язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Алоқа/ Почта алоқаси/ Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекцияси тўғрисида Низом (АВ томонидан 04.02.2010 й. 2077-сон билан рўйхатга олинган 13.01.2010 й. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги 10-8/125-сон, Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг 1-ҚҚ-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2010 йил 4 февралда 2077-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон алоқа ва

ахборотлаштириш агентлиги ва

Ўзбекистон Республикаси Маданият

ва спорт ишлари вазирлигининг

2010 йил 13 январдаги

10-8/125, 1-ҚҚ-сон қарорига

ИЛОВА



Почта тўловининг давлат белгилари

давлат коллекцияси тўғрисида

НИЗОМ


Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг "Почта алоқаси тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 йил, 17-сон, 209-модда) ва "Музейлар тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 йил, 37-38-сон, 364-модда) қонунларига мувофиқ Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекциясининг таркиби, мақсади, уни шакллантириш, ҳисобга олиш ва сақлаш тартибини белгилайди.



1-§. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекцияси Ўзбекистон Республикасида нашр қилинган почта тўловининг давлат белгиларини тизимли йиғишни ўз ичига олади.


2. Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекциясини шакллантириш Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан амалга оширилади.

3. Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекциясини сақлаш жойи Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг буйруғи билан аниқланади.

4. Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекцияси Ўзбекистон Республикасида нашр қилинган почта тўловининг давлат белгиларини оммавий тақдим этиш мақсадида яратилади.


5. Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекцияси қуйидагилар учун мўлжалланган:

ўз таркиби билан почта тўловининг давлат белгиларини ривожлантириш тарихи ва замонавий ҳолатини ҳар томонлама акс эттириш;

Ўзбекистон Республикасининг тарихи, маданияти, иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаётини ривожлантириш соҳасидаги энг муҳим воқеаларни почта тўловининг давлат белгилари воситасида тарғиб қилиш;

почта тўлови давлат белгиларининг, шу жумладан, хорижда кўргазмага қўйиладиган почта тўлови давлат белгиларининг экспозицияси ва кўчма кўргазмаларини яратиш;

почта ривожланиши ва почта тўлови давлат белгиларининг тарихи бўйича илмий-тадқиқот ишларини алоқа ва ахборотлаштириш соҳасининг ташкилотлари, бошқа идоралар ҳамда Республика филателия жамияти мутахассислари, илмий ходимлари томонидан бажариш.



2-§. ПОЧТА ТЎЛОВИНИНГ ДАВЛАТ БЕЛГИЛАРИ

ДАВЛАТ КОЛЛЕКЦИЯСИ ТАРКИБИ


6. Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекцияси қуйидагилардан иборат:

почта тўлови давлат белгиларининг асосий фонди;

почта тўлови давлат белгиларининг ёрдамчи фонди.


7. Почта тўлови давлат белгиларининг асосий фонди таркибига қуйидагилар киради:

Ўзбекистон Республикасининг почта маркалари;

маркаланган нашрлар: Ўзбекистон Республикасининг маркаланган почта конвертлари, почта варақчалари.


8. Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекциясининг асосий фонди қуйидагилар учун мўлжалланган:

почта тўлови давлат белгиларининг ҳақиқийлигини индентификация қилиш ва тасдиқлаш;

Ўзбекистон Республикасида нашр этилган почта тўловининг давлат белгиларини тўплаш, сақлаш ва доимий фаолият юритувчи экспозицияни яратиш.

Асосий фонд предметлари олиб қўйилмайди.


9. Ёрдамчи фонд ҳам асосий фондга кирган қисмларни ўз ичига олади ва қуйидагилар учун мўлжалланган:

асосий фондни тўлдириш, шу жумладан, филателия алмашинуви йўли билан тўлдириш;

кўргазмаларда почта тўловининг давлат белгиларидан фойдаланиш;

почта тўлови давлат белгиларининг тарихи масалалари, замонавий ҳолати ва почта муомаласи бўйича фото- ва киноматериалларни тайёрлаш.


10. Ёрдамчи фонд материалларидан фойдаланиш учун рухсатнома тегишли сўровнома бўйича Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан берилади.


3-§. ПОЧТА ТЎЛОВИНИНГ ДАВЛАТ БЕЛГИЛАРИ ДАВЛАТ

КОЛЛЕКЦИЯСИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ВА САҚЛАШ


11. Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекциясини шакллантириш Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг буйруғига мувофиқ қуйидаги йўллар билан:

1992 йилдан нашр этилган почта тўловининг давлат белгиларини "Ўзбекистон почтаси" акциядорлик жамияти (АЖ) архив захирасидан бериш;

алоҳида қийматга эга бўлган коллекцияларни ва алоҳида почта тўловининг давлат белгиларини сотиб олиш;

коллекция нусхаларини сотиб олиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан филателия алмашинуви ёрдамида амалга оширилади.


12. Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекциясини янги нашр этилган почта тўловининг давлат белгилари билан тўлдириш ташкилотлар ва жисмоний шахслардан сотиб олиш, шунингдек филателия алмашинуви йўли билан "Ўзбекистон почтаси" АЖ маблағлари, коллекциялар ва почта тўловининг давлат белгиларини коллекционерлар томонидан ихтиёрий равишда бериш, ҳомийлар томонидан қўллаб-қувватлаш ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

13. Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекциясини сақлаш давлат сақлаш хоналарида архив ва ҳужжатли фондларни сақлаш учун белгиланган шароитларда, шунингдек О`z DSt 1129:2007 "Почта маркалари. Техник шартлар" давлат стандартининг талабларига мувофиқ таъминланади.



4-§. ПОЧТА ТЎЛОВИНИНГ ДАВЛАТ БЕЛГИЛАРИ

ДАВЛАТ КОЛЛЕКЦИЯСИНИ ҲИСОБГА ОЛИШ


14. Почта тўловининг давлат белгиларини ҳисобга олиш Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг почта тўловининг давлат белгиларини муомалага киритиш тўғрисидаги буйруғи билан бириктирилган идентификация рақами бўйича амалга оширилади.

Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекциясини ҳисобга олиш учун почта тўловининг давлат белгилари тўғрисидаги барча асосий маълумотлар: идентификация рақами, номи, номинали, ранги, тури, ўлчами, перфорациялаш усули, варақдаги маркалар миқдори, адади, рассом ёки дизайнернинг фамилиясини ўз ичига олиши керак бўлган каталогли варақчалар юритилади.


15. Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекцияси фондларида ҳар йили қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда инвентаризация ишлари ўтказилади.


16. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг буйруғи билан Почта тўловининг давлат белгилари давлат коллекциясини сақлаш жойи этиб белгиланган ташкилот қонун ҳужжатларига мувофиқ унинг физик сақланганлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, коллекцияга кирадиган предметлар билан боғлиқ бўлган ҳисобга олиш ҳужжатларини юритиш ва сақлаш учун жавобгар бўлади.


5-§. ЯКУНИЙ ҚОИДА


17. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ва "Ўзбекистон почтаси" очиқ акциядорлик жамияти билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 5-сон, 49-модда.