язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Фуқаролик ва оила қонунчилиги/ Халқаро хусусий ҳуқуқ/ Фуқаролик кодекси. (70-71 боблар. 1158-1199 моддалар)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ФУҚАРОЛИК КОДЕКСИ

70-71 Боблар



VI БЎЛИМ. ХАЛҚАРО ХУСУСИЙ ҲУҚУҚ

НОРМАЛАРИНИ ФУҚАРОЛИК- ҲУҚУҚИЙ

МУНОСАБАТЛАРГА НИСБАТАН

ТАТБИҚ ҚИЛИШ


70-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1158-модда. Чет эл элементи билан мураккаблашган

фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга нисбатан

қўлланилиши лозим бўлган ҳуқуқни белгилаш

Чет эл фуқаролари ёки чет эл юридик шахслари иштирокидаги ёхуд чет эл элементи билан мураккаблашган фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга нисбатан қўлланилиши лозим бўлган ҳуқуқ ушбу Кодекс, бошқа қонунлар, халқаро шартномалар ва эътироф этилган халқаро таомиллар асосида, шунингдек тарафларнинг келишуви асосида белгиланади.

Тарафларнинг ҳуқуқни танлашга доир келишуви очиқ ифодаланган бўлиши ёки бевосита шартнома талабларидан ва ишнинг кўриб чиқилаётган барча ҳолатларидан келиб чиқиши лозим.

Агар ушбу модданинг биринчи қисмига мувофиқ қўлланилиши лозим бўлган ҳуқуқни аниқлашнинг имкони бўлмаса, чет эл элементи билан мураккаблашган фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар билан энг узвий боғланган ҳуқуқ қўлланади.

Чет эл ҳуқуқ нормаси оммавий-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлганлигига асосланибгина уни қўллашни чеклаш мумкин эмас.



1159-модда. Ҳуқуқий баҳо бериш

Юридик тушунчаларга суд ёки бошқа давлат органи томонидан ҳуқуқий баҳо берилишида, агар қонунда бошқа ҳол назарда тутилган бўлмаса, бундай юридик тушунчаларни низо кўриб чиқилаётган мамлакат сифатида Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқига мувофиқ шарҳлашга асосланади.

Агар юридик тушунчалар низо кўриб чиқилаётган мамлакат сифатида Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқига номаълум бўлса ёки бошқа ном ёхуд бошқа мазмун билан маълум бўлса ва Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқи бўйича талқин этиш орқали аниқланиши мумкин бўлмаса, уларга ҳуқуқий баҳо беришда чет давлат ҳуқуқи ҳам қўлланиши мумкин.


1160-модда. Чет эл ҳуқуқи нормалари мазмунини аниқлаш

Чет эл ҳуқуқини қўлланишда суд ёки бошқа давлат органи унинг нормалари мазмунини бу нормаларнинг тегишли хорижий давлатда расмий талқин этилиши, қўлланиш амалиёти ва доктринасига мувофиқ аниқлайди.

Суд ёки бошқа давлат органи чет эл ҳуқуқи нормалари мазмунини аниқлаш мақсадида ёрдам ва тушунтиришлар сўраб Адлия вазирлигига ва бошқа миллий ваколатли органлар ҳамда муассасаларга, шу жумладан чет элдаги органлар ва муассасаларга мурожаат этиши ёхуд экспертларни жалб қилиши мумкин.

Ишда иштирок этаётган шахслар ўз талаблари ёки эътирозларини асослаш учун ўзлари важ келтираётган чет эл ҳуқуқи нормаларини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишга ва бу нормаларнинг мазмунини аниқлашда судга ёки бошқа давлат органларига бошқача тарзда ёрдамлашишга ҳақлидирлар.

Агар ушбу моддага мувофиқ кўрилган чора-тадбирларга қарамай, чет эл ҳуқуқи нормаларининг мазмуни оқилона муддатларда аниқланмаса, Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқи қўлланилади.



