язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни/ Кассация инстанцияси қарорлари/ Кредит, қарз, кафиллик ва гаров шартномаларига оид масалалар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси 10.04.2007 й. 12-0707/33-сонли Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

10.04.2007 й.

N 12-0707/33


(КЎЧИРМА)




Кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади


АТИБ "Ипотекабанк" Сирдарё филиали хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Янгиер де??он бозори" масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан 5693823,98 сўм ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган.

Иш апелляция тартибида қўрилмаган.

Кассация шикоятида иш юзасидан қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш сўралган.

Судлов ҳайъати кассация шикояти важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилишни лозим топади.

Ишдаги ҳужжатларга кўра, АТИБ "Ипотекабанк" Сирдарё филиали ва "Зебинисо" хусусий фирмаси ўртасида тузилган 2005 йил 7 июндаги 8-сонли кредит шартномасига асосан "Зебинисо" хусусий фирмасига икки йил муддатга 16 фоизли устама билан қайтарилиши ҳисобига 5000000 сўм кредит ажратилган.

Кредит таъминоти сифатида АТИБ "Ипотекабанк" Сирдарё филиали, "Зебинисо" хусусий фирмаси ва "Янгиер де??он бозори" масъулияти чекланган жамияти ўртасида 2005 йил 7 июнда кафиллик шартномаси тузилган.

"Зебинисо" хусусий фирмаси 2006 йил 10 мартдаги ҳал қилув қарори билан банкрот деб эътироф этилган, 2006 йил 28 июнда қарздорни тугатишга доир иш юритиш якунланиб, Янгиер шаҳар ҳокимининг 132-сонли қарори билан ягона Давлат реестридан чиқарилган.

Судлов ҳайъати биринчи инстанция суди томонидан "Зебинисо" хусусий фирмаси банкрот деб эътироф этилиб, ягона Давлат реестридан чиқарилганлигини, "Банкротлик тўғрисида"ги Қонун 134-моддасининг ўн иккинчи қисмига кўра хусусий фирманинг қондирилмай қолган қарз мажбуриятлари қаноатлантирилган мажбуриятлар деб ҳисобланиши кўзда тутилганлигини, Олий хўжалик суди Пленумининг 2002 йил 26 июлдаги "Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг кафиллик тўғрисидаги меъёрларини қўллаш билан боғлиқ низоларни ҳал қилишнинг айрим масалалари ҳақида"ги 104-сонли қарорининг 9-бандида кафиллик билан таъминланган асосий мажбурият бекор бўлса, кафиллик бекор бўлиши кўрсатилганлиги учун "Янгиер де??он бозори" масъулияти чекланган жамиятининг кафиллик мажбуриятлари ўз-ўзидан бекор бўлиши ҳақида нотўғри хулосага келган деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 298-моддасига асосан кафиллик билан таъминланган мажбурият бекор бўлгач, шунингдек ушбу мажбурият кафилнинг розилигисиз жавобгарликнинг ошишига ёки унинг учун бошқа ноқулай оқибатларга олиб келадиган тарзда ўзгартирилган тақдирда кафиллик бекор бўлади.

Кафиллик билан таъминланган мажбурият бўйича қарз бошқа шахсга ўтказилганида, агар кафил янги қарздор учун жавобгар бўлиши ҳақида кредиторга розилик берган бўлмаса, шунингдек кафил таъминлаган мажбуриятни бажариш муддати келганида кредитор қарздор ёки кафил таклиф қилган тегишли ижрони қабул қилишдан бош тортса, кафиллик бекор бўлади.

Шартномада кўрсатилган кафиллик муддати ўтганидан кейин кафиллик бекор бўлади. Агар бундай муддат белгиланган бўлмаса, кредитор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажариш муддати келган кундан бошлаб бир йил давомида кафилга даъво қўзғатмаган тақдирда кафиллик бекор бўлади. Агар асосий мажбуриятни бажариш муддати кўрсатилмаган ва белгиланиши мумкин бўлмаган ёки талаб қилиб олиш пайти билан белгиланган бўлса, кредитор кафиллик шартномаси тузилган кундан бошлаб бир йил мобайнида кафилга нисбатан даъво қўзғатмаган тақдирда кафиллик бекор бўлади.

Юқорида қайд этилган Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми қарорининг 9-бандига кўра, кафиллик билан таъминланган асосий мажбурият бекор бўлса, кафиллик бекор бўлади.

Биринчи инстанция суди кафиллик билан таъминланган мажбурият, яъни, кредит шартномаси бўйича мажбуриятлар бекор бўлмаганлиги, унинг амал қилиш муддати 2007 йил 7 июнга қадар шартномада белгиланганлигини ҳисобга олмаган, кафиллик шартномасининг бекор қилинмаганлигига ёки ҳақиқий эмас деб топилмаганлигига ҳуқуқий баҳо бермаган.

Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 292-моддасига мувофиқ, кафиллик шартномаси бўйича кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори оддида жавоб беришни ўз зиммасига олади.

Шу Кодекснинг 293-моддасига кўра, қарздор кафиллик билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар, башарти қонунда ёки кафиллик шартномасида кафилнинг субсидиар жавобгар бўлиши назарда тутилган бўлмаса.

Бундай ҳолда судлов ҳайъати ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш тўғрисида янги қарор қабул қилишни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2008 й., 6-сон