язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ахборот, ахборотлаштириш ва алоқа соҳасидаги бошқарув ва назорат/ Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 28.08.1997 й. 420-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1997 йил 28 августдаги

420-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар

агентлиги тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги, бундан кейин "Агентлик" деб аталади, Ўзбекистон Республикасида маҳаллий, шаҳарлараро, халқаро телефон-телеграф, почта алоқаси, маълумотларни узатиш, радио алоқаси, радиоэшиттириш ва телевидение тармоқларини ташкил этиш, ишлатиш, уларнинг хизматлар кўрсатиши соҳасидаги давлат сиёсатини ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи давлат бошқарув органи ҳисобланади, уларнинг аҳволи ва ривожланиши учун жавоб беради.


2. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси бошқа қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга амал қилади.


3. Агентлик Ўзбекистон Республикасини Халқаро электр алоқаси иттифоқида, Жаҳон почта иттифоқида ҳамда почта ва телекоммуникациялар соҳасидаги бошқа халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси номидан вакиллик қилувчи ваколатли орган ҳисобланади.


4. Агентлик юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган, ўз номи Ўзбекистон Республикаси давлат тилида ёзилган муҳрга, ҳисоб-китоб ва валюта счётларига эга бўлади.



II. АГЕНТЛИКНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


5. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг, корхоналар, ташкилотлар ва аҳолининг почта ва телекоммуникациялар турли хизматларига бўлган эҳтиёжларини тўлиқ қондиришни таъминловчи почта ва телекоммуникацияларни такомиллаштириш ва янада ривожлантириш сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

почта алоқаси ва телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятни тартибга солиш ва бошқаришни такомиллаштириш, маркетинг тадқиқотларини ва мониторингини ташкил этиш, бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, ушбу соҳада рақобат муҳитини яратиш ва ривожлантириш;

телекоммуникация тизимини ва технологияларни ривожлантириш ва такомиллаштиришга хорижий инвестицияларни жалб этиш учун шароитлар яратиш;

телекоммуникация ва почта технологияларини яратиш, жорий этиш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича ягона шартлар ва талабларни тасдиқлаш;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, почта ва телекоммуникациялар тармоғининг ахборот хавфсизлигини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви, Ўзбекистон Республикаси мудофааси ва миллий хавфсизлиги манфаатлари учун ҳамда фавқулодда вазиятлар шароитларида улардан устуворлик билан фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш.



III. АГЕНТЛИКНИНГ АСОСИЙ ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Агентлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

ахборот тизимларини, технология ва хизматларини, радиоэшиттириш, радиоалоқа, телевидениени ривожлантириш дастурлари, концепциялари ва схемалари лойиҳаларини ишлаб чиқишни ташкил қилади;

иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг узоқ ва қисқа муддатли прогнозларини ишлаб чиқишда қатнашади;

почта ва телекоммуникация соҳасидаги фаолият масалаларига оид қонунчилик ва норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритади;

почта ва телекоммуникациялар тизимлари соҳасидаги илғор технологияларни яратиш, жорий этиш ва улардан фойдаланишга доир техник шартлар ва талабларни ишлаб чиқишни ташкил этади ва тасдиқлайди, юридик ва жисмоний шахсларнинг почта ва телекоммуникациялар соҳасидаги ўзаро муносабатларини белгилайди;

почта тўловлари белгилари намуналарини тасдиқлайди ва бу белгиларни нашр этишни ташкил қилади, уларни жорий қилади ва муомаладан чиқаради;

почта ва телекоммуникациялар соҳасида корхона ва объектларни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш шартлари ҳамда хусусиятларини белгилашда қатнашади;

телекоммуникациялар тизимларини, технологиялар ва хизматларни, тармоқ стандартлари ва техник шартларини ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича муаммоли тадқиқотлар, маркетинг ва мониторинг ишларини ташкил қилади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида радиочастоталарни тартибга солиш ва бошқаришнинг асосий принципларини белгилайди, радиочастота спектридан фойдаланиш тартибини белгилайди, радиочастоталарни режалаштириш, мақсадини белгилаш ва ҳисобга олиш, радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали, қурилмалардан фойдаланишни назорат қилиш, шунингдек радионуқсонларни, шу жумладан индустриал нуқсонларни йўқотиш ишларини ташкил қилади;

