язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш/ Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва объектлар. Қизил китоб/ "Дўрмон" миллий боғи тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.06.2014 й. 159-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2014 йил 17 июндаги

159-сон қарорига

ИЛОВА


"Дўрмон" миллий боғи тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. "Дўрмон" миллий боғи (кейинги ўринларда Миллий боғ деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Дўрмон" миллий боғини ташкил этиш тўғрисида" 2014 йил 5 июндаги 144-сон қарорига мувофиқ табиий-экологик, илмий, маданий ва эстетик қимматга эга бўлган ўсимликларнинг ноёб, қимматли навларини сақлаш, кўпайтириш ва улардан оқилона фойдаланиш мақсадида ташкил этилган.


2. Миллий боғ муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд тоифасига киради, алоҳида илмий, экологик, маданий ва эстетик қимматга эга, давлат мулки ҳисобланади ва унинг томонидан қўриқланади.

Миллий боғ Ўзбекистон Республикасининг миллий бойлигидир.


3. Миллий боғ ҳудудида унинг аниқ вазифасига зид бўлган ҳамда ўсимлик объектларини сақлаш, кўпайтириш ва тиклашга хавф солувчи ҳар қандай фаолият тақиқланади.

Миллий боғ ҳудуди Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятини иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг истиқболли режаларини, ҳудудларни режалаштириш ва ривожлантириш, аҳоли пунктлари ҳудудларини қуриш, ер тузиш схемалари тўғрисидаги шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишда ҳисобга олинади.


4. Миллий боғ Тошкент вилояти Қибрай туманидаги Дўрмон аҳоли пунктида 32,4 гектар майдонга эга бўлган ер участкасида жойлаштирилади.


5. Миллий боғ банд этган ер участкаси хўжалик мақсадида фойдаланишдан олиб қўйилади ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармасининг Ҳукумат объектларига хизмат кўрсатиш бўйича Ихтисослаштирилган бошқармасига доимий фойдаланиш учун берилади.

Миллий боғнинг ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга йўл қўйилмайди.

Миллий боғнинг ер участкаларига ер солиғи солинмайди.


6. Миллий боғнинг таъминоти ва ундан фойдаланиш, шунингдек унинг ҳудудида ўсимлик дунёси объектларини сақлаш "Дўрмон" миллий боғи дирекцияси (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) томонидан амалга оширилади.

Дирекция Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармасининг Ҳукумат объектларига хизмат кўрсатиш бўйича Ихтисослаштирилган бошқармасининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади.


7. Ташқи ёритишга ва Миллий боғ ҳудудидаги фавворага хизмат кўрсатиш Тошкент шаҳри ҳокимлигининг тегишли фойдаланувчи ташкилотлари томонидан амалга оширилади.



II. МИЛЛИЙ БОҒНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


8. Қуйидагилар Миллий боғнинг вазифалари ҳисобланади:

катта илмий, маданий ва эстетик аҳамиятга эга бўлган ўсимликлар коллекциясини (айниқса нодир ва қимматли навларини) сунъий шароитларда яратиш ва сақлаш;

ўсимлик ресурсларидан ва дов-дарахтларнинг қимматли навлари коллекцияларидан самарали ва оқилона фойдаланиш учун табиий ва маданий флоранинг ўсимликлари хилма-хиллиги сақланиши ва бойитилишини таъминлайдиган режимни сақлаш;

табиий ва маданий флора ўсимликлари генофондини сақлаш ва қўриқлашнинг замонавий усулларини кенг жорий этиш;

маҳаллий табиий-иқлим шарт-шароитларини ҳисобга олган ҳолда хўжаликни илмий асосланган ҳолда ташкил этиш ва юритиш йўли билан ўсимлик дунёси объектларидан самарали, шунингдек экологик-маърифий ва илмий-тадқиқот мақсадларида фойдаланиш;

ўсимликларни зараркунандалар ва касалликлардан ҳимоя қилиш бўйича комплекс тадбирларни амалга ошириш;

турли географик зоналардан олинган уруғликлар ва кўчатларни айирбошлашни ташкил этиш;

ўсимликшунослик, селекция ва декоратив боғдорчилик масалалари бўйича илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш;

ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.



III. МИЛЛИЙ БОҒНИНГ РЕЖИМИ ВА УНИ ҚЎРИҚЛАШ


9. Миллий боғнинг ҳудуди функционал зоналарга бўлиниши мумкин.


10. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари саноат, ижтимоий, турар жой объектлари ва бошқа объектлар қуриш учун Миллий боғга туташ ҳудудлардан фойдаланиш тўғрисида қарор қабул қилишда ўсимликларни салбий таъсирдан ҳимоя қилувчи муҳофаза зоналари ташкил этилиши зарурлигини ҳисобга олишлари шарт. Зарур қўриқлаш зоналари ўлчамлари ҳар бир аниқ ҳолатда Миллий боғ дирекцияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилади.


11. Миллий боғ фойдаланиш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида интродуцирлаштирилган ўсимликларни синаш ва уларни кўпайтириш учун базага эга бўлиши мумкин.


