ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Фуқаролик ишлари бўйича / Айрим тоифадаги фуқаролик ишлари бўйича қарорлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 19.12.2003 й. 18-сон "Меҳнат вазифалари бажарилиши муносабати билан ходимнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплашга оид низолар бўйича суд амалиёти ҳақида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

19.12.2003 й.

N 18


МЕҲНАТ ВАЗИФАЛАРИНИ БАЖАРИШИ

МУНОСАБАТИ БИЛАН ХОДИМНИНГ

ҲАЁТИ ВА СОҒЛИҒИГА ЕТКАЗИЛГАН

ЗАРАРНИ ҚОПЛАШГА ОИД НИЗОЛАР

БЎЙИЧА СУД АМАЛИЁТИ ҲАҚИДА


Меҳнат вазифаларини бажариши муносабати билан ходимнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги ишлар бўйича суд амалиётини умумлаштириш якунларини кўриб чиқиб, қонунларни тўғри ва бир хилда қўллаш мақсадида "Судлар тўғрисидаги"ги Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Меҳнат вазифаларини бажариши муносабати билан ходимнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда судлар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик, Меҳнат, Фуқаролик процессуал кодекслари ва ушбу муносабатларни тартибга солувчи Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги 60-сонли қарори билан тасдиқланган "Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни иш берувчилар томонидан тўлаш қоидалари" (бундан буён матнда Қоидалар деб юритилади), Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сонли қарори билан тасдиқланган "Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги Низом", Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 23 декабрдаги 498-сонли қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистон Республикаси Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағларини шакллантириш ва сарфлаш тартиби тўғрисидаги Низом" билан тартибга солиниши судларга тушунтирилсин.

2. Судлар ходимга етказилган зарар ўрнини қоплашга оид қуйидаги низолар бўйича ишларни кўради:

а) иш берувчи томонидан ходимнинг соғлиғига етказилган зарар ўрнини қоплаш ҳақидаги;

б) иш берувчи томонидан ходимнинг соғлиғига шикаст етказилганлиги муносабати билан бир йўла бериладиган нафақани тўлаш ва қўшимча харажатларни қоплаш ҳақидаги;

в) боқувчиси вафот этганлиги муносабати билан бир йўла бериладиган нафақани тўлаш ва етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги;

г) зарарни қоплаш миқдорини ёки боқувчиси вафот этганлиги натижасида зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар сонини ўзгартириш ҳақидаги;

д) Қоидаларда назарда тутилган шартлар ва нормалар бўйича зарар тўлови миқдорини ҳисоблаб чиқиш ҳақидаги;

е) белгиланган пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори оширилиши муносабати билан зарарни қоплаш миқдорини кўпайтириш ҳақидаги;

ж) жабрланувчининг соғлиғига шикаст етказилганлиги оқибатида берилган вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси, иш ҳақидаги йўқотишни тўлиқ қопламаган ёки унга бундай нафақа тўланмаган ҳолларда етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги;

з) қайта тиббий гувоҳлантиришдан сўнг соғлиққа шикаст етказилганлиги оқибатида етказилган зарар тўловларини тўлаш ёки қайта ҳисоблаш ҳақидаги;

и) маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги низолар;

к) соғлиғига шикаст етказилганлиги муносабати билан ходимга, боқувчиси вафот этганлиги муносабати билан эса, унинг оила аъзоларига етказилган зарарни ундириш билан боғлиқ бошқа низолар.


3. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 197-моддасига мувофиқ, зарарни ундириш ҳақидаги аризани иш берувчига жабрланувчи ходим, у вафот этган тақдирда эса, зарар тўловини олишга ҳақли бўлган манфаатдор шахслар беради.

Ходим ёки манфаатдор шахс иш берувчининг зарарни тўлаш бўйича чиқарган қароридан рози бўлмаса ёки белгиланган муддатда жавоб олмаган тақдирда, улар мазкур низони ҳал қилиб бериш учун судга даъво билан мурожаат қилишлари мумкин.

Қайта тиббий гувоҳлантиришдан ўтгандан сўнг янги муддатга соғлиққа шикаст етказилганлиги оқибатида етказилган зарар тўловларини тўлаш ҳақидаги даъволар ҳам суд томонидан биринчи марта ариза қабул қилиш учун белгиланган тартибда қабул қилинади.


4. Судларга тушунтирилсинки, майиб бўлиш ёки соғлиққа етказилган бошқа шикастланиш ёхуд боқувчиси вафот этганлиги муносабати билан тўланадиган зарарни қоплаш ҳақидаги даъволар ФПК 33, 34-моддалари талабларига мувофиқ, даъвогарнинг танлаши бўйича жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги суднинг ёхуд даъвогар яшаб турган жойдаги суднинг судловига тааллуқлидир.

5. Майиб бўлиш ёки соғлиққа етказилган бошқа шикастланиш ёхуд боқувчиси вафот этганлиги натижасида келиб чиққан зарарларни қоплаш ҳақидаги даъво аризаларини беришда даъвогарлар суд харажатларини тўлашдан озод этиладилар. Даъво қаноатлантирилган тақдирда, суд харажатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгардан ундирилади.


6. Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 163-моддаси талабига мувофиқ, ходимнинг меҳнат вазифаларини бажариш вақтида уларга етказилган шикастлар ёки боқувчининг вафот этганлиги муносабати билан тўланадиган зарарни ундириш ҳақидаги талабларга даъво муддати татбиқ қилинмаслигига судларнинг эътибори қаратилсин.

Қайд этилганларга кўра, даъво қилиш муддати ўтказиб юборилган деган асос билан аризани қабул қилмасликка, шунингдек даъвони рад қилишга йўл қўйилмайди.

Меҳнат жароҳати туфайли касб лаёқати йўқотилгандан ёки боқувчининг вафотидан сўнг уч йилдан кейин келтирилган даъво талаблари, ариза берилган кунидан олдинги кўпи билан уч йил бўйича қондирилади.

Судлар етказилган зарар суммасини аниқлашда Қоидаларнинг 50-бандида назарда тутилган қуйидаги тартибга амал қилишлари керак:

а) жабрланувчиларга - улар меҳнат жароҳати оқибатида касб бўйича меҳнатга лаёқатини тўлиқ ёки қисман йўқотган кундан бошлаб;

б) боқувчининг вафоти туфайли зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга - боқувчининг вафот этган кунидан, аммо фақат зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлинган вақтдан бошлаб тўланади.


7. Ишни судда кўришга тайёрлашда судларнинг эътибори низони ҳал қилиш учун зарур бўлган далиллар доирасини аниқлаб, уларни талаб қилиб олиш учун тегишли чоралар кўришга қаратилсин.

Жумладан, иш берувчининг етказилган зарарда айбдорлиги ва жавобгарлигини исботловчи далил сифатида қуйидаги ҳужжатлар ишга қўшилиши лозим: ишлаб чиқаришда содир бўлган бахтсиз ҳодиса ҳақида далолатнома, суд ҳукми ва қарори, прокуратура, суриштирув ва дастлабки тергов органининг қарори, меҳнат-техника инспекторининг ёки меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат ҳақидаги қонунчиликка риоя этилишини, саломатликка етказилган зарар сабабларини назорат қилишни амалга оширувчи бошқа мансабдор шахслар (органлар)нинг хулосаси; касб касаллиги тўғрисида тиббий хулоса; айбдор шахсларга маъмурий ёки интизомий жазо бериш тўғрисидаги қарор; меҳнат жароҳати туфайли ходимга вақтинча меҳнат лаёқатини йўқотганлик учун нафақа тўлови билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун иш берувчи томонидан давлат ижтимоий суғурта бюджетига пул ўтказиш тўғрисидаги касаба уюшмаси қўмитасининг, туман (шаҳар) солиқ инспекцияларининг қарорлари.

Касаба уюшмаси қўмитасининг ёки бошқа вакил қилинган ваколатли орган томонидан берилган жабрланувчининг айб даражасини аниқлаш ҳақидаги хулоса иш бўйича далиллардан бири ҳисобланиб, ФПК 80-моддасига мувофиқ, ишда мавжуд бўлган бошқа далиллар мажмуи билан биргаликда суд томонидан баҳоланиши лозим.

Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, иш берувчининг айби фараз қилинади. Иш берувчи ошиқча хавф манбаи томонидан зарар етказилиши ҳолларидан ташқари, етказилган зарар учун ўзининг айбдор эмаслигини исботлаб берган тақдирда зарарни қоплашдан озод қилиниши мумкин.


8. Судларга тушунтирилсинки, ходим меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллиги ёки меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига бошқача тарзда шикаст етиши сабабли вафот этган ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 192-моддасида белгиланган, етказилган зарарни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доирасини кенгайтириб шарҳлашга йўл қўйилмайди.

Боқувчиси вафот этганлиги муносабати билан зарарни қоплашга бўлган ҳуқуқ хотин(эр)нинг янгидан никоҳ тузган ҳолатларида ҳам сақланиб қолади. Шунингдек, вафот этганнинг вояга етмаган болалари бошқа шахс томонидан фарзандликка олинганда ҳам уларнинг зарар қопланишини талаб қилиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Чунки, қонунда бундай ҳолатларда ушбу шахсларга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти бекор бўлиши назарда тутилмаган.


9. Ходимнинг соғлиғига шикаст етказилганлиги муносабати билан зарар:

- меҳнат жароҳати туфайли меҳнатга лаёқатсизлик даражасига қараб иш ҳақи (ёки унинг тегишли қисми) миқдорида жабрланувчига пул тўланиши;

- саломатликнинг ёмонлашуви билан боғлиқ қўшимча харажатлар;

- бир йўла бериладиган нафақадан иборат.


10. Кўрилган зарарни тўлаш миқдори жабрланувчининг меҳнат жароҳати олгунига қадар оладиган иш ҳақига нисбатан фоизларда, касб бўйича меҳнатга лаёқатсизлик даражасига қараб белгиланади.

Жабрланувчиларнинг меҳнат жароҳати туфайли меҳнатга лаёқатсизлик даражаси тиббий-меҳнат экспертизаси комиссияси (ТМЭК) томонидан аниқданади.

Иш ҳақи ёки унинг бир қисмини қоплашда, жабрланувчига меҳнатда жароҳат олиши туфайли тайинланган ногиронлик пенсияси, шунингдек, меҳнат жароҳати олгунга қадар ва ундан кейин тайинланган пенсияларнинг бошқа турлари ҳисобга олинмайди. Шунингдек, жабрланувчининг жароҳат олганидан кейинги иш ҳақи зарарни қоплашда ҳисобга олинмайди. Бунда меҳнатда майиб бўлган жабрланувчилар-ногиронларга зарарни қоплаш суммаси белгиланган пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг эллик фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Зарарни қоплаш миқдори ҳисоблаб чиқариладиган иш ҳақи таркибида (турли кўринишдаги бир йўла тўловлардан ташқари) иш (хизмат), шу жумладан, иш вақтидан ортиқча, байрам ва дам олиш кунларида ҳамда ўриндош сифатида ишлаганлик учун барча тўловлар ҳисобга олинади (фойдаланилмаган таътил учун компенсациялар, ишдан бўшатиш вақтидаги ёрдам пули ва бошқалар бундан мустасно). Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш муносабати билан бериладиган таътил даври учун тўланадиган нафақа ҳисобга олинади.

Етказилган зарарни қоплаш миқдорини белгилашда ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаш Қоидаларнинг 11-21-бандларига мувофиқ амалга оширилади.

11. Қоидаларнинг 27-бандига мувофиқ, вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган ва боқувчининг вафоти туфайли зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлган меҳнатга лаёқатсиз фуқаролар учун зарар миқдори вафот этган шахснинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан унинг ўзига ва қарамоғидаги меҳнатга лаёқатли, аммо зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлмаган фуқароларга тўғри келадиган улушни чегириб ташлаган ҳолда белгиланади.

Зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг ҳар бирига бериладиган зарар тўловлари миқдорини аниқлаш учун боқувчи иш ҳақининг кўрсатиб ўтилган фуқароларнинг ҳаммасига тўғри келадиган улуши уларнинг сонига тақсимланади.

Боқувчини йўқотганлик туфайли зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар учун уларга боқувчи вафоти туфайли тайинланган пенсия, шунингдек бошқа пенсиялар, иш ҳақи, стипендиялар ва бошқа даромадлар зарар тўлови ҳисобига киритилмайди. Бунда қарамоқда бўлган ҳар бир шахс ҳисобига бериладиган зарар тўлови миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик фоизидан кам бўлиши мумкин эмас.

Ота-онанинг иккаласи ҳам вафот этган тақдирда, болаларга тўланадиган зарар миқдори ота-онанинг иккаласининг биргаликдаги иш ҳақидан келиб чиқиб ҳисобланади.


12. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 194-моддасининг 1-қисмига мувофиқ, ходимнинг соғлиғига шикаст етказилганлиги ёки унинг вафоти муносабати билан иш берувчи томонидан бир йўла бериладиган нафақанинг миқдори жамоа шартномасида, агар бундай шартнома тузилмаган бўлса, иш берувчи билан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа органи ўртасидаги келишувга биноан белгиланиши туфайли, меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда соғлиққа шикаст етказилиши ёки боқувчининг вафоти туфайли етказилган зарарни ундириш ҳақидаги низоларни кўришда суд жамоа шартномасини, бундай шартнома тузилмаган бўлса, иш берувчи билан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа органи ўртасидаги келишувни талаб қилиб олиши лозим.

Жамоа шартномаси ёки иш берувчи билан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа органи ўртасидаги келишувда бир йўла бериладиган нафақа миқдори амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган миқдордан кам бўлса ёки миқдор кўрсатилмаган бўлса ёхуд бундай шартнома, келишув тузилмаган бўлса, у ҳолда бир йўла бериладиган нафақанинг миқдорини белгилаш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 194-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ ҳал қилинади.


13. Жабрланувчи меҳнатда майиб бўлиши сабабли қўшимча харажатлар сарфлаган бўлса, улар иш берувчи томонидан Қоиданинг 22-25-бандларида белгиланган тартиб ва миқдорда қопланади.

Агар жабрланувчи махсус транспорт воситалари (қўл билан бошқариладиган автомобиль, моторли аравача)га муҳтож бўлса, уларни сотиб олиш натижасида етказилган зарар ТМЭК томонидан кўрсатилган транспорт воситаси қиймати доирасида қопланади.

Махсус транспорт воситаларини капитал таъмирлаш учун сарфланган харажатлар ҳам қайд этилган тартибда қопланади.

Қоидаларнинг 23-бандига мувофиқ, махсус тиббий парваришга ҳамда уй шароитидаги парваришга муҳтож бўлган жабрланувчига, уй шароитидаги парвариш билан боғлиқ харажатлар махсус тиббий парвариш харажатларидан ташқари қопланади.

Жабрланувчи ким томонидан парвариш қилинганлиги ва бу харажатлар ҳақиқатда сарфланган-сарфланмаганлигидан қатъи назар, бундай харажатларнинг қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Келгуси вақт учун қўшимча харажатлар ТМЭК хулосасида белгиланган муддат доирасида ундирилади.


14. Ходимнинг меҳнат қобилияти тўлиқ ёки қисман йўқолишига олиб келган касб касаллигининг келиб чиқишида иш берувчининг айби мавжуд бўлган тақдирдагина жабрланувчига зарар ундириб берилади.

Бинобарин, судлар касб касаллиги аниқланганлиги ҳолатининг ўзи иш берувчига зарарни қоплаш мажбуриятини юклаш учун етарли асос бўла олмаслигини назарда тутишлари лозим. Мазкур турдаги ишларни кўришда ходимда бундай касалликнинг мавжудлигини тасдиқловчи ёзма далил (тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси (ТМЭК) гувоҳлантирган далолатнома, касаллик тарихидан кўчирма ва бошқа)ларни текшириш билан бир қаторда, судлар иш берувчи томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш ҳоллари бор-йўқлигига ҳар бир ҳолатда алоҳида эътибор беришлари шарт.


