язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Оммавий ахборот воситалари/ Ахборот агентликлари. Алоҳида нашрлар/ "Овози тожик" газетаси таҳририяти" давлат корхонасининг Устави ЎзР ОМКПК 05.06.2008 й. 801-I-сон, ЎзР ОМСК 05.06.2008 й. 484-I-сон ва ЎзР ВМ 13.06.2008 й. 130-сон Қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Кенгашининг

2008 йил 5 июндаги 801-I-сон,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Сенати Кенгашининг

2008 йил 5 июндаги 484-I-сон,

Вазирлар Маҳкамасининг

2008 йил 13 июндаги

130-сон қарорлари билан

ТАСДИҚЛАНГАН



"Овози тожик" газетаси таҳририяти"

давлат корхонасининг

УСТАВИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу устав Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ "Овози тожик" газетаси таҳририяти" давлат корхонасининг (бундан буён матнда Таҳририят деб юритилади) ҳуқуқий мақомини, фаолияти хусусиятларини, Муассисларнинг, Таҳририятнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, Таҳририят ва Муассислар ўртасидаги мулкий муносабатларни белгилайди.


2. Таҳририятнинг муассислари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (бундан буён матнда Муассислар деб юритилади) ҳисобланади.


3. Таҳририят ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Уставга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


4. Таҳририят ўзига оператив бошқариш ҳуқуқи асосида берилган давлат мулки негизида ташкил этилган давлат унитар корхонасидир. Таҳририят ўзига берилган мулкдан қонунга, ўз фаолиятининг мақсадлари ва вазифаларига, мулкдорнинг (ваколатли давлат органининг) топшириқларига мувофиқ фойдаланади ҳамда уни тасарруф этади.


5. Таҳририятнинг номи:

ўзбек тилида - "Овози тожик" газетаси таҳририяти" давлат корхонаси;

тожик тилида - Корхонаи давлатии "Идораи рўзномаи "Овози точик";

рус тилида - Государственное предприятие "Редакция газеты "Овози тожик".


6. Таҳририят юридик шахс бўлиб, алоҳида мол-мулкка, мустақил балансга, банк ҳисоб-китоб варақларига, шу жумладан валюта ҳисоб-китоб варақларига, ўз рамзи ва логотипларига, штамплари ва бланкаларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўзининг тўлиқ расмий номи давлат тилида ёзилган муҳрга эга бўлади.


7. Таҳририят қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз зиммасига мулкий ҳамда шахсий номулкий ҳуқуқлар ва мажбуриятлар олишга ҳамда уларни амалга оширишга, судда даъвогар ва жавобгар бўлишга ҳақлидир.


8. Таҳририят давлатнинг бошқа корхонаси муассиси бўлишга ҳақли эмас.


9. Таҳририят манзили: 100000, Тошкент шаҳри, Матбуотчилар кўчаси, 32-уй.


10. Таҳририятнинг асосий фаолияти "Овози тожик" ижтимоий-сиёсий ва оммавий нашрини чиқаришдан иборатдир.


11. "Овози тожик" газетаси ижтимоий-сиёсий ва оммавий нашр бўлиб, тожик тилида, ҳафтада икки марта, А-2 бичимида, 4 (кейинчалик ундан ҳам кўп) саҳифада чоп этилади.



2-БОБ. ТАҲРИРИЯТНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


12. Таҳририятнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

"Овози тожик" газетасида материаллар чоп этиш орқали Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа тузилмалар фаолиятини холис ёритиш;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари матнларини, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларини, Муассислар ҳамда уларнинг органлари қарорлари ва фармойишларини, уларнинг мажлислари ва йиғилишларига доир материалларни чоп этиш;

мамлакат ва дунё ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий ҳаётида содир бўлаётган демократик ўзгаришларни, воқеаларни холис ва ҳаққоний тарзда ёритувчи материаллар ҳамда ахборотларни мунтазам эълон қилиб бориш.


13. Асосий вазифаларига мувофиқ Таҳририят:

мақолалар ва ахборотларнинг юксак профессионал даражада тайёрланишини, уларнинг холислиги ва тўғрилигини таъминлайди;

тарихий, умуминсоний, маънавий, маданий қадриятларга, миллий анъаналарга қизиқиш ўсиб бораётганлиги муносабати билан мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва йўналишларини кенг ёритиб боради;

адабий-бадиий иловалар, альбомлар чиқаради, юридик ва жисмоний шахсларнинг реклама ҳамда эълонларини белгиланган тартибда эълон қилади;

ижодий жамоада қулай иш шароитларини яратади, ходимларни ўз хизмат вазифаларини бажариши учун зарур бўлган техника воситалари ва бошқа жиҳозлар билан таъминлайди;

меҳнат ва ишлаб чиқариш интизомини мустаҳкамлайди;

ходимларнинг ижодий муваффақиятларини маънавий ва моддий жиҳатдан рағбатлантириб боради, уларнинг касбий маҳоратини оширишга кўмаклашади, турмуш шароитларини яхшилаш тўғрисида ғамхўрлик қилади.



3-БОБ. МУАССИСЛАРНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


14. Муассислар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Таҳририят фаолиятининг турлари, мақсади, предметини белгилаш;

Таҳририятнинг ташкилий-ҳуқуқий тузилмасини тасдиқлаш;

Таҳририят Уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

Таҳририят бош муҳаррири билан тузилган шартноманинг амал қилиш муддатини меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда муддатидан олдин тугатиш;

Таҳририятни қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш, тугатувчини тайинлаш ва тугатиш балансини тасдиқлаш;

Таҳририят мулки билан боғлиқ битимларни ҳақиқий эмас деб эътироф этиш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилиш;

Таҳририятнинг ортиқча ёки фойдаланилмаётган ёхуд белгиланган мақсадда фойдаланилмаётган мулкини олиб қўйиш ёки тасарруф этиш;

зарур ҳолларда Таҳририятни хусусийлаштириш ёки давлат мулкидан чиқариш;

Таҳририятга етказилган зарарларни ундириш тўғрисида Таҳририят раҳбарига нисбатан даъво тақдим этиш;

босма маҳсулотнинг қонун ҳужжатлари талаблари ва давлат стандартларига мослигини назорат қилиш;

Таҳририятнинг қонуний манфаатларини давлат муассасалари ва чет давлатлар олдида ҳимоя қилиш, унинг фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш;

Таҳририят томонидан бошқа шахсларга фойдаланишга берилган мол-мулкдан олинган фойданинг ҳаммасини ёки бир қисмини Уставга мувофиқ олиш;

қонун ҳужжатларида, ушбу Уставда, шунингдек Муассислар билан Таҳририят ўртасида тузилган шартномада назарда тутилган ваколатлар доирасида Таҳририят фаолиятини бошқаришда иштирок этиш;

Таҳририятдан қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини холисона ёритишни, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Муассисларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, матбуотда эълон қилиш учун мўлжалланган материаллар белгиланган муддатларда чоп этилишини талаб қилиш.


15. Муассислар:

Таҳририят Уставини тасдиқлаши;

Таҳририят билан шартнома тузиши;

Таҳририят томонидан оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаши;

Таҳририят бош муҳарририни тайинлаши, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ у билан меҳнат шартномаси тузиши;

бош муҳаррир ўринбосарини, масъул котибни тайинлаши;

мол-мулкни тасарруф этиш учун Таҳририятга рухсат бериши;

зарур ҳолларда Таҳририятга моддий-техникавий, молиявий ва бошқа хил ёрдам кўрсатиши;

Таҳририятнинг молия-хўжалик фаолияти устидан белгиланган тартибда текширишлар ва аудит ўтказилишини, назорат олиб борилишини таъминлаши;

Таҳририятга берилган давлат мулкидан белгиланган мақсадда фойдаланилишини ва унинг лозим даражада сақланишини назорат қилиши шарт.


16. Муассислар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши, шунингдек уларнинг зиммасида ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



4-БОБ. ТАҲРИРИЯТНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


17. Таҳририят қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш;

ахборот олиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, бошқа ташкилотларга мурожаат қилиш;

эълон қилишга тайёрланган материалларни текшириш учун ваколатли ташкилотларга ва мутахассис-экспертларга мурожаат қилиш;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган ишлаб чиқариш-хўжалик фаолиятини амалга ошириш;

ахборот, реклама, дизайн, матбаа хизматлари кўрсатиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иловалар нашр этиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ мол-мулкни тасарруф этиш;

газетани чиқариш режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

ўз фойдасининг бир қисмини Таҳририят фаолиятини ривожлантиришга ҳамда ходимларни моддий рағбатлантиришга белгиланган тартибда йўналтириш.