1161-модда. Қарши томон ва учинчи

мамлакат ҳуқуқига ҳавола этиш

Ушбу бўлим қоидаларига мувофиқ, чет эл ҳуқуқига ҳар қандай ҳавола этиш тегишли мамлакатнинг коллизион ҳуқуқига эмас, балки моддий ҳуқуқига ҳавола этиш деб қаралиши лозим, ушбу бўлимда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Чет эл ҳуқуқи ушбу Кодекснинг 1168-моддасига, 1169-моддасининг биринчи, учинчи ва бешинчи қисмларига, 1171 ва 1174-моддаларига мувофиқ қўлланилган ҳолларда қарши томон сифатида Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқига ва учинчи мамлакат ҳуқуқига ҳавола этиш қабул қилинади.



1162-модда. Қонунни четлаб ўтиш оқибатлари

Ушбу Кодекс билан тартибга солинадиган муносабатлар иштирокчиларининг ушбу бўлимнинг қўлланилиши лозим бўлган ҳуқуққа доир қоидаларини четлаб ўтиб, тегишли муносабатларни бошқа ҳуқуққа бўйсундиришга қаратилган келишувлари ва бошқа ҳаракатлари ҳақиқий эмас. Бундай ҳолда тегишли давлатнинг ушбу бўлимга мувофиқ татбиқ этилиши лозим бўлган ҳуқуқи қўлланилади.



1163-модда. Ҳуқуқни ўзаролик асосида қўллаш

Суд ёки бошқа давлат органи ўзи кўриб чиқаётганига ўхшаш муносабатларга нисбатан тегишли чет давлатда Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқи қўлланиши ёки қўлланмаслигидан қатъи назар, ана шу чет давлатнинг ҳуқуқини қўллайверади, Ўзбекистон Республикаси қонунида чет эл ҳуқуқини ўзаролик асосида қўллаш назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Агар чет эл ҳуқуқини қўллаш ўзароликка боғлиқ бўлса, бошқача ҳолат исботланмаганлиги сабабли у мавжуд деб тахмин қилинади.



1164-модда. Оммавий тартиб тўғрисидаги изоҳ

Чет эл ҳуқуқини қўлланиш Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқ-тартиботи асосларига (оммавий тартибга) зид келадиган ҳолларда чет эл ҳуқуқи қўлланилмайди. Бундай ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқи қўлланилади.

Тегишли чет эл давлатининг ҳуқуқий, сиёсий ёки иқтисодий тизими Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий, сиёсий ёки иқтисодий тизимидан фарқланишигина чет эл ҳуқуқини қўллашни рад этиш учун асос бўлиши мумкин эмас.



1165-модда. Қатъий нормаларни қўллаш

Ушбу бўлим қоидалари Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқининг тегишли муносабатларни, қўлланилиши лозим бўлган ҳуқуқдан қатъи назар, тартибга солувчи қатъий нормалари амал қилишига дахлдор эмас.

Бирон-бир мамлакатнинг ҳуқуқи ушбу бўлим қоидаларига мувофиқ қўлланилганда, агар ана шу мамлакатнинг ҳуқуқига кўра бундай нормалар қўлланилиши лозим бўлган ҳуқуқдан қатъи назар, тегишли муносабатларни тартибга солиши лозим бўлса, суд бошқа мамлакатнинг ана шу муносабатлар билан узвий алоқада бўлган қатъий ҳуқуқ нормаларини қўллаши мумкин. Бунда суд бундай нормаларнинг вазифасини ва хусусиятини, шунингдек уларни қўллаш оқибатларини эътиборга олиши лозим.



1166-модда. Ҳуқуқий тизимлари кўп бўлган

мамлакатнинг ҳуқуқини қўллаш

Бир неча ҳудудий ёки бошқа ҳуқуқий тизим амал қилиб турган мамлакатнинг ҳуқуқини қўллаш лозим бўлган ҳолларда ҳуқуқий тизим шу мамлакат ҳуқуқига мувофиқ ҳолда қўлланилади.



1167-модда. Реторсиялар

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқларига махсус чекловлар қўйган давлатларнинг фуқаролари ва юридик шахсларига нисбатан жавоб тариқасида чекловлар (реторсиялар) белгилаши мумкин.


71-БОБ. КОЛЛИЗИОН НОРМАЛАР


§ 1. ШАХСЛАР


1168-модда. Жисмоний шахснинг шахсий қонуни

Жисмоний шахс қайси мамлакатнинг фуқароси бўлса, шу мамлакат ҳуқуқи унинг шахсий қонуни ҳисобланади. Шахс икки ёки ундан ортиқ фуқароликка эга бўлган тақдирда у қайси мамлакат билан энг кўп узвий боғланган бўлса, унинг учун ўша мамлакат ҳуқуқи шахсий қонун ҳисобланади.

