язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг 22.12.2006 й. 12/149-сон "Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларнинг молиявий жавобгарлигини эркинлаштиришни такомиллаштиришга йўналтирилган Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларини қўллаш билан боғлиқ масалалар тўғрисида"ги қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИ ВА

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ

ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

22.12.2006 й.

N 12/149


ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИ ҲУҚУҚИЙ

ҲИМОЯ ҚИЛИШ ВА УЛАРНИНГ МОЛИЯВИЙ

ЖАВОБГАРЛИГИНИ ЭРКИНЛАШТИРИШНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ЙЎНАЛТИРИЛГАН

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУН

ҲУЖЖАТЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ БИЛАН

БОҒЛИҚ МАСАЛАЛАР ТЎҒРИСИДА


Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, улар фаолиятининг асоссиз чекланишига йўл қўймасликка йўналтирилган қонун ҳужжатларининг судлар томонидан тўғри ва бир хилда қўлланилишини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддаси талабларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг 17 ва 47-моддаларига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленуми


ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судлар, ҳуқуқни муҳофаза этувчи, назорат қилувчи ва бошқа органлар, уларнинг мансабдор шахслари эътибори иқтисодиёт соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари, шунингдек, ушбу қарорнинг аниқ бажарилиши зарурлигига қаратилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 110 ва 114-моддалари, Ўзбекистон Республикаси "Судлар тўғрисида"ги Қонунининг 21 ва 48-моддаларига мувофиқ, суд ҳокимияти ҳужжатлари, шунингдек Олий суд Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича тушунтиришлари судлар, ушбу тушунтиришлар берилган қонун ҳужжатларини қўллаётган бошқа органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар учун мажбурийдир.


3. Ўзбекистон Республикасининг "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида"ги Қонуни ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти устидан давлат назоратини амалга ошириш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатлари назорат қилувчи органларнинг ваколатларини, текширишларнинг асослари, даврийлиги ва ўтказилиш муддатларини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 14 июндаги “Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-3619-сон Фармони (кейинги ўринларда - ПФ-3619-сон Фармон) назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувини қисқартириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини асоссиз чеклашларга йўл қўймасликка қаратилган.

Назорат органларининг раҳбарлари ва мансабдор шахслари тадбиркорлик субъектларини ўз ваколатлари ва назорат соҳаси доирасидан ташқари масалалар бўйича ҳар қандай текширувлар ўтказганлиги, шунингдек ўрнатилган тартибни бузган ҳолда муқобил текширувлар ўтказганлиги учун шахсан жавобгар, ҳатто жиноий жавобгар ҳам бўладилар.

Шу сабабли судлар текширишлар ўтказилишида қонун ҳужжатларининг бузилишига муносабат билдиришлари, процесс иштирокчиларига тадбиркорлик субъектининг давлат органлари қарори ёки мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракати (ҳаракатсизлиги) оқибатида етказилган зарарларни айбдор шахсдан ундириш тўғрисида судга мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтиришлари лозим. Бунда ушбу зарар бевосита назорат қилувчи органдан, биринчи навбатда, унинг бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ҳисобидан тўлиқ ҳажмда ундирилиши лозимлигини инобатга олиш керак. Қонунчиликда белгиланган тартиб ва миқдорда зарарни қоплаш уни етказишда айбдор бўлган мансабдор шахсларга юклатилиши мумкин.


4. Ўзбекистон Республикаси “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасига мувофиқ, тадбиркорлик фаолияти деганда, тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган, таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускор фаолият тушунилади.

Ушбу Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслар тадбиркорлик фаолияти субъектлари (тадбиркорлик субъектлари) бўладилар.

Судлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 14 июндаги ПФ-3619-сон ва 2005 йил 24 июндаги “Тадбиркорлик субъектларининг хўжалик соҳасидаги ҳуқуқбузарликлари учун молиявий жавобгарлигини эркинлаштириш тўғрисида”ги ПФ-3622-сон (кейинги ўринларда - ПФ-3622-сон Фармон) Фармонларида назарда тутилган мақсадлардан келиб чиққан ҳолда, қонун ҳужжатларига асосан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, давлат корхоналари (ташкилотлари, муассасалари), нотижорат ташкилотлар, шахсларга ва асосий фаолияти тадбиркорлик бўлмаган бошқа хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари қонун ҳужжатларида тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардагина суд томонидан қўлланишига эътиборларини қаратишлари лозим.


5. Тадбиркорлик субъектларига нисбатан улар тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши муносабати билан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашга оид ишлар хўжалик судлари томонидан даъво иш юритишнинг умумий қоидаларига, умумий юрисдикция судлари томонидан эса, маъмурий суд иш юритиш қоидаларига мувофиқ кўрилади.

Судлар тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларни кўришда тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устиворлиги принципига асосан қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик субъекти фойдасига талқин этилишини инобатга олишлари лозим.

6. Судларнинг эътибори ПФ-3622 сонли Фармоннинг 1-бандида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахсига нисбатан маъмурий жавобгарлик чораси назорат қилувчи орган томонидан материаллар судга тақдим этилмасдан қўлланилишига қаратилсин. Тадбиркорлик субъекти томонидан содир этилган кам аҳамиятли ҳуқуқбузарлик деганда, маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари формал жиҳатдан мавжуд бўлган, аммо Давлат бюджети ва давлатнинг мақсадли жамғармаларига жиддий моддий зарар етказмаган қилмиш тушунилмоғи лозим.


7. Тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жавобгарлик чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар юзасидан иш юритиш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 4-бўлими қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Судлар инобатга олишлари лозимки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси қайд этилган бўлимининг қоидалари мазкур Кодекснинг 1-моддаси 2-қисмига асосан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилмаган, аммо қонун ҳужжатларида уларни содир этганлик учун жавобгарлик белгиланган маъмурий ҳуқуқбузарликларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.


8. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома (акт) уни тузишга ваколати бўлмаган шахс томонидан тузилган, унда маъмурий ҳуқуқбузарликнинг содир этилган вақти, мазмуни, ушбу ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни назарда тутувчи меъёрий ҳужжат кўрсатилмаган ёки жавобгарликка тортилувчи шахс баённома (акт) ва иш материаллари билан таништирилмаган ҳолларда, судья баённома (акт)ни иш ҳужжатлари билан биргаликда камчиликларни бартараф этиш учун тегишли органга қайтаради.


9. Тадбиркорлик субъектлари мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришда суд назорат қилувчи орган томонидан тадбиркорлик субъектининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш ўтказиш тартиби ва қоидаларига риоя қилинганлигини текшириши шарт.


10. Назорат қилувчи орган томонидан тадбиркорлик субъектининг молия-хўжалик фаолияти текшириш қоидалари ва тартиби бузилган тарзда текширилганлиги ҳолати аниқланса, суд Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 310-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига мувофиқ, иш юритишни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади ва назорат қилувчи органнинг мансабдор шахсига нисбатан таъсир чораларини қўллайди.


11. Қонунчиликка мувофиқ, зиммасига назоратни амалга ошириш юклатилган назорат қилувчи орган ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш масаласи юзасидан хўжалик судига ариза билан ёки жиноят ишлари бўйича судга тақдимнома билан мурожаат қилади.


12. Ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларни кўришда суд: ҳуқуқбузарлик ҳодисаси ва унинг тадбиркорлик субъекти томонидан содир этилганлик ҳолати мавжудлигини; назорат қилувчи органнинг текшириш тўғрисидаги ҳужжатни расмийлаштиришга асоси ва ваколати борлигини; ушбу ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилганлигини ва тадбиркорлик субъектига нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашга асослар мавжудлигини суд мажлисида аниқлайди. Бунда суд молиявий санкцияларнинг ҳисобланиши ва миқдори тўғрилигини текширади, шунингдек ҳуқуқий таъсир чораларини белгилайди.


