язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни/ Кассация инстанцияси қарорлари/ Ер муносабатларига оид масалалар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 16.05.2012 й. 11-1132/24579-сон Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

16.05.2012 й.

N 11-1132/24579


(КЎЧИРМА)




Ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилганида ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи бекор қилинади


Даъвогар - Пискент туман ҳокимлиги (бундан буён матнда туман ҳокимлиги деб юритилади) жавобгар - "Arislonova Hidoyat" фермер хўжалигига (бундан буён матнда фермер хўжалиги деб юритилади) нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат этиб, туман ҳокимлиги билан фермер хўжалиги ўртасида 2004 йил 22 ноябрда тузилган 654-сонли ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномасини бекор қилиш ва фермер хўжалиги фойдаланишида бўлган 23,3 га ер участкасини туман ҳокимлиги захира ер фонди ҳисобига қайтаришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг қал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Апелляция инстанцияси судининг ажрими билан ёзувдаги хато тузатилган.

Кассация шикоятида фермер хужалиги томонидан гўшт маҳсулотларини сотиш бўйича Пискент ва Олмалиқ де??он бозорлари билан шартномалар тузилганлиги ҳамда гўшт маҳсулотлари етказиб берилганлиги, суднинг туман ҳокимлиги томонидан ижара шартномасини бекор қилиш ҳақида фермер хўжалигига тақдимнома берилганлиги ҳақидаги фикри ҳам асоссиз эканлиги важ қилиб келтирилиб, суд қарорларини бекор қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, туман ҳокимининг 2004 йил 22 ноябрдаги 354-сонли қарорига асосан фермер хўжалигига чорвачилик йўналиши учун 23,3 гектар ер участкаси узоқ муддатли ижарага берилиб, ушбу санада туман ҳокимлиги билан фермер хўжалиги ўртасида 2004 йил 22 ноябрда 23,3 гектар ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш тўғрисида ижара шартномаси тузилиб, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимида рўйхатдан ўтказилган.

Шартноманинг 15-бандига кўра, фермер хўжалиги давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган маҳсулот етиштиришни ташкил қилиш, ердан мақсадли ва оқилона фойдаланиш, ўз хўжалик фаолияти натижасида ҳудуддаги экологик вазиятнинг ёмонлашувига йўл қўймаслик мажбуриятини олган. Шу билан бирга, фермер хўжалигига ижарага берилган қишлоқ хўжалиги ерлари, шунингдек экинларидан қишлоқ хўжалиги экинлари шартномасида назарда тутилмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш ижара шартномасининг қўпол равишда бузилиши деб ҳисобланиши қайд қилинган.

Шартноманинг 17-бандида эса, ердан белгиланган мақсадларда фойдаланилмаганда, шу жумладан, давлат эҳтиёжлари учун контрактация шартномасида назарда тутилмаган қишлоқ хўжалиги экинлари экилганда бу ҳолат шартноманинг бекор қилиниши учун асос бўлиши мумкинлиги белгиланган.

Фермер хўжалиги ўзига чорвачилик йўналишини асос қилиб, суғориладиган 23,3 гектар ер участкасига эгалик қилиб, чорва моллари сонини йилдан-йилга камайтириб, маҳаллий аҳоли учун гўшт ва сут маҳсулотларини етиштирмасдан, ўзига бириктирилган ер участкасидан мақсадсиз фойдаланиб, ўз шахсий эҳтиёжлари учун керак бўлган бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириб келган.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 38-моддасига асосан ушбу Кодекс 36-моддаси биринчи қисмининг 6 - 11-бандларида назарда тутилган ҳолларда, шунингдек ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган бошқа ҳолларда ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи орган ер эгасини ёки ердан фойдаланувчини олдиндан огоҳлантирганидан кейин ер участкасини берган органга ер участкасини олиб қўйиш ҳақида тақдимнома киритади. Ер участкасини берган орган тақдимнома асосида бир ойлик муддатда ер участкасини олиб қўйиш ҳақида қарор чиқаради. Ер участкасини олиб қўйиш масаласини ҳал қилиш ваколат доирасига кирувчи орган, зарур ҳолларда, ер участкасининг ҳолатини ҳамда ер эгаси ёки ердан фойдаланувчи томонидан ерлардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг сифатини қўшимча равишда текширишни тайинлашга ҳақли.

Туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими ҳамда ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими ходимлари томонидан фермер хўжалигига ажратилган ер участкасидан мақсадли фойдаланилиши юзасидан 2011 йил 21 апрелда ўтказилган мониторинг натижасида фермер хўжалиги 2011 йил ҳосили учун 5,6 гектар ерга пахта, 5,5 гектарга бошоқли дон, 0,3 гектар майдонга помидор. 0,6 гектар майдонга ерёнғоқ, 10,8 гектар ер майдонга маккажўхори, унинг орасида булғор қалампири экинларини ноқонуний равишда, яъни сабзавот ва бошоқли дон экинлари етиштириш бўйича шартномалар тузмасдан экканлиги аниқланган.

Туман статистика бўлимининг 2011 йил 29 июндаги маълумотномасида фермер хўжалиги томонидан топширилган статистик ҳисобот бўйича 2010 йилда йирик шохли қорамоллар жами 61 бошни, қуй ва эчкилар 15 бошни ва отлар 5 бошни ташкил этган бўлиб, 0,6 тонна гўшт ва 14,0 тонна сут маҳсулотлари етиштирилган. 2011 йилнинг биринчи чорагида эса йирик шохли қорамоллар жами 41 бошни, қўй ва эчкилар 12 бошни ва отлар 5 бошни ташкил этганлиги, 2010 йилда гўшт маҳсулоти 0,6 тонна, сут эса 14,0 тоннани ташкил этиб, 2011 йил мобайнида эса ушбу кўрсаткичлар умуман бажарилмаганлиги қайд этилган.

Қолаверса, "Пискент де??он бозори" МЧЖнинг 2011 йил 30 июндаги маълумотномасида фермер хўжалиги томонидан 2010 йил 30 июнга қадар де??он бозори ҳудудида ҳеч қандай гўшт маҳсулотлари сотилмаганлиги ва ушбу маҳсулотларни сотиш учун шартнома рўйхатдан ўтказилмаганлиги қайд қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддасига биноан, ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилганида ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи бекор қилинади.

Фермер хўжалигининг ер участкасидан қонунга хилоф равишда фойдаланиб келаётганлиги ҳолатлари 2011 йил 13 майда туман ҳокимлигида фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда муҳокама қилинган ва фермер хўжалиги қонунбузилишларни бартараф этиши лозимлиги ҳақида огоҳлантирилган, шунингдек бу масала туман ҳокимлиги захирасида бўлган ер участкаларини танловга қўйиш комиссиясининг 2011 йил 1 июлдаги йиғилишида ҳам муҳокама қилинган ва туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими томонидан фермер хўжалиги билан тузилган ер ижара шартномасини бекор қилиш ва ер участкасини захирага қайтариш ҳақида тақдимнома киритилган.

Туман ҳокимлиги томонидан шартномани бекор қилиш ҳақида берилган талабнома фермер хўжалиги томонидан оқибатсиз қолдирилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 384-моддасига кўра, бир тараф шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги таклифга иккинчи тарафдан рад жавоби олганидан кейингина ёки таклифда кўрсатилган ёхуд қонунда ёинки шартномада белгиланган муддатда, бундай муддат бўлмаганида эса - ўттиз кунлик муддатда жавоб олмаганидан кейин, шартномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги талабни судга тақдим этиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида" 2007 йил 15 июндаги 161-сонли қарорининг 1-бандига кўра, суд томонидан қабул қилинган қарор моддий ва процессуал қонунчилик нормалари билан тўлиқ мос келиши, иш ҳужжатлари ва суд аниқлаган ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак.

Биринчи инстанция суди ушбу талабларга риоя қилган ҳолда ишдаги мавжуд ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо бериб, асослантирилган ҳал қилув қарори қабул қилганлиги сабабли, апелляция инстанцияси суди уни ўзгаришсиз қолдириш ҳақида қонуний тўхтамга келган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, судлов ҳайъати суд қарорларини ўзгартириш ва бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас деб ҳисоблаб, суд қарорларини ўзгаришсиз, ишни кассация инстанцияси судида кўриш учун фермер хўжалиги томонидан олдиндан тўланган 321600 сўм суд харажатларини унинг зиммасига юклашни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2014 й., 10-сон