Фуқаролиги бўлмаган шахс қайси мамлакатда доимий яшаб турган бўлса, ўша мамлакат ҳуқуқи унинг шахсий қонуни ҳисобланади.

Қочоққа унга бошпана берган мамлакатнинг қонуни шахсий қонун ҳисобланади.



1169-модда. Жисмоний шахснинг ҳуқуқ ва муомала лаёқатлари

Жисмоний шахснинг ҳуқуқ ва муомала лаёқатлари унинг шахсий қонуни билан белгиланади.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасида фуқаролик ҳуқуқ лаёқатидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан тенг равишда фойдаланадилар, Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ёки халқаро шартномаларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Жисмоний шахснинг битимлар ва зарар етказилиши оқибатида юзага келадиган мажбуриятларга нисбатан фуқаролик муомала лаёқати битимлар тузилган ёки зарар етказилишидан келиб чиқадиган мажбуриятлар юзага келган мамлакат ҳуқуқи бўйича белгиланади.

Жисмоний шахснинг хусусий тадбиркор бўлиш ҳамда бу билан боғлиқ ҳуқуқлар ва мажбуриятларга эга бўлиш лаёқати жисмоний шахс хусусий тадбиркор сифатида рўйхатга олинган мамлакат ҳуқуқи бўйича белгиланади. Рўйхатга олиш мамлакати бўлмаганда, хусусий тадбиркорлик фаолияти амалга ошириладиган асосий жой бўлган мамлакатнинг ҳуқуқи қўлланилади.

Жисмоний шахсни муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топиш суд қайси мамлакатники бўлса, шу мамлакат ҳуқуқига бўйсунади.



1170-модда. Жисмоний шахсни бедарак йўқолган

деб топиш ва уни вафот этган деб эълон қилиш

Жисмоний шахсни бедарак йўқолган деб топиш ва уни вафот этган деб эълон қилиш суд қайси мамлакатники бўлса, ўша мамлакат ҳуқуқига бўйсунади.



1171-модда. Жисмоний шахснинг исми-шарифи

Жисмоний шахснинг исмга, ундан фойдаланишга ва уни ҳимоя қилишга бўлган ҳуқуқи, агар ушбу Кодекс 19-моддасининг тўртинчи ва еттинчи қисмларида, 1179 ва 1180-моддаларида назарда тутилган қоидалардан бошқача тартиб келиб чиқмаса, унинг шахсий қонуни билан белгиланади.


1172-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан

ташқарида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг

фуқаролик ҳолати ҳужжатларини қайд этиш

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида яшаб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг фуқаролик ҳолати ҳужжатларини қайд этиш Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаларида амалга оширилади. Бунда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари қўлланилади.


1173-модда. Фуқаролик ҳолати ҳужжатларини

тасдиқлаш учун хорижий давлат органлари

томонидан берилган ҳужжатларни тан олиш

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан тегишли давлатларнинг қонунлари бўйича тузилган фуқаролик ҳолати ҳужжатларини тасдиқлаш учун хорижий давлатларнинг ваколатли органлари томонидан берилган ҳужжатлар легаллаштирилган ёки апостиль қўйилган тақдирда, Ўзбекистон Республикасида ҳақиқий деб тан олинади.


1174-модда. Васийлик ва ҳомийлик

Вояга етмаганлар, муомалага лаёқатсизлар ёки муомала лаёқати чекланган вояга етган шахслар устидан васийлик ёки ҳомийлик суд қайси мамлакатга тегишли бўлса, ўша мамлакат ҳуқуқи бўйича белгиланади ва бекор қилинади.

Васийнинг (ҳомийнинг) васийликни (ҳомийликни) қабул қилиш мажбурияти унинг васий (ҳомий) томонидан белгиланадиган шахсий қонуни бўйича аниқланади.

