язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ахборотлаштириш. Телекоммуникациялар тараққиёти/ Ахборотлаштириш объектларини аттестациядан ўтказиш ишларини амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 07.11.2011 й. 296-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2011 йил 7 ноябрдаги

296-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ахборотлаштириш объектларини аттестациядан

ўтказиш ишларини амалга ошириш учун

рухсатнома бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Миллий ахборот ресурсларини муҳофаза қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2011 йил 8 июлдаги ПҚ-1572-сон қарорига мувофиқ ташкилотларга ахборотлаштириш объектларини аттестациядан ўтказиш ишларини амалга ошириш ҳуқуқи учун рухсатнома (кейинги ўринларда рухсатнома деб аталади) бериш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ахборотлаштириш объекти - турли даражадаги ва мақсадлардаги ахборот тизимлари, телекоммуникация тармоқлари, ахборотга ишлов беришнинг техник воситалари, ушбу воситалар ўрнатилган ва ишлатиладиган хоналар, шунингдек музокаралар, шу жумладан, маҳфий музокаралар олиб бориш учун мўлжалланган алоҳида хоналар;


ахборотлаштириш объектларини аттестациядан ўтказиш - ахборотлаштириш объектлари ҳимояланганлиги ҳақиқий ҳолатининг ахборот хавфсизлиги соҳасидаги давлат стандартларига ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини аниқлашга йўналтирилган ташкилий-техник тадбирлар комплекси;


ваколатли орган - Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати;

аттестациядан ўтказувчи орган - ваколатли органнинг ахборотлаштириш объектларини аттестациядан ўтказишга доир ишларнинг муайян турларини амалга ошириш учун рухсатномасига эга бўлган ташкилотлар.


3. Рухсатнома ваколатли орган томонидан берилади.


4. Рухсатнома рухсатнома олиш учун ариза берган ташкилотнинг (кейинги ўринларда ариза берган ташкилот деб аталади) имкониятлари қўйиладиган талабларга мувофиқлигини ўрганиш ва уни баҳолаш натижалари асосида берилади.


5. Рухсатнома ташкилотнинг ахборотлаштириш объектларини аттестациядан ўтказишга доир ишларнинг муайян турларини (кейинги ўринларда аттестациядан ўтказиш ишлари деб аталади) амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади. Рухсатномада унинг амал қилиш муддати кўрсатилади, бироқ ушбу муддат 5 йилдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.


6. Рухсатнома, агар ташкилот:

мулкчилик ҳуқуқида хўжалик юритиш, тезкор бошқариш ҳуқуқи билан ёки бошқа қонуний асосда аттестациядан ўтказиш ишларини амалга ошириш учун зарур бўлган мол-мулк ва асбоб-ускуналарга эга бўлса;

штатида ахборот хавфсизлиги ва ахборотни муҳофаза қилиш соҳасида махсус тайёргарликдан ўтган мутахассислар бўлса, уларнинг айрим тоифаси давлат сирлари билан танишиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилган рухсатномага эга бўлса;

ишларнинг айрим турларини амалга оширишга ҳуқуқ берувчи лицензия (мавжуд бўлганда);

ахборотлаштириш объектларини аттестациядан ўтказиш учун зарур бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ва бошқа ҳужжатларга эга бўлса берилади.



II. РУХСАТНОМА БЕРИШ ВА ОЛИШ ТАРТИБИ


7. Рухсатнома олиш учун ариза берган ташкилот ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шакл бўйича ваколатли органга рухсатнома бериш тўғрисида ариза юборади.


8. Аризага қуйидагиларни ўз ичига олувчи маълумотнома илова қилинади:

ариза берган ташкилотнинг аттестациядан ўтказиш ишларини амалга ошириш учун улардан фойдаланиши режалаштирилаётган объектлари (асосий бинолар ва иншоотлар, синов лабораториялари, акс-садосиз камералар, технологик участкалар, сақлаш жойлари ва бошқалар)нинг рўйхати ва тавсифномаси;

ташкилот ходимларининг таркиби ва малакаси тўғрисидаги маълумотлар;

мавжуд асбоб-ускуналар, приборлар, аппаратларнинг ишлаб чиқарилган йили ва мувофиқлик сертификати мавжудлиги кўрсатилган ҳолдаги рўйхати ва тавсифномаси;

мавжуд ўлчов техникасининг ишлаб чиқарилган ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширувдан ўтган йили кўрсатилган ҳолдаги рўйхати ва тавсифномаси;

лицензияланган дастурий таъминот мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар;

ариза берган ташкилотда хавфсизлик хизмати мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар;

ариза берган ташкилотда ахборот хавфсизлигини таъминлаш юзасидан умумий ва махсус талабларни белгиловчи ҳужжатлар рўйхати;

ариза берган ташкилот тузилмасининг тавсифи;

ахборот хавфсизлиги бўйича давлат стандартлари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларнинг мавжуд рўйхати.

Маълумотномага:

ариза берувчи ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги ҳужжат;

аттестация бўйича ишларни амалга ошириш учун зарур бўлган мол-мулк ва асбоб-ускуналарнинг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

аттестация бўйича ишларни бажариш учун жалб этиладиган ёки жалб этиш режалаштирилаётган ходимларнинг лавозим йўриқномалари.

Ваколатли орган рухсатнома бериш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотларни белгиланган тартибда ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан электрон тарзда мустақил равишда олади, ушбу бандда назарда тутилган ҳужжатлар ва ахборотлар бундан мустасно.


9. Ариза берган ташкилот томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ расмийлаштирилган бўлиши керак.


10. Ваколатли орган 30 календарь кун мобайнида аризани, маълумотномани ва унга илова қилинган материалларни кўриб чиқади ва ариза берган ташкилотга уларни кўриб чиқишни давом эттириш учун қабул қилинганлиги тўғрисида, йиғим суммасини кўрсатган ҳолда билдиришнома юборади. Ариза рад этилган тақдирда, рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда билдиришнома юборилади.


11. Қуйидаги ҳолларда:

тақдим этилган ҳужжатлар ушбу Низомнинг 6, 8 ва 9-бандлари талабларига мувофиқ бўлмаганда;

аризада кўрсатилган фаолият ташкилот уставига (низомига) мувофиқ бўлмаганда аризани кўриб чиқиш рад этилади.


12. Маълумотнома ва унга илова қилинган материаллар ариза берган ташкилотга ариза кўриб чиқиш учун қабул қилинганлиги тўғрисида билдиришнома юборилган санадан бошлаб 2 ой мобайнида кўриб чиқилади.


13. Маълумотномани ва унга илова қилинган материалларни кўриб чиқиш жараёнида ваколатли орган аттестациядан ўтказиш ишларини амалга ошириш учун талаб қилинадиган шарт-шароитлар мавжудлигини текширади.


14. Қуйидагилар:

ташкилотда ушбу Низомнинг 6 ва 8-бандларида кўрсатилган шарт-шароитларнинг етарли эмаслиги ёки мавжуд эмаслиги;

аризада нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги рухсатнома беришни рад этиш учун асос ҳисобланади.


15. Рухсатнома бериш билан боғлиқ ишларга ҳақ тўлаш тартиби ваколатли орган томонидан белгиланади. Маълумотномани ва унга илова қилинган материалларни кўриб чиққанлик учун йиғим суммаси ваколатли органнинг ушбу рухсатномани бериш билан боғлиқ харажатлари доирасида белгиланади ва мазкур харажатларни қоплаш учун фойдаланилади.

Йиғим суммаси ваколатли органнинг ҳисобрақамига ўтказилади. Ариза қайтариб олинганда ёки ваколатли орган томонидан рухсатнома беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.


16. Рухсатнома билан бирга аттестациядан ўтказувчи органга иш ҳужжатлари пакети берилади, уларнинг қиймати рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилганлиги учун ундириладиган йиғим суммасига киради.


