язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни/ Раёсат қарорлари/ Кредит, кафиллик ва гаров шартномалари билан боғлиқ низолар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 08.06.2006 й. Р N 62-сон Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ РАЁСАТИ

ҚАРОРИ

08.06.2006 й.

N Р 62



(Кўчирма)



Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банки судга даъво аризаси билан мурожаат этиб, "Бахмал шароб" АЖнинг гаровга қўйилган ва бошқа мол-мулклари, "Автотранспорт корхонаси" АЖ ва "Ўсмат ғишт заводи" АЖнинг гаровга қўйилган мол-мулклари ҳисобидан 219311,86 АҚШ доллари ундиришни сўраган.

Суднинг 2003 йил 23 июндаги ҳал қилув қарори билан даъво гаровга қўйилган мол-мулклар ҳисобидан 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан бўлган курси бўйича қаноатлантирилиб, "Бахмал шароб" АЖдан 77193046 сўм асосий қарз, 11631744 сўм устама фоиз, 483132 сўм банк хизмат ҳақи, 28038416 сўм жарима, 2127452 сўм суд харажатлари, жами 119473790 сўм, "Автотранспорт корхонаси" АЖдан 25265894 сўм, "Ўсмат ғишт заводи" АЖдан 70876894 сўм ундирилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2003 йил 26 сентябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, "Бахмал шароб" АЖдан 152015529 сўм асосий қарз, 10201065 сўм фоизлар, 483132 сўм банк хизмат ҳақи, 28038416 сўм жарима, 2127452 сўм суд харажатлари, жами 192865594 сўм, "Ўсмат ғишт заводи" АЖдан 21320307 сўм асосий қарз, 1430679 сўм фоизлар, жами 22750986 сўм ундириш ҳақида янги қарор қабул қилинган. Даъвонинг жавобгар "Автотранспорт корхонаси" АЖнинг мол-мулкидан ундириш тўғрисидаги қисми рад этилган.

Кассация инстанциясининг 2004 йил 17 февралдаги қарори билан иш бўйича қабул қилинган қарорлар ўзгартирилган. "Бахмал шароб" АЖнинг гаровга қўйилган ва бошқа мол-мулклари ҳисобидан даъвогар фойдасига 178063,42 АҚШ доллари миқдорида асосий қарз, 11948,99 АҚШ долларига тенг фоизлар, 28803,14 АҚШ доллари миқдорида неустойка, 496,31 АҚШ доллари банк хизмати ҳақи, жами 219311,86 АҚШ доллари ва 2124453,41 сўм давлат божи, 3000 сўм почта харажатлари ундирилган. Даъвонинг ундирувни "Ўсмат ғишт заводи" АЖнинг гаровга қўйган мол-мулкларига қаратиш ҳақидаги қисми рад этилган.

Олий хўжалик суди раисининг ўринбосари томонидан келтирилган протестда иш бўйича қабул қилинган суд қарорларини ўзгартириш масаласи қўйилган.

Раёсат, иш юзасидан судья маърузасини, Бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаши тўғрисидаги фикрини эшитиб, иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, протест важларини муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра протестни қаноатлантириб, иш юзасидан қабул қилинган барча суд қарорларини ўзгартиришни лозим топади.

Ишдаги ҳужжатларга қараганда, 1998 йил 2 июндаги Ц-3/09-2046-сонли шартномага асосан ТИФ Миллий банки томонидан "Бахмал шароб" АЖга пластик идишларни ишлаб чиқариш ва газланган ичимликларни қуйиш ускуналарини харид қилиш учун 4 йил муддатга 480300 АҚШ доллари миқдорида кредит берилган.

Кредитнинг қайтарилиши банк ва "Бахмал шароб" АЖ ўртасида 504150 АҚШ долларига баҳоланган мол-мулкларни гаровга қўйиш тўғрисида 1998 йил 11 июнда тузилган ипотека ва гаров шартномалари, шунингдек банкнинг "Автотранспорт корхонаси" АЖ билан 25955 АҚШ доллари, "Ўсмат ғишт заводи" АЖ билан 72810 АҚШ доллари миқдоридаги мол-мулкларни гаровга қўйиш тўғрисидаги 1998 йил 11 июнда тузилган ипотека шартномалари билан таъминланган.

