язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Оммавий ахборот воситалари/ Ахборот агентликлари. Алоҳида нашрлар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 27.02.1997 й. 112-сон "Жаҳон адабиёти" журналини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

27.02.1997 й.

N 112



"ЖАҲОН АДАБИЁТИ" ЖУРНАЛИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон халқи, айниқса, ёшларнинг дунёқарашини янада бойитиш, уларнинг умумбашарий қадриятлар, инсониятнинг маънавий мероси дурдоналаридан баҳраманд бўлишлари, ҳар томонлама камол топишлари учун шароит яратиш, кенг жамоатчиликни илғор жаҳон адабиёти ва санъатининг нодир намуналари билан мунтазам таништириб бориш ва адибларимизнинг халқаро алоқаларини кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитаси, республика "Маънавият ва маърифат" жамоатчилик маркази ва Ёзувчилар уюшмасининг "Жаҳон адабиёти" ойлик журналини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


2. "Жаҳон адабиёти" журнали таҳририяти зиммасига қуйидаги вазифалар юклансин:

- жаҳон адабиётидаги истиқлол ғояларига мос ватанпарварлик, инсонпарварлик каби юксак ғояларни улуғловчи, турли миллатларнинг серқирра ҳаётини теран образларда ҳаққоний акс эттирувчи бадиий баркамол асарларни чоп этиш орқали халқимизнинг, айниқса, ёш авлоднинг маданий юксалиши, миллий тафаккурининг такомиллашиши учун маънавий муҳит ҳозирлаш;

- илғор хорижий давлатлар нашриётлари, таҳририятлари, йирик адабиёт намояндалари билан ижодий алоқалар ўрнатиш, журналхонни чет эл адабиётининг ёрқин намуналари билан таништириб бориш;

- жаҳондаги адабий-бадиий жараённи холис ва ҳаққоний таҳлил қилиш орқали ўзбек адабиётининг янги ижодий тажрибалар орттириши учун шароит яратиш;

- журнал ишига энг тажрибали таржимонларни жалб қилиш, маҳоратли танқидчилар ва таржимонлар мактабини яратиш;

- ўзбек ва жаҳон адабиёти, санъати намояндаларининг ҳамкорлигини, халқлар ўртасидаги дўстлик ва маданий алоқаларни янада кенгайтирувчи тадбирлар ўтказишга бош-қош бўлиш.


3. Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитаси ва муассислар Меҳнат вазирлиги, республика Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш давлат агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда:

"Жаҳон адабиёти" журналининг низомини ишлаб чиқсин;

журналнинг ҳажми, даврийлиги, таҳрир ҳайъати, ходимлари штат жадвали, уларнинг ойлик маошлари, журнал қалам ҳақи миқдорини белгиласин;

журнал нашри учун керакли қоғоз ва бошқа моддий-техника таъминоти ҳамда обуна масалаларини ҳал этсин;

журнал жамоаси фаолияти учун зарур шарт-шароитларни яратиб берсин.


4. Журнал таҳририяти Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 30-уйга жойлаштирилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

муассислар тақдим этган ҳисоб-китоб асосида 1997 йилдан бошлаб ҳар йили ушбу журналга обунадан тушадиган маблағ билан нашр этишга сарфланадиган харажатлар тафовутини молиявий таъминлаш учун давлат бюджетидан тегишли маблағни ажратишни кўзда тутсин;

таҳририятга битта енгил автомобиль харажатларига лимит ажратсин;

Пул-кредит сиёсати бўйича республика комиссияси "Жаҳон адабиёти" журналига хорижий давлатлар даврий нашрларига обуна бўлиш, чет мамлакатларда чоп этилган адабиёт ва санъат асарларини сотиб олиш, хорижлик муаллифларга қалам ҳақи тўлаш, қоғоз ва бошқа матбаа ашёларини харид қилиш учун зарур бўлган маблағларни эркин алмаштириладиган валютага белгиланган тартибда айирбошлашни таъминласин.


6. Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки журнал таҳририятининг миллий ва чет эл валютасидаги ҳисоб-китоб счётларини очсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси тасарруфларидаги муассасалар, олий ўқув ва илмий-текшириш институтлари имкониятларини сафарбар қилиб, журналда чоп этиш учун асарлар танлаш, уларни баҳолаш ҳамда нашрга тайёрлашда, шунингдек чет мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларини боғлашда таҳририятга ёрдам берсинлар.


8. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги журнал таҳририятини замонавий, шу жумладан, ҳукумат алоқа воситалари билан таъминласин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг ўринбосари А. Азизхўжаев зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                         И. Каримов