язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Дончилик/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 02.10.2000 й. 379-сон "2001 йил ҳосили учун бошоқли дон экинларини кузги экиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар, дон етиштириш ва давлат ресурсларига харид қилиш ҳажмлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

02.10.2000 й.

N 379



2001 ЙИЛ ҲОСИЛИ УЧУН

БОШОҚЛИ ДОН ЭКИНЛАРИНИ КУЗГИ

ЭКИШ БЎЙИЧА ТАШКИЛИЙ ЧОРА-ТАДБИРЛАР,

ДОН ЕТИШТИРИШ ВА ДАВЛАТ РЕСУРСЛАРИГА

ХАРИД ҚИЛИШ ҲАЖМЛАРИ ТЎҒРИСИДА



2001 йил ҳосили учун бошоқли дон экинлари навлар бўйича оқилона жойлаштирилишини, бошоқли дон экинларини кузги экиш ўз вақтида ва сифатли ўтказилишини таъминлаш, шунингдек лалми деҳқончилик самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қайд этилсинки, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари ҳокимликлари ўтган йиллардаги хатолардан зарур хулосалар чиқариб олмадилар, 2000 йил ҳосилидан Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 17 августдаги 391-сон қарори билан белгилаб берилган бошоқли дон экинлари уруғларини тайёрлаш ҳажми бажарилишини таъминламадилар, бу билан 2001 йил ҳосили учун бошоқли дон экинларини кузги экишда қўшимча қийинчиликлар яратдилар.

Жиззах (Мирзиёев), Қашқадарё (Ҳамидов), Навоий (Дилов), Самарқанд (Рўзиев) ва Сурхондарё (Олимжонов) вилоятларининг ҳокимлари хўжаликларни сифатли уруғлик билан зарур миқдорда таъминлаш юзасидан шошилинч чоралар кўрсинлар.

Бошоқли дон экинлари уруғи тайёрлаш барбод этилганлиги учун Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Ашуровга ва Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Б.Бердимуродовга ҳайфсан эълон қилинсин, Жиззах вилояти ҳокими Ш.Мирзиёев огоҳлантирилсин.


2. 2001 йилда кутилаётган сув тақчиллигини ҳисобга олиб Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан келишилган бошоқли дон экинларининг тезпишар ва серҳосил навларини суғориладиган ва лалми ерларда жойлаштириш, 2001 йил ҳосили учун бошоқли дон экинлари майдонлари, ҳосилдорлиги ва ялпи ҳосили бўйича таклифлари 1 ва 2- иловаларга* мувофиқ қабул қилинсин.

Лалми ерларда дон экиш ва етиштиришда ортиқча харажатларга йўл қўймаслик учун 2001 йил ҳосили учун лалми ерларда бошоқли дон экинлари майдони 182 минг гектаргача қисқартирилсин, улар асосан намлиги таъминланган ерларда экилсин.

Ғалла экилмаган қолган лалми ерлар шудгор қилинсин ва кейинги йилда экишда фойдаланиш учун дам бериб қўйилсин.


3. Махфий.


4. "Ўздонмаҳсулот" давлат корпорацияси:

жорий йилнинг 5 октябригача бошоқли дон экинлари уруғликларини тозалаш, уларни навларга ажратиш, сархиллаш, сертификациялаш, қопларга жойлаштириш ва сотиш ишларини тугатсин. Уруғликларнинг сифатини сақлаш мақсадида уларни полиэтилен қопларга солишни қатъиян таъқиқласин, хўжаликларга кондициясиз ва дориланмаган уруғлар берилишига йўл қўймасин;

2001 йил ҳосили учун республиканинг элита-уруғчилик хўжаликларига бошоқли дон экинларининг 1,2 минг тонна суперэлита ва элита уруғлари олиб келинишини таъминласин;

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг тақсимоти бўйича лалми ерлар учун давлат ресурсларидан хўжаликларга 21,8 минг тонна уруғлик берсин;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2001 йил ҳосилидан 4 ва 5-иловаларга* мувофиқ юқори сифатли бошоқли дон экинлари уруғлиги тайёрланишини таъминласин.


5. "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компанияси Андижон вилоятидан бошоқли дон экинлари уруғликларини ташиш учун вагонлар узлуксиз берилишини таъминласин.


6. Қуйидагилар Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимликларининг муҳим вазифалари ҳисоблансин:

хўжаликларда қабул қилинган қишлоқ хўжалиги экинларини алмашлаб ва навбати билан экиш схемасини ҳисобга олган ҳолда бошоқли дон экинларини унумли ва сув таъминоти кафолатланган ерларга жойлаштириш ва экиш, шунингдек донни асосан прогноз қилинган ҳосил олиниши ва харажатлар қопланишини таъминлайдиган намлиги таъминланган лалми ерларда экиш;

экишни буғдойнинг тезпишар ва сермаҳсул навли уруғлар билан мазкур қарорда тасдиқланган бошоқли дон экинлари навлар бўйича жойлаштирилишига қатъий амал қилган ҳолда ўтказиш. Мелиоратив ҳолати ёмон бўлган шўрланган ерларга тупроқ олдиндан ювилгандан кейин экиш;

бошоқли дон экинларини экишни қулай агротехника муддатларида -Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ва  Фарғона водийси вилоятларида 25 октябргача, жанубий минтақаларда 1 ноябргача, лалми ерларда 15 ноябргача тугаллаш. Бу талабларнинг бажарилиши учун хўжаликлар, туманлар ва вилоятларнинг раҳбарлари шахсан жавоб берадилар.


7. "Ўзкимёсаноат" уюшмаси дон экинлари учун азотли, фосфорли ва калийли ўғитлар ўз вақтида, улардан фосфорли ва калийли ўғитлар экишдан олдин ва экиш билан бирга солиш учун жорий йилнинг 10 октябригача, азотли ўғитлар 2001 йилнинг  1 мартигача етказиб берилишини таъминласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, "Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш" давлат-кооператив қўмитасининг дон экиш машиналарининг зарур комплексини таъмирлаш ва тайёрлаш тугалланганлиги, "Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг" компаниясининг эса  хўжаликларнинг буюртмалари бўйича такомиллаштирилган конструкцияли сеялкалар ва уларга эҳтиёт қисмлар тайёрлаш ташкил этилганлиги ҳақидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, "Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш" давлат-кооператив қўмитаси, "Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг" компанияси, "Ўзкимёсаноат" уюшмаси, "Ўзбекнефтгаз" компанияси кузги дон экишда, аввало ўз вақтида минерал ўғитлар, нефть маҳсулотларини етказиб беришда, ерларни ҳайдашда, ҳайдов тракторлари, сеялкаларни тайёрлашда, уларга эҳтиёт қисмлар, узеллар ва агрегатлар келтиришда хўжаликларга аниқ ёрдам кўрсатиш юзасидан бир ҳафта муддатда тадбирлар ишлаб чиқсинлар ва ўз тасарруфидаги ҳар бир бўлинмага етказсинлар.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Т. Холтоев ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси И. Жўрабеков зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                 И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.