язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Лицензиялаш. Рухсат бериш тартиб-таомиллари/ Қимматбаҳо қоғозлар бозори. Қимматбаҳо қоғозлар бланкаларини ишлаб чиқариш/ Қимматли қоғозлар бозорида касбий фаолиятни лицензиялаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 09.07.2003 й. 308-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 9 июлдаги

308-сон қарорига

1-ИЛОВА



Қимматли қоғозлар бозорида касбий

фаолиятни лицензиялаш тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Қимматли қоғозлар бозорида касбий фаолият турларини лицензиялаш тартибини белгилайди.

2. Қимматли қоғозлар бозорида касбий фаолиятни лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази (кейинги ўринларда лицензияловчи орган деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

3. Қимматли қоғозлар бозоридаги касбий фаолиятни фақат юридик шахслар амалга оширишлари мумкин.

Банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган тижорат банклари қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси, инвестиция активларини бошқарувчи ва инвестиция консультанти сифатида касбий фаолиятни амалга оширишга ҳақлидирлар. Бунда тижорат банклари томонидан қимматли қоғозлар бозоридаги касбий фаолиятни амалга ошириш учун лицензия олиш талаб қилинмайди.

Суғурта фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган суғурталовчилар қимматли қоғозлар бозорида инвестицион воситачи сифатида касбий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эгадир. Бунда суғурталовчининг қимматли қоғозлар бозоридаги касбий фаолиятни амалга ошириш учун лицензия олиши талаб қилинмайди.

Тижорат банклари ва суғурталовчилар мазкур банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган профессионал фаолиятни амалга оширишда мазкур Низомнинг 7-бандида белгиланган қимматли қоғозлар бозорида касбий фаолиятни амалга оширишнинг лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиши шарт.

Қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси ва (ёки) инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиси сифатида касбий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган юридик шахс қимматли қоғозларни чиқариш масалалари бўйича маслаҳат хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга. Бунда, у қимматли қоғозлар бозорида инвестиция консультанти сифатида касбий фаолиятни амалга ошириш учун алоҳида лицензия олиши талаб этилмайди.

Чекланмаган шахслар доирасига оммавий ахборот воситалари орқали қимматли қоғозларни чиқариш, жойлаштириш ва фойдаланиш масалалари, қимматли қоғозлар бозори ва унинг иштирокчилари ҳолатининг таҳлили ва истиқболи бўйича маслаҳат хизматларини кўрсатувчи шахсга қимматли қоғозлар бозорида инвестиция консультанти сифатида касбий фаолиятни амалга ошириш учун алоҳида лицензияни олиш талаб этилмайди.

4. Қимматли қоғозлар бозоридаги касбий фаолиятни амалга ошириш учун лицензия амал қилиш муддати чекланмасдан берилади.

5. Қимматли қоғозлар бозоридаги касбий фаолиятни амалга оширишга намунавий (оддий) лицензиялар берилади.

6. Лицензиялар қимматли қоғозлар бозорида қуйидаги касбий фаолиятни:

инвестиция воситачиси;

инвестиция маслаҳатчиси;

инвестиция фонди;

инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиси;

трансфер-агент;

қимматли қоғозлар билан биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси сифатида амалга ошириш учун берилади.

Лицензия талабгорига унинг аризасига кўра қимматли қоғозлар бозорида касбий фаолиятни ёки ушбу фаолиятнинг бир қисмини амалга ошириш учун лицензия берилиши мумкин. Қимматли қоғозлар бозорида касбий фаолиятни амалга ошириш учун лицензия қимматли қоғозлар бозорида касбий фаолиятни қўшиб олиб бориш учун белгиланган чекловларни ҳисобга олган ҳолда берилади.

Қимматли қоғозлар бозоридаги касбий фаолият юридик ёки жисмоний шахс томонидан фақат лицензияда кўрсатилган фаолият тури бўйича амалга оширилиши мумкин. Лицензияни ёки унинг бўйича ҳуқуқларни бошқа шахсларга бериш тақиқланади.


II. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


7. Қуйидагилар қимматли қоғозлар бозоридаги касбий фаолиятни амалга оширишнинг лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

а) лицензиат томонидан қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, лицензияловчи органнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, шунингдек мазкур Низомга мажбурий риоя қилиниши;

б) лицензиатнинг ўз маблағлари (сармояси) ва бошқа молиявий кўрсаткичларининг етарлилигини ва лицензияловчи орган томонидан белгиланган мажбурий нормативларга мувофиқлигини таъминлаш;

в) лицензияловчи орган томонидан белгиланган дастурий-техник комплексга қўйиладиган талабларнинг дастурий таъминоти ва техник воситалари мувофиқлиги ҳамда қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари ва фонд биржалари билан ўзаро электрон алоқага тайёрлиги;

г) қимматли қоғозлар бозорида касбий фаолиятни амалга оширувчи лицензиатда қимматли қоғозлар билан операцияларнинг ички ҳисобини юритиш вазифасига кирувчи камида битта ходимнинг бўлиши ҳамда ички назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш вазифасига кирувчи камида битта ходим (назоратчи) бўлиши;

д) қуйидаги шахслар лицензиатнинг раҳбари бўлиши мумкин эмас:

молия-иқтисод, юридик, математика ёки ахборот технологиялари мутахассисликларидан камида биттаси бўйича олий маълумотли бўлмаган шахслар;

қимматли қоғозлар бозоридаги касбий фаолиятни амалга оширувчи ташкилотларда, фонд биржаларида ёхуд иқтисодий, молиявий ва юридик фаолият соҳаларида, ахборот технологиялари соҳасида ёки кўрсатиб ўтилган йўналишлар бўйича давлат бошқарув органларидаги ишда камида икки йиллик иш стажига эга бўлмаган шахслар;

якка ҳолда ижро этувчи орган функцияларини бажарган, коллегиал ижро этувчи орган таркибига кирган ёки ушбу шахсларнинг айби билан йўл қўйилган лицензия талаблари ва шартлари бузилганлиги учун кўрсатиб ўтилган ташкилотларда касбий фаолиятни амалга оширишга берилган лицензияларнинг амал қилиши тўхтатилган пайтда, агар бундай тўхташ пайтидан бошлаб уч йилдан кам вақт ўтган бўлса, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси, фонд биржаси, кредит, суғурта ёки аудиторлик ташкилотининг муассислари бўлган шахслар;

иқтисодиёт соҳасидаги жиноят учун ёки бошқарув тартибига қарши жиноят учун олиб ташланмаган судланганликка эга бўлган шахслар;

юридик шахс банкрот деб эътироф этилган пайтда ва эътироф этилган пайтдан бошлаб икки йил ўтмаган бўлса, якка ҳолда ижро этувчи орган функцияларини бажарган ёки коллегиал ижро этувчи орган таркибига кирган шахслар;

е) лицензиатнинг мутахассислари, мансабдор шахслари ва назоратчисининг лицензияловчи орган томонидан тасдиқланган малака талабларига мувофиқлиги;

ж) ўзининг дастурий воситаси мавжуд бўлган тақдирда муаллифлик ҳуқуқини тасдиқлайдиган гувоҳноманинг мавжудлиги.

Мазкур банднинг "б" - "ж" кичик бандларида кўрсатилган қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширишнинг лицензия талаблари ва шартлари қимматли қоғозлар бозорида инвестиция фонди сифатида касбий фаолиятни амалга оширишга татбиқ этилмайди.

8. Қимматли қоғозлар бозорида касбий фаолиятнинг икки ва ундан ортиқ қисмларига лицензия олишда лицензия талабгорига қуйидаги талаблар қўйилади:

қонун ҳужжатларига мувофиқ қимматли қоғозлар бозорида фаолиятнинг қўшимча (қўшиб олиб бориладиган) қисми қимматли қоғозлар бозорида касбий фаолиятнинг амалга ошириладиган қисмига мувофиқ бўлиши керак;

қимматли қоғозлар бозорида қўшимча (қўшиб олиб бориладиган) фаолият қисмини амалга ошириш ниятида бўлган лицензия талабгори ёки лицензиат лицензияловчи органга мазкур Низомда кўрсатилган лицензияланадиган фаолиятнинг тегишли қисмига ҳужжатларни тақдим этиши ва қонун ҳужжатларида белгиланган ўз маблағлари (сармоя)нинг етарли миқдорига эга бўлиши керак.

