язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни/ Раёсат қарорлари/ Кредит, кафиллик ва гаров шартномалари билан боғлиқ низолар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 27.04.2006 й. Р N 41-сон Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ РАЁСАТИ

ҚАРОРИ

27.04.2006 й.

N Р 41



(Кўчирма)



Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банки хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 302850496 АҚШ доллари миқдоридаги кредит қарзини "Мева" қўшма корхонасининг барча мол-мулки ҳисобидан ҳамда кредитнинг 1708600 АҚШ долларини кафил - "Хонқа дон маҳсулотлари" АЖдан ундириб беришни сўраган.

"Хонқа дон маҳсулотлари" АЖ қарши даъво аризаси бериб, 1999 йил 16 январда даъвогар билан тузилган 22-сонли кафиллик шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни ва даъвонинг унга нисбатан қисмини рад этишни сўраган.

Хоразм вилоят хўжалик судининг 2003 йил 22 октябрдаги ҳал қилув қарори билан Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банкининг даъвоси қисман қаноатлантирилиб, "Мева" қўшма корхонасининг мол-мулки ҳисобидан 302850496 АҚШ доллари ундирилган. Қарши даъво аризаси қаноатлантирилиб, кафиллик шартномаси ҳақиқий эмас деб топилган ва "Хонқа дон маҳсулотлари" АЖ жавобгарликдан озод қилинган.

Иш апелляция инстанциясида кўрилмаган.

Кассация инстанциясининг 2004 йил 24 февралдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Олий хўжалик суди раисининг ўринбосари томонидан келтирилган протестда иш бўйича қабул қилинган суд қарорларини ўзгартириб, даъвогарнинг даъво талабларини тўлиқ қаноатлантириш сўралган.

Раёсат, судья маърузасини тинглаб, протест важларини муҳокама қилиб, Бош прокурор ўринбосарининг протестни қўллаб-қувватлаши ҳақидаги фикрини эшитиб, қуйидаги асосларга кўра протестни қаноатлантириш лозим деб ҳисоблайди.

Иш ҳужжатларига кўра, "Хонқа дон маҳсулотлари" АЖ ва Италиянинг "ҒЕNКО s.р.а" компаниясининг 1998 йил 10 сентябрдаги 1-сонли йиғилиш баёнига асосан "Мева" қўшма корхонаси таъсис этилиб, унинг Низоми тасдиқланган, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 20 октябрда 002950-сонли рақам билан рўйхатдан ўтказилган.

1999 йил 22 январда Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банки ва "Мева" қўшма корхонаси ўртасида Ц-4/13-2055-сонли кредит шартномаси тузилиб, корхонага 5 йил муддатга йиллик +2.91 % тўлаш шарти билан 2720000 АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилган.

Мазкур кредит шартномаси мажбуриятларининг бажарилиши Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банки билан "Хонқа дон маҳсулотлари" АЖ ўртасида 1999 йил 16 январда тузилган 22-сонли кафиллик шартномаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банки билан "Мева" қўшма корхонаси ўртасида 1999 йил 22 январда тузилган 2055-сонли гаров шартномаси билан таъминланган.

"Мева" қўшма корхонаси томонидан кредит ва унга ҳисобланган фоизлар шартномада белгиланган муддатларда қайтарилмаганлиги сабабли банк кредитни ундириш учун хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Биринчи инстанцияси суди "Хонқа дон маҳсулотлари" АЖнинг қарши даъво талабларини қаноатлантириб, кафиллик шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида хулосага келишда "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг нормаларини нотўғри талқин қилган.

Қайд этилган Қонуннинг 91-моддасида жамият кузатув кенгаши аъзоси, жамиятнинг ўзга бошқарув органларидаги мансабдор шахс, ўзининг тобе (аффилланган) шахси билан биргаликда жамият овоз берувчи акцияларининг йигирма ва ундан қўпроқ фоизига эга бўлган акциядор (акциядорлар), агар мазкур шахслар, уларнинг эрлари (хотинлари), ота-оналари, фарзандлари, ака-укалари, опа-сингиллари, шунингдек уларнинг барча аффилланган шахслари:

битимнинг томонларидан бири бўлган ёки унда вакил ёхуд воситачи сифатида қатнашаётган юридик шахс бошқарув органларининг мансабдор шахси бўлса, улар жамиятнинг битим тузишидан манфаатдор шахслар деб ҳисобланиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банки билан "Хонқа дон маҳсулотлари" АЖ ўртасида тузилган кафиллик шартномаси жамият номидан раис А. Ўринов томонидан имзоланган. А. Ўринов айни вақтда "Мева" қўшма корхонаси таъсисчиларининг умумий йиғилишида "Хонқа дон маҳсулотлари" АЖ номидан вакил сифатида қатнашган. Аммо, судлар А. Ўринов "Мева" қўшма корхонаси бошқарув органларининг бирор-бир мансабдор шахси бўлмаса-да, уни таъсисчиларнинг умумий йиғилиш олий органи бошқарувининг аъзоси, шу сабабли у жамиятнинг битим тузишидан манфаатдор шахс, бувдай ҳолда тузилишидан манфаатдорлик бўлган битимнинг жамият томонидан тузилиши тўғрисидаги қарор овоз берувчи акциялар эгалари бўлмиш акциядорларнинг умумий йиғилишида битимни тузишдан манфаатдор бўлмаган акциядорларнинг кўпчилик овози билан қабул қилиниши лозимлиги, А. Ўриновнинг кафиллик шартномасини тузиш ваколатлари эса қонун билан чекланган деб ҳисоблаб, асоссиз равишда кафиллик шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги хулосага келган ва бундай хулосага келишда асос сифатида "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 91-94-моддаларини кўрсатишган.

Ваҳоланки, ушбу моддаларга асосан А. Ўринов жамиятнинг битим тузишидан манфаатдор шахс бўлиши учун битимнинг томонларидан бири бўлган ёки унда вакил ёхуд воситачи сифатида қатнашаётган юридик шахс бошқарув органларининг мансабдор шахси бўлиши лозим эди.

"Мева" қўшма корхонаси кафиллик шартномасининг томонларидан бири ҳам бўлмаган, унда вакил ёки воситачи сифатида ҳам қатнашмаган. Аксинча, шартноманинг томонларидан бири бўлиб Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банки қатнашган. А. Ўринов эса Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банки бошқарув органларининг мансабдор шахси ҳисобланмайди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 132-моддасига мувофиқ вакил қилинмаган шахс томонидан бошқа шахс номидан тузилган ёки ваколатдан ташқари чиқиб тузилган битим ваколат берган шахс ушбу битимни кейинчалик маъқуллаган тақдирдагина унинг учун ҳуқуқ ва мажбуриятларини вужудга келтиради, ўзгартиради ва бекор қилади. Битим тузишга ваколат берган шахс битимнинг ижрога қабул қилинганлигидан гувоҳлик берувчи ҳаракатлар қилган ҳолда ҳам бундай битим маъқулланган ҳисобланади.

"Хонқа дон маҳсулотлари" АЖ Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банки билан 1999 йил 16 январда тузган 22-сонли кафиллик шартномасини маъқуллаб, битимнинг ижрога қабул қилганлигини тасдиқловчи ҳаракатларни амалга оширган, "Мева" қўшма корхонасининг кредит ва фоизларидан бўлган қарздорлигини кафиллик шартномасига асосан тўлов топшириқномалари билан тўлаб келган.

Биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятли бўлган ушбу ҳолатларга тўғри баҳо бермаган. Йўл қўйилган мазкур камчиликлар кассация инстанцияси суди томонидан ҳам бартараф этилмасдан, ҳал қилув қарори асоссиз равишда ўзгаришсиз қолдирилган.

Бундай ҳолда суд қарорларида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ бўлмаганлиги, моддий ҳуқуқ нормаларининг нотўғри қўлланилганлиги сабабли низо бўйича қабул қилинган суд қарорлари ўзгартирилиши, суд қарорларининг қарши даъвони қаноатлантириш тўғрисидаги қисми бекор қилиниши, даъвогарнинг даъво талаби тўлиқ қаноатлантирилиши, қарши даъво рад қилиниши, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 293-моддаси 1-қисмига асосан кредитнинг 1708600 АҚШ доллари "Мева" қўшма корхонаси ва кафил - "Хонқа дон маҳсулотлари" АЖдан солидар тартибда ундирилиши, суд қарорларининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилиши лозим.

Юқоридагиларга кўра, Раёсат ушбу иш бўйича қабул қилинган 2003 йил 22 октябрдаги қал қилув қарори, Олий хўжалик суди судлов ҳайъатининг 2004 йил 24 февралдаги қарорини ўзгартириб, суд қарорларининг қарши даъвони қаноатлантириш тўғрисидаги қисмини бекор қилиб, қарши даъвони рад қилиш, даъвогар - Ўзбекистон Республикаси ТИФ Миллий банкининг даъво талабини тўлиқ қаноатлантириш, 302850496 АҚШ доллари миқдоридаги кредит қарзининг 1708600 АҚШ долларини "Мева" қўшма корхонаси ва кафил - "Хонқа дон маҳсулотлари" АЖдан солидар тартибда ундириш ва "Мева" қўшма корхонаси мол-мулкидан 302850496 АҚШ долларини ундириш тўғрисидаги қисмини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2007 йил, 6-сон