Васий (ҳомий) ва васийликка (ҳомийликка) олинган шахс ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар муассасаси васийни (ҳомийни) тайинлаган мамлакат ҳуқуқи бўйича аниқланади. Бироқ васийликка (ҳомийликка) олинган шахс Ўзбекистон Республикасида яшаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқи, башарти бу мазкур шахс учун қулайроқ бўлса, қўлланилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида яшаб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари устидан белгиланган васийлик (ҳомийлик), агар Ўзбекистон Республикаси тегишли консуллик муассасасининг васийлик (ҳомийлик) белгиланишига ёки унинг тан олинишига қарши қонунга асосланган эътирозлари бўлмаса, Ўзбекистон Республикасида ҳақиқий деб тан олинади.



1175-модда. Юридик шахснинг қонуни

Юридик шахс қайси мамлакатда таъсис этилган бўлса, шу мамлакатнинг ҳуқуқи мазкур юридик шахснинг қонуни ҳисобланади.



1176-модда. Юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқати

Юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқ лаёқати юридик шахснинг қонуни билан белгиланади.

Чет эл юридик шахси ўз органи ёки вакилининг битим тузиш ваколатларидаги чет эл юридик шахсининг органи ёки вакили битим тузган мамлакатнинг ҳуқуқи учун номаълум бўлган чекловларни важ қилиб келтириши мумкин эмас.



1177-модда. Ўзбекистон Республикасида чет эл

юридик шахслари фаолиятининг миллий тартиби

Агар Ўзбекистон Республикасининг қонунида чет эл юридик шахслари учун бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, чет эл юридик шахслари Ўзбекистон Республикасида фуқаролик қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган тадбиркорлик фаолиятини ва бошқа фаолиятни амалга оширадилар.



1178-модда. Чет эл элементи билан фуқаролик-ҳуқуқий

муносабатларда давлатнинг иштирок этиши

Чет эл элементи билан давлат иштирокидаги фуқаролик ҳуқуқий муносабатларга нисбатан, агар қонунда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ушбу бўлим қоидалари умумий асосларда қўлланади.



§ 2. ШАХСИЙ НОМУЛКИЙ ҲУҚУҚЛАР.

ИНТЕЛЛЕКТУАЛ МУЛК


1179-модда. Шахсий номулкий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш

Шахсий номулкий ҳуқуқларга нисбатан бундай ҳуқуқларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаб учун асос бўлиб хизмат қилган ҳаракат ёки бошқа ҳолат содир этилган мамлакат ҳуқуқи қўлланилади.


1180-модда. Интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқ

Интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларга нисбатан бу ҳуқуқларни ҳимоя қилиш сўраладиган мамлакат ҳуқуқи қўлланилади.

Интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқ ҳақидаги шартномалар ушбу бўлимнинг шартнома мажбуриятлари тўғрисидаги қоидаларига мувофиқ белгиланадиган ҳуқуқ билан тартибга солинади.


§ 3. БИТИМЛАР. ВАКИЛЛИК. ДАЪВО МУДДАТИ


1181-модда. Битимнинг шакли

Битимнинг шакли у тузиладиган жой ҳуқуқига бўйсунади. Бироқ чет элда тузилган битим, агар Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқи талабларига риоя этилган бўлса, шаклга риоя этилмаганлиги туфайли ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин эмас.

Лоақал иштирокчиларидан биттаси Ўзбекистон Республикасининг юридик шахси ёки Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлган ташқи иқтисодий битим, қаерда тузилаётганидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилади.

Кўчмас мулк хусусидаги битимнинг шакли бу мулк жойлашган мамлакат ҳуқуқига бўйсунади, Ўзбекистон Республикасида давлат реестрида қайд этилган кўчмас мулкка нисбатан эса, Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқига бўйсунади.


1182-модда. Ишончнома

Ишончноманинг шакли ва амал қилиш муддати ишончнома берилган мамлакатнинг ҳуқуқи бўйича белгиланади. Агар Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқи талабларига риоя этилган бўлса, ишончнома шаклга риоя этилмаганлиги туфайли ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин эмас.


1183-модда. Даъво муддати

Даъво муддати мамлакатнинг тегишли муносабатни тартибга солиш учун қўлланилаётган ҳуқуқи бўйича белгиланади.

Даъво муддати татбиқ этилмайдиган талаблар, агар тегишли муносабатнинг қатнашчиларидан лоақал биттаси Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ёки Ўзбекистон Республикасининг юридик шахси бўлса, Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқи бўйича белгиланади.


§ 4. АШЁВИЙ ҲУҚУҚЛАР


1184-модда. Ашёвий ҳуқуқларга нисбатан

қўлланиладиган ҳуқуқ тўғрисидаги

умумий қоидалар

Кўчмас ва кўчар мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи ҳамда бошқа ашёвий ҳуқуқлар, агар қонунда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, бу мол-мулк жойлашган мамлакатнинг ҳуқуқи бўйича аниқланади.

Мол-мулкнинг кўчмас ёки кўчар ашёларга мансублиги, шунингдек мол-мулкнинг бошқача юридик баҳоланиши ана шу мол-мулк жойлашган мамлакатнинг ҳуқуқи бўйича аниқланади.



1185-модда. Ашёвий ҳуқуқларнинг

вужудга келиши ва бекор бўлиши

Мол-мулкка нисбатан ашёвий ҳуқуқларнинг вужудга келиши ва бекор бўлиши, агар Ўзбекистон Республикасининг қонунларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ашёвий ҳуқуқларнинг вужудга келиши ёхуд бекор бўлиши учун асос бўлган ҳаракат ёки бошқа ҳолат содир бўлган пайтда бу мол-мулк турган мамлакатнинг ҳуқуқи бўйича аниқланади.

Битим нарсаси бўлган мол-мулкка нисбатан ашёвий ҳуқуқларнинг вужудга келиши ва бекор бўлиши, агар тарафларнинг келишувида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, ушбу битим бўйсундирилган мамлакатнинг ҳуқуқи бўйича аниқланади.

Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат туфайли мол-мулкка нисбатан мулк ҳуқуқининг вужудга келиши эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат тугаган пайтда мол-мулк жойлашган мамлакатнинг ҳуқуқи билан аниқланади.


1186-модда. Транспорт воситаларига ва давлат

реестрида қайд этилиши лозим бўлган бошқа

мол-мулкка нисбатан ашёвий ҳуқуқлар

Транспорт воситаларига ва давлат реестрида қайд этилиши лозим бўлган бошқа мол-мулкка нисбатан ашёвий ҳуқуқлар бу транспорт воситалари ёки мол-мулк рўйхатга олинган мамлакат ҳуқуқи бўйича белгиланади.



1187-модда. Йўлда бўлган кўчар мулкка

нисбатан ашёвий ҳуқуқлар

Битим бўйича йўлда бўлган кўчар мулкка нисбатан мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, агар тарафларнинг келишувида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, бу мол-мулк жўнатилган мамлакатнинг ҳуқуқи бўйича белгиланади.



1188-модда. Ашёвий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш

Мулк ҳуқуқини ва бошқа ашёвий ҳуқуқларни ҳимоя қилишга нисбатан ариза берувчининг танлови бўйича мол-мулк турган мамлакатнинг ҳуқуқи ёки суд қайси мамлакатга қарашли бўлса, ўша мамлакатнинг ҳуқуқи қўлланади.

Кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларни ҳимоя қилишга нисбатан бу мулк турган мамлакатнинг ҳуқуқи қўлланади. Ўзбекистон Республикасининг давлат реестрида қайд этилган мол-мулкка нисбатан Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқи қўлланади.


§ 5. ШАРТНОМА МАЖБУРИЯТЛАРИ


1189-модда. Шартнома тарафларининг

келишувига кўра ҳуқуқни танлаш

Шартнома, агар қонунда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тарафларнинг келишувига кўра танланган мамлакат ҳуқуқи билан тартибга солинади. Шартнома тарафлари қўлланиладиган ҳуқуқни умуман шартнома учун ҳам, унинг алоҳида қисмлари учун ҳам танлаб олишлари мумкин.

Қўлланиладиган ҳуқуқ тарафлар томонидан шартнома тузилаётганда ҳам, ундан кейин ҳам исталган вақтда танланиши мумкин. Тарафлар, шунингдек исталган вақтда шартномага нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқни ўзгартириш тўғрисида келишиб олишлари мумкин.



1190-модда. Тарафларнинг келишуви бўлмаган тақдирда

шартномага нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқ

Қўлланилиши лозим бўлган ҳуқуқ тўғрисида шартнома тарафларининг келишуви бўлмаган тақдирда, бу шартномага нисбатан:

олди-сотди шартномасида - сотувчи;

ҳадя шартномасида - ҳадя қилувчи;

ижара (мулк ижараси) шартномасида - ижарага берувчи;

мол-мулкдан текин фойдаланиш шартномасида - ссуда берувчи;

пудрат шартномасида - пудратчи;

йўловчи, багаж ва юк ташиш шартномасида - ташувчи;

транспорт экспедицияси шартномасида - экспедитор;

қарз шартномасида ёки бошқа кредит шартномасида - кредитор;

топшириқ шартномасида - ишончли вакил;

воситачилик шартномасида - воситачи;

омонат сақлаш шартномасида - сақловчи;

суғурта шартномасида - суғурталовчи;

кафиллик шартномасида - кафил;

гаров тўғрисидаги шартномада - гаровга қўювчи;

алоҳида ҳуқуқлардан фойдаланиш тўғрисидаги лицензия шартномасида - лицензиар ҳисобланувчи тараф таъсис этилган, турар жойга эга бўлган ёки асосий фаолият жойи бўлган мамлакат ҳуқуқи қўлланилади.

Қўлланилиши лозим бўлган ҳуқуқ тўғрисида шартнома тарафларининг келишуви бўлмаган тақдирда, ушбу модда биринчи қисмининг қоидаларидан қатъи назар:

кўчмас мулк тўғрисидаги шартномага нисбатан - бу мулк турган мамлакатнинг ҳуқуқи;

биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартномага ва қурилиш пудрати шартномасига нисбатан - ана шундай фаолият амалга оширилаётган ёки шартномада назарда тутилган натижалар яратилаётган мамлакатнинг ҳуқуқи;

кимошди савдосида, танлов бўйича ёки биржада тузилган шартномага нисбатан - кимошди савдоси, танлов ўтказилаётган ёки биржа жойлашган мамлакатнинг ҳуқуқи қўлланилади.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатиб ўтилмаган шартномаларга нисбатан қўлланилиши лозим бўлган ҳуқуқ тўғрисида тарафларнинг келишуви бўлмаган тақдирда, бундай шартноманинг мазмуни учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган ижрони амалга ошираётган тараф таъсис этилган, турар жойга эга бўлган ёки асосий фаолият жойи бўлган мамлакатнинг ҳуқуқи қўлланилади. Шартноманинг мазмуни учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган ижрони аниқлашнинг имконияти бўлмаган тақдирда, шартнома энг узвий боғланган мамлакатнинг ҳуқуқи қўлланилади.



1191-модда. Чет эл иштирокидаги юридик

шахсни тузиш тўғрисидаги шартномага

нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқ

Чет эл иштирокидаги юридик шахсни тузиш тўғрисидаги шартномага нисбатан юридик шахс таъсис этилган мамлакат ҳуқуқи қўлланилади.



1192-модда. Қўлланиладиган ҳуқуқнинг

амал қилиш доираси

Ушбу параграфнинг қоидаларидан келиб чиқиб шартномага нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқ:

шартноманинг талқинини;

тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини;

шартноманинг ижросини;

шартномани умуман ёки тегишли даражада ижро этмаслик оқибатларини;

шартноманинг тўхтатилишини;

шартноманинг ўз-ўзидан ҳақиқий эмаслиги ёки ҳақиқий эмас деб топилиши оқибатларини;

шартнома муносабати билан талабларнинг баҳридан ўтиш ва қарзни ўтказишни қамраб олади.

Ижро этиш усуллари ва тартибига, шунингдек тегишли даражада ижро этилмаган тақдирда кўрилиши лозим бўлган чоралар борасида қўлланилаётган ҳуқуқдан ташқари ижро амалга оширилаётган мамлакатнинг ҳуқуқи ҳам эътиборга олинади.



§ 6. ШАРТНОМАДАН ТАШҚАРИ МАЖБУРИЯТЛАР


1193-модда. Бир тарафлама ҳаракатлардан

иборат мажбуриятлар

Бир тарафлама ҳаракатлардан (мукофотни ошкора ваъда қилиш, ўзганинг мақсадини кўзлаб топшириқсиз амалга ошириладиган фаолият ва бошқалардан) иборат мажбуриятларга нисбатан ушбу бўлимнинг 4-параграфи қоидалари қўлланади.



