язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни/ Раёсат қарорлари/ Кредит, кафиллик ва гаров шартномалари билан боғлиқ низолар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 16.06.2006 й. Р N 70-сон Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ РАЁСАТИ

ҚАРОРИ

16.06.2006 й.

N Р 70



(Кўчирма)



Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар - "Самарқанд-99" МЧЖнинг гаровга қўйилган ва бошқа мол-мулкидан кредит суммаси ва фоизларидан жами 31498,44 евро миқдорида қарзни ундириб беришни сўраган.

Самарқанд вилоят хўжалик судининг 2004 йил 5 апрелдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилиб, банк фойдасига кредит бўйича 31498,44 евро миқдорида қарз, 387133,27 сўм суд харажатлари жавобгарнинг гаровга қўйилган мол-мулки ҳисобидан ундирилган.

Иш апелляция ва кассация инстанцияларида кўрилмаган.

Олий хўжалик суди раисининг биринчи ўринбосари томонидан келтирилган протестда ҳал қилув қарорини ўзгартириш масаласи қўйилган.

Раёсат, иш бўйича судьянинг маърузасини тинглаб, протест важларини иш ҳужжатлари асосида муҳокама қилиб, Бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаши тўғрисидаги фикрини эшитиб, қуйидаги асосларга кўра, протестни қаноатлантириш лозим деб ҳисоблайди.

Иш ҳужжатларига кўра, автомобиль деталларини керамика-металл пудрасини детонацион усулда чанг қилиш йўли билан тиклаш лойиҳасини амалга ошириш мақсадида ТИФ Миллий банки билан "Самарқанд-99" МЧЖ ўртасида 2000 йил 5 июнда 63400 евро миқдорида валюта кредити бериш тўғрисида Ц-4-17-2105-сонли кредит шартномаси тузилган. Кредит шартномасига 2001 йил 16 мартдаги 1-сонли қўшимча кредит шартномасининг таъминоти учун 2000 йил 5 июндаги 1-сонли гаров шартномаси билан 28285 евро қийматидаги ускуна ва жиҳозлар, 2000 йил 15 июндаги ипотека шартномаси билан 53674 евро қийматидаги кўчмас мулклар гаровга қўйилган.

Лойиҳани амалга ошириш мақсадида технология ва ускуналарни ҳамда 500 кг хом ашёни сотиб олиш учун 2000 йил 27 апрелда Россиянинг "Агдезия" фирмаси билан 63400 евро қийматида контракт тузилган. Ушбу контракт ва кредит шартномаси шартларига кўра, банк томонидан контракт қийматининг 100 фоизи миқдорида аккредитив очилиб, белгиланган жадвал асосида маблағ ўтказиб берилган.

Жавобгар кредит ва унинг фоизларини қисман тўлагандан сўнг, 2004 йил 1 март ҳолатига асосий кредитдан - 27121,53 евро, муддати ўтган фоизлардан - 671,22 евро, муддати ўтган кредит учун ҳисобланган фоизлар - 3637,08 евро, муддати ўтган кредит фоизлари бўйича ҳисобланган фоизлар - 68,61 евро, жами - 31498,44 евро миқдорида қарздор бўлган.

Биринчи инстанция суди иш ҳолатларига баҳо бериб, даъвони тўлиқ қаноатлантириш ҳақида тўғри хулосага келган бўлса-да, аммо ундирувни жавобгарнинг ипотека ва гаров шартномалари асосида гаровга қўйган мол-мулкидан ташқари унга тегишли бўлган бошқа барча мулкка қаратмасдан хатоликка йўл қўйган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 48-моддасида юридик шахс ўз мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли бутун мол-мулки билан жавоб бериши белгиланган. Шундай экан, даъвогарнинг кредит шартномаси бўйича қарздорликни жавобгарнинг гаровга қўйган мол-мулки ҳамда унга тегишли бўлган барча мулкига қаратиш йўли билан ундириш ҳақидаги даъво талаби асосли ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 200-моддаси биринчи қисмида суд ҳужжатининг ноқонунийлиги ёки асоссизлиги ҳал қилув қарорини, қарорни назорат тартибида ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлиши қайд этилган.

Баён этилганларга кўра, Раёсат биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш лозим деб ҳисоблайди.

Юқоридагиларга асосан, Раёсат ушбу иш юзасидан қабул қилинган Самарқанд вилоят хўжалик судининг 2004 йил 5 апрелдаги ҳал қилув қарорини ўзгартириб, ТИФ Миллий банки фойдасига "Самарқанд-99" МЧЖнинг ипотека ва гаров шартномаларига кўра гаровга қўйилган мол-мулки ҳамда унга тегишли бўлган бошқа барча мол-мулки ҳисобидан 31498,44 евро миқдоридаги қарзи, 387133,27 сўм суд харажатларини ундириш ҳақида қарор қабул қилди.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2007 йил, 6-сон