хўжалик юритувчи субъектларнинг почта ва телекоммуникация тармоқларини ташкил қилиш ва ишлатиш фаолияти устидан давлат назоратини йўлга қўйиш ва амалга ошириш қоидалари ва тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

почта ва телекоммуникацияларнинг техник воситалари хизматларининг мувофиқлигини ва қўлланишини сертификациялашни ташкил қилади;

хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини лицензиялаш ишларини ташкил қилади ҳамда магистрал ва халқаро алоқа линияларини лойиҳалаш, қуриш ва ишлатиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига лицензиялар беради;

умумий равишда фойдаланиладиган телекоммуникация тармоқларини ташкил этувчи телефон тармоқларининг ишлашини таъминловчи юридик шахслар рўйхатини тасдиқлайди;

почта, электр алоқаси, радиоэшиттириш ва телевидение тармоқлари ва воситалари фаолият кўрсатишининг ахборот хавфсизлигини таъминлашга оид талабларни белгилайди;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, мудофаа қобилияти ва миллий хавфсизлик манфаатларини кўзлаб, идоравий мансублигидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектларнинг техникавий кучларидан фойдаланган ҳолда табиий офатлар оқибатларини тугатиш комплекс чора-тадбирларини ишлаб чиқади ва уларнинг бажарилишини ташкил қилади;

мажбурий ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган алоқа хизматлари рўйхатини тасдиқлайди, ушбу хизматлар учун тарифларни келишиб олади;

ажратилган ва идоравий тармоқларни умумий фойдаланишдаги тармоққа улаш бўйича талабларни белгилайди;

истеъмолчиларнинг алоқа хизматларига ҳуқуқларига риоя этилиши устидан назоратни ташкил қилади ва таъминлайди;

технологиялар, телекоммуникациялар ва почта алоқаси соҳасидаги халқаро фаолиятда Ўзбекистон Республикасининг ваколатли алоқа маъмурияти сифатида иш кўради, Халқаро электр алоқаси иттифоқи, Жаҳон почта иттифоқи ҳамда почта ва телекоммуникациялар соҳасидаги бошқа халқаро ташкилотларнинг конгрессларида, съездларида, конференцияларида Ўзбекистон Республикаси номидан қатнашади;

почта ва телекоммуникациялар тизимлари соҳасидаги халқаро, ҳукуматлараро битимлар ва шартномалар лойиҳаларини тайёрлайди;

инвестиция сиёсатини ишлаб чиқишда ва амалга оширишда қатнашади, хорижий инвестицияларни телекоммуникациялар тизимлари воситалари ва тармоқларини ривожлантиришга, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган хизматларни, илмий тадқиқотларни, мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни қўллаб-қувватлашга жалб этиш чора-тадбирларини амалга оширади;

молия ташкилотлари, хорижий мамлакатлар ҳукуматларининг почта ва телекоммуникациялар учун ажратиладиган грантларидан фойдаланишнинг устувор йўналишларини белгилайди ва уларни тақсимлайди;

инвестицияларни, шу жумладан, хорижий инвестицияларни почта ва телекоммуникацияларни ривожлантиришга жалб этиш бўйича тендерлар, танловлар ва савдоларни ташкил қилишда қатнашади;

ўз тасарруфидаги давлат ташкилотлари, корхоналар ва муассасалар ишига бевосита раҳбарлик қилади, улар фаолиятининг асосий йўналишларини белгилайди, раҳбарларни белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади, уларни рағбатлантириш, ёки жазолаш тўғрисида қарор қабул қилади;

Агентлик тизими бошқаруви тузилмаси, уни янада такомиллаштириш бўйича таклифларни белгиланган тартибда, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ, ишлаб чиқади ва киритади;

ўз тасарруфидаги давлат алоқа корхоналари, ташкилотлари ва муассасаларини белгиланган тартибда ташкил этади, қайта ташкил қилади ва тугатади;

Агентлик тизимининг сафарбарлик режасини, давлат моддий маблағлар захирасидаги жамғармалар тузилмаси, таркиби, нормалари ва режасини ишлаб чиқади, ҳарбий қисм куч ва воситалари билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини алоқа билан таъминлаш учун авария-тиклаш ишларини, Агентлик тизимининг алоҳида муҳим объектларини қўриқлашни ташкил қилади;

бюджетдан маблағ билан таъминланадиган ўқув юртлари, махсус корхоналар, ҳарбий бўлинмалар эҳтиёжини умумлаштиради ва уларни бюджетдан маблағ билан таъминлашни ташкил қилади;

почта ва телекоммуникациялар соҳасида статистик ҳисоботни такомиллаштириш ишларини ташкил қилади;

йиғма статистик ҳисоботни амалга оширади, унинг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичларини таҳлил қилади;

почта ва телекоммуникациялар соҳасидаги юқори иқтидорли талабалар учун Агентлик стипендияларини белгилайди.

Агентлик қонунчиликда назарда тутилган бошқа функцияларни ҳам бажаради.



IV. АГЕНТЛИКНИНГ ҲУКУҚЛАРИ


7. Агентлик қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

ўз ваколати доирасида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ телекоммуникациялар ва почта алоқаси, радиоалоқа, радиоэшиттириш, телевидение хизматлари кўрсатувчи ёки улардан фойдаланувчи, шунингдек мулкчилик шаклларидан қатъи назар, телекоммуникациялар ва почта тизимлари ва иншоотларини лойиҳалаш ва қуришни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар учун бажарилиши мажбурий бўлган норматив ҳужжатлар чиқариш;

магистрал ва халқаро алоқа линияларини лойиҳалаш, қуриш ва ишлатиш бўйича фаолият билан шуғулланишга лицензияларни бериш, уларнинг амал қилишини тўхтатиш ва уларни олиб қўйиш, ўз тасарруфидаги органлар орқали лицензиялар шартларининг бажарилишини назорат қилиш;

Ўзбекистон Республикасида алоқа воситаларини қўллашга белгиланган тартибда сертификатлар бериш, техник шартларни, тармоқ стандартларини, норма ва нормативларни тасдиқлаш;

Агентлик ваколатига кирувчи масалаларни давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида ҳал қилиш, тегишли таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда киритиш;

ўз ваколати доирасида, зиммасига юкланган вазифалардан келиб чиқувчи бошқа ҳуқуқлар;

Агентлик почта тўлови белгиларини муомалага киритиш ва муомаладан чиқариш борасида мутлақ ҳуқуққа эгадир.



V. ЖАВОБГАРЛИГИ


8. Агентлик ўзига юкланган вазифаларнинг ва ўз ваколати доирасида қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавоб беради.



VI. АГЕНТЛИКНИНГ ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ


9. Агентлик тизимига қуйидагилар киради:

Почта ва телекоммуникациядар тармоқлари ва воситаларини ривожлантириш, техника билан қайта жиҳозлаш ва реконструкция қилиш соҳасидаги устувор ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни ҳамда илмий-тадқиқот ишларини маблағ билан таъминлаш учун телекоммуникациялар тизимлари корхоналари маблағларининг бир қисмини, шунингдек бошқа молиявий маблағларни жамлаш бўйича Почта ва телекокоммуникацияларни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси;

Почта ва телекоммуникациялар тизимларининг муаммоли тадқиқотлар, маркетинг ва мониторинг, техник воситаларни сертификациялаш бўйича Ахборот тизимларининг илмий-техник ва маркетинг тадқиқотлари маркази;

Ўзбекистон Республикасида почта ва телекоммуникациялар хўжалик юритувчи субъектларининг фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш бўйича Давлат алоқа инспекцияси;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида частоталарни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқариш бўйича Ўзбекистон Республикаси радиочастоталар бўйича давлат комиссияси;

Почта ва телекоммуникациялар соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектлар учун мутахассислар тайёрлаш бўйича Тошкент алоқа электротехника институти, Тошкент алоқа коллежи;

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви юқори органлари хат-хабарларини ва дипломатик хат-хабарларни қабул қилиш, етказиб бериш бўйича Давлат чопарлик хизмати;

Республика муассасалари, ташкилотлари ва корхоналарининг махсус хат-хабарларини ва жўнатмаларини қабул қилиш, етказиб бериш бўйича Республика махсус алоқа узели;

маҳаллий, шаҳарлараро ва халқаро почта ва телекоммуникациялар тармоқларининг, радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение тармоқларининг умум фойдаланишдаги электр ва почта алоқаси хизмати кўрсатадиган ташкилотлари, муассасалари, компаниялари, корхоналари, ҳарбий бўлинма.



VII. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


10. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.


11. Агентликни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бош директор бошқаради.


12. Бош директорнинг белгиланган тартибда тайинланадиган уч нафар ўринбосари, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.


13. Бош директор лавозимига кўра Ўзбекистон Республикаси вазирига, биринчи ўринбосар ва ўринбосарлар - тегишли равишда вазирнинг биринчи ўринбосарига ва ўринбосарларига тенглаштирилади.


14. Бош директор ўринбосарлари "Маҳаллий телеком", "Халқаро телеком" акциядорлик компанияларининг ва "Ўзбекистон почтаси" давлат-акциядорлик компанияси кузатув кенгашларидаги давлат вакиллари ҳисобланади.


15. Агентликнинг Бош директори айни вақтда Ўзбекистон Республикаси радиочастоталар бўйича давлат комиссияси раиси ҳисобланади.


16. Бош директор:

Агентликка юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради, ўринбосарлар ўртасида вазифаларни тақсимлайди, ўринбосарларнинг, тасарруфидаги ташкилотлар ва корхоналар раҳбарларининг жавобгарлик даражасини белгилайди;

почта ва телекоммуникациялар хизматларини айирбошлашни ташкил этишда хорижий давлатларнинг бунга вакил қилинган мансабдор шахслари билан битимлар ва шартномаларни Ҳукумат номидан имзолашга белгиланган тартибда вакил қилинган;

Агентлик аппарати иш ҳақи фондини, штат жадвалини, аппаратни маблағ билан таъминлаш харажатлари сметасини тасдиқлайди, рағбатлантириш ва иш ҳақи тўлаш миқдори ва тизимини белгилайди;

ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун буйруқлар ва фармойишлар чиқаради;

тасдиқланган номенклатурага мувофиқ Агентлик аппарати ходимларини, тасарруфидаги давлат ташкилотлари, корхоналари, муассасалари раҳбарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади.


17. Агентликда таркибига бош директор (ҳайъат раиси), лавозими бўйича бош директорнинг ўринбосарлари, шунингдек Агентлик тизимининг бошқа раҳбар ходимлари кирувчи 11 кишидан иборат ҳайъат ташкил этилади. Ҳайъатнинг шахсий таркиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат ўз мажлисларида алоқа тармоғини ривожлантириш, фан-техника ютуқларидан кенг кўламда фойдаланиш, идоралараро ва давлатлараро алоқаларни ривожлантириш бўйича асосий масалаларни ҳамда фаолиятнинг бошқа масалаларини кўриб чиқади, қонунчилик ва норматив ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилади.

Ҳайъат қарорлари, қоидага кўра, Агентлик буйруқлари билан ҳаётга татбиқ этилади. Бош директор ва ҳайъат ўртасида келишмовчилик пайдо бўлган тақдирда бош директор ўз қарорини ҳаётга татбиқ этади ва пайдо бўлган келишмовчилик тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига маълум қилади, ҳайъат аъзолари, ўз навбатида, ўз фикр-мулоҳазаларини Вазирлар Маҳкамасига хабар қилишлари мумкин.


18. Агентлик аппаратини маблағ билан таъминлаш Почта ва телекоммуникацияларни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан текин амалга оширилади.


19. Агентликни тугатиш ёки қайта ташкил қилиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.