язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Фуқаролик/ Паспорт ва виза тизими/ Ўзбекистон Республикасининг 16 ёшга тўлмаган фуқароси гувоҳномасини расмийлаштириш ва бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.12.2000 й. 519-сон қарорига 1-илова)

Вазирлар Маҳкамасининг

2000 йил 30 декабрдаги

519-сон қарорига

1-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикасининг 16 ёшга тўлмаган

фуқароси гувоҳномасини расмийлаштириш

ва бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 26 февралдаги ПФ-2240-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги Низомга ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга боришлари тартибини ва Ўзбекистон Республикасининг дипломатик паспорти тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида” 1995 йил 6 январдаги 8-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган. Низом Ўзбекистон Республикасининг 16 ёшга тўлмаган фуқароси чет элга вақтинча чиқишида гувоҳномани расмийлаштириш ва бериш тартибини назарда тутади.


2. 16 ёшга тўлмаган фуқаролар ўқиш, даволаниш, ёшларнинг халқаро фестивалларида ва спорт мусобақаларида қатнашиш учун чет элга чиқишларида уларнинг ота-оналари, васийлари (ҳомийлари), ташкилотлар ва муассасалар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ҳузуридаги махсус комиссияларга чет элга бораётган фуқаро ва унинг ота-оналари тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ариза берадилар.

Комиссия 7 кун муддатда тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади. Махсус комиссиянинг қарори ва 16 ёшга тўлмаган Ўзбекистон Республикасининг чет элга чиқаётган фуқаролари рўйхати чиқиш ҳужжатларини расмийлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармаларига жўнатилади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик хизмати бўлинмалари тақдим этилган анкета-ариза, буюртманома, Туғилганлик тўғрисида гувоҳнома асосида вояга етмаган шахсни вақтинча чет элга чиқиш учун Ўзбекистон Республикасининг 16 ёшга тўлмаган фуқароси гувоҳномаси билан 7 кун муддатда таъминлайди.


3. Гувоҳнома ота-оналарга, васийларга (ҳомийларга), ташкилотлар, муассасалар вакилларига берилади, улардан вояга етмаган шахс чет элдан қайтгандан сўнг гувоҳнома ички ишлар органларига топширилиши тўғрисида тилхат олинади. Вояга етмаган шахснинг Туғилганлик тўғрисида гувоҳномаси Ўзбекистон Республикасининг 16 ёшга тўлмаган фуқароси гувоҳномаси ички ишлар органларига топширилгунга қадар Хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик хизмати бўлинмасида сақланади.


4. Ўзбекистон Республикасининг 16 ёшга тўлмаган фуқароси гувоҳномаси чет элда Ўзбекистон Республикаси фуқароси шахсини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади ва дунёнинг барча мамлакатларига чиқиш учун ҳақиқийдир.


5. Гувоҳнома Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг буюртманомасига кўра Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги “Давлат белгиси” давлат ишлаб чиқариш бирлашмасида қалбакилаштиришдан ҳимоя қилиш элементлари бўлган махсус қоғозда 86мм х 125мм катталикда 16 бетдан иборат қилиб тайёрланади.


6. Гувоҳнома қатъий ҳисобда турадиган бланк ҳисобланади ва сериялари ва тартиб рақамларига кўра вилоятлар бўйича тайёрланади.


7. Гувоҳноманинг муқоваси Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган ва “Ўзбекистон Республикасининг 16 ёшга тўлмаган фуқароси гувоҳномаси” сўзлари ўзбек ва инглиз тилларида олтин ҳарфлар билан ботириб ёзилган яшил рангда бўлади. Муқова махсус кимёвий мато билан ҳимояланади.


8. Гувоҳнома Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари томонидан ўзбек, рус ва инглиз (Қорақалпоғистон Республикасида  ҳам қорақалпоқ тилида) тилларида тўлдирилади. Гувоҳномага қуйидаги маълумотлар киритилади:

а)фамилияси, исми, отасининг исми;

б)туғилган вақти;

в)туғилган жойи;

г)миллати;

д)жинси;

е)гувоҳноманинг амал қилиш муддати;

ж)фуқаронинг шахсий коди;

з)гувоҳнома ким томонидан ва қачон берилганлиги;

и)дунёнинг барча мамлакатларига бориш учун ҳақиқийлиги тўғрисида белги;

к)алоҳида белгилар (қон резуси ва бошқа маълумотлар);

л)визалар тўғрисида;

м)ахборот маълумотлари ва шахсий маълумотлар.