12. Миллий боғ ҳудудида:

ушбу мақсадлар учун мўлжалланмаган саноат, хўжалик объектлари, уй-жойлар ва бошқа объектлар қуриш (Миллий боғ эҳтиёжлари учун мўлжалланганлари бундан мустасно);

қидирув ишлари ва ҳудуднинг гидрологик режими ўзгаришига олиб келувчи ишларни бажариш;

дов-дарахтлар, кўчатларни кесиш ва/ёки кундаков қилиш (санитария мақсадида кесиш ва парвариш қилиш учун кесиш бундан мустасно);

ўсимликларни йўқ қилиш ёки уларга шикаст етказиш;

тупроқ эрозиясига ва тупроқ қоплами бузилишига олиб келувчи хатти-ҳаракатлар;

қушларни ва бошқа ёввойи ҳайвонларни овлаш (илмий ва санитария мақсадларида фойдаланиш учун мўлжалланган овлаш бундан мустасно), уяларни, ҳайвонларнинг бошқа маконларини бузиб ташлаш;

доривор ўсимликлар, гуллар, мевалар, ҳўл мевалар, қўзиқоринлар, уруғликлар, баргларни тўплаш ва тайёрлаш (илмий мақсадларда фойдаланиш учун мўлжалланганлари бундан мустасно);

транспорт воситаларининг йўллардан ташқари ва бунинг учун махсус назарда тутилган жойлардан ташқари ҳаракатланиши ва тўхтаб туриши;

махсус назарда тутилган жойлардан ташқарида транспорт воситаларини ювиш;

бегона шахсларнинг тегишли рухсатномасиз ҳаракатланиши;

ишлаб чиқариш ва истеъмол чиқиндиларини жойлаштириш;

Миллий боғнинг ўсимликларига зарарли таъсир кўрсата оладиган фаолиятнинг бошқа турлари тақиқланади.


13. Миллий боғ ҳудудига рухсат берилмаган киришнинг олдини олиш мақсадида унинг чегаралари бутун периметри бўйлаб тўсилади ҳамда огоҳлантирувчи ва маълумот берувчи белгилар ўрнатилади.


14. Миллий боғга кириш Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан тегишли органлар билан биргаликда ишлаб чиқиладиган ва тасдиқланадиган Миллий боғ ҳудудига кириш режими тўғрисидаги низомга мувофиқ ваколатли давлат органларининг рухсати билан амалга оширилади.


15. Миллий боғ ҳудудини қўриқлаш ва унинг режими Миллий гвардия бўлинмалари ва бошқа ваколатли органлар томонидан таъминланади.

16. Миллий боғ режими бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.



IV. МИЛЛИЙ БОҒ ДИРЕКЦИЯСИ


17. Миллий боғ дирекцияси Директордан, агротехника хизмати ва ишлаб чиқариш-ёрдамчи ходимлардан иборат бўлади.


18. Қуйидагилар Миллий боғ дирекциясининг асосий вазифалари ҳисобланади:

Миллий боғни таъмирлаш, ундан фойдаланиш ва уни сақлаш, шунингдек боғни қўриқлаш ишларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш;

рекреацион, маданий-маърифий, эстетик ва илмий мақсадларда фойдаланиш учун Миллий боғнинг табиий комплексини сақлаш ва ривожлантириш;

дов-дарахтларни сақлаш (парвариш қилиш), зараркунандалар ва касалликларга қарши курашиш, Миллий боғ ҳудудини қимматли ўсимликлар навлари билан янада кўкаламзорлаштириш чора-тадбирларини бажариш бўйича комплекс агротехника тадбирларини амалга ошириш;

ободонлаштириш объектларини санитария жиҳатидан тозалашни, сунъий суғориш тизимлари, насос станциялари, қудуқларнинг ҳамда Миллий боғдаги бошқа муҳандислик тармоқлари санитария ва техникавий ҳолатининг зарур даражада бўлишини таъминлаш.


19. Дирекция ўз фаолияти тўғрисида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармасининг Ҳукумат объектларига хизмат кўрсатиш бўйича Ихтисослаштирилган бошқармаси бошлиғига ҳисобот беради.


20. Дирекцияга белгиланган тартибда Тошкент шаҳар ҳокими билан келишган ҳолда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармасининг Ҳукумат объектларига хизмат кўрсатиш бўйича Ихтисослаштирилган бошқармаси бошлиғи томонидан лавозимга тайинланадиган директор бошчилик қилади.

Директор Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармасининг Ҳукумат объектларига хизмат кўрсатиш бўйича Ихтисослаштирилган бошқармаси бошлиғининг ўринбосари ҳисобланади.

Директор Миллий боғни сақлаш ва ундан фойдаланиш, шунингдек Миллий боғ ҳудудида ўсимлик дунёси объектларини сақлаш учун тўлиқ жавоб беради.


21. Миллий боғ директори зиммасига қуйидагилар юкланади:

Миллий боғ ходимларининг лавозим йўриқномаларини тасдиқлаш;

Миллий боғ ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш тўғрисида таклифлар киритиш;

Миллий боғни сақлаш, ундан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, шунингдек унинг ҳудудида ўсимлик дунёси объектларини сақлаш бўйича ишларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши ташкил этилишини назорат қилиш;

мол-мулк, асбоб-ускуналар ва бошқа моддий бойликлар сақланишини таъминлаш;

Миллий боғда комплекс агротехника ишларини, ўсимликлар ҳисоби юритилишини ташкил этиш ва амалга ошириш;

техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини ва механизмлардан зарур даражада фойдаланилишини таъминлаш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларда Миллий боғнинг манфаатларини ифодалаш.



V. МИЛЛИЙ БОҒНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


22. Миллий боғни ва Дирекцияни молиялаштириш:

ҳар йили ободонлаштиришга ажратиладиган маблағлар доирасида Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджети маблағлари;

хайрия эҳсонлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.



VI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


23. Ушбу Низомнинг талаблари бажарилиши учун масъулият Дирекцияга, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармаси бошлиғи ва Тошкент шаҳар ҳокими зиммасига юкланади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 23 июнь, 25-сон, 309-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2014 йил, 6-сон, 63-модда