ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Жиноий ишлари бўйича / Умумий масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 24.11.2009 й. 13-сон "Жиноят ишлари бўйича процессуал чиқимларни ундириш амалиёти тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

24.11.2009 й.

N 13


ЖИНОЯТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА ПРОЦЕССУАЛ

ЧИҚИМЛАРНИ УНДИРИШ АМАЛИЁТИ

ТЎҒРИСИДА


Жиноят ишлари бўйича процессуал чиқимларни ундиришга оид суд амалиёти натижаларини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мазкур масала юзасидан судлар фаолиятида жиддий камчиликлар мавжудлигини таъкидлайди.

Судлар томонидан жиноят иши бўйича сарф қилинган процессуал чиқимларни маҳкумлардан ундириш борасида, кўпинча, қонунга хилоф тарзда зарур чоралар кўрилмаяпти; дастлабки тергов органларидан айблов хулосасига улар томонидан сарф қилинган процессуал чиқимлар тури ва миқдори тўғрисида маълумотномалар илова қилиш талаб этилмаяпти; маҳкумлардан ундирилиши лозим бўлган процессуал чиқимлар етарли асосларсиз давлат ҳисобига ўтказиляпти; шахс айб эълон қилинган моддалардан бири бўйича оқланган ёки айб эпизодларидан бири ёки бир нечтаси чиқарилган ҳолларда мазкур айблов ёхуд эпизод бўйича далилларни йиғиш ва текшириш билан боғлиқ процессуал чиқимлар маҳкумларга асоссиз равишда юкланаяпти.

Судлар Жиноят-процессуал кодексининг 471-моддаси 3-банди ва 320-моддасини бузиб, қатор ҳолларда процессуал чиқимлар кимга ва қанча миқдорда юкланиши лозимлигини ҳал этишмаяпти ва ҳукмда кўрсатишмаяпти; баъзан бунда Жиноят-процессуал эмас, балки Фуқаролик процессуал кодексига амал қилишмоқда, айрим ҳолларда, процессуал чиқимларни давлат фойдасига эмас, балки муайян шахслар ёки ташкилотлар фойдасига ундиришмоқда; иш бўйича бир неча шахс судланганда процессуал чиқимларни ҳиссали эмас, балки солидар тартибда ундиришмоқда.

Судлар ишларни апелляция, кассация тартибида кўриш чоғида процессуал чиқимларга оид масала ҳукмда тўғри ҳал этилганлигини текширишга етарли эътибор беришмаяпти; бундай масала ҳукмда ҳал этилмаган ҳолларда судлардан йўл қўйилган хатоларни ЖПК 541-моддасида назарда тутилган тартибда тузатишни талаб этишмаяпти.

Юқорида қайд этилган камчиликлар шунга олиб келмоқдаки, жиноят ишлари бўйича процессуал чиқимлар тўлиқ ундирилмаслиги оқибатида давлатга зарар етказилмоқда.

Жиноят ишлари бўйича процессуал чиқимларни ундиришга оид суд амалиётида мавжуд камчиликларни бартараф этиш, судлар томонидан қонун нормалари тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги қонуннинг 17-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори жиноят ишлари бўйича процессуал чиқимларни ундириш тўғрисидаги қонун талабларини қатъий бажаришга қаратилсин.


2. Тушунтирилсинки, ЖПК 318-моддасига мувофиқ жиноят ишлари бўйича процессуал чиқимлар қуйидагилардан иборат:

жабрланувчиларга ва уларнинг вакилларига, гувоҳларга, экспертларга, мутахассисларга, таржимонларга, холисларга уларнинг процессуал ҳаракатлар ўтказиладиган жойга келиб кетиш, турар жойни ижарага олиш харажатларини қоплаш учун, шунингдек, суткалик харажат пули тариқасида бериладиган суммадан;

доимий иш ҳақи олмайдиган жабрланувчиларга ва уларнинг вакилларига, гувоҳларга, холисларга уларни одатдаги машғулотидан чалғитганлик учун тўланадиган суммадан;

экспертларга, таржимонларга, мутахассисларга улар суриштирув, дастлабки тергов ёки судда ўз вазифаларини бажарганлиги учун тўланадиган ҳақдан, ана шу вазифалар хизмат топшириғи тартибида бажарилган ҳоллар бундан мустасно;

ушбу Кодекснинг 50-моддасига мувофиқ судланувчи тўловдан озод қилинган тақдирда юридик ёрдам кўрсатганлик учун ҳимоячига тўланадиган ҳақдан;

ашёвий далилларни сақлаш ва жўнатиш билан боғлиқ харажатлар суммасидан;

экспертиза муассасаларида экспертиза ўтказиш учун сарфланган суммадан;

шахсларни ушлаш, мажбурий келтириш ва қидириш учун қилинган харажатлардан;

суриштирув, дастлабки тергов ёки суд мажлисини видеоконференцалоқадан фойдаланган ҳолда ўтказиш чоғида қилинган харажатлардан;

жиноят ишини юритишда қилинган бошқа харажатлардан.