Лицензияловчи органнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида лицензия талаблари ва шартлари унга ҳам жорий этиладиган лицензиатнинг ва унинг таркибий бўлинмасининг қўшиб олиб бориладиган касбий фаолият қисмини амалга оширишга қўйиладиган талаблар ва унинг тартиби, шунингдек уларнинг касбий фаолиятни қўшиб олиб боришга ва қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга оширишга чекловлар белгиланади.


III. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН

ЗАРУР БЎЛГАН ҲУЖЖАТЛАР


9. Лицензия олиш учун лицензия талабгори лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) лицензия бериш тўғрисида қуйидагилар кўрсатилган ҳолдаги ариза:

юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), электрон почта манзиллари, банк муассасасининг номи ва банк муассасасида талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб рақамининг тартиб рақами;

лицензия талабгори қимматли қоғозлар бозорида амалга ошириш ниятида бўлган касбий фаолият;

в) лицензия талабгорининг аризаси лицензияловчи орган томонидан кўриб чиқилганлиги учун лицензия талабгори (чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналардан ташқари) томонидан йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

д) охирги ҳисобот санасига молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот билан биргаликда бухгалтерия баланси нусхаси (талабгор охирги ҳисобот санасидан кейин ташкил этилган ҳоллардан ташқари);

е) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ охирги ҳисобот санасига ўз маблағлари (сармояси) миқдори ҳисоб-китоби;

ж) лицензия талабгори бўлган (инвестиция фондларидан ташқари) раҳбари ва ходимларининг лицензияловчи органнинг малака талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари, шу жумладан лицензия талабгори бўлган юридик шахснинг улар доимий асосда ишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги ҳужжатларнинг нусхалари, шунингдек якка ҳолда ижро этувчи орган функциясини амалга оширувчи шахсларнинг меҳнат стажини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари;

з) ахборотни сақлаш, муҳофаза қилиш ва тиклаш тартиби, шу жумладан талабгор томонидан тасдиқланган махфий ахборотидан ноҳуқуқий фойдаланишга қаратилган чора-тадбирлар рўйхати;

и) қимматлли қоғозлар бозорида касбий фаолиятнинг лицензиялаш учун талаб этиладиган мазкур Низомнинг 10-15-бандларида санаб ўтилган бошқа ҳужжатлар;

к) ўз маблағларини пул шалида бўлмаган маблағларни қўйиш ҳисобига шакллантирадиган янги ташкил этилган юридик шахслар баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этишлари керак. Ўз маблағларини шакллантириш учун пул маблағлари қўйилиши ҳолида, лицензия талабгори лицензияловчи орган томонидан белгиланган меъёрларга мувофиқ унинг банкдаги ҳисобварағида маблағлар борлиги тўғрисидаги банк маълумотномасини тақдим этиши керак;

л) Ички назорат тўғрисидаги низомнинг нусхаси.

10. Инвестиция маслаҳатчиси ва инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиси сифатида касбий фаолиятни амалга оширишга лицензия олиш учун лицензия талабгори қўшимча равишда талабгор томонидан тасдиқланган қуйидаги ҳужжатларнинг нусхаларини тақдим этади:

Қимматли қоғозлар билан операцияларни ички ҳисобга олиш қоидалари;

Мижознинг манфаатлари билан низо келиб чиққанда инвестиция маслаҳатчиси ва инвестиция активларининг ишончли бошқарувчисининг хатти-ҳаракатлари тартиби.

11. Инвестиция фонди сифатида касбий фаолиятни амалга оширишга лицензия олиш учун лицензия талабгори қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

инвестиция фонди билан инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиси ўртасида контракт тузилганлиги тўғрисидаги дастлабки шартноманинг лицензиат томонидан тасдиқланган нусхаси;

инвестиция фонди билан Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ўртасида контракт тузилганлиги тўғрисидаги дастлабки шартноманинг лицензиат томонидан тасдиқланган нусхаси.

12. Инвестиция воситачиси сифатида фаолиятни амалга оширишга лицензия талабгори қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

мижозларга хизмат кўрсатиш тартиби;

лицензияловчи органнинг талабларига мувофиқ бўлган депозитар операцияларни амалга оширишга қўйиладиган ички тартиб;

депозитар операцияларни амалга ошириш учун дастурий воситани сотган (берган) ташкилот билан тузилган депозитар операцияларни амалга ошириш бўйича дастурий воситадан тижорат мақсадида фойдаланишга муаллифлик лицензия шартномаси нусхаси;

депозитар операцияларни амалга ошириш бўйича дастурий таъминотнинг техник тавсифи;

депозитар операцияларни амалга ошириш учун фойдаланиладиган техник воситаларнинг тавсифлари кўрсатилган ҳолдаги рўйхати;

дастурий таъминот ва техник воситаларнинг инвестиция воситачиларининг дастурий-техник комплексларига қўйиладиган белгиланган талабларга мувофиқлиги ҳамда қимматли қоғозлар бозори профессионал қатнашчилари, фонд биржаси ва Марказий депозитарий билан электрон ўзаро ҳамкорликка тайёрлиги тўғрисида Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг хулосаси;

Талабгор томонидан тасдиқланган мижозлар билан тузилган шартномаларга асосан кўрсатилган хизмат ва операцияларни ички ҳисобга олиш қоидалари нусхаси;

Талабгор томонидан тасдиқланган мижознинг манфаатлари билан низо келиб чиққанда инвестиция воситачисининг хатти-ҳаракатлари тартиби нусхаси.

14. Қимматли қоғозлар бозорида трансфер агент сифатида касбий фаолиятни амалга оширишга лицензия олиш учун лицензия талабгори қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

трансфер-агент регламенти;

трансфер-агент хизмати кўрсатиш тўғрисидаги намунавий шартнома.

15. Қимматли қоғозлар билан биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси сифатида касбий фаолиятни амалга оширишга лицензия олиш учун лицензия талабгори қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

мазкур дастурий воситани сотган (берган) ташкилот билан тузилган биржадан ташқари савдони ташкил этиш бўйича дастурий воситадан тижорат мақсадида фойдаланишга муаллифлик лицензия шартномаси нусхаси;

клиринг фаолиятини амалга ошириш учун дастурий воситаларни тижорат мақсадида ишлатишга мазкур дастурий воситани сотган (берган) ташкилот билан тузилган муаллифлик лицензия шартномасининг нусхаси;

тегишли дастурий таъминотнинг техник тавсифи;

қимматли қоғозларни муомалага қўйиш ва муомаладан чиқариш тартиботлари, қимматли қоғозлар нархлари котировкаси тўғрисидаги қоидаларни ўз ичига олувчи қимматли қоғозлар савдоси қоидалари;

клиринг хизматини амалга ошириш қоидалари;

банк реквизитлари кўрсатилган ҳолда клиринг хизматини кўрсатиш учун талабгорнинг алоҳида банк ҳисоб рақами мавжудлиги тўғрисидаги тижорат банкининг ёзма тасдиқномаси;

Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийси ва тижорат банки билан қимматли қоғозлар ва пул маблағларида ҳисоб-китобларни таъминлаш бўйича мос равишда тузилган шартнома нусхаси;

индекслар ҳисоб-китоби методикаси, агар мавжуд бўлса;

қимматли қоғозлар билан биржадан ташқари савдолар ташкилотчисининг қатнашчиларини қўйиш тартиби;

ахборотни ошкор қилиш тартиби;

ҳийла-найранг ишлатиш ва инсайдер ахборотдан фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар рўйхати.

15-1. Лицензияловчи орган лицензия бериш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотларни белгиланган тартибда ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан электрон тарзда мустақил равишда олади, ушбу Низомнинг 9 - 12, 14 ва 15-бандларида назарда тутилган ҳужжатлар ва ахборотлар бундан мустасно.

16. Лицензия талабгоридан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатлар тақдим этилиши талаб қилинишига йўл қўйилмайди.

Матни бир варақдан кўп бўлган ҳужжатлар тартиб рақами қўйилган, ип ўтказиб тикилган ва лицензия талабгорининг ваколатли шахси имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак.

17. Ҳужжатлар лицензия талабгори томонидан лицензияловчи органга бевосита ёхуд олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан биргаликда почта алоқа воситалари орқали етказиб берилади.

Ҳужжатлар лицензияловчи органнинг масъул шахси томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, унинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилинганлиги санаси тўғрисида белги қўйилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).


18. Ишончсиз ёки бузилган маълумотлар тақдим этилганлиги учун лицензия талабгори қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



IV. АРИЗАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА

ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШ ЁКИ ЛИЦЕНЗИЯ

БЕРИШНИ РАД ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


19. Лицензия талабгорининг (чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналардан ташқари) лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун ҳар бир бериладиган лицензия (қимматли қоғозлар бозорида касбий фаолиятнинг ҳар бир қисми) учун энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида йиғим ундирилади.

Ариза кўриб чиқилганлиги учун йиғим суммаси лицензияловчи органнинг банк ҳисоб рақамига ўтказилади. Лицензия талабгори берилган аризани рад этган тақдирда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.


20. Қимматли қоғозлар бозорида касбий фаолиятни лицензиялаш мазкур Низомга илова қилинадиган схемага мувофиқ амалга оширилади.

21. Лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда лицензия талабгорининг аризаси олинган кундан бошлаб ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинади.


22. Лицензиялар бериш тўғрисидаги ҳужжатларни кўриб чиқиш, улар бўйича хулосалар тайёрлаш учун лицензияловчи органда эксперт комиссияси ташкил этилади. Эксперт комиссияси таркиби ва унинг тўғрисидаги низом лицензияловчи орган томонидан тасдиқланади.

Лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда улар қабул қилинадиган кунда эксперт комиссиясининг кўриб чиқиши учун киритилади.

Эксперт комиссияси йигирма кундан ортиқ бўлмаган муддатда тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва улар бўйича лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида эксперт хулосаси тайёрлайди.


23. Лицензияловчи орган уч кун муддатда эксперт комиссиясининг хулосаси асосида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Лицензияловчи орган тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун муддатда лицензия талабгорини қабул қилинган қарордан хабардор қилади.

Лицензия беришга қарор қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига банк ҳисоб рақами реквизитлари, давлат божи тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади).


24. Лицензияловчи орган ва лицензиатнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи лицензия битимида қуйидагилар бўлиши керак:

битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;

томонларнинг реквизитлари;

амалга оширилишига лицензия берилаётган қимматли қоғозлар бозоридаги фаолият қисми (қисмлари)нинг номи;

лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;

лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

томонларнинг реквизитлари ўзгарганлиги тўғрисида хабардор қилиш тартиби;

лицензия талаблари ва шартларининг бир марта қўпол равишда бузилиши сифатида эътироф этиладиган қимматли қоғозлар бозоридаги тартиб бузишлар рўйхати;

лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартлари бажарилиши устидан лицензияловчи органнинг назорат қилиши тартиби.

Лицензия битими икки нусхада - лицензиат ва лицензияловчи орган учун биттадан нусхада тузилади.


25. Лицензиялар махсус бланкаларда расмийлаштирилади. Лицензиялар бланкалари намуналари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 20 декабрдаги 488-сон қарорига мувофиқ лицензияловчи орган томонидан тасдиқланади.

Лицензиялар бланкалари қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади. Лицензиялар бланкалари лицензияловчи органнинг буюртмаси бўйича "Давлат белгиси" давлат-ишлаб чиқариш бирлашмасида босма усулда тайёрланади. Лицензияловчи орган раҳбари лицензиялар бланкаларининг ҳисобга олиниши, сақланиши ва улардан мақсадли фойдаланилиши учун жавоб беради.

Лицензиялар лицензия талабгори томонидан давлат божи тўланганлигини (чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналардан ташқари) тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан ва у лицензия битимини имзолагандан кейин уч кун муддатда расмийлаштирилади ва берилади.

26. Агар лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб уч ой мобайнида лицензияловчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини (чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналардан ташқари) тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса ёхуд лицензия битимини имзоламаса, лицензияловчи орган лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.

27. Лицензия бериш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида белгиланган асослар бўйича рад этилиши мумкин.

Лицензия талабгори лицензия бериш рад этилиши тўғрисидаги қарор, шунингдек лицензияловчи орган мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.


28. Лицензия бериш рад этилиши тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни такроран кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.

29. Лицензия талабгори томонидан лицензия бериш рад этилишига асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш лицензияловчи орган томонидан лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда олинган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Такроран тақдим этилган ҳужжатлар эксперт комиссиясининг кўриб чиқиши учун улар қабул қилинадиган кунда киритилади.

Эксперт комиссияси олти кундан ортиқ бўлмаган муддатда тақдим этилган ҳужжатларни такроран кўриб чиқади ва улар бўйича лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида эксперт хулосаси тайёрлайди.

Лицензияловчи орган уч кун муддатда эксперт комиссияси хулосаси асосида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


30. Лицензия талабгори аризаларининг қайта кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Лицензия талабгорининг аризасини қайта кўриб чиқишда илгари лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.


V. ЛИЦЕНЗИЯНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ,

ДУБЛИКАТ БЕРИШ

31. Лицензиат ўзгартирилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда лицензияловчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

Янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида қимматли қоғозлар бозорида касбий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган лицензиатлар қўшиб юборилган тақдирда, лицензияни ушбу банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган тартибда қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.

Лицензиянинг амал қилиши лицензияланадиган фаолият турининг бир қисми (қисмлари) учун тўхтатилган тақдирда, лицензия қайта расмийлаштирилади.

32. Лицензиат лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.


33. Лицензияловчи орган лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Лицензияларни қайта расмийлаштириш лицензияловчи орган томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияларни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза олинган кундан ёки лицензиянинг амал қилишини лицензияланадиган фаолият турининг бир қисми (қисмлари) учун тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб беш кун мобайнида амалга оширилади.

Лицензияларни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси лицензияловчи органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.

35. Йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига лицензиатнинг аризасига кўра унинг дубликати берилиши мумкин.

Лицензия дубликатларини беришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади.



VI. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИГА

РИОЯ ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


36. Лицензиатнинг лицензия талаблари ва шартларига риоя этишини назорат қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лицензияловчи орган томонидан амалга оширилади.


37. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратини амалга оширишда лицензияловчи орган ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режали текшириш;

лицензия талаблари ва шартлари лицензиат томонидан бузилганлигидан далолат берувчи ҳоллар мавжуд бўлган тақдирда лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонунда белгиланган тартибда режадан ташқари текшириш;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар юзасидан лицензиатдан зарур ахборотни сўраш ва олиш;

текширишлар натижалари асосида, лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларининг аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;

лицензиатга лицензия талаблари ва шартларининг аниқланган бузилишларини бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай бузилишларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ёки лицензияни бекор қилиш тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қарор чиқариш ёки судга мурожаат қилиш.

38. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текширишда лицензияловчи органнинг текширувчи ходимлари томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, уларнинг биттаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси лицензияловчи органда қолади.



VII. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТЎХТАТИШ,

ЛИЦЕНЗИЯНИ БЕКОР ҚИЛИШ


39. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, лицензияни бекор қилиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг тегишли равишда 22-24-моддаларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.

Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиниши мумкин. Лицензияловчи орган қарорининг асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда лицензияловчи орган лицензиат кўрган зарар миқдорида унинг олдида жавоб беради.



VIII. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИ


40. Лицензияловчи орган қимматли қоғозлар бозорида касбий фаолиятнинг ҳар бир қисми учун алоҳида лицензиялар реестри юритади.

Лицензиялар реестрида лицензиатлар тўғрисидаги қуйидаги асосий маълумотлар:

юридик шахснинг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефони;

лицензия берилган сана ва унинг тартиб рақами;

лицензияларнинг қайта расмийлаштирилиши, амал қилишини тўхтатиб туриш ва амал қилиши тикланиши асослари ва санаси;

лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;

лицензияларни бекор қилиш асослари ва санаси;

дубликат беришнинг асослари ва санаси кўрсатилиши керак.


41. Лицензияларнинг реестрларида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиб чиқиш учун очиқ бўлади.


IX. ДАВЛАТ БОЖИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ


42. Лицензия берилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида ёки қимматли қоғозлар бозорида касбий фаолиятнинг икки ва ундан ортиқ қисмига бир вақтда лицензия берилганлиги учун лицензия талабгоридан (чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналардан ташқари) энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдорида давлат божи ундирилади.





Низомга

ИЛОВА



Қимматли қоғозлар бозорида

касбий фаолиятни лицензиялаш

СХЕМАСИ

         

Босқичлар




Субъектлар



Тадбирлар


Бажариш

муддатлари





1-босқич

Лицензия талабгори-юридик шахс

           

1. Қимматли қоғозлар бозорида касбий фаолиятни лицензиялаш тўғрисидаги Низомда назарда тутилган рўйхатга мувофиқ лицензия олиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлайди.

2. Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш марказига ҳужжатларни бевосита ёхуд уларнинг олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқаси орқали тақдим этади.

          

лицензия талабгори хоҳишига кўра


























2-босқич

Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази

        

1. Ҳужжатларни Марказнинг масъул шахси (эксперт комиссияси котиби) рўйхат бўйича қабул қилади, унинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилинган сана кўрсатилган ҳолда ариза берувчига берилади.

2. Ҳужжатларни кўриб чиқиш учун Марказнинг эксперт комиссиясига киритади.

3. Қайта тақдим этилган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун  эксперт комиссиясига киритилади.

           

ҳужжатларни қабул қилиш кунида



























3-босқич

Марказнинг эксперт комиссияси

       

1. Ҳужжатларни кўриб чиқади, қимматли қоғозлар  бозорида касбий фаолият билан шуғулланишга лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида эксперт хулосаси тайёрлайди. 

2. Лицензия талабгори томонидан лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилгандан кейин қайта тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади.

          

1) ҳужжатлар олингандан кейин 20 кундан ортиқ бўлмаган муддатда;

2) ҳужжатлар қайта тақдим этилгандан кейин  6 кун мобайнида






























4-босқич

Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази

           

1. Марказ эксперт комиссияси хулосаси асосида лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

2. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари кўрсатилган ёзма билдиришнома юборилади (топширилади).

3. Лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади. Лицензия бериш тўғрисида қабул қилинган қарор ҳақидаги хабар билан лицензия талабгорига имзолаш учун лицензия битими юборилади.

4. Реестрга тегишли ёзувни ёзиб қўяди.

           

1), 2), 3) тегишли қарор қабул қилингандан кейин 3 кун мобайнида;

4) лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинган кунда







































Лицензиат

         

Марказга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади ва лицензия битимини имзолайди. Ушбу шартлар бажарилмаган тақдирда Марказ лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.

            

- лицензия талабгорига лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган вақтдан бошлаб уч ойдан кечикмай

























5-босқич
















Лицензия талабгори



      

1. Лицензия беришни рад этиш  учун асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда ҳужжатларни такроран тақдим этиш ҳуқуқига эга.

2. Лицензия талабгорларининг аризалари қайта кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

3. Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.

         

лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддатда


















6-босқич

Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази

       

1. Лицензиат томонидан лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилган ҳамда лицензия битими имзоланган тақдирда тегишли лицензия бланкаларини расмийлаштиради.

2. Расмийлаштирилган лицензия лицензиатга Марказ томонидан берилади.

           

- лицензия битими имзолангандан ва давлат божи тўлангандан кейин уч кун муддатда








"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами", 2003 й., 7-сон, 60-модда