язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни/ Раёсат қарорлари/ Кредит, кафиллик ва гаров шартномалари билан боғлиқ низолар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 16.06.2006 й. Р N 69-сон Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ РАЁСАТИ

ҚАРОРИ

16.06.2006 й.

N Р 69



(Кўчирма)



Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Коинот & К" МЧЖ ҳамда "Ўрта Осиё Транс Европа" шўъба корхонасидан 29342519 евро миқдорида қарзни ундириб беришни, ундирувни гаровга қўйилган ва бошқа мулкларига қаратишни сўраган.

Тошкент шаҳар хўжалик судининг 2005 йил 25 майдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилиб, банк фойдасига "Коинот & К" МЧЖнинг гаровга қўйилган мулки ҳисобидан 233425 евро миқдорида кредит бўйича қарзи, 422799017 сўм давлат божи ва 4000 сўм почта харажатлари, "Ўрта Осиё Транс Европа" шўъба корхонасидан 60000 евро ундирилган.

Шу суд апелляция инстанциясининг 2005 йил 28 июлдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Иш кассация инстанциясида кўрилмаган.

Олий хўжалик суди раисининг биринчи ўринбосари томонидан келтирилган протестда иш бўйича қабул қилинган суд қарорларини ўзгартириб, даъвони тўлиқ жавобгарнинг гаровга қўйилган мулки ва бошқа мол-мулклари ҳисобидан қаноатлатириш масаласи қўйилган.

Раёсат, судья маърузасини тинглаб, протест важларини муҳокама қилиб, Бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаши ҳақидаги фикрини эшитиб, қуйидаги асосларга кўра протестни қаноатлантириш лозим деб ҳисоблайди.

Иш хужжатларига кўра, пиво ишлаб чиқариш ва қуйишни ташкил этиш бўйича лойиҳани амалга ошириш мақсадида 2001 йил 24 апрелда ТИФ Миллий банки билан "Коинот & К" МЧЖ ўртасида 413794 евро ҳажмида валюта кредитини бериш тўғрисида 11-4-17-2124-сонли кредит шартномаси тузилган.

Жавобгар томонидан пиво ишлаб чиқариш ва қуйишни ташкил этиш лойиҳаси бўйича асбоб-ускуна ва хом ашё сотиб олиш учун 2000 йил 5 июнда "Ds srol s r o " фирмаси (Чехия Республикаси) билан 413794 евро қийматида Dv 04-20-z-сонли контракт тузилган. Банк томонидан кредит шартномасида белгиланган маблағ ўтказиб берилган.

Кредит шартномасининг таъминоти сифатида даъвогар билан жавобгар ўртасида тузилган 2001 йил 25 майдаги 1-сонли гаров шартномасига асосан жавобгарнинг 101770 евро қийматидаги пиво ишлаб чиқариш ва қуйишни ташкил этиш асбоб-ускуналари ҳамда 2001 йил 5 июндаги ипотека шартномасига асосан 355400 евро қийматидаги жиҳозлар ва инфраструктураси билан бўлган кўчмас мулки гаровга қўйилган. Шунингдек қўшимча жавобгар - "Ўрта Осиё Транс Европа" шўъба корхонаси билан банк ўртасида 2001 йил 12 июндаги кафиллик шартномаси тузилиб, шўъба корхона кредит мажбуриятларининг 60000 еврога тенг қисмига кафилликни ўз зиммасига олган.

Жавобгар томонидан кредит маблағлари қисман қайтарилиб, 2005 йил 22 март ҳолатига ссуда қарздорлиги бўйича қолдиқ қарзи 178794 евро, ҳисобланган фоизлар 261795 евро, муддати ўтган асосий қарз 85000 евро, муддати ўтган фоизлар 2046597 евро, муддати ўтган асосий қарз учун пеня 445433 евро, муддати ўтган фоизлар учун пеня 66039 евро, бошқарганлик учун комиссия фоизи 95172 евро, муддати ўтган бошқарганлик учун комиссия фоизи 8350 евро, муддатидан олдин ундириш учун 39732 евро, жами бўлиб 29342519 евро миқдорида қарздорлиги мавжуд бўлган.

Биринчи ва апелляция инстанция судлари томонидан иш ҳолатлари аниқланиб, даъвони тўлиқ қаноатлантириш ҳақида тўғри хулосага келинган бўлса-да, аммо ундирувни жавобгарнинг ипотека ва гаров шартномалари асосида гаровга қўйилган мол-мулкидан ташқари унга тегишли бўлган бошқа барча мулкига қаратмасдан, хатоликка йўл қўйилган, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 48-моддасида юридик шахснинг жавобгарлиги белгиланган бўлиб, унга кўра юридик шахс ўз мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли бутун мол-мулк билан жавоб бериши белгиланган. Шундай экан даъвогарнинг кредит шартномаси бўйича қарздорликни жавобгарнинг гаровга қўйилган мол-мулки ҳамда унга тегишли бўлган барча мулкига қаратиш йўли билан ундириш ҳақидаги даъво талаби асосли ҳисобланади.

Биринчи инстанция суди томонидан иш учун аҳамиятли бўлган ушбу ҳолатларга тўғри баҳо берилмаган.

Ўзбекистон Республикаси ХПКнинг 200-моддаси биринчи қисмига кўра суд ҳужжатининг ноқонунийлиги ёки асоссизлиги ҳал қилув қарорини, қарорни назорат тартибида ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.

Бундай ҳолда суд қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ бўлмаганлиги, моддий ҳуқуқ нормалари нотўғри қўлланилганлиги сабабли низо бўйича қабул қилинган қарорни бекор қилиб, даъвогарнинг даъво талабини тўлиқ қаноатлантириш тўғрисида қарор қабул қилиш лозим.

Баён этилганларга асосланиб Раёсат ушбу иш бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори ва апелляция инстанциясининг қарорини ўзгартириш, даъвогарнинг даъво талабларини тўлиқ қаноатлантириб, ТИФ Миллий банки фойдасига "Коинот & К" МЧЖнинг гаровга қўйилган ва бошқа мол мулклари ҳисобидан 233425 евро миқдорида кредит бўйича қарзи, 422799017 сўм давлат божи ва 4000 сўм почта харажатларини ундириш, ҳал қилув қарори ва қарорнинг қолган қисмини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида қарор қабул қилди.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2007 йил, 6-сон