язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 18.04.2008 й. 180-сон "Иқтисодий судлар томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида"ги қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

18.04.2008 й.

N 180


ИҚТИСОДИЙ СУДЛАР ТОМОНИДАН

ДАВЛАТ БОЖИ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУН

ҲУЖЖАТЛАРИНИ ҚЎЛЛАШНИНГ

АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ ҲАҚИДА


Суд амалиётида айрим муаммолар вужудга келаётганлиги муносабати билан ва иқтисодий судлар томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бир хидда қўлланилишини таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 47-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Иқтисодий судларнинг эътибори давлат божи юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва (ёки) мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун олинадиган мажбурий тўлов эканлигига қаратилсин.

Давлат божи Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси (бундан буён матнда СК деб юритилади), Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда ИПК деб юритилади) ва давлат божи тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатларига асосан ундирилади.

2. СК 328-моддасининг 2-бандига мувофиқ иқтисодий судлар томонидан давлат божи қуйидагилардан ундирилади: даъво аризаларидан; ташкилотларни ва фуқароларни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризалардан; низо предмети юзасидан мустақил талабларни билдирган учинчи шахс сифатида ишга киришиш тўғрисидаги аризалардан; юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги аризалардан; иқтисодий суднинг қарорлари, иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрими устидан берилган, даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги, суд жарималарини солиш тўғрисидаги ажримлари устидан берилган апелляция ва кассация шикоятларидан; ҳакамлик судининг қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги, ҳакамлик судининг қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризалардан; иқтисодий суднинг ҳакамлик суди қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги, шунингдек ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини бериш тўғрисидаги ва ижро варақасини беришни рад этиш тўғрисидаги ишлар бўйича ажримлари устидан апелляция ва кассация шикоятларидан.

ИПК 311-моддасининг бешинчи қисмига кўра, назорат шикоятига белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ҳамда почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам илова қилиниши керак.

Шунингдек, давлат божи даъво миқдорини кўпайтириш, суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризалардан ва иқтисодий судлар томонидан ҳужжатларнинг нусхаларини берганлик учун ҳам ундирилади.

3. Ўзларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб иқтисодий судларга мурожаат қилаётган юридик ва жисмоний шахслар (фуқаролар, чет эллик фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар) давлат божини тўловчилардир, агар улар уни тўлашдан озод этилган бўлмаса.

4. ИПК 149-моддаси иккинчи қисмининг 3-бандига мувофиқ, агар даъво баҳоланиши лозим бўлса, даъво аризасида даъвонинг баҳоси кўрсатилиши керак. Даъво баҳосининг кўрсатилиши давлат божи тўғри тўланганлигини текшириш учун зарур, чунки белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланмаганда, иқтисодий суд ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 6-бандига мувофиқ даъво аризасини қайтаради, давлат божини тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш учун рухсат бериш тўғрисидаги илтимоснома қаноатлантирилган ҳоллар бундан мустасно.

4.1. Назарда тутиш керакки, пул маблағларини ундириш тўғрисидаги ишлар бўйича даъвонинг баҳоси талаб қилинаётган суммадан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисидаги даъволар бўйича (масалан, мулкка эгалик ҳуқуқи тўғрисида, мулкдаги улушга бўлган ҳуқуқни тан олиш тўғрисида, умумий мулкдан улушни ажратиш тўғрисида) давлат божи ушбу мулк ёки унинг улуши баҳосидан келиб чиққан ҳолда тўланади.

Шартномаларни тузишдан олдин келиб чиққан низолар бўйича, шартномаларни ўзгартириш ва бекор қилиш тўғрисида, шартномани (битимни) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида, шунингдек бинони бўшатиш тўғрисида (кўчириш тўғрисида)ги даъволар баҳоланмайди. Бундай даъволар бўйича давлат божи номулкий хусусиятдаги даъво аризалари учун белгиланган миқдорларда тўланади.

4.2. Мол-мулкни талаб қилиб олиш тўғрисидаги даъволар бўйича даъво баҳоси мол-мулкнинг қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Бироқ ҳисобга олиш керакки, даъво тақдим этилган пайтда талаб қилиб олинаётган мол-мулкнинг баҳоси тўғрисидаги маълумотлар, қоида тариқасида, тахминий характерга эга, чунки даъвогарда мол-мулкнинг ҳақиқий баҳосини аниқлаш мажбурияти йўқ. Суднинг талаб қилинаётган мол-мулк баҳосининг камайтирилиши муносабати билан аризачи томонидан давлат божи кам миқдорда тўланганлиги тўғрисидаги тахмини даъво аризасини қайтариш учун асос бўлмайди. Иқтисодий суд талаб қилинаётган мол-мулкнинг баҳоси камайтирилган деб топган ҳолларда ва ишни кўриш давомида мол-мулкнинг ҳақиқий баҳосини аниқлаганда, давлат божининг етишмаётган қисми ишни кўриш натижалари бўйича ундирилиши керак.

4.3. ИПК 149-моддасининг бешинчи қисмига кўра, даъвогар ўзаро боғлиқ бўлган бир неча талабни битта даъво аризасида бирлаштиришга ҳақли. Бундай ҳолларда даъво баҳоси барча талабларнинг суммасига қараб аниқланади. СК 337-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ бир ёки бир нечта бирлашган даъво талаблари алоҳида иш юритиш учун ажратилган тақдирда, даъво тақдим этилганда тўланган давлат божи қайта ҳисоблаб чиқилмайди ва қайтарилмайди. Алоҳида иш юритишга ажратганлик юзасидан давлат божи иккинчи бор тўланмайди.

Иш ИПКнинг 39-моддасига асосан бошқа иқтисодий судга кўриш учун ўтказилганда, суд томонидан аввал тўланган давлат божи (почта харажатлари) инобатга олиниши керак.

4.4. ИПК 114-моддасининг иккинчи қисмига кўра даъвонинг баҳосига даъво аризасида кўрсатилган неустойка (жарима, пеня) суммалари ҳам киритилади. Судлар шуни назарда тутишлари керакки, агар даъво аризасида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 327-моддасига асосан бошқа шахсларнинг пул маблағларидан фойдаланганлик учун фоизларни ундириш тўғрисидаги талаблар мавжуд бўлса, даъво баҳосига ушбу фоизлар ҳам киритилади.

4.5. Бир неча даъвогарлар томонидан бир неча жавобгарларга нисбатан ИПК 44-моддасининг биринчи қисми тартибида даъво тақдим этилганда, давлат божи даъвонинг умумий суммасидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади ва даъвогарлар томонидан улар қўйган талаблар улушига мутаносиб тарзда тўланади.

4.6. Агар апелляция, кассация ва назорат шикоятлари берилганда суд ҳужжатининг фақат ундириш ёки ундиришни рад этиш қисми шикоят қилинаётган бўлса, давлат божи низолашилаётган суммадан келиб чиқиб ҳисобланади.

Суд ҳужжатининг фақатгина давлат божига оид қисми шикоят қилинган тақдирда, давлат божи тўланмайди. Бунда судларнинг эътибори апелляция, кассация ёки назорат шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича низолашилаётган суд ҳужжатининг давлат божидан ташқари қисми ўзгартирилган ёки бекор қилинганда, давлат божини ундириш масаласи ИПКда назарда тутилган умумий тартибда ҳал қилинишига қаратилсин.

4.7. ИПКнинг 139-моддасига кўра суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза учун судга даъво билан умумий тартибда мурожаат қилганда низолашилаётган сумма асосида ҳисоблаб чиқилган ставканинг эллик фоизи миқдорида давлат божи тўланади.

Судларга тушунтирилсинки, суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза бўйича тўланадиган (ундириладиган) давлат божи миқдори энг кам иш ҳақининг 50 фоизидан кам бўлмаслиги лозим, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилган ҳолда эса тўланадиган давлат божининг миқдори энг кам иш ҳақининг 25 фоизидан кам бўлмаслиги лозим.

5. СК 337-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ суд дастлабки даъвогарни унинг розилиги билан бошқа шахс билан алмаштирганда, бу шахс давлат божини умумий асосларда тўлаши керак. Иқтисодий судлар назарда тутишлари керакки, ушбу ҳолда дастлабки даъвогар томонидан тўланган давлат божи унга қайтарилмайди.

Даъво аризаси даъвогар томонидан давлат божи тўланмасдан тақдим этилганда ва у ҳуқуқий ворис билан алмаштирилганда, давлат божи ҳуқуқий ворисдан ундирилади.

Учинчи шахсларнинг ишга мустақил даъво талаблари билан кириш тўғрисидаги аризалардан давлат божи умумий асосларда ундирилади.


6. СК 336-моддасининг биринчи қисмига кўра давлат божи, агар СКнинг XVII бўлимида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, иқтисодий судга мурожаат қилингунга қадар тўланади. Бунда даъвогар - даъво тақдим қилганда, жавобгар - қарши даъво тақдим қилганда (ИПКнинг 160-моддаси), даъво предмети юзасидан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс - ариза тақдим қилганда давлат божи тўлайди.

7. Қонунда белгиланган ҳолларда ва асосларда иқтисодий суд даъвогарнинг аризасига кўра, унинг мулкий аҳволига қараб, давлат божини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлаш учун рухсат беришга ҳақли. Жумладан, СК 337-моддасининг йигирма олтинчи қисмига кўра, пул маблағлари мавжуд бўлмаган, бу хизмат кўрсатувчи банк томонидан тасдиқланган тақдирда, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахсларга суднинг ажримига кўра, давлат божини кечиктириб тўлашга рухсат берилиши мумкин. Шуни назарда тутиш керакки, иқтисодий суд ушбу шахслар апелляция, кассация ёки назорат шикояти билан мурожаат қилганда ҳам давлат божини тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш учун рухсат беришга ҳақли.

7.1. Давлат божи тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш учун рухсат бериш манфаатдор тарафнинг ёзма илтимосномаси бўйича амалга оширилади. Илтимоснома даъво аризасида (аризада), апелляция, кассация ёки назорат шикоятида ёхуд алоҳида аризада баён этилиши мумкин.

Даъво аризаси (ариза), апелляция, кассация ёки назорат шикояти билан мурожаат қилингунга қадар давлат божи тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисидаги илтимоснома иқтисодий суд томонидан қабул қилинмайди.

Илтимосномада даъво аризаси (ариза), апелляция, кассация ёки назорат шикоятини беришда манфаатдор тарафнинг мулкий аҳволи давлат божини белгиланган тартибда тўлаш имкониятини бермаслигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган ҳолда давлат божи тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш асослари келтирилиши лозим.

7.2. Давлат божи тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисидаги илтимоснома фақат объектив асослар бўлганда ва тақдим этилган ҳужжатлар давлат божи тўлаш учун зарур бўлган миқдордаги пул маблағлари банк ҳисоб рақамларида мавжуд эмаслигини тасдиқлаган ҳолларда қаноатлантирилиши мумкин. Бундай ҳужжатлар бўлмаганида илтимосномани қаноатлантириш рад қилинади.


7.3. Илтимосномани қаноатлантириш ҳақида даъво аризаси (ариза), апелляция, кассация ёки назорат шикоятини қабул қилиш тўғрисидаги ажримда, илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш ҳақида даъво аризаси (ариза), апелляция, кассация ёки назорат шикоятини қайтариш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади. Ажримда илтимосномани қаноатлантириш ёхуд уни қаноатлантиришни рад этиш асослари кўрсатилиши керак.

Илтимосномани қаноатлантириш рад этилиши муносабати билан даъво аризаси (ариза), апелляция ёки кассация шикоятини қайтариш тўғрисидаги ажрим устидан умумий асосларда шикоят қилиниши мумкин. Бундай шикоятлар учун давлат божи тўланмайди.

7.4. Агар суд мажлиси қунига қадар давлат божи тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш учун рухсат берилган бўлиб, тараф ушбу муддатда унинг тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса, иқтисодий суд томонидан давлат божини тегишли тарафдан ундириш масаласи ҳал қилув қарори, ажрим, қарор қабул қилинганда ҳал этилади. Агар иқтисодий суд даъво талабларини (шикоятни) қаноатлантирса, давлат божи иккинчи тарафдан бевосита бюджет даромадига ундирилади. Даъво талабларини (шикоятни) қаноатлантириш рад этилганда давлат божи уни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш учун рухсат берилган шахсдан бюджетга ундирилади.

7.5. СК 337-моддасининг йигирма еттинчи қисмига кўра акциядорлар акциядорлик жамиятининг фаолиятидан келиб чиқадиган низолар бўйича ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги даъво билан иқтисодий судга мурожаат қилган тақдирда, акциядорларга давлат божини тўлаш муддати кечиктирилиб, бу бож кейинчалик айбдор тарафдан ундириб олинади.

Шу муносабат билан судлар инобатга олишлари лозимки, акциядорлар акциядорлик жамияти фаолиятидан келиб чиқадиган низолар бўйича ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги даъво билан иқтисодий судга мурожаат қилган тақдирда, уларга давлат божини тўлаш муддати кечиктирилиб, бу бож кейинчалик айбдор тарафдан ундирилади. Бунда, илтимосномага акциядор томонидан унинг мулкий аҳволи давлат божини ўрнатилган тартибда тўлаш учун имконият бермаслигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг илова қилиниши талаб этилмайди.

8. СК 336-моддасининг биринчи қисмига кўра давлат божи нақд пулли ёки нақд пулсиз шаклда тўланади.

Давлат божи нақд пулсиз шаклда тўланганлиги хизмат кўрсатувчи банкнинг белгиси бўлган тўлов топшириқномалари ҳамда пул қабул қилинганлиги ва давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанциялар (асли) даъво аризалари (аризалар), апелляция, кассация ва назорат шикоятларига илова қилинади ҳамда иш ҳужжатларига қўшиб қўйилади.

Шуни ҳисобга олиш керакки, мулкий низо бўйича иқтисодий судга даъво аризаси берилганда, агар даъво қиймати, шартнома суммаси чет эл валютасида белгиланган бўлса, давлат божи, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда чет эл валютасида ундирилиши мумкин.

9. СКнинг 327-моддасига мувофиқ юридик аҳамиятга молик ҳаракатлар амалга оширилиши ва (ёки) ҳужжатлар берилиши хусусида ваколатли муассасалар ва (ёки) мансабдор шахсларга мурожаат қилаётган юридик ва жисмоний шахслар давлат божини тўловчилардир. Шундан келиб чиқиб, судлар шуни назарда тутишлари лозимки, давлат божи ишда иштирок этмаётган шахс томонидан тўланиши мумкин эмас. Агар давлат божи даъвогар (аризачи), апелляция, кассация ёки назорат шикояти берувчи шахс ўрнига бошқа шахс томонидан тўланган бўлса (корхона учун унинг раҳбари ёки таъсисчиси томонидан давлат божи тўланган ҳоллар бундан мустасно), давлат божи ҳақиқатда тўланмаганлигидан келиб чиққан ҳолда, даъво аризаси (ариза), апелляция, кассация ёки назорат шикояти тегишинча ИПК 155-моддаси биринчи қисмининг 6-банди, 269-моддаси биринчи қисмининг 3-банди, 292-моддаси биринчи қисмининг 4-банди ва 313-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан қайтарилиши лозим.

10. Мулкий хусусиятдаги даъво аризалари (аризалар) билан мурожаат қилинганда давлат божи миқдори ундириладиган суммадан келиб чиқиб аниқланади. Номулкий хусусиятдаги даъво аризаларидан (аризалардан), банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризалардан, шартномани тузиш, ўзгартириш ёки бекор қилишдан келиб чиқадиган низо бўйича давлат божи энг кам ойлик иш ҳақининг миқдоридан келиб чиққан ҳолда тўланади.

Бир вақтнинг ўзида мулкий ва номулкий хусусиятга эга бўлган даъво аризалари (аризалар) учун мулкий хусусиятдаги даъво аризалари учун белгиланган ставкалар бўйича ва номулкий хусусиятдаги даъво аризалари учун белгиланган ставкаларга кўра ҳар бир талаб бўйича алоҳида-алоҳида давлат божи тўланади.


11. Номулкий хусусиятдаги даъво аризаларидан (аризалардан), банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза, шартномани тузиш, ўзгартириш ёки бекор қилишдан келиб чиқадиган низо бўйича давлат божи уни бериш кунида амалда бўлган энг кам ойлик иш ҳақининг миқдоридан келиб чиққан ҳолда тўланади.

Ушбу тоифадаги ишлар бўйича апелляция, кассация ёки назорат шикоятлари билан мурожаат қилинганда давлат божи даъво аризаси (ариза) берилган кунда амалда бўлган энг кам ойлик иш ҳақининг миқдоридан келиб чиққан ҳолда тўланади.

Иқтисодий суд томонидан суд ҳужжатларининг дубликатларини ва ишдан бошқа ҳужатларнинг нусхаларини бериш учун давлат божи уни тўлаш кунида амалда бўлган энг кам ойлик иш ҳақининг миқдоридан келиб чиққан ҳолда тўланади.

12. Давлат божининг ставкалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


12.1. Даъво аризалари сўмларда берилганда давлат божининг тўлови Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги "Давлат божи ставкалари ҳақида"ги 533-сонли қарори билан тасдиқланган давлат божи ставкаларига мувофиқ амалга оширилади.


12.2. Чет эл ташкилотлари, халқаро ташкилотлар ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган чет эллик фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар даъво аризаларини (аризалар), апелляция, кассация ва назорат шикоятларини берганда, агар халқаро шартномаларда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, давлат божини умумий асосларда тўлайди.

Ўзбекистон Республикаси иштирокчиси бўлган 1993 йил 24 декабрда Ашхобод шаҳрида "Турли давлатларнинг хўжалик юритувчи субъектлари ўртасидаги хўжалик низоларини ҳал этишда давлат божлари миқдори ва уни ундириб олиш тартиби тўғрисида"ги Битимни имзолаган МДҲ давлатлар-иштирокчиларининг бирининг ҳудудида жойлашган хўжалик юритувчи субъект бошқа давлатнинг судига даъво билан мурожаат қилганида, давлат божи ушбу Битимда белгиланган тартибда ва ставкаларда ҳисоблаб чиқилади ҳамда тўланади.


12.3. Иқтисодий судларга давлат божини тўлашдан озод қилиш ёки унинг миқдорини камайтириш ҳуқуқи берилмаган. Давлат божини ундириш масалаларини ҳал қилишда иқтисодий судлар СК ва давлат божи тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатларига амал қилишлари зарур.

13. Давлат божини қайтариш асослари ва тартиби СКнинг 342-моддасида ва ИПКнинг 115-моддасида назарда тутилган бўлиб, уларга кўра давлат божи қуйидаги ҳолларда тўлиқ ёки қисман қайтарилиши керак: қонун ҳужжатларида талаб қилинганидан ортиқча миқдорда давлат божи тўланганида; аризани (шикоятни) қабул қилиш рад этилганда; ариза (шикоят) даъвогарга қайтарилганда; агар иш судга тааллуқли бўлмаса, ишни юритиш тугатилганда; ишда қатнашган шахс вафот этганида, агар низоли ҳуқуқий муносабат ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса; даъвогар низони судга қадар ҳал этиш (претензия билдириш) тартибига риоя этмаганида, агар бу ҳол қонунда ушбу тоифадаги низолар учун ёки тарафларнинг шартномасида назарда тутилган ҳамда бундай ҳал этиш имконияти бой берилган бўлса; агар ишда қатнашаётган юридик шахс тугатилган бўлса; суд буйруғи чиқариш тўғрисидаги аризани қабул қилиш рад этилганда.

14. Шуни инобатга олиш керакки, умумий қоида бўйича ишни кўриш иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрим чиқариш билан якунланганида давлат божи қайтарилмайди, тўланмаган давлат божи эса даъвогардан ундирилади, агар у давлат божи тўлашдан озод қилинмаган бўлса. Шу билан бирга, СК 342-моддаси биринчи қисмининг 4, 6, 7 ва 9-бандларига мувофиқ давлат божи қуйидаги ҳолларда қайтарилиши керак:

иш судга тааллуқли бўлмаганлиги муносабати билан иш юритиш тугатилганда;

ишда қатнашган шахс вафот этганида, агар низоли ҳуқуқий муносабат ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса;

даъвогар низони судга қадар ҳал этиш (претензия билдириш) тартибига риоя этмаганида, агар бу ҳол қонунда ушбу тоифадаги низолар учун ёки тарафларнинг шартномасида назарда тутилган ҳамда бундай ҳал этиш имконияти бой берилганда;

ишда иштирок этувчи шахс бўлмиш ташкилот тугатилган ҳолларда.

15. Иқтисодий судлар шуни назарда тутишлари керакки, ишни кўриш даъвони (аризани) кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажримни чиқариш билан якунланганида давлат божи қайтарилмайди, тўланмаган давлат божи эса даъвогардан ундирилади, агар у давлат божи тўлашдан озод қилинмаган бўлса.

Дастлабки даъво (ариза) кўрмасдан қолдирилгандан кейин даъво аризаси (ариза) билан иқтисодий судга қайтадан мурожаат қилинганда давлат божи умумий асосларда янгидан тўланади.

16. Апелляция, кассация ёки назорат шикоятлари қайтарилганда ҳамда уларни қабул қилиш рад этилганда тўланган давлат божи қайтарилади. Апелляция, кассация ёки назорат шикоятидан воз кечилган ва шикоятдан воз кечиш суд томонидан қабул қилинган ҳолда, тегишли суд инстанцияси шикоят бўйича иш юритишни тугатади ва тўланган давлат божи қайтарилмайди, тўланмаган давлат божи эса шикоят берган шахсдан ундирилади.

17. Даъво баҳоси камайтирилганда тўланган давлат божи қайтарилмайди.

Неустойка миқдори иқтисодий суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 326-моддасига асосан камайтирилганда, даъвогарнинг давлат божи бўйича харажатлари, неустойкани камайтирмасдан ундирилиши лозим бўлган суммадан келиб чиққан ҳолда жавобгар томонидан қопланади, агар даъвогар давлат божини тўлашдан озод этилган бўлса, давлат божи жавобгардан (агар у давлат божини тўлашдан озод этилмаган бўлса) давлат даромадига ундирилади.

18. СК 337-моддасининг тўққизинчи қисмига кўра, даъво суммаси кўпайтирилган тақдирда, давлат божининг етишмаётган суммаси даъвонинг кўпайтирилган суммасига мувофиқ ундирилади. Шу боис, даъво суммасини кўпайтириш тўғрисидаги аризага белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади. Ушбу қоида давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат органи ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан манфаатида тақдим этилган даъвогар томонидан даъво талабининг миқдори кўпайтирилганда ҳам қўлланилади.

19. Суднинг ҳал қилув қарори, ажрими ва қарорида давлат божини тўлиқ ёки қисман қайтариш учун асос бўлган ҳолатлар кўрсатилади.


20. ИПК 115-моддасининг учинчи қисмига кўра, давлат божи тўланган, лекин иқтисодий судга келиб тушмаган ёки у қайтарган ёхуд қабул қилиш рад этилган аризалар, апелляция, кассация ёки назорат шикоятлари бўйича ҳамда божини тўлиқ ёки қисман қайтаришни назарда тутувчи суд ҳужжатлари бўйича уни қайтариш суд томонидан берилган маълумотнома асосида амалга оширилади.

21. ИПК 118-моддасининг биринчи қисмига кўра давлат божи ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда юкланади.

21.1. Агар ҳал қилув қарори даъвогар фойдасига қабул қилинган бўлса, у ҳолда тўланган давлат божи унга жавобгардан ундирилади. Агар ҳал қилув қарори жавобгар фойдасига қабул қилинган бўлса, у ҳолда тўланган давлат божи даъвогарга қайтарилмайди.

Даъво қисман қаноатлантирилганда давлат божи бўйича суд харажатлари иқтисодий суд томонидан даъвогарга қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда ҳамда жавобгарга - даъвогарга даъво талаблари рад этилган қисмига мутаносиб равишда ундирилади.

21.2. Давлат божини тўлашдан озод этилган битта ёки бир нечта даъвогарларнинг бир нечта жавобгарларга тақдим этилган даъво (тўлиқ ёки қисман) қаноатлантирилганда, иқтисодий суднинг ҳал қилув қарори бўйича ундирилган суммадан келиб чиққан ҳолда давлат божини ундириш ҳар бир жавобгардан алоҳида амалга оширилади. Агар бундай даъво бир нечта даъвогарлар томонидан битта жавобгарга тақдим этилган бўлса, давлат божи умумий ундирилган суммага қараб жавобгардан ундирилади.

21.3. ИПК 118-моддасининг тўртинчи қисмида, агар иш ишда иштирок этувчи шахс томонидан шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибини бузиш (талабномани жавобсиз қолдириш, талаб қилинган ҳужжатларни жўнатмаслик) оқибатида келиб чиққан бўлса, иқтисодий суд ишнинг натижасидан қатъи назар, давлат божи бўйича суд харажатларини шу шахсга юклашга ҳақлилиги назарда тутилган.

21.4. Иқтисодий судга мурожаат этилгандан кейин жавобгар томонидан даъвогарнинг талаби ихтиёрий қаноатлантирилганда, давлат божи жавобгарга юкланади.

22. ИПК 179-моддасининг саккизинчи қисмига мувофиқ ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида давлат божи бўйича суд харажатларининг қандай тақсимланиши ҳақида кўрсатилади. Ушбу қоида ишни кўриш иш юритишни тугатиш ва даъвони кўрмасдан қоддириш тўғрисидаги ажримни чиқариш билан якунланган ҳолларга ҳам татбиқ этилади.

Ишни апелляция, кассация инстанциялари судларида ёки назорат тартибида кўришда суд ҳужжатлари ўзгартирилган ёки бекор қилинган ҳолда, иқтисодий суд қарорда ишда иштирок этувчи шахслар томонидан олдиндан тўланган давлат божи бўйича харажатларни ҳисобга олиб қайта тақсимлаш масаласини кўриб чиқиши лозим.

Суд ҳужжати бекор қилинган ва иш янгидан кўриш учун суд ҳужжати бекор қилинган иқтисодий суд инстанциясига юборилганда, давлат божи бўйича суд харажатларини тақсимлаш масаласи ишни янгидан кўраётган иқтисодий суд томонидан тўланган давлат божи ва даъво талабларининг қаноатлантирилган миқдори ҳисобга олинган ҳолда ҳал этилади.

23. Даъвогар давлат божини тўлашдан белгиланган тартибда озод этилган бўлиб, жавобгар давлат божи тўлашдан озод этилмаган бўлса, давлат божи жавобгардан бюджет фойдасига қаноатлантирилган даъво талаблари миқдорига мутаносиб равишда ундирилади. Агар иккала тараф озод этилган бўлса, унда давлат божи ундирилмайди.


24. Агар ишда иштирок этувчи шахслар келишув битими тузган бўлиб, унда қонун ҳужжатларига хилоф бўлмаган ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмайдиган давлат божи бўйича суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шарт мавжуд бўлса, иқтисодий суд давлат божини ушбу келишувга мувофиқ тақсимлайди.

Агар келишув битимида давлат божи бўйича суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шарт бўлмаса, иқтисодий суд ушбу масалани ИПКда белгиланган умумий тартибда келишув битимини тасдиқлаш пайтида ҳал қилади.

Судлар шуни инобатга олиши лозимки, келишув битимини тасдиқлашда давлат божи даъво аризасида кўрсатилган талаблардан келиб чиқиб ҳисобланади.

25. Даъво аризаси (ариза) берилганда иқтисодий судларда давлат божини тўлашдан давлат органлари, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек СКнинг 330-моддасида назарда тутилган бошқа ташкилотлар озод қилинадилар.

Шуни назарда тутиш керакки, давлат божи тўлашдан озод этилган давлат органлари иқтисодий судларга суд ҳужжатлари устидан апелляция, кассация ва назорат шикоятлари билан мурожаат қилганда ҳам улар давлат божи тўлашдан озод қилинадилар. Ушбу қоида улар суд процессида жавобгарлар сифатида иштирок этган ҳолларга ҳам татбиқ этилади.

26. Давлат божини тўлашдан озод қилиш асослари СКнинг 330-моддаси ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланган. Бунда шуни назарда тутиш керакки, давлат божини тўлашдан озод қилиш деганда тўлиқ озод қилиш ёхуд иқтисодий судга даъво аризаси (ариза) берганда давлат божини тўлашдан озод қилиш тушунилади.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари тадбиркорлик фаолияти доирасида судга мурожаат қилишда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сонли қарори билан тасдиқланган Давлат божи ставкалари 2-бандининг "а" - "г" ва "е" кичик бандларида белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўлайди. Бунда кичик бизнес субъектларининг мақоми даъво аризасига илова қилинадиган иқтисодий судга мурожаат қилинган санадан кўпи билан ўттиз кун олдинги сана қайд этилган статистика органининг ёки давлат солиқ хизмати органининг маълумотномаси билан тасдиқланиши лозим, якка тартибдаги тадбиркорлар бундан мустасно.

Агар иқтисодий судга мурожаат қилишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти томонидан белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўланган бўлиб, даъво талаблари қаноатлантирилганда ишни кўриш натижаси бўйича жавобгардан ундириладиган давлат божининг миқдори даъвогар томонидан тўлаб чиқилган сумма билан чегараланади. Даъво рад этилган тақдирда, давлат божи даъвогардан қўшимча равишда ундирилмайди.

Агар иқтисодий суд мурожаат қилишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектига давлат божи тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилган бўлса, давлат божи ишни кўриш натижаси бўйича тегишли тарафдан белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида ИПК 118-моддасининг биринчи қисмида белгиланган тартибда ундирилади.

Ушбу ишлар бўйича апелляция, кассация ва назорат шикоятлари учун биринчи инстанция судига тўланган (ундирилган) давлат божининг 50 фоизи миқдорида бож тўланади.

26.4. Судларнинг эътибори СК 330-моддасининг 31-бандига кўра ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар бўйича аризачи ва жавобгар давлат божини тўлашдан озод қилинганлигига қаратилсин. Суд ҳужжатлари устидан апелляция, кассация ва назорат шикоятлари билан мурожаат қилинганда ҳам уларга нисбатан ушбу имтиёз татбиқ этилади.

26.6. СК 330-моддасининг 32-бандига кўра, хорижий инвестициялар иштирокидаги акциядорлик жамиятлари уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги даъволар бўйича иқтисодий судларда давлат божидан озод қилинади.

Судларга тушунтирилсинки, бундай даъвони қаноатлантириш рад этилганда хорижий инвестициялар иштирокидаги акциядорлик жамиятидан давлат божи ундирилмайди, даъво қаноатлантирилганда эса СК 337-моддасининг ўнинчи қисмига мувофиқ давлат божи жавобгардан (агар у давлат божини тўлашдан озод этилмаган бўлса) давлат даромадига ундирилади.

27. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 13-моддасининг биринчи қисмига ва СК 330-моддасининг 6-бандига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари давлат божи тўламасдан судга Палата аъзолари манфаатларини кўзлаб даъво тақдим этиш, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят бериш ҳуқуқига эга, бунда ушбу ҳуқуқ улар томонидан ташкил этилган корхона ва ташкилотларга ўтказилиши мумкин эмас.

28. СК 330-моддасининг 21-бандига кўра иқтисодий судларда даъвогарлар ва жавобгарлар сифатида қатнашаётган давлат солиқ хизмати органлари, молия ҳамда божхона органлари давлат божини тўлашдан озод қилинган. Аммо, шуни назарда тутиш керакки, давлат божини тўлашдан озод қилинган жавобгарга берилган даъво талаблари қаноатлантирилганда, даъвогарга давлат божи бўйича қилинган харажатлари қопланади. Шу муносабат билан иқтисодий суд жавобгар - давлат божини тўлашдан озод қилинган давлат органидан давлат божини тўлаш билан боғлиқ харажатларни даъвогар фойдасига ундириш бўйича чораларни кўради.

29. Давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат органлари ҳамда бошқа шахслар томонидан юридик шахслар ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб тақдим этилган даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган ёки улар қисман қаноатлантирилган тақдирда, агар ушбу шахс давлат божи тўловидан озод этилмаган бўлса, давлат божи манфаатлари кўзланиб даъво тақдим этилган шахслардан даъво талабларининг қаноатлантириш рад этилган қисмига мутаносиб равишда ундирилади.

Давлат божини тўлашдан озод қилинган давлат органи ва бошқа орган томонидан берилган даъвони қаноатлантириш рад этилганда давлат божи ундирилмайди. Даъво аризасини (ариза) беришда тегишли қонун ҳужжати билан давлат божини тўлашдан озод қилинган давлат органи ва бошқа орган томонидан берилган даъвони қаноатлантириш рад этилганда эса давлат божи даъвогардан ундирилади.

Давлат божидан озод қилинган даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантириш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори жавобгарнинг (белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганда) апелляция, кассация ёки назорат шикояти бўйича бекор қилиниб, даъво асоссизлиги сабабли рад этилган тақдирда, жавобгар томонидан тўланган суд харажатлари даъвогардан жавобгар фойдасига ундирилади.


Олий хўжалик суди раиси                                                        А. Ишметов


Олий хўжалик суди

Пленуми котиби, судья                                                            С. Нуманова