язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Оммавий ахборот воситалари/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.12.2011 й. ПҚ-1672-сон "Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар бериш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

30.12.2011 й.

N ПҚ-1672



ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИНИ

ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ УЧУН ҚЎШИМЧА

СОЛИҚ ИМТИЁЗЛАРИ ВА АФЗАЛЛИКЛАР

БЕРИШ ТЎҒРИСИДА


Оммавий ахборот воситалари, нашриёт, полиграфия корхоналари ва матбуот тарқатувчи ташкилотларни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар ва омилларни яратиш, бунинг асносида оммавий ахборот воситаларининг мустақиллигини таъминлаш, ахборот соҳасини ривожлантиришда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамият назоратини ўрнатишда уларнинг ролини ошириш мақсадида:


1. 2012 йилнинг 1 январидан бошлаб:

оммавий ахборот воситалари таҳририятлари ва нашриётлар ижтимоий-сиёсий ҳамда болалар адабиётини, имкониятлари чекланган шахслар (кўзи ожизлар, кар-соқовлар ва бошқалар) учун адабиётларни сотишдан олинган фойдадан фойда солиғини ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини тўлашдан;

таҳририятлар, нашриёт ва босмахоналар оммавий ахборот воситаларининг маҳсулотлари, китоб маҳсулотларини сотишдан ва уларнинг нусхаларини кўпайтириш бўйича хизматлардан олинадиган даромадлар қисмида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига ҳамда Таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмаларни тўлашдан;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича оммавий ахборот воситалари ва китоб маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун оммавий ахборот воситалари таҳририятлари, нашриётлар, телерадиоэшиттириш компаниялари ва полиграфия ташкилотлари томонидан олиб келинадиган қоғоз, полиграфия материаллари ва ахборот сақлаш мосламалари, ускуналар божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно) етти йил муддатга озод этилсин.

2. Белгилаб қўйилсинки, 2012 йилнинг 1 январидан бошлаб оммавий ахборот воситалари ва китоб маҳсулотларини етказиб бериш хизматлари қўшилган қиймат солиғига тортилмайди.


3. 2012 йилнинг 1 январидан бошлаб:

микрофирмалар ва кичик корхоналарга мансуб бўлган оммавий ахборот воситалари таҳририятлари, нашриётлар, полиграфия ташкилотлари, телерадиоэшиттириш компаниялари учун ягона солиқ тўлови ставкалари 6 фоиздан 5 фоизга;

чоп этилган маҳсулотларни сотишдан, муҳаррирлик хизматлари, полиграфия ва нашриёт хизматларини кўрсатишдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги “Ижод” Жамғармасига нашриёт ва матбаа ташкилотлари тўлайдиган мажбурий ажратмалар миқдори икки фоиздан бир фоизга;

газета, журналлар ва китоб маҳсулотларини чакана сотишга ихтисослашган якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкаси ўрта ҳисобда 2 баробарга пасайтирилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг 2012 йил 1 январдан бошлаб оммавий ахборот воситалари таҳририятлари, нашриёт ва босмахоналарни кичик корхоналар тоифасига киритиш чоғида улар ходимларининг ўртача йиллик чекланган сонини 50 нафардан 100 нафаргача ошириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

6. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                            И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 52-сон, 560-модда