Ишдаги далиллар қарздор томонидан кредит маблағи банкка қисман қайтарилганлигидан, кредит бўйича 178063,42 АҚШ доллари миқдорида асосий қарз, 1194899 АҚШ долларилик кредитдан фойдаланганлик учун ҳисобланган фоизлар тўланмаганлигидан далолат беради. Шу сабабли банк томонидан қарздор тўловни кечиктирган кунларига 28803,14 АҚШ доллари миқдорида неустойка ҳисобланган. Банкнинг хизмат ҳақи эса 496,31 АҚШ долларини ташкил қилган.

Апелляция судлов ҳайъати "Автотранспорт корхонаси" АЖга нисбатан қўйилган даъво талабини қисман рад этишда вилоят прокурорининг протестида келтирилган "Автотранспорт корхонаси" АЖда акциядорлар йиғилиши бўлмаганлиги тўғрисидаги важини ва протестга илова қилинган мазкур корхонанинг бир гуруҳ ишчиларининг корхона мол-мулклари гаровга қўйилганлигидан бехабар эканлиги мазмунидаги тушунтириш хатларини асос сифатида олган.

Даъвогарнинг ундирувни "Ўсмат ғишт заводи" АЖнинг гаровга қўйган мол-мулкларига қаратиш ҳақидаги даъво талабларини рад этишда кассация инстанцияси томонидан акциядорлик жамиятининг ипотека шартномаси тузиш пайтида, яъни 1998 йилда "Ўсмат ғишт заводи" АЖ юридик шахс мақомига эга бўлмасдан, "2-сонли Жиззахагроқурилиш" АЖнинг таркибий тузилмаси сифатида фаолият кўрсатиб келганлигини, "Ўсмат ғишт заводи" АЖнинг раҳбари ўз ваколати доирасидан четга чиқиб, умуман шартномаларни тузиш ҳуқуқига эга бўлмаса-да, "2-сонли Жиззахагроқурилиш" АЖнинг рухсатисиз, қонун ҳужжатларига зид равишда ипотека шартномасини имзолаб берганлигини асос қилиб, ипотека шартномаларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ келиши ёки келмаслиги масаласи банк томонидан ўрганиб чиқилмаганлиги оқибатида унинг ҳақиқий эмаслигига замин яратиб берилган деган хулосага келган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 271-моддасида гаров тўғрисидаги шартномани ҳақиқий эмас деб топиш учун асослар кўрсатилган бўлиб, унга кўра гаров шартномасининг ёзма шаклда тузилмаганлиги, нотариал тасдиқланмаганлиги унинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради.

"Нотариат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18-моддасида нотариус жисмоний ва юридик шахсларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда кўмаклашиши, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириб бериши, томонлар тақдим этган битимлар лойиҳаларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириши, ушбу битимлар мазмуни томонларнинг асл мақсадига мос келиш-келмаслигини ва қонун талабларига зид келиш-келмаслигини текшириши, юридик жиҳатдан бехабарлик жисмоний ва юридик шахслар зарарига фойдаланилмаслиги учун амалга оширилаётган нотариал ҳаракатларининг оқибатлари ҳақида уларни огоҳлантириши, қонун ҳужжатларига мос келмайдиган нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиши кўрсатиб ўтилган.

Қайд этилган қонун нормасига кўра нотариал тартибда тасдиқланаётган битимларнинг қонун талабларига қанчалик мос эканлигини аниқлаш ушбу битимларни тасдиқлаётган давлат нотариуси томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 61-моддасига мувофиқ, ҳеч қандай далил хўжалик суди учун олдиндан белгилаб қўйилган кучга эга эмас.

Кассация инстанциясининг "Ўсмат ғишт заводи" АЖ банк билан ипотека шартномасини тузиш вақтида, яъни 1998 йил 11 июнда юридик шахс мақомига эга бўлмасдан, "2-сонли Жиззахагроқурилиш" АЖ таркибий тузилмаси сифатида фаолият кўрсатиб келганлиги, ипотека шартномасини тузишга ваколати бўлмаганлиги, "Автотранспорт корхонаси" АЖ томонидан банк билан тузилган ипотека шартномаси жамиятнинг бош ҳисобчиси шартнома тузишга ваколати бўлмаган Э.Пардаев томонидан имзоланган акциядорлар умумий йиғилиши қарори асосида тузилганлиги сабабли ҳақиқий эмаслиги тўғрисидаги хулосалари билан келишиб бўлмайди.

