язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Алоқа/ Телефон ва телеграф алоқаси/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12.02.2014 й. ПҚ-2126-сон "Мобиль алоқа миллий оператори фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

12.02.2014 й.

N ПҚ-2126



МОБИЛЬ АЛОҚА МИЛЛИЙ ОПЕРАТОРИ

ФАОЛИЯТИНИ    ТАШКИЛ    ЭТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Уяли алоқа бозорида миллий компанияларнинг кенг иштироки учун зарур шароитларни яратиш ҳамда мамлакатнинг кўчма уяли алоқа тармоқларини янада ривожлантириш, шунингдек ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборот ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлигининг "Ўзбектелеком" акциядорлик компаниясининг "Ўзмобайл" филиали негизида мобиль алоқа миллий операторини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


2. Қуйидагилар, мобиль алоқа миллий операторининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин:

кўчма радиотелефон (уяли) алоқа тармоқлари, шаҳарлараро ва халқаро тармоқлар ҳамда маълумотлар узатиш тармоқларини лойиҳалаш, қуриш, фойдаланиш ва телекоммуникация хизматларини кўрсатиш, шу жумладан, узоқ туманларда;

республиканинг барча ҳудудларида юқори тезликда маълумотларни узатишнинг энг замонавий технологияларини жорий этиш, жумладан шу орқали бутун жаҳон Интернет ахборот тизимига уланиш, мобиль телевидение, электрон тўловлар ва коммерция хизматларини кўрсатиш;

ахборот хавфсизлиги талабларини ҳисобга олган ҳолда кўчма радиотелефон (уяли) алоқа тармоқларининг ишончли ва барқарор фаолият юритишини таъминлаш.


3. "Ўзбектелеком" акциядорлик компаниясининг "Ўзмобайл" мобиль алоқа миллий оператори тармоғини ташкил этиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш жадвали 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


4. "Ўзбектелеком" акциядорлик компаниясининг "Ўзмобайл" мобиль алоқа миллий оператори тармоғини ташкил этиш ва фойдаланишга топшириш ишларини мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳи 2-иловага* мувофиқ таркибда ташкил этилсин, унга лойиҳа ва қурилиш-монтаж ишларини бажариш, мақбул технология ва ускуналарни танлаб олиш ишларини ташкиллаштириш, ускуналарни етказиб бериш ва объектларни ўз вақтида фойдаланишга топшириш бўйича мониторингни амалга ошириш вазифалари юклатилсин.


5. "Ўзбектелеком" акциядорлик компаниясининг "Ўзмобайл" мобиль алоқа миллий оператори тармоғини ташкил этиш бўйича лойиҳани молиялаш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

база станциялари, телекоммуникация ускуналари ва дастур таъминотини харид қилиш учун харажатлар қисмига оид - хорижий банклар ва молия институтларининг жалб этиладиган узоқ муддатли имтиёзли кредитлари, шунингдек ускуналарни етказиб берувчиларнинг товар кредитлари;

қурилиш-монтаж ва ишга тушириш, созлаш ишлари учун амалга ошириладиган харажатлар қисмига оид - Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларининг миллий валютадаги кредитлари ҳамда "Ўзбектелеком" акциядорлик компаниясининг ўз маблағлари.


6. Қуйидагиларга истисно тариқасида рухсат берилсин:

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги билан биргаликда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида шартномаларни экспертиза қилишни олиб борган ҳолда телекоммуникация ускуналарини етказиб беришга етакчи жаҳон ишлаб чиқарувчиларини конкурс асосида танлаб олишни амалга оширишга:

"Ўзбектелеком" акциядорлик компаниясининг "Ўзмобайл" мобиль алоқа миллий оператори томонидан лойиҳа ва пудратчи ташкилотларни тендер савдоларини ўтказмасдан конкурс орқали танлаш асосида қурилиш-монтаж ишларини лойиҳалаш билан параллель равишда амалга оширишга;

"Ўзбектелеком" акциядорлик компаниясининг "Ўзмобайл" мобиль алоқа миллий оператори томонидан тармоқни яратиш даврида радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали мосламалардан фойдаланишга рухсатномалар олиш ҳамда ускуналарни фойдаланишга топширишни қабул қилиш далолатномаларини расмийлаштириш билан параллель равишда кўчма уяли алоқа хизматларини кўрсатишга.


7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Молия вазирлиги 2014 йилнинг 1 майига қадар "Ўзбектелеком" АК "Ўзмобайл" мобиль алоқа миллий оператори тармоғини ташкил этиш учун узоқ муддатли имтиёзли кредитларни жалб этиш бўйича хорижий молия институтлари билан битимга эришишни таъминласин.


8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг талабномасига асосан зарур ҳолларда "Ўзбектелеком" акциядорлик компаниясининг "Ўзмобайл" мобиль алоқа миллий операторига антенна мачталари ва технологик ускуналарни монтаж қилиш учун бинолар қуриш мақсадида доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ер участкалари ўз вақтида ажратилишини таъминласин.

9. "Ўзбектелеком" акциядорлик компанияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар асосида "Ўзбектелеком" акциядорлик компаниясининг "Ўзмобайл" мобиль алоқа миллий операторининг эҳтиёжлари учун олиб кириладиган технологик ускуналари бўйича 2018 йилнинг 1 январига қадар бож тўловлари тўлашдан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ш.М. Мирзиёев) Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Радиочастоталар бўйича республика кенгаши билан биргаликда "Ўзмобайл" мобиль алоқа миллий операторини кўчма радиотелефон (уяли) алоқа тармоқларини лойиҳалаш, қуриш, улардан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензия олиш учун давлат божи тўлашдан, шунингдек радиочастота спектридан фойдаланиш тўловини тўлашдан, бунда бўшаган маблағларни тармоқни ривожлантиришга мақсадли йўналтирилиш шарти билан, 5 йил муддатга озод қилишни назарда тутадиган қарорни кўриб чиқиб, қабул қилсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни белгиланган тартибда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                        И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 17 февраль, 7-сон, 73-модда