ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Хўжалик судлари томонидан айрим қонун актларини қўллаш масалалари /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленумининг 10.04.2009 й. 06/196-сон "Суд ҳужжатларини ижро этишга оид қонун ҳужжатларини қўллаш бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИ ВА

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ

ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

10.04.2009 й.

N 06/196


СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИ ИЖРО ЭТИШГА ОИД

ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА

СУД АМАЛИЁТИНИНГ АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишга доир қонунларга ижро иши юритишни такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши муносабати билан мазкур қонун нормаларининг суд амалиётида бир хил қўлланилишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси "Судлар тўғрисида"ги Қонуни 17, 47-моддаларига мувофиқ, Олий суд Пленуми ва Олий хўжалик суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори суд ҳужжатларининг ижросини таъминлаш фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этишига қаратилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 138-моддаси, Фуқаролик процессуал кодексининг (бундан буён матнда ФПК деб юритилади) 16-моддаси, Иқтисодий процессуал кодексининг (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) 15-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг (бундан буён матнда МСИЮтК деб юритилади) 16-моддасига мувофиқ суд ҳокимиятининг ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.

Суд ҳужжати ижрога қаратилишининг муҳим шарти унинг қонуний кучга кириши ҳисобланади.

Бинобарин, суд ҳужжати қонуний кучга кирган ва шу асосда ижро варақаси берилгандан сўнг келиб тушган апелляция шикояти (протести)нинг шикоят бериш муддати тикланиб, у иш юритувга қабул қилинса, суднинг муддатни тиклаш ва апелляция шикоят (протест)ини қабул қилиш ҳақидаги ажримида суд ҳужжатининг ижросини тўхтатиш масаласи ҳам ФПК 409-моддасининг 3-банди, ИПКнинг 271-моддаси, МСИЮтКнинг 212-моддаси қоидаларига мос ҳолда ҳал қилиниши лозим.

3. Шуни назарда тутиш лозимки, суд қонун бўйича қуйидаги ҳолларда ҳар бир қарор бўйича битта ижро варақа бериш лозимлиги тўғрисидаги қоидадан чекиниши мумкин, агар:

- суд ҳужжати бир неча ундирувчи фойдасига чиқарилган бўлса;

- суд ҳужжатида бир неча қарздордан ундирув назарда тутилган бўлса;

- суд ҳужжати турли жойларда ижро этилиши лозим бўлса.

Агар, шерик жавобгарлардан ундириш назарда тутилаётган бўлса, ҳар бир ижро варақасида ундирувнинг умумий суммаси кўрсатилиши ва шерик жавобгар эканлиги кўрсатилган ҳолда жавобгарларнинг ҳаммаси санаб ўтилиши керак.


4. "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) суд ҳужжатини ижрога қаратишнинг умумий тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра ижро варақаси, одатда, ундирувчига берилиши лозим.

ФПКнинг 448-моддасига мувофиқ ижро варақаси суд ҳужжати қонуний кучга киргандан сўнг ундирувчига берилади.

Суд айрим фуқаролик ишлари юзасидан чиқарилган ҳал қилув қарори бўйича ижро варақасини ундирувчининг илтимосига асосан ижро қилиш учун бевосита ижро органига юбориши мумкин.

ИПК 336-моддасининг бешинчи қисмига ва МСИЮтК 278-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ ижро варақаси ундирувчига берилади ёки унинг илтимосномасига кўра, давлат ижрочисига ижро этиш учун юборилади.

ФПК 449-моддасининг иккинчи қисмига, ИПК 336-моддасининг олтинчи қисмига ва МСИЮтК 278-моддасининг бешинчи қисмига мувофиқ суд қарорларининг давлат даромадига (бюджетга) маблағлар ундириладиган тўловлар юзасидан берилган ижро ҳужжатлари суд томонидан бевосита Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси бўлимларига юборилади.

Ижро варақаси (суд буйруғи) судьянинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзида ахборот тизими орқали ундирувчига ва давлат ижрочисига юборилиши мумкин.

5. Ижро варақасининг асли йўқотилган тақдирда, қарор чиқарган суд, ФПКнинг 450-моддаси ва ИПКнинг 341-моддаси талабларига мувофиқ, ижро варақасининг дубликатини бериши мумкин. Бунда судлар ижро варақа дубликатини беришни Қонуннинг 43-моддасида назарда тутилган йўқотилган ижро иши юритилиши тикланишидан фарқлашлари лозим.

Чет давлат ҳудудида ижро этилиши лозим бўлган суд қарори бўйича ижро варақасининг дубликатини бериш халқаро ва икки давлат ўртасида тузилган келишувларда назарда тутилган қоидаларга риоя қилинган ҳолда амалга оширилади.

5.1. Судларга тушунтирилсинки, йўқотилган ижро иши юритилиши суд томонидан ишда иштирок этувчи шахсларнинг, ижро иши юритилиши тарафларининг, давлат ижрочисининг, прокурорнинг, шунингдек ижро ҳужжати берган суд ёки бошқа органнинг ташаббусига биноан тикланиши мумкин. Судлар бу ҳақдаги аризани Қонуннинг 43-моддаси, ФПКнинг 462-моддаси ва ИПКнинг 30-бобида белгиланган қоидалари асосида кўриб чиқадилар.

6. Судларнинг эътибори қонунда (ИПКнинг 337-моддаси) ижро ҳужжатининг мазмунига нисбатан қатъий талаблар белгиланганлигига қаратилсин. Ижро варақаси суд ҳужжатининг қарор қисмига сўзма - сўз монанд бўлиши ва ундирувчи ҳамда қарздорга оид тўлиқ маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили, манзили, юридик шахсларга нисбатан эса унинг аниқ номланиши)ни ўзида акс эттирган бўлиши шарт. Бундай талаблар бажарилмаган тақдирда давлат ижрочиси ижро варақани камчиликларни бартараф этиш учун қайтариши мумкин.

Фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан жавобгарни муайян ҳаракатлар содир этишга мажбурловчи қарор чиқарилганда, суд ижро варақасида, агар жавобгар белгиланган вақт ичида қарорни бажармаса, даъвогар мазкур ҳаракатларни ўзи содир этиб, қилинган харажатларни жавобгардан ундириб олишга ҳақли эканлигини кўрсатиши мумкин. Агар мазкур ҳаракатлар фақат жавобгар томонидан содир этилиши мумкин бўлса, суд қарор ижро этилиши шарт бўлган муддатни кўрсатади.

Судлар чет давлат судининг қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ажримига асосан бериладиган ижро варақасида чет давлат судининг қарори қонуний кучга кирган санасини кўрсатишлари лозим.

7. ФПКнинг 453-моддаси ва ИПКнинг 340-моддасида ижро варақасини ижрога топширишнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш тартиби белгиланган.

Муддатнинг ўтказиб юборилганлиги суд томонидан узрли деб топилса, у тикланиши мумкин.

Ўтказиб юборилган муддатни тиклаш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш натижаси бўйича ажрим чиқарилиб, у ундирувчи ва қарздорга юборилади. Аризани кўриб чиқиш натижаси бўйича иқтисодий суднинг ажрими устидан шикоят берилиши ёки протест келтирилиши, фуқаролик ишлари бўйича судининг ўтказиб юборилган муддатни тиклаш рад қилинганлиги ҳақидаги ажрими устидан эса хусусий шикоят ёки хусусий протест келтирилиши мумкин.

8. Ижро хужжати талабларида ноаниқликлар мавжуд бўлган ёки у билан суд ҳужжати орасида тафовут аниқланган ҳолда давлат ижрочиси, Қонуннинг 31-моддасига мувофиқ, ижро ҳужжатини берган судга суд ҳужжатини тушунтириш, мазкур хужжатларда йўл қўйилган ёзув, босма ва арифметик хатоларни бартараф этиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилишга ҳақли. Давлат ижрочисининг аризасида суд ҳужжатининг қонунийлиги масаласида мушоҳада юритилиши мумкин эмас.

Давлат ижрочисининг аризаси, у келиб тушган кундан бошлаб фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан ўн кунлик, иқтисодий суд томонидан эса, йигирма кунлик муддат ичида кўриб чиқилади, натижаси бўйича ажрим чиқарилади.

Аризани кўриб чиқиш натижаси бўйича иқтисодий суднинг ажрими устидан шикоят берилиши ёки протест келтирилиши, фуқаролик ишлари бўйича суднинг ажрими устидан хусусий шикоят ёки хусусий протест келтирилиши мумкин.

Суд томонидан фақат ижро этилмаган суд ҳужжати ёки унинг ижро этилмаган қисми юзасидан тушунтириш берилади.


9. ФПКнинг 454-моддаси, ИПКнинг 342-моддасига мувофиқ, суд давлат ижрочиси, ундирувчи ёки қарздорнинг аризасига кўра суд ҳужжатининг ижросини кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб ижро этишга, шунингдек, унинг ижро усули ва тартибини ўзгартиришга ҳақли.

10. Давлат ижрочиси ижро ҳужжатини суд, бошқа орган ёки ундирувчидан ижро қилиш учун қабул қилиб олиши ва ижро иши юритишни қўзғатиши шарт.

