язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 05.01.1994 й. 22-сон "Мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш ва темир йўл орқали ташиш чоғидаги камомади ва бузилиб қолиши билан боғлиқ низоларни хал қилиш амалиёти тўғрисида"ги қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

05.01.1994 й.

N 22


МЕВА-САБЗАВОТ МАҲСУЛОТЛАРИНИ

ЕТКАЗИБ БЕРИШ ВА ТЕМИРЙЎЛ ОРҚАЛИ

ТАШИШ ЧОҒИДАГИ КАМОМАДИ ВА БУЗИЛИБ

ҚОЛИШИ БИЛАН БОҒЛИҚ НИЗОЛАРНИ ҲАЛ

ҚИЛИШ АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг Пленуми суд амалиётининг бир тахлитда бўлишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси "Судлар тўғрисида"ги Қонунининг 47-моддасига асосланиб,

ҚАРОР ҚИЛАДИ:


Суд шарҳи тартибида тушунтириш берилсинки:


1. Картошка ва мева-сабзавот маҳсулотини (матнда бундан буён маҳсулот) етказиб бериш ва темирйўл орқали ташиш чоғидаги камомади ва бузилиб қолиши билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда хўжалик судлари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида"ги, "Темир йўл транспорти тўғрисида"ги Ўзбекиcтон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси темир йўл Устави, Юкларни ташиш Қоидаларининг нормаларига Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зид келмайдиган қисмида, тегишли стандартлар ва техник шартларга амал қилишлари керак бўлади.

Хўжалик судлари маҳсулотнинг камомади ва бузилиб қолишидаги айбдорни аниқлаш мақсадида юкни жўнатувчи, ташувчи ва юкни олувчи томонидан юклаб жўнатиш, ташиш ва бериш, маҳсулотни миқдори ҳамда сифати бўйича қабул қилиб олиш юзасидан белгиланган қоидаларга қай даражада риоя этилганлигини текширишлари лозим. Ишнинг жиҳатларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холис ўрганиб чиқишлари, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексига мувофиқ тарафлар томонидан тақдим этилган далилларни баҳолашлари ҳамда ишнинг барча жиҳатлари ва материалларини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилув қарорлари чиқаришлари зарур.


2. Ўзбекистон Республикаси темир йўл Устави ва Юкларни ташиш қоидаларига мувофиқ темирйўл тез бузиладиган юкларни, шу жумладан картошка ва мева-сабзавот маҳсулотини белгиланган муддатларда, тегишли ҳолларда эса изотермик вагонларни муз билан таъминлашнинг белгиланган тартибига ёхуд машиналашган тарзда совутиладиган ёки электрда иситиладиган вагонларни ишлатиш тартиботига (ҳарорат режимига) риоя этган ҳолда етказиб бериши шарт.

Шу боисдан маҳсулот камомади ва бузилиб қолиши билан боғлиқ низоларни ҳал этишда хўжалик судлари темирйўл етказиб бериш муддатлари ва ҳарорат режимига қай даражада риоя этганлигини текширишлари, етказиб бериш муддатини кечиктирганликда ёки ҳарорат режимини бузганликда темирйўлнинг айби аниқланганда эса, бу маҳсулот камомади ва бузилиб қолиши содир бўлишига қай даражада тасир қилиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилув қарори чиқаришлари лозим бўлади.

Башарти, темирйўл етказиб бериш муддатларини ёки ҳарорат режимини бузган бўлса-ю, олувчи юкни унинг вазни ва ҳолатини текширган ҳолда беришни, тегишли ҳолларда эса тижорат далолатномаси тузишни талаб қилмаган такдирда маҳсулотнинг камомади ёки бузилиб қолиши туфайли келтирилган зарар, жавобгарлик темирйўл зиммасига юклатилиши мумкин бўлган қисмида етказиб берувчи (жўнатувчи)га юклатилиши мумкин эмас.

Башарти маҳсулотнинг камомади ёки бузилиб қолишида темирйўл ҳам, юкни жўнатувчи ҳам айбдорлиги исботланса, низо бўйича ҳал қилув қарорини улардан ҳар бирининг айби даражасини ҳисобга олган ҳолда чиқариш керак бўлади.


3. Бир қатор стандартлар ва техник шартларда назарда тутилганки, маҳсулот сифатини аниқлаш учун вагондан маҳсулотни тушириб олиш жараёнида намуналар (пробалар) танлаб олиниши лозим. Бу ҳолда намуналар (пробалар)ни танлаб олишнинг бошланиши ва охири, қоида тариқасида, маҳсулотни вагондан тушириб олишнинг бошланиши ҳамда охирига тўғри келиши лозим. Башарти, намуналар (пробалар) танлаб олиш маҳсулот тушириб бўлинишидан олдин тугалланган бўлса, маҳсулотнинг вагонда қолган қисмидан намуналар (пробалар) танлаб олиш тартиби далолатномада баён қилиниши керак.

Агар олувчи маҳсулот сифатини текширишнинг белгиланган муддатларини бузган бўлса, хўжалик судлари бундай бузишлар маҳсулот сифатига қай даражада таъсир этишини текширишлари ва уни ҳисобга олган ҳолда ҳал қилув қарорлари чиқаришлари керак бўлади.

Маҳсулот сифатини текшириш муддатлари вагон юкини тушириб олиш учун келтириб қўйилган вақтдан эътиборан ҳисоблана бошланиши сабабли, сотиб олувчи (олувчи) вагонларни юкини тушириб олишга келтириб қўйилган вақтни тасдиқловчи далилларни (вагонларни келтириб қўйиш ва йиғиштириб олиш қайдномалари, қабул қилиб олувчи-топширувчиларнинг қўлланмалари кабиларни) тақдим этиши лозим.


4. Хўжалик судлари низоларни ҳал этишда маҳсулотнинг стандартлар ёки техник шартлар билан белгиланган сифатини танлаб текшириш учун уни танлаб олиш тартибига риоя этилгани ёки этилмаганини текширишлари лозим. Танлаб олишнинг белгиланган тартиби бузилган тақдирда (масалан, назарда тутилганидан оз ўлчамдаги намуна (проба) танлаб олинганда) танлаб текшириш натижалари олинган бутун туркумга татбиқ этиш мумкин эмас. Бундай ҳолда текшириш натижалари ўртача намуна (проба)ни ҳосил қилиш учун фақат бевосита олинган жойларга, мева-сабзавот маҳсулотини идишсиз тўкилган ҳолда ташишда эса маҳсулотнинг намуна (проба) танлаб олинган миқдорига нисбатангина татбиқ этилади.

Агар туркумнинг бир қисми олувчига шикастланган идишда келган бўлса ва идишнинг шикастланиш хусусияти бундай шикастланиш маҳсулот сифатига тасир этиши мумкинлигидан далолат берса, шуни назарда тутиш керакки, маҳсулот сифатини текшириш учун намуналар (пробалар) шикастланган идишда ва шикастланмаган идишда келган маҳсулотдан алоҳида олиниши лозим.

Маҳсулотни сифати бўйича қабул қилиб олишда белгиланган тартибга олувчи қай даражада риоя этганлиги масаласини ҳал этишда шуни назарда тутиш керакки, маҳсулотнинг сифати лозим даражада эмаслиги тўғрисидаги далолатномада намуналар (пробалар) танлаб олиш тартиби, масалан, танлаб олиш жойи ва вақти баён қилинмаган, балки фақат намуналар (пробалар) стандартга, техник шартларга мувофиқ танлаб олингани кўрсатилган ҳолларда, бу далолатномани далил бўлувчи кучдан маҳрум этмайди, агарки унда олинган намуна (проба) ўлчами тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлса.


5. Юкларни бериш Қоидаларнинг 12-параграфига мувофиқ идишсиз тўкилган ҳолда ташиладиган картошка, сабзавот ва полиз экинларини темирйўл юкни олувчининг талаби бўйича чекловларсиз вазнини текшириб беради.

Маҳсулот камомади билан боғлиқ низоларни ҳал этишда хўжалик судлари шуни ҳисобга олишлари керакки, юкни олувчи шикастланишларсиз ташишда темирйўлдан юқорида зикр этилган юкларнинг вазнини текшириб беришни талаб қилмаган, маҳсулотни сифати бўйича қабул қилиб олишни унга темирйўл томонидан Маҳсулот ва молларни миқдори бўйича қабул қилиб олиш Йўриқномасига мувофиқ берилгандан кейин амалга оширган, бу ҳақда камомадда жўнатувичининг (етказиб берувчининг) айби борлигини тасдиқловчи тегишли далолатнома тузилган ҳолларда, бундай далолатномалар олувчи темирйўлдан юкнинг вазнини текширган ҳолда беришни талаб қилмаганигагина асосланиб далил бўлиш кучидан маҳрум қилиниши мумкин эмас.

Юкни бузилмаган ҳолда ташиш ва текширмасдан беришда темирйўл юк хатида Ўзбекистон Республикаси темир йўл Уставининг 65-моддасига мувофиқ белги қўйилиши шарт. Темирйўл юк хатида бундай белгининг йўқлиги камомад туфайли кўрилган зарарни ундириш тўғрисидаги даъвони рад этишга асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.

6. Судлар тарозилар жойлашган манзил ҳақидаги маълумотлар бўлмаган маҳсулот камомади тўғрисидаги далолатномаларни баҳолашда тарозилар маҳсулотни тушириб олиш жойидан қанчалик узоқликда бўлганини ва маҳсулотни тарозида тортиладиган жойга ташиш чоғида асралиши таъминланган ёки таминланмаганини текширишлари лозим бўлади. Агар олувчи маҳсулотни тушириб олиш жойидан тарозида тортиш жойига ташишда унинг асралиши таъминланганини тасдиқловчи далилларни тақдим этмаса, камомад учун жавобгарликни етказиб берувчи (жўнатувчи) зиммасига юклаш учун асос йўқдир.

Юкни етказиб бериш муддати ўтказиб юборилган ҳолларда хўжалик судлари маҳсулот сифатида олувчи томонидан аниқланган камчиликларнинг юзага келиш сабабларини синчиклаб ойдинлаштиришлари лозим.

Маҳсулотнинг ўлчами, ифлосланганлиги ва бошқа шу кабилар стандартларнинг талабларига номувофиқлиги каби камчиликлар етказиб беришни кечиктириш натижаси бўла олмайди ва бундай маҳсулотни юклаб жўнатиш оқибатлари учун жавобгарлик уни етказиб бериш муддати кечиктирилганда ҳам етказиб берувчи (юк жўнатувчи) зиммасига юкланиши лозим.


7. Сифати лозим даражада бўлмаган маҳсулотни етказиб бериш билан боғлиқ низоларни ҳал қилишда, маҳсулотни қабул қилиб олиш етказиб берувчининг вакили иштирокида амалга оширилган ҳолларда хўжалик судлари бундай қабул қилиб олиш стандартлар, техник шартлар, маҳсулот ва молларни сифати бўйича қабул қилиб олиш Йуриқномаларининг барча талабларига риоя этилган ҳолда амалга оширилиши лозимлигини назарда тутишлари зарур.


8. Маҳсулот сифати лозим даражада эмаслиги тўғрисидаги далолатномада маҳсулот ностандарт ёхуд анча сорти (сифати) паст деб эътироф этилишига сабаб бўлган, сифатга доир гувоҳномада (сертификатда) кўрсатилганидан ўзга белгилар баён қилинмаган ҳолларда, етказиб берувчининг вакили иштирокида тузилган далолатномаларни истисно этганда, бундай далолатнома амалдаги қонун ҳужжатларида ёки шартномада белгиланган жавобгарликни етказиб берувчининг зиммасига юклаш учун асос бўлиб хизмат қилмайди.


9. Сифат бўйича қабул қилиб олиш далолатномаларида маҳсулотнинг бузилиб қолиши сабаблари ҳақида хулосанинг йўқлиги, агар далолатномаларда мавжуд бўлган маълумотлардан бузилиб қолиш сабаблари хусусида ишончли хулоса чиқариш мумкин бўлса, ўз ҳолича уларни далил бўлиш кучидан маҳрум этмайди.

Зарурат бўлганда хўжалик суди маҳсулот сифатини текшириш натижалари ва маҳсулотнинг бузилиши сабаблари ҳақида "Ўзстандарт" агентлиги томонидан тегишли тартибда аккредитация қилинган мутахассислар, ташкилотлар (сертификатлаш, юкни ортиб жўнатишдан олдин инспекция қиладиган орган) қўшимча маълумотлар сўраб олишга ҳақлидир.

10. Агар темирйўл маҳсулоти ташиш чоғида белгиланган ташиш шартларига, шу жумладан етказиб бериш муддатларига риоя этган бўлса-ю, лекин сотиб олувчи (олувчи)да қабул қилиб олиш чоғида маҳсулотнинг сифати лозим даражада эмаслиги тўғрисидаги далолатномада маҳсулот сифатининг пасайиши ташиш даврида унинг табиий хоссалари оқибатида содир бўлганлиги хусусида хулоса мавжудлиги асосидагина жавобгарликдан озод қилиниши мумкин эмас.


11. Маҳсулот яхлатилган ҳолатда етиб келган, уни дефростациялаш учун муайян муддат талаб қилинган тақдирда, маҳсулот сифатини текшириш муддати маҳсулотни дефростациялаш муддати тугагунга қадар узайтирилади. Маҳсулот дефростациялаштирилганидан кейин маҳсулот сифатини қайта текшириш амалга оширилиши лозим. Бунда маҳсулотнинг дефростациядан кейинги ҳақиқий сифати тўғрисидаги далолатномада дефростация амалга оширилган шарт-шароит албатта кўрсатилиши зарур.

Агар дефростациядан кейин маҳсулот сифатини текшириш ўтказилмаган бўлса, хўжалик судлари яхлатиш туфайли қанча миқдордаги сифати лозим даражада бўлмаган маҳсулот олингани олувчи томонидан белгиланган тартибда тасдиқланмаганига асосланишлари лозим бўлади.