13. Тадбиркорлик субъектининг фаолиятини тугатиш тўғрисидаги ариза (тақдимнома) судга фақат қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда берилади.

ПФ-3619-сон Фармонда назарда тутилган тадбиркорлик субъектларига нисбатан фаолиятни тугатиш кўринишидаги ҳуқуқий таъсир чораси деганда, тадбиркорлик субъекти фаолиятининг тўлиқ тугатилиши тушунилиши лозим.

Тадбиркорлик субъекти фаолиятини тугатиш - фаолият рухсатномасиз (лицензиясиз) амалга оширилганда ёки қонунда тақиқланган фаолият амалга оширилганда ёхуд давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб бир йил мобайнида ўзининг устав жамғармасини таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда шакллантирмаганда, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чорасидир.


14. Тадбиркорлик субъекти фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги ариза (тақдимнома) назорат қилувчи орган томонидан фаолиятни тўхтатиш имконияти қонунчиликда назарда тутилган ҳоллардагина берилиши мумкин. Фавқулодда ҳолатлар, эпидемия ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун реал хавф вужудга келишининг олдини олиш муносабати билан фаолиятни 10 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиш ҳоллари бундан мустасно.

Фаолиятни тўхтатиш тадбиркорлик субъекти томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бузиш ҳолларида қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чорасидир.

Судларнинг эътибори тадбиркорлик субъекти фаолиятини тўхтатиш деганда, тадбиркорлик субъекти томонидан унинг фаолиятини тўхтатиш тўғрисида судга ариза билан мурожаат қилинишига асос бўладиган ҳуқуқбузарлик содир этиш натижасида фаолиятнинг тўлиқ тўхтатилиши тушунилишига қаратилсин.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги аризаларни (тақдимномаларни) кўришда ва қўйилган талабларни қаноатлантиришда судлар қарорнинг хулоса қисмида фаолиятнинг қайси муддатга тўхтатилаётганлигини кўрсатишлари ёхуд у бажарилгунча фаолият тўхтатиладиган шартни белгилашлари лозим (лицензия, гувоҳнома олиш; камчиликларни бартараф этиш ёки стандартлар, нормаларга мувофиқлаштириш; тегишли назорат қилувчи органнинг кўрсатмасини бажариш ва бошқалар).

Хўжалик низоларини кўришда хўжалик суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг (кейинги ўринларда - ХПК) 77-моддасига мувофиқ, қўлланиладиган, унинг бекор қилиниши ХПКда ўрнатилган тартиб бўйича амалга ошириладиган, тадбиркорлик субъектига маълум бир ҳаракатларни содир этишни тақиқлаш даъвони таъминлаш чораси ҳисобланади.


14.1. Тадбиркорлик субъектининг фаолиятини чеклаш деганда, унинг фаолияти алоҳида турини, яъни (унинг вақтинчалик ёки тамомила бўлишидан қатъи назар), алоҳида цех, бўлим, филиал, участка ва бошқалар тугатилиши (вақтинчалик тўхтатиб турилиши) тушунилиши лозим.

Тадбиркорлик субъектининг фаолиятини чеклаш суд томонидан ҳам, назорат қилувчи орган томонидан ҳам фақат қонун ҳужжатларида тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳолларда қўлланилиши мумкин.


14.2. Товарни (ишни, хизматни) истеъмолчидан чақириб олиш ва товарни (ишни, хизматни) муомаладан чиқариш суд томонидан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари ҳисобланмайди ва товарнинг (ишнинг, хизматнинг) хавфсизлиги ва сифати устидан назоратни амалга ошириш вазифаси юкланган давлат бошқарув органларининг кўрсатмалари бўйича тайёрловчи (бажарувчи, сотувчи) томонидан амалга оширилади. Тайёрловчи (бажарувчи, сотувчи) томонидан кўрсатма бажарилмаган тақдирда, унга нисбатан суд томонидан, ҳуқуқбузарлик содир этганликдаги айб тан олинган ва жарима ихтиёрий тўланган тақдирда эса - махсус ваколатли давлат органи томонидан жарима қўлланилади. Жариманинг тўланиши шахсни кўрсатмани бажариш мажбуриятидан озод қилмайди.


15. Банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиш мансабдор шахсларнинг тадбиркорлик субъекти томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган мажбуриятларни бажармаслик билан боғлиқ талабларини таъминлаш мақсадида қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чорасидир.


15.1. Давлат органлари банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эгадир.


15.2. Банклардаги ҳисобварақлар бўйича операциялар фақат чиқим қисмида тўхтатилиши мумкин. Бюджетга тўловлар, иш ҳақи, нафақалар, шунингдек ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса оқибатида соғлиқ ва ҳаётга етказилган зарарни қоплаш учун маблағлар бериш ҳоллари бундан мустасно.

Банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиш ҳақидаги ариза (тақдимнома) қаноатлантирилган тақдирда, суд ҳужжатининг хулоса қисмида операциянинг қайси муддатга тўхтатилишини кўрсатиш ёхуд у бажарилгунча операция тўхтатиладиган шартни белгилаши керак (молия-хўжалик фаолиятини текшириш якунлангунига ва унинг натижалари бўйича қарор қабул қилингунига қадар ва бошқалар). Шунингдек банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатишга асос бўлган ҳолатлар бартараф этилганидан сўнг банкка ҳисобварақлар бўйича операцияларни тиклаш тўғрисида кўрсатма бериш лозим.

Банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиш тўғрисидаги суд ҳужжати тадбиркорлик субъектининг ҳисобварағи мавжуд бўлган барча банклар учун мажбурийдир.

Шуни назарда тутиш лозимки, хўжалик суди томонидан хўжалик низоларини кўришда тадбиркорлик субъектининг пул маблағларига банд солиш (хатлаш) даъвони таъминлаш чораси ҳисобланиб, унинг бекор қилиниши масаласи ХПКда белгиланган тартибга мувофиқ ҳал этилади.


16. Молиявий санкция қўллаш тўғрисидаги ариза (тақдимнома) судга қонун ҳужжатларига асосан молиявий санкция қўллаш ҳуқуқига эга бўлган назорат қилувчи орган томонидан берилиши мумкин.

ПФ-3619-сон Фармон мазмун жиҳатидан молиявий санкцияларни қўллаш масаласини судгача ҳал қилиш тартибини белгилайди. Шу муносабат билан назорат қилувчи орган судга мурожаат қилгунга қадар молиявий санкция қўлланилаётган шахсга уни ихтиёрий равишда тўлаш тўғрисидаги талабни ҳамда қўлланиладиган жарима суммаси кўрсатилган ҳисобни топширади ёки топширилиши маълум қилинадиган буюртма хат билан юборади.

Агар тадбиркорлик субъекти томонидан талаб, у қабул қилинганидан кейин қонун ҳужжатларида белгиланган муддатда қаноатлантирилмаса, назорат қилувчи орган судга мурожаат қилишга ҳақли. Ушбу тартибнинг назорат қилувчи орган томонидан бажарилмаслиги суд томонидан аризани қайтариш учун асос бўлади.

16.1. Молиявий санкция қўллаш тўғрисидаги ариза (тақдимнома)да талаб асослантирилган ҳолатлар, бу талабларнинг асосларини тасдиқловчи далиллар, аризачининг қонун ҳужжатларига ҳавола этилган талаблари, аризачи қўллашни сўраётган молиявий санкциянинг турлари кўрсатилиши керак. Аризага (тақдимнома)га шунингдек санкция суммасининг асослантирилган ҳисоби ва тадбиркорлик субъекти билан низони судгача ҳал этиш тартибига риоя қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилиниши лозим.

Қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар молиявий санкция ҳисобланмайди ва солиқ органи томонидан судга мурожаат қилинмасдан қабул қилинган қарор асосида белгиланган тартибда ундирилади.

Агар назорат қилувчи орган томонидан ариза (тақдимнома)да молиявий санкция қўллаш билан бирга қўшимча ҳисобланган солиқлар ва мажбурий тўловларни ундириш ҳақида талаб қўйилган бўлса, бунда ишнинг ушбу қисми бўйича иш юритиш мазкур талаб судга тааллуқли эмаслиги муносабати билан тугатилади.

16.2. ПФ-3622-сон Фармоннинг 2-бандига асосан тадбиркорлик субъекти солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўламаганлик учун содир этилган ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган зарарнинг ўрнини бир ой мобайнида ихтиёрий равишда қоплаш ҳамда унинг оқибатларини бартараф этиш, жумладан, пеня тўлаш ҳуқуқига эга. Бундай ҳолда тадбиркорлик субъекти унга нисбатан молиявий санкциялар қўлланишидан озод этилади.

Шу муносабат билан судлар ишларни кўриш кунини ариза (тақдимнома) келиб тушганидан кейин бир ойдан кам бўлмаган муддатга тайинлашлари лозим.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўламаганлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик оқибатида етказилган зарар деганда, тадбиркорлик субъекти томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилмаганда бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармаларга тушиши керак бўлган маблағ тушунилиши лозим. Шу муносабат билан судлар содир этилиши натижасида бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармаларга зарар етказилмайдиган ҳуқуқбузарликларга нисбатан (касса чекларини, талонлар, квитанциялар ва уларни бермаслик, агар уларни бериш мажбурий ҳисобланса; реклама ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунларни бузиш ва бошқалар) ПФ-3622-сон Фармоннинг 2-бандида назарда тутилган норма қўлланилмаслигини эътиборга олишлари лозим.

16.3. Молиявий санкциялар қўллаш тўғрисидаги ариза (тақдимнома) қаноатлантирилганда, судлар қарорнинг хулоса қисмида қўлланиладиган молиявий санкциянинг тури ва миқдорини кўрсатишлари лозим. Қўлланилган молиявий санкция суммаларини ундириш аризачига юклатилади.

Бундай ишлар бўйича ижро варақаси берилмайди.


17. Судларга ПФ-3619-сон Фармонга мувофиқ, тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш қилиш) белгиланган тартибда фақат давлат солиқ хизмати органлари, улар томонидан текшириш давомида солиқ ва валютага оид жиноят аломатлари аниқланган тақдирда эса - Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти томонидан амалга оширилиши тушунтирилсин. Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъекти фаолиятини текшириш унинг қоидалари ва тартибини бузган ҳолда ўтказилиши молиявий санкция қўллаш тўғрисидаги ариза (тақдимнома)ни рад қилиш учун асос бўлади.

Жумладан:

- текширишнинг Ўзбекистон Республикаси “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 9 ва 12-моддаларида кўрсатилган асослар мавжуд бўлмаган ҳолда ўтказилганлиги;

- текшириш, уни ўтказиш учун ваколат ва асосларга эга бўлмаган шахслар томонидан ўтказилганлиги;

- хўжалик юритувчи субъектга текширишларни мувофиқлаштириш режасидан кўчирманинг, назорат қилувчи орган раҳбари томонидан тасдиқланган текшириш ўтказиш ҳақидаги буйруқ ва режанинг, агар текшириш жиноят иши доирасида ўтказилаётган бўлса, тергов органи қарорининг, шунингдек текшириш натижаси юзасидан тузилган далолатноманинг тақдим этилмаганлиги;

- текширишнинг предмети, муддати ва ваколат доирасидан четга чиқиб ўтказилганлиги қонун нормаларининг бузилиши ҳисобланади.


17.1. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишга назорат қилувчи органларнинг қонунда белгиланган тартибда аттестациядан ўтказилган, махсус гувоҳномага эга бўлган мансабдор шахслари фақатгина қонун ҳужжатларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлгандагина ҳақлидирлар. Шунингдек, назорат қилувчи орган текширишга тегишли тартибда шартнома асосида эксперт ва аудиторлик ташкилотларини жалб қилиш ҳуқуқига эга эканлигини ҳам эътиборга олиш лозим.