“а”-“з” кичик бандларида санаб ўтилган маълумотлар ҳамда фуқаронинг 35Ѕ45 мм катталикдаги фотосурати гувоҳноманинг учинчи бетига ёзилади ва ёпиштирилади ҳамда махсус плёнка билан ҳимояланади, фотосуратнинг четлари ботириб маҳкамланади.



II. ГУВОҲНОМАНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ

ВА БЕРИШ ТАРТИБИ


9. Вақтинча чет элга чиқиш учун Ўзбекистон Республикасининг 16 ёшга тўлмаган фуқароси гувоҳномасини олиш учун ота-оналар, васийлар (ҳомийлар), ташкилот ва муассасаларнинг вакиллари Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларининг хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик хизмати бўлинмаларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

туғилганлик тўғрисида гувоҳнома;

35Х45 мм катталикдаги оқ-қора ёки рангли тўртта фотосурат;

белгиланган шаклдаги ариза-анкета;

ташкилот ёки муассасанинг белгиланган намунадаги буюртманомаси;

вояга етмаган шахснинг чет элга чиқиши учун ота-оналар, васийлар (ҳомийлар)нинг нотариал тасдиқланган розилиги;

вояга етмаган шахсга ҳамроҳлик қилувчи шахснинг нотариал тасдиқланган мажбуриятлари.

Гувоҳномани расмийлаштириш жараёнида боланинг миллати ота-оналарнинг миллатига кўра белгиланади. Агар ота-оналар турли миллатга мансуб бўлсалар, унда гувоҳнома беришда вояга етмаган шахснинг миллати гувоҳнома олувчининг хоҳишига қараб ота ёки онанинг миллати ёзилади.


10. Гувоҳнома Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ва Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг Хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик хизмати бўлинмалари томонидан берилади.


11. Гувоҳнома Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ва Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг Хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик хизмати бўлинмаси бошлиғи ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади ва виза муҳри билан тасдиқланади.


12. Гувоҳнома уч ой муддатга, чет элга ўқиш ёки даволаниш учун чиқишда эса  ўқиш ёки даволаниш муддатига берилади. Зарур бўлган ҳолларда (даволаниш муддати узайтирилганда, яқин қариндошлар вафоти ва бошқалар) мазкур гувоҳноманинг амал қилиши Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхонасида ёки консуллик муассасасида муайян муддатга узайтирилиши мумкин. Бундай ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасасининг масъул ходими гувоҳноманинг олтинчи бетидаги “маълумотлар” жадвалига ўзбек ва инглиз тилларида тегишли ёзувни киритиб қўяди. Ёзув элчи ёки консул томонидан имзоланади ва муҳр билан тасдиқланади.

Чет элда бўлган вақтда гувоҳнома эгаси ўн олти ёшга тўлиши билан мазкур шахс Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги ваколатхонасига ёки консуллик муассасасига Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилади. Мазкур ариза белгиланган тартибда расмийлаштирилади ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали Ички ишлар вазирлигига юборилади. Расмийлаштирилган паспорт Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонасига ёки консуллик муассасасига унинг эгасига топшириш учун жўнатилади. Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспорти топширилгандан сўнг гувоҳнома белгиланган тартибда йўқ қилиниши учун Ички ишлар вазирлигига юборилади.


13. Гувоҳнома эгаси уни эҳтиётлик билан сақлаши керак. Гувоҳнома ўғирлатиб ёки йўқотиб қўйилган ҳолларда унинг эгаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ва Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг Хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик хизмати бўлинмаларига ёхуд Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхонасига ёки консуллик муассасасига зудлик билан хабар бериши керак.

Фуқаронинг ёзма ҳолдаги аризасига кўра белгиланган тартибда унга янги гувоҳнома ёки Ўзбекистон Республикасига қайтиб келиш учун сертификат берилади.


14. Гувоҳнома йўқотиб қўйилганлиги тўғрисидаги хабар Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматига юборилади.

15. Вафот этган вояга етмаган шахсларнинг гувоҳномалари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ва Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг Хорижга чиқиш, кириш ва фуқаролик хизмати бўлинмаларига ёхуд Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхонасига ёки консуллик муассасасига топширилади.


16. Топилган гувоҳномалар ички ишлар органларига ёхуд Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхоналарига ёки консуллик муассасаларига топширилиши керак.


17. Гувоҳномаларни олиб қўйиш (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), шунингдек гаровга қўйиш ва бошқа шахсларга бериш тақиқланади.


18. Гувоҳнома берганлик учун фуқаролардан энг кам ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади. Давлат таъминотида бўлган фуқаролар давлат божи тўлашдан озод қилинадилар.


19. Мазкур Низомни амалга ошириш учун зарур бўлган гербли муҳрлар ва виза муҳрлари, штамплар ва бланкларнинг намуналари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.