язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Лицензиялаш. Рухсат бериш тартиб-таомиллари/ Фаолиятнинг бошқа турлари/ Лотереялар ташкил этиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 16.07.2003 й. 314-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 16 июлдаги

314-сон қарорига

ИЛОВА



Лотереялар ташкил этиш фаолиятини

лицензиялаш тўғрисида

НИЗОМ


I.УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом лотереялар ташкил этиш фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.

Муайян товарлар ва хизматлар истеъмолчилари ўртасида сотувларни рағбатлантириш мақсадида, ўйинда қатнашганлик учун қўшимча ҳақ ундирилмасдан ўтказиладиган пул-буюм ютуқлари ўйинлари лицензияланмайди.


2. Лотереялар ташкил этиш фаолиятини лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (кейинги ўринларда лицензияловчи орган деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

Лицензиялар бериш тўғрисидаги ҳужжатларни кўриб чиқиш (уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш) ва улар юзасидан хулосалар тайёрлаш учун лицензияловчи органда эксперт комиссияси тузилади. Эксперт комиссияси таркиби ва унинг тўғрисидаги низом лицензияловчи орган томонидан тасдиқланади. Эксперт комиссияси мажлислари йигирма кунда камида бир марта ўтказилади.


3. Лотереялар ташкил этиш фаолияти фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

4. Лотереялар ташкил этиш фаолиятини амалга оширишга намунавий (оддий) лицензиялар берилади.

5. Лотереялар ташкил этиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия 5 йил муддатга берилади.


II. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


6. Лотереялар ташкил этиш фаолиятини амалга оширишда қуйидагилар лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

а) лотереялар ташкил этиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, лицензияловчи органининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига мажбурий риоя этиш;

б) лицензиатнинг ўз маблағлари (сармояси) етарли бўлишини ва уларнинг ҳамда бошқа молиявий кўрсаткичларининг қуйидаги нормативлар ва талабларга мувофиқ бўлишини таъминлаш:

лицензиат устав фондининг шакллантирилган миқдори лотереялар ташкил этиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар учун 200 млн сўмдан кам бўлмаслиги керак, шундан эллик фоизи пул маблағлари билан шакллантирилади. Бунда лотереялар ташкил этиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия олиш тўғрисида ариза берилган вақтда лицензия талабгорининг устав фонди кўрсатиб ўтилган энг кам миқдорда тўлиқ шакллантирилган бўлиши керак. Лотереялар ташкил этиш бўйича фаолиятни амалга оширадиган юридик шахслар устав фондини шакллантириш учун кредитга, гаров остида олинган маблағлардан ҳамда бошқа жалб қилинган маблағлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди;

чиқарилаётган ва муомаладаги ўйин билетлари ҳажми фаолиятнинг биринчи йили мобайнида - лицензиат ўз сармоясининг беш бараварвдан, фаолиятнинг иккинчи йили мобайнида - ўн бараваридан ва фаолиятнинг кейинги йилларида - йигирма беш бараваридан ортиқ бўлмаслиги керак. Лицензиатнинг ўз сармояси миқдори етарли бўлмаган тақдирда лотереялар мўлжалланаётган ҳажмда фақат молия ташкилотларининг зарур миқдорларда таъминлаш кафолати мавжуд бўлганда ўтказилиши мумкин;

бюджет ва давлат мақсадли фондларига муддати ўтказиб юборилган мажбурий тўловларнинг, ходимларга иш ҳақи бўйича қарзларнинг, шунингдек молия ташкилотлари кредитлари бўйича муддати ўтказиб юборилган тўловларнинг мавжуд эмаслиги;

в) лицензиат раҳбарининг олий маълумотга (иқтисодий, юридик, математик ёхуд ахборот технологиялари ихтисосликларидан бири бўйича) ҳамда тегашли ихтисослик бўйича камида икки йил иш стажига эга бўлиши.

