язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Конституциялар ва кодекслар/ Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси/ Фуқаролик кодекси. (50-58 боблар. 862-1030 моддалар)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ФУҚАРОЛИК КОДЕКСИ



50-58-Боблар


50-БОБ. КОМПЛЕКС ТАДБИРКОРЛИК

ЛИЦЕНЗИЯСИ (ФРАНШИЗИНГ)


862-модда. Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси

Комплекс тадбиркорлик лицензияси (франшизинг) шартномаси бўйича бир тараф (комплекс лицензиар) иккинчи тарафга (комплекс лицензиатга) ҳақ эвазига лицензиарнинг фирма номидан ҳамда қўриқланадиган тижорат ахборотидан, шунингдек шартномада назарда тутилган мутлақ ҳуқуқларга кирувчи бошқа объектлардан (товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва ихтиролар ҳамда бошқалардан) лицензиатнинг тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш ҳуқуқини ўз ичига оладиган мутлақ ҳуқуқлар комплексини (лицензия комплекси) бериш мажбуриятини олади.

Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси лицензия комплексидан, лицензиарнинг иш соҳасидаги обрўсидан ва тижорат соҳасидаги тажрибасидан муайян ҳажмда (хусусан, минимал ва ёки максимал ҳажмда фойдаланишни белгилаб қўйган ҳолда) муайян фаолият соҳасига (лицензиардан олинган ёки лицензиат ишлаб чиқарган товарларни сотиш, хизматларни кўрсатиш, ишлар бажариш, савдо фаолиятини амалга ошириш ва ҳоказо) қўллаган ҳолда, фойдаланиш ҳудудини кўрсатиб ёки кўрсатмасдан фойдаланишни назарда тутади.

Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси бўйича фақат тижорат ташкилотлари ва тадбиркорлар сифатида рўйхатга олинган фуқароларгина тарафлар бўлиши мумкин.

Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси муддат кўрсатилган, шунингдек кўрсатилмаган ҳолда (муддатсиз шартнома) тузилиши мумкин.

Башарти ушбу бобда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса ёки у шартноманинг моҳиятидан келиб чиқмаса, комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасига ушбу Кодекснинг интеллектуал мулк ҳақидаги қоидалари тегишли суратда қўлланади.


863-модда. Комплекс тадбиркорлик лицензияси

шартномасининг шакли ва уни рўйхатга

олишга қўйиладиган талаблар

Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси ёзма равишда тузилиши керак ва у шартномага мувофиқ лицензиар сифатида иш кўрадиган юридик шахсни ёки якка тадбиркорни рўйхатга олган орган томонидан рўйхатга олиниши керак. Ушбу қоидага риоя қилмаслик шартноманинг ҳақиқий ҳисобланмаслигига сабаб бўлади.


864-модда. Комплекс тадбиркорлик

бўйича қўшимча лицензия

Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасида лицензиатнинг ўзига берилган лицензия комплекси ёки унинг бир қисмидан бошқа шахсларнинг у лицензиар билан келишган ёки комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасида белгиланган шартларда фойдаланишига рухсат бериш ҳуқуқи назарда тутилиши мумкин. Худди шунингдек, шартномада лицензиатнинг муайян вақт давомида фойдаланиш ҳудудини кўрсатган ёки кўрсатмаган ҳолда муайян миқдорда қўшимча лицензиялар бериш мажбурияти ҳам ёзиб қўйилиши мумкин.

Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасининг бекор қилиниши комплекс тадбиркорлик бўйича қўшимча лицензияни ҳам бекор қилади.



865-модда. Комплекс тадбиркорлик лицензияси

шартномаси бўйича ҳақ тўлаш шакли

Лицензиат лицензиарга қатъий белгилаб қўйилган бир йўла ёки даврий тўловлар, тушумдан ажратмалар, лицензиар томонидан унга қайта сотиш учун етказиб бериладиган товарларнинг улгуржи нархларига устамалар шаклида ёки комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасида назарда тутилган бошқа шаклда ҳақ тўлайди.



866-модда. Лицензиарнинг мажбуриятлари

Лицензиар:

лицензиатга техникавий ва тижорат ҳужжатларини топшириши ҳамда лицензиат комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси бўйича ўзига берилган ҳуқуқларни амалга ошириши учун зарур бўлган бошқа ахборотни тақдим этиши, шунингдек лицензиат ва унинг ходимларига ушбу ҳуқуқларни амалга ошириш билан боғлиқ масалалар юзасидан йўл-йўриқлар бериши шарт;

лицензиатга шартномада назарда тутилган лицензияларни бериши, уларнинг белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминлаши;

лицензиатга доимий техникавий ва маслаҳат ёрдами кўрсатиши, шу жумладан ходимларни ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишда ёрдам бериши шарт.

Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасида лицензиарнинг бошқа мажбуриятлари ҳам назарда тутилиши мумкин.



867-модда. Лицензиатнинг мажбуриятлари

Лицензиат комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси бўйича амалга оширадиган фаолиятнинг характери ва хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда лицензиат:

шартномада назарда тутилган фаолиятни амалга ошириш чоғида лицензиарнинг фирма номидан шартномада кўрсатилган тарзда фойдаланиши;

у шартнома асосида ишлаб чиқараётган товарлар, кўрсатаётган хизматлар, бажараётган ишлар сифати бевосита лицензиарнинг ўзи ишлаб чиқараётган, кўрсатаётган ёки бажараётган шундай товарлар, хизматлар ёки ишларнинг сифатига аниқ мос бўлишини таъминлаши;

лицензиарнинг лицензия комплексига кирувчи алоҳида ҳуқуқлардан фойдаланиш характери, усуллари ва шартлари бу ҳуқуқлардан лицензиарнинг фойдаланишига аниқ мос келишига қаратилган барча йўриқномалари ва кўрсатмаларига, шу жумладан лицензиат шартнома бўйича ўзига берилган ҳуқуқларни амалга ошириш вақтида фойдаланадиган тижорат биноларининг ташқи ва ички безакларига доир кўрсатмаларига ҳам риоя этиши;

сотиб олувчилар (буюртмачилар) бевосита лицензиардан товар (хизмат, иш) ни сотиб олган (буюртма берган) вақтда уларга умид қилишлари мумкин бўлган ҳамма қўшимча хизматларни кўрсатиши;

лицензиарнинг ишлаб чиқариш сирларини ва ундан олган бошқа махфий тижорат ахборотини ошкор қилмаслиги;

агар шартномада тўғридан-тўғри назарда тутилган бўлса, шартлашилган миқдорда ёрдамчи лицензияларни бериши;

комплекс тадбиркорлик лицензияси туфайли фирма номидан, товар белгисидан, хизмат кўрсатиш белгисидан ёки бошқа индивидуаллаштириш воситасидан фойдаланаётганлигини сотиб олувчиларга (буюртмачиларга) улар учун жуда аниқ усулда маълум қилиши шарт.


868-модда. Комплекс тадбиркорлик лицензияси

шартномасининг чеклайдиган шартлари

Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасида чеклайдиган (эксклюзив) шартлар, хусусан:

лицензиарнинг лицензиатга бириктириб қўйилган ҳудудда фойдаланиш учун бошқа худди шундай комплекс тадбиркорлик лицензияларини бермаслик ёки ушбу ҳудудда бевосита мустақил фаолият олиб бормаслик мажбурияти;

лицензиатнинг комплекс тадбиркорлик лицензиясидан фойдаланиладиган ҳудудда лицензиар билан рақобатлашмаслик мажбурияти;

лицензиатнинг лицензиарнинг рақобатчиларидан (бўлажак рақобатчиларидан) бошқа комплекс тадбиркорлик лицензияларини олишдан воз кечиши;

лицензиатнинг шартнома бўйича ўзига берилган алоҳида ҳуқуқларни амалга ошириш вақтида фойдаланиладиган тижорат бинолари жойлаштириладиган ерни, шунингдек уларнинг ташқи ва ички безакларини лицензиар билан келишиш мажбурияти назарда тутилиши мумкин.

Агар чеклайдиган шартлар тегишли бозорнинг ҳолатини ва тарафларнинг иқтисодий мавқеини ҳисобга олганда рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид бўлса, бу шартлар монополияга қарши орган ёки бошқа манфаатдор шахснинг даъвосига кўра ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Агар комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасининг чеклайдиган шартларига кўра:

лицензиар лицензиатнинг товарни сотиш баҳосини ёки лицензиат бажарадиган (кўрсатадиган) ишлар (хизматлар) нархини белгилашга, ёки мазкур нархларнинг юқори ва пастки чегараларини белгилаб қўйишга ҳақли бўлса;

лицензиат товарларни фақат маълум тоифадаги сотиб олувчиларга (буюртмачиларга) ёки шартномада белгилаб қўйилган ҳудудда жойлашган (яшайдиган) сотиб олувчиларга (буюртмачиларга)гина сотишга, ишларни бажаришга ёки хизматлар кўрсатишга ҳақли бўлса, бундай чекловчи шартлар ҳақиқий эмас.


869-модда. Лицензиарнинг лицензиатга қўйиладиган

талаблар бўйича жавобгарлиги

Лицензиат комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси бўйича сотаётган (бажараётган, кўрсатаётган) товарлар (ишлар, хизматлар) сифати шартномага мос эмаслиги тўғрисида лицензиатга қўйиладиган талаблар юзасидан лицензиар субсидиар жавобгар бўлади.

Лицензиатга лицензиарнинг маҳсулотини (товарларини) тайёрловчи сифатида қўйиладиган талаблар юзасидан лицензиар лицензиат билан солидар жавобгар бўлади.


870-модда. Комплекс тадбиркорлик

лицензияси шартномасини ўзгартириш

Комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси ушбу Кодекс 28-бобининг қоидаларига мувофиқ ўзгартирилиши мумкин.

Тегишли ўзгартишлар ушбу Кодекснинг 863-моддасида белгиланган тартибда рўйхатга олинган пайтдан бошлаб шартнома ўзгартирилган деб ҳисобланади.



871-модда. Комплекс тадбиркорлик

лицензияси шартномасини бекор қилиш

Муддати кўрсатилиб тузилган комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси ушбу Кодекс 28-бобининг қоидаларига мувофиқ бекор қилиниши мумкин.

Тарафлардан ҳар бири муддатсиз комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасидан истаган вақтда бош тортишга ҳақли бўлиб, агар шартномада узоқроқ муддат назарда тутилган бўлмаса, бу ҳақда иккинчи тарафни олти ой олдин хабардор қилиши керак.

Лицензия комплексига кирган фирма номини янги фирма номи билан алмаштирмасдан унга бўлган ҳуқуқ бекор қилинган тақдирда комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси бекор қилинади.

Муддати кўрсатиб тузилган комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш, шунингдек муддатсиз комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасини бекор қилиш ушбу Кодекснинг 863-моддасида белгиланган тартибда рўйхатга олиниши керак.



872-модда. Тарафлар ўзгарганида комплекс тадбиркорлик

лицензияси шартномасининг ўз кучида қолиши

Лицензия комплексига кирувчи бирон-бир алоҳида ҳуқуқнинг бошқа шахсга ўтиши комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномасини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлмайди. Янги лицензиар ўзига ўтган алоҳида ҳуқуқ жумласига кирувчи ҳуқуқлар ва мажбуриятлар бўйича шартномага киришади.

Лицензиар фуқаро вафот этган тақдирда, унинг комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари меросхўрга, башарти бу меросхўр тадбиркор сифатида рўйхатга олинган бўлса ёки мерос очилган кундан эътиборан олти ой мобайнида тадбиркор сифатида рўйхатга олинса, ўтади. Акс ҳолда шартнома бекор қилинади.

Меросхўр тегишли ҳуқуқ ва мажбуриятларни қабул қилиб олгунча ёки меросхўр тадбиркор сифатида рўйхатга олингунча бўлган даврда лицензия комплексини нотариус томонидан белгиланган тартибда тайинланадиган бошқарувчи идора қилади.


873-модда. Фирма номи ўзгарганида комплекс тадбиркорлик

лицензияси шартномасининг ўз кучида қолиши

Лицензиар ўзининг фирма номини ўзгартирган тақдирда, агар лицензиат шартномани бекор қилишни талаб қилмаса, комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси сақланиб қолади ва лицензиарнинг янги фирма номига нисбатан амал қилади. Шартноманинг амал қилиши сақланиб қолган тақдирда лицензиат лицензиарга тегишли бўлган ҳақни мутаносиб равишда камайтиришни талаб қилишга ҳақли бўлади.



874-модда. Лицензия комплексига кирадиган

алоҳида ҳуқуқнинг бекор бўлиш оқибатлари

Агар комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси амал қилиб турган даврда лицензия комплексига кирувчи алоҳида ҳуқуқнинг амал қилиш муддати тугаса ёки бундай ҳуқуқ бошқа асосга кўра бекор бўлса, шартнома бекор бўлган ҳуқуққа тааллуқли қоидаларни чегириб ташлаган ҳолда сақланиб қолади, лицензиат эса, агар шартномада бошқа ҳол назарда тутилган бўлмаса, лицензиарга тегишли бўлган ҳақни мутаносиб равишда камайтиришни талаб қилишга ҳақли бўлади.


51-БОБ. ОМОНАТ САҚЛАШ


1-§. ОМОНАТ САҚЛАШ ҲАҚИДА УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


875-модда. Омонат сақлаш шартномаси

Омонат сақлаш шартномаси бўйича бир тараф (омонат сақловчи) унга иккинчи тараф (юк топширувчи) берган ашёни сақлаш ва бу ашёни тўла ҳолида қайтариш мажбуриятини олади.

Омонат сақлашни ўз касб фаолиятининг мақсадларидан бири сифатида амалга оширадиган ташкилот (профессионал омонат сақловчи) омонат сақлаш шартномасида сақловчининг юк топширувчидан ашёни шартномада назарда тутилган муддатда сақлашга қабул қилиш мажбурияти кўзда тутилиши мумкин.



876-модда. Ашёни сақлашга қабул қилиш

мажбуриятини бажариш

Омонат сақлашни тадбиркорлик ёки бошқа профессионал фаолият сифатида амалга оширадиган омонат сақловчи омонат сақлаш шартномаси бўйича ўз зиммасига юк топширувчининг ашёларини сақлашга қабул қилиш ва юк топширувчи берган нарсаларни ушбу моддада назарда тутилган қоидаларга мувофиқ сақлаш мажбуриятини олиши мумкин.

Омонат сақлаш шартномаси бўйича ашёни сақлашга қабул қилиш мажбуриятини олган омонат сақловчи бу ашёни сақлаш учун ўзига беришни талаб қилишга ҳақли эмас. Бироқ, ашёни омонат сақлаш шартномасида назарда тутилган муддатда сақлашга топширмаган юк топширувчи, агар қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ашёни сақлашга топширмаганлиги муносабати билан етказилган зарар учун омонат сақловчи олдида жавобгар бўлади.

Агар омонат сақлаш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ашё шартномада келишилган муддатда сақлашга топширилмаган ҳолларда, борди-ю, бу муддат белгиланмаган бўлса, шартнома тузилган кундан бошлаб уч ой ўтганидан кейин омонат сақловчи ашёни сақлашга қабул қилиш мажбуриятидан озод этилади.



877-модда. Омонат сақлаш шартномасининг шакли

Омонат сақлаш шартномаси ёзма равишда тузилиши керак бўлган ҳолларда (ушбу Кодекснинг 108-моддаси) агар ашёнинг сақлашга қабул қилинганлиги омонат сақловчи томонидан юк топширувчига сақлаш тилхати, паттаси, гувоҳномасини, омонат сақловчи имзолаган бошқа ҳужжатни бериш йўли билан тасдиқланган бўлса, шартноманинг ёзма шаклига риоя қилинган ҳисобланади.

Агар ашё сақлаш учун фавқулодда ҳолатларда (ёнғин, табиий офат, тўсатдан касал бўлиш, ҳужум хавфи ва бошқалар) топширилган бўлса,шартноманинг ёзма шаклига риоя қилиш талаб этилмайди.

Омонат сақлаш шартномаси омонат сақловчи томонидан юк топширувчига, агар бунга қонун ҳужжатларида йўл қўйилса ёки у сақлашнинг ушбу тури учун одатдаги ҳол бўлса, ашёлар сақлаш учун қабул қилинганлигини тасдиқлайдиган номерли жетон (номер) ёки бошқа белги бериш йўли билан тузилиши мумкин.

Омонат сақлаш шартномасининг оддий ёзма шаклига риоя қилмаслик сақлашга қабул қилинган ашё билан омонат сақловчи қайтарган ашёнинг айнан ўзилиги хусусида низо чиққан тақдирда, тарафларни гувоҳларнинг кўрсатмаларини важ қилиб келтириш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.



878-модда. Омонат сақлаш муддати

Омонат сақловчи ашёни шартномада келишилган муддат давомида сақлаши шарт. Агар шартномада сақлаш муддати назарда тутилган бўлмаса ва уни шартноманинг шартларига қараб аниқлаш мумкин бўлмаса, ашё юк топширган шахс томонидан талаб қилиб олингунча сақланади.

Агар сақлаш муддати ашёни юк топширган шахс томонидан талаб қилиб олиш пайтигача қилиб белгиланган бўлса, омонат сақловчи бундай вазиятларда одат бўлган ашёни сақлаш муддати тугагач, ашёнинг юк топширган шахс томонидан қайтариб олинишини талаб қилишга ҳақли бўлиб, ашёни топширган шахсга уни қабул қилиб олиш учун оқилона муддат беради. Юк топширувчининг бу мажбуриятни бажармаслиги ушбу Кодекс 888-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган оқибатларга олиб келади.



879-модда. Ашёларни эгасизлантириб сақлаш

Ашё эгасизлантириб сақланганида сақлаш учун қабул қилинган ашёлар бошқа юк топширувчиларнинг шунга ўхшаш ва шундай сифатли ашёлари билан аралаштириб юборилиши мумкин. Юк топширувчига тенг миқдорда ёки тарафлар келишган миқдорда шунга ўхшаш ва шундай сифатли ашёлар қайтариб берилади.

Эгасизлантириб сақлаш бундай ҳол омонат сақлаш шартномасида бевосита назарда тутилган ҳоллардагина амалга оширилади.



880-модда. Омонат сақловчининг ашё тўлиқ

сақланишини таъминлаш мажбуриятлари

Омонат сақловчи сақлашга топширилган ашёнинг тўлиқ сақланишини таъминлаш учун омонат сақлаш шартномасида назарда тутилган, шунингдек бошқа барча зарур чора-тадбирларни кўриши шарт.

Агар шартномада эгасизлантириб сақлаш назарда тутилган бўлмаса, омонат сақловчи сақлаш учун ўзига берилган ашёни юк топширувчига ёки у олувчи сифатида кўрсатган бошқа шахсга топшириши шарт. Ашё сақлашга қандай ҳолатда топширилган бўлса, ўша ҳолатда, унинг табиий ёмонлашувини ёки табиий камайишини ҳисобга олиб қайтариб берилиши шарт.

Омонат сақловчи ашёни қайтариш билан бир вақтда, башарти омонат сақлаш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, уни сақлаш вақтида олинган ҳосил ва даромадларни ҳам топшириши шарт.



881-модда. Омонат сақлашга топширилган

ашёдан фойдаланиш

Омонат сақловчи ўзига сақлаш учун топширилган ашёдан юк топширувчининг розилигисиз фойдаланишга, шунингдек учинчи шахсларга ундан фойдаланиш имкониятини беришга ҳақли эмас, сақланаётган ашёдан фойдаланиш унинг тўлиқ сақланишини таъминлаш учун зарур бўлган ҳоллар бундан мустасно.



882-модда. Омонат сақлаш шартларини ўзгартириш

Омонат сақловчи ашёни сақлаш шартларини ўзгартириш зарурлиги ҳақида дарҳол юк топширувчини хабардор қилиши ва унинг жавобини кутиши шарт.

Ашёнинг йўқолиши ёки шикастланиши хавфи пайдо бўлган тақдирда, омонат сақловчи сақлаш шартномасида назарда тутилган сақлаш усули, жойи ва бошқа шартларни юк топширувчининг жавобини кутмасдан ўзгартириши шарт.

Агар сақлаш вақтида ашёнинг бузилиш хавфи аниқ бўлиб қолса ёки ашё бузилган бўлса, ёки унинг тўлиқ сақланишини таъминлашга имкон бермайдиган вазиятлар вужудга келган бўлса, юк топширувчи эса ўз вақтида чоралар кўришини кутиш мумкин бўлмаса, омонат сақловчи ашёни ёки унинг бир қисмини сақлаш жойида амалда бўлган баҳода мустақил сотишга ҳақли. Агар мазкур вазиятлар омонат сақловчи айбдор бўлмаган сабабларга кўра вужудга келган бўлса, у сотиш учун қилган ўз харажатларини харид баҳосидан ундириш ҳуқуқига эга.



883-модда. Хавфли хоссаларга эга бўлган ашёларни сақлаш

Агар юк топширувчи тез ёнадиган, портлаш хавфи бўлган ёки ўз табиатига кўра хавфли бўлган ашёларни сақлаш учун топшираётган вақтда сақловчини уларнинг хоссалари ҳақида огоҳлантирмаган бўлса, омонат сақловчи бу ашёларни кўрилган зиённи юк топширувчига тўламаган ҳолда истаган вақтда зарарсизлантириши ёки йўқ қилиб ташлаши мумкин. Юк топширувчи бундай ашёлар сақланиши муносабати билан сақловчига ва учинчи шахсларга етказилган зарар учун жавоб беради.

Хавфли хоссаларга эга бўлган ашёлар сақлаш учун профессионал омонат сақловчига топширилган вақтда ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қоидалар бундай ашёлар сақлаш учун нотўғри ном билан топширилган ва омонат сақловчи уларни қабул қилиб олиш чоғида сиртидан кўздан кечириш йўли билан уларнинг хавфли хоссаларга эгалигини била олмаган тақдирда қўлланади.

Ашёлар ҳақ эвазига сақланган тақдирда, ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда ашёларни сақлаш учун тўланган ҳақ қайтариб берилмайди, борди-ю, бу ҳақ тўланмаган бўлса, омонат сақловчи уни тўла-тўкис ундириб олиши мумкин.

Агар омонат сақловчи хабардор бўлгани ҳолда ва унинг розилиги билан сақлашга қабул қилинган ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ашёлар, гарчи уларни сақлаш шартларига риоя этилган бўлса-да, атрофдагилар учун ёки омонат сақловчи ёхуд учинчи шахсларнинг мол-мулки учун хавфли бўлиб қолган бўлса ҳамда вазият омонат сақловчининг юк топширувчидан уларни дарҳол олиб кетишни талаб қилишига имкон бермаса ёки юк топширувчи бу талабни бажармаса, ушбу ашёлар омонат сақловчи томонидан юк топширувчига зиённи тўламаган ҳолда зарарсизлантирилиши ёки йўқ қилиб ташланиши мумкин. Бундай ҳолларда юк топширувчи ушбу ашёларни сақлаш муносабати билан келтирилган зарар учун омонат сақловчи ва учинчи шахслар олдида жавобгар бўлмайди.



884-модда. Ашёни сақлаш учун учинчи шахсга топшириш

Агар қонун ҳужжатларида ёки омонат сақлаш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, омонат сақловчи юк топширувчининг розилигисиз ашёни сақлаш учун учинчи шахсга топширишга ҳақли эмас, башарти буни юк топширувчининг манфаатлари зарур қилиб қўйган ва омонат сақловчи унинг розилигини олиш имкониятидан маҳрум бўлган бўлмаса. Омонат сақловчи ашёни учинчи шахсга топширганлиги ҳақида юк топширувчини кечиктирмай хабардор қилиши шарт.

Сақлаш учун ашё топширилган учинчи шахснинг ҳаракатлари учун омонат сақловчи жавоб беради.



885-модда. Омонат сақлаганлик учун тўланадиган ҳақ

Омонат сақлаганлик учун ҳақ сақловчига сақлаш тамом бўлганидан кейин, борди-ю, сақлаш учун даврлар бўйича ҳақ тўлаш назарда тутилган бўлса - ҳар бир давр тамом бўлганидан кейин тўланиши шарт.

Агар сақлаш омонат сақловчи жавобгар бўлмаган вазиятлар туфайли шартлашилган муддатидан олдин тўхтатилса, омонат сақловчи ҳақнинг мутаносиб қисмини, ушбу Кодекс 883-моддасининг биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда эса, ҳақнинг ҳаммасини олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Агар сақлаш омонат сақловчи жавобгар бўладиган вазиятлар туфайли муддатидан олдин тўхтатилса, у сақлаганлик учун ҳақ талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлмайди, бу ҳақ устидан олган суммаларни эса юк топширувчига қайтариши шарт.

Агар шартномада назарда тутилган муддат тугаганидан кейин сақлаб турилган ашё юк топширувчи томонидан қайтариб олинмаган бўлса, у ашёни бундан кейин сақлагани учун омонат сақловчига тегишли миқдорда ҳақ тўлаши шарт.

Ушбу модданинг қоидалари омонат сақлаш шартномасида бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса қўлланилади.



886-модда. Омонат сақлаш юзасидан қилинган

харажатларни қоплаш

Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ашёни сақлаш харажатлари тўланадиган ҳақ суммасига киритилади. Алоҳида харажатлар омонат сақлаш шартномасида назарда тутилган ҳақ суммасига ёки харажатлар таркибига киритилмаслиги назарда тутилади.

Агар омонат сақлаш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ашё текинга сақланганида юк топширувчи амалда қилинган зарур харажатларни омонат сақловчига тўлаши шарт.



887-модда. Омонат сақлаш учун қилинган

алоҳида харажатлар

Ашёни сақлаш учун қилинган, одатдаги бундай харажатлардан ортиқ бўлган ҳамда омонат сақлаш шартномасини тузиш чоғида тарафлар олдиндан кўриши мумкин бўлмаган харажатлар (алоҳида харажатлар), башарти юк топширувчи ушбу харажатларга розилик берган ёки уларни кейинчалик маъқуллаган бўлса, шунингдек қонун ҳужжатларида ёки шартномада назарда тутилган бошқа ҳолларда омонат сақловчига тўланади.

Алоҳида харажатларни қилиш зарур бўлиб қолганида, омонат сақловчи юк топширувчидан ушбу харажатларга розилик сўраши шарт. Агар юк топширувчи омонат сақловчи кўрсатган муддатда ёки жавоб бериш учун етарли бўлган вақтда ўзининг рози эмаслигини хабар қилмаса, у алоҳида харажатларга рози бўлган, деб ҳисобланади.

Ишнинг ҳолатларига кўра юк топширувчининг розилигини олдиндан олиш мумкин бўлса-да, омонат сақловчи бундай розиликни олмасдан туриб сақлаш учун алоҳида харажатлар қилган ва юк топширувчи кейинчалик уларни маъқулламаган тақдирда, омонат сақловчи алоҳида харажатларни фақат ушбу харажатлар қилинмаса ашёга етказилиши мумкин бўлган зарар доирасида қоплашни талаб қилиши мумкин.

Агар сақлаш шартномасида бошқа ҳол назарда тутилган бўлмаса, алоҳида харажатлар сақлаш ҳақига қўшимча равишда тўланади.


888-модда. Ашёнинг юк топширувчи

томонидан қайтариб олиниши

Юк топширувчи шартномада назарда тутилган сақлаш муддати тамом бўлгач, сақлаш учун топширилган ашёни қайтариб олиши шарт.

Юк топширувчи ашёни олишдан бош тортган тақдирда, агар омонат сақлаш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, омонат сақловчи ашёни мустақил суратда сотишга, унинг қиймати белгиланган энг кам иш ҳақининг эллик бараварига тенг суммадан ортиқ бўлган тақдирда эса - ушбу Кодекснинг 379, 380 ва 381-моддаларида назарда тутилган тартибда сотишга ҳақли.

Ашёни сотишдан тушган сумма омонат сақловчига тегишли ҳақ чегириб ташлангач, юк топширувчига берилади.



889-модда. Ашё йўқолганлиги, кам чиқ

қанлиги

ёки шикастланганлиги учун омонат

сақловчининг жавобгарлиги


Омонат сақловчи сақлаш учун қабул қилинган ашё йўқолганлиги, кам чиққанлиги ёки шикастланганлиги учун ушбу Кодекснинг 333-моддасида назарда тутилган асосларга кўра жавобгар бўлади. Профессионал омонат сақловчи ашёнинг йўқолиши, кам чиқиши ёки шикастланиши:

енгиб бўлмас куч таъсири оқибатида;

ашёнинг уни сақлаш учун қабул қилиш чоғида омонат сақловчи билмаган ва билиши шарт бўлмаган яширин хоссалари туфайли;

сақланаётган ашёнинг йўқолганлиги, кам чиққанлиги ёки шикастланганлиги юк топширувчининг қасддан қилганлиги ёки қўпол эҳтиётсизлиги натижасида юз берганлигини исботламаса жавобгар бўлади.

Шартномада назарда тутилган сақлаш муддати ёки омонат сақловчининг талабига кўра ашёни қайтариб олиши шарт бўлган вақт тугагач, юк топширувчи сақланаётган ашёни қайтариб олмаса, омонат сақловчи бундан буён ашё йўқолганлиги, кам чиққанлиги ёки шикастланганлиги учун қасддан ҳаракат қилган ёки қўпол эҳтиётсизлик қилган тақдирдагина жавоб беради.



890-модда. Омонат сақловчининг жавобгарлик даражаси

Ашё йўқолганлиги, кам чиққанлиги ёки шикастланганлиги туфайли юк топширувчига етказилган зарар, агар қонунда ёки сақлаш шартномасида бошқа ҳол назарда тутилган бўлмаса, ушбу Кодекснинг 324-моддасига мувофиқ омонат сақловчи томонидан қопланади.

Ашё текин сақланганида унинг йўқолиши, кам чиқиши ёки шикастланиши туфайли юк топширувчига етказилган зарар:

ашёлар йўқолганлиги ва кам чиққанлиги учун - йўқолган ёки етишмаётган ашёларнинг қиймати миқдорида;

ашёлар шикастланганлиги учун - уларнинг қиймати қанча суммага камайган бўлса, шунча сумма миқдорида қопланади.

Агар омонат сақловчи жавобгар бўлган ҳолда шикаст етиши натижасида ашёнинг сифати ундан дастлабки вазифаси бўйича фойдаланиш мумкин бўлмайдиган даражада ўзгарган бўлса, юк топширувчи ундан воз кечишга ва омонат сақловчидан ушбу ашёнинг қийматини, шунингдек, агар қонунда ёки омонат сақлаш шартномасида назарда тутилган бўлса, бошқа зарарни ҳам қоплашни талаб қилишга ҳақли.


891-модда. Омонат сақловчига етказилган зарарни қоплаш

Агар омонат сақловчи ашёни сақлаш учун қабул қилиб олаётган пайтида унинг хоссаларини билмаган ва билиши шарт бўлмаган бўлса, юк топширувчи сақлаш учун топширилган ашёнинг хоссалари туфайли етказилган зарарни омонат сақловчига тўлаши шарт.



892-модда. Юк топширувчининг талаби билан

омонат сақлаш мажбуриятининг бекор бўлиши

Шартномада юкни қайтариб беришнинг бошқача муддати белгиланган бўлса ҳам, омонат сақловчи юк топширувчининг талаби билан сақлашга қабул қилинган ашёни дарҳол қайтариб бериши керак. Бу ҳолда, агар омонат сақлаш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, юк топширувчи мажбуриятни муддатидан олдин бекор қилиши туфайли омонат сақловчига етказилган зарарни тўлаши шарт.


893-модда. Омонат сақлаш ҳақидаги умумий

қоидаларни унинг алоҳида турларига

татбиқ этиш

Агар ушбу Кодекснинг 894-913-моддаларида назарда тутилган омонат сақлашнинг алоҳида турлари тўғрисидаги қоидаларда, бошқа қонун ҳужжатларида ўзгача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, омонат сақлаш ҳақидаги умумий қоидалар унинг алоҳида турларига ҳам татбиқ этилади.



2-§. ОМОНАТ САҚЛАШНИНГ АЛОҲИДА ТУРЛАРИ


894-модда. Ломбардда омонат сақлаш

Ломбардда омонат сақлаш учун фуқаролардан шахсий истеъмолга мўлжалланган кўчар ашёлар қабул қилиниши мумкин.

Ашёни ломбардда омонат сақлаш шартномаси ломбард томонидан юк топширувчига (мижозга) унинг номи ёзилган сақлов паттаси бериш йўли билан расмийлаштирилади.

Ломбардга сақлаш учун топшириладиган ашё тарафларнинг келишуви билан сақлаш учун қабул қилиш пайтида ва жойида одатда савдода шу турдаги ва сифатдаги ашёга белгиланадиган нархларга мувофиқ баҳоланиши керак.

Ломбард сақлаш учун қабул қилинган ашёларни ушбу модданинг учинчи қисмига мувофиқ чиқарилган нархнинг тўлиқ суммасида ўз ҳисобидан юк топширувчи фойдасига суғурталаши шарт.


895-модда. Ломбарддан талаб қилиб олинмаган ашёлар

Юк топширувчи ашёларни қайтариб олишдан бош тортган тақдирда, ломбард уларни уч ой мобайнида сақлаб туриши шарт. Бу муддат ўтганидан кейин талаб қилиб олинмаган ашёлар ломбард томонидан ушбу Кодекс 289-моддасининг еттинчи қисмида белгилаб қўйилган тартибда сотилиши мумкин.

Ашёларни сотишдан тушган пулдан сақлаш ҳақи ва ломбардга тегишли бошқа тўловлар қопланади. Пулнинг қолган қисми ломбард томонидан сақлов паттасининг эгасига у тақдим этилганида қайтариб берилади.


896-модда. Бойликларни банкда сақлаш

Банк қимматли қоғозларни, қимматбаҳо металлар ва тошларни, бошқа бойликларни, шунингдек ҳужжатларни сақлаш учун қабул қилиши мумкин.

Банкда бойликларни сақлаш шартномаси банк томонидан бойлик топширувчига номи ёзилган сақлов ҳужжатини бериш йўли билан расмийлаштирилади. Бу ҳужжатни тақдим этиш банк томонидан сақланаётган бойликларни бойлик топширувчига бериш учун асос бўлади.

Қимматли қоғозларни сақлаш (депозит) шартномасида назарда тутилган ҳолларда банк уларнинг тўлиқ сақланишини таъминлашдан ташқари, ушбу қоғозларга нисбатан юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни ҳам (вакиллик ва ҳоказо) амалга оширади.

Бойликларни якка тартибдаги пўлат сандиқдан (пўлат сандиқ бўлинмасидан, сақлаш учун мўлжалланган алоҳида бинодан) фойдаланган ҳолда сақлаш шартномаси банк томонидан бойликларни сақлаш учун қабул қилиш ҳаракатларини амалга ошириш ва бойлик топширувчига пўлат сандиқ калитини, бойлик топширувчини кўрсатадиган варақча, кўрсатувчининг пўлат сандиқни очиш ва ундан бойликларни олиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган бошқа белги ёки ҳужжат бериш йўли билан тузилиши мумкин.

Агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, бойлик топширувчи истаган вақтда бойликларни пўлат сандиқдан олиши, уларни қайта қўйиши, сақланаётган ҳужжатлар билан ишлаши мумкин. Бунда банк бойлик топширувчининг бойликларни олишини ва қайтариб топширишини ҳисобга олиш ҳуқуқига эга.

Бойлик топширувчи бойликларнинг бир қисмини пўлат сандиқдан олган тақдирда, банк бойликларнинг қолган қисми бут сақланиши учун жавобгар бўлади.

Ушбу моддада белгиланган банкнинг пўлат сандиғида бойликларни сақлаш қоидалари банк ўз пўлат сандиғини мулк ижараси шартлари асосида фойдаланиш учун бошқа шахсга берадиган ҳолларга тааллуқли бўлмайди.



897-модда. Ашёларни транспорт

ташкилотларининг юкхоналарида сақлаш

Транспорт ташкилотларининг ихтиёридаги юкхоналар йўловчилар ва бошқа фуқаролардан, уларда йўл ҳужжатлари бор ёки йўқлигидан қатъи назар, ашёларни сақлаш учун қабул қилиши шарт.

Ашёни транспорт ташкилотларининг юкхоналарида сақлаш шартномаси оммавий ҳисобланади. Ашё сақлаш учун юкхонага қабул қилинганлигини тасдиқлаш юзасидан (автомат юкхоналардан ташқари) юк топширувчига патта ёки номерли жетон берилади.

Патта ёки жетон йўқотилган тақдирда юкхонага топширилган ашё юк топширувчига ушбу ашё ўзига қарашли эканлигининг исботини тақдим этган тақдирда берилади.

Юкхонага топширилган ашё йўқолганлиги, кам чиққанлиги ёки шикастланганлиги оқибатида юк топширувчи кўрган зарар суммаси, агар ашёни сақлашга топшириш пайтида у нархланган бўлса ёки зарарнинг ўрнини қоплашга керакли сумма хусусида тарафлар келишиб олган бўлсалар, зарарни қоплаш тўғрисида талаб қўйилган пайтдан бошлаб бир сутка муддатда юк топширувчига тўланади.

Ашё махсус қоидалар ёки тарафларнинг келишуви билан белгиланган муддатга юкхонага топширилиши мумкин. Кўрсатилган муддатда талаб қилиб олинмаган ашёни юкхона яна ўттиз кун сақлаб туриши шарт. Ушбу муддат тамом бўлгач, талаб қилиб олинмаган ашё сотилиши, сотишдан тушган пул эса ушбу Кодекснинг 895-моддасига мувофиқ тақсимланиши мумкин.



898-модда. Ашёни ташкилотларнинг

кийимхоналарида сақлаш

Агар ташкилотларнинг кийимхоналарида ашёларни ҳақ эвазига сақлаш ҳақида ашёни сақлашга топшириш вақтида келишиб қўйилган ёки бошқа очиқ усулда шартлашилган бўлмаса, уларда ашё сақлаш бепул ҳисобланади.

Ашё кийимхонада сақлаш учун қабул қилиб олинганлигини тасдиқлаш учун сақловчи юк топширувчига номерли жетон ёки ашё сақлаш учун қабул қилиб олинганлигини тасдиқловчи бошқа белги беради.

Кийимхонага топширилган ашё жетон тақдим этувчига берилади. Бунда сақловчи жетон тақдим этувчининг ашёни олишга ваколатларини текшириши шарт эмас. Бироқ, омонат сақловчи жетон уни тақдим этувчига қарашли эканлигига шубҳаланса, ашёни жетон тақдим этувчига қайтариб беришни тўхтатиб туришга ҳақли.

Юк топширувчи жетонни йўқотиб қўйган, лекин унинг ашёларни кийимхонага топширганлиги ёки ашёларнинг унга тегишлилиги сақловчида шубҳа туғдирмаган ёхуд юк топширувчи томонидан исботланган ҳолларда ҳам сақловчи кийимхонадаги ашёни беришга ҳақли. Ташкилотларнинг ашёлар кийимхоналарда бут сақланиши учун жавобгарлиги, шунингдек талаб қилиб олинмаган ашёларни сақлаш муддатлари ушбу Кодекс 897-моддасининг тўртинчи ва бешинчи қисмларида кўрсатилган қоидалар бўйича белгиланади.



899-модда. Ашёни меҳмонхонада сақлаш

Меҳмонхона унда яшаётган шахс томонидан олиб кирилган ашёларнинг йўқолганлиги, кам чиққанлиги ёки шикастланганлиги учун омонат сақловчи сифатида алоҳида келишув бўлмаган тақдирда ҳам жавоб беради, ашё енгиб бўлмайдиган куч, ашёнинг ўз хоссалари оқибатида ёки меҳмонхонада яшовчининг ўзи, унинг ҳамроҳлари ёки унинг ёнига келган шахслар айби билан йўқолган, кам чиққан ёки шикастланган ҳоллар бундан мустасно.

Меҳмонхона ходимларига ишониб топширилган ашё ёки мўлжалланган жойга (меҳмонхона номери ва бошқаларга) жойлаштирилган ашё меҳмонхонага олиб кирилган ашё деб ҳисобланади.

Пул, бошқа валюта қимматликлари, қимматли қоғозлар ва бошқа қимматбаҳо ашёлар сақлаш учун алоҳида омонат сақлаш шартномаси бўйича қабул қилиб олинган бўлсагина, меҳмонхона уларнинг йўқолганлиги учун жавобгар бўлади.

Меҳмонхонада яшаётган, ўз ашёларининг йўқолганлиги, кам чиққанлиги ёки шикастланганлигини билиб қолган шахс меҳмонхона маъмуриятига бу ҳақда кечиктирмай хабар қилиши шарт. Акс ҳолда меҳмонхона ашёларнинг тўлиқ сақланмаганлиги учун жавобгарликдан озод қилинади.

Меҳмонхона бу ерда яшаётган шахсларнинг ашёлари сақланиши учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаслигини эълон қилган тақдирда ҳам, жавобгарликдан озод қилинмайди.

Меҳмонхоналарда талаб қилиб олинмаган ашёларни сақлаш муддатлари ва уларнинг тақдири ушбу Кодекс 897-моддасининг бешинчи қисмида ёзиб қўйилган қоидаларга мувофиқ белгиланади.

Ушбу модданинг қоидалари мотеллар, дам олиш уйлари, санаторийлар, ётоқхоналар, ҳаммомларда, шунингдек ташкилотга келадиган фуқароларнинг ашёларини сақлаш учун махсус ажратилган жойларга эга бўлган бошқа ташкилотларда ҳам ашёларни сақлашга нисбатан қўлланади.



900-модда. Низоли ашёларни сақлаш (секвестр)

Секвестр тўғрисидаги шартнома бўйича ашёга эгалик қилиш хусусида ораларида низо чиққан икки ёки бир неча шахс низоли ашёни учинчи шахсга берадилар. Учинчи шахс низо ҳал бўлгач, ашёни суд қарори билан ёки низолашаётган ҳамма шахсларнинг келишувига мувофиқ кимга тегишли бўлса, ўша шахсга қайтариб бериш мажбуриятини олади (шартнома секвестри).

Низоли ашё суднинг қарорига кўра секвестр тартибида сақлаш учун топширилиши мумкин (суд секвестри).

Суд томонидан тайинланган шахс ҳам, шунингдек баҳслашаётган тарафларнинг ўзаро келишувига мувофиқ белгиланадиган шахс ҳам суд секвестри бўйича омонат сақловчи бўлиши мумкин. Ҳар иккала ҳолда ҳам, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, омонат сақловчининг розилиги талаб қилинади.

Секвестр тартибида сақлашга кўчар мулклар ҳам, шунингдек кўчмас мулклар ҳам топширилиши мумкин.


3-§. ТОВАР ОМБОРИДА ОМОНАТ САҚЛАШ


901-модда. Товар омбори

Тадбиркорлик фаолияти сифатида товарларни сақлайдиган ва сақлаш билан боғлиқ хизматларни кўрсатадиган ташкилот товар омбори дейилади.



902-модда. Умумий фойдаланишдаги товар омбори

Агар қонун ҳужжатларига мувофиқ товар омбори товарларни сақлаш учун чегараланган доирадаги шахслардан қабул қилиши мумкин бўлган омборлар жумласига киритилган бўлмаса, у умумий фойдаланишдаги омбор деб ҳисобланади.

Умумий фойдаланишдаги товар омбори томонидан тузиладиган омборда омонат сақлаш шартномаси оммавий шартнома деб ҳисобланади.


903-модда. Омборда омонат сақлаш шартномаси

Омборда омонат сақлаш шартномаси бўйича товар омбори (сақловчи) товар эгаси (юк топширувчи) томонидан ўзига топширилган товарларни ҳақ эвазига сақлаш ва уларни тўлиқ ҳолича қайтариб бериш мажбуриятини олади.

Омборда омонат сақлаш шартномаси ёзма равишда тузилади. Агар омборда сақлаш шартномасини тузиш ва товарни омборга қабул қилиб олиш омбор ҳужжати билан тасдиқланган бўлса, омборда омонат сақлаш шартномасининг ёзма шаклига риоя қилинган ҳисобланади.


904-модда. Ашёларни тасарруф қилиш ҳуқуқи билан сақлаш

Агар қонун ҳужжатларидан ёки омборда омонат сақлаш шартномасидан товар омбори ўзига сақлаш учун топширилган товарларни тасарруф этиши мумкинлиги келиб чиқса, у ҳолда тарафларнинг муносабатларига ушбу Кодекс 41-бобининг қоидалари қўлланади, бироқ товарларни қайтариб бериш вақти ва жойи ушбу бобнинг қоидалари билан белгиланади.



905-модда. Товар омборининг мажбуриятлари

Товар омбори стандартлар, техникавий шартлар, технология йўриқномалари, сақлаш йўриқномалари, айрим турдаги товарларни сақлаш қоидаларида, омбор учун мажбурий бўлган бошқа махсус норматив ҳужжатларда белгилаб қўйилган сақлаш шартлари (тартиботи) га риоя қилиши лозим.

Агар омборда омонат сақлаш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, товар омбори товарларни сақлаш учун қабул қилиб олаётганида уларни ўз ҳисобидан кўздан кечириши керак.

Агар омонат сақлаш эгасизлантириш йўли билан амалга оширилаётган бўлса, товар омбори товар эгасига товарларни ёки уларнинг намуналарини кўздан кечириш, намуна олиш ҳамда товарларнинг тўлиқ сақланишини таъминлаш учун зарур чора-тадбирларни кўриш имкониятларини бериши шарт.

Товарларнинг тўлиқ сақланишини таъминлаш учун сақлаш шароитларини тезлик билан ўзгартириш талаб қилинадиган ҳолларда товар омбори зарур шошилинч чораларни мустақил кўришга ҳақли. У кўрилган чоралар тўғрисида товар эгасига хабар бериши шарт.

Сақлаш вақтида товар омборда омонат сақлаш шартномасида келишилганидан ёки одатдаги табиий бузилиш нормалари доирасидан ташқари чиқадиган даражада бузилганлиги аниқланган тақдирда, товар омбори бу ҳақда дарҳол далолатнома тузиши ва ўша куниёқ юк топширувчини хабардор қилиши шарт.



906-модда. Товар эгасига қайтарилаётган

вақтда унинг миқдори ва ҳолатини текшириш

Товар эгаси ва товар омборининг ҳар бири товарни қайтариб бериш вақтида уни кўздан кечириш ва миқдорини текширишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Шу туфайли қилинган харажатлар товарни кўздан кечиришни ёки унинг миқдорини текширишни талаб қилган тараф зиммасига тушади.

Агар омбор товарни эгасига қайтараётган вақтида улар товарни бирга кўздан кечирмаган ёки текширмаган бўлсалар, товар тегишли даражада сақланмаганлиги оқибатида унинг кам чиқанлиги ёки бузилганлиги ҳақидаги ариза омборга товарни олиш вақтида, товарни қабул қилишнинг оддий усули билан аниқлаш мумкин бўлмаган етишмовчилик ёки бузилиш хусусида эса, уларни аниқлаш учун зарур бўлган оқилона муддатда ёзма равишда юборилиши керак.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган ариза бўлмаганида, агар акси исбот қилинган бўлмаса, омбор товарни омборда омонат сақлаш шартномаси шартларига мувофиқ қайтарган деб ҳисобланади.



907-модда. Товар омборининг омборда

сақлаш шартномасидан бош тортиши

Юк топширувчи товарнинг хавфли эканлигини яширган ва бу катта зарар етказиши мумкин бўлган ҳолларда товар омбори омонат сақлаш шартномасини бажаришдан бош тортишга ҳақли.



908-модда. Омбор ҳужжатлари

Товар омборлари товарларни сақлашга қабул қилганлигини тасдиқлаб, қуйидаги омбор ҳужжатларини бериши мумкин:

икки қисмли омбор гувоҳномаси;

оддий омбор гувоҳномаси;

омбор паттаси.

Икки қисмли омбор гувоҳномаси, унинг ҳар бир қисми ва оддий омбор гувоҳномаси қимматли қоғозлар бўлади.

Икки қисмли ва оддий омбор гувоҳномаси гаров нарсаси бўлиши мумкин.


909-модда. Икки қисмли омбор гувоҳномаси

Икки қисмли омбор гувоҳномаси омбор гувоҳномасидан ва гаров гувоҳномасидан (варрант) иборат бўлиб, улар бир-биридан ажратилиши мумкин.

Икки қисмли омбор гувоҳномасининг ҳар бир қисмида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

товарни сақлаш учун қабул қилган товар омборининг номи ва жойлашган манзили;

омбор гувоҳномасининг омбор реестри бўйича жорий номери;

товар сақлаш учун қабул қилиб олинган ташкилот номи ёки фуқаронинг исми, шунингдек товар эгасининг жойлашган ери (яшаш жойи);

сақлаш учун қабул қилинган товарнинг номи ва миқдори - бирликлар сони ва (ёки) товар доналарининг сони ва (ёки) товарнинг ўлчови (оғирлиги, ҳажми);

агар муддат белгиланган бўлса, товар қанча муддатга сақлаш учун қабул қилинганлиги ёки товар талаб қилиб олингунча сақлаш учун қабул қилинганлиги;

омонат сақлаганлик учун тўланадиган ҳақ миқдори ёки бу ҳақни ҳисоблаб чиқаришга асос бўладиган тарифлар ва сақлаш ҳақини тўлаш тартиби;

омбор гувоҳномаси берилган сана.

Икки қисмли омбор гувоҳномасининг иккала қисмида вакил шахснинг бир хил имзоси ва товар омборхонасининг муҳри (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) бўлиши шарт.

Ушбу модданинг талабларига мос келмайдиган ҳужжат икки қисмли омбор гувоҳномаси бўла олмайди.



910-модда. Товарга омбор ва гаров

гувоҳномасини сақловчининг ҳуқуқлари

Омбор ва гаров гувоҳномаларини сақловчи омборда сақланаётган товарни тўла тасарруф этиш ҳуқуқига эга.

Гаров гувоҳномасидан ажратилган омбор гувоҳномасини сақловчи товарни тасарруф этишга ҳақли, лекин гаров гувоҳномаси бўйича берилган кредитни тўламагунича товарни омбордан олиши мумкин эмас.

Гаров гувоҳномасини сақловчи ушбу гувоҳнома бўйича берилган кредит ва унинг фоизлари миқдорида товар бўйича гаров ҳуқуқига эга бўлади. Товар гаровга қўйилганида бу ҳақда омбор гувоҳномасига белги қўйилади.



911-модда. Омбор ва гаров гувоҳномасини

бошқа шахсга бериш

Омбор гувоҳномаси ва гаров гувоҳномаси биргаликда ёки алоҳида-алоҳида топшириш ёзувлари бўйича топширилиши мумкин.



912-модда. Оддий омбор гувоҳномаси

Оддий омбор гувоҳномаси тақдим этувчига берилади.

Оддий омбор гувоҳномасида ушбу Кодекснинг 909-моддасида назарда тутилган маълумотлар бўлиши, шунингдек у тақдим этувчига берилганлиги кўрсатилган бўлиши шарт.



913-модда. Товарни икки қисмли омборхона

гувоҳномаси бўйича бериш

Товар омбори товарни омбор ва гаров гувоҳномаларини (икки қисмли омбор гувоҳномасини) сақловчига бериб, ундан ушбу иккала гувоҳномани олади.

Омбор гувоҳномасини сақловчи гаров гувоҳномасига эга бўлмаса, бироқ унинг юзасидан қарз суммасини тўлаган бўлса, омбор товарни фақат омбор гувоҳномасига айирбошлаш йўли билан ва у билан биргаликда гаров гувоҳномаси бўйича бутун қарз суммаси тўланганлиги ҳақидаги патта тақдим этилганидагина беради.

Омбор ва гаров гувоҳномаларининг сақловчиси товарни қисмларга бўлиб беришни талаб қилишга ҳақли. Бунда дастлабки гувоҳномалар ўрнига унга омборда қолган товар учун янги гувоҳномалар берилади.

Гаров гувоҳномасига эга бўлмаган ва унинг юзасидан қарз суммасини тўламаган омбор гувоҳномасини сақловчига ушбу модданинг талабларига қарамай товарни берган товар омбори гаров гувоҳномасини сақловчи олдида бу гувоҳнома бўйича таъминланган бутун тўлов учун жавобгар бўлади.



52-БОБ. СУҒУРТА


914-модда. Ихтиёрий ва мажбурий суғурта

Суғурта фуқаро ёки юридик шахс (суғурта қилдирувчи) суғурта ташкилоти (суғурталовчи) билан тузадиган мулкий ёки шахсий суғурта шартномалари асосида амалга оширилади.

Шахсий суғурта шартномаси оммавий шартнома ҳисобланади.

Қонунда кўрсатилган шахсларга суғурта қилувчилар сифатида бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкини ёхуд ўзининг бошқа шахслар олдидаги фуқаролик жавобгарлигини ўз ҳисобидан ёхуд манфаатдор шахслар ҳисобидан суғурта қилиш (мажбурий суғурта) мажбурияти қонун билан юкланган ҳолларда суғурта ушбу бобнинг қоидаларига мувофиқ шартномалар тузиш йўли билан амалга оширилади.

Мажбурий суғуртада суғурта қилдирувчи суғурталовчи билан суғуртанинг ушбу турини тартибга соладиган қонун ҳужжатларида назарда тутилган шартларда шартнома тузиши шарт.

Қонунда фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан мажбурий суғурта қилиш ҳоллари (давлат мажбурий суғуртаси) назарда тутилиши мумкин.


915-модда. Мулкий суғурта шартномаси

Мулкий суғурта шартномасига мувофиқ бир тараф (суғурталовчи) шартномада шартлашилган ҳақ (суғурта мукофоти) эвазига шартномада назарда тутилган воқеа (суғурта ҳодисаси) содир бўлганда бошқа тарафга (суғурта қилдирувчига) ёки шартнома қайси шахснинг фойдасига тузилган бўлса, ўша шахсга (наф олувчига) бу ҳодиса оқибатида суғурталанган мулкка етказилган зарарни ёхуд суғурталанувчининг бошқа мулкий манфаатлари билан боғлиқ зарарни шартномада белгиланган сумма (суғурта пули) доирасида тўлаш (суғурта товони тўлаш) мажбуриятини олади.

Мулкий суғурта шартномаси бўйича қуйидагилар суғурталаниши мумкин:

муайян мол-мулкнинг йўқотилиши (нобуд бўлиши), кам чиқиши ёки шикастланиши хавфи;

фуқаролик жавобгарлиги хавфи - бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига зарар етказилиши оқибатида юзага келадиган мажбуриятлар бўйича жавобгарлик, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса, шунингдек шартномалар бўйича жавобгарлик хавфи;

тадбиркорлик хавфи - тадбиркорнинг контрагентлари ўз мажбуриятларини бузиши ёки тадбиркорга боғлиқ бўлмаган вазиятларга кўра бу фаолият шарт-шароитларининг ўзгариши туфайли тадбиркорлик фаолиятидан кутилган даромадларни ололмаслик хавфи.


916-модда. Суғурталашга йўл қўйилмайдиган манфаатлар

Ғайриқонуний манфаатларни суғурталашга йўл қўйилмайди.

Қимор, лотереялар ва гаров ўйинларида иштирок этишда кўриладиган зарарни суғурталашга йўл қўйилмайди.

Гаровга олинганларни озод қилиш мақсадида шахс мажбуран қилиши мумкин бўлган харажатларни суғурталашга йўл қўйилмайди.

Суғурта шартномаларининг ушбу модда биринчи, иккинчи ва учинчи қисмларига зид бўлган шартлари ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.


917-модда. Мол-мулкни суғурта қилиш

Мол-мулк унинг асралишидан қонун ҳужжатларига ёки шартномага асосланган манфаатга эга бўлган шахс (суғурта қилдирувчи ёки наф олувчи) фойдасига, унинг мулкдори, мол-мулкка нисбатан бошқа ашёвий ҳуқуққа эга бўлган шахс, ижарачи, пудратчи, сақловчи, воситачи ва бошқа шу кабилар фойдасига суғурта шартномаси бўйича суғурталаниши мумкин.

Суғурталанган мол-мулкнинг асралишидан суғурта қилдирувчида ва наф олувчида манфаат бўлмаган пайтда тузилган мол-мулкни суғурта қилиш шартномаси ҳақиқий эмас.

Наф олувчи фойдасига мол-мулкни суғурта қилиш шартномаси наф олувчининг исми ёки номи кўрсатилмасдан тузилиши мумкин. Бундай шартнома тузилганда суғурта қилдирувчига эгасининг номи кўрсатилмаган полис берилади. Бундай шартнома бўйича ҳуқуқларни амалга оширишда бу полисни суғурталовчига тақдим этиш зарур.



918-модда. Зарар етказганлик учун

жавобгарликни суғурта қилиш

Бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига зарар етказилиши оқибатида юзага келадиган мажбуриятлар юзасидан жавобгарлик хавфини суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта қилдирувчининг ўзининг ёки бундай жавобгарлик юкланиши мумкин бўлган бошқа шахснинг жавобгарлик хавфи суғурталаниши мумкин.

Зарар етказганлик учун жавобгарлик хавфи суғурталанган шахс суғурта шартномасида кўрсатилиши лозим. Агар бу шахс шартномада кўрсатилмаган бўлса, суғурта қилдирувчининг ўзининг жавобгарлик хавфи суғурталанган ҳисобланади.

Зарар етказганлик учун жавобгарлик хавфини суғурта қилиш шартномаси, ҳатто шартнома зарар етказилганлиги учун жавобгар бўлган суғурта қилдирувчи ёки бошқа шахс фойдасига тузилган ёхуд шартномада у кимнинг фойдасига тузилгани кўрсатилмаган тақдирда ҳам, зарар етказилиши мумкин бўлган шахслар (наф олувчилар) фойдасига тузилган деб ҳисобланади.

Зарар етказганлик учун жавобгарлик уни суғурта қилиш мажбурий бўлгани сабабли суғурталанган тақдирда, шунингдек қонунда ёки бундай жавобгарликни суғурта қилиш шартномасида назарда тутилган бошқа ҳолларда суғурта шартномаси ўз фойдасига тузилган деб ҳисобланувчи шахс зарарни суғурта пули доирасида тўлаш тўғрисида бевосита суғурталовчига талаб қўйишга ҳақли.



919-модда. Шартнома бўйича

жавобгарликни суғурта қилиш

Шартномани бузганлик учун жавобгарлик хавфини суғурта қилишга қонунда назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади.

Шартномани бузганлик учун жавобгарлик хавфини суғурта қилиш шартномаси бўйича фақат суғурта қилдирувчининг ўзининг жавобгарлик хавфи суғурталаниши мумкин. Ушбу талабга мувофиқ бўлмаган суғурта шартномаси ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.

Шартномани бузганлик учун жавобгарлик хавфи, бу шартнома шартларига кўра суғурта қилдирувчи қайси тараф олдида тегишли жавобгарликни зиммасига олиши лозим бўлса, ўша тараф - наф олувчи фойдасига, ҳатто суғурта шартномаси бошқа шахс фойдасига тузилган ёхуд унда кимнинг фойдасига тузилгани айтилмаган тақдирда ҳам, суғурталанган ҳисобланади.



920-модда. Тадбиркорлик хавфини суғурта қилиш

Тадбиркорлик хавфини суғурта қилиш шартномаси бўйича фақат суғурта қилдирувчининг ўз тадбиркорлик хавфи ва фақат унинг фойдасига суғурталаниши мумкин.

Суғурта қилдирувчи бўлмаган шахснинг тадбиркорлик хавфини суғурта қилиш шартномаси ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.

Суғурта қилдирувчи бўлмаган шахснинг фойдасига тадбиркорлик хавфини суғурта қилиш шартномаси суғурта қилдирувчи фойдасига тузилган ҳисобланади.


921-модда. Шахсий суғурта шартномаси

Шахсий суғурта шартномаси бўйича бир тараф (суғурталовчи) бошқа тараф (суғурта қилдирувчи) тўлайдиган, шартномада шартлашилган ҳақ (суғурта мукофоти) эвазига суғурта қилдирувчининг ўзининг ёхуд шартномада кўрсатилган бошқа фуқаро (суғурталанган шахс)нинг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилган, у муайян ёшга тўлган ёки унинг ҳаётида шартномада назарда тутилган бошқа воқеа (суғурта ҳодисаси) юз берган ҳолларда шартномада шартлашилган пулни (суғурта пулини) бир йўла ёки вақти-вақти билан тўлаб туриш мажбуриятини олади.

Шахсий суғурта шартномаси кимнинг фойдасини кўзлаб тузилган бўлса, ўша шахс суғурта пулини олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Агар шартномада наф олувчи сифатида бошқа шахс кўрсатилмаган бўлса, шахсий суғурта шартномаси суғурталанган шахс фойдасига тузилган ҳисобланади. Бошқа наф олувчи кўрсатилмаган шартнома бўйича суғурталанган шахс вафот этган тақдирда, суғурталанган шахснинг меросхўрлари наф олувчилар деб тан олинади.

Суғурталанган деб ҳисобланмайдиган шахс фойдасига, шу жумладан суғурталанган шахс ҳисобланмайдиган суғурта қилдирувчи фойдасига шахсий суғурта шартномаси фақат суғурталанган шахснинг ёзма розилиги билангина тузилиши мумкин. Бундай розилик бўлмаган тақдирда, шартнома суғурталанган шахснинг даъвоси бўйича, бу шахс вафот этган тақдирда эса, унинг меросхўрлари даъвоси бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.



922-модда. Мажбурий суғурта

Қонунда қуйидагиларни суғурта қилиш мажбурияти белгилаб қўйилиши мумкин:

қонунда кўрсатилган бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулки уларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига зарар етказилиши эҳтимолини назарда тутиб;

бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига зарар етказилиши ёхуд бошқа шахслар билан тузилган шартномаларнинг бузилиши оқибатида юзага келиши мумкин бўлган ўзининг фуқаровий жавобгарлиги хавфи.

Суғурта қилдирувчи бўлиш мажбурияти қонун билан унда кўрсатилган шахслар зиммасига юкланади.

Қонунда мажбурий суғуртанинг бошқа турлари ҳам белгиланиши мумкин.

Фуқарога ўз ҳаёти ёки соғлиғини суғурталаш мажбурияти қонун билан юклатилиши мумкин эмас.

Қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки унда белгиланган тартибда хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида давлатга қарашли мол-мулкка эга бўлган юридик шахсларга бу мулкни суғурталаш мажбурияти юкланиши мумкин.

Мол-мулкни суғурта қилиш мажбурияти қонундан келиб чиқмайдиган, балки мол-мулкнинг эгаси билан тузилган шартномага ёки мол-мулкнинг мулкдори ҳисобланувчи юридик шахснинг таъсис ҳужжатларига асосланган ҳолларда, бундай суғурта ушбу модданинг маъноси жиҳатидан мажбурий ҳисобланмайди ва ушбу Кодекснинг 924-моддасида назарда тутилган оқибатларни келтириб чиқармайди.



923-модда. Мажбурий суғуртани амалга ошириш

Мажбурий суғурта бундай суғурта қилиш мажбурияти юкланган шахс (суғурта қилдирувчи) суғурталовчи билан суғурта шартномаси тузиши воситасида амалга оширилади.

Мажбурий суғурта суғурта қилдирувчи ҳисобидан амалга оширилади, йўловчиларни мажбурий суғурталаш бундан мустасно бўлиб, бу суғурта қонунда назарда тутилган ҳолларда уларнинг ўз ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.

Мажбурий суғурталаниши лозим бўлган объектлар, улар суғурталанишга сабаб бўладиган хавфлар ва суғурта пулининг энг кам миқдорлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


924-модда. Мажбурий суғурта тўғрисидаги

қоидаларни бузиш оқибатлари

Қонун бўйича фойдасига мажбурий суғурта амалга оширилиши лозим бўлган шахс, агар суғурта амалга оширилмагани унга маълум бўлса, суғурта қилдирувчи сифатида зиммасига суғурталаш мажбурияти юкланган шахс уни амалга оширишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли.

Агар суғурта қилдирувчи сифатида суғурталаш мажбурияти зиммасига юкланган шахс уни амалга оширмаган бўлса ёки суғурта шартномасини наф олувчининг аҳволини қонунда белгиланган шартларга нисбатан ёмонлаштирадиган шартларда тузган бўлса, у суғурта ҳодисаси юз берганида башарти тегишлича суғурталанган тақдирда суғурта товони тўлашга асос бўлиши керак бўлган шартларда жавобгар бўлади.



925-модда. Суғурталовчи

Тижорат ташкилотлари ҳисобланган ва тегишли турдаги суғуртани амалга оширишга лицензияси бўлган юридик шахслар, агар қонунларда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, суғурталовчилар сифатида суғурта шартномаларини тузиши мумкин.

Суғурта ташкилотларига қўйиладиган талаблар, уларга лицензия бериш ва уларнинг фаолияти устидан давлат назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланади.


926-модда. Суғурта шартномасидан келиб чиқадиган

мажбуриятларнинг суғурта қилдирувчи ва наф

олувчи томонидан бажарилиши

Наф олувчи фойдасига суғурта шартномаси тузиш, шу жумладан у суғурталанган шахс бўлганда ҳам, суғурта қилдирувчини, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган ёхуд суғурта қилдирувчининг зиммасидаги мажбуриятлар фойдасига шартнома тузилган шахс томонидан бажарилмаган бўлса, ушбу шартномадан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажаришдан озод қилмайди.

Наф олувчи мулкий суғурта шартномаси бўйича суғурта товонини ёхуд шахсий суғурта шартномаси бўйича суғурта пулини тўлашни талаб қилганида суғурталовчи ундан, шу жумладан суғурталанган шахс наф олувчи бўлган тақдирда ҳам, суғурта шартномаси бўйича мажбуриятларни, шу билан бирга суғурта қилдирувчининг зиммасида бўлган, лекин у бажармаган мажбуриятларни бажаришни талаб қилишга ҳақли. Илгари бажарилиши лозим бўлган мажбуриятларни бажармаслик ёки ўз вақтида бажармаслик оқибатлари хавфи наф олувчининг зиммасида бўлади.



927-модда. Суғурта шартномасининг шакли

Суғурта шартномаси ёзма шаклда тузилиши лозим.

Бу талабга риоя этмаслик шартноманинг ҳақиқий саналмаслигига сабаб бўлади.

Суғурта шартномаси битта ҳужжатни тузиш ёхуд суғурталовчи томонидан суғурта қилдирувчига унинг ёзма ёки оғзаки аризасига биноан суғурталовчи имзолаган, суғурта шартномасининг шартларини ўз ичига олган суғурта полиси (шаҳодатномаси, сертификати, квитанцияси)ни топшириш йўли билан тузилиши мумкин. Бу ҳолда суғурта қилдирувчининг суғурталовчи таклиф этган шартларда шартнома тузишга рози эканлиги суғурталовчидан кўрсатилган ҳужжатларни қабул қилиб олиш ва суғурта мукофоти тўлаш ёхуд - суғурта мукофоти бўлиб-бўлиб тўланганда - биринчи бадални тўлаш орқали тасдиқланади.

Суғурталовчи шартнома тузиш чоғида суғуртанинг алоҳида турлари бўйича суғурта шартномаси (суғурта полиси)нинг ўзи ишлаб чиққан стандарт шаклларини қўлланишга ҳақли.



928-модда. Бош полис бўйича суғурталаш

Бир турдаги мол-мулк (товарлар, юклар ва ҳоказонинг) турли туркумларини муайян муддат давомида бир хилдаги шартларда мунтазам суғурталаш суғурта қилдирувчининг суғурталовчи билан келишувига биноан битта суғурта шартномаси - бош полис асосида амалга оширилиши мумкин.

Суғурта қилдирувчи бош полиснинг таъсир доирасида бўладиган мол-мулкнинг ҳар бир туркуми тўғрисида суғурталовчига бундай полисда шартлашилган маълумотларни унда назарда тутилган муддатда, агар муддат назарда тутилмаган бўлса - улар олинганидан кейин дарҳол хабар қилиши шарт. Агар ҳатто бундай маълумотларни олиш пайтигача суғурталовчи тўлаши лозим бўлган зарар кўриш эҳтимоли ўтиб кетган бўлса ҳам, суғурта қилдирувчи бу мажбуриятдан озод бўлмайди.

Суғурта қилдирувчининг талабига биноан суғурталовчи бош полиснинг таъсир доирасида бўладиган мол-мулкнинг алоҳида туркумлари бўйича суғурта полисларини бериши шарт.

Суғурта полисининг мазмуни бош полисга номувофиқ бўлган тақдирда, суғурта полиси афзал кўрилади.



929-модда. Суғурта шартномасининг муҳим шартлари

Мулкий суғурта шартномаси тузишда суғурта қилдирувчи билан суғурталовчи ўртасида қуйидагилар тўғрисида келишувга эришилиши лозим:

суғурта объекти бўлган муайян мол-мулк ёхуд бошқа мулкий манфаат тўғрисида;

юз бериши эҳтимол тутилиб суғурта амалга оширилаётган воқеа (суғурта ҳодисаси)нинг хусусияти тўғрисида;

суғурта пули миқдори тўғрисида;

суғурта товони миқдорини аниқлаш тартиби тўғрисида, агар шартномада уни суғурта пулидан оз миқдорда тўлаш мумкинлиги назарда тутилган бўлса;

суғурта мукофотининг миқдори ва уни тўлаш муддати (муддатлари) тўғрисида;

шартноманинг амал қилиш муддати тўғрисида.

Шахсий суғурта шартномаси тузишда суғурта қилдирувчи билан суғурталовчи ўртасида қуйидагилар тўғрисида келишувга эришилиши лозим:

суғурталанган шахс тўғрисида;

суғурталанган шахс ҳаётида юз бериши эҳтимол тутилиб суғурта амалга оширилаётган воқеа (суғурта ҳодисаси)нинг хусусияти тўғрисида;

суғурта пули миқдори тўғрисида;

суғурта мукофотининг миқдори ва уни тўлаш муддати (муддатлари) тўғрисида;

шартноманинг амал қилиш муддати тўғрисида.

Тарафларнинг келишувига биноан шартномага бошқа шартлар ҳам киритилиши мумкин. Агар суғурта шартномаси суғурта қилдирувчи, суғурталанган шахс ёки наф олувчи ҳисобланган фуқаронинг аҳволини қонун ҳужжатларида белгиланган қоидаларга нисбатан ёмонлаштирадиган шартларни ўз ичига олса, шартноманинг ана шу шартлари ўрнига қонун ҳужжатларининг тегишли қоидалари қўлланилади.



930-модда. Суғурта шартномаси шартларини

суғурта қоидаларида белгилаб қўйиш

Суғурта шартномасини тузиш шартлари суғурталовчи ёхуд суғурталовчилар бирлашмаси томонидан қабул қилинган, маъқулланган ёки тасдиқланган тегишли турдаги суғуртанинг стандарт қоидалари (суғурта қоидалари)да белгилаб қўйилиши мумкин.

Суғурта қоидаларида мавжуд бўлган ва суғурта шартномаси (полиси) матнига киритилмаган шартлар, агар шартномада (полисда) шундай қоидалар қўлланилиши тўғридан-тўғри кўрсатилган ва қоидаларнинг ўзи шартнома (полис) билан битта ҳужжатда ёки унинг орқа томонида баён қилинган ёхуд унга илова қилинган бўлса, суғурта қилувчи (наф олувчи) учун мажбурийдир. Илова қилинган тақдирда, шартномани тузиш пайтида суғурта қилдирувчига суғурта қоидалари топширилгани шартномада ёзув билан тасдиқлаб қўйилиши лозим.

Суғурта шартномаси тузилаётганда суғурта қилдирувчи ва суғурталовчи суғурта қоидаларининг айрим бандларини ўзгартириш ёки чиқариб ташлаш ва қоидаларда бўлмаган бандларни шартномага киритиш тўғрисида келишишлари мумкин.

Суғурта қилдирувчи (наф олувчи) ўз манфаатларини ҳимоя қилиб, суғурта шартномасида (полисида) кўрсатиб ўтилган тегишли турдаги суғурта қоидаларини, ҳатто агар бу қоидалар ушбу моддага кўра унинг учун мажбурий бўлмаса ҳам, важ қилиб келтиришга ҳақли.



931-модда. Суғурта шартномаси тузилаётганда суғурта

қилдирувчи тақдим этадиган маълумотлар

Суғурта шартномаси тузилаётганда суғурта қилдирувчи ўзига маълум бўлиб, суғурта ҳодисаси юз бериши эҳтимолини ва унинг юз бериши туфайли кутилажак зарар миқдори (суғурта хавфи)ни аниқлаш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни суғурталовчига хабар қилиши шарт.

Суғурта шартномаси (полиси)нинг стандарт шаклида, суғурта қилдирувчига берилган суғурта қоидаларида ёки ёзма сўровда суғурталовчи томонидан олдиндан аниқ айтиб қўйилган ҳолатлар муҳим деб ҳисобланади.

Агар суғурта шартномаси суғурталовчининг қандайдир саволларига суғурта қилдирувчининг жавоблари бўлмаган ҳолда тузилган бўлса, суғурталовчи тегишли ҳолатлар суғурта қилдирувчи томонидан маълум қилинмаганлигига асосланиб кейинчалик шартномани бекор қилишни ёхуд уни ҳақиқий эмас деб топишни талаб қила олмайди.

Агар суғурта шартномаси тузилганидан кейин, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар тўғрисида суғурта қилдирувчи суғурталовчига била туриб ёлғон маълумот берганлиги аниқланса, суғурталовчи шартномани ҳақиқий эмас деб топишни ва ушбу Кодекс 123-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган оқибатлар қўлланилишини талаб қилишга ҳақли.

Агар суғурта қилдирувчи айтиб қўймаган ҳолатлар ўтиб кетган бўлса, суғурталовчи шартномани ҳақиқий эмас деб топишни талаб қила олмайди.



932-модда. Суғурталовчининг суғурта хавфини баҳолаш ҳуқуқи

Мол-мулкни суғурталаш шартномаси тузилаётганида суғурталовчи суғурта қилинаётган мол-мулкни кўздан кечиришга, зарурат бўлганда эса унинг ҳақиқий қийматини белгилаш мақсадида баҳолашдан ўтказишни ташкил этишга ҳақли.

Шахсий суғурта шартномаси тузилаётганида суғурталовчи суғурта қилинаётган шахс соғлиғининг ҳақиқий ҳолатини аниқлаш учун уни текширтиришга ҳақли.

Ушбу модда асосида суғурталовчи томонидан суғурта хавфини баҳолаш бошқа ҳолатни исботлашга ҳақли бўлган суғурта қилдирувчи учун мажбурий эмас.



933-модда. Суғурта сири

Суғурталовчи суғурта қилдирувчи,суғурталанган шахс ва наф олувчи, уларнинг соғлиғининг ҳолати тўғрисидаги, шунингдек бу шахсларнинг мулкий аҳволи тўғрисидаги ўз касб фаолияти натижасида ўзи олган маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас. Суғурта сирини бузганлик учун суғурталовчи бузилган ҳуқуқларнинг тури ва бузиш хусусиятига қараб ушбу Кодекснинг 985, 1021 ва 1022-моддалари қоидаларига мувофиқ жавобгар бўлади.


934-модда. Суғурта пули

Мулкий суғурта шартномаси бўйича суғурталовчи суғурта товонини тўлаш мажбуриятини оладиган ёки шахсий суғурта шартномаси бўйича тўлаш мажбуриятини оладиган сумма (суғурта пули) суғурта қилдирувчининг суғурталовчи билан келишувига кўра ушбу модда қоидаларига мувофиқ белгиланади.

Мол-мулкни ёки тадбиркорлик хавфини суғурта қилишда, агар суғурта шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, суғурта пули уларнинг ҳақиқий қийматидан (суғурта қийматидан) ошмаслиги лозим, қуйидагилар шулар жумласига киради:

мол-мулк учун - унинг суғурта шартномасини тузиш куни турган жойидаги ҳақиқий қиймати;

тадбиркорлик хавфи - суғурта ҳодисаси юз берганида суғурта қилдирувчи тадбиркорлик фаолиятидан кўриши мумкин бўлган зарар.

Шахсий суғурта шартномаларида ва фуқаровий жавобгарликни суғурталаш шартномаларида суғурта пулини тарафлар ўз ихтиёрларига кўра аниқлайдилар, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


935-модда. Мол-мулкнинг суғурта қиймати

Суғурта шартномасини тузиш пайтида тарафларнинг келишувига кўра аниқланадиган, суғурта манфаати билан боғланадиган мол-мулк қиймати, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, суғурта қиймати (суғурта баҳоси) деб ҳисобланади.

Мол-мулкнинг шартномада кўрсатилган суғурта қиймати устида кейинчалик низолашиш мумкин эмас, шартнома тузилгунга қадар суғурта хавфини баҳолаш бўйича ўз ҳуқуқидан фойдаланмаган суғурталовчи бу қиймат борасида била туриб чалғитилган ҳол бундан мустасно.


936-модда. Тўлиқ бўлмаган мулкий суғурта

Агар мол-мулкни ёки тадбиркорлик хавфини суғурталаш шартномасида суғурта пули суғурта қийматидан кам қилиб белгиланган бўлса, суғурталовчи суғурта ҳодисаси юз берганида суғурта қилдирувчига (наф олувчига) у кўрган зарарни суғурта пулининг суғурта қийматига бўлган нисбатига мутаносиб равишда қоплаши шарт.



937-модда. Қўшимча мулкий суғурта

Агар мол-мулк ёки тадбиркорлик хавфи фақат суғурта қийматининг бир қисми миқдорида суғурталанган бўлса, суғурта қилдирувчи (наф олувчи) қўшимча суғурта қилишга, шу жумладан бошқа суғурталовчида суғурта қилишга ҳақли, аммо барча суғурта шартномалари бўйича умумий суғурта пули суғурта қийматидан ошиб кетмаслиги лозим.

Ушбу модда биринчи қисмининг қоидаларига риоя этмаслик, ушбу Кодекснинг 938-моддасида назарда тутилган оқибатларни келтириб чиқаради.



938-модда. Суғурта қийматидан ортиқ миқдорда

суғурта қилиш оқибатлари

Агар суғурта шартномасида кўрсатилган мол-мулк ёки тадбиркорлик хавфининг суғурта пули суғурта қийматидан ортиқ бўлса, шартнома суғурта пулининг суғурта қийматидан ортиқ бўлган қисмида ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.

Бу ҳолда суғурта мукофотининг ортиқча тўланган қисми қайтариб берилмайди.

Агар суғурта шартномасига мувофиқ суғурта мукофоти бўлиб-бўлиб тўланса ва ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар аниқланган пайтгача унинг ҳаммаси тўланмаган бўлса, қолган суғурта бадаллари суғурта пули миқдорини камайтиришга мутаносиб тарзда камайтирилган миқдорда тўланиши лозим.

Агар суғурта шартномасидаги суғурта пулини ошириб юбориш суғурта қилдирувчи томонидан алдашнинг оқибати бўлса, суғурталовчи шартномани ҳақиқий эмас деб топишни ва ўзига етказилган зарар унинг суғурта қилдирувчидан олган суғурта пули суммасидан ортиқ миқдорда қопланишини талаб қилишга ҳақли.


939-модда. Қўшалоқ суғурта

Ушбу Кодекснинг 938-моддасида назарда тутилган қоидалар суғурта пули айни битта мол-мулкни ёки тадбиркорлик хавфини икки ёки бир неча суғурталовчида суғурта қилиш (қўшалоқ суғурта) натижасида суғурта қийматидан ошиб кетган тақдирда ҳам тегишинча суратда қўлланилади.

Мол-мулк ёки тадбиркорлик хавфи қўшалоқ суғурта қилинганда ҳар бир суғурталовчи суғурта товонини ўзи тузган шартнома доирасида тўлашга мажбур бўлади, бироқ барча суғурталовчилардан олинган суғурта товонларининг умумий суммаси ҳақиқий зарардан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Бунда суғурта қилдирувчи (наф олувчи) суғурта товонини исталган суғурталовчидан у билан тузилган шартномада назарда тутилган суғурта пули доирасида олишга ҳақли. Олинган суғурта товони ҳақиқий зарарни қопламаган тақдирда, суғурта қилдирувчи (наф олувчи) етишмаётган суммани бошқа суғурталовчидан олишга ҳақли.

Етказилган зарар бошқа суғурталовчилар томонидан қоплангани сабали суғурта товонини тўлашдан тўлиқ ёки қисман озод қилинган суғурталовчи суғурта қилдирувчига суғурта тўловларининг тегишли қисмини қилинган харажатларни чегирган ҳолда қайтариши шарт.

Ушбу модда қоидалари ҳар бир суғурталовчи суғурта қилдирувчи, суғурталанган шахс ва наф олувчи олдидаги ўз суғурта мажбуриятларини, бошқа суғурталовчилар мажбуриятларини бажарганлигидан қатъи назар, мустақил бажарадиган қўшалоқ шахсий суғуртада қўлланилмайди.



940-модда. Турли хилдаги суғурта хавфларидан мулкий суғурта

Мол-мулк ва тадбиркорлик хавфи турли хилдаги суғурта хавфларидан хоҳ битта, хоҳ алоҳида суғурта шартномалари бўйича, шу жумладан турли суғурталовчилар билан тузилган шартномалар бўйича суғурта қилиниши мумкин.

Бундай ҳолларда барча шартномалар бўйича умумий суғурта пули миқдори суғурта қийматидан ошиб кетишига йўл қўйилади ва тегишли суратда ушбу Кодекснинг 939-моддаси қоидалари қўлланилади.



941-модда. Биргаликда суғурта қилиш

Суғурта объекти битта шартнома бўйича бир неча суғурталовчи томонидан ўртада суғурталаниши мумкин (биргаликда суғурта қилиш). Агар бундай шартномада суғурталовчилардан ҳар бирининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмаган бўлса, улар мулкий суғурта шартномаси бўйича суғурта товонини ёки шахсий суғурта шартномаси бўйича суғурта пулини тўлаш учун суғурта қилдирувчи (наф олувчи) олдида солидар жавобгар бўладилар.

Йирик ва алоҳида йирик хавфларни ўртада суғурта қилиш учун биргаликда суғурталовчилар биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартнома асосида оддий ширкатлар (суғурта шерикчилиги) тузишлари мумкин.

Биргаликда суғурталовчилар ўртасида тегишли келишув бўлган тақдирда, улардан бири суғурта қилдирувчи (наф олувчи)нинг олдида фақат ўз улуши учун жавобгар бўлиб қолгани ҳолда, у билан ўзаро муносабатларда барча биргаликдаги суғурталовчилар номидан вакил бўлиши мумкин.



942-модда. Суғурта мукофоти ва суғурта бадаллари

Суғурта мукофоти деганда суғурта қилдирувчи (наф олувчи) суғурта шартномасида белгиланган тартибда ва муддатларда суғурталовчига тўлаши шарт бўлган суғурта ҳақи тушунилади.

Суғурталовчи суғурта шартномаси бўйича тўланиши лозим бўлган суғурта мукофоти миқдорини белгилашда суғурта объекти ва суғурта хавфи хусусияти ҳисобга олинган ҳолда ўзи томонидан ишлаб чиқилган, суғурта пули бирлигидан ундириладиган мукофотни аниқлайдиган суғурта тарифларини қўллашга ҳақли.

Қонунда назарда тутилган ҳолларда суғурта мукофотининг миқдори давлат суғурта назорати органлари томонидан жорий этилган ёки тартибга солинадиган суғурта тарифларига мувофиқ белгиланади.

Агар суғурта шартномасида суғурта мукофотини бўлиб-бўлиб тўлаш назарда тутилган бўлса, шартномада навбатдаги суғурта бадалларини белгиланган муддатларда тўламаслик оқибатлари кўрсатиб қўйилиши мумкин.

Агар суғурта ҳодисаси тўлаш муддати ўтказиб юборилган навбатдаги суғурта бадали тўланишидан олдин юз берган бўлса, суғурталовчи мулкий суғурта шартномаси бўйича тўланиши лозим бўлган суғурта товони ёки шахсий суғурта шартномаси бўйича суғурта пули миқдорини суғурта мукофотининг ўзига тўланган қисмига мутаносиб суммада чеклашга ва муддати ўтказиб юборилган суғурта бадали суммасини ҳисобга олишга ҳақли.



943-модда. Суғурта шартномасининг ҳақиқий эмаслиги

Суғурта шартномаси қуйидаги ҳолларда ўз-ўзидан ҳақиқий эмас:

шартнома тузилаётган пайтда суғурта объекти мавжуд бўлмаса;

жиноий йўл билан қўлга киритилган, жиноят нарсаси ҳисобланувчи ёки мусодара қилиниши лозим бўлган мол-мулк мулкий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган бўлса;

шартнома бўйича ғайриҳуқуқий манфаат суғурталанган бўлса;

суғурта шартномасида суғурта ҳодисаси сифатида юз бериш эҳтимоллиги ва тасодифийлик белгилари бўлмаган воқеа назарда тутилган бўлса.

Суғурта шартномаси ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.


944-модда. Суғурталанган шахсни алмаштириш

Зарар етказганлик учун жавобгарлик хавфини суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта қилдирувчидан бошқа шахснинг жавобгарлиги суғурталанган ҳолларда, шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, суғурта қилдирувчи бу шахсни суғурта ҳодисаси юз бергунча исталган вақтда, суғурталовчини ёзма равишда хабардор қилиб, бошқа шахсга алмаштиришга ҳақли.

Шахсий суғурта шартномасида кўрсатилган суғурталанган шахс суғурта қилдирувчи томонидан шу суғурталанган шахс ва суғурталовчининг розилиги билангина бошқа шахсга алмаштирилиши мумкин.



945-модда. Наф олувчини алмаштириш

Суғурта қилдирувчи суғурта шартномасида кўрсатилган наф олувчини бошқа шахсга, бу ҳақда суғурталовчини ёзма равишда хабардор қилиб, алмаштиришга ҳақли. Шахсий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган шахснинг розилиги билан тайинланган наф олувчини алмаштиришга фақат шу шахснинг розилиги билан йўл қўйилади.

Наф олувчи суғурта шартномаси бўйича биронта мажбуриятни бажарганидан ёки суғурта товонини ёхуд суғурта пулини тўлаш тўғрисида суғурталовчига талаб қўйганидан кейин у бошқа шахс билан алмаштирилиши мумкин эмас.



946-модда. Суғурта қилдирувчини алмаштириш

Мол-мулкни суғурталаш шартномасини тузган суғурта қилдирувчи вафот этган тақдирда, суғурта қилдирувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бу мол-мулкни мерос тартибида қабул қилиб олган шахсга ўтади. Мулк ҳуқуқи ўтишининг бошқа ҳолларида суғурта қилдирувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, агар шартномада ёки қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, суғурталовчининг розилиги билан янги мулкдорга ўтади.

Шахсий суғурта шартномасини суғурталанган шахс фойдасига тузган суғурта қилдирувчи вафот этган тақдирда, ушбу шартнома билан белгиланадиган ҳуқуқ ва мажбуриятлар суғурталанган шахснинг розилиги билан унга ўтади. Суғурталанган шахс суғурта шартномаси бўйича мажбуриятларини бажариши мумкин бўлмаса, унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари қонун ҳужжатларига мувофиқ унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилувчи шахсларга ўтиши мумкин.

Агар суғурта шартномасининг амал қилиш даврида суғурта қилдирувчи суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилса, бундай суғурта қилдирувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини унинг васийи ёки ҳомийси олади. Бунда суғурта қилдирувчининг учинчи шахслар олдидаги жавобгарлиги суғуртаси унинг муомала лаёқати тугаган ёки чекланган пайтдан бошлаб тугайди.

Юридик шахс бўлган суғурта қилдирувчи суғурта шартномаси даврида қайта ташкил этилганида унинг ушбу шартнома бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари суғурталовчининг розилиги билан тегишли ҳуқуқий ворисга ушбу Кодексда белгиланган тартибда ўтади.


947-модда. Суғурта шартномаси амал

қилишининг бошланиши

Суғурта шартномаси, агар унда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, суғурта мукофоти ёки биринчи бадал тўланган пайтда кучга киради.

Агар шартномада суғурта амал қилиши бошланишининг бошқача муддати назарда тутилмаган бўлса, шартномада шартлашилган суғурта суғурта шартномаси кучга кирганидан кейин юз берган суғурта ҳодисаларига нисбатан татбиқ этилади.



948-модда. Суғурта шартномасининг

муддатидан илгари бекор бўлиши

Суғурта шартномаси, агар у кучга кирганидан кейин суғурта ҳодисаси юз бериши эҳтимоли йўқолган ва суғурта хавфининг мавжуд бўлиши суғурта ҳодисасидан бошқа ҳолатлар бўйича тугаган бўлса, тузилган муддати келишидан олдин бекор бўлади. Қуйидагилар шундай ҳолатлар жумласига киради, чунончи:

суғурталанган мол-мулкнинг юз берган суғурта ҳодисасидан бошқа сабабларга кўра нобуд бўлиши;

тадбиркорлик хавфини ёки ана шу фаолият билан боғлиқ фуқаровий жавобгарлик хавфини суғурталаган шахснинг тадбиркорлик фаолиятини белгиланган тартибда тўхтатиши.

Суғурта шартномаси ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар бўйича муддатидан олдин бекор бўлганда, суғурталовчи суғурта мукофотининг бир қисмини суғурта амал қилган вақтга мутаносиб равишда олиш ҳуқуқига эга.

Суғурта қилдирувчи (наф олувчи), агар воз кечиш пайтига келиб суғурта ҳодисанинг юз бериш эҳтимоли ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар бўйича йўқолмаган бўлса, суғурта шартномасини бажаришдан истаган пайтида воз кечишга ҳақли.

Суғурта қилдирувчи (наф олувчи) суғурта шартномасидан муддатидан илгари воз кечган тақдирда, суғурталовчига тўланган суғурта мукофоти, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, қайтариб берилмайди.



949-модда. Суғурта шартномасининг амал қилиш даврида

суғурта хавфининг ортиши оқибатлари

Мулкий суғурта шартномасининг амал қилиш даврида суғурта қилдирувчи (наф олувчи) шартнома тузилаётганда суғурталовчига маълум қилинган ҳолатларда юз берган, ўзига маълум бўлган муҳим ўзгаришлар тўғрисида, агар бу ўзгаришлар суғурта хавфи ортишига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, суғурталовчига дарҳол хабар қилиши шарт. Суғурта шартномасида (суғурта полисида) ва суғурта қилдирувчига берилган суғурта қоидаларида айтиб қўйилган ўзгаришлар муҳим деб ҳисобланади.

Суғурта хавфи ортишига сабаб бўладиган ҳолатлар тўғрисида хабардор қилинган суғурталовчи суғурта шартномасининг шартларини ўзгартиришни ёки хавф ортишига мутаносиб равишда қўшимча суғурта мукофоти тўлашни талаб қилишга ҳақли.

Агар суғурта қилдирувчи (наф олувчи) суғурта шартномасининг шартлари ўзгартирилишига ёки суғурта мукофотига қўшимча тўлашга эътироз билдирса, суғурталовчи ушбу Кодекснинг 28-бобида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ шартномани бекор қилишни талаб этишга ҳақли.

Суғурта қилувчи ёхуд наф олувчи ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган мажбуриятини бажармаган тақдирда, суғурталовчи суғурта шартномасини бекор қилишни ва шартномани бекор қилиш туфайли етказилган зарар қопланишини талаб этишга ҳақли.

Суғурталовчи, агар суғурта хавфи ортишига сабаб бўладиган ҳолатлар йўқолган бўлса, суғурта шартномасини бекор қилишни талаб этишга ҳақли эмас.

Шахсий суғуртада, суғурта шартномасининг амал қилиши даврида ушбу модданинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи қисмларида кўрсатилган суғурта хавфининг ўзгариши оқибатлари, агар улар шартномада тўғридан-тўғри кўрсатилган бўлсагина, юзага келиши мумкин.



950-модда. Суғурталанган мол-мулкка бўлган

ҳуқуқларнинг бошқа шахсга ўтиши

Суғурталанган мол-мулкка бўлган ҳуқуқлар суғурта шартномаси тузилганида манфаати назарда тутилган шахсдан бошқа шахсга ўтганида ушбу шартнома бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар мол-мулкка бўлган ҳуқуқ қайси шахсга ўтган бўлса, ўша шахсга ўтади, ушбу Кодекснинг 197 ва 199-моддаларида кўрсатилган асослар бўйича мол-мулкнинг мажбурий олиб қўйилиши ҳоллари бундан мустасно.

Суғурталанган мол-мулкка бўлган ҳуқуқлар ўзига ўтган шахс бу ҳақда суғурталовчини ёзма равишда хабардор қилиши лозим.



951-модда. Суғурта ҳодисаси юз бергани

тўғрисида суғурталовчини хабардор қилиш

Мулкий суғурта шартномаси бўйича суғурта қилдирувчи суғурта ҳодисаси юз бергани ўзига маълум бўлганидан кейин бу ҳақда дарҳол суғурталовчини ёки унинг вакилини хабардор қилиши шарт. Агар шартномада хабар қилиш муддати ва (ёки) усули назарда тутилган бўлса, бу шартлашилган муддатда ва шартномада кўрсатилган усулда қилиниши лозим. Агар наф олувчи ўзининг фойдасига тузилган шартнома бўйича суғурта товонига бўлган ҳуқуқдан фойдаланиш ниятида бўлса, айни шундай мажбурият наф олувчи зиммасида бўлади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган мажбуриятнинг бажарилмаслиги суғурталовчига, агар суғурталовчи суғурта ҳодисаси юз берганини ўз вақтида билганлиги, ёхуд бу ҳақда суғурталовчида маълумотлар йўқлиги унинг суғурта товонини тўлаш мажбуриятига таъсир этмаслиги исботланмаса, суғурта товонини тўлашни рад этиш ҳуқуқини беради.

Ушбу моддада назарда тутилган қоидалар, агар суғурталанган шахснинг вафоти ёки унинг соғлиғига зарар етказилиши суғурта ҳодисаси бўлса, тегишли суратда шахсий суғурта шартномасига нисбатан қўлланилади. Бунда суғурталовчини хабардор қилишнинг шартномада белгиланадиган муддати йигирма кундан кам бўлиши мумкин эмас.



952-модда. Суғурта ҳодисасидан

кўриладиган зарарни камайтириш

Мулкий суғурта шартномасида назарда тутилган суғурта ҳодисаси юз берганида, суғурта қилдирувчи эҳтимол тутилган зарарни камайтириш учун оқилона ва мумкин бўлган чораларни кўриши шарт. Суғурта қилдирувчи бундай чораларни кўрар экан, агар ўзига маълум қилинган бўлса, суғурталовчининг кўрсатмаларига амал қилиши лозим.

Зарарни камайтириш мақсадида қилинган, суғурталовчи қоплаши лозим бўлган харажатлар, агар бундай харажатлар зарур бўлган бўлса ёки суғурталовчининг кўрсатмаларини бажариш учун қилинган бўлса, тегишли чоралар фойдасиз бўлиб чиқса ҳам, суғурталовчи томонидан қопланиши лозим. Бундай харажатлар суғурта суммасининг суғурта қийматига нисбатига мутаносиб равишда, бошқа зарарларни қоплаш билан биргаликда улар суғурта пулидан ошиб кетиши мумкинлигидан қатъи назар, қопланади.

Суғурта қилувчи эҳтимол тутилган зарарни камайтириш учун қасддан чоралар кўрмагани оқибатида кўрилган зарарни қоплашдан суғурталовчи озод қилинади.



953-модда. Суғурта қилдирувчи, наф олувчи

ёки суғурталанган шахснинг айби билан суғурта

ҳодисаси юз беришининг оқибатлари

Агар суғурта ҳодисаси суғурта қилдирувчи, наф олувчи ёки суғурталанган шахснинг қасд қилиши оқибатида юз берган бўлса, суғурталовчи суғурта товонини ёки суғурта пулини тўлашдан озод қилинади, қасддан қилинган ҳаракатлар улар томонидан зарурий мудофаа ёки охирги зарурат ҳолатида, шунингдек ушбу модданинг учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда содир этилиши бундан мустасно.

Қонунда суғурта ҳодисаси суғурта қилувчининг ёки наф олувчининг қўпол эҳтиётсизлиги оқибатида юзага келганда суғурталовчини мулкий суғурта шартномаси бўйича суғурта товонини тўлашдан озод қилиш ёки товон миқдорини камайтириш ҳоллари назарда тутилиши мумкин.

Суғурталовчи суғурталанган шахснинг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказганлик учун фуқаровий жавобгарликни суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта товонини тўлашдан, агар зарар суғурталанувчи учун жавобгар шахснинг айби билан етказилган бўлса, озод қилинмайди.

Суғурталовчи шахсий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган шахс вафот этган тақдирда тўланиши лозим бўлган суғурта пулини тўлашдан, агар унинг вафоти ўз жонига қасд қилиш оқибатида рўй берган бўлса ва бу вақтгача суғурта шартномаси камида икки йил амал қилган бўлса, озод қилинмайди.



954-модда. Суғурталовчини суғурта товонини ва

суғурта пулини тўлашдан озод қилиш асослари

Суғурталовчи, агар қонунда ёки суғурта шартномасида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса ва суғурта ҳодисаси қуйидагилар оқибатида юзага келган бўлса, суғурта товонини ва суғурта пулини тўлашдан озод қилинади:

ядро портлаши, радиация ёки радиоактив заҳарланиш таъсирида;

ҳарбий ҳаракатлар, манёврлар ёки бошқа ҳарбий тадбирлар.

Агар мулкий суғурта шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, суғурталовчи суғурталанган мол-мулк давлат органларининг фармойиши билан олиб қўйилиши, мусодара қилиниши, реквизиция қилиниши, хатланиши ёки йўқ қилиб ташланиши оқибатида кўрилган зарар учун суғурта товонини тўлашдан озод қилинади.


955-модда. Суғурта товони ёки суғурта

пулини тўлашни рад этиш

Суғурталовчи мулкий суғурта шартномаси бўйича суғурта қилдирувчига (наф олувчига) суғурта товонини ёки шахсий суғурта шартномаси бўйича суғурта пулини тўлашни қуйидаги ҳолларда рад этишга ҳақли, чунончи:

суғурта шартномасининг амал қилиши суғурта ҳодисаси юз бергунга қадар, шу жумладан ушбу Кодекснинг 948 ва 950-моддаларида кўрсатилган асослар бўйича бекор қилинганда;

суғурта шартномаси ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда назарда тутилган асослар бўйича ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаганда;

суғурталовчи ушбу Кодекснинг 951-954-моддаларида кўрсатилган асослар бўйича суғурта товонини ёки суғурта пули тўлашдан озод қилинганда;

суғурталовчи ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда назарда тутилган асослар бўйича суғурта шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида ёхуд суғурта қилдирувчи (наф олувчи) суғурта ҳодисаси ҳолатларини текшириб кўришга ёки етказилган зарар миқдорини аниқлашга тўсқинлик қилгани туфайли суғурта шартномасини бекор қилиш тўғрисида даъво қўзғатганида.

Суғурталовчининг суғурта товонини ёки суғурта пулини тўлашни рад этиш тўғрисидаги қарори суғурта қилдирувчига (наф олувчига) улар суғурта товонини ёки суғурта пулини тўлашни сўраб мурожаат этганларидан кейин ўн беш кундан кечиктирмай хабар қилиниши ва рад этиш сабабларининг асослантирилган далил-исботларини ўз ичига олган бўлиши лозим.

Суғурталовчининг суғурта товонини ёки суғурта пулини тўлашни рад этишига қарши унга нисбатан судда даъво қўзғатиш йўли билан эътироз билдирилиши мумкин.



956-модда. Шахсий суғурта шартномаси

бўйича суғурта пулини тўлаш

Шахсий суғурта шартномаси бўйича суғурта пули, ижтимоий суғурта, ижтимоий таъминот бўйича, бошқа суғурта шартномалари бўйича ёки зарарни қоплаш тартибида суғурта қилдирувчига, суғурталанган шахсга ёки наф олувчига тегишли суммалардан қатъи назар, шартнома кимнинг фойдасига тузилган бўлса, ўша шахсга тўланади.

Ушбу Кодекс 921-моддасининг учинчи қисми асосида шахсий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган шахснинг меросхўрларига тўланадиган суғурта пули суғурталанган шахснинг мероси таркибига кирмайди.



957-модда. Суғурта қилдирувчининг зарар қопланишига бўлган

ҳуқуқларининг суғурталовчига ўтиши (суброгация)

Агар мулкий суғурта шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, суғурта қилдирувчи (наф олувчи)нинг суғурта натижасида қопланган зарар учун жавобгар шахсдан талаб қилиш ҳуқуқи тўланган сумма доирасида суғурта товонини тўлаган суғурталовчига ўтади. Бироқ шартноманинг била туриб зарар етказган шахсга нисбатан талаб қилиш ҳуқуқи суғурталовчига ўтишини истисно қиладиган шартлари ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.

Суғурталовчига ўтган талаб қилиш ҳуқуқи унинг томонидан суғурта қилдирувчи (наф олувчи) ва зарар учун жавобгар бўлган шахс ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи қоидаларга риоя қилган ҳолда амалга оширилади.

Суғурта қилдирувчи (наф олувчи) суғурталовчи ўзига ўтган талаб қилиш ҳуқуқини амалга ошириши учун зарур бўлган барча ҳужжатлар ва далилларни суғурталовчига бериши ҳамда барча маълумотларни унга маълум қилиши шарт.

Агар суғурта қилдирувчи (наф олувчи) суғурталовчи томонидан қопланган зарар учун жавобгар шахсга нисбатан ўзининг талаб қилиш ҳуқуқидан воз кечса ёки бу ҳуқуқни амалга ошириш суғурта қилдирувчининг (наф олувчининг) айби билан мумкин бўлмаган бўлса, суғурталовчи суғурта товонини тўлиқ ёки унинг тегишли қисмини тўлашдан озод қилинади ва товоннинг ортиқча тўланган суммасини қайтаришни талаб қилишга ҳақли бўлади.


958-модда. Суғурталанган мол-мулкка бўлган

ҳуқуқларнинг суғурталовчига ўтказилиши

Мол-мулк суғурта қилинганда суғурта қилдирувчи (наф олувчи) суғурта ҳодисаси юз берганидан кейин суғурталовчининг розилиги билан суғурталанган мол-мулкка бўлган ўз ҳуқуқларини унга ўтказиши ва суғурта товонини суғурта пулининг тўлиқ ҳажмида олиши мумкин.



959-модда. Қайта суғурта қилиш

Суғурта шартномаси бўйича суғурталовчи ўз зиммасига олган суғурта товонини ёки суғурта пулини тўлаш хавфи унинг томонидан тўлиқ ёки қисман бошқа суғурталовчида (суғурталовчиларда) у билан тузилган қайта суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталаниши мумкин.

Қайта суғурта қилиш шартномасига нисбатан, агар қайта суғурта қилиш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ушбу бобнинг тадбиркорлик хавфини суғурта қилиш борасида қўлланиши лозим бўлган қоидалари татбиқ этилади. Қайта суғурта қилиш шартномасини тузган суғурта шартномаси (асосий шартнома) бўйича суғурталовчи кейинги шартномада суғурта қилдирувчи ҳисобланади.

Қайта суғурта қилишда суғурта товонини ёки суғурта пулини тўлаш учун асосий суғурта шартномаси бўйича суғурта қилдирувчи олдида ушбу шартнома бўйича суғурталовчи жавобгар бўлиб қолаверади.

Бироқ асосий суғурта шартномаси бўйича суғурталанувчи ҳисобланган суғурта ташкилоти суғурта ҳодисаси юз беришидан олдин тугатилган тақдирда, унинг ушбу шартнома бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларининг қайта суғурта қилинган қисми қайта суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталовчига ўтади.

Икки ёки бир нечта қайта суғурта қилиш шартномаларини кетма-кет тузишга йўл қўйилади. Бундай шартномаларнинг ҳар бири кейинги қайта суғурта қилиш шартномасига нисбатан асосий суғурта шартномаси деб ҳисобланади.



960-модда. Икки томонлама суғурта

Фуқаролар ва юридик шахслар ўз мол-мулкларини ҳамда ушбу Кодекс 915-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган бошқа мулкий манфаатларини икки тарафлама асосда, бунинг учун икки томонлама суғурта қилиш жамиятларида зарур маблағларни бирлаштириш йўли билан суғурта қилишлари мумкин.

Икки томонлама суғурта қилиш жамиятлари ўз аъзоларининг мол-мулки ҳамда бошқа мулкий манфаатларини суғурта қилишни амалга оширади ва тижоратчи бўлмаган ташкилот ҳисобланади.

Икки томонлама суғурта қилиш ташкилотлари томонидан ўз аъзоларининг мол-мулки ва мулкий манфаатларини суғурта қилиш, агар жамиятнинг таъсис ҳужжатларида бундай ҳолларда суғурта шартномалари тузиш назарда тутилмаган бўлса, бевосита аъзолик асосида амалга оширилади.

Ушбу бобнинг қоидалари, агар қонунда, тегишли жамиятнинг таъсис ҳужжатларида ёки жамият белгилаган суғурта қилиш қоидаларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, икки томонлама суғурта қилиш жамияти билан унинг аъзолари ўртасидаги суғуртага доир муносабатларга нисбатан қўлланилади.

Икки томонлама суғурта қилиш йўли билан мажбурий суғуртани амалга оширишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади.

Икки томонлама суғурта қилиш жамияти суғурталовчи сифатида, агар унинг таъсис ҳужжатларида суғурта фаолиятини амалга ошириш назарда тутилган, жамиятнинг ўзи тижорат ташкилоти шаклида тузилган, тегишли турдаги суғуртани амалга ошириш учун лицензияга эга бўлса ва қонунда белгиланган бошқа талабларга жавоб берса, жамиятнинг аъзолари бўлмаган шахсларнинг манфаатларини суғурта қилишни амалга ошириши мумкин.

Икки томонлама суғурта қилиш жамиятининг аъзоси бўлмаган шахсларнинг манфаатларини суғурта қилиш жамият томонидан суғурта шартномалари асосида ушбу бобнинг қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Икки томонлама суғурта қилиш жамиятлари ҳуқуқий ҳолатининг хусусиятлари ва уларнинг фаолият юритиш шартлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



961-модда. Мажбурий давлат суғуртаси

Фуқароларнинг ижтимоий манфаатларини ва давлатнинг манфаатларини таъминлаш мақсадида қонунда ҳаёт, соғлиқ ва мол-мулкнинг мажбурий давлат суғуртаси белгилаб қўйилиши мумкин.

Мажбурий давлат суғуртаси ана шу мақсадлар учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

Мажбурий давлат суғуртаси бевосита суғурта тўғрисидаги қонун ҳужжатлари асосида унда кўрсатилган давлат суғурта ташкилотлари ёки давлатнинг бошқа ташкилотлари (суғурталовчилар) томонидан амалга оширилади.

Ушбу бобнинг қоидалари, агар суғурта тўғрисидаги қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса ва суғурта бўйича мавжуд муносабатлар моҳиятидан келиб чиқмаса. мажбурий давлат суғуртасига нисбатан қўлланилади.



53-БОБ. ОДДИЙ ШИРКАТ


962-модда. Оддий ширкат шартномаси

Оддий ширкат шартномаси (биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартнома) бўйича шериклар (иштирокчилар) деб аталувчи икки ёки ундан ортиқ шахс фойда олиш ёки қонунга зид бўлмаган бошқа мақсадга эришиш учун ўз ҳиссаларини қўшиш ва юридик шахс тузмасдан биргаликда иш қилиш мажбуриятини оладилар.

Фақат якка тадбиркорлар ва (ёки) тижорат ташкилотлари тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун тузиладиган оддий ширкат шартномасининг тарафлари бўлишлари мумкин.

Оддий ширкат шартномаси ёзма шаклда тузилиши лозим.


963-модда. Шерикларнинг қўшадиган ҳиссалари

Шерик умумий ишга қўшадиган ҳамма нарса, жумладан пул, бошқа мол-мулк, касбий ва бошқа билимлар, малака ва маҳорат, шунингдек ишбилармонлик обрў-эътибори шерикнинг қўшган ҳиссаси ҳисобланади.

Шериклар, агар оддий ширкат шартномасидан ёки ҳақиқий ҳолатлардан бошқача мазмун келиб чиқмаса, қиймати бўйича тенг ҳисса қўшадилар деб тахмин қилинади. Шерикнинг қўшган ҳиссасини пулда баҳолаш шериклар ўртасидаги келишув бўйича амалга оширилади.



964-модда. Шерикларнинг умумий мол-мулки

Шериклар мулк ҳуқуқи асосида эга бўлган, улар томонидан қўшилган мол-мулк, шунингдек биргаликдаги фаолият натижасида ишлаб чиқарилган маҳсулот ва бундай фаолият туфайли олинган ҳосил ҳамда даромадлар қонунда ёки шартномада бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса ёхуд мажбуриятнинг моҳиятидан бошқача ҳол келиб чиқмаса, уларнинг умумий улушли мулки ҳисобланади.

Шерикларнинг умумий улушли мулкида турган мол-мулк, шунингдек уларнинг умумий талаблари ва умумий алоҳида ҳуқуқлари шерикларнинг умумий мол-мулкини ташкил этади. Умумий мол-мулкдан барча шерикларнинг манфаатларини кўзлаб фойдаланилади.

Шериклар умумий мол-мулкининг бухгалтерия ҳисобини юритиш улар томонидан оддий ширкат шартномасида иштирок этаётган юридик шахслардан бирига топширилиши мумкин.

Шерикларнинг умумий мол-мулкидан фойдаланиш уларнинг келишувига кўра, келишувга эришилмаган тақдирда, суд белгилайдиган тартибда амалга оширилади.

Шерикларнинг умумий мол-мулкни асраш бўйича мажбуриятлари ва бу мажбуриятларни бажариш билан боғлиқ харажатларни қоплаш тартиби оддий ширкатнинг шартномасида назарда тутилади.



965-модда. Шерикларнинг умумий ишларини юритиш

Оддий ширкат шартномаси иштирокчиларининг умумий ишларини юритиш шартномада назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Умумий ишларни юритишда ҳар бир шерик, агар оддий ширкат шартномасида ишларни юритиш шартноманинг айрим иштирокчилари томонидан ёхуд биргаликда барча иштирокчилар томонидан амалга оширилиши белгиланмаган бўлса, барча шериклар номидан иш кўришга ҳақли.

Ишлар биргаликда юритилганда ҳар бир битимни тузиш учун барча шерикларнинг розилиги талаб қилинади.

Учинчи шахслар билан муносабатларда шерикнинг барча шериклар номидан битим тузиш ваколати унга қолган шериклар томонидан берилган ишончнома билан тасдиқланади ёки оддий ширкат шартномасидан келиб чиқади.

Учинчи шахслар билан муносабатларда шериклар битим тузган шерикнинг умумий ишларни юритиш бўйича ҳуқуқлари чекланганлигини далил қилиб кўрсата олмайдилар, улар бундай чеклашлар борлигини битим тузилаётган пайтда учинчи шахс билганлигини ёки олдиндан билиши лозим бўлганлигини исботлаган ҳоллар бундан мустасно.

Барча шерикларига нисбатан ишларни юритиш ҳуқуқи чеклаб қўйилган бўлиб, улар номидан битимлар тузган ёхуд барча шерикларнинг манфаатларини кўзлаб ўз номидан битимлар тузган шерик, агар бу битим барча шерикларнинг манфаатлари учун зарур бўлган эди деб ҳисоблашга етарли асослар бўлса, у ўз маблағларидан қилган харажатлари қопланиши ҳуқуқига эга. Агар бундай битимлар туфайли бошқа шерикларга зарар етказилган бўлса, улар бу зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлидирлар.

Умумий ишларга тааллуқли қарорлар, агар оддий ширкат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, шериклар томонидан умумий келишувга кўра қабул қилинади.

Умумий ишларни юритишга ваколатли шартнома иштирокчилари, агар оддий ширкат шартномасида назарда тутилган бўлса, алоҳида ҳақ олиш ҳуқуқига эгадирлар.



966-модда. Шерикнинг ахборот олишга бўлган ҳуқуқи

Ҳар бир шерик, у шерикларнинг умумий ишларини юритишга ваколат олган-олмаганидан қатъи назар, ишларни юритишга доир барча ҳужжатлар билан танишишга ҳақли. Бу ҳуқуқни рад этиш ёки уни чеклаш, шу жумладан шерикларнинг келишуви билан рад этиш ёки чеклаш ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.



967-модда. Шерикларнинг умумий харажатлари,

зарарлари ва жавобгарлиги

Шерикларнинг биргаликдаги фаолиятига боғлиқ харажатлар ва зарарларни қоплаш тартиби уларнинг келишуви билан аниқланади. Бундай келишув бўлмаганда ҳар бир шерик ўзининг умумий ишга қўшган ҳиссаси қийматига мутаносиб равишда харажатлар ва зарарларни зиммасига олади.

Шериклардан бирортасини умумий харажатларни ёки зарарни қоплашда иштирок этишдан тўлиқ озод этадиган келишув ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.

Агар оддий ширкат шартномаси унинг иштирокчилари тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши билан боғлиқ бўлмаса, умумий шартнома мажбуриятлари юзасидан ҳар бир шерик ўзининг умумий ишга қўшган ҳиссаси қийматига мутаносиб равишда бутун мол-мулки билан жавобгар бўлади.

Оддий ширкат шартномасидан келиб чиқмаган умумий мажбуриятлар бўйича шериклар солидар жавобгар бўладилар.

Агар оддий ширкат шартномаси унинг иштирокчилари тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши билан боғлиқ бўлса, шериклар умумий мажбуриятлар бўйича уларнинг юзага келиш асосидан қатъи назар солидар жавобгар бўладилар.


968-модда. Фойдани тақсимлаш

Шериклар томонидан уларнинг биргаликдаги фаолияти натижасида олинган фойда, агар оддий ширкат шартномасида ёки шерикларнинг бошқа келишувида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, шерикларнинг умумий ишга қўшган ҳиссалари қийматига мутаносиб равишда тақсимланади. Шериклардан бирортасини фойдада иштирок этишдан четлатиш тўғрисидаги келишув ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.


969-модда. Шерикнинг улушини унинг

кредитори талаби билан ажратиш

Оддий ширкат шартномаси иштирокчисининг кредитори ушбу Кодекснинг 227-моддасига мувофиқ унинг умумий мол-мулкдаги улушини ажратишни талаб қилишга ҳақли.



970-модда. Оддий ширкат шартномаси

бекор бўлишининг асослари

Оддий ширкат шартномаси қуйидагилар оқибатида бекор бўлади:

шериклардан бирортаси муомалага лаёқатсиз, муомала лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб эълон қилинганда, агар оддий ширкат шартномасида ёки кейинги келишувда қолган шериклар ўртасидаги муносабатларда шартноманинг сақланиб қолиши назарда тутилмаган бўлса;

шериклардан бирортаси ночор (банкрот) деб эълон қилинганда, ушбу модданинг иккинчи хатбошисида кўрсатилгани бундан мустасно;

шерик вафот этганда ёки оддий ширкат шартномасида иштирок этаётган юридик шахс тугатилганда ёхуд қайта ташкил этилганда, агар шартномада ёки кейинги келишувда қолган шериклар ўртасидаги муносабатларда шартноманинг сақланиб қолиши ёхуд вафот этган шерикнинг (тугатилган ёки қайта ташкил этилган юридик шахснинг) унинг меросхўрлари (ҳуқуқий ворислари) билан алмаштирилиши назарда тутилмаган бўлса;

шериклардан бирортаси оддий ширкатнинг муддатсиз шартномасида бундан буён иштирок этишдан воз кечганда, ушбу модданинг иккинчи хатбошисида кўрсатилгани бундан мустасно;

муддат кўрсатилган ҳолда тузилган оддий ширкат шартномаси шериклардан бирининг талаби билан ўзи ва қолган шериклар ўртасидаги муносабатларда бекор қилинганда, ушбу модданинг иккинчи хатбошисида кўрсатилгани бундан мустасно;

оддий ширкат шартномасининг муддати ўтганда;

шерикнинг улуши унинг кредитори талаби билан ажратилганда, ушбу модданинг иккинчи хатбошисида кўрсатилгани бундан мустасно;

ушбу Кодексда ёки шартномада назарда тутилган бошқа асосларда.



971-модда. Оддий ширкат шартномаси

бекор бўлишининг оқибатлари

Оддий ширкат шартномаси бекор бўлганда шерикларнинг умумий эгалигига ва (ёки) фойдаланишига бериб қўйилган ашёлар, тарафларнинг келишуви билан бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, уларни бериб қўйган шерикларга ҳақ тўламасдан қайтарилади.

Оддий ширкат шартномаси бекор бўлган пайтдан бошлаб унинг иштирокчилари учинчи шахсларга нисбатан бажарилмаган умумий мажбуриятлар бўйича солидар жавобгар бўладилар.

Шерикларнинг умумий улушли мулкида турган мол-мулкни ва уларда юзага келган умумий талаб қилиш ҳуқуқларини тақсимлаш ушбу Кодекснинг 223-моддасида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Умумий улушли мулкка хусусий аломатлари билан белгиланган ашёни қўшган шерик оддий ширкат шартномаси бекор бўлганда, қолган шериклар ва кредиторларнинг манфаатларига риоя этилиши шарти билан,бу ашёни ўзига қайтаришни талаб қилишга ҳақли.



972-модда. Оддий ширкатнинг муддатсиз

шартномасидан воз кечиш

Шахснинг оддий ширкатнинг муддатсиз шартномасидан воз кечиш тўғрисидаги аризаси, агар шартномада бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, унинг томонидан шартномадан чиқиш мўлжалланаётган санадан камида уч ой олдин берилиши лозим.

Оддий ширкатнинг муддатсиз шартномасидан воз кечиш ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги келишув ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.


973-модда. Тарафнинг талаби билан оддий

ширкат шартномасини бекор қилиш

Ушбу Кодекс 382-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган асос билан бир қаторда, муддат кўрсатилиб ёки бекор қилиш шарти сифатида мақсад кўрсатилиб тузилган оддий ширкат шартномасининг тарафи шартномани бекор қилиш туфайли етказилган ҳақиқий зарарни қолган шерикларга қоплаган ҳолда шартномани ўзи ва қолган шериклар ўртасидаги муносабатларда бекор қилишни талаб этишга ҳақли.


974-модда. Шартномада иштирок этишдан

воз кечган ёки уни бекор қилишни талаб

этган шерикнинг жавобгарлиги

Иштирокчилардан бирортаси оддий ширкат шартномасида бундан буён иштирок этишдан воз кечиш тўғрисида ариза бериши ёхуд шериклардан бирининг талаби билан шартнома бекор қилиниши натижасида оддий ширкат шартномаси бекор қилинмаган тақдирда, шартномада иштирок этиши тўхтаган шахс учинчи шахслар олдида ўзи шартномада иштирок этган даврда юзага келган умумий мажбуриятлар бўйича у оддий ширкат шартномасининг иштирокчиси бўлиб қолавергандаги каби жавобгар бўлади.


975-модда. Яширин ширкат

Оддий ширкат шартномасида унинг мавжудлигини учинчи шахсларга маълум қилмаслик (яширин ширкат) назарда тутилиши мумкин. Бундай шартномага нисбатан, агар ушбу моддада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса ёки яширин ширкат моҳиятидан келиб чиқмаса, ушбу боб қоидалари қўлланилади.

Яширин ширкат иштирокчиларидан ҳар бири учинчи шахслар билан муносабатларда шерикларининг умумий манфаатларини кўзлаб ўз номидан тузган битимлар бўйича ўзининг бутун мол-мулки билан жавоб беради.

Шериклар ўртасидаги муносабатларда, уларнинг биргаликдаги фаолияти жараёнида юзага келган мажбуриятлар умумий ҳисобланади.



54-БОБ. ОММАВИЙ ТАНЛОВ


976-модда. Оммавий танловни ташкил этиш

Ишни энг яхши бажарганлик ёки бошқа натижаларга эришганлик учун пул мукофоти тўлаш ёки бошқа мукофот бериш тўғрисида (мукофот тўлаш тўғрисида) ошкора (оммавий танлов) эълон қилган шахс танловни ўтказиш шартларига мувофиқ унинг ғолиби деб топилган кимсага шартлашилган мукофотни тўлаши лозим.

Оммавий танлов танловни уюштирувчининг танловда иштирок этишга таклифи матбуотда ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш йўли билан барча хоҳловчиларга қаратилганда очиқ ёки танловда иштирок этишга таклиф танловни уюштирувчининг хоҳиши бўйича муайян доирадаги шахсларга юборилганда ёпиқ бўлиши мумкин.

Танловни уюштирувчи танловда иштирок этиш истагини билдирган шахсларни дастлабки саралашдан ўтказган тақдирда, очиқ танловда унинг иштирокчиларининг дастлабки малакаси ҳақида шарт қўйилиши мумкин.

Оммавий танлов тўғрисидаги эълон топшириқнинг моҳиятини назарда тутувчи шартларни, ишнинг натижаларини ёки бошқа ютуқларни баҳолаш мезонлари ва тартибини, уларни тақдим этиш жойи, муддати ва тартибини, мукофотнинг миқдори ва шаклини, шунингдек натижаларни эълон қилиш тартиби ва муддатларини ўз ичига олган бўлиши лозим.

Танлов ғолиби билан шартнома тузиш мажбуриятини ўз ичига олган оммавий танловга нисбатан ушбу бобнинг қоидалари, ушбу Кодекснинг 379-381-моддаларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, қўлланади.



977-модда. Оммавий танлов шартларини

ўзгартириш ва уни бекор қилиш

Оммавий танлов эълон қилган шахс ишларни тақдим этиш учун белгиланган муддатнинг фақат биринчи ярими мобайнида унинг шартларини ўзгартиришга ёки танловни бекор қилишга ҳақли.

Танлов шартларини ўзгартириш ёки уни бекор қилиш тўғрисида танлов қандай усулда эълон қилинган бўлса, шундай усулда хабар берилиши лозим.

Танлов шартлари ўзгарган ёки у бекор қилинган тақдирда, танлов эълон қилган шахс эълонда назарда тутилган ишни конкурс шартларининг ўзгартирилиши ёки унинг бекор қилиниши ўзига маълум бўлгунча ёки маълум бўлиши лозим бўлгунча бажарган ҳар қандай шахснинг харажатларини тўлаши лозим.

Агар танлов шартларини ўзгартиришда ёки уни бекор қилишда ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмларида кўрсатилган талаблар бузилган бўлса, танловни эълон қилган шахс эълонда кўрсатилган шартларга жавоб берадиган ишни бажарганларга мукофот тўлаши лозим.

Танловни эълон қилган шахс, агар кўрсатилган иш танловдан мустасно тарзда, хусусан, танлов тўғрисидаги эълонга қадар бажарилганлигини ёхуд аввал бошданоқ танлов шартларига номувофиқ бўлганлигини исботласа, харажатларни тўлаш мажбуриятидан озод қилинади.



978-модда. Мукофотни тўлаш тўғрисидаги қарор

Танлов ғолибига мукофотни тўлаш тўғрисидаги қарор танлов ҳақидаги эълонда белгиланган тартиб ва муддатларда чиқарилиши ҳамда оммавий танлов иштирокчиларига маълум қилиниши лозим.

Агар эълонда кўрсатилган натижаларга икки ёки ундан ортиқ шахснинг биргаликда бажарилган ишида эришилган бўлса, мукофот улар ўртасида уларнинг келишувига мувофиқ тақсимланади. Агар бундай келишувга эришилмаган бўлса, мукофотни тақсимлаш тартибини суд белгилайди.



979-модда. Оммавий танловда ғолиб чиққан фан,

адабиёт ва санъат асарларидан фойдаланиш

Агар оммавий танлов нарсаси фан, адабиёт ёки санъат асаридан иборат бўлса, танловни эълон қилган шахс, башарти танлов шартларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, шартлашилган мукофотга сазовор бўлган муаллиф билан унга тегишли ҳақни тўлаган ҳолда, асардан фойдаланиш тўғрисида шартнома тузишда имтиёзли ҳуқуқни қўлга киритади.



980-модда. Тақдим этилган ишларни оммавий

танлов иштирокчиларига қайтариш

Оммавий танловни эълон қилган шахс, агар танлов тўғрисидаги эълонда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса ёки бажарилган ишнинг хусусиятидан келиб чиқмаса, мукофотга сазовор бўлмаган ишларни танлов иштирокчиларига қайтариши шарт.



55-БОБ. МУКОФОТНИ ОШКОРА ВАЪДА ҚИЛИШ


981-модда. Мукофотни тўлаш мажбурияти

Эълонда кўрсатилган ҳаракатни ким унда белгиланган муддатда бажарса, ўшанга пул мукофоти тўлаш ёки бошқа мукофотни бериш тўғрисида (мукофотни тўлаш тўғрисида) ошкора эълон қилган шахс тегишли ҳаракатни содир этган ҳар қандай шахсга ваъда қилинган мукофотни тўлаши шарт.

Мукофотни тўлаш мажбурияти мукофот ваъда қилиниши унинг ким томонидан ваъда қилинганини аниқлаш имконини берган тақдирда юзага келади. Ваъдага қизиқиш билдирган шахс ваъдани ёзма равишда тасдиқлашни талаб қилишга ҳақли ва, агар ҳақиқатда мукофот тўғрисидаги эълон унда кўрсатилган шахс томонидан қилинмаган бўлиб чиқса, бундай талаб қўйилмаганлиги оқибатлари хавфи унинг зиммасида бўлади.

Агар мукофотни ошкора ваъда қилишда унинг миқдори кўрсатилмаган бўлса, у мукофотни ваъда қилган шахс билан келишувга кўра аниқланади, низо келиб чиққан тақдирда эса судда аниқланади.

Мукофотни тўлаш мажбурияти, тегишли ҳаракат эълон қилиниши муносабати билан ёки ундан мустасно тарзда бажарилганидан қатъи назар, юзага келади.

Эълонда кўрсатилган ҳаракатни бир неча шахс содир этган ҳолларда, улардан тегишли ҳаракатни биринчи бўлиб содир этгани мукофотни олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Агар эълонда кўрсатилган ҳаракат икки ёки ундан ортиқ шахс томонидан бажарилган бўлса ва улардан қайси бири тегишли ҳаракатни биринчи бўлиб содир этганини аниқлашнинг имкони бўлмаса, шунингдек, агар ҳаракат икки ёки бундан ортиқ шахслар томонидан бир пайтнинг ўзида содир этилган бўлса, мукофот улар ўртасида баб-баравар ёки уларнинг ўзаро келишувида назарда тутилган миқдорда тақсимланади.

Агар мукофот тўғрисидаги эълонда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса ёки унда кўрсатилган ҳаракат хусусиятидан келиб чиқмаса, бажарилган ҳаракатнинг эълонда мавжуд бўлган талабларга мувофиқлиги мукофотни ошкора ваъда қилган шахс томонидан аниқланади, низо келиб чиққан тақдирда эса судда аниқланади.



982-модда. Мукофот ҳақидаги ошкора ваъдани бекор қилиш

Мукофот тўлашни ошкора эълон қилган шахс берилган ваъдадан худди шундай тартибда воз кечишга ҳақли, воз кечишга йўл қўйилмаслиги эълоннинг ўзида назарда тутилган ёки ундан келиб чиқадиган ёки мукофот ваъда қилинган ҳаракатни содир этиш учун муайян муддат берилган ёхуд воз кечишни эълон қилиш пайтига келиб бир ёки бир неча қизиқиш билдирган шахслар эълонда кўрсатилган ҳаракатни бажариб бўлган ҳоллар бундан мустасно.

Мукофот ҳақидаги ошкора ваъдани бекор қилиш мукофот тўғрисида эълон қилган шахсни қизиқиш билдирган шахсга у эълонда кўрсатилган ҳаракатни бажариши муносабати билан қилган харажатларини қоплашдан озод қилмайди. Қоплаш миқдори барча ҳолларда эълонда кўрсатилган мукофотдан ортиқча бўлиши мумкин эмас.



56-БОБ. ҚИМОР ВА ГАРОВ ЎЙИНЛАР ЎТКАЗИШ


983-модда. Қимор ва гаров ўйинлар уюштириш ҳамда

уларда иштирок этиш билан боғлиқ талаблар

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг таваккалчиликка асосланган қимор ёки гаров ўйинлар (қимор ва бас бойлаш) уюштириш ёки уларда иштирок этиш билан боғлиқ талаблари судда ҳимоя қилинмайди, қимор ёки гаров ўйинлар алдов, зўравонлик, таҳдид қилиш таъсирида ёхуд ўз вакилининг қимор ёки гаров ўйинлари ташкилотчиси билан ғаразли келишуви туфайли иштирок этган шахсларнинг талаблари ва ушбу Кодекснинг 984-моддасида кўрсатилган муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бундан мустасно.


984-модда. Давлат томонидан лотереялар

ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари

Лотереялар ташкилотчиси - давлат, ваколатли давлат органидан рухсатнома (лицензия) олган шахслар ва лотереялар иштирокчилари ўртасидаги муносабатлар шартномага асосланади. Бундай шартнома лотерея билети бериш орқали расмийлаштирилади ва иштирокчи лотерея билети қийматини тўлаган пайтдан эътиборан тузилган деб ҳисобланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган шартномани тузиш тўғрисидаги таклиф лотереялар ўтказиш муддати ва ютуқни аниқлаш тартиби ҳамда унинг миқдори ҳақидаги шартларни ўз ичига олган бўлиши лозим.

Лотереялар ташкилотчиси уларни белгиланган муддатда ўтказишдан бош тортган тақдирда, лотереялар иштирокчилари уларнинг ташкилотчисидан лотереяларни қолдириш ёки уларнинг муддатини бошқа вақтга кўчириш туфайли етказилган ҳақиқий зарарнинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Лотереялар ўтказиш шартларига мувофиқ ютган деб эътироф этиладиган шахсларга лотереяларни ўтказиш шартларида назарда тутилган миқдорда, шаклда (пул ёки буюм ҳолида) ва муддатларда, агар бу шартларда муддат кўрсатилмаган бўлса, лотереялар натижалари чиқарилган пайтдан эътиборан ўн кундан кечиктирмай лотереялар ташкилотчиси томонидан ютуқ тўланиши лозим.

Лотереялар ташкилотчиси ушбу модданинг тўртинчи қисмида кўрсатилган мажбуриятини бажармаган тақдирда, лотереяда ютган иштирокчи лотереялар ташкилотчисидан ютуқни тўлашни, шунингдек шартноманинг ташкилотчи томонидан бузилиши туфайли етказилган зарарларнинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақли.


57-БОБ. ЗАРАР ЕТКАЗИШДАН КЕЛИБ

ЧИҚАДИГАН МАЖБУРИЯТЛАР


1-§. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


985-модда. Зарар етказганлик учун

жавобгарликнинг умумий асослари

Ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

Қонунда зарарни тўлаш мажбурияти зарар етказувчи бўлмаган шахсга юклатилиши мумкин.

Қонун ҳужжатларида ёки шартномада жабрланувчиларга зарарни тўлашдан ташқари товон тўлаш мажбурияти белгилаб қўйилиши мумкин.

Зарар етказган шахс, агар зарар ўз айби билан етказилмаганини исботласа, зарарни тўлашдан озод қилинади. Қонунда зарар етказган шахснинг айби бўлмаган тақдирда ҳам зарарни тўлаш назарда тутилиши мумкин.

Қонуний ҳаракатлар туфайли етказилган зарар қонунда назарда тутилган ҳолларда тўланиши лозим.

Агар зарар жабрланувчининг илтимоси ёки розилиги билан етказилган бўлса, зарар етказган шахснинг ҳаракатлари эса жамиятнинг ахлоқий тамойилларини бузмаса, зарарни тўлаш рад этилиши мумкин.


986-модда. Зарар етказишнинг олдини олиш

Келгусида зарар етказилиши хавфи борлиги бундай хавфни юзага келтирадиган фаолиятни тақиқлаш тўғрисида даъво қўзғатишга асос бўлиши мумкин.

Агар етказилган зарар зарар етказишни давом эттираётган корхона, иншоотдан фойдаланиш ёхуд бошқа ишлаб чиқариш фаолиятининг оқибати бўлса, суд жавобгарга зарарни қоплашдан ташқари тегишли фаолиятни тўхтатиб туриш ёки тугатиш мажбуриятини юклашга ҳақли.

Тегишли фаолиятни тўхтатиб туриш ёки тугатиш жамоатчилик манфаатларига зид бўлган тақдирдагина, суд бу ҳақдаги даъвони рад этиши мумкин. Бундай фаолиятни тўхтатиб туришни ёки тугатишни рад этиш жабрланувчиларни ушбу фаолият туфайли етказилган зарарни ундириш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.



987-модда. Зарурий мудофаа ҳолатида зарар етказганлик

Зарурий мудофаа ҳолатида етказилган зарар, агар бунда мудофаа чегарасидан чиқилмаган бўлса, тўланмайди.

Агар ғайриқонуний тажовуздан ҳимояланиш пайтида ҳимояланувчи учинчи шахсга зарар етказган бўлса, бу зарар тажовуз қилган шахс томонидан тўланиши лозим.

Шахсга унинг жиноий ҳаракатларининг пайини қирқиш ёхуд уни ушлаш ва тегишли органларга олиб бориш сабабли етказилган зарар тўланмайди.


988-модда. Охирги зарурат ҳолатида зарар етказганлик

Охирги зарурат ҳолатида етказилган зарар, яъни зарар етказган шахснинг ўзига ёки бошқа шахсларга таҳдид солган хавфни бартараф этиш учун охирги зарурат ҳолатида етказилган зарар, агар бу хавф мазкур ҳолатларда бошқа воситалар билан бартараф этилиши мумкин бўлмаса, зарар етказган шахс томонидан тўланиши лозим, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Бундай зарар етказилган ҳолатларни ҳисобга олиб, суд уни тўлаш мажбуриятини зарарни етказган шахс учинчи шахснинг манфаатини кўзлаб ҳаракат қилган бўлса, ўша шахсга юклаши ёхуд бу учинчи шахсни ҳам, зарар етказган шахсни ҳам зарарни тўлашдан тўлиқ ёки қисман озод қилиши мумкин.



989-модда. Юридик шахснинг ёки фуқаронинг ўз ходими

томонидан етказилган зарар учун жавобгарлиги

Юридик шахс ёхуд фуқаро ўз ходими меҳнат (хизмат, лавозим) мажбуриятларини бажариб турган вақтида етказган зарарни қоплайди.

Ушбу бобнинг қоидаларига мувофиқ, меҳнат шартномаси асосида, шунингдек фуқаровий-ҳуқуқий шартнома асосида иш бажараётган фуқаролар, агар бунда ишларни бехатар олиб бориш юзасидан тегишли юридик шахснинг ёки фуқаронинг топшириғи бўйича ёки назорати остида ҳаракат қилган бўлсалар ёки ҳаракат қилишлари лозим бўлган бўлса, ходимлар деб эътироф этиладилар.

