язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни/ Раёсат қарорлари/ Кредит, кафиллик ва гаров шартномалари билан боғлиқ низолар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 08.06.2006 й. Р N 64-сон Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ РАЁСАТИ

ҚАРОРИ

08.06.2006 й.

N Р 64



(Кўчирма)



Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгарлар - "Наманган-консерва" акциядорлик жамияти ва Наманган туманидаги "Соҳибкор" корпорациясидан 569827,21 АҚШ доллари қийматидаги кредит ва фоизларни "Наманганконсерва" акциядорлик жамиятининг барча мол-мулклари ва гаровдаги мулкига ҳамда "Соҳибкор" корпорациясининг гаровга қўйилган мулкига қаратиш йўли билан ундиришни сўраган.

Наманган вилоят хўжалик судининг 2003 йил 9 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаблари қаноатлантирилиб, "Соҳибкор" корпорациясининг жавобгарлиги гаровга қўйилган мулки доирасида белгиланган.

Апелляция инстанциясининг 2003 йил 9 октябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, "Соҳибкор" ширкат хўжалиги (собиқ "Соҳибкор" корпорацияси) жавобгарликдан озод этилган.

Кассация инстанциясининг 2004 йил 18 мартдаги қарори билан апелляция инстанциясининг мазкур қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Олий хўжалик суди раисининг ўринбосари томонидан келтирилган протестда апелляция ва кассация инстанцияси қарорларини бекор қилиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш масаласи қўйилган.

Раёсат, иш бўйича судьянинг маърузасини, Бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаши тўғрисидаги фикрини эшитиб, иш ҳужжатларини ва протестда келтирилган важларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга асосан протестни қаноатлантириш лозим деб ҳисоблайди.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки ва "Наманганконсерва" акциядорлик жамияти ўртасида 1998 йил 19 февралда кредит шартномаси тузилиб, унга кўра жавобгарга 5 йилу 6 ой муддатга ускуналар олиш учун 1182000 АҚШ доллари миқдорида кредит берилган.

Кредитни қайтариш муддати томонларнинг келишувига асосан 2003 йил 10 июль деб белгиланган. Кредитнинг қайтарилишини таъминлаш мақсадида банк ва жавобгар ўртасида 1998 йил 25 февраль куни Ц 4/13-2002-И 1-сонли ипотека шартномаси тузилиб, у бўйича жавобгарга тегишли кўчмас мулк гаровга қўйилиб, банк томонидан 609000 АҚШ доллари ҳисобида қабул қилинган.

Бундан ташқари, 1998 йил 25 февралдаги Ц 4/13-2002-3-сонли гаров шартномасига кўра, кредит маблағига олинадиган ускуналар гаровга қўйилиб, банк томонидан 514200 АҚШ долларига баҳоланган ва қабул қилинган. Банк ва "Соҳибкор" корпорацияси ўртасида 1998 йил 25 февралда тузилган Ц 4/13-2002-И2-сонли ипотека шартномасида корпорациянинг жавобгарлиги 295200 АҚШ доллари доирасида белгиланган.

Биринчи инстанция суди "Соҳибкор" корпорациясининг белгиланган жавобгарликдан чиқариш тўғрисидаги эътирозини ўрганиб чиқиб, томонлар ўртасида тузилган гаров шартномасининг шартлари ўзгартирилмаганлиги ва уни бекор қилиш тўғрисида қарши даъво тақдим этилмаганлиги сабабли, уларни асосли равишда инобатга олмаган.

Апелляция инстанцияси эса бундай даъво талаби қўйилмаган бўлса-да, жавобгарларнинг эътирозларини даъво талаби тарзида муҳокама қилиб, "Соҳибкор" корпорациясини жавобгарлар сафидан чиқарган.

Бундай хулосага келишда апелляция инстанцияси гаровга қўйилган иссиқхона корпорация аъзоларининг пай асосида умумий мулки ҳисобланиши ва гаровга қўйилаётган мулк катта миқдордаги битим бўлганлиги сабабли, гарчанд ушбу битимни тузиш учун корпорация аъзолари умумий йиғилишининг 1998 йил 10 февралдаги 4-сонли баённомаси билан розилик билдирилган бўлса-да, аммо гаров шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилмаганлиги ва умумий йиғилишда қабул қилинган қарор нусхаси ҳамда баённома судга тақдим этилмаганлигини асос қилиб олган.

Кассация инстанцияси апелляция инстанцияси томонидан моддий ҳуқуқ нормаси нотўғри қўлланилганлигига ҳуқуқий баҳо бермасдан, асоссиз равишда апеллядия инстанцияси қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

Иш материалларида банк ва "Соҳибкор" корпорацияси ўртасида 1998 йил 25 февралда тузилган 114/13-2002-И2-сонли гаров шартномаси мавжуд бўлиб, мазкур шартнома давлат нотариуси томонидан тасдиқланиб, 10-реестр рақами билан рўйхатдан ўтказилган ва Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан рўйхатга олиниб, 1/з-83а сонли гувоҳнома берилган.

"Соҳибкор" корпорациясининг ўзига қарашли иссиқхона комплексини гаровга қўйиш тўғрисидаги 1998 йил 8 майдаги шартнома ҳам нотариус томонидан тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 270-моддасида гаров ҳуқуқи гаров тўғрисида шартнома тузилган пайтдан ёхуд башарти, шартнома нотариал тасдиқланиши шарт бўлса - нотариал тасдиқланган пайтдан, шартнома рўйхатдан ўтказилиши шарт бўлганида эса - у рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Бундай ҳолда "Соҳибкор" корпорациясини жавобгарликдан озод қилиш учун қонуний асослар мавжуд бўлмаган.

Қайд этилганларга асосан, Раёсат апелляция инстанцияси судининг ҳамда кассация инстанциясининг қарорларини бекор қилиб, Наманган вилоят хўжалик судининг 2003 йил 9 июлдаги ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида қарор қабул қилди.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2007 йил, 6-сон