18. Таҳририят:

Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари талабларига риоя этиши;

газетадаги мақолаларнинг мазмунан юксак савияли ва маъноси тушунарли бўлишини, долзарблигини таъминлаши;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Муассислар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, улар фаолиятини ёритувчи бошқа материалларни бепул эълон қилиши;

Муассисларга Таҳририятнинг молия-хўжалик фаолияти тўғрисида ҳисоботлар тақдим этиши;

тасарруфидаги мол-мулкдан белгиланган мақсадда фойдаланилишини ва унинг лозим даражада сақланишини таъминлаши шарт.


19. Таҳририят қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши, шунингдек унинг зиммасида ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


20. Таҳририят ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мол-мулк билан жавоб беради. Таҳририятнинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда Муассислар Таҳририят мажбуриятлари бўйича белгиланган тартибда субсидиар жавобгар бўладилар.


21. Таҳририят Муассисларнинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.



5-БОБ. ТАҲРИРИЯТНИНГ МОЛ-МУЛКИ


22. Таҳририятнинг устав фонди 11.400 000 (ўн бир миллион тўрт юз минг) сўмни ташкил этади.


23. Таҳририятнинг мол-мулки:

Таҳририятга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида берилган мол-мулк;

Таҳририятнинг ўз фаолиятидан олинган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига шакллантирилади.


24. Таҳририят мол-мулкининг қиймати Таҳририятнинг мустақил балансида акс эттирилади.


25. Таҳририят мол-мулки бўлинмас бўлиб, у киритилган ҳиссалар (улушлар, пайлар) бўйича, шу жумладан, Таҳририят ходимлари ўртасида ҳам тақсимланмайди.


26. Таҳририят мол-мулкини тасарруф этиш қуйидаги ҳолларда Муассислар билан келишилган ҳолда Таҳририят бош муҳаррири томонидан амалга оширилади:

асосий воситаларни сотиш, уларни ижарага ёки гаровга бериш;

хўжалик жамиятларининг акцияларини (улушларини) сотиб олиш;

хўжалик жамиятининг Таҳририятга тегишли бўлган акцияларини (улушларини) сотиш;

мол-мулкни Таҳририят фаолиятининг Уставида белгиланган мақсад ва вазифаларига номувофиқ бошқа мақсадларда тасарруф этиш.


27. Таҳририятнинг устав фонди қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда камайтирилиши ёки олинган фойда ёхуд Муассислар томонидан унга берилган қўшимча мол-мулк ҳисобига кўпайтирилиши мумкин.


28. Бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга барча солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қоладиган соф фойда Таҳририят тасарруфига ўтади.


29. Таҳририят тасарруфида қоладиган соф фойда белгиланган тартибда захира фонди ва бошқа фондларни ташкил этишга йўналтирилиши мумкин.



6-БОБ. ТАҲРИРИЯТНИНГ БОШҚАРУВ

ОРГАНЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ


30. Жорий масалаларни ва истиқболга мўлжалланган вазифаларни ҳал этиш учун таҳрир ҳайъати тузилади. Таҳрир ҳайъати Таҳририятнинг ижро этувчи органи бўлиб, унинг таркибига: бош муҳаррир, Муассислар вакиллари, бош муҳаррир ўринбосари, масъул котиб ва етакчи бўлимларнинг муҳаррирлари, журналистлар, жамоатчилик вакиллари кирадилар. Таҳрир ҳайъатининг шахсий таркиби ва аъзолари сони бош муҳаррир тавсиясига биноан Муассислар қарори билан тасдиқланади.


31. Таҳририятга бош муҳаррир бошчилик қилади. Бош муҳаррир Муассислар қарори билан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Бош муҳаррир ўринбосари ҳамда масъул котиб бош муҳаррирнинг тавсиясига биноан Муассислар қарори билан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.


32. Бош муҳаррир Муассислар олдида Таҳририят фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда ҳисобот беради.


33. Бош муҳаррир Муассислар билан келишган ҳолда Таҳририятнинг штат жадвалини тасдиқлайди.


34. Бош муҳаррир ўз ваколатлари доирасида:

ўз ўринбосарини ҳамда масъул котибни лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш бўйича Муассисларга таклифлар киритади;

Таҳририят олдига қўйилган вазифаларнинг бажарилишини ташкил этади, таҳрир ҳайъати ва Таҳририят меҳнат жамоаси ишига бошчилик қилади, Таҳририят номидан ишончномасиз фаолият кўрсатади, буйруқлар чиқаради, ишончномалар беради;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади;

Таҳририят ходимларининг лавозим маошларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда устамалар белгилайди;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа вазифаларни амалга оширади.


35. Бош муҳаррир ўз ваколатларини ва мансаб вазифаларини бажаришда Таҳририят манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилади, бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар, ходимларнинг иш ҳақи ва иш ҳақига тенглаштирилган бошқа тўловлар ўз вақтида тўланишини, меҳнат ҳуқуқлари муносабатларидан келиб чиқадиган қонуний талабларнинг қаноатлантирилишини, ишлаб чиқариш фаолияти билан бевосита боғлиқ эҳтиёжлар учун пул маблағлари ўтказилишини таъминлайди.


36. Бош муҳаррир ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


37. Бош муҳаррир вақтинча йўқлигида ўринбосари унинг вазифасини бажариб туради.



7-БОБ. ТАҲРИРИЯТ ХОДИМЛАРИ


38. Таҳририят штатида турган, материалларни тўплаш, таҳрир, таҳлил қилиш, тайёрлаш билан шуғулланувчи шахслар, шунингдек техник ва хизмат кўрсатувчи персонал Таҳририят ходимларидир.


39. Таҳририят ходимлари таркибига кирувчи ижодий ходимларга: бош муҳаррир, унинг ўринбосари, масъул котиб, бўлимларнинг муҳаррирлари, шарҳловчилар, ўз мухбирлари ва катта мухбирлар, мухбирлар, фотомухбир ҳамда таржимонлар, реклама бўлими ходимлари киради.


40. Таҳририят жамоасидаги меҳнатга оид муносабатлар қонун ҳужжатлари, ушбу Устав, жамоа шартномаси талаблари асосида, ички меҳнат тартиби қоидалари, мансаб йўриқномалари ҳамда Таҳририят қабул қилган бошқа норматив ҳужжатларга мувофиқ тартибга солинади. Таҳририят ходимларига ягона намунадаги гувоҳнома берилади.


41. Таҳририят ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш шакли, тизими, миқдори, шунингдек қалам ҳақи миқдори Таҳририят томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.



8-БОБ. "ОВОЗИ ТОЖИК" ГАЗЕТАСИНИНГ

ЧИҚАРИЛИШИНИ ТЎХТАТИБ

ТУРИШ ЁКИ ТУГАТИШ ТАРТИБИ


42. "Овози тожик" газетасининг чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасига мувофиқ амалга оширилади.



9-БОБ. ТАҲРИРИЯТ ФАОЛИЯТИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


43. Таҳририят ҳисобот даври тугагач, ваколатли органларга молиявий ҳисоботни ва рўйхати қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳужжатларни тақдим этади. Таҳририят ҳужжатларнинг сақланишини ва уларнинг белгиланган тартибда давлат архивига сақлаш учун топширилишини таъминлайди.


44. Таҳририятнинг хўжалик юритувчи субъект сифатидаги фаолиятини назорат қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Муассислар ва бошқа ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.



10-БОБ. ТАҲРИРИЯТНИ ҚАЙТА

ТАШКИЛ ЭТИШ ЁКИ ТУГАТИШ


45. Таҳририят қонун ҳужжатларига мувофиқ Муассислар қарорига кўра ёки суд қарори асосида қайта ташкил этилиши ёхуд тугатилиши мумкин.


46. Таҳририят тугатилганда унинг пул маблағлари, мол-мулки ва бошқа активлари кредиторлар билан барча ҳисоб-китоблар қилинганидан сўнг белгиланган тартибда Муассислар тасарруфига ўтказилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2008 йил, 24-25-сон, 218-модда.