язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни/ Кассация инстанцияси қарорлари/ Ер муносабатларига оид масалалар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси 15.08.2007 й. 19-0603/3491-сонли Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

15.08.2007 й.

N 19-0603/3491


(КЎЧИРМА)




Хўжалик судларига давлат органлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳужжатларини ҳақиқий деб топиш эмас, балки ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низолар тааллуқлидир


Даъвогар - "Болтаев Саидқул Болтаевич" фермер хўжалиги даъво аризаси билан хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгарлар - Денов тумани ҳокимлигига ва "Қамариддин Намозов" фермер хўжалигига нисбатан Денов тумани ҳокимининг 2006 йил 26 апрелдаги 567-сонли ва 2006 йил 11 майдаги 583-сонли қарорларини ҳақиқий эмас деб топишни ҳамда туман ҳокимининг 2006 йил 25 мартдаги 281-сонли қарорини ҳақиқий деб топишни сўраган.

Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, Денов тумани ҳокимининг 2006 йил 26 апрелдаги 567-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилиб, даъво талабининг қолган қисми бўйича иш юритиш тугатилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Суд қарорларига нисбатан Сурхондарё вилоят прокуратураси томонидан келтирилган кассация протестида суд қарорларини бекор қилиб, иш бўйича даъвони рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати иш материалларини, кассация протестида келтирилган важларни ўрганиб, қуйидагиларга кўра суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, Денов тумани ҳокимининг 2006 йил 25 мартдаги 281-сонли қарори билан тумандаги "Ш. Худойназаров" номли ширкат хўжалигини фермер хўжаликларига айлантириш бўйича қайта ташкил этиш комиссиясининг 2006 йил 25 мартдаги 9-сонли баёнига мувофиқ тендер танловида ғолиб бўлган фуқаро Саъдиев Раҳмонга фермер хўжалиги тузиш учун 68 - 80-контурлардан 57,9 гектар ер участкаси ажратилиб, ер ижара шартномаси тузилган.

Денов туман прокуратурасининг 2006 йил 25 мартдаги 11-1-06-сонли протестига асосан Денов тумани ҳокими 2006 йил 26 апрелдаги 567-сонли қарори билан 2006 йил 25 мартдаги 281-сонли қарорини бекор қилиб, низоли ер участкасининг 27,9 гектарини фуқаро Худойназаров Намозга ажратиб берган.

Биринчи инстанция суди Денов тумани ҳокимининг 2006 йил 26 апрелдаги 567-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиб, тўғри хулосага келган. Чунки, ФКнинг 12-моддасида давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқароларнинг ёки юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлиги белгиланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси 24-моддасининг ўнинчи қисмида ер участкасини ижарага олиш шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тарафларнинг келишуви билан, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса, суднинг ҳал қилув қарори билан амалга оширилиши белгиланган.

Мазкур ҳолатда тарафлар томонидан ер ижара шартномасини бекор қилиш тўғрисида келишувга эришилмаган бўлса ҳам, туман ҳокими уни бекор қилиш тўғрисида судга мурожаат қилмасдан, ер ижара шартномасини бекор қилиш тўғрисида қонунга зид бўлган қарор қабул қилган.

Биринчи инстанция суди даъво талабининг Денов тумани ҳокимининг 2006 йил 11 майдаги 583-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қисми бўйича иш юритишни тугатиб тўғри хулосага келган. Чунки, мазкур қарорга мувофиқ ер жисмоний шахс - фуқаро Худойназаров Намозга берилган. Жисмоний шахслар иштирокидаги низолар эса хўжалик судларига тааллуқли эмас.

Ўзбекистон Республикаси ХПК 86-моддаси биринчи қисмининг 1-бандида низо хўжалик судида кўриш учун тегишли бўлмаса, суд иш юритишни тугатиши лозимлиги белгиланган.

Биринчи инстанция суди даъво талабининг Денов тумани ҳокимининг 2006 йил 25 мартдаги 281-сонли қарорини ҳақиқий деб топиш қисми бўйича ҳам тўғри хулосага келган. Чунки, ХПК 24-моддаси биринчи қисмининг 9-бандига кўра хўжалик судларига давлат органлари ва фуқарорлар ўзини ўзи бошқариш органларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳужжатларини ҳақиқий деб топиш эмас, балки ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низолар тааллуқлидир.

Судлов ҳайъати вилоят прокуратурасининг протестида даъвогар томонидан тендерга қалбаки ҳужжатлар тақдим этилганлиги, бу ҳолат жиноят ишлари бўйича Денов туманлараро судининг ҳукми билан тасдиқланганлиги ҳақидаги важини асоссиз деб ҳисоблайди. Чунки, Денов тумани ҳокимининг 2006 йил 25 мартдаги 281-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида даъво талаби қўйилмаган. Ҳукм фақатгина 281-сонли қарорни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлиши мумкин.

Бундай ҳолатда, судлов ҳайъати судлар томонидан моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланганлигини ҳисобга олиб, суд қарорларини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2008 й., 2-сон