15. Судларга тушунтирилсинки, жабрланувчига иш берувчи томонидан зарар етказилганда, унинг қўпол эҳтиётсизлиги зарарни қоплаш ҳақидаги даъвони тўлиқ рад қилишга асос бўла олмайди.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 191-моддаси талабига мувофиқ, агар жабрланувчининг қўпол эҳтиётсизлиги зарарнинг келиб чиқиши ёки кўпайишига сабаб бўлса, тўланиши лозим бўлган зарар миқдори жабрланувчининг айби даражасига мутаносиб равишда камайтирилади.

Бундай ҳолда зарарни қоплашни рад қилишга йўл қўйилмайди.

Жабрланувчининг эҳтиётсизлиги - қўпол эҳтиётсизлик ёки зарар миқдорига таъсир қилмайдиган оддий эътиборсизлик масаласи ҳар бир ҳолда муайян ҳолатлардан келиб чиқиб ҳал қилиниши керак. Хусусан, жабрланувчининг мастлик ҳолати етказилган зарар билан сабабий боғланишда бўлиб, унинг келиб чиқишига ёки кўпайишига олиб келган тақдирда қўпол эҳтиётсизлик деб ҳисобланиши мумкин.

Зарарни тўлашнинг қўшимча турларига, бир йўла нафақа тўлашга, шунингдек боқувчисининг вафоти туфайли етказилган зарар тўловларига нисбатан аралаш жавобгарлик қўлланилмаслигига судларнинг эътибори қаратилсин.


16. Ошиқча хавф манбаи томонидан ходимнинг соғлиғига етказилган зарарни иш берувчи, башарти зарар уни бартараф қилиш мумкин бўлмаган кучлар туфайли ёки жабрланувчининг қасддан қилган ҳаракати оқибатида келиб чиққанлигини исботлаб беролмаса, тўлаши шарт.

Ошиқча хавф манбаи ва унинг эгаси ҳақидаги тушунча Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 999-моддасида батафсил ёритиб берилганлигини судлар эътиборда тутишлари лозим.


17. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 187-моддасига мувофиқ, маънавий зарар (жисмоний ёки руҳий азоблар) пул шаклида ёки бошқа моддий шаклда ҳамда иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишувга мувофиқ равишда, ходим меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда вафот этган тақдирда эса, иш берувчи ва вафот этган ходимнинг оила аъзолари ўртасидаги келишувга мувофиқ равишда белгиланган миқдорда қопланади.

Маънавий зарарни қоплаш усули ва миқдори ҳақида низо вужудга келганда, судлар, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1022-моддасига риоя қилишлари лозим.

Бахтсиз ҳодиса маънавий зарарни қоплаш назарда тутилган қонун амалга киритилгандан кейин содир бўлган бўлса, бундай ҳолда жабрланувчига етказилган маънавий зарар қопланади. Чунки, бу қонун амалга киритилгунга қадар соғлиғига шикаст етказилиши ёки боқувчиси вафот этганлиги муносабати билан етказилган зарар учун қонунда бундай мулкий жавобгарлик тури белгиланмаган.


18. Корхона тугатилган ёки қайта ташкил этилган тақдирда, тегишли тўловларни тўлаш мажбурияти Қоидаларнинг 42-бандига мувофиқ, унинг ҳуқуқий ворисига юкланади.

Корхона тугатилганда, зарарни қоплаш тўловлари суммаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган тартибда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ўтказилмаган тақдирда зарарни ундириш ҳақидаги даъво унинг ҳуқуқий ворисига ёки юқори турувчи хўжалик органига берилади.


19. Меҳнат вазифаларини бажариши муносабати билан ходимнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги ишларни кўришда, судлар, зарар етказилишининг сабабларини аниқлашга алоҳида аҳамият беришлари, зарур ҳолларда уларга хусусий ажрим чиқариш йўли билан муносабат билдиришлари лозим.


20. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига мунтазам равишда мазкур тоифадаги ишлар бўйича суд амалиётини умумлаштириб бориш тавсия этилсин.


Ўзбекистон Республикаси

Олий суд раиси                                                      Ф.Ф. Муҳитдинова



Пленум котиби,

Олий суд судьяси                                                  Х.М. Ҳасанов





















Время: 0.0083
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск