язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Алоқа/ Маълумотларни тармоқлар орқали узатишни ташкиллаштириш/ 1999-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Маълумотлар узатиш миллий тармоғини модернизация қилиш ва уни ривожлантириш Дастури (ЎзР ВМ 22.04.1999 й. 193-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1999 йил 22 апрелдаги

193-сон қарорига

ИЛОВА



1999-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси

Маълумотлар    узатиш    миллий    тармоғини

модернизация қилиш ва уни ривожлантириш

ДАСТУРИ


1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1.1. Мазкур Дастур Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Маълумотлар узатиш миллий тармоғини ташкил этиш ва жаҳон ахборот тармоқларидан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида" 1999 йил 5 февралдаги 52-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.


1.2. Ўзбекистон Республикаси Маълумотлар узатиш миллий тармоғи:

давлат ва жамоат органлари, фуқаролар, мулкчилик шаклларидан қатъий назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ахборотларга бўлган эҳиёжларини ҳар томонлама  қондириш мақсадида электрон ахборотни айирбошлашларни амалга ошириш;

республиканинг ягона ахборот макони транспорт-коммуникация асосларини ва унинг жаҳон ахборот ҳамжамиятига киришини таъминлаш;

республика маълумотлар узатиш операторлари (провайдерлари) тармоқларининг маълумотларни узатиш жаҳон тармоқларига, шу жумладан, Интернетга марказлаштирилган тартибда улаш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳужжатлари  айланишини марказлаштирилган электрон воситасида таъминлаш учун шарт-шароитлар яратишга мўлжалланган.


1.3. Ўзбекистон Республикаси Маълумотлар узатиш миллий тармоғи  ишлаб турган Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги "UzPAK" маълумотларни узатиш давлат тармоғини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш корхонасининг маълумотларни узатиш республика тармоғи (кейинги ўринларда UzPAK дейилади) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси  ҳузуридаги Хўжалик ҳисобидаги "UzNet" ахборот-компьютер хизматининг идоралараро ахборот-компьютер тармоғи базасида яратилган.

Маълумотларни узатиш миллий тармоғи миллий оператори (провайдери), шу жумладан, Интернет функцияси UzPAKка юкланган. Хўжалик ҳисобидаги "UzNet" ахборот-компьютер хизмати юридик шахс ҳуқуқи билан шўъба корхонаси сифатида (кейинги ўринларда "UzNet" дейилади) UzPAK таркибига киритилган.


1.4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Маълумотлар узатиш миллий тармоғини ташкил этиш ва жаҳон ахборот тармоқларидан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида" 1999 йил 5 февралдаги 52-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси маълумотлар узатиш тармоқлари барча операторлари (провайдерлари) халқаро тармоқларга фақат Маълумотларни узатиш миллий тармоғи орқали чиқиш ҳуқуқига эгадирлар. Ўзбекистон Республикаси  қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фақат ўз эҳтиёжлари учун, дипломатик ва халқаро ваколатхоналар, шунингдек,   ихтисослаштирилган корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар (банк тизимлари, аэронавигация ва ҳаво транспорти  ҳаракатини бошқариш тизимлари ва шу кабилар) учун шаҳарлараро ва халқаро маълумотлар узатиш каналлари, шу жумладан, йўлдош тизимлари орқали каналлар  ташкил этилиши ва улардан фойдаланилишига йўл қўйилади.



2. ДАСТУРНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ


2.1. Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоятлар марказларида - 1999-2001 йилларда, туман марказларида - 2000-2003 йилларда тармоқларни кенгайтиришни таъминлаш учун 1999-2003  йилларда Маълумотларни узатиш миллий тармоғини  модернизация қилиш ва уни ривожлантириш бўйича асосий ташкилий-техник чоралар ва тадбирларни белгилаш Дастурнинг асосий мақсади ҳисобланади.

Қуйидагилар:

маълумотларни узатиш миллий тармоғини  қуриш ва уни ташкил этиш бўйича асосий техник талабларни;

техник воситаларни, республиканинг ягона ахборот  макони коммуникация асосларини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикасининг жаҳон ахборот маконига кириши имкониятларини кенгайтириш йўлларини;

республика маълумотларни узатиш тармоғи операторлари (провайдерлари)нинг жаҳон ахборот тармоқларига, шу жумладан, Интернетга, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг шаҳарлараро тармоқларига марказлаштирилган ҳолда улашга доир чора-тадбирларни;

тармоқларни модернизация қилиш ва уларни ривожлантиришнинг йўналишлари ҳамда босқичларини;

UzPAK корхонасининг ўз маблағларидан, кредитлар ва грантлар сифатидаги хорижий инвестициялардан, марказлаштирилган манбалардан олинган маблағлардан фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда тармоқларни модернизация қилиш ва уларни кенгайтиришни маблағ билан таъминлаш манбалари ва механизмларини;

ахборот ресурсларини муҳофаза қилишни таъминлаш, конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилувчи ахборотлар  тарқатилишига, уруш, зулм ва порнографияни тарғиб қилишга, диний ва миллий низоларни қўзғашга, инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини поймол қилишга ҳамда амалдаги қонун ҳужжатлари билан тарқатилиши тақиқланган бошқа ахборотларнинг тарқатилишига йўл қўймасликка доир ташкилий-техник чора-тадбирларни белгилаш Дастурнинг асосий вазифалари ҳисобланади.



3. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА МАЪЛУМОТЛАР

УЗАТИШ ТАРМОҚЛАРИНИНГ ҲОЗИРГИ АҲВОЛИ


3.1. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикасида "UzPAK" маълумотларни узатиш давлат тармоғини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш корхонасининг маълумотларни узатиш давлат тармоғи, ихтисослаштирилган ишлаб-чиқариш-технология тармоқлари ва турли провайдерларнинг умумий фойдаланиладиган тармоқлари фаолият кўрсатмоқда (1-жадвал)*.

Ўзбекистон Республикасида маълумотлар узатиш тармоқларидан фойдаланувчиларнинг умумий сони қарийб 2500 тани ташкил этади. Бунда, асосан, маълумотларни узатиш тармоқлари узеллари ва улардан фойдаланувчилар Тошкент шаҳрида жойлашгандир.

Кўрсатиб ўтилган тармоқларда узатишнинг  турли тезликлари (9,6 дан 256 кбит/секундгача) ва маълумотлар узатиш протоколлари қўлланилади.


3.2. "UzPAK" маълумотларни узатиш давлат тармоғи пакетларни коммутация қилиш технологиясига ва телефон  коммутациясига эга бўлади. Пакетларни коммутация қилиш тармоғи Х.25 уяли протоколдан фойдаланишни таъминловчи "Нортел" фирмасининг DPN-100 асбоб-ускунаси билан ташкил этилган. Вилоят марказларининг барча узеллари бир-бирлари билан тонал частотанинг стандарт каналлари билан  бирлаштирилган, улар 14,4 кбит/сек маълумотлар узатиш тезлигини таъминлайдилар. "Искра" телефон коммутацияси тармоғида "Нортел" фирмасининг DRX тизими асбоб-ускунаси фойдаланилади.

Маълумотларни узатиш тармоғининг йиғилган ҳажми турли  интерфейсларнинг 385 портини, телефон тармоқлари - 1928 линияни ташкил этади.

"UzNet" идоралараро ахборот-компьютер тармоғи республика вазирликлари ва идоралари фойдаланувчиларининг, Ўзбекистон Республикасидаги бир қатор халқаро ташкилотлар ва ваколатхоналарнинг ахборот айирбошлашини, уларнинг Интернет тармоғига  чиқишларини таъминлайди.

"UzNet" тармоғи 15 та маршрутлаштирувчидан иборат бўлади, 60 та рақамли портлар (64 кбит/с-2Мбит/с)га эга ва 256 кбит/с тезлик билан йўлдош линияси бўйича Интернет тармоғига ўзича чиқа олади.


3.3. 1997-1999 йилларда қурилган Ўзбекистон Республикасининг умумий  фойдаланишдаги (ТАЕ ВОЛС, ВОЛС ва ОЕСҒ лойиҳаси бўйича қурилган радиорелели линиялар) шаҳарлараро ва  халқаро магистрал тармоқлар (рақамли линиялар ва узатиш тизими) Тошкент, Нукус шаҳарлари ва республиканинг вилоят марказлари орасида, Термиз шаҳри бундан мустасно шунингдек, хорижий мамлакатларнинг ахборот тармоқлари билан юқори тезликдаги маълумотлар узатиш каналлари (64 кбит/секунддан 2048 кбит/секундгача)ни ташкил этиш имконини беради.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг, ажратилган йўлдош каналларни вилоятлар ва туманлар бўлинмаларигача етказган ҳолда, маълумотлар узатиш тармоқлари қурилиши олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, ишлаб турган маълумотларни узатиш тармоқлари кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ва номенклатураси, тармоқларнинг ишончлилиги, ахборот хавфсизлиги бўйича замонавий талабларга жавоб бермайди. 



4. ЎЗБЕКИСТОННИНГ МАЪЛУМОТЛАР УЗАТИШ

МИЛЛИЙ ТАРМОҒИНИ МОДЕРНИЗАЦИЯ ҚИЛИШ

ВА УНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ АСОСИЙ

ЙЎНАЛИШЛАРИ


4.1. Ўзбекистон Республикаси Маълумотлар узатиш миллий тармоғини модернизация қилиш ва уни ривожлантиришни қуйидаги асосий йўналишлар бўйича амалга ошириш мўлжалланмоқда:

тармоқнинг иш бажариш қобилиятини ва унинг ишончлилигини оширишни таъминловчи маълумотлар  узатишнинг замонавий технологияларини жорий этиш, давлат органлари, корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар, республика аҳолисининг маълумотлар узатиш хизматларига бўлган эҳтиёжларини тўлароқ қондириш мақсадида хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, телетиббиёт, мультимедиа, видеоконференция-алоқа, Интернет-кафе ва шу кабиларнинг ҳужжатлари электрон воситасида айланишини ўзлаштириш ва ривожлантириш учун хизматларнинг янги турларини ва  шарт-шароитларни жорий этиш;

маълумотларни узатиш жаҳон тармоқларидан, шу жумладан, Интернет тармоқларидан фойдаланишни тартибга солиш ва кенгайтириш;

ахборот ресурсларини бошқариш протоколларини ва транспорт тармоғининг ўзаро ҳаракат қилиш  протоколларини бирхиллаштириш;

Маълумотларни узатиш миллий тармоғи каналларини ташкил этиш учун радиочастота спектридан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш-технология тармоғининг идоравий линияларидан кўпроқ фойдаланиш мақсадида йўлдош технологиялар қўлланилишини тартибга солиш;

"UzPAK"  корхонасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш.


4.2. Маълумотлар узатиш миллий тармоғи тузилмасини 3 даражада ташкил этиш назарда тутилмоқда:

1-даража - республика даражаси - Миллий тармоқни  маълумотларни узатиш халқаро ва шаҳарлараро тармоқларига улашни, тармоқни бошқариш ва ахборот ресурсларини муҳофаза қилишни таъминловчи Тошкент шаҳридаги Марказий коммутация узели.

Тошкент шаҳридаги провайдерларнинг маълумотларни узатиш  тармоқлари Марказий узелга бевосита ёки унинг шаҳар ҳудудида жойлашган  ташқи  концентраторлари орқали уланади.

2-даража - вилоят даражаси - Самарқанд, Бухоро, Наманган шаҳарларидаги минтақавий коммутация узелларидан иборат, улар магистрал  йўналишларда тармоқ ресурсларидан ва амал қилиш зонасига кирувчи вилоят марказлари маълумотларни узатиш тармоқлари трафикасини жамлаш ва вилоят марказларида жойлашган фойдаланувчиларни ва туман коммутация узелларини тармоққа улашни таъминловчи вилоят коммутация узелларидан энг кўп фойдаланиш учун мўлжалланган.

3-даража - туман даражаси - туман коммутация узеллари туманлар фойдаланувчиларининг тармоқлардан фойдаланишларини таъминлаш учун хизмат қилади.

Маълумотларни узатиш тармоқларидан фойдаланувчилар ва провайдерларни Миллий тармоққа улашни  барча уч даражада ажратилган ва коммутация қилинган каналлар бўйича улаш мўлжалланмоқда.

1 ва 2-даражаларда АТМ, ҒR, X.25 транспорт протоколлари, 3-даражада - FR ва X.25 протоколларидан  фойдаланилиши керак.


4.3. Мультипротокол коммуникация ва автоматик  маршрутлаштириш, турли хил трафика учун хабарларни жўнатишнинг қулай тизимини, шунингдек, трафик кўпайиб кетишининг олдини олиш  алгоритмларининг қўлланилиши тармоқнинг иш унумдорлигини оширишни таъминлайди.

Ўзбекистон Республикасининг 1997-1999 йилларда модернизация қилинган умумий фойдаланишдаги халқаро ва шаҳарлараро магистрал телекоммуникация тармоқлари, уларда хорижий мамлакатларнинг ахборот тармоқлари билан Тошкент, Нукус шаҳарлари ва республиканинг вилоят марказлари ўртасида, Термиз шаҳри бундан мустасно, ташкил этилиши 2000 йилда назарда  тутилаётган рақамли каналларда маълумотларни узатишнинг  тезлиги катта рақамли каналлари (64кбит/секунддан 2Мбит/секундгача)ни ташкил этиш имконини беради.

Тошкент шаҳрида провайдерлар ва фойдаланувчилар узелларини Маълумотларни узатиш миллий тармоғига улашнинг маълумотларни узатиш каналларини ташкил этиш учун Тошкент телефон тармоқларининг SДН тармоқлари ва каналлари, "UzPAK" ва "UzNet" тармоқларидан  фойдаланиш кўзда тутилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларида туман даражасида маълумотларни узатишнинг жуда тез юрадиган каналларини ташкил этиш учун рақамли каналлар мавжуд. Бундай каналларни ташкил этишнинг имкони бўлмаган бошқа вилоятларда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг маълумотлар узатишнинг йўлдош тармоғи ҳажмларидан фойдаланиш режалаштирилмоқда.

Республика вилоятларида телекоммуникация тармоқларининг  рақамлаштирилишига қараб маълумотларни узатиш каналларини ташкил этиш янги  рақамли линиялар ва узатиш тизимларида амалга оширилади.



5. ДАСТУРНИ АМАЛГА ОШИРИШ БОСҚИЧЛАРИ


5.1. Дастурни амалга оширишни уч босқичда таъминлаш назарда тутилмоқда:

I - босқич - 1999 йил - UzPAKнинг мавжуд тармоқларини модернизация қилиш,  маълумотларни узатиш  провайдерлари тармоқларининг жаҳон ахборот  тармоқларига, шу жумладан, Интернетга марказлаштирилган ҳолда чиқишини, шунингдек, алоқа каналлари, шу жумладан, йўлдош каналларидан фойдаланишни тартибга солишни таъминлаш;

II - босқич -  1999-2001 йиллар - тармоқнинг минтақавий узелларини ўрнатиш ва барча вилоят марказларини тармоққа улаш, республика маркази - вилоят марказлари даражасида электрон айирбошлашни ташкил этиш.

III - босқич -  2000-2003 йиллар -  барча туман марказларини тармоққа улаш, республика маркази - вилоят марказлари - туман марказлари даражасида электрон айирбошлашни ташкил этиш.

Ҳар бир босқич тармоқнинг  қувватини, ўтказиш қобилиятини, унинг ишончлилиги ва  ҳимояланганлигини назарда тутади (2-жадвал).


5.2. Миллий тармоқнинг  прогноз кўрсаткичларини бажариш мақсадида қуйидаги чора-тадбирлар белгиланди:

I босқич (1999 йил)

Ўзбекистон Республикаси  Тошкент, Нукус шаҳарлари  ва унинг вилоятлари марказлари ўртасида интернет-провайдер билан тезлиги 256 кбит/с бўлган тез юрадиган халқаро канал ва тезлиги 64-256 кбит/с бўлган шаҳарлараро каналлар ташкил этиш;

провайдерлар ва фойдаланувчиларнинг ишлаб турган тармоқларини Маълумотларни узатиш миллий  тармоғининг Марказий узели орқали халқаро тармоқларга қайта улаш;

Маълумотларни узатиш миллий тармоғини модернизация қилиш ва кенгайтиришнинг техник лойиҳасини ишлаб чиқиш, замонавий технологиялар ва асбоб-ускуналарни ўрганиб чиқиш асосида базавий технологияни белгилаш;

