язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Алоқа/ Почта алоқаси/ Почта алоқаси хизматларидан фойдаланишда афзалликлар бериладиган фойдаланувчиларнинг айрим тоифаларига почта алоқаси хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.01.2010 й. 1-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2010 йил 5 январдаги

1-сон қарорига

2-ИЛОВА



Почта алоқаси хизматларидан фойдаланишда

афзалликлар бериладиган фойдаланувчиларнинг

айрим тоифаларига почта алоқаси хизматлари

кўрсатиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом почта алоқаси хизматларидан фойдаланишда афзалликлар бериладиган фойдаланувчиларнинг айрим тоифаларига почта алоқаси хизматлари кўрсатиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомнинг амал қилиши почта алоқаси хизматлари кўрсатувчи "Ўзбекистон почтаси" очиқ акциядорлик жамияти, унинг минтақавий (вилоят) почта алоқаси ташкилотлари (кейинги ўринларда минтақавий почта алоқаси ташкилотлари деб аталади), почта алоқаси объектлари, "Халқаро почтамт" ихтисослаштирилган филиали томонидан бажариладиган почта алоқаси хизматларидан фойдаланишда афзалликлар бериладиган фойдаланувчилар айрим тоифаларининг почта жўнатмаларига татбиқ этилади.

Почта алоқаси хизматларидан фойдаланишда афзалликлар бериладиган фойдаланувчиларнинг айрим тоифалари (кейинги ўринларда фойдаланувчиларнинг айрим тоифалари деб аталади) рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



II. ХИЗМАТЛАР КЎРСАТИШ ТАРТИБИ


3. Фойдаланувчиларнинг айрим тоифалари томонидан жўнатиладиган почта жўнатмаларига жўнатувчидан адресатгача бўлган бутун ўтиш йўли давомида "HUKUMATGA OID" белгиси билан ишлов берилади, жўнатилади ва топширилади.


4. Қуйидагилар "HUKUMATGA OID" белгисига эга почта жўнатмалари бўлиши мумкин:

хатлар (оддий, буюртма, қиймати эълон қилинган);

бандероллар (оддий, буюртма, қиймати эълон қилинган);

посилкалар (оддий, қиймати эълон қилинган).

"HUKUMATGA OID" белгисига эга почта жўнатмалари почта алоқасининг ҳудудий ташкилотлари ёки почта алоқаси боғламалари, почтамтларнинг буйруқлари билан белгиланган ажратилган почта алоқаси бўлимлари томонидан қабул қилинади.

"HUKUMATGA OID" белгисига эга почта жўнатмаларига бошқа почта жўнатмаларидан алоҳида, йирик почта алоқаси бўлимларида эса - махсус иш жойларида ишлов берилади ва белгиланган манзил бўйича энг тез усулда жўнатилади.


5. "HUKUMATGA OID" белгисига эга почта жўнатмалари фақат Рўйхатга киритилган фойдаланувчиларнинг раҳбарлари номига ва раҳбарлари номидан жўнатилади.


6. "HUKUMATGA OID" белгисига эга почта жўнатмаларини қабул қилиш, уларга ишлов бериш, уларни ташиш ва етказиб бериш (топшириш) ушбу Низомда назарда тутилган талабларни ҳисобга олган ҳолда почта жўнатмаларининг тегишли турлари учун белгиланган тартибда амалга оширилади.


7. "HUKUMATGA OID" белгисига эга почта жўнатмаларининг ўлчами, оғирлиги ва ўрови почта жўнатмаларининг тегишли турлари учун Почта алоқаси хизматлари кўрсатишнинг амалдаги қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.


8. "HUKUMATGA OID" белгисига эга почта жўнатмалари жўнатувчилардан белгиланган шаклдаги рўйхатлар бўйича ёпиқ ҳолда қабул қилинади.

Оддий ёзма хат-хабарларни жўнатиш учун рўйхатлар бир нусхада, рўйхатга олинадиган почта жўнатмаларини жўнатиш учун - икки нусхада тўлдирилади.


9. Рўйхатга олинадиган почта жўнатмаларини қабул қилишда рўйхатларда қуйидагилар кўрсатилади: почта жўнатмасининг белгиланган манзили, адресатнинг фамилияси (номи), оғирлиги, жўнатиш учун тўлов ва квитанция дафтари бўйича почта жўнатмасининг рақами. "HUKUMATGA OID" белгисига эга оддий ёзма хат-хабарларни қабул қилишда - рўйхатларда хатларнинг конвертларда кўрсатилган чиқиш рақамлари кўрсатилади.


10. "HUKUMATGA OID" белгисига эга почта жўнатмаларини жўнатиш учун тўлов тегишли почта жўнатмаларини қабул қилиш вақтида амалда бўлган тарифлар бўйича тўланади.


11. "HUKUMATGA OID" белгисига эга оддий ва буюртма хатлар, оддий ва буюртма бандероллар, ҳаттоки бундай белгига эга бир дона почта жўнатмаси мавжуд бўлганда ҳам, бошқа хат-хабарлардан алоҳида йиғиндиларга жойланади.


12. "HUKUMATGA OID" белгисига эга ёзма хат-хабарли йиғиндилар, миқдоридан қатъи назар, барча ўтиш босқичларида алоҳида қопларда жўнатилади.


13. "HUKUMATGA OID" белгисига эга почта жўнатмалари барча мумкин бўлган усуллар ва воситалар билан энг қисқа муддатларда етказиб берилади.


14. "HUKUMATGA OID" белгисига эга оддий почта жўнатмалари белгиланган шаклдаги ҳужжатларга имзо қўйган ҳолда белгиланган тартибда топширилади, бу ҳужжатларда қуйидагилар кўрсатилади: қабул қилинган жойи, почта жўнатмасининг қобиғига қўйилган биринчи чиқиш рақами (рақами бўлмаганда "р/й" деб кўрсатилади) ва адресат номи.



III. ЯКУНИЙ ҚОИДА


15. Ушбу Низом талабларини бажармаганлик ёки зарур даражада бажармаганлик учун алоқа ходимлари қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 1-2-сон, 6-модда.