17.2. Ўзбекистон Республикаси “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 9-моддаси ва “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 41-моддасига мувофиқ, назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари томонидан хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини текширишни амалга ошириш учун қуйидаги ҳужжатлар мавжуд бўлиши лозим:

- назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли орган томонидан тасдиқланган текширувлар ўтказиш режасидан кўчирма ёки режадан ташқари ёхуд муқобил текширув ўтказиш тўғрисида ушбу орган томонидан қабул қилинган қарорнинг кўчирма нусхаси;

- назорат қилувчи органнинг текшириш мақсадлари, текширувчи мансабдор шахслар таркиби ва текширув ўтказиш муддатлари кўрсатилган буйруғининг кўчирма нусхаси;

- текширувчи мансабдор шахсларнинг текширувлар ўтказишга рухсат берилганлиги тўғрисидаги махсус гувоҳномаси ва шахсий гувоҳномаси.

Қуйидаги ҳужжатлар текшириш ўтказиш учун асос бўлади:

- махсус ваколатли орган ёки унинг тегишли ҳудудий бўлинмаси томонидан берилган хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш режа-жадвалидан кўчирма;

- назорат қилувчи органнинг текшириш режа-жадвали асосида чиқарган буйруғи ёхуд махсус ваколатли органнинг режадан ташқари текшириш, шу жумладан, тафтиш ўтказиш тўғрисидаги ҳамда текшириш мақсади, текширув ўтказувчи мансабдор шахсларнинг таркиби ва текширувни ўтказиш муддатлари кўрсатилган қарори;

- агар текшириш жиноят иши доирасида ўтказилаётган бўлса, жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарор.


17.3. Судлар текшириш натижалари бўйича ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларни кўришда назорат қилувчи орган томонидан амалга оширилган текширишнинг қонунийлиги, асослилиги ва ошкоралигига, текширувчи томонидан текширишнинг даврийлиги ва муддатларига, тадбиркорлик субъектининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя этилганлигига эътибор берган ҳолда ишнинг барча ҳолатларини пухта ўрганишлари лозим.

Судлар назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари ҳаракатларига уларнинг ўз ваколатларини амалга ошириш пайтида қонун ҳужжатлари талабларига риоя этганликлари ва Ўзбекистон Республикаси “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 6, 9, 12 ва 17-моддаларида назарда тутилган, текшириш учун асос бўлган ҳужжатларни тақдим этганликлари, текширишларни қайд этиш дафтарига ёзувлар киритганликлари, давлат сирлари, тижорат ва бошқа сирларни сақлашни таъминлаганликлари, текшириш ҳужжатини расмийлаштирганликлари ва уни тадбиркорлик субъектига топширганликлари, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига аралашилмаслик нуқтаи назаридан ҳуқуқий баҳо беришлари лозим.


18. Тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар бўйича назорат қилувчи орган ва тадбиркорлик субъекти ўртасида келишув битими тузилишига йўл қўйилмайди.


19. Ҳуқуқбузарлик предметларини давлат даромадига ўтказиш масаласи шу ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўраётган суд томонидан ҳал этилади.

Ҳуқуқбузарлик предметлари фақат қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардагина давлат даромадига ўтказилиши мумкин.


20. Лицензияловчи орган тадбиркорлик фаолиятининг алоҳида турлари билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиялар (рухсатномалар)нинг амал қилишини тўхтатиш ёки тугатиш ёхуд бекор қилиш тўғрисидаги ариза (тақдимнома) билан фақат қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳоллардагина мурожаат қилиши мумкин. Бундай аризалар (тақдимномалар)ни кўриб чиқишда судлар лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш ёки тугатиш ва бекор қилиш асослари рўйхати келтирилган Ўзбекистон Республикасининг "Фаолиятнинг алоҳида турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Қонунининг 22-24-моддаларига асосланишлари лозим. Қонунда келтирилган ушбу рўйхат мукаммал ҳисобланади.

ПФ-3619-сон Фармонда назарда тутилган лицензиялар (рухсатномалар)нинг амал қилишини 10 кундан ортиқ муддатга тўхтатиш кўринишидаги ҳуқуқий таъсир чораси лицензиат томонидан лицензион келишувда назарда тутилган талаблар ва шартларни бажармаслик, лицензиат томонидан лицензияловчи органнинг аниқланган камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги қарорини бажармаслик ҳолларида қўлланиладиган ташкилий характердаги маъмурий жавобгарлик чораси ҳисобланади.

Лицензия (рухсатнома)ни бекор қилиш лицензия (рухсатнома)нинг қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги ҳолати аниқланган ҳолларда қўлланадиган ҳуқуқий таъсир чораси ҳисобланади.


21. Ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ариза (тақдимнома) билан судга мурожаат қилинганида маблағларни асоссиз равишда ҳисобдан чиқаришнинг олдини олиш бўйича тезкор чора кўриш зарурияти туғилса, суд ишда қатнашаётган шахс (ушбу ҳолатда - аризачи-назорат қилувчи орган)нинг мурожаатига асосан қонун ҳужжатларида назарда тутилган равишда даъвони таъминлаш чораларини кўриши мумкин. Бунда судлар аризани қаноатлантириш рад этилганида қарор қабул қилиниши билан бир вақтда даъвони таъминлаш чораларини бекор қилиш тўғрисида ажрим чиқарилиши зарурлигини назарда тутишлари лозим.


22. Судлар тадбиркорлик субъектларига нисбатан юқорида кўрсатилган ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ариза (тақдимнома)лар билан мурожаат қилинганида, аризачилар (назорат қилувчи органлар) қонун ҳужжатларида кўрсатилган ҳолларда давлат божи тўлашдан озод қилинишларини инобатга олишлари лозим. Ишларни кўриб чиқиш натижалари бўйича билдирилган талаблар қаноатлантирилган тақдирда, тадбиркорлик субъектларидан энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдорида давлат божи ундирилади, фаолиятни тугатиш тўғрисидаги ишлар бундан мустасно.

Аризачилар - назорат қилувчи органлар давлат божи тўлашдан озод қилинганлиги ёки озод қилинмаганлигидан қатъи назар, қонун билан белгиланган тартибда бошқа суд харажатларини, шу жумладан, почта харажатларини ҳам тўлайдилар.

Мансабдор шахслар ва фуқароларга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат божи ундирилмайди.


23. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси "Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 1 ва 3-моддаларига мувофиқ давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари ёки мансабдор шахсларнинг тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузувчи ҳар қандай ҳаракатлари (ҳаракатсизликлари) устидан тадбиркорлик субъектлари томонидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ҳал қилув қарори (қарор) устидан шикоят бериш қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда амалга оширилади.


24. Судларнинг эътибори мазкур тоифадаги ишларни кўришда назорат қилувчи органларга нисбатан улар томонидан текширишларни ўтказиш тартиби ва қоидаларига оғишмай риоя этилиши учун талабни оширишга, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳужжатларнинг тўлиқ бўлишига, маъмурий жавобгарликка асоссиз равишда тортиш, тадбиркорлик субъектларининг мол-мулкларини ноқонуний равишда олиб қўйиш ҳолатларига муросасиз муносабат билдирилиши зарурлигига қаратилсин. Қонунийлик бузилган ҳар бир ҳолат бўйича мансабдор шахсларнинг жавобгарлик масаласини қўйиш, ҳуқуқбузарликни келтириб чиқарган сабаблар ва шароитларни пухта ўрганиш, хусусий ажримлар чиқариш йўли билан уларни бартараф этиш чораларини кўриш лозим.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси


Б.Мустафаев


Ўзбекистон Республикаси

Олий хўжалик суди раиси в.б.


Н.Ахмонов

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди Пленуми котиби

в.б., судья


М.Ҳасанов


Ўзбекистон Республикаси

Олий хўжалик суди Пленуми

котиби, судья


Ш.Саидов

“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2007 й., 2-сон