Агар ижро ҳужжати ижрога топшириш муддати ўтиб кетганидан кейин юборилган бўлса ёки ижро ҳужжати Қонуннинг 8-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлмаса, давлат ижрочиси ижро ҳужжатини қайтариб юбориш ҳақида қарор чиқаради.

Давлат ижрочисининг ҳар қандай ижро ҳужжатини қайтариб юбориш ҳақидаги қарори устидан МСИЮтКда белгиланган тартибда маъмурий судга шикоят берилиши мумкин.

11. Судларга тушунтирилсинки, Қонуннинг 34-моддаси биринчи қисмига мувофиқ:

- агар суд томонидан аниқланган ҳуқуқий муносабат ҳуқуқий ворисликка йўл қўйса, қарздор вафот этганда, у вафот этган деб эълон қилинганда ёки бедарак йўқолган деб топилганда;

- қарздор муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

- қонун ҳужжатларида низолашишга йўл қўйилган бўлса, қарздор ижро ҳужжати юзасидан суд тартибида низолашганда;

- маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга органларнинг қарорлари (мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари) устидан судга шикоят берилганда;

- ижро ҳужжати бўйича ундирув қаратилган мол-мулкни рўйхатдан чиқариш (хатлашдан озод қилиш) тўғрисида судга даъво ариза берилганда ижро ишини юритиш тўхтатиб турилиши шарт.

Шуни назарда тутиш лозимки, Қонуннинг 35-моддаси биринчи қисмига кўра:

- қарздор ёки ундирувчи ижро ҳужжатини берган тегишли судга ёки бошқа органга ижро ҳужжатини кечиктириб ёки бўлиб - бўлиб ижро этиш, ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилганда;

- қарздор узоқ муддатли хизмат сафарида бўлганда ёки стационар даволаш муассасасида даволанаётганда;

- давлат ижрочисининг ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоят берилганда;

- рўйхатга олинган мол-мулкни баҳолаш натижалари юзасидан низолашилганда;

- ундирувчи илтимос қилган ҳолларда суд томонидан ижро ишини юритиш тўхтатиб турилиши мумкин.

Судлар ижро иш юритишнинг тўхтатилиши келгусида ижро ҳужжатининг ижросини қийинлаштириши ёки уни бажариб бўлмайдиган қилиб қўйишини юзага келтирмаслиги лозимлигини назарда тутишлари керак.

Ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ҳақидаги ариза, у келиб тушган кундан бошлаб фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан ўн кунлик, иқтисодий суд томонидан эса йигирма кунлик муддат ичида тарафлар чақиртирилмасдан ва суд муҳокамаси ўтказилмасдан кўриб чиқилади.

Ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ҳақида суд ажрим чиқаради. Ушбу ажрим устидан ФПК ёки ИПКда белгиланган тартибда шикоят ёки протест келтирилиши мумкин.

Қонун 36-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ, ижро иши юритишни тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар бартараф қилинганидан кейин ижро иши юритиш уни тўхтатиб турган суд ёки давлат ижрочиси томонидан ундирувчининг аризасига ёки суд ижрочисининг ташаббусига кўра тикланади.

Судларнинг эътибори, агар-ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ҳақидаги суднинг ажримида тўхтатишнинг муддати кўрсатилмаган бўлса, судлар ижро иши юритишни тиклашга ҳақли эканлигига қаратилсин.


12. Судлар Қонуннинг 34-моддаси биринчи қисми 2 ва 3-бандларида назарда тутилган ҳолларда ижро иши юритилишининг тўхтатилиши давлат ижрочисининг мурожаати асосида, Қонуннинг 35-моддаси биринчи қисми 1, 4 ва 5-бандларида назарда тутилган ҳолларда эса, суд томонидан ижрони кечиктириш ёки бўлиб - бўлиб ижро қилиш тўғрисидаги аризани ёхуд давлат ижрочисининг ҳаракатлари устидан берилган шикоятни ёки баҳолаш натижаларидан норозилик ҳақидаги аризани иш юритувга қабул қилиш билан бир вақтнинг ўзида амалга оширилишини, ажримда ижро иши юритилиши тўхтатилиши ҳақида кўрсатилишини эътиборга олишлари зарур.

Қонуннинг 34 ва 35-моддаларида кўрсатилган, ижро иши юритишни суд қайси вазиятда тўхтатиши шарт ва хақли бўлган ҳолатлар рўйхати тугал ҳисобланади.

Шу билан бирга, "Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 79-моддасига кўра, ижро ҳужжати ижросини тўхтатиш учун иқтисодий суднинг қарздорга нисбатан аризани иш юритишга қабул қилиш ва тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ажрими ҳам асос ҳисобланиши эътиборга олиниши лозим.

13. ФПКнинг 407-6-моддаси, МСИЮтКнинг 236-моддаси ва ИПКнинг 294-моддасига кўра, Олий суд судьяси кассация шикоятини иш юритишга қабул қилиш масаласини ҳал этиш билан бир вақтда низолашилаётган суд ҳужжатининг ижросини шикоятни берган шахснинг илтимосномасига кўра кассация тартибида иш юритиш тамомлангунига қадар тўхтатиб қўйишга ҳақли. Бу ҳуқуқдан фойдаланилган тақдирда, судья суд ҳужжати ижросини тўхтатиб туриш ҳақида кассация шикоятини иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда кўрсатади. Суд ҳужжатининг ижросини тўхтатиб туриш ҳақида илтимоснома кассация шикоятини иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилганидан кейин тақдим қилинган ҳолда, бундай илтимоснома бўйича алоҳида ажрим чиқарилади.

14. Шуни назарда тутиш лозимки, ижро ишини юритиш қуйидаги ҳолатларда суд ҳужжатига асосан давлат ижрочиси томонидан тугатилади:

- ундирувчи ундирувдан воз кечганда, агар воз кечиш суд томонидан қабул қилинган бўлса;

- ундирувчи ва қарздор ўртасида суд томонидан тасдиқланган келишув битими тузилганда;

- ундирувчи ва қарздор ўртасида медиатив келишув тузилганда;

- жарима тариқасидаги жиноий жазони бошқа жазо турига алмаштириш ёхуд жарима тариқасидаги жиноий жазодан амнистия актига асосан озод қилиш тўғрисида суд томонидан ажрим чиқарилганда;

- ижро ҳужжатини беришга асос бўлган суд ҳужжати ёки бошқа органнинг ҳужжати бекор қилинганда ёхуд қонунга мувофиқ ижро ҳужжати ҳисобланган ҳужжат бекор қилинганда ёки ҳақиқий эмас деб топилганда.

Ижро ишини юритиш қуйидаги ҳолларда суд томонидан тугатилади:

- ундирувчи ёки қарздор вафот этганда, у вафот этган деб эълон қилинганда, бедарак йўқолган деб топилганда, агар суд ҳужжати ёхуд бошқа орган ҳужжатида белгиланган талаблар ёки мажбуриятлар ҳуқуқий ворисга ёки бедарак йўқолган шахс мол-мулкининг ишончли бошқарувчисига ўтиши мумкин бўлмаса;

- муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёки бундай ҳаракатларни амалга оширишдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи ижро ҳужжатини ижро этиш имконияти йўқолган бўлса.

17. Қонуннинг 88-моддасига кўра, давлат ижрочисининг хатти- ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиниши мумкин. Давлат ижрочисининг қонуний кучга кирган суд ҳужжатининг ижроси бўйича чора кўрмаганлиги ёки бошқа ғайриқонуний ҳаракатларни содир этганлиги судга бериладиган шикоятнинг объекти бўлиши мумкин.

Давлат ижрочисининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш МСИЮтКда назарда тутилган талабларга риоя қилинган ҳолда ариза (шикоят) бериш йўли билан амалга оширилади. Ушбу аризалар (шикоятлар) МСИЮтКда белгиланган тартибда, ушбу Кодекснинг 23-бобида назарда тутилган хусусиятлар инобатга олинган ҳолда маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилади.

18. Судларнинг эътибори ФПКнинг 166-моддаси ва ИПКнинг 131-моддаси талабларига мувофиқ, тарафлар процесснинг исталган босқичида, шунингдек ижро босқичида келишув битими тузиш орқали ишни якунлашга ҳақли эканлигига қаратилсин.

Ижро босқичида суд ҳужжати бўйича тузилган келишув битими ижро ҳужжатини берган ёки ижро амалга оширилаётган жойдаги тегишли суд томонидан, бошқа органлар ҳужжатлари бўйича эса давлат ижрочиси жойлашган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан тасдиқланади.

19. Иқтисодий суднинг қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги қарори қарздор ва унинг мулки жойлашган жойдаги давлат ижрочисига юборилиши лозим.

Давлат ижрочиси иқтисодий суднинг қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги қарорини олган пайтдан бошлаб ижро иши юритишни тугатади. Мулк ҳуқуқини тан олиш, маънавий зиённи компенсация қилиш, мулкни ўзганинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олиш, асоссиз равишда орттирилган бойликни ундириш, битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ва уларнинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш ҳақидаги ижро иши юритувлари бундан мустасно.

Ижро иши юритишни тугатиш билан бир вақтда давлат ижрочиси ижро иши юритиш давомида ўзи томонидан қарздорнинг мол-мулкига қўйилган тақиқлар ва ижро билан боғлиқ бўлган бошқа чекловларни бекор қилади.

Тугатишга доир иш юритиш жараёнида қарздорнинг барча мажбуриятлари амалга оширилишига йўл қўйилганлиги боис, иш юритиш тугатилган ижро ҳужжатлари, ижро иши юритишни тугатиш ҳақидаги давлат ижрочисининг қарори нусхаси билан биргаликда, уч иш куни ичида тугатувчига юборилади. Қонуннинг 62-моддаси учинчи қисмига мувофиқ, давлат ижрочиси ижро ҳужжатини юборилганлиги ҳақида ундирувчига маълум қилади.

20. Юридик шахснинг қарзлари бўйича, шу жумладан унинг мол-мулки ижро ҳужжатидаги талабларни ижро этиш учун етарли бўлмаганда, ундирув суд ҳужжати асосида, қонунда белгиланган шартларда ва тартибда, ушбу юридик шахс мулкдорлари, муассислари ва аъзолари (иштирокчилари)нинг пул маблағларига ҳамда бошқа мол-мулкига қаратилиши мумкин:

Бунда, қарздор бошқа шахслар билан умумий мулк ҳуқуқи асосида тегишли мол-мулкка эга бўлса, ундирув унинг қонунга мувофиқ аниқланадиган улушига қаратилади.


21. Ўзбекистон Республикаси ФК 284-моддасига мувофиқ, гаровга қўйилган мол-мулкка мулк ҳуқуқи ёки уни хўжалик асосида юритиш ҳуқуқи бу мол-мулкни ҳақ олиб ёки хақ олмасдан бошқа шахсга бериш натижасида ёхуд универсал ҳуқуқий ворислик тартибида гаровга қўювчидан бошқа шахсга ўтган тақдирда гаров хуқуқи ўз кучида қолади, бундан муомаладаги товарларнинг гарови ҳамда гаровга қўйилган мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи ёки хўжалик асосида юритиш ҳуқуқи гаровни сақламаган ҳолда бошқа шахсга ўтишига гаровга олувчи розилик билдирган ҳоллар мустасно.

Шу муносабат билан давлат ижрочиси суд томонидан ундирув қаратилган гаровдаги мулк бошқа шахсга сотилганлигини асос қилиб, ижро иши юритувини тугатишга ҳақли эмас.

22. Қонуннинг 81-моддасига мувофиқ ижро ҳужжати топширилган банк ёки бошқа кредит ташкилоти пул маблағларини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатини ижро этмаганлиги учун уларга иқтисодий суд томонидан ундирилиши лозим бўлган сумманинг эллик фоизигача миқдорда жарима солинади.

Банк ёки бошқа кредит ташкилотларига нисбатан жарима қўллаш ҳақида иқтисодий судга берилган ариза суд томонидан ИПКда белгиланган умумий қоидалар бўйича, ушбу Кодекснинг 27-бобида белгиланган хусусиятлар инобатга олинган ҳолда кўрилиши лозим. Бундай ариза давлат ижрочиси томонидан ҳам, ундирувчи (тадбиркорлик субъекти) томонидан ҳам берилиши мумкин.

23. Агар қарздор - жисмоний шахс томонидан суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжатидаги талаблар ижро этилмаса, давлат ижрочиси ундирувчининг аризаси ёки ўз ташаббуси билан қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетишини чеклаш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли.

Агар ижро ҳужжати суд ҳужжати асосида берилмаган бўлса, чиқиб кетишни чеклаш ундирувчи ёки давлат ижрочисининг аризасига асосан фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан амалга оширилади.

24. Судларга суд хужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишга доир қонунларни қўллаш бўйича суд амалиётини вақти - вақти билан умумлаштириш, уларнинг ижросига тўсқинлик этувчи ҳолатларни аниқлаш, шунингдек йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолларини бартараф этиш юзасидан чоралар кўриш вазифаси топширилсин.

Ўзбекистон Республикаси

Олий судининг раиси

Б.М. Мустафаев

Ўзбекистон Республикаси

Олий хўжалик судининг раиси

Д.А. Мирзакаримов

Пленум котиби,

Олий суд судьяси

Ю.Э. Турсунбаев

Пленум котиби,

Олий хўжалик судининг судьяси

С.Р. Нуманова

“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2009 й., 7-сон

Время: 0.0076
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск