтагандан ва асбоб узоқлаштирилгандан сўнг йиғиштириш мумкин.


178. Қириб силлиқловчи дастгоҳнинг узатиш механизми, ишчининг қўли ёки кийими тушиб қолишининг олдини олувчи тўсиқ билан тўсилиши керак.


179. Дастгоҳлар қириндини чиқариш ва йиғиш мосламаси билан таъминланиши керак.


180. Бегона кишиларнинг қайчини юргизиб юборишининг олдини олиш учун, улар электр двигателини ўчириб қўювчи мослама билан таъминланиши керак.


181. Металларни арралашга мўлжалланган дискли арраларнинг иш юзалари очиқ бўлиши керак.


182. Прессларда маҳсулотни узатиш ва олишда ишловчининг қўлини шикастламаслик учун ҳимояловчи мослама қўлланиши керак.


183. Чархлаш дастгоҳларидан фойдаланиш, кўрикдан ўтказиш, асбобларни сақлаш, чарх доираларининг мустаҳкамлигини синаш, ҳимоя воситалари, чарх доираларини ўрнатиш ва ишлатиш амалдаги чархлаш дастгоҳларида хавфсиз ишлаш йўриқномалари талабларига жавоб бериши керак.


184. Ҳар бир чарх тошини дастгоҳга ўрнатишдан олдин, уни бутунлай беркитувчи махсус қобиқли дастгоҳда синаб кўрилиши лозим.


185. Сайқалловчи дастгоҳлар, одамларни жароҳатламаслиги ва совутувчи суюқлик сачратмаслиги учун ён томонидан тўсиқ билан тўсилиши керак.


186. Сайқалловчи дастгоҳлар доираларни тўғрилаш учун махсус асбоб ва мосламалар билан таъминланиши керак. Тўғриловчи асбобни узатиш ишлари механизациялашган бўлиши керак.


187. Совутгичларсиз ишлайдиган, чархлаш дастгоҳлари чанг сўриш ускунаси билан таъминланиши керак.


188. Металларга ишлов берувчи дастгоҳлар атрофидаги пол текис ва сирпанмайдиган бўлиши керак. Пол цементланган бўлса устига ёғочдан ясалган панжара ташланиши керак.


189. Дастгоҳларга оғир ва қўпол (20 кг. дан ортиқ) деталларни ўрнатиш ва олиш ишлари механик мосламалар ёрдамида бажарилиши керак.


190. Дастгоҳлар кучланиши 36 В бўлган маҳаллий ёритгичлар билан таъминланиши керак.


191. Иш жойи майдони, ёрдамчи ускуналарни, асбобларни (жавон, стол, шкаф) сақлаш жойлари амалдаги талабларга мос бўлиши ва дастгоҳда ишлаётган ишчига халақит бермаслиги керак.



V. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАНЛИК

УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


192. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.


193. Ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳолда ходимларнинг саломатлигига етказилган зарарлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.



VI. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


Мазкур қоидалар "Ўзпахтасаноат" уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, "Саноатконтехназорат" давлат инспекцияси ва "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 19-20-сон, 238-модда.