Маълумотларни узатиш миллий тармоғини  кенгайтириш мақсадида асбоб-ускуналар етказиб бериш ва дастурий таъминлаш учун тендерлар ўтказиш;

UzPAK мавжуд тармоқларини реконструкция қилиш ва модернизация қилиш, бу тармоқларнинг ўтказиш қобилиятини 2 баравар оширишни, алоқалар коммутацияси технологиясининг шунга ўхшаш технологиядан рақамлисига ўтказишни таъминлайди;

Маълумотларни узатиш миллий тармоғини бошқариш марказини ташкил этиш;

техник топшириқ ва техник лойиҳани ишлаб чиқиш, фойдаланувчи ва провайдернинг тармоқдан фойдаланишини назорат қилишни ва текширишни таъминловчи Маълумотларни узатиш миллий тармоғи ахборотини муҳофаза қилиш узелини ташкил этиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар етказиб бериш ва дастурий таъминлашга буюртмани жойлаштириш.

II босқич (1999-2001 йиллар)

Тармоқларнинг реал  трафикасига қараб Интернет-провайдерлар билан бирга халқаро каналларда маълумотлар узатиш тезлигини 2Мбит/сек кача кўпайтириш, шунингдек, каналларни захиралаштиришни таъминлаш;

истиқболда 650 портга эга бўлган АТМ технологиясига ўтадиган Frame Relay замонавий тармоқ технологияларини қўллаш орқали Тошкент шаҳридаги маълумотларни узатиш тармоқларини модернизация қилиш;

истиқболда қуввати 950 порт бўлган АТМ технологиясига ўтадиган Frame Relay тармоқ технологиялари бўйича Самарқанд, Бухоро, Наманган шаҳарларида тармоқларнинг регионал узелларини ўрнатиш орқали вилоят даражасида маълумотларни узатиш тармоқларини модернизация қилиш. Бунда UzPAKнинг мавжуд тармоғидан алоқаларни захиралаштириш мақсадида  параллел ҳолда фойдаланилади;

фойдаланувчилар билан ҳисоб-китобларнинг  автоматлаштирилган  тизимини ҳамда UzPAK корхонасини ва "UzNet" хизматини техник қўллаб-қувватлаш (Неlр Desk) тизимини ташкил этиш;

"UzNet" идоралараро ахборот-компьютер тармоғини кенгайтириш;

Маълумотларни узатиш миллий тармоғини муҳофаза қилиш узелини ишга тушириш.

III босқич (2000-2003 йиллар)

4800 порт ташкил этиш шарти билан Frame Relay ва Х.25 тармоқ технологияларидан фойдаланган ҳолда туманлар марказлари даражасидаги маълумотлар узатиш  тармоқларини ташкил этиш (3-жадвал).

Маълумотларни узатиш миллий тармоғини модернизация қилиш ва ривожлантиришга  доир чора-тадбирларнинг йиғма рўйхати 3-жадвалда берилган.


5.3. Технология ва асбоб-ускуналарни танлаш Ўзбекистон Республикаси  қонун ҳужжатларига мувофиқ танлов савдолари (тендерлар) натижаларига кўра амалга оширилади.


5.4. Республикада маълумотларни узатиш бозори  маркетинг тадқиқотларини ўтказиш, кадрлар тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлашни, тармоқларнинг  ишлаши мониторингини, тариф сиёсатини такомиллаштиришни ва Миллий тармоқни ривожлантиришга қаратилган бошқа чора-тадбирларни ўтказиш мўлжалланмоқда.


5.5. Дастурни маблағ билан таъминлашни, асосан, хорижий кредитларни, UzPAK корхонасининг ўз маблағларини, шунингдек, республиканинг марказлаштирилган манбаларидан олинган маблағларни жалб қилиш ҳисобига амалга  ошириш кўзда тутилмоқда.


5.6. Дастурни амалга ошириш маълумотлар узатиш хизматлари ҳажмини 4 йил ичида 20 баравар ўсишини, фойдаланувчилар сонининг эса 11,8 баравар кўпайтиришни таъминлаш имконини беради.