3. Процессуал чиқимларга тегишли бошқа харажатлар деганда, жиноят иши бўйича бевосита шахснинг айбдорлигига доир далилларни тўплаш ва текшириш юзасидан суриштирув, тергов органлари ва судлар томонидан қилинган сарф-харажатлар тушунилади. Бошқа харажатларга, жумладан, тергов эксперименти ёки экспертиза ўтказиш чоғида бузилган ёки йўқ қилинган нарсалар қийматини қоплаш; жиноят ишини алоҳида иш юритувга ажратиш; таниб олиш учун кўрсатилган шахслар (айбланувчилардан ташқари) харажатларини қоплаш билан боғлиқ сарфлар киритилиши мумкин.


4. Жиноят ишлари бўйича процессуал чиқимларга қуйидагилар кирмайди:

гувоҳ, жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва уларнинг вакиллари, эксперт, мутахассис, таржимон, холис, жамоат айбловчиси ва жамоат ҳимоячиси тариқасида чақириладиган шахснинг суриштирув, тергов органлари, прокурор ёки судга чақирилганлиги билан боғлиқ вақт учун уларнинг иш жойида қонунга кўра сақланиб қолувчи ўртача иш ҳақи;

эксперт, мутахассис, таржимонга у суриштирув, дастлабки тергов ёки судда ўз вазифаларини бажарганлиги учун тўланадиган ҳақ, башарти бу вазифалар хизмат топшириғи тартибида бажарилганда;

мазкур ишни суриштирув, дастлабки тергов органлари ва судда юритиш билан боғлиқ девонхона ва почта харажатлари.


5. Судлар ҳар бир жиноят ишини ўз иш юритувига олиш пайтида дастлабки тергов органлари томонидан ЖПК 380-моддаси биринчи қисмининг айблов хулосасига процессуал чиқимлар тури ва миқдорига доир маълумотнома илова қилиниши тўғрисидаги талаби бажарилганлигини текширишлари лозим. Бундай маълумотнома ярашув тўғрисидаги ариза, ишни судга қадар юритиш босқичида амнистия актини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги қарор билан судга юбориладиган иш бўйича ҳам илова этилиши шарт.

Дастлабки тергов даврида қонуннинг ушбу нормаси талаби бажарилмаганлигини аниқлаган тақдирда, судья қонун аналогияси бўйича (ЖПК 398-моддаси) терговчи зиммасига тегишли маълумотномани тақдим этиш вазифасини юклайди.


6. Тушунтирилсинки, ЖПК 471-моддаси 3-бандига кўра, процессуал чиқимларга доир масала ҳукмда (ажримда) ҳал этилиши шарт бўлиб, унда чиқимлар кимга ва қай миқдорда юкланиши кўрсатилади.

Процессуал чиқимларга доир масала ҳукм (ажрим) чиқариш пайтида ҳал этилмаган ҳолларда, бу масала ҳукм (ажрим) чиқарган суд томонидан ЖПК 541-моддаси тартибида ҳал қилиниши лозим.


7. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, ЖПК 320-моддаси биринчи қисмига мувофиқ жиноят ишини тергов қилиш ва судда кўришда сарф қилинган чиқимлар давлат фойдасига маҳкумлардан (шу жумладан, жазодан озод қилинган ёки жазо тайинланмаган ҳолда айблов ҳукми чиқарилганда ҳам) ундирилади, таржимонга тўланган суммалар, шунингдек ЖПК 320-моддаси олтинчи, еттинчи ва саккизинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Процессуал чиқимлар, шунингдек, ярашув, амнистия акти ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилиши муносабати билан жиноят иши тугатилган шахслар зиммасига ҳам юкланиши мумкин.

Агар иш бўйича бир неча шахс айбдор деб топилган бўлса, процессуал чиқимлар улардан солидар эмас, балки улардан ҳар бирининг айби характери, содир этилган жиноят учун жавобгарлиги даражаси ва мулкий аҳволини ҳисобга олган ҳолда ҳиссали тартибда ундирилади.


8. Тушунтирилсинки, қонунда назарда тутилган айрим ҳолларда процессуал чиқимлар жиноят процессининг бошқа иштирокчиларидан ундирилиши мумкин, жумладан:

суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судга чақирилганда келмаган процесс иштирокчисидан - ишнинг судда кўрилиши ёки тергов ҳаракатлари ўтказилиши унинг узрсиз сабабларга кўра келмаслиги оқибатида кечиктирилган ҳолларда;

тегишли адвокатлар тузилмасидан - адвокат суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судга чақирилганда узрсиз сабабларга кўра келмаганда;

жабрланувчининг шикояти асосида қўзғатиладиган иш бўйича иш юритиш унинг аризасига кўра бошланган шахсдан - мазкур иш бўйича судланувчи оқланган тақдирда.

Суд вояга етмаганлар жиноятлари ҳақидаги ишлар бўйича процессуал чиқимларни тўлашни маҳкумнинг ота-онасига ёки улар ўрнини босувчи шахслар зиммасига юклаши мумкин, башарти вояга етмаган шахс хулқ-атвори устидан тегишли назорат йўқлигида уларнинг айби мавжуд бўлганда.


9. Судлар шунга эътибор беришлари лозимки, процессуал чиқимлар қуйидаги ҳолларда давлат ҳисобига ўтказилади:

судланувчи оқланган ёки иш ушбу Кодекснинг 83-моддасига мувофиқ тугатилган тақдирда. Судланувчи бир айблов бўйича оқланган, бошқа айблов бўйича эса айбли деб топилган бўлса, суд у айбли деб топилган айблов билан боғлиқ процессуал чиқимларни тўлашни унинг зиммасига юклайди;

процессуал чиқимлар ундирилиши лозим бўлган маҳкум мулкий жиҳатдан уни тўлашга қодир бўлмаган тақдирда. Процессуал чиқимларни тўлаши маҳкумнинг қарамоғида бўлган шахсларнинг моддий аҳволига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, суд маҳкумни процессуал чиқимларни тўлашдан бутунлай ёки қисман озод этишга ҳақли.

Таржимонга ва адвокат хизматига тўланиши лозим бўлган суммалар билан боғлиқ процессуал чиқимлар ҳам, агар маҳкум ҳуқуқий ёрдам учун ҳақ тўлашдан озод этилган бўлса, давлат ҳисобига ўтказилади.

Суд ёки судья процессуал чиқимлар давлат ҳисобига ўтказилиши лозимлиги тўғрисида фикрга келган ҳолларда ҳукмда бундай қарор асослантириб берилиши шарт.


10. Процессуал чиқимларни ундириш масаласини ҳал этиш чоғида судлар процессуал қонунчилик билан бир қаторда Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 3 июлдаги "Гувоҳлар, жабрланувчилар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холисларнинг қилган харажатларини тўлаш тартиби ва миқдорлари тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 июндаги "Адвокатлар томонидан кўрсатилган юридик ёрдам учун давлат ҳисобидан ҳақ тўлаш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Молия вазирлигининг 2008 йил 26 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган "Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчига адвокатлар томонидан юридик ёрдам кўрсатиш бўйича харажатларни давлат ҳисобига ўтказиш тартиби тўғрисида"ги Низомга риоя этишлари лозим.


11. Судлар ишларни апелляция, кассация тартибида кўриш чоғида процессуал чиқимлар тўғри ундирилишига алоҳида эътибор беришлари лозим.

Процессуал чиқимлар нотўғри ундирилаётганлиги фактлари аниқланган ҳолларда йўл қўйилган хатоларни тузатиш чоралари кўрилсин.


12. Судларга бу масалада уларнинг фаолиятида мавжуд хато ва камчиликларнинг олдини олиш мақсадида процессуал чиқимларни ундириш амалиётини вақти-вақти билан ўрганиш ва умумлаштириш тавсия этилсин.


13. Мазкур қарор қабул этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1996 йил 20 декабрдаги "Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари ва жиноят ишлари юзасидан суд чиқимларини ундириш амалиёти тўғрисида"ги қарори ўз кучини йўқотган деб топилсин.



Олий суд раиси                                                     Б. Мустафаев



Пленум котиби,

Олий суд судьяси                                                  Ю. Турсунбаев



“Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Ахбротномаси” 2009 й., 6-сон






























Время: 0.0182
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск