язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 18.06.2010 й. 210-сон "Иқтисодий судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси умумий қисмини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

18.06.2010 й.

N 210


ИҚТИСОДИЙ СУДЛАР ТОМОНИДАН

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОЛИҚ КОДЕКСИ

УМУМИЙ ҚИСМИНИ ҚЎЛЛАШНИНГ АЙРИМ

МАСАЛАЛАРИ ҲАҚИДА


Суд амалиётида айрим масалалар вужудга келаётганлиги муносабати билан ҳамда иқтисодий судлар томонидан ишларни кўришда Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси умумий қисмини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 47-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Иқтисодий судларнинг эътибори Ўзбекистон Республикасида солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси (бундан буён матнда Солиқ кодекси деб юритилади) ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатлигига қаратилсин.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


1.1. Юридик шахслар, юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқароларнинг ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларнинг (бундан буён матнда солиқ тўловчилар деб юритилади) солиқ мажбуриятларини бажармаганлиги билан боғлиқ, шу жумладан, солиққа оид ҳуқуқбузарликлари учун уларга нисбатан жавобгарлик чораларини қўллашга оид ишларни кўришда солиқ тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Солиқ кодексида белгиланган қоидаларга мувофиқ бўлмаган тақдирда, Солиқ кодекси 2-моддасининг учинчи қисми ва "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 16-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ Солиқ кодексида белгиланган қоидалар қўлланилади.

1.2. Солиқ кодексининг 11-моддасига мувофиқ солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин қилинади. Бунда иқтисодий судлар шуни эътиборга олишлари керакки, ушбу қоида биринчидан, қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар фақат солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида мавжуд бўлганда, иккинчидан, қонун ҳужжатларининг ўзаро нисбати "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 16-моддаси белгиланган қоидалар асосида бартараф этиб бўлмаганда қўлланилади.

2. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 2-моддасининг олтинчи қисмига мувофиқ солиқ ва бошқа маъмурий муносабатларга нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатлари қўлланилмайди, Солиқ кодекси ва солиқ тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


3. Ваколатли органнинг солиқ тўловчиларнинг солиқ мажбуриятларини бажармаганлиги билан боғлиқ, шу жумладан, солиққа оид ҳуқуқбузарликлари учун уларга нисбатан жавобгарлик чораларини қўллашга оид даъво аризалари (аризалари) иқтисодий судга давлат бюджети ёки давлат мақсадли жамғармалари ёхуд бюджетдан ташқари жамғармалар манфаатида тақдим этилган деб баҳоланади.

Агар ваколатли органнинг даъводан воз кечиши қонун ҳужжатларига хилоф бўлса ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуклари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса, иқтисодий суд Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 157-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ даъводан воз кечишни қабул қилмайди ва ишни мазмунан кўриб чиқади.

4. Солиқ тўловчиларнинг солиқ мажбуриятларини бажармаганлиги билан боғлиқ, шу жумладан, солиққа оид ҳуқуқбузарликлари учун уларга нисбатан жавобгарлик чораларини қўллашга оид низолар маъмурий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққанлиги сабабли улар бўйича келишув битимлари тузилишига йўл қўйилмайди.


5. Иқтисодий судлар инобатга олишлари лозимки, Солиқ кодекси 3-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ солиқ солиш солиқ мажбуриятлари юзага келган пайтда амалда бўлган қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Солиқ кодекси 3-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, агар ушбу моддада бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган муносабатларга нисбатан қўлланилади.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни бекор қилиш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларини камайтириш, солиқ тўловчиларнинг мажбуриятларини бекор қилишни ёки уларнинг аҳволини бошқача тарзда енгиллаштиришни назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга бўлиши мумкин, агар бу солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бўлса, Солиқ кодекси 3-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Агар солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида уларнинг амалга киритилиши вақти тўғридан-тўғри кўрсатилмаган бўлса, янги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар белгиланишини, имтиёзлар тўлиқ ёки қисман бекор қилинишини, солиқ солинадиган база оширилишини назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари улар расмий эълон қилинган пайтдан эътиборан камида уч ой ўтгач, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкалари ўзгартирилишини назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари эса, агар уларда кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, улар расмий эълон қилинган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан эътиборан амалга киритилади.

Солиқ кодекси 3-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни бекор қиладиган ёки енгиллаштирадиган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга. Шу муносабат билан иқтисодий судлар солиқ тўловчиларга ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш билан боғлиқ ишларни кўришда ҳуқуқбузарлик содир этилган вақтда амалда бўлган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан ишни кўриш пайтида амалда бўлган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ўзаро солиштириб, жавобгарликни бекор қиладиган ёки енгиллаштирадиган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашлари лозим.

Агар солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этилган вақтда амалда бўлган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан иш кўрилаётган пайтдаги солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун белгиланган санкция бир хил бўлса, бундай ҳолда иш кўрилаётган пайтда амалда бўлган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қўлланилади.

Иқтисодий судлар инобатга олишлари лозимки, энг кам иш ҳақининг миқдорига қараб белгиланадиган молиявий санкцияни қўллашда ҳуқуқбузарлик аниқланган кунда амалда бўлган энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб молиявий санкция қўлланилади.

6. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Солиқ кодексида назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар амал қилади. Солиқ кодексининг 30-моддасида белгиланганидек, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар Солиқ кодекси, бошқа қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан берилиши мумкин. Мол-мулк солиғи, ер солиғи, ягона ер солиғи бўйича имтиёзларни бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилиши мумкин.

Шуни эътиборга олиш лозимки, иқтисодий судлар томонидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар берилмайди.

7. Солиқ кодексининг 38-моддасига мувофиқ давлат солиқ хизмати органи солиқ даври тугаганидан кейин беш йил ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаши ёки уларнинг ҳисобланган суммасини қайта кўриб чиқиши мумкин. Солиқ тўловчи солиқ даври тугаганидан кейин беш йил ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ортиқча тўланган суммаларини ҳисобга олишни ёки қайтаришни талаб қилишга ҳақли.

Солиқ кодекси 110-моддаси иккинчи қисмининг учинчи хатбошисига мувофиқ солиқ мажбуриятлари бўйича даъво муддатларининг тугаганлиги солиқ тўловчини солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганликдаги айбини ва уни жавобгарликка тортишни истисно қиладиган ҳолат деб эътироф этилади. Шу муносабат билан солиқ тўловчининг солиққа оид ҳуқуқбузарликлари учун жавобгарлик чораларини қўллаш ҳақидаги давлат солиқ хизмати органининг талаби бўйича даъво муддати ҳуқуқбузарлик содир этилган солиқ даври тугаганидан кейин беш йилни ташкил этади.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича даъво муддатини қўллаш фуқаролик ҳуқуқий муносабатларида қўлланиладиган даъво муддатидан фарқланади. Шунинг учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича даъво муддатини қўллашда тарафнинг бу ҳақдаги аризаси талаб этилмайди. Аммо Солиқ кодекси 38-моддасининг учинчи қисмига кўра солиқ мажбурияти бўйича даъво муддатининг ўтиши фуқаролик қонун ҳужжатларига мувофиқ тўхтатиб турилиши, узилиши ва тикланиши мумкин.


8. Солиқ қарзини солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш ҳақидаги ишларни кўришда иқтисодий судлар инобатга олишлари лозимки, Солиқ кодекси 54-моддасининг учинчи ва тўртинчи қисмларига мувофиқ инсофли солиқ тўловчиларга солиқ таътилларини бериш шунингдек, солиқ қарзини тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки у ваколат берган орган томонидан бир ойдан йигирма тўрт ойгача муддатга берилиши мумкин. Бунда солиқ қарзини тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш солиқ қарзининг жамига ёки унинг бир қисмига нисбатан амалга оширилиши мумкин.

9. Иқтисодий судларга тушунтириш лозимки, Солиқ кодексининг 56-58-моддаларида белгиланган қоидаларга мувофиқ ортиқча тўланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича низо бўлмаганда ушбу суммаларни қайтариш ёки келгуси тўловлар ҳисобига ўтказиш ваколатли орган томонидан мустақил амалга оширилади. Агар ваколатли орган ва солиқ тўловчи ўртасида ушбу масала юзасидан низо келиб чиқса, солиқ тўловчи ортиқча тўланган ёки ундирилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни келгуси тўловлар ҳисобига ўтказиш ёхуд ундиришни сўраб иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилиши мумкин.

9.1. Агар солиқ тўловчи иқтисодий судга даъво аризаси берилгунга қадар ортиқча тўланган солиқни бошқа тураги солиқлар бўйича келгуси тўловлар ҳисобига ўтказиш ёки қайтариш тўғрисидаги ариза билан давлат солиқ хизмати органига мурожаат қилмаган бўлса, бу ҳолат низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этилмаган деб ҳисобланади.

9.2. Ортиқча тўланган ёки ундирилган солиқлар суммаларини қайтариш тўғрисидаги даъво солиқнинг мазкур тури бўйича пеня ва жарималар, бошқа турдаги солиқлар бўйича қарз, пеня ва жарималар бўлмаганда иқтисодий суд томонидан қаноатлантирилади.

10. Солиқ кодекси 69-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ давлат солиқ хизмати органлари, божхона органлари ҳамда зиммасига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш вазифаси юклатилган бошқа давлат органлари ҳамда ташкилотлари бюджетга ва давлат мақсадли жамғармаларига тушумлар ҳисобини юритиши керак. Шу муносабат билан солиқ тўловчилар томонидан ортиқча тўланган ёки асоссиз ундирилган пул маблағларини (солиқлар, мажбурий тўловлар, жарималар, пенялар) ваколатли органлардан ундириш тўғрисида даъволар берилганда иқтисодий судлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, унинг ҳузуридаги бюджетдан ташқари жамғармалар ва (ёки) уларнинг ҳудудий органларини ҳамда бошқа ваколатли ташкилотларни ИПКнинг 48-моддасига мувофиқ низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар сифатида жавобгар тарафидан ишда иштирок этишга жалб қилиши керак.

11. Иқтисодий судларга тушунтирилсинки, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар давлат солиқ хизмати органларига эмас, балки Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармаларига тушади. Шу муносабат билан солиқ тўловчининг қайд этилган тўловларни ундириш тўғрисидаги даъвоси қаноатлантирилганда жарималар, пенялар ва фоизлар ундирилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 14 июндаги "Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-3619-сонли Фармонининг 3-бандига мувофиқ давлат органларининг ноқонуний қарорлари ёки шу органлар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида тадбиркорлик субъектига етказилган зарарнинг ўрни суд қарори асосида тўла ҳажмда бевосита ана шу давлат органлари томонидан, биринчи навбатда, уларнинг бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ҳисобига қопланиши лозим.


12. Ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш ҳақидаги ишларни кўришда иқтисодий судлар давлат солиқ хизмати органи низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этганлигига эътибор қаратишлари лозим. Қайд этилган тартибга риоя этилмаган ҳолда берилган даъво аризаси ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 7-бандига мувофиқ қайтарилиши, ушбу ҳолат даъво аризаси иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, ИПК 107-моддасининг 5-бандига мувофиқ даъво кўрмасдан қолдирилиши лозим.

12.1. Солиқ кодекси 60-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларига мувофиқ солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома солиқ тўловчига ёки унинг вакилига бу талабномани солиқ тўловчи олганлигини ва талабнома олинган санани тасдиқловчи усулда топширилиши лозим. Солиқ тўловчида солиқ тўловчининг шахсий кабинети мавжуд бўлган тақдирда, солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома унга солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилиши мумкин. Солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома почта орқали буюртма хат билан юборилган тақдирда, у буюртма хат почта жўнатмаси топширилганлиги тўғрисидаги билдириш бланкасида кўрсатилган санада олинган деб ҳисобланади.

Агар солиқ тўловчи юридик шахснинг филиали ёки ваколатхонаси бўлса, талабнома филиал ёки ваколатхонага юборилиши мумкин.

13.

Солиқ кодекси 62-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ солиқ қарзини мажбурий ундириш чораларига қуйидагилар киради:

солиқ қарзини солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақларидан сўзсиз ундириш;

ундирувни солиқ тўловчига унинг дебиторлари ўтказиши лозим бўлган суммаларга қаратиш;

ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш.

Давлат солиқ хизмати органининг солиқ қарзини солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақларидан сўзсиз ундириш чораларини кўрмасдан, ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш ҳақида берилган даъво аризаси ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 9-бандига мувофиқ қайтарилади, ушбу ҳолат даъво аризаси иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, ИПК 107-моддасининг 4-бандига мувофиқ даъво кўрмасдан қолдирилади, солиқ тўловчининг банк ҳисобварақлари бўлмаган ёки солиқ тўловчи солиқ қарзини тўлаш учун ўзининг банк ҳисобварағига тўлов топшириқномасини қўйган ҳоллар бундан мустасно.

13.1. Давлат солиқ хизмати органи ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилганда, солиқ қарздорлигининг миқдори қонун ҳужжатларида белгилангандан кам бўлмаслиги лозим.

Агар қарздорлик суммаси белгиланган миқдордан кам бўлса, даъво аризасини қабул қилиш ИПК 154-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос равишда рад этилади, ушбу ҳолат ариза иш юритишга қабул қилинганидан кейин аниқланса, иш юритиш ИПК 110-моддасининг 1-бандига мувофиқ тугатилади.

Судларга тушунтирилсинки, мазкур банднинг иккинчи хатбошисида белгиланган қоида, солиқ қарзининг суммаси ундирувни мол-мулкка қаратиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган миқдордан кам бўлган, бироқ ушбу қарз тўлаш муддати тугаганидан кейин бир йил ичида тўланмаган ҳолларда татбиқ этилмайди.

14. Солиқ кодекси 63-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақларидан солиқ қарзини сўзсиз ундириш, агар Солиқ кодекси 62-моддасининг учинчи қисмида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчининг талаб қилиб олингунча сақланадиган депозит ҳисобварағига хизмат кўрсатаётган банкка давлат солиқ хизмати органининг солиқ қарзи суммасини тегишли бюджетга ёки давлат мақсадли жамғармасига ўтказиш тўғрисидаги инкассо топшириқномасини тақдим этиш орқали амалга оширилади.

Солиқ кодексининг 63-моддаси давлат солиқ хизмати органи томонидан солиқ тўловчининг солиқ қарзини сўзсиз ундириш тартибини белгилайди. Шу муносабат билан иқтисодий судлар эътиборга олишлари керакки, солиқ қарзини солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақларидан ундириш ҳақидаги даъво аризалари (аризалар) иқтисодий судларга тааллуқли эмас, Солиқ кодекси 70-моддасининг еттинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

15. Агар давлат солиқ хизмати органи иқтисодий судга даъво аризаси берилгунга қадар ундирувни солиқ тўловчига унинг дебиторлари ўтказиши лозим бўлган суммаларга қаратмаган бўлса, бу ҳолат даъвони мазмунан кўришга тўсқинлик қилмайди.

17. Иқтисодий судлар ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш тўғрисидаги даъво аризасини иш юритиш учун қабул қилишда Солиқ кодекси 65-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ даъво аризасига қуйидаги ҳужжатлар илова қилинганлигини текшириши шарт:

солиқ қарзи борлиги тўғрисида солиқ тўловчининг мавжуд шахсий карточкаларидан кўчирма;

тўлов топшириқномалари, тўлов талабномалари ва инкассо топшириқномалари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотнома.

ИПК 149-моддаси иккинчи қисмининг 8-банди ҳамда Солиқ кодексининг 59 ва 60-моддалари талабидан келиб чиқиб, ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш тўғрисидаги даъво аризасига солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома солиқ тўловчига юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳам илова қилиниши керак.

Давлат солиқ хизмати органининг ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш тўғрисидаги даъво аризасига қайд этилган ҳужжатлар илова қилинмаганлиги ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мувофиқ даъво аризасини қайтариш учун асос бўлади.

18. Ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш тўғрисидаги низоларни ҳал этишда иқтисодий судлар Солиқ кодексининг 120-моддасига кўра солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш муддатларининг бузилиши ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун 0,033 фоиз миқдорида пеня ҳисоблашга сабаб бўлишини, аммо пеня миқдори тегишли солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарз суммасидан ошиб кетиши мумкин эмаслигини эътиборга олишлари керак.

Иқтисодий судлар Солиқ кодексининг 120-моддасига мувофиқ ҳисобланган пенядан солиқ тўловчини озод этишга ёки пеня миқдорини камайтиришга ҳақли эмас, пеня миқдори тегишли солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарз суммасидан ошиб кетган ҳоллар бундан мустасно.

19. Солиқ тўловчининг солиққа оид ҳуқуқбузарликлари учун жавобгарлик чораларини қўллаш билан боғлиқ ишларга солиқ тўловчининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ва молиявий санкцияларни қўллаш ҳақидаги талаблар ҳам киради.


20. Ундирувни солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш, солиқ тўловчига молиявий санкцияни қўллаш, унинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш, инкассо топшириқномасини ижро этилиши мумкин эмас деб топиш ҳақидаги ишларни кўришда исботлаш мажбурияти ИПК 68-моддасининг биринчи қисмига мос ҳолда ваколатли орган зиммасига юклатилади.

ИПК 73-моддаси тўртинчи қисмининг мазмунига кўра, солиқ тўловчининг раҳбари ёки ходимига нисбатан жиноят иши бўйича ҳукм муайян ҳаракатлар содир этилган ёки содир этилмаганлиги ва улар кимлар томонидан содир этилганлиги масалалари бўйича иқтисодий суд учун мажбурийдир. Бунда ваколатли орган текшириш тартиби ва қоидалари бузилмаган ҳолда ўтказилганлигини ҳамда солиқ тўловчининг солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлигини исботлашдан озод этилади, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасида назарда тутилган реабилитация асосларига мувофиқ чиқарилган ҳукм бундан мустасно.

Судлар инобатга олишлари лозимки, айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб, жиноят ишини тугатиш ҳақидаги ажрим (қарор) ёки шахсни маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақидаги қарор билан аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо беришда, ушбу ҳолатлар суд томонидан далил сифатида қабул қилиниши мумкин.

20.1. ИПК 66-моддаси иккинчи қисмининг мазмунига кўра ва Солиқ кодекси 67-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ қонун ҳужжатларининг талабларини бузган ҳолда олинган далиллар (солиқ тўловчи тўғрисидаги ҳужжатлар ёки бошқа ахборот) солиқ тўловчини солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликка тортишга асос бўла олмайди.

21. Солиқ текшируви доирасидаги ҳаракатлар амалга оширилаётганда содир этилган бирор-бир ҳолатни тасдиқлаш учун Солиқ кодексида назарда тутилган ҳолларда холислар жалб этилади.

Солиқ текширувининг натижасидан манфаатдор бўлган шахслар, вояга етмаган шахслар ва давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг текширишда холис сифатида иштирок этишига йўл қўйилмайди. Ушбу қоида бузилган ҳолда олинган далиллар иқтисодий суд томонидан инобатга олиниши мумкин эмас.

22. Ваколатли органнинг даъво аризаси (аризаси)га белгиланган тартибда ва миқдорда почта харажатлари қопланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинмаган бўлса, ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 6-бандига мувофиқ даъво аризаси (ариза) ва унга илова қилинган ҳужжатлар суд ажрими билан қайтарилади.

23. Солиқ кодекси 70-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, камерал назорат солиқ тўловчи томонидан белгиланган тартибда тақдим этилган молиявий ва солиқ ҳисоботини, шунингдек солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида давлат солиқ хизмати органидаги мавжуд бошқа ҳужжатларни ўрганиш ҳамда таҳлил этиш асосида амалга ошириладиган назоратдир, ушбу Кодекс 71-моддасининг саккизинчи қисмига мувофиқ нақд пул тушуми келиб тушишининг хронометражи натижаларидан фақат тақдим этилаётган солиқ ҳисоботи тўғрилигини таҳлил этиш учун, шунингдек солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги маълумотлар базасини юритиш учун фойдаланилади. Камерал назорат ёки хронометраж натижаси солиқ тўловчини жавобгарликка тортиш учун асос бўла олмайди.

24. Солиқ кодекси 108-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ ҳеч ким солиққа оид содир этилган айнан битта ҳуқуқбузарлик учун такроран жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

Иқтисодий судларга тушунтирилсинки, солиқ тўловчи томонидан бир нечта бир хил ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги аниқланганда, у бир марта жавобгарликка тортилади, жавобгарликка тортилгандан кейин содир этилган ҳуқуқбузарликлар бундан мустасно.

25. Солиқ кодекси 108-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ якка тартибдаги тадбиркор томонидан содир этилган солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун молиявий санкциялар юридик шахслар учун назарда тутилган тартибда қўлланилади.

Якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахснинг айбли ижтимоий хавфли қилмиши учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида назарда тутилган жиноий жавобгарликка тортилганлиги, уни солиққа оид ҳуқуқбузарлиги учун якка тартибдаги тадбиркор сифатида Солиқ кодексида назарда тутилган жавобгарликка тортишдан озод қилмайди.


25.1. Судларга тушунтирилсинки, солиқ тўловчи томонидан солиққа оид бир неча ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда, ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун алоҳида жарима тайинланиб, сўнгра Солиқ кодекси 108-моддасининг саккизинчи қисмига асосан жарима тарзидаги молиявий санкциялар унча оғир бўлмаган молиявий санкцияни оғирроқ жарима билан қамраб олиш ёхуд тайинланган жарималарни тўлиқ ёки қисман қўшиш орқали солиққа оид ҳуқуқбузарликлар мажмуи бўйича қўлланилади.

25.2. Бир неча ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги учун молиявий санкцияларни қўллашда давлат солиқ хизмати органи томонидан аризада қўлланилиши сўралаётган жарималарнинг энг юқори миқдори оғирроқ жарима ҳисобланади.

Судлар инобатга олишлари керакки, унча оғир бўлмаган жарима оғирроқ жарима билан қамраб олинганда оғирроқ жарима қўлланилади.

Бунда жариманинг узил-кесил миқдори жариманинг юқори миқдори назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун белгиланган жариманинг энг кўп миқдоридан ошмаслиги лозим.

25.3. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, солиқ тўловчи томонидан солиққа оид бир неча ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда, агар бошқа ҳуқуқбузарликлар билан бир қаторда Солиқ кодекси 119-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик ҳам мавжуд бўлса ва ушбу ҳуқуқбузарлик учун белгиланган молиявий жарима миқдори содир этилган бошқа ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган молиявий жарима миқдоридан оғирроқ бўлса, жариманинг узил-кесил миқдори тўлиқ ёки қисман қўшиш йўли билан аниқланади.

Бунда жариманинг узил-кесил миқдори Солиқ кодекси 119-моддасининг тегишли қисмида назарда тутилган энг юқори миқдоридан ошиб кетиши мумкин эмас, қисман қўшишда эса жариманинг узил-кесил миқдори Солиқ кодекси 119-моддасининг тегишли қисмида назарда тутилган энг кам миқдордан кам бўлмаслиги керак.

25.4. Судларга тушунтирилсинки, агар солиқ тўловчи биринчи иш бўйича қарор чиқарилгунига қадар солиққа оид яна бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этганлиги иш бўйича қарор чиқарилганидан сўнг аниқланса, Солиқ кодекси 108-моддасининг саккизинчи қисмида назарда тутилган қоидалар бўйича жарима қўлланилади. Бу ҳолда, суд томонидан солиққа оид ҳуқуқбузарликлар мажмуи бўйича тайинланган жарима миқдорида биринчи қарор бўйича тўланган жариманинг суммаси ҳисобга олинади ва бу ҳақда ҳал қилув қарорида кўрсатилади.

Агар иккинчи ҳуқуқбузарлик учун биринчи иш бўйича тайинланган жаримага нисбатан оғирроқ жарима назарда тутилган бўлса, суд иккинчи иш бўйича молиявий санкцияни иккита санкция ўртасидаги фарқ суммаси миқдорида қўллайди.

Агар иккинчи ҳуқуқбузарлик учун биринчи иш бўйича тайинланган жаримага нисбатан енгилроқ жарима назарда тутилган бўлса, суд иккинчи иш бўйича молиявий санкцияни қўллайди, бироқ, биринчи иш бўйича тайинланган жарима иккинчи ҳуқуқузарлик учун назарда тутилган жаримани қамраб олганлиги сабабли қўлланилган жарима ундирилмайди ва бу ҳақда ҳал қилув қарорида кўрсатилади.

26. Солиқ кодекси 109-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ шахс солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун қуйидаги ҳолатлардан лоақал биттаси мавжуд бўлган тақдирда жавобгарликка тортилиши мумкин эмас:

солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлиги фактининг йўқлиги;

солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этилишида шахснинг айби йўқлиги.

Солиқ кодексининг 110-моддасида белгиланган ҳолатлар солиқ тўловчининг солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганликдаги айбини ва уни жавобгарликка тортишни истисно қиладиган ҳолатлар ҳисобланади ҳамда бундай ҳолатлардан лоақал битгаси бўлганда солиқ тўловчи жавобгарликка тортилмайди.


