язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни/ Раёсат қарорлари/ Кредит, кафиллик ва гаров шартномалари билан боғлиқ низолар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 08.06.2006 й. Р N 63-сон Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ РАЁСАТИ

ҚАРОРИ

08.06.2006 й.

N Р 63



(Кўчирма)



Қорақалпоғистон Республикаси Аддия вазирлиги "Кабель" акциядорлик жамияти (собиқ "Нукус кабель" МЧЖ) манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат этиб, Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банкининг Қорақалпоғистон Республикаси филиали ҳамда "Кабель" акциядорлик жамияти ўртасида 2000 йил 21 апрелда тузилган гаров шартномасини ва гаров шартномасини тузишга розилик бериш тўғрисидаги акциядорларнинг 2000 йил 4 мартдаги умумий йиғилиши қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик судининг 2004 йил 24 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Кассация инстанциясининг 2005 йил 14 мартдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Олий хўжалик суди раисининг биринчи ўринбосари томонидан келтирилган протестда суд қарорларини бекор қилиб, даъвони рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилиш масаласи қўйилган.

Раёсат, иш бўйича судья маърузасини, Бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаши тўғрисидаги фикрини эшитиб, протест важларини иш ҳужжатлари асосида муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра протестни қаноатлантириб, суд қарорларини бекор қилиб, даъвони рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилишни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, "Қорақалпоқтомат" корхонаси билан ТИФ Миллий банки ўртасида 2000 йил 12 апрелда Ц-3/09-2093-сонли кредит шартномаси тузилиб, банк "Қорақалпоқтомат" корхонасига 2750000 АҚШ доллари миқдорида кредит берган.

Кредит таъминоти учун банк ва "Кабель" акциядорлик жамияти ўртасида 2000 йил 21 апрелда гаров шартномаси тузилган. Ушбу шартномани тузишга акциядорларнинг 2000 йил 4 мартдаги умумий йиғилиши қарори асос бўлган.

Судлар гаров шартномасини ва умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топишда умумий йиғилиш қонун талаби асосида ўтказилмаганлигини ва гаров шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилмаганлигини асос қилиб олганлар.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 271-моддасига кўра, гаров шартномасининг ёзма шаклига риоя қилинмаганлиги, нотариал тасдиқланмаганлиги ва давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги шартноманинг ҳақиқий эмаслигини келтириб чиқаради.

"Кабель" акциядорлик жамияти ва банк ўртасида тузилган 2000 йил 21 апрелдаги гаров шартномаси нотариал тасдиқланган.

"Нотариат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18-моддасида нотариус жисмоний ва юридик шахсларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда кўмаклашиши, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириб бериши, томонлар тақдим этган битимлар лойиҳаларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириши, ушбу битимлар мазмуни томонларнинг асл мақсадига мос келиш-келмаслигини ва қонун талабларига зид келиш-келмаслигини текшириши, юридик жиҳатдан бехабарлик жисмоний ва юридик шахслар зарарига фойдаланилмаслиги учун амалга оширилаётган нотариал ҳаракатларнинг оқибатлари ҳақида уларни огоҳлантириши, қонун ҳужжатларига мос келмайдиган нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиши кўрсатилган.

Бинобарин, нотариал тасдиқланаётган битимнинг қонун талабларига қанчалик мос эканлигини аниқлаш битимни тасдиқлаётган давлат нотариуси томонидан амалга оширилиши лозим.

Ипотека шартномасини тузишда банкларга ипотека шартномаси тузишга асос бўлган жамият акциядорларининг умумий йиғилиши ўтказилган ёки ўтказилмаганлик ҳолатини текшириш мажбурияти юклатилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 150-моддасида умумий даъво қилиш муддати уч йил деб белгиланган. "Кабель" акциядорлик жамияти эса ипотека шартномаси ва акциядорларнинг умумий йиғилиши қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида қонунда белгиланган ушбу муддат ичида мурожаат этмасдан, кредит ва унинг фоизларини ундириш тўғрисида банк судга даъво киритгандан сўнг "Кабель" акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги орқали 2000 йил 21 апрелдаги ипотека шартномаси ва 2000 йил 4 мартдаги акциядорларнинг умумий йиғилиши қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. Бу ҳолат кредит шартномаси юзасидан низо келиб чи??унга қадар "Кабель" акциядорлик жамияти акциядорларининг умумий йиғилиши қарори ва ипотека шартномасига рози бўлганликларидан далолат беради.

Бундан ташқари, ТИФ Миллий банкининг жавобгарлар - "Қорақалпоқтомат" корхонаси, "Қорақалпоқ" жамоа хўжалиги ва "Кабель" акциядорлик жамиятидан 313645631 АҚШ доллари ундириш тўғрисидаги даъвоси бўйича қўзғатилган 23-0404/905-сонли хўжалик иши юзасидан кассация инстанцияси 2004 йил 22 сентябрда хусусий ажрим қабул қилиб, унда "Кабель" акциядорлик жамиятининг 2000 йил 4 мартдаги умумий йиғилиши қарорини сохталаштириш ва 2000 йил 21 апрелдаги гаров шартномасининг қонунийлигини текшириш белгиланиб, ажрим республика Бош прокуратурасига юборилган.

Ушбу хусусий ажрим асосида Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 205-моддаси иккинчи қисми "в" банди ва 209-моддаси биринчи қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов натижалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг биринчи ўринбосари томонидан 2005 йил 11 мартда тақдим этилган 21/5181-05-сонли ахборотномада "Кабель" акциядорлик жамияти мансабдор шахслари томонидан 516147 АҚШ долларилик электр кабелларини ишлаб чиқарувчи ускуналарни гаровга қўйишда жамият акциядорларининг умумий йиғилиши ўтказилганлиги, йиғилишда акциядорларнинг кўпчилиги иштирок этганлиги, йиғилиш баённомасининг қалбакилаштирилганлик ҳолати аниқланмаганлиги, гаров шартномасига "Кабель" акциядорлик жамияти номидан унинг раҳбари ҳеч кимнинг тазйиқисиз ўзи имзо чеккани аниқланганлиги тўғрисида маълумот берилган.

Юқорида қайд этилган ҳолатлар "Кабель" акциядорлик жамияти акциядорларининг 2000 йил 4 мартдаги умумий йиғилиши қонуний ўтказилганлиги, гаров шартномаси қонун талабларига мос равишда тузилганлигидан далолат беради.

Хўжалик процессуал кодексининг 200-моддаси биринчи қисмида суд ҳужжатининг ноқонунийлиги ёки асоссизлиги ҳал қилув қарорини, қарорни назорат тартибида ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлиши қайд этилган.

Баён этилганларга кўра, Раёсат суд қарорларини бекор қилиб, даъво талабларини рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилди.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2007 йил, 6-сон