Хўжалик ширкатлари ва жамиятлари, ишлаб чиқариш кооперативлари ўз иштирокчилари (аъзолари) томонидан улар ширкат ва жамият ёки кооперативнинг тадбиркорлик, ишлаб чиқариш ёки бошқа фаолиятини амалга ошириш вақтида етказилган зарарни қоплайдилар.



990-модда. Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи

бошқариш органлари, шунингдек уларнинг мансабдор

шахслари томонидан етказилган зарар учун жавобгарлик

Давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг Қонунга хилоф қарорлари натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарар, улар мансабдор шахсларининг айбидан қатъи назар, суднинг қарори асосида қопланиши лозим.

Давлат органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари мансабдор шахсларининг Қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарар суднинг қарори асосида қопланиши лозим.

Зарар ушбу Кодекснинг 15-моддасида назарда тутилган тартибда қопланади.


991-модда. Терговга қадар текширувни амалга оширувчи

органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура

органлари ва суднинг қонунга хилоф ҳаракатлари

туфайли етказилган зарар учун жавобгарлик

Қонунга хилоф тарзда ҳукм этиш, қонунга хилоф тарзда жиноий жавобгарликка тортиш, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишни ёки муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат олишни қонунга хилоф қўлланиш, қамоқ тариқасидаги маъмурий жазони қонунга хилоф тарзда бериш натижасида фуқарога етказилган зарар терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг мансабдор шахслари айбидан қатъи назар, қонунда белгиланган тартибда давлат томонидан тўла ҳажмда тўланади. Суднинг қарори билан зарарни қоплаш зарар етказилишида айбдор бўлган мансабдор шахслар зиммасига юкланиши мумкин.

Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг бошқа тарздаги қонунга хилоф фаолияти натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарар, агар қонунда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, умумий асосларда тўланади.


992-модда. Зарарнинг ўз жавобгарлигини

суғурталаган шахс томонидан тўланиши

Ихтиёрий ёки мажбурий суғурта тартибида жабрланувчи фойдасига ўз жавобгарлигини суғурталаган юридик шахс ёки фуқаро етказилган зарарни тўлиқ қоплаш учун суғурта пули етишмаган тақдирда, суғурта пули ва зарарнинг ҳақиқий миқдори ўртасидаги фарқни тўлайди.


993-модда. Ўн тўрт ёшгача бўлган вояга етмаганлар

томонидан етказилган зарар учун жавобгарлик

Ўн тўрт ёшгача бўлган вояга етмаган (кичик ёшдаги бола) томонидан етказилган зарар учун унинг ота-онаси (фарзандликка олувчилари) ёки васийлари, агар зарар уларнинг айби билан етказилмаганлигини исботлай олмасалар, жавобгар бўладилар.

Агар васийликка муҳтож кичик ёшдаги бола тегишли тарбиялаш, даволаш муассасасида, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш муассасасида ёки қонунга кўра васийси ҳисобланадиган бошқа шунга ўхшаш муассасада турган бўлса, бу муассаса, агар зарар муассасанинг айби билан етказилмаганлигини исботлай олмаса, кичик ёшдаги бола томонидан етказилган зарарни тўлаши шарт.

Агар кичик ёшдаги бола ўқув юрти, тарбиялаш, даволаш муассасаси ёки унинг устидан назоратни амалга ошириши шарт бўлган бошқа муассасанинг, шунингдек шартнома асосида назоратни амалга оширувчи шахснинг назорати остида турган вақтда зарар етказган бўлса, бу муассасалар ва шахслар, агар зарар уларнинг назоратни амалга оширишдаги айби билан етказилмаганлигини исботлай олмасалар, зарар учун жавобгар бўладилар.

Ота-она (фарзандликка олувчилар), васийлар, ўқув юртлари, тарбиялаш, даволаш муассасалари ва бошқа муассасаларнинг кичик ёшдаги бола томонидан етказилган зарарни тўлаш мажбурияти кичик ёшдаги бола вояга етиши ёки у зарарни тўлаш учун етарлича мол-мулк олиши муносабати билан бекор бўлмайди.

Агар ота-она (фарзандликка олувчилар), васийлар, шунингдек ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган бошқа шахслар вафот этган бўлсалар ёки улар зарарни тўлаш учун етарли маблағга эга бўлмасалар, тўлиқ муомалага лаёқатли бўлиб қолган зарар етказувчининг ўзи бундай маблағга эга бўлса, суд тарафларнинг мулкий аҳволини, шунингдек бошқа ҳолатларни инобатга олиб, зарарни тўлиқ ёки қисман зарар етказувчининг ўз мол-мулки ҳисобидан қоплаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.


994-модда. Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга

етмаганлар томонидан етказилган зарар учун жавобгарлик

Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар етказилган зарар учун умумий асосларда мустақил жавобгар бўладилар.

Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганнинг зарарни қоплаш учун етарли мол-мулки ёки бошқа даромад манбалари бўлмаган тақдирда, зарар тўлиғича ёки унинг етишмаган қисми вояга етмаганнинг ота-онаси (фарзандликка олувчилари) ёки васийи томонидан, агар улар зарар ўзларининг айби билан етказилмаганлигини исботлай олмасалар, тўланиши лозим.

Агар ҳомийликка муҳтож ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаган тегишли тарбиялаш, даволаш муассасасида, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш муассасасида ёки қонунга кўра унинг ҳомийси ҳисобланувчи бошқа шунга ўхшаш муассасада турган бўлса, бу муассасалар, агар зарар уларнинг айби билан етказилмаганлигини исботлай олмасалар, зарарни тўлиғича ёки унинг етишмайдиган қисмини тўлашлари шарт.

Зарар етказган вояга етганида ёхуд у вояга етмасидан унда мол-мулк ёки зарарни тўлаш учун етарли даромад манбалари пайдо бўлганида ёхуд у вояга етмасидан муомала лаёқатига эга бўлганида ота-она (фарзандликка олувчилар), ҳомий ва тегишли муассасанинг зарарни тўлаш бўйича мажбурияти тугайди.


995-модда. Ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилган ота-онанинг

вояга етмаганлар томонидан етказилган зарар учун жавобгарлиги

Суд ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилган ота-онага уларнинг вояга етмаган болалари томонидан ота-онаси ўз ҳуқуқларидан маҳрум қилинганидан кейин уч йил ичида содир этилган зарар учун, агар боланинг зарар етказилишига сабаб бўлган хулқ-атвори улар болани тарбиялаш бўйича ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаганликларининг оқибати бўлса, жавобгарликни юклаши мумкин.


996-модда. Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро

томонидан етказилган зарар учун жавобгарлик

Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро томонидан етказилган зарарни унинг васийи ёки унинг устидан назоратни амалга ошириши шарт бўлган ташкилот, агар зарар уларнинг айби билан етказилмаганлигини исботлай олмаса, тўлайди.

Васий ёки ташкилотнинг муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро томонидан етказилган зарарни тўлаш бўйича мажбурияти, унинг муомала лаёқати тикланган тақдирда ҳам тугамайди.

Агар васий вафот этса ёхуд зарарни тўлаш учун етарлича маблағга эга бўлмаса, зарар етказувчининг ўзи эса бундай маблағга эга бўлса, суд жабрланувчининг ва зарар етказувчининг мулкий аҳволини, шунингдек бошқа ҳолатларни инобатга олиб, зарарни тўлиғича ёки қисман зарар етказувчининг мол-мулки ҳисобидан тўлаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.



997-модда. Муомала лаёқати чекланган фуқаро

томонидан етказилган зарар учун жавобгарлик

Муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқаро томонидан спиртли ичимликлар ёки гиёҳвандлик воситаларини суиистеъмол қилиш оқибатида етказилган зарарни унинг ўзи умумий асосларда тўлайди.


998-модда. Ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна

олмайдиган фуқаро томонидан етказилган

зарар учун жавобгарлик

Ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни идора қила олмайдиган ҳолатда зарар етказган муомалага лаёқатли фуқаро, шунингдек ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаган келтирган зарари учун жавобгар бўлмайди.

Агар жабрланувчининг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилган бўлса, суд жабрланувчининг ва зарар етказувчининг мулкий аҳволини, шунингдек бошқа ҳолатларни инобатга олиб, зарарни тўлаш мажбуриятини тўлиғича ёки қисман зарар етказувчига юклаши мумкин.

Зарар етказувчи, агар спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари истеъмол қилиш туфайли ёки бошқа усулда ўзини ўзи шу ҳолатга келтирган бўлса, жавобгарликдан озод қилинмайди.

Агар зарар руҳий ҳолати бузилгани (руҳий касаллик ёки ақли заифлик) оқибатида ўз ҳаракатлари аҳамиятини тушуна олмаган ёки уларни идора қила олмаган шахс томонидан етказилган бўлса, зарарни тўлаш мажбурияти суд томонидан бу шахс билан бирга яшовчи, зарар етказувчининг бундай ҳолати ҳақида билган, лекин уни муомалага лаёқатсиз деб топиш ва унинг устидан васийлик ўрнатиш тўғрисида масала қўймаган эри (хотини), ота-онаси, вояга етган фарзандларига юкланиши мумкин.



999-модда. Теварак-атрофдагиларга ошиқча хавф

туғдирадиган фаолият туфайли етказилган

зарар учун жавобгарлик

Фаолияти теварак-атрофдагиларга ошиқча хавф туғдирадиган юридик шахслар ва фуқаролар (транспорт ташкилотлари, саноат корхоналари, қурилишлар, транспорт воситаларининг эгалари ва бошқалар) ошиқча хавф манбаи етказган зарарни, агар зарар бартараф қилиб бўлмайдиган куч ёки жабрланувчининг қасддан қилган ҳаракати оқибатида юзага келганини исботлай олмасалар, тўлашлари шарт.

Зарарни тўлаш мажбурияти ошиқча хавф манбаига мулк ҳуқуқи, хўжалик юритиш ҳуқуқи ёки оператив бошқарув ҳуқуқи ёхуд бошқа ҳар қандай қонуний асосда (мулкий ижара шартномаси, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берадиган ишончнома, тегишли органнинг унга ортиқча хавф манбаини топшириш тўғрисидаги фармойишига кўра ва ҳоказо) эгалик қилувчи юридик шахс ёки фуқарога юкланади.

Ошиқча хавф манбаларининг эгалари бу манбаларнинг бир бирига таъсири (транспорт воситаларининг тўқнашуви ва ҳоказо) натижасида учинчи шахсларга етказилган зарар учун ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган асослар бўйича солидар жавобгар бўладилар.

Ошиқча хавф манбаларининг ўзаро таъсири натижасида уларнинг эгаларига етказилган зарар умумий асосларда қопланади. Бунда бир тарафнинг айби билан етказилган зарар шу тараф томонидан тўлиқ ҳажмда қопланади, иккала ёки бир нечта тарафларнинг айби билан етказилган зарар эса улардан ҳар бирининг айби даражасига мутаносиб равишда қопланади. Тарафлардан ҳар бирининг айби даражасини аниқлаш имконияти бўлмаганда жавобгарлик улар ўртасида тенг баравар тақсимланади. Зарарнинг етказилишида тарафларнинг айби бўлмаганда улардан ҳеч бири зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас. Бундай ҳолда тарафларнинг ҳар бири ўзи кўрган зарар хавфини зиммасига олади.

Ошиқча хавф манбаининг эгаси шу манба етказган зарар учун, агар манба эгасининг тасарруфидан бошқа шахсларнинг ғайриҳуқуқий ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида чиқиб кетганлигини исботласа, жавобгар бўлмайди. Бундай ҳолларда ошиқча хавф манбаи томонидан етказилган зарар учун жавобгарлик манбани ғайриҳуқуқий эгаллаб олган шахснинг зиммасида бўлади. Бу манбани эгасининг тасарруфидан ғайриҳуқуқий тортиб олишда эгасининг айби бўлган тақдирда, жавобгарлик унинг эгасига ҳам, ошиқча хавф манбаини эгаллаб олган шахсларга ҳам юкланиши мумкин.


1000-модда. Биргаликда етказилган зарар учун жавобгарлик

Биргаликда зарар етказган шахслар жабрланувчининг олдида солидар жавобгар бўладилар.

Жабрланувчининг аризасига кўра ва унинг манфаатларини кўзлаб, суд биргаликда зарар етказган шахсларга ҳиссали жавобгарликни юклашга ҳақли.


1001-модда. Зарар етказган шахсга нисбатан регресс ҳуқуқи

Бошқа шахс (меҳнат мажбуриятларини бажараётган ходим, транспорт воситасини бошқарувчи шахс ва ҳ.к) томонидан етказилган зарарни тўлаган шахс бу шахсга нисбатан, агар қонунда бошқача миқдор белгиланмаган бўлса, тўланган товон миқдорида қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга.

Биргаликда етказилган зарарни тўлаган зарар етказувчи зарар етказувчиларнинг ҳар биридан жабрланувчига тўланган товоннинг ҳар бир зарар етказувчининг айби даражасига мос улушини талаб қилишга ҳақли. Айбнинг даражасини аниқлаш имконияти бўлмаганда улушлар тенг баравар деб ҳисобланади.

Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг мансабдор шахслари томонидан етказилган зарарни тўлаган давлат бундай шахсларнинг айби суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланган ҳолларда, бу шахсларга нисбатан регресс ҳуқуқига эга.

Террорчиликка қарши операция ўтказиш натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаган давлат содир этилган айбли ҳаракатлари террорчиликка қарши операция ўтказилишига сабаб бўлган шахсга нисбатан тўланган товон миқдорида қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга.

Ушбу Кодекснинг 993-996, 998-моддаларида кўрсатилган асослар бўйича зарарни тўлаган шахслар зарар етказган шахсга нисбатан қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга эмас.



1002-модда. Уй ҳайвонлари томонидан

етказилган зарар учун жавобгарлик

Уй ҳайвони томонидан етказилган зарар учун унинг мулкдори ёки бу ҳайвонга эгалик қилувчи ва ундан фойдаланувчи шахс умумий асосларда жавобгар бўлади.



1003-модда. Зарарнинг ўрнини қоплаш усуллари

Суд зарарни қоплаш тўғрисидаги талабни қаноатлантирар экан, иш ҳолатларига мувофиқ равишда, етказилган зарар учун жавобгар шахсга зарарни аслича қоплаш (ўшандай турдаги ва сифатдаги ашёни тақдим этиш, шикастланган ашёни тузатиш ва ҳоказо) ёки етказилган зарарни тўлаш мажбуриятини юклайди.

1004-модда. Жабрланувчининг айбини ва зарар

етказган шахснинг мулкий ҳолатини ҳисобга олиш

Жабрланувчининг қасддан иш кўриши натижасида юзага келган зарар тўланмайди.

Агар жабрланувчи ўзининг қўпол эҳтиётсизлиги туфайли зарарнинг юзага келишига ёки ортишига кўмаклашган бўлса, унда жабрланувчининг ва зарар етказувчининг айби даражасига қараб товон миқдори камайтирилиши лозим.

Жабрланувчи қўпол эҳтиётсизлик қилганда ва зарар етказувчининг айби бўлмаганда, унинг жавобгарлиги айбидан қатъи назар юзага келган ҳолларда, товон миқдори камайтирилиши лозим ёки, агар қонунда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, зарарни тўлаш рад этилиши мумкин. Фуқаронинг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилганда товон тўлашни рад этишга йўл қўйилмайди.

Қўшимча харажатларни тўлашда, боқувчисининг вафоти муносабати билан кўрилган зарарни тўлашда, шунингдек дафн этиш харажатларини тўлашда жабрланувчининг айби ҳисобга олинмайди.

Суд фуқаро томонидан етказилган зарарни қоплаш миқдорини, унинг мулкий ҳолатини ҳисобга олиб, камайтириши мумкин, зарар қасддан қилинган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли етказилган ҳоллар бундан мустасно.



2-§. ФУҚАРОНИНГ ҲАЁТИ ВА СОҒЛИҒИГА

ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАРНИНГ ЎРНИНИ ҚОПЛАШ


1005-модда. Шартномаларга оид ёки бошқа мажбуриятларни

бажаришда фуқаронинг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган

зарарнинг ўрнини қоплаш

Шартнома мажбуриятларини бажаришда, шунингдек ҳарбий хизмат мажбуриятларини, ички ишлар органларидаги хизматни ва бошқа шунга ўхшаш мажбуриятларни бажаришда фуқаронинг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарар, агар қонунда ёки шартномада жавобгарликнинг анча юқори миқдори назарда тутилмаган бўлса, ушбу боб қоидаларига мувофиқ қопланади.



1006-модда. Соғлиққа шикаст етказилганлиги туфайли кўрилган

зарарнинг ўрнини қоплаш ҳажми ва хусусияти

Фуқаро майиб қилинганда ёки унинг соғлиғига бошқача шикаст етказилганда жабрланувчи оладиган ёки муайян равишда олиши мумкин бўлган йўқотилган иш ҳақи (даромадлари), шунингдек саломатлигига шикаст етказилиши туфайли қилган қўшимча харажатлари, шу жумладан даволаниш, қўшимча овқатланиш, дори-дармонлар сотиб олиш, протез қўйдириш, бировнинг парваришида бўлиш, санаторий-курортда даволаниш, махсус транспорт воситаларини сотиб олиш, бошқа касбга тайёргарликдан ўтиш харажатлари, агар жабрланувчининг ана шу ёрдам ва парвариш турларига муҳтожлиги ҳамда уларни бепул олиш ҳуқуқига эга эмаслиги аниқланса, ўрни қопланиши лозим.

Йўқотилган иш ҳақини (даромадларни) аниқлашда жабрланувчига майиб бўлиши ёки соғлиғига бошқача шикаст етиши сабабли тайинланган ногиронлик пенсияси, худди шунингдек соғлиғига зарар етказилмасидан олдинги ва ундан кейинги бошқа турдаги пенсиялар, нафақалар ва бошқа шунга ўхшаш тўловлар эътиборга олинмайди ва зарарни қоплаш миқдорини камайтиришга сабаб бўлмайди (зарарни қоплаш ҳисобига киритилмайди). Зарарни қоплаш ҳисобига шунингдек жабрланувчи соғлиғига шикаст етказилганидан кейин оладиган иш ҳақи (даромади) ҳам киритилмайди.

Қонун ҳужжатлари ёки шартнома билан ушбу моддага мувофиқ жабрланувчига тегадиган тўлов ҳажми ва миқдори кўпайтирилиши мумкин.



1007-модда. Соғлиққа шикаст етказилиши натижасида

йўқотилган иш ҳақини (даромадни) аниқлаш


Ўрни қопланиши лозим бўлган йўқотилган иш ҳақи (даромад)нинг миқдори майибланишгача ёки соғлиққа бошқача шикаст етказилишигача ёхуд меҳнат қобилияти йўқотилгунгача бўлган ўртача ойлик иш ҳақи (даромад)га нисбатан жабрланувчининг касбий меҳнат қобилиятини йўқотиши даражасига, касби йўқ бўлганда эса - умумий меҳнат қобилиятини йўқотиш даражасига мувофиқ фоизларда аниқланади.

Жабрланувчининг йўқотилган иш ҳақи (даромади) таркибига ҳам асосий иш жойидан, ҳам ўриндошлик бўйича ишлайдиган жойидан меҳнат ва фуқаровий-ҳуқуқий шартномалар бўйича тўланадиган, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинадиган барча турдаги меҳнат ҳақи қўшилади. Бир йўла тўланадиган тўловлар (фойдаланилмаган таътил учун тўланадиган пул, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги ишдан бўшатиш нафақаси) ҳисобга олинмайди. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш таътили учун тўланган нафақа ҳисобга олинади. Тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадлар, шунингдек муаллифлик гонорари йўқотилган иш ҳақи (даромад) таркибига киритилади, бунда тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадлар солиқ инспекциясининг маълумотлари асосида киритилади.

Иш ҳақи (даромад)нинг барча турлари солиқлар ушлаб қолинмасдан олдин ҳисобланган суммаларда ҳисобга олинади.

Ўртача ойлик иш ҳақи (даромад) соғлиққа шикаст етказилишидан олдинги ишланган ўн икки ой ичидаги иш ҳақи (даромад)нинг умумий суммасини ўн иккига бўлиш йўли билан ҳисоблаб чиқилади. Зарар етказилган пайтгача жабрланувчи ўн икки ойдан кам ишлаган ҳолларда ўртача иш ҳақи (даромад) соғлиққа шикаст етказилишидан олдинги амалда ишланган ойлардаги иш ҳақи (даромад)нинг умумий суммасини ана шу ойлар сонига бўлиш йўли билан ҳисоблаб чиқилади.

Жабрланувчи тўлиқ ишламаган ойлар унинг хоҳишига кўра бундан олдинги тўлиқ ишланган ойларга алмаштирилади ёки уларни алмаштириш имконияти бўлмаганда ҳисобдан чиқариб ташланади.

Жабрланувчи зарар етказилган пайтда ишламаётган бўлса, унинг хоҳишига кўра меҳнат шартномаси бекор қилинишигача бўлган иш ҳақи (даромади) ёхуд мазкур жойда унинг малакасидаги ходимга тўланадиган, аммо қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг беш каррасидан кам бўлмаган одатдаги ҳақ тўлаш миқдори ҳисобга олинади.

Агар жабрланувчининг иш ҳақида (даромадларида) унинг майиб қилиниши ёки соғлиғига бошқача шикаст етказилишига қадар унинг мулкий аҳволини яхшиловчи барқарор ўзгаришлар содир бўлган (эгаллаб турган лавозими бўйича иш ҳақи оширилган, юқорироқ ҳақ тўланадиган ишга ўтказилган, кундузги ўқув юртини битирганидан кейин ишга кирган) бўлса ва ўзгаришнинг барқарорлиги ёки жабрланувчининг иш ҳақи ўзгариши эҳтимоли исботланган бошқа ҳолларда, унинг ўртача ойлик иш ҳақини аниқлашда у тегишли ўзгаришдан кейин олган ёки олиши лозим бўлган иш ҳақи (даромад)гина ҳисобга олинади.


1008-модда. Вояга етмаган шахснинг соғлиғига шикаст

етказилганда зарарнинг ўрнини қоплаш

Ўн тўрт ёшга тўлмаган ва иш ҳақи (даромад) олмайдиган вояга етмаган шахс майиб бўлиб қолган ёки соғлиғига бошқача тарзда шикаст етказилган тақдирда зарар етказилганлиги учун жавобгар шахс соғлиққа шикаст етказилиши туфайли қилинган харажатларнинг ўрнини қоплаши шарт.

Жабрланувчи ўн тўрт ёшга тўлганда, шунингдек ўн тўртдан ўн саккиз ёшгача бўлган иш ҳақи (даромад) олмайдиган вояга етмаган шахсга зарар етказилган тақдирда, етказилган зарар учун жавобгар шахс жабрланувчига соғлиққа шикаст етказилиши туфайли қилинган харажатлардан ташқари, шунингдек унинг меҳнат қобилияти йўқотилганлиги ёки камайганлиги билан боғлиқ зарарни қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг беш карраси миқдоридан келиб чиқиб, қоплаши шарт.

Агар вояга етмаган шахс соғлиғига шикаст етказилгунига қадар иш ҳақи (даромад)га эга бўлган бўлса, унда зарар ушбу иш ҳақи (даромад) миқдоридан келиб чиқиб, аммо қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг беш каррасидан кам бўлмаган миқдорда тўланади.

Соғлиғига илгари шикаст етказилган вояга етмаган шахс меҳнат фаолияти бошланганидан сўнг зарар учун тўланаётган ҳақни у оладиган иш ҳақи (даромад) ёхуд унга лавозими бўйича белгиланган ҳақ миқдоридан ёки у ишлаётган жойдаги айни шундай малакадаги ходимнинг иш ҳақи (даромади) миқдоридан келиб чиқиб, кўпайтиришни талаб қилишга ҳақли.



1009-модда. Боқувчиси вафот этганлиги натижасида

зиён кўрган шахсларга зарарни тўлаш

Боқувчиси вафот этган тақдирда қуйидагилар зарарни ундириш ҳуқуқига эга:

марҳумнинг қарамоғида турган ёки у вафот этган кунгача ундан таъминот олиш ҳуқуқига эга бўлган меҳнатга лаёқатсиз шахслар;

марҳумнинг вафотидан кейин туғилган фарзанди;

меҳнат қобилиятидан қатъи назар марҳумнинг қарамоғида бўлган унинг ўн тўрт ёшга тўлмаган ёхуд кўрсатилган ёшга тўлган бўлса ҳам тиббиёт муассасасининг хулосасига кўра саломатлиги бўйича бошқаларнинг парваришига муҳтож бўлган болалари, неваралари, ака-укалари ва опа-сингилларини парваришлашда банд бўлган ва ишламайдиган ота-онасидан бири, эри (хотини) ёки оиланинг бошқа аъзоси;

марҳумнинг қарамоғида бўлган ва унинг вафотидан кейин беш йил ичида меҳнатга қобилиятсиз бўлиб қолган шахслар.

Ишламайдиган ва марҳумнинг ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган болалари, неваралари, ака-укалари ва опа-сингилларини парваришлашда банд бўлган ота-онасидан бири, эр (хотин) ёхуд оиланинг бошқа аъзоси парваришлашни амалга ошириш даврида меҳнатга қобилиятсиз бўлиб қолган тақдирда, ана шу шахсларни парваришлаш тугаганидан кейин зарарни ундириш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Зарар қуйидагиларга тўланади:

вояга етмаганларга - ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар;

ўн саккиз ёшдан ошган ўқувчиларга - ўқувнинг кундузги шаклида ўқишни тугатгунга қадар, бироқ йигирма уч ёшдан ошмагунча;

эллик беш ёшдан ошган аёлларга ва олтмиш ёшдан ошган эркакларга - умрбод;

ногиронларга - ногиронлик муддатига;

марҳумнинг қарамоғида бўлган болалари, неваралари, ака-укалари ва опа-сингилларини улар ўн тўрт ёшга тўлгунга қадар парваришлашда банд бўлган ота-онасидан бири, эри (хотини) ёхуд оиланинг бошқа аъзосига.


1010-модда. Боқувчиси вафот этган тақдирда

кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш миқдори

Боқувчиси вафот этганлиги муносабати билан зарарни ундириш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга зарар марҳумнинг ушбу Кодекс 1007-моддаси қоидалари бўйича аниқланган иш ҳақи (даромади)нинг марҳум ҳаёт вақтида улар ўз таъминоти учун олган ёки олиш ҳуқуқига эга бўлган улуши миқдорида қопланади. Бу шахсларга зарарни қоплашни аниқлашда марҳумнинг даромадлари таркибига иш ҳақи (даромад) билан бир қаторда у ҳаёт вақтида олган пенсия, умрбод таъминот ва бошқа шунга ўхшаш тўловлар киритилади.

Зарарнинг ўрнини қоплаш миқдорини аниқлашда боқувчиси вафот этганлиги муносабати билан шахсларга тайинланган пенсия, шунингдек боқувчисининг вафотидан олдин ҳам, вафотидан кейин ҳам тайинланган бошқа турдаги пенсиялар ҳамда иш ҳақи (даромад), стипендия қоплаш ҳисобига киритилмайди.

Боқувчиси вафот этганлиги муносабати билан зарарни ундириш ҳуқуқига эга бўлганларнинг ҳар бирига белгиланган қоплаш миқдори кейинчалик қайтадан ҳисоблаб чиқилмайди, қуйидаги ҳоллар бундан мустасно:

боқувчининг вафотидан кейин фарзанд туғилиши;

вафот этган боқувчининг болалари, неваралари, ака-укалари ва опа-сингилларини парваришлашда банд бўлган шахсларга ҳақ тўлашни тайинлаш ёки уни тўхтатиш.

Қонун ҳужжатларида ёки шартномада қоплаш миқдорини кўпайтириш назарда тутилиши мумкин.



1011-модда. Зарар етказган шахснинг меросхўрлари

томонидан зарарнинг қопланиши

Фуқаро томонидан етказилган зарарни қоплаш мажбурияти унинг вафотидан кейин меросни қабул қилиб олган меросхўрларига ўтади. Меросхўрлар жабрланувчининг олдида ўзларига мерос бўлиб ўтган мол-мулкнинг ҳақиқий қиймати доирасида жавобгар бўладилар. Вориссиз мол-мулк ўзига ўтган давлат ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ҳам ана шундай асосларда жавобгар бўлади.


1012-модда. Зарарни қоплаш миқдорининг ўзгариши

Меҳнат қобилиятини қисман йўқотган жабрланувчи зарарни тўлаш мажбурияти юкланган шахсдан исталган вақтда, агар унинг меҳнат қобилияти соғлиғига етказилган шикаст туфайли ўзига зарарни ундириш белгиланган пайтда бўлганидагига нисбатан ёмонлашса, қоплаш миқдорини тегишлича кўпайтиришни талаб қилишга ҳақли.

Жабрланувчининг соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мажбурияти зиммасига юкланган шахс, агар жабрланувчининг меҳнат қобилияти зарарни ундириш белгиланган пайтда бўлгандагига нисбатан ошган бўлса, қоплаш миқдорини тегишлича камайтиришни талаб қилишга ҳақли.

Жабрланувчи, агар зарарнинг ўрнини қоплаш мажбурияти зиммасига юкланган фуқаронинг мулкий аҳволи яхшиланган бўлса, қоплаш миқдори эса ушбу Кодекс 1004-моддасининг бешинчи қисмига мувофиқ камайтирилган бўлса, зарарни тўлаш миқдорини кўпайтиришни талаб қилишга ҳақли.

Суд зарар етказган фуқаронинг талабига биноан, агар унинг мулкий аҳволи ногиронлиги ёхуд пенсия ёшига етганлиги сабабли зарарнинг ўрнини қоплаш белгиланган пайтдагига нисбатан ёмонлашган бўлса, зарарнинг ўрнини қоплаш миқдорини камайтириши мумкин, зарар қасддан етказилган ҳоллар бундан мустасно.



1013-модда. Турмуш қийматининг ошиб бориши ва қонун

ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорининг

оширилиши муносабати билан зарарни қоплашнинг кўпайиши

Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иш ҳақининг энг кам миқдори оширилганида бой берилган иш ҳақи (даромад)ни, жабрланувчининг соғлиғига путур етказилиши ва унинг вафоти муносабати билан белгиланган бошқа тўловларни қоплаш суммалари қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорининг оширилишига мутаносиб равишда кўпайтирилади.


1014-модда. Зарарнинг ўрнини қоплаш тўловлари

Жабрланувчининг меҳнат қобилияти пасайиши ёки унинг вафот этганлиги билан боғлиқ зарарни қоплаш ҳар ойлик тўловлар билан амалга оширилади.

Узрли сабаблар бўлган тақдирда суд зарар етказувчининг имкониятларини ҳисобга олиб, ундириш ҳуқуқига эга бўлган фуқаронинг талаби билан унга тегишли тўловларни бир йўла, лекин уч йилдан ошмаган вақт учун тўлашни белгилаши мумкин.

Келгуси вақт учун қўшимча харажатларни ундириш тиббий экспертиза хулосаси асосида аниқланадиган муддатларда, шунингдек тегишли хизматлар ва мол-мулк (йўлланма сотиб олиш, йўл ҳақини тўлаш, махсус транспорт воситалари ҳақини тўлаш ва ҳоказо) қийматини олдиндан тўлаш зарурияти туғилганда амалга оширилиши мумкин.

Жабрланувчи қонунга мувофиқ мажбуриятнинг бекор қилинишини ёки муддатидан олдин бажарилишини талаб қилишга ҳақли бўлган ҳолларда, бундай талаб вақти-вақти билан тўлаб туриладиган тегишли тўловларни капиталлаштириш йўли билан қаноатлантирилади.


1015-модда. Юридик шахс бекор қилинган

тақдирда зарарнинг қопланиши

Ҳаёт ва соғлиққа етказилган зарар учун белгиланган тартибда жавобгар деб топилган юридик шахс қайта тузилган тақдирда, тегишли тўловларни тўлаш мажбурияти унинг ҳуқуқий вориси зиммасида бўлади. Зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талабнома ҳам унга тақдим этилади.

Ходимнинг меҳнат мажбуриятларини бажариши муносабати билан унинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар учун жавобгар бўлган, қишлоқ хўжалиги товар маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи қайта ташкил этилаётган юридик шахсда маблағ бўлмаган ёхуд етарли бўлмаган тақдирда, ундирилиши лозим бўлган суммалар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда давлат томонидан тўланади. Қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам мазкур суммалар давлат томонидан тўланади.

Ҳаёт ва соғлиққа етказилган зарар учун белгиланган тартибда жавобгар деб топилган юридик шахс тугатилган тақдирда, тегишли тўловлар уларни қонун ҳужжатларида белгиланган қоидаларга кўра жабрланувчига тўлаш учун капиталлаштирилиши лозим.

Тугатилаётган юридик шахснинг мол-мулки йўқлиги ёки етарли эмаслиги сабабли тўловларни капиталлаштириш мумкин бўлмаган ҳолларда, белгиланган суммалар жабрланувчига давлат томонидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда тўланади.


1016-модда. Дафн этиш харажатларининг қопланиши

Жабрланувчи вафот этганлиги туфайли кўрилган зарар учун жавобгар шахслар дафн этиш учун зарур бўлган харажатлар ўрнини бу харажатларни қилган шахсга тўлашлари шарт.

Бу харажатларни қилган фуқаролар томонидан олинган дафн этиш нафақаси зарарнинг ўрнини қоплаш ҳисобига киритилмайди.


3-§. ТОВАРЛАР, ИШЛАР, ХИЗМАТЛАРДАГИ

НУҚСОНЛАР ОҚИБАТИДА ЕТКАЗИЛГАН

ЗАРАРНИНГ ЎРНИНИ ҚОПЛАШ


1017-модда. Товарнинг, ишнинг, хизматнинг нуқсонлари

оқибатида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш асослари

Товарнинг (ишнинг, хизматнинг) конструктив, рецептуравий ёки бошқа нуқсонлари оқибатида, шунингдек товар (иш, хизмат) тўғрисидаги маълумот нотўғри ёки етарли эмаслиги оқибатида фуқаронинг ҳаёти, соғлиғи ёки мол-мулкига ёхуд юридик шахснинг мол-мулкига етказилган зарар сотувчи ёки тайёрловчи (ижрочи) томонидан, уларнинг айбидан ва жабрланувчи улар билан шартнома муносабатларида бўлгани ёки бўлмаганидан қатъи назар, қопланиши лозим.

Ушбу моддада назарда тутилган қоидалар товарни (ишнинг бажарилиши, хизматнинг кўрсатилиши) тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиш учун эмас, балки истеъмол мақсадлари учун сотиб олинган ҳоллардагина қўлланилади.


1018-модда. Товарнинг, ишнинг, хизматнинг нуқсонлари

оқибатида етказилган зарар учун жавобгар шахслар

Товарнинг нуқсонлари оқибатида етказилган зарар жабрланувчининг танловига кўра товарнинг сотувчиси ёки тайёрловчиси томонидан қопланиши лозим.

Ишнинг (хизматнинг) нуқсони оқибатида етказилган зарар ишни бажарган ёки хизматни кўрсатган шахс (ижрочи) томонидан қопланиши лозим.

Товар (иш, хизмат) тўғрисида тўлиқ ёки ишончли маълумот бермаганлик оқибатида етказилган зарар ушбу модданинг қоидаларига мувофиқ қопланиши лозим.


1019-модда. Товарнинг, ишнинг, хизматнинг нуқсонлари

натижасида етказилган зарарни қоплаш муддатлари

Товарнинг (ишнинг, хизматнинг) нуқсонлари оқибатида етказилган зарар, агар у товарнинг (ишнинг, хизматнинг) белгиланган яроқлилик муддатлари мобайнида етказилган бўлса, қопланиши лозим, мабодо яроқлилик муддати белгиланмаган бўлса, товар ишлаб чиқарилган (иш, хизмат қабул қилиб олинган) кундан бошлаб ўн йил мобайнида қопланиши лозим.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган муддатлардан ташқари зарар қуйидаги ҳолларда қопланиши лозим, агар:

қонун талаблари бузилиб яроқлилик муддати белгиланмаган бўлса;

товарни сотиб олган, ишни бажартирган ёки хизматдан фойдаланган шахс яроқлилик муддати тугаганидан кейин зарур бўлган ҳаракатларни қилиши тўғрисида ва кўрсатилган ҳаракатлар бажарилмаган тақдирда келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатлар тўғрисида огоҳлантирилмаган бўлса.



1020-модда. Товарнинг, ишнинг, хизматнинг нуқсонлари оқибатида

етказилган зарар учун жавобгарликдан озод қилиш асослари

Товарнинг сотувчиси ёки тайёрловчиси, ишнинг (хизматнинг) ижрочиси, зарар енгиб бўлмас куч таъсирида ёки истеъмолчи товарларни сақлаш ёки улардан (ишнинг натижаларидан, хизматлардан) фойдаланиш юзасидан белгиланган қоидаларни бузиши оқибатида етказилганлигини исботлаган ҳолларда жавобгарликдан озод қилинади.


4-§. МАЪНАВИЙ ЗАРАРНИ ҚОПЛАШ

1021-модда. Умумий қоидалар

Маънавий зарар уни етказувчининг айби бўлган тақдирда, зарар етказувчи томонидан қопланади, ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Маънавий зарар уни етказувчининг айбидан қатъи назар қуйидаги ҳолларда қопланади, агар:

зарар фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига ошиқча хавф манбаи томонидан етказилган бўлса;

зарар фуқарога уни қонунга хилоф тарзда ҳукм қилиш, қонунга хилоф тарзда жиноий жавобгарликка тортиш, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишни ёки муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат олишни қонунга хилоф тарзда қўлланиш, қонунга хилоф тарзда маъмурий жазо қўлланиш ва қонунга хилоф тарзда ушлаб туриш натижасида етказилган бўлса;

зарар ор-номус, қадр-қиммат ва ишчанлик обрў-эътиборини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатиш туфайли етказилган бўлса;

қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда.


1022-модда. Маънавий зарарни қоплаш усули ва миқдори

Маънавий зарар пул билан қопланади.

Маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусиятига, шунингдек айб товон тўлашга асос бўлган ҳолларда зарар етказувчининг айби даражасига қараб суд томонидан аниқланади. Зарарни қоплаш миқдорини аниқлашда оқилоналик ва адолатлилик талаблари эътиборга олиниши лозим.

Жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусияти маънавий зарар етказилган ҳақиқий ҳолатлар ва жабрланувчининг шахсий хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан баҳоланади.

Маънавий зарар тўланиши лозим бўлган мулкий зарардан қатъи назар қопланади.


58-БОБ. АСОССИЗ БОЙЛИК ОРТТИРИШ ОҚИБАТИДА

КЕЛИБ ЧИҚАДИГАН МАЖБУРИЯТЛАР


1023-модда. Асоссиз орттирилган

бойликни қайтариш мажбурияти

Қонун ҳужжатларида ёки битимда белгиланган асосларсиз бошқа шахс (жабрланувчи)нинг ҳисобидан мол-мулкни эгаллаб олган ёки тежаб қолган шахс (қўлга киритувчи) асоссиз эгаллаб олинган ёки тежаб қолинган мол-мулкни (асоссиз орттирилган бойликни) жабрланувчига қайтариб бериши шарт, ушбу Кодекснинг 1030-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган мажбурият, шунингдек мол-мулкни эгаллаб олиш ёки тежаб қолиш асоси кейинчалик бекор бўлганда ҳам юзага келади.

Ушбу бобнинг қоидалари асоссиз бойлик орттириш қўлга киритувчининг, жабрланувчининг ўзининг, учинчи шахсларнинг хулқ-атвори натижаси бўлганлигидан ёки уларнинг иродасидан ташқари содир бўлганлигидан қатъи назар қўлланилади.


1024-модда. Асоссиз орттирилган бойликни қайтариш

тўғрисидаги талабларнинг фуқаролик ҳуқуқларини

ҳимоя қилиш тўғрисидаги бошқа талаблар

билан ўзаро боғланиши

Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса ва тегишли муносабатларнинг моҳиятидан келиб чиқмаса, ушбу бобнинг қоидалари, шунингдек:

ҳақиқий бўлмаган битим бўйича бажарилган нарсани қайтариш тўғрисидаги;

мулкдор томонидан мол-мулкни бировнинг қонунга хилоф тарздаги эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги;

мажбуриятидаги бир тарафнинг бошқа тарафга ана шу мажбуриятлар муносабати билан қайтариш тўғрисидаги;

зарарни, шу жумладан бойлик орттирган шахснинг инсофсизлик билан қилган хатти-ҳаракатлари туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талабларга нисбатан қўлланилиши лозим.


1025-модда. Асоссиз орттирилган бойликни

асл ҳолида қайтариш

Қўлга киритувчининг асоссиз орттирилган бойлигини ташкил этувчи мол-мулк жабрланувчига асл ҳолида қайтарилиши лозим.

Қўлга киритувчи жабрланувчининг олдида ҳар қандай, шу жумладан у орттирилган бойликнинг асоссизлигини билган ёки билиши лозим бўлган пайтдан кейин асоссиз қўлга киритилган ёки тежаб қолинган мол-мулкнинг тасодифий етишмовчилиги ёки ёмонлашуви учун жавобгар бўлади. Бу пайтгача у қасд ва қўпол эҳтиётсизлик учунгина жавобгардир.



1026-модда. Асоссиз орттирилган бойликнинг қийматини тўлаш

Асоссиз олинган ёки тежаб қолинган мол-мулкни асл ҳолида қайтаришнинг имконияти бўлмаган тақдирда, қўлга киритувчи жабрланувчига бу мол-мулкнинг қўлга киритиш пайтидаги ҳақиқий қийматини тўлаши, шунингдек агар қўлга киритувчи орттирилган бойликнинг асоссизлигини билганидан кейин дарҳол унинг қийматини тўламаган бўлса, мол-мулк қийматининг кейинги ўзгариши туфайли кўрилган зарарни тўлаши лозим.

Эгаллаб олиш ниятисиз ўзганинг мол-мулкидан ёки ўзганинг хизматларидан вақтинча асоссиз фойдаланган шахс жабрланувчига бундай фойдаланиш натижасида тежалган нарсани фойдаланиш тугалланган пайтда ва ўша жойда мавжуд нарх бўйича тўлаши лозим.



1027-модда. Ҳуқуқни бошқа шахсга асоссиз бериш оқибатлари

Ўзига тегишли ҳуқуқни талабномадан воз кечиш йўли билан ёки бошқача тарзда бошқа шахсга мавжуд бўлмаган ёки ҳақиқий бўлмаган мажбурият асосида берган шахс аввалги ҳолатни тиклашни, шу жумладан берилган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар ўзига қайтарилишини талаб қилишга ҳақли.


1028-модда. Жабрланувчига олинмаган даромадларни тўлаш

Мол-мулкни асоссиз олган ёки тежаб қолган шахс бойликнинг асоссиз орттирилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган вақтдан бошлаб ана шу мол-мулкдан чиқариб олган ёки чиқариб олиши лозим бўлган барча даромадларни жабрланувчига қайтариши ёки тўлаши шарт.

Асоссиз орттирилган пул суммасига, қўлга киритувчи пул маблағларини олиш ёки тежаб қолишнинг асоссизлигини билган ёки билиши лозим бўлган вақтдан бошлаб, ўзганинг маблағларидан фойдаланганлик учун фоизлар ҳисобланиши лозим.


1029-модда. Қайтарилиши лозим бўлган мол-мулкка

қилинган харажатларни тўлаш

Асоссиз олинган ёки тежаб қолинган мол-мулк қайтарилганида ёхуд унинг қиймати тўланганида қўлга киритувчи даромадларни қайтариши шарт бўлган вақтдан бошлаб мол-мулкни сақлаб туриш ва асраш учун қилинган зарур харажатларни ўзи олган нафни эътиборга олган ҳолда тўлашни жабрланувчидан талаб қилишга ҳақли. Қўлга киритувчи қайтарилиши лозим бўлган мол-мулкни била туриб бермай турган ҳолларда харажатларни ундириш ҳуқуқи йўқолади.



1030-модда. Қайтариб берилмайдиган асоссиз

орттирилган бойлик

Қуйидагилар асоссиз орттирилган бойлик сифатида қайтариб берилмайди:

ижро этиш муддати тўлгунга қадар мажбуриятни бажариш юзасидан топширилган мол-мулк, агар мажбуриятда бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса;

даъво муддати ўтганидан кейин мажбуриятни бажариш юзасидан топширилган мол-мулк;

иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсиялар, нафақалар, стипендиялар, ҳаёт ёки соғлиққа етказилган зарар товони, алиментлар ва фуқарога турмуш кечириш воситаси сифатида берилган бошқа пул маблағлари, унинг томонидан виждонсизлик қилинмаганда ва ҳисоб-китобда хатолар бўлмаганда;

мавжуд бўлмаган мажбуриятни бажариш учун берилган пул суммалари ва бошқа мол-мулк, агар қўлга киритувчи мол-мулкни қайтаришни талаб қилаётган шахснинг мажбурият йўқлигини билганлигини ёхуд мол-мулкни хайрия мақсадларида берганлигини исботласа.