язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Оммавий ахборот воситалари/ ОАВни рўйхатга олиш. Мухбирларни аккредитация қилиш/ Ўзбекистон Республикаси оммавий ахборот воситалари вакилларини давлат хокимияти органлари ҳузурида аккредитация қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 23.11.2006 й. 243-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2006 йил 23 ноябрдаги

243-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси оммавий ахборот

воситалари вакилларини давлат ҳокимияти

органлари ҳузурида аккредитация

қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Давлат ҳокимияти органлари фаолиятини ўз вақтида ва холисона ёритиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси оммавий ахборот воситалари вакиллари вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият органлари ҳузурида аккредитация қилинади.


2. Оммавий ахборот воситаларининг аккредитация қилинган вакилларининг (кейинги ўринларда "мухбирлар" деб аталади) ҳуқуқий мақоми ва касб фаолияти принциплари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида", "Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, мазкур Низом ҳамда аккредитация қиладиган органларнинг низомлари билан белгиланади.



II. АККРЕДИТАЦИЯ ҚИЛИШНИНГ

АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАРИ ВА ПРИНЦИПЛАРИ


3. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


мухбир - меҳнат шартномалари ва бошқа шартномавий муносабатлар асосида оммавий ахборот воситалари таҳририятлари учун хабарлар ва материалларни қидириш, тўплаш, қайта ишлаш ва тайёрлаш касби билан шуғулланадиган жисмоний шахс;


аккредитация - мухбирнинг ваколатларини давлат ҳокимияти органлари томонидан эътироф этиш тартиботи бўлиб, унинг натижаларига кўра аккредитация қиладиган орган аккредитация қиладиган органнинг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш учун оммавий ахборот воситаси (кейинги ўринларда "таҳририят" деб аталади) вакилининг ўз соҳасини билишини тасдиқловчи аккредитация қилиш тўғрисидаги гувоҳномани беради;


аккредитация қилувчи орган - аккредитация тартиботини ташкил этадиган, аккредитацияни ўтказадиган вакиллик ва ижро этувчи ҳокимият органлари.


4. Аккредитация уни ўтказишга жалб этилган мутахассисларнинг ўз ишини пухта билиши ва мухбирларнинг мустақиллиги принципларига асосланади.

Аккредитацияни ўтказишда ўз ишини пухта билиш кадрларни тегишли равишда танлаш, аккредитация тартиботида қатнашадиган экспертларни тайёрлаш тизими ва зарурият бўлганда, билимларнинг алоҳида соҳалари бўйича мутахассисларни жалб этиш йўли билан таъминланади.

Мустақиллик аккредитация тартиботида аккредитация тўғрисида қарор қабул қилинишига бирор-бир молиявий, маъмурий ёки бошқача таъсир кўрсатишдан холи бўлган ташкилотлар ва экспертлар, мутахассисларнинг қатнашиши билан таъминланади.


5. Мухбирнинг аккредитация қилинишида унинг ўз ишини пухта билишини аниқлаш мезони аккредитация қиладиган орган ва оммавий ахборот воситалари вакили фаолиятининг ўзига хослиги ҳисобга олинган ҳолда, мазкур органнинг норматив ҳужжатлари билан белгиланади.


6. Аккредитация қиладиган орган ҳузурида ўз мухбирини аккредитация қилиш ҳуқуқига расмий равищда рўйхатдан ўтказилган оммавий ахборот воситалари эгадир.



III. МУХБИРЛАРНИ

АККРЕДИТАЦИЯ ҚИЛИШ


7. Аккредитация қиладиган органлар ҳузурида оммавий ахборот воситаси мухбирини аккредитация қилиш учун таҳририят ўзининг расмий бланкасида бош муҳаррирининг имзоси қўйилган, муҳр билан тасдиқланган буюртманома тақдим этади.


8. Таҳририятнинг буюртманомасида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

оммавий ахборот воситасининг номи ва тури;

ихтисослашуви;

тарқалиш ҳудуди;

электрон почта манзили;

таҳририятнинг телефонлари ва факслари рақамлари;

аккредитацияга тақдим этилган мухбирнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

касб вазифаларини бажариш учун ушбу мухбир ўзи билан бирга олиб юриши зарур бўлган аппаратлар.

Буюртманомага батафсил маълумотлар (мухбирнинг хизмат мавқеи, паспортига оид маълумотлар, дипломи нусхаси, электрон почта манзили, телефон ва факс рақами) мавжуд бўлган маълумотнома ҳамда белгиланган шаклдаги тўртта фотосурат илова қилинади.


9. Мухбирни аккредитация қилиш тўғрисидаги буюртманома аккредитация қиладиган орган томонидан тегишли мурожаат олинган кундан бошлаб бир ой мобайнида кўриб чиқилади.


10. Аккредитация қилинадиган мухбирлар сони таҳририят томонидан аккредитация қилувчи орган билан биргаликда белгиланади.


11. Аккредитация тартиботи қуйидаги асосий тадбирлардан иборат бўлади:

буюртманомани ва тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш;

мухбирларни аттестациядан ўтказиш;

аккредитация қилиш тўғрисида ёки аккредитация қилишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш, аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштириш ва бериш.


12. Оммавий ахборот воситаси таҳририяти томонидан тақдим этилган буюртманомалар ва ҳужжатларни кўриб чиқишни аккредитация қилувчи орган тузадиган эксперт гуруҳи амалга оширади. Ҳужжатларни кўриб чиқиш натижалари ариза тушган пайтдан бошлаб ўн кун муддатда эксперт хулосаси билан расмийлаштирилади.


13. Аттестацияни аккредитация қилувчи орган томонидан расмий равишда тузиладиган комиссия ўтказади. Комиссия таркиби ва аттестацияни ўтказиш муддатлари таҳририят билан келишилиши керак. Таҳририят комиссиянинг айрим аъзолари иштирок этиши ва аттестация ўтказилиши муддатлари юзасидан эътироз сабабларини асослаган ҳолда таклиф билдиришга ҳақлидир.

Комиссия аттестацияни аккредитация қилувчи орган тасдиқлаган дастурга мувофиқ ўтказади. Мухбирнинг касбий сифатлари ва лаёқатини тавсифлаш бўйича тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги эксперт хулосаси, шунингдек экспертиза ва аттестация жараёнида олинган бошқа ахборотлар аттестация комиссиясининг қарор қабул қилиши учун асос ҳисобланади. Аттестация натижалари аттестация далолатномаси билан расмийлаштирилади.


14. Аккредитация қилувчи орган аттестация далолатномасини кўриб чиқиш натижалари асосида мухбирни аккредитация қилиш ёки аккредитация қилишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Оммавий ахборот воситалари мухбирларини аккредитация қилиш тўғрисидаги буюртманома мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ схемага биноан кўриб чиқилади.


15. Ижобий қарор чиқарилган тақдирда аккредитация қилувчи орган қарор қабул қилингандан кейин бир ҳафта муддатда мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича Ўзбекистон Республикаси оммавий ахборот воситаси мухбирини аккредитация қилиш тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштиради ва беради.


16. Аккредитация қилувчи орган аккредитация қилинган мухбирга 2 йилгача муддатда амал қиладиган аккредитация тўғрисида гувоҳнома беради.

Аккредитация қилиш тўғрисидаги гувоҳнома аккредитация қилувчи орган реестрида рўйхатдан ўтказилган санадан бошлаб амал қилади.


17. Аккредитацияга тааллуқли барча ҳужжатлар (буюртманомалар, қарорлар, далолатномалар, аккредитация қилиш тўғрисидаги гувоҳнома ва шу кабилар) давлат тилида расмийлаштирилади.


18. Аккредитация қилувчи орган Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонунлари ёки мазкур Низом асосида журналистни аккредитация қилишни рад этиши мумкин. Аккредитация қилувчи орган бундай қарорнинг сабаблари тўғрисида уч кун муддатда оммавий ахборот воситаси таҳририятини ёзма шаклда хабардор қилади.


19. Зарур ҳолларда давлат ҳокимияти органлари ҳузурида вақтинчалик ёхуд доимий мухбирлик пунктлари ташкил этилиши мумкин.



IV. АККРЕДИТАЦИЯ ҚИЛИНГАН

МУХБИРЛАРНИНГ АСОСИЙ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


20. Аккредитация қилинган мухбирлар касб фаолияти даврида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва мажбуриятларни бажарадилар.

Мухбирни аккредитация қилган органлар уни мажлислар, кенгашлар ва бошқа тадбирлар тўғрисида олдиндан хабардор қилади, стенограммалар, протоколлар ва бошқа ҳужжатлар билан таъминлайди.


21. Аккредитация мухбирнинг расмий шахслар ташрифлари давридаги тадбирларда бевосита қатнашишини кафолатламайди. Ўзбекистон Республикасининг ёки хорижий давлатларнинг расмий шахслари ташрифлари вақтида мухбирларни махсус аккредитация қилиш тартиби қонун ҳужжатлари, шунингдек ушбу тадбирни тайёрлаш ва ўтказиш учун масъул хизматлар талабларига биноан белгиланади.


22. Аккредитация қилинган мухбир қуйидаги ҳуқуқларга эга:

бўлажак мажлислар, кенгашлар ва бошқа тадбирлар тўғрисида олдиндан ахборот олиш;

аккредитация қилган органнинг бинолари (хоналари) ва объектларига тегишли гувоҳнома (рухсатнома) асосида, ушбу орган томонидан белгиланган тартибда кириш;

уни аккредитация қилган органлар томонидан ўтказиладиган мажлислар, йиғилишлар, брифинглар (матбуот конференциялари) ва бошқа тадбирларда қатнашиш, ёпиқ тадбир ўтказилиши тўғрисида қарор қабул қилинган ҳоллар бундан мустасно;

аккредитация қилган органнинг масъул шахсларидан зарур ҳужжатлар ва материалларни сўраш ва олиш, кириш эркин бўлган тадбирларнинг ёзувлари билан танишиш ва улардан нусха олиш;

ёзувлардан матнли материаллар тайёрлашда, аккредитация қилинган оммавий ахборот воситаларининг теле-, радиодастурларида фойдаланиш;

аудио-, видео- ёки киносуратга олиш, овоз ёзиш учун зарур бўлган техник аппаратлардан, шунингдек компьютер техникаси воситаларидан фақат аккредитация қилган органнинг фаолиятини ёритиш мақсадларида фойдаланиш.


23. Аккредитация қилинган мухбир қуйидагиларга мажбур:

аккредитация қилган органнинг биносида бўлишда унинг ички тартиб-қоидаларига ва ишларини ташкил этиш талабларига риоя қилиш;

ўзи иштирок этаётган тадбирларнинг ўтказилишига аралашмаслик (агар тадбир матбуот учун махсус ташкил этилмаган бўлса);

аккредитация қилган органнинг фаолияти тўғрисида холисона ахборот бериш;

махсус тадбирларни ўтказиш қоидаларига риоя қилиш;

давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа талабларни бажариш.



V. МУХБИРНИНГ АККРЕДИТАЦИЯСИНИ

ТЎХТАТИШ ВА УНИ АККРЕДИТАЦИЯДАН

МАҲРУМ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


24. Қуйидагилар аккредитациянинг тўхтатилиши учун асос ҳисобланади:

мухбирнинг таҳририятдан ишдан бўшатилиши (ушбу ҳолда таҳририят бошқа вакилни аккредитация қилиш тўғрисидаги ариза билан аккредитация қилувчи органга мурожаат қилишга ҳақлидир);

мухбир вакили бўлган оммавий ахборот воситаси фаолиятининг тўхтатилиши;

таҳририят раҳбарияти томонидан мухбирни аккредитация қилган органнинг фаолиятини ёритишдан четлатиш тўғрисида қарор қабул қилиниши (расмий билдиришнома асосида).


25. Мухбир:

ўзи таклиф этилган тадбирлар ўтказилиши тартибига аралашганда;

амалдаги қонун ҳужжатларини ва мазкур Низомни мунтазам равишда бузганда аккредитациядан маҳрум этилиши мумкин.


26. Мухбирни аккредитациядан маҳрум этиш тўғрисидаги қарор аккредитация қилган орган томонидан қабул қилинади. Қарор асосланган, ёзма шаклда расмийлаштирилган, оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан далилланган бўлиши керак.

Аккредитация қилган орган аккредитациядан маҳрум қилинган мухбирнинг таҳририятига қарор қабул қилинган вақтдан бошлаб беш кун муддатдан кечикмай расмий билдиришнома юборади. Бундай қарор кучга кирган вақтдан бошлаб аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ва у таҳририят томонидан аккредитация қилган органга қайтарилиши керак.



VI. ЯНГИ МУДДАТГА

АККРЕДИТАЦИЯ ҚИЛИШ


27. Аккредитация қилинган мухбирни янги муддатга аккредитация қилиш аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугагандан кейин таҳририят томонидан тақдим этилган буюртманома асосида ўтказилади.


28. Таҳририят аккредитация қилувчи органга аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугашидан бир ой олдин буюртманома бериши керак.

Янги муддатга аккредитация қилиш аккредитация қилинган мухбирнинг олдинги аккредитацияси давридаги бенуқсон фаолиятини ҳисобга олган ҳолда соддалаштирилган тартибот бўйича амалга оширилиши мумкин.



VII. ТЕХНИК ХОДИМЛАР ВА ХИЗМАТ

КЎРСАТУВЧИ ХОДИМЛАР


29. Таржимонлар, телеоператорлар, фотомухбирлар, теле-, кино- ва видеоаппаратларга, алоқа воситаларига хизмат кўрсатувчи мутахассислар таҳририятнинг мухбирларга бириктирилган техник ходимлари бўлиши мумкин.


30. Аккредитация қилинган мухбирлар техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларни ишга ёллаши мумкин.

Жалб этиладиган техник ходимларнинг шахсий таркиби аккредитация қилувчи орган билан келишилади. Уларга ўз фаолиятини амалга оширишлари учун аккредитация қилувчи орган томонидан тегишли гувоҳнома берилади.


31. Аккредитация қилинган мухбирнинг техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларига журналистлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланади.



VIII. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


32. Давлат ҳокимияти органлари ҳузуридаги аккредитацияни амалга ошириш тартиби билан боғлиқ низоли масалалар пайдо бўлган тақдирда манфаатдор томон қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда улар юзасидан судга шикоят қилиши мумкин.


33. Аккредитация қилувчи орган ва оммавий ахборот воситаларининг мухбирлари мазкур Низом ҳамда оммавий ахборот воситалари соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиниши учун жавоб берадилар.





Низомга

1-ИЛОВА


Оммавий ахборот воситалари

мухбирларини аккредитация қилиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

  

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Ариза берувчи

         

Аккредитация қилувчи органга ариза билан мурожаат қилади ва мухбирни давлат ҳокимияти органи ҳузурида аккредитация қилиш учун зарур ҳужжатларни тақдим этади.

          

Ариза берувчининг хоҳишига кўра

2-босқич

Аккредитация қилувчи орган

           

Эксперт гуруҳи ташкил этади. Тақдим этилган ҳужжатларни, аккредитация қилиш учун тавсия этилган мухбирнинг ўз соҳасини билиши тўғрисидаги бошқа ҳужжатларни ўрганишни ташкил қилади.

        

Зарур ҳужжатлар олингандан кейин бир ҳафта муддатда

3-босқич

Эксперт гуруҳи

       

Тегишли хулосани тақдим этади.

       

3 кун муддатда


4-босқич

Аккредитация қилувчи орган

      

Аттестация комиссиясини ташкил этади. Аттестацияни ўтказиш тартибини тасдиқлайди.

         

Эксперт комиссиясининг хулосаси олингандан кейин 2 кун муддатда

5-босқич

Аттестация комиссияси

        

Мухбирни аттестациядан ўтказади. Аттестация комиссияси далолатномасини қабул қилади.

       

5 кун муддатда

Аккредитация қилувчи орган

       

Мухбирни давлат ҳокимияти органи ҳузурида аккредитация қилиш ёхуд рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

       

Аттестация комиссиясининг хулосаси олингандан кейин 3 кун муддатда

        

Аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштиради, уни аккредитация қилинган мухбирга беради. Давлат ҳокимияти органи реестрига тегишли ёзувни киритади.

         

Қарор қабул қилингандан кейин бир ҳафта муддатда

       

Мухбирни давлат ҳокимияти органи ҳузурида аккредитация қилиш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномани бундай қарор қабул қилинишининг сабабларини кўрсатган ҳолда оммавий ахборот  воситаси таҳририятига юборади (беради).

       

Қарор қабул қилингандан кейин 3 кун муддатда

  




Низомга

2-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби

__________________________________________________

(аккредитация қиладиган органнинг номи)


Мухбирни давлат ҳокимияти органи ҳузурида

аккредитация қилиш тўғрисида

ГУВОҲНОМА


N _______


Ф.И.О. _________________________________________________________

(аккредитация қилинган мухбир)


Номи __________________________________________________________

(оммавий ахборот воситаси)


Тарқатиш шакли ________________________________________________

(газета, журнал ва бошқалар)


Тил (лар)и ______________________________________________________


Муассис (лар)и __________________________________________________


________________________________________________________________


Ихтисослашуви _________________________________________________


________________________________________________________________


Таҳририят манзили ______________________________________________


________________________________________________________________


Тарқатиш ҳудуди ________________________________________________


________________________________________________________________


Берилган санаси ________________


Аккредитация қилувчи

органнинг раҳбари __________________________________________________


Ушбу гувоҳнома "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ берилган.


Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг бузилиши Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жиноий, маъмурий, интизомий жавобгарликка ва бошқа жавобгарликка олиб келади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 46-47-сон, 461-модда.