Гарчанд, юқоридаги "Автотранспорт корхонаси" акциядорлар умумий йиғилиши қарорини жамият бош ҳисобчиси Э.Пардаев имзолаган бўлса-да, юқоридаги банк билан "Автотранспорт корхонаси" АЖ ўртасида тузилган ипотека шартномасини мазкур жамиятнинг раҳбари Р.Норқўзиев имзолаган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 132-моддасига мувофиқ вакил қилинмаган шахс томонидан бошқа шахс номидан тузилган ёки ваколатлардан ташқари чиқиб тузилган битим ваколат берган шахс ушбу битимни кейинчалик маъқуллаган тақдирдагина унинг учун ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтиради, ўзгартиради ва бекор қилади. Битим тузишга ваколат берган шахс битимнинг ижрога қабул қилинганлигидан гувоҳлик берувчи ҳаракатлар қилган ҳолда ҳам бундай битим маъқулланган ҳисобланади.

Апелляция ва кассация инстанциялари ҳар иккала ипотека шартномаларини ҳақиқий эмас деб топишда ушбу шартномалар акциядорлик жамиятлари раҳбарларининг ихтиёрлари билан тузилганлиги, уларни тузишда жамият акциядорларининг умумий йиғилиш қарорлари асос қилиб олинганлиги, қарорларда эса мулклари гаровга қўйилишига розилик билдирилганлиги, мазкур қарорлар ҳақиқатда жамият акциядорларининг йиғилишларида қабул қилинганлиги ёки йиғилиш ўтказилмасдан расмийлаштирилганлиги ҳолатини банк томонидан аниқлашнинг имконияти бўлмаганлигини эътиборга олмаганлар.

Ишдаги мавжуд банк ва "Автотранспорт корхонаси" ҳамда банк ва "Ўсмат ғишт заводи" АЖ ўртасида 1998 йил 11 июнда тузилган ипотека шартномалари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 110, 111, 271-моддаларига асосан нотариал тасдиқланиб, давлат рўйхатидан ўтказилган. Ушбу Кодекснинг 270-моддасида гаров тўғрисидаги шартнома тузилган пайтдан ёхуд башарти, шартнома нотариал тасдиқланиши шарт бўлса - нотариал тасдиқланган пайтдан, шартнома рўйхатдан ўтказилиши шарт бўлганда эса - шартнома рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келиши белгиланган.

Мазкур Кодекснинг 126-моддасига мувофиқ, агар шахснинг битим тузиш ваколатлари шартнома билан ёки юридик шахс ваколатлари унинг таъсис ҳужжатлари билан ишончномада, қонунда белгилаб қўйилганига нисбатан ёинки битим тузилаётган вазиятдан аниқ кўриниб турган деб ҳисобланиши мумкин бўлган ваколатларига нисбатан чеклаб қўйилган бўлса ва битимни тузиш пайтида бундай шахс ёки орган ана шу чеклашлар доирасидан чиқиб кетган бўлсалар, битимдаги иккинчи тараф мазкур чеклашларни билган ёки олдиндан билиши лозим бўлганлиги исботланган ҳоллардагина битим чеклаш белгиланишидан манфаатдор бўлган шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

ТИФ Миллий банки акциядорлик жамияти томонидан кредитнинг таъминоти сифатида жамият мулкини гаровга қўйиш масаласи бўйича акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказилган ёки йўқлигини олдиндан билмаган ва билиши ҳам мумкин бўлмаган, чунки банкнинг талаби бўйича жамият томонидан акциядорларнинг юқорида қайд этилган умумий йиғилиш қарори тақдим этилган. Ушбу қарорда эса акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан мулкни гаровга қўйишга розилик билдирилганлиги қайд этилган бўлиб, мазкур қарор ҳақиқатда умумий йиғилишда қабул қилинганлиги ёки бундай йиғилиш ўтказилмасдан расмийлаштирилганлик ҳолатини аниқлаш мумкин бўлмаган.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, ипотека шартномасини тузишда банкларга ипотека шартномаси тузишга асос бўлган жамият акциядорларининг умумий йиғилиши ўтказилган ёки ўтказилмаганлик ҳолатини текшириш мажбурияти юклатилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 11 февралда 631-сон билан рўйхатдан ўтган "Ўзбекистон Республикаси банкларида кредит ҳужжатларини юритиш тартиби тўғрисида"ги низомда агарда кредит таъминоти кўчмас мол-мулк бўлса, банк томонидан ушбу Низомнинг 5, 6 ва 7-бандларида кўрсатилган ҳужжатлар, яъни ипотека шартномасининг асли, гаров нарсаси бўлган мулкнинг бозор баҳоси билан солиштириш юзасидан қилинган таҳлили ва маълумоти, баҳоси тўғрисида ҳисоботи, агарда кредит сотиб олишни молиялаштириш учун берилаётган бўлса, гаровга қўйилган мулкнинг баҳоси ҳақидаги ҳужжатлар, гаровга қўйилган мулкни сотиш баҳосини тасдиқловчи ҳужжатлар, мол-мулкни баҳолаш услублари, Ўзбекистон Республикасининг қонунларида назарда тутилган ҳолларда гаров ҳақидаги шартноманинг тегишли давлат идораси рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги белгиси мавжудлиги талаб этилиши назарда тутилган.

Булардан ташқари, вилоят прокурорининг кассация протестида банкнинг "Ўсмат ғишт заводи" АЖ билан 72810 АҚШ доллари миқдоридаги мол-мулкларини гаровга қўйиш тўғрисида 1998 йил 11 июнда тузилган ипотека шартномаси тузилган пайтда 1998 йилда юридик шахс мақомига эга бўлмасдан, "2-сонли Жиззахагроқурилиш" АЖнинг таркибий тузилмаси сифатида фаолият кўрсатиб келганлиги қайд этилган. Аммо, иш ҳужжатларида мавжуд 1994 йил 20 майдаги "2-сонли Жиззахагроқурилиш" АЖнинг 1-сонли таъсис шартномасида "Ўсмат ғишт заводи" таъсисчи сифатида кўрсатилган. Суд эса ушбу ҳолатни инобатга олмасдан, шошма-шошарликка йўл қўйиб, "Ўсмат ғишт заводи" АЖ юридик мақомга эга эмаслиги сабабли, унинг раҳбарини шартнома тузишга ваколати йўқ, деган хулосага келиб, ипотека шартномасини ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб топган.

Ипотека шартномаларини бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги мустақил даъво талаби қўйилмаган. Шунга қарамай, судлар асоссиз равишда моддий ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаб, ўз ташаббуслари билан вилоят прокурорининг апелляция ва кассация протестларига асосан шартномаларни ҳақиқий эмас деб топганлар.

Биринчи ва апелляция суд инстанциялари томонидан даъвогарнинг даъво талаблари асоссиз равишда миллий сўмда қаноатлантирилган. Даъвогар мавжуд қарзни валютада ундиришни сўраган. Шунинг учун кассация инстанцияси асосли равишда даъвогарнинг даъво талабини қисман қаноатлантириб, қарз суммасини АҚШ долларида ундирган бўлса-да, аммо ипотека шартномаларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида нотўғри хулосага келган.

Бундай ҳолда суд қарорларида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ бўлмаганлиги, моддий ҳуқуқ нормалари нотўғри қўлланилганлиги сабабли, низо бўйича қабул қилинган суд қарорларини ўзгартириб, даъвогарнинг даъво талабларини тўла ҳажмда қаноатлантириш лозим эди.

Баён этилганларга асосланиб, Раёсат Жиззах вилоят хўжалик судининг 2003 йил 23 июндаги ҳал қилув қарори, 2003 йил 26 сентябрдаги апелляция инстанцияси қарори ва 2004 йил 17 февралдаги кассация инстанцияси қарорини ўзгартириш, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг фойдасига "Бахмал шароб" АЖнинг гаровга қўйилган ва бошқа мол-мулклари ҳисобидан, "Ўсмат ғишт заводи" АЖнинг гаровга қўйилган мулклари ҳисобидан 178063,42 АҚШ доллари миқдорида асосий қарз, 11948,99 АҚШ доллари миқдорида фоизлар, 469,31 АҚШ долларилик банк хизмати ҳақи ва 28803,14 АҚШ доллари миқдорида неустойка ундириш, қарорларнинг қолган қисмини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида қарор қабул қилди.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2007 йил, 6-сон