1194-модда. Зарар етказилганлиги оқибатида

келиб чиқадиган мажбуриятлар

Зарар етказилганлиги оқибатида келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар зарарни ундиришни талаб қилиш учун асос бўлган ҳаракат ёки бошқа ҳолат юз берган мамлакатнинг ҳуқуқи бўйича белгиланади. Чет элда зарар етказилганлиги оқибатида келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича ҳуқуқ ва бурчлар, агар фуқаролар ёки юридик шахслар айни битта давлатдан бўлсалар, шу давлат ҳуқуқи билан белгиланади.

Агар зарар ўрнини қоплаш тўғрисидаги талаб учун асос бўлган ҳаракат ёки бошқа ҳолат Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари бўйича ғайриқонуний бўлмаса, чет эл ҳуқуқи қўлланмайди.



1195-модда. Истеъмолчига етказилган

зарар учун жавобгарлик

Товарни сотиб олиш, ишни бажариш ёки хизматни кўрсатиш муносабати билан истеъмолчи кўрган зарар ўрнини қоплаш тўғрисидаги талабга нисбатан истеъмолчининг хоҳишига кўра:

истеъмолчининг турар жойи жойлашган мамлакатнинг ҳуқуқи;

ишлаб чиқарувчи ёки ишни бажарган, хизмат кўрсатган шахснинг турар жойи ёки манзили жойлашган мамлакатнинг ҳуқуқи;

истеъмолчи товарни сотиб олган, иш натижасини қабул қилган ёки унга хизмат кўрсатилган мамлакатнинг ҳуқуқи қўлланади.



1196-модда. Асоссиз бойлик орттириш

Асоссиз бойлик орттириш натижасида вужудга келадиган мажбуриятларга нисбатан бойлик орттирилган мамлакатнинг ҳуқуқи қўлланилади.

Агар асоссиз бойлик орттириш мол-мулкни сотиб олиш ёки тежаб қолишга доир асослар бекор бўлиши натижасида вужудга келса, қўлланиладиган ҳуқуқ бу асос бўйсундирилган мамлакатнинг ҳуқуқи бўйича белгиланади. Асоссиз бойлик орттириш тушунчаси Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқи бўйича белгиланади.


§ 7. ВОРИСЛИК ҲУҚУҚИ


1197-модда. Ворисликка доир муносабатлар

Ворисликка доир муносабатлар, башарти ушбу Кодекснинг 1198 ва 1199-моддаларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, мерос қолдирувчи васиятномада ўзи фуқароси бўлган мамлакатнинг ҳуқуқини танлаган бўлмаса, мерос қолдирувчи охирги доимий турар жойга эга бўлган мамлакатнинг ҳуқуқи бўйича белгиланади.



1198-модда. Шахсларнинг васиятнома тузиш

ва уни бекор қилиш лаёқати, васиятноманинг

ва уни бекор қилиш ҳужжатининг шакли

Шахснинг васиятнома тузиш ва уни бекор қилиш лаёқати, шунингдек васиятноманинг ва уни бекор қилиш ҳужжатининг шакли, агар мерос қолдирувчи васиятномада ўзи фуқароси бўлган мамлакатнинг ҳуқуқини танлаган бўлмаса, ҳужжат тузилаётган пайтда мерос қолдирувчи доимий турар жойга эга бўлган мамлакатнинг ҳуқуқи бўйича аниқланади. Бироқ васиятнома ёки унинг бекор қилиниши, агар шакл ҳужжат тузилган жойнинг ёки Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқи талабларини қаноатлантирса, шаклга риоя этилмаганлиги натижасида ҳақиқий эмас деб топилмайди.


1199-модда. Кўчмас мулкка ва давлат реестрида

қайд этилиши лозим бўлган мол-мулкка ворислик

Кўчмас мулкка ворислик мазкур мулк жойлашган мамлакат ҳуқуқи бўйича, Ўзбекистон Республикасининг реестрида қайд этилган мол-мулкка ворислик эса, Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқи бўйича белгиланади.