Қуйидаги шахслар лицензиатнинг раҳбари ва бош бухгалтери бўлиши мумкин эмас:

якка ҳолда ижро этувчи орган функцияларини бажарган, коллегиал ижро этувчи орган таркибига кирган, лотереялар, тотализатор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар ташкил этиш бўйича фаолиятни амалга оширган юридик шахснинг, ушбу шахсларнинг айби билан йўл қўйилган лицензия талаблари ва шартлари бузилганлиги учун кўрсатиб ўтилган юридик шахсда фаолиятнинг тегишли турини амалга оширишга берилган лицензияларнинг амал қилиши тўхтатилган пайтда, агар бундай тўхташ пайтидан бошлаб уч йилдан кам вақт ўтган бўлса, муассислари ёки бош бухгалтерлари бўлган шахслар;

иқтисодиёт соҳасидаги жиноят учун ёки бошқарув тартибига қарши жиноят учун олиб ташланмаган судланганликка эга бўлган шахслар;

юридик шахс банкрот деб эътироф этилган пайтда ва эътироф этилган пайтдан бошлаб икки йил ўтмаган бўлса, якка ҳолда ижро этувчи орган функцияларини бажарган ёки коллегиал ижро этувчи орган таркибига кирган шахслар;

г) лицензиат штатида лотереялар ташкил этиш ва ўтказиш бўйича махсус курсларда ўқиганлиги тўғрисидаги сертификатга эга бўлган, улар учун лицензиат асосий иш жойи ҳисобланган камида икки нафар мутахассиснинг бўлиши. Лицензиатда сертификатга эга бўлган мутахассислар сони икки нафардан кам бўлиб қолган тақдирда лицензиат икки ой муддатда мутахассислар сонини белгиланган миқдоргача тиклаш чора-тадбирларини кўриши керак;

д) ўйинларни фақат ютуқли билетларни тасодифий танлаб олиш жараёнига инсон омилининг бирон-бир таъсирини тўлиқ истисно қилувчи технологиялар ва жиҳозларни қўллаган ҳолда ўтказиш;

е) лицензияловчи орган томонидан тасдиқланган лотереялар ўтказиш шартларига риоя этиш, лотереяларни тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш, ўйинларни ўтказиш, шунингдек ютуқларни бериш (тўлаш) тартибидан қандайдир четга чиқилишини истисно қилиш.

7. Лотереялар ташкил этиш ва ўтказиш бўйича махсус курсларда ўқиганлиги тўғрисидаги сертификатлар бериш лицензияловчи орган томонидан тасдиқланадиган дастур бўйича ўтказиладиган махсус курсларда ўқигандан ва малака имтиҳони топширилгандан кейин амалга оширилади. Малака имтиҳони курслар ташкилотчиси ва лицензияловчи орган вакилларидан иборат таркибдаги комиссия томонидан қабул қилинади. Лотереялар ташкил этиш ва ўтказиш бўйича мутахассисларни ўқитиш лотереялар ташкилотчилари бирлашмалари, республика олий ўқув юртлари, шунингдек лицензияловчи орган билан келишган ҳолда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўқитиш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи бошқа шахслар томонидан амалга оширилиши мумкин.


III. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН

ТАҚДИМ ЭТИЛАДИГАН ҲУЖЖАТЛАР


8. Лицензия олиш учун лицензия талабгори лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисоб рақами, юридик шахс амалга оширишни мўлжаллаётган фаолиятнинг лицензияланадиган тури (лотереялар ўтказиш шакли кўрсатилган ҳолда) кўрсатилган ҳолдаги лицензия бериш тўғрисидаги ариза;

юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

лицензия талабгори аризасининг лицензияловчи орган томонидан кўриб чиқилганлиги учун лицензия талабгорининг йиғим тўлаганлигини тасдиқловчи ҳужжат;.

устав фонди шакллантирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

лицензия талабгори раҳбари ва бош бухгалтерининг меҳнат дафтарчалари нусхалари;

лицензия талабгорининг молиявий кўрсаткичлари учун белгиланган нормативлар ҳисоб-китоби;

лицензия талабгори ташкил этишни мўлжаллаётган лотерея ўтказиш шартларининг лицензия талабгори раҳбари томонидан имзоланган лойиҳаси.

9. Лицензия талабгоридан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларнинг тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.


10. Ҳужжатлар лицензия талабгори томонидан лицензияловчи органга бевосита ёхуд уларнинг олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқа воситаси орқали етказиб берилади.

Ҳужжатлар лицензияловчи орган эксперт комиссиясининг масъул котиби томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси лицензияловчи орган томонидан ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади). Эксперт комиссияси масъул котиби жойида бўлмаганлиги сабабли ҳужжатларни қабул қилишнинг рад этилишига йўл қўйилмайди. Эксперт комиссияси масъул котиби вақтинча бўлмаган тақдирда унинг функцияларини лицензияловчи орган томонидан белгиланган тартибда белгиланадиган шахс бажаради.


11. Ишончли бўлмаган ёки бузилган маълумотлар тақдим этилганлиги учун лицензия талабгори Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



IV. АРИЗАНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ЛИЦЕНЗИЯ

БЕРИШ ЁКИ ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШНИ РАД ЭТИШ

ТЎҒРИСИДА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


12. Лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризасининг кўриб чиқилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. Лицензия талабгори аризасининг кўриб чиқилганлиги учун йиғим суммаси лицензияловчи органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади. Лицензия талабгори берилган аризадан воз кечган тақдирда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.

13. Лотереялар ташкил этиш фаолиятини лицензиялаш ушбу Низомга илова қилинаётган схемага мувофиқ амалга оширилади.

Лицензияловчи орган лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан олинган кундан бошлаб ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатда лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


14. Лицензия талабгорининг барча зарур ҳужжатлар билан аризаси улар қабул қилиб олинган кунда кўриб чиқиш учун эксперт комиссиясига киритилади.

Эксперт комиссияси йигирма кундан ортиқ бўлмаган муддатда тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва улар юзасидан лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида эксперт хулосаси тайёрлайди.

Лицензияловчи орган эксперт комиссияси хулосаси асосида ўн кун муддатда лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Лицензияловчи орган лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини аниқлаш учун ўз маблағлари ҳисобига:

жойларга чиқиб лицензия талабгорида фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга ошириш учун мавжуд шарт-шароитларни баҳолашга;

тегишли хулосалар тайёрлаш учун экспертларни шартнома асосида жалб қилишга ҳақлидир.


15. Лицензияловчи орган лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун муддатда хабардор қилади.

Лицензия беришга қарор қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига банк ҳисоб рақами реквизитлари, давлат божи тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади).


16. Лицензияловчи орган ҳамда лицензиатнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи лицензия битимида қуйидагилар бўлиши керак:

битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;

томонларнинг реквизитлари;

амалга оширилишига лицензия берилаётган фаолият турининг номи;

лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;

лицензиянинг амал қилиш муддати;

лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

лицензия битими талаблари ва шартлари бажарилишини лицензияловчи орган томонидан назорат қилиш тартиби;

лицензияланадиган фаолият турини амалга ошириш хусусиятларига тааллуқли бошқа шартлар.

Лицензия битими икки нусхада - лицензиат ва лицензияловчи орган учун бир нусхадан тузилади.


17. Лицензиялар махсус бланкаларда расмийлаштирилади. Лицензия бланкаси намунаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 20 декабрдаги 488-сон қарорига мувофиқ лицензияловчи орган томонидан тасдиқланади.

Лицензиялар бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади. Лицензиялар бланкалари лицензияловчи орган буюртмаси бўйича "Давлат белгиси" давлат-ишлаб чиқариш бирлашмасида босмахона усулида тайёрланади. Лицензияловчи органда лицензия бланкаларининг ҳисобга олиниши, сақланиши ва мақсадли фойдаланилиши учун масъул шахс белгиланади.

Лицензиялар лицензия талабгори томонидан давлат божи тўланганини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан ва у лицензия битимини имзолагандан кейин икки кун муддатда расмийлаштирилади ва берилади.


18. Агар лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб уч ой мобайнида лицензияловчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигани тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса - ёхуд лицензия битимини имзоламаса, лицензияловчи орган лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.


19. Лицензия бериш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад этилиши мумкин.

Лицензия талабгори лицензияловчи органнинг лицензия бериш рад этилиши тўғрисидаги қарори, шунингдек лицензияловчи орган мансабдор шахсининг хатти-харакатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.


20. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни такроран кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.

Лицензия талабгори томонидан лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда олинган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда лицензияловчи орган томонидан амалга оширилади.

Айни вақтда қайта тақдим этилган ҳужжатлар улар қабул қилинган кунда кўриб чиқиш учун эксперт комиссиясига киритилади.

Эксперт комиссияси олти кундан ортиқ бўлмаган муддатда тақдим этилган ҳужжатларни қайта кўриб чиқади ва улар бўиича лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида эксперт хулосаси тайёрлайди.

Лицензияловчи орган эксперт комиссияси хулосаси асосида тўрт кун муддатда лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Лицензия талабгори аризаларининг қайта кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Лицензия талабгорининг аризасини қайта кўриб чиқишда илгари лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.



V. ЛИЦЕНЗИЯНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ,

УНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ,

ДУБЛИКАТ БЕРИШ


21. Лицензиат ўзгартирилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда лицензияловчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

Янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида лотереялар ташкил этиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган лицензиатлар қўшиб юборилган тақдирда, лицензияни ушбу банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган тартибда қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.

22. Лицензиат лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.


23. Лицензияловчи орган лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Лицензияларни қайта расмийлаштириш лицензияловчи орган томонидан, тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза олинган кундан бошлаб беш кун мобайнида амалга оширилади.

Лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси лицензияловчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.


24. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензиатнинг аризасига кўра амалга оширилади.

Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза лицензияловчи органга лицензиянинг амал қилиш муддати ўтгунга қадар икки ойдан кечикмай берилиши керак.

Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки уни узайтиришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия бериш учун назарда тутилган тартибда қабул қилинади.


25. Амал қилиш муддати ўтмаган йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига лицензиатнинг аризасига кўра дубликат берилиши мумкин. Бунда лицензиат йўқолган ёки яроқсиз бўлиб қолган лицензиянинг ҳақиқий эмаслиги тўғрисида оммавий ахборот воситаларида эълон бериши, шунингдек эълонни лицензияловчи органга тақдим этиши шарт.

Лицензия дубликати беришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси лицензияловчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.



VI. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИГА

РИОЯ ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


26. Лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат лицензияловчи орган томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


27. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда лицензияловчи орган ўз ваколатлари доирасида:

лицензиат томонидан лицензия талаблари ва лицензия битимлари шартларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режали текшириш;

лицензия талаблари ва шартлари лицензиат томонидан бузилганлигидан далолат берувчи ҳоллар мавжуд бўлган тақдирда лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонунда белгиланган тартибда режадан ташқари текшириш;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар юзасидан зарур ахборотни лицензиатдан сўраш ва олиш;

текширишлар натижалари асосида, лицензия талаблари ва шартларининг лицензиат томонидан аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;

лицензиатга аниқланган бузилишларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай бузилишларни бартараф этиш муддатларини белгалаш;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ёки лицензияни бекор қилиш тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қарор чиқариш ёки судга мурожаат қилиш;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан фаолиятни лицензиясиз амалга оширишнинг аниқланган ҳоллари тўғрисидаги материалларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган чора-тадбирлар кўриш учун белгиланган тартибда солиқ органларига юбориш.


28. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текширишда лицензияловчи органнинг текширувчи ходимлари томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, уларнинг биттаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси лицензияловчи органда қолади.



VII. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТЎХТАТИШ,

ЛИЦЕНЗИЯНИ БЕКОР ҚИЛИШ


29. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, лицензияни бекор қилиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг тегишли равишда 22-24-моддаларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.

30. Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиниши мумкин. Суд томонидан лицензияловчи орган қарорининг асоссиз эканлиги эътироф этилган тақдирда, лицензияловчи орган лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.



VIII. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИ


31. Лицензияловчи орган лицензиялар реестрини юритади.

Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

юридик шахснинг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефони;

лицензияларнинг берилган санаси ва тартиб рақами;

лицензияларнинг амал қилиш муддати;

лицензияларни қайта расмийлаштириш, уларнинг амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш ва тиклашнинг асослари ва санаси;

лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;

лицензияларни бекор қилишнинг асослари ва санаси;

дубликат бериш асослари ва санаси.


32. Лицензияларнинг реестрларида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиб чиқиш учун очиқ бўлади.


IX. ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИЛГАНЛИГИ

УЧУН ДАВЛАТ БОЖИ


33. Лотереялар ташкил этиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берилганлиги ва унинг амал қилиш муддати узайтирилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг ўттиз беш баравари миқдорида давлат божи ундирилади.

Давлат божи республика бюджетига ўтказилади.


34. Лицензия талабгори (лицензиат) лицензия берилганлиги учун давлат божини тўлаб, лицензияловчи орган томонидан қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилгандан (топширилгандан) кейин уч ой мобайнида лицензия битимини имзоламаган ҳолларда, лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин давлат божининг тўланган суммаси қайтарилиши керак.





Низомга

ИЛОВА



Лотереялар ташкил этиш фаолиятини лицензиялаш

СХЕМАСИ

Босқичлар




Субъектлар



Тадбирлар


Бажариш муддатлари





1-босқич

Лицензия талабгори - юридик шахс

            

1. Лотереялар ташкил этиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низомда назарда тутилган рўйхатга мувофиқ лицензия олиш учун ҳужжатларни тайёрлайди.

2. Молия вазирлиги (лицензияловчи орган) эксперт комиссиясига ҳужжатларни бевосита ёхуд уларнинг олинганлиги тўғрисида билдиришнома билан почта алоқаси орқали тақдим этади.

          














Лицензия талабгори хоҳишига кўра


















2-босқич

Молия вазирлиги лицензияловчи орган

           

1. Молия вазирлиги эксперт комиссияси масъул котиби ҳужжатларни рўйхат бўйича қабул қилади, унинг нусхаси ҳужжатларни қабул қилиш санаси кўрсатилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).

2. Ҳужжатларни кўриб чиқиш учун эксперт комиссиясига киритилади.

3. Қайта тақдим этилган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун эксперт комиссиясига киритилади.

           

Ҳужжатларни қабул қилиш кунида



























3-босқич

Молия вазирлиги эксперт комиссия

            

1. Ҳужжатларни кўриб чиқади, лотереялар ташкил этиш бўйича лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида эксперт хулосаси тайёрлайди.

2. Лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар лицензия талабгори томонидан бартараф этилгандан кейин қайта тақдим этилганда ҳужжатларни кўриб чиқади.

           

1 - ариза олинган кундан бошлаб 20 кундан ортиқ бўлмаган муддатда;

2 - ҳужжатлар қайта тақдим этилгандан кейин 6 кун мобайнида




























4-босқич

Молия вазирлиги лицензияловчи орган

              

1. Молия вазирлиги эксперт комиссияси хулосаси асосида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

2. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатилган камчиликларни бартараф этиб ҳужжатларни қайта тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган билдиришнома юборилади(топширилади).

3. Лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади. Лицензия бериш тўғрисида қабул қилинган қарор билан лицензия талабгорига имзолаш учун лицензия битими юборилади.

4. Реестрга тегишли ёзувни ёзиб қўяди.

              

1) - 10 кун мобайнида (қайта кўриб чиқишда 4 кун мобайнида)

2),3) - тегишли қарор қабул қилингандан кейин 3 кун мобайнида

4) - лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинган кунда









































Лицензиат

        

Молия вазирлигига лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади ҳамда лицензия битимини имзолайди. Ушбу шартлар бажарилмаган тақдирда Молия вазирлиги лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.

          

- лицензия талабгорига лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган вақтдан бошлаб 3 ойдан кечикмай


































5-босқич














Лицензия талабгори

              

1. Лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда ҳужжатларни қайта тақдим этиш ҳуқуқига эга.

2. Лицензия талабгорларининг аризалари қайта кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

3. Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.

              

- лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддатда


























6-босқич

Лицензияловчи орган

(ССВ, ИИВ)

          

1. Лицензиат томонидан давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилган ҳамда лицензия битими имзоланган тақдирда тегишли лицензия бланкаларини расмийлаштиради.

2. Лицензияловчи орган томонидан лицензиатга расмийлаштирилган лицензияни беради.

             

- лицензия битими имзолангандан ва давлат божи тўлангандан кейин бир кун муддатда