27. Солиқ кодекси 96-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ давлат солиқ хизмати органи солиқ тўловчининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги ариза билан судга қуйидаги ҳолларда мурожаат қилишга ҳақли:

солиқ текширувини ўтказишга солиқ тўловчи томонидан тўсқинлик қилинганда ёки даромадлар олиш учун фойдаланилаётган ёхуд солиқ солиш объектини сақлаш билан боғлиқ ҳудудларни, биноларни, шу жумладан, жойларни кўздан кечириш учун давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахсларини киритиш солиқ тўловчи томонидан рад этилганда;

солиқ тўловчи қайд этилган манзилда бўлмаганда;

солиқ тўловчи томонидан солиқ ҳисоботи ва (ёки) молиявий ҳисобот, камерал назорат натижалари бўйича тафовутларнинг асослари ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи белгиланган муддатда тақдим этилмаганда.

28. Солиқ кодекси 101-моддасининг биринчи қисмига кўра давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахслари томонидан солиқ текшируви натижалари бўйича солиқ текшируви далолатномаси тузилади.

Ушбу модданинг тўртинчи қисмига мувофиқ солиқ текшируви далолатномасининг барча нусхалари давлат солиқ хизмати органларининг солиқ текширувини ўтказаётган мансабдор шахслари томонидан имзоланади. Солиқ текшируви далолатномасининг бир нусхаси солиқ тўловчига топширилади. Солиқ тўловчи солиқ текшируви далолатномасини олганда далолатноманинг барча нусхаларига уни олган санани кўрсатган ҳолда имзо қўйиши шарт. Солиқ текшируви далолатномасининг давлат солиқ хизмати органида қолган нусхалари солиқ текшируви материалларига қўшиб қўйилади.

Солиқ тўловчининг солиқ текшируви далолатномасидаги имзоси унинг солиқ текшируви натижаларидан рози эканлигини англатмайди.

Солиқ тўловчи солиқ текшируви далолатномасини олишдан бош тортган тақдирда давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахси бу ҳақда солиқ текшируви далолатномасига тегишли ёзув киритади. Мазкур ҳолда солиқ текшируви далолатномасининг бир нусхаси солиқ тўловчига почта орқали буюртма хат билан юборилади ва шу пайтдан эътиборан солиқ текшируви тугалланган ҳисобланади.

28.1. Солиқ текшируви ўтказилганда солиқ текшируви далолатномаси тузилмаган ҳолларда текшириш ўтказилмаган ва солиққа оид ҳуқуқбузарлик аниқланмаган деб ҳисобланади. Шунинг учун давлат солиқ хизмати органининг солиқ тўловчини солиқ текшируви натижасида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарори солиқ текшируви далолатномасига асосланмаган бўлса, бу ҳолат молиявий санкция қўллашни рад этиш учун асос бўлади. Солиқ кодексининг 113, 118, 120-моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарликлар ҳамда қонун ҳужжатларида кўрсатилган бошқа ҳуқуқбузарликлар бундан мустасно.

28.2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида" 2018 йил 22 январдаги ПФ-5308-сонли Фармонининг 2-бандида тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текширишга икки йил муддатга мораторий эълон қилиниб, жиноят иши доирасида ва юридик шахс тугатилиши муносабати билан ўтказиладиган текширишлар бундан мустасно эканлиги белгиланган.

Судларнинг эътибори, мазкур банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган мораторий 2020 йил 22 январгача бўлган муддатда амал қилишига қаратилсин. Шу муносабат билан, агар давлат солиқ хизмати органи қайд этилган муддатда тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти бўйича ўтказилган солиқ текшируви натижасида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун тадбиркорлик субъектига ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилса, мазкур ҳолат аризадаги талабни қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўлади, жиноят иши доирасида ва юридик шахс тугатилиши муносабати билан ўтказилган текширишлар, шунингдек қисқа муддатли текширишлар бундан мустасно.

31. Солиқ тўловчи давлат солиқ хизмати органи қарорининг нусхаси олинган кундан эътиборан ўттиз кун ичида қарорда кўрсатилган солиқлар, бошқа мажбурий тўловлар ва пеня суммасини тўламаса ёхуд қарорнинг нусхасини олгач солиқлар, бошқа мажбурий тўловлар ва пеня суммасини тўлашни рад этиш тўғрисида ёзма билдириш тақдим этган тақдирда, давлат солиқ хизмати органи Солиқ кодексининг 62-65-моддаларига мувофиқ солиқлар, бошқа мажбурий тўловлар ва пеняни мажбурий равишда ундириш чораларини кўради.


32. Солиқ кодекси 104-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ солиқ, тўловчи давлат солиқ хизмати органи қарорининг нусхаси олинган кундан эътиборан ўттиз кун ичида қарорда кўрсатилган солиққа оид ҳуқуқбузарликларни бартараф этса ҳамда ҳисобланган солиқлар, бошқа мажбурий тўловлар ва пеня суммасини тўласа давлат солиқ хизмати органи қарорининг солиқ тўловчига нисбатан қўлланиладиган жарима қисми бекор қилинган ҳисобланади. Мазкур норма Солиқ кодексининг 114, 119-моддаларида кўрсатилган ҳолларга татбиқ этилмайди.

33. Солиқ тўловчи давлат солиқ хизмати органи қарорининг нусхаси олинган кундан эътиборан беш иш куни ичида содир этилган солиққа оид ҳуқуқбузарликлардаги айбини тан олганлиги ва жаримани ихтиёрий равишда тўлаш тўғрисидаги ёки уни рад этганлиги тўғрисидаги ёзма билдиришни тақдим этмаган ёхуд рад этганлиги тўғрисида ёзма билдириш тақдим этган тақдирда, шунингдек Солиқ кодекси 104-моддасининг бешинчи қисмига мувофиқ берилган муддат ичида жарима тўланмаган тақдирда, давлат солиқ хизмати органи солиқ тўловчига нисбатан жарима қўллаш тўғрисида ариза билан иқтисодий судга мурожаат қилади.

Иқтисодий судлар низоларни давлат солиқ хизмати органларининг даъво аризаларида (аризаларида) билдирилган талаблар ва қарорларида кўрсатилган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар доирасида ҳал этишлари лозим.

35. Солиқ кодекси 112-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ солиқ тўловчиларга молиявий санкциялар суд тартибида қўлланилади, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш муддати ўтказиб юборилганлиги учун пеня ҳисоблаш, шунингдек солиқ тўловчи содир этилган ҳуқуқбузарликдаги айбини тан олган ва жаримани ихтиёрий равишда тўлаган ҳоллар бундан мустасно.

Агар давлат солиқ хизмати органи томонидан Солиқ кодекси 54-моддасининг учинчи қисмига асосан, молиявий жаримани бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилган бўлса, солиқ тўловчи бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилган муддатга риоя қилмаган тақдирда, солиқ инспекцияси молиявий жаримани суд тартибида қўллаш ҳақида ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

35.1. Солиқ кодекси 112-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ қўлланиладиган молиявий санкция ҳуқуқбузарликнинг оқибатларига номутаносиб бўлган, жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар аниқланган тақдирда, шунингдек ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олиб, суд Солиқ кодексининг 17-бобида назарда тутилган молиявий санкциянинг энг кам даражасидан ҳам камроқ, бироқ белгиланган санкция энг кам миқдорининг 25 фоизидан кам бўлмаган миқдорда, сабаблар ва асосларни албатта кўрсатган ҳолда молиявий санкция қўллашга ҳақли.

Бунда судларнинг эътибори молиявий санкциянинг энг кам даражасидан ҳам камроқ қўллаш суднинг ҳуқуқи эканлигига қаратилсин. Ушбу ҳуқуқни амалга оширишда суд қўлланиладиган молиявий санкция миқдорининг содир этилган солиққа оид ҳуқуқбузарлик оқибатларига мутаносиблигини баҳолаши, жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларнинг мавжудлигини аниқлаши, солиқ тўловчининг моддий аҳволини ҳисобга олиши лозим. Бунда инобатга олиш керакки, жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларнинг мавжудлиги солиқ тўловчи томонидан исботланади.

Солиқ кодекси 111-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларнинг рўйхати тугал бўлмаганлиги боис, суд солиқ тўловчи томонидан солиқлар мунтазам равишда тўлаб келинганлигини, солиққа оид ҳуқуқбузарлик биринчи марта содир этилганлигини, унинг молиявий аҳволи оғирлигини, молиявий санкциянинг қўлланилиши оқибатида иқтисодий ночор (банкротлик) ҳолатига тушиши мумкинлигини ва солиқ тўловчини ижобий тавсифловчи бошқа ҳолатларни енгиллаштирувчи деб ҳисоблаши мумкин.

Судларга тушунтирилсинки, агар солиқ тўловчи томонидан солиққа оид бир неча ҳуқуқбузарлик содир этилган бўлиб ва молиявий санкциянинг энг кам даражасидан ҳам камроқ қўллаш учун асослар мавжуд бўлса, Солиқ кодекси 112-моддасининг тўртинчи қисмидаги қоида ҳар бир модда ёки модданинг ҳар бир қисми ёхуд уларнинг айримлари бўйича алоҳида қўлланилиши мумкин. Бунда жариманинг узил-кесил миқдори тўлиқ қўшиш йўли билан аниқланиб, ва у давлат солиқ хизмати органи томонидан аризада қўлланилиши сўралаётган жариманинг энг юқори миқдоридан ошмаслиги лозим.

Молиявий санкцияни қўллаш тўғрисидаги ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида молиявий санкциянинг энг кам даражасидан ҳам камроқ қўлланилиши сабаблари ва асослари кўрсатилиши шарт.

Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик назарда тутилган Солиқ кодексининг тегишли моддаси, ҳуқуқбузарликнинг ҳар бири бўйича Солиқ кодекси 112-моддасининг тўртинчи қисми алоҳида қўлланилганлиги ва ушбу банднинг тўртинчи хатбошисида белгиланган қоида бўйича аниқланган молиявий санкциянинг узил-кесил миқдори кўрсатилади.

35.2. Судларга тушунтирилсинки, Солиқ кодекси 108-моддасининг саккизинчи ва тўққизинчи қисмлари, 112-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган қоидалар фақатгина Солиқ кодексининг 17-бобида назарда тутилган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар ва молиявий санкцияларга қўлланилади.

Судлар Солиқ кодекси 108-моддасининг тўққизинчи қисми ва 112-моддасининг тўртинчи қисмида белгиланган қоидалар фақат судлар томонидан қўлланишини инобатга олишлари лозим.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2007 йил 16 мартдаги ПҚ-605-сонли Қарорининг 3-банди, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Биржадан ташқари валюта бозорини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2000 йил 29 июндаги 245-сонли қарорининг 4-банди, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 28 октябрдаги қарори билан тасдиқланган "Товарлар (ишлар, хизматлар)га тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни шакллантириш, декларация қилиш (тасдиқлаш) ва белгилаш ҳамда уларнинг қўлланилишини давлат томонидан назорат қилиш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 49-банди, Солиқ кодекси 53-моддасининг олтинчи қисми ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган молиявий санкцияларни қўллаш билан боғлиқ ишларни кўришда ушбу қоидалар татбиқ этилмайди.

36. Иқтисодий судларга тушунтирилсинки, Солиқ кодекси амалга киритилиши муносабати билан 2008 йил 1 январдан бошлаб содир этилган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун ҳуқуқий таъсир чоралари фақат тадбиркорлик субъектларига эмас, балки барча юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга суд тартибида қўлланилади, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш муддати ўтказиб юборилганлиги учун пеня ҳисоблаш, шунингдек солиқ тўловчи содир этилган солиққа оид ҳуқуқбузарликдаги айбини тан олган ва жаримани ихтиёрий равишда тўлаган ҳоллар бундан мустасно.

37. Солиқ кодекси 53-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ банклар солиқ тўловчининг солиқни ва (ёки) бошқа мажбурий тўловни ўтказишга доир тўлов топшириқномаларини, шунингдек тегишли ваколатли органнинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш тўғрисидаги инкассо топшириқномаларини "Хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисоб рақамларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисида"ги Йўриқномада (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2012 йил 15 мартда 2342-сон билан рўйхатга олинган), "Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисида"ги Низом (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2013 йил 3 июнда 2465-сон билан рўйхатга олинган) ҳамда "Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг касса ижроси тўғрисида"ги Йўриқномада (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2012 йил 1 февралда 2320-сон билан рўйхатга олинган) белгиланган навбатда бажаришлари шарт.

37.1. Иқтисодий судларнинг эътибори Солиқ кодекси 63-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ солиқ қарзи суммасини ундириш солиқ тўловчининг барча банк ҳисобварақларида турган пул маблағларидан амалга оширилиши, қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув қаратиш мумкин бўлмаган ҳисобварақлар бундан мустаснолигига қаратилсин.

37.2. Солиқ кодекси 53-моддасининг олтинчи қисмига мувофиқ банкнинг айби билан солиқ тўловчининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммасини ўтказиш топшириқномаси, тегишли ваколатли органнинг уларни ундириш тўғрисидаги инкассо топшириқномаси бажарилмаган (бажарилиши кечиктирилган) тақдирда, банкдан ҳар бир кечиктирилган кун учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўтказилмаган суммасини 0,5 фоизи миқдорида белгиланган тартибда пеня ундирилади.

Бунда қўлланиладиган пеня банкнинг ўз солиқ мажбуриятлари бажарилишини кечиктирганлиги учун эмас, балки мижознинг солиқ мажбуриятлари бажарилишини кечиктирганлиги учун банкка нисбатан белгиланган ҳуқуқий таъсир чораси бўлиб, у ҳуқуқий табиати бўйича молиявий санкция ҳисобланади ва суд тартибида қўлланилади, банк содир этилган солиққа оид ҳуқуқбузарликдаги айбини тан олган ҳамда пеняни ихтиёрий равишда тўлаган ҳоллар бундан мустасно.


37.3. Давлат солиқ хизмати органининг молиявий санкция қўллаш ҳақидаги аризаси банк филиалига нисбатан тақдим этилган бўлса, банкни жавобгар сифатида ишда иштирок этишга жалб қилиш масаласи иқтисодий суд томонидан ИПКнинг 45-моддасига мувофиқ ҳал этилади. Давлат солиқ хизмати органининг аризаси қаноатлантирилганда молиявий санкция банк филиалига эмас, балки банкнинг ўзига қўлланилади.

38. Солиқ кодекси 114-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ кирим қилинмаган товарларни сақлаш, бундан уларнинг қонуний келиб чиқиши тасдиқланган ҳоллар мустасно, - кирим қилинмаган товар қийматининг 20 фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади, ушбу модданинг учинчи қисмига мувофиқ эса товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумни яшириш (камайтириб кўрсатиш) - товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушум яширилган (камайтириб кўрсатилган) суммасининг 20 фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Қўзғатилган маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги иш ёки жиноят иши доирасида кирим қилинмаган товарлар давлат даромадига ўтказилган тақдирда, Солиқ кодекси 114-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган молиявий санкция қўлланилмайди.

Агар суднинг ҳукми, ажрими, қарори ёки ҳал қилув қарори ёхуд давлат органининг (мансабдор шахснинг) қарорига асосан кирим қилинмаган товарлар йўқ қилинган бўлса, Солиқ кодекси 114-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган санкция қўлланилиши лозим.

Шу сабабли, судлар Солиқ кодекси 114-моддасининг биринчи қисмига асосан молиявий санкция қўллашда ушбу иш маъмурий ёки жиноий иш билан боғлиқлигини аниқлашлари ҳамда суд ҳужжатларида баён этилган ҳолатларга асосланишлари лозим.

38.1. Кирим қилинмаган товарларни сақлаш деганда бухгалтерия ҳужжатларида акс эттирилмасдан сақланаётган, реализация қилишга чиқарилган ва реализация қилинган товарлар тушунилади.

Чакана савдо фаолияти билан шуғулланадиган якка тартибдаги тадбиркорлар учун даромадлар ва товар операцияларини ҳисобга олиш регистрлари чакана савдо фаолияти билан шуғулланадиган якка тартибдаги тадбиркорнинг даромадлар ва товар операцияларини ҳисобга олиш дафтари ва товар чеклари дафтарчаси ҳисобланади. Даромадлар ва товар операцияларини ҳисобга олиш регистрлари якка тартибдаги тадбиркор рўйхатдан ўтказилган жойдаги давлат солиқ хизмати органлари томонидан рўйхатдан ўтказилади.

Кирим қилинмаган товарларнинг қиймати юзасидан низо вужудга келган ҳолда, у манфаатдор тарафнинг илтимосномаси бўйича иқтисодий суд томонидан тайинланган мутахассис (эксперт)нинг хулосасига асосан белгиланади.

38.2. Солиқ кодекси 114-моддасининг бешинчи қисмига мувофиқ, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумни яшириш (камайтириб кўрсатиш) деб қуйидагилар эътироф этилади:

товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилинганлиги факти ҳужжат билан тасдиқланганда товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушум суммасининг ҳисобга олиш регистрларида акс эттирилмаганлиги;

товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилинганлиги факти тўғрисида далолат берувчи ҳужжатларнинг алмаштирилганлиги, сохталаштирилганлиги ёки йўқ қилинганлиги;

ҳисобда реализация қилинмаган деб кўрсатилган товарларнинг омборда ёки реализация қилиш жойида мавжуд эмаслиги.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 9 августдаги "Бюджет билан ҳисоб-китоблар учун хўжалик юритувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-1504-сонли Фармони 3-бандининг бешинчи хатбошисига мувофиқ барча чакана савдо корхоналари, шунингдек аҳолига хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг тушган нақд пул маблағларини ҳар куни банк муассасаларига топширмаслиги ҳам тушумни яшириш деб баҳоланади.

Ушбу рўйхат тугал ҳисобланади ва кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмайди.


38.3. Солиқ кодекси 114-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумнинг яширилган (камайтириб кўрсатилган) суммасига қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш амалга оширилади.

40. Фискал хотирали назорат-касса машиналарини ва (ёки) тўловларни пластик карточкалар асосида қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларини ишлатиш мажбурий бўлгани ҳолда уларни ишлатмасдан (ўрнатмасдан) савдони амалга оширганлик ва хизматлар кўрсатганлик, худди шунингдек сотиб олувчига квитанциялар ёзиб бериш, талонлар, чеклар ёки уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатларни бериш мажбурий бўлгани ҳолда бундай ҳужжатларни бермасдан товарларни реализация қилганлик ва хизматлар кўрсатганлик Солиқ кодекси 119-моддасининг биринчи қисмида назарда тугалган миқдорда, техник талабларга жавоб бермайдиган назорат-касса машиналаридан фойдаланганлик ёки фискал хотирасининг хизмат кўрсатиш дастури бузилган назорат-касса машиналаридан фойдаланганлик, шунингдек пластик карточкалар асосида тўловларни қабул қилишни рад этганлик Солиқ кодекси 119-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.


40.1. Солиқ кодекси 119-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар жарима қўлланилганидан кейин бир йил ичида содир этилганда ушбу модданинг иккинчи қисмида белгиланган миқдорда, ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар жарима қўлланилганидан кейин бир йил ичида содир этилганда эса ушбу модданинг тўртинчи қисмида белгиланган миқдорда жарима солинади.

Бунда жарима қўлланилганидан кейин бир йиллик муддат деганда, солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун жаримани ихтиёрий равишда тўлаш учун муддат бериш тўғрисидаги давлат солиқ хизмати органининг қарори қабул қилинган кун ёки жарима суд тартибида қўлланилган кундан бошлаб ўн икки ой ичида содир этилган солиққа оид ҳуқуқбузарлик тушунилади.

40.2. Агар солиқ тўловчининг бир неча савдо шохобчалари мавжуд бўлса ва бир солиқ текшируви жараёнида уларнинг ҳар бирида Солиқ кодексининг 119-моддасида назарда тутилган бир хилдаги ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги аниқланган тақдирда, солиқ тўловчига бир марта молиявий санкция қўлланилади.


40.3. Ушбу тоифадаги низоларни ҳал этишда иқтисодий судлар фискал хотирали назорат-касса машиналарининг ва ёзиб бериладиган бир марталик квитанцияларнинг давлат солиқ хизмати органидан рўйхатдан ўтказилганлигига эътибор қаратишлари лозим. Тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилмаган назорат-касса машиналари ва квитанциялардан фойдаланганлик солиқ тўловчига Солиқ кодекси 119-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган жарима қўллаш учун асос бўлади.

40.4. Сертификатлаш бўйича аккредитация қилинган органлар томонидан мажбурий тартибда сертификатланмаган ва мувофиқлик сертификатига эга бўлмаган фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналаридан фойдаланган ҳолда техник талабларга жавоб бермайдиган назорат-касса машиналаридан фойдаланганлик сифатида қаралади ҳамда ушбу ҳолат Солиқ кодекси 119-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган жарима қўллаш учун асос бўлади.

40.5. Техник талабларга жавоб бермайдиган назорат-касса машиналаридан фойдаланганлик ёки фискал хотирасининг хизмат кўрсатиш дастури бузилган назорат-касса машиналаридан фойдаланганлик ҳолати солиқ текшируви давомида олинган бундай хулоса беришга ваколатли бўлган мустақил ташкилотнинг хулосаси билан тасдиқланиши лозим.

41. Низо бўйича ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар солиқ тўловчи томонидан солиқ қарзи ва молиявий санкция тўланган бўлса, иқтисодий суд низо бартараф этилганлиги сабабли даъвони қаноатлантиришни рад этади.

Агар солиқ тўловчи томонидан даъво талабида кўрсатилган сумма қисман тўланган бўлса, иқтисодий суд солиқ тўловчининг мол-мулкидан ундирувни солиқ қарзининг қолган суммасига қаратади, молиявий санкциянинг қолган суммасини қўллайди. Мол-мулкка ундирув қаратилиши ёки қўлланилиши лозим бўлган сумманинг аниқ миқдори суднинг ҳал қилув қарорида кўрсатилади.

42. Иқтисодий судлар шуни эътиборга олишлари лозимки, агар солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этган солиқ тўловчи - юридик шахс тугатилган бўлса, унга ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилмайди.

Солиқ кодекси 51-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ қайта ташкил этилган юридик шахснинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича солиқ мажбуриятини бажариш, қайта ташкил этиш тугаллангунига қадар ҳуқуқий ворисга (ҳуқуқий ворисларга) қайта ташкил этилаётган юридик шахс солиқ мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги фактлари ва (ёки) ҳолатлари маълум бўлганлиги ёхуд маълум бўлмаганлигидан қатъи назар, унинг ҳуқуқий вориси (ҳуқуқий ворислари) зиммасига юклатилади.

Топшириш ҳужжатида солиқ қарзининг ҳуқуқий ворисга ўтказилганлиги ҳақидаги маълумотнинг мавжуд эмаслиги, ҳуқуқий ворисни ушбу солиқ қарзи бўйича жавобгарликдан озод қилмайди.


42.1. Муддати ўтказиб юборилган дебиторлик ва кредиторлик қарзларни қисқартириш ва бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича Республика комиссиясининг хўжалик юритувчи субъектларнинг бюджет ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар бўйича пенялар ва молиявий жарималарни ҳисобдан чиқариш, қарзларини (асосий суммани, пеняларни, жарима санкцияларини) тўлаш муддатини кечиктириш тўғрисидаги қарорлари давлат солиқ хизмати органининг даъво аризасини (аризани) қаноатлантиришни рад қилиш учун асос бўлади.

Қарзларни тўлаш бўйича муддатни кечиктириш тўғрисидаги комиссия қарорида белгиланган муддатнинг тугаганлиги давлат солиқ хизмати органи томонидан иқтисодий судга янги асослар билан умумий тартибда даъво аризаси (ариза) тақдим этилишига тўсқинлик қилмайди.

42.2. Суд буйруғи берилганидан кейин давлат солиқ хизмати органи томонидан айни бир предмет ва айни бир асослар бўйича даъво тақдим этилса, даъво аризасини қабул қилиш ИПК 154-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан рад этилади, агар даъво аризаси иш юритишга қабул қилинган бўлса, иш юритиш ИПК 110-моддасининг 2-бандига асосан тугатилади.

43. Молиявий санкцияни қўллашда иқтисодий судлар Солиқ кодексининг 111-моддасида белгиланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларнинг тугал эмаслигини, оғирлаштирувчи ҳолат эса тугал ҳисобланишини инобатга олишлари лозим.

44. Иқтисодий судлар қонун ҳужжатлари бузилган ҳар бир ҳолат бўйича мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги масалаларини ҳал этиб, ҳуқуқбузарликни келтириб чиқарган сабаблар ва шароитларни пухта ўрганиб, хусусий ажримлар чиқариш йўли билан уларни бартараф этиш чораларини кўришлари лозим.

              

Олий хўжалик суди раиси


Д. Мирзакаримов

Олий хўжалик суди

Пленумининг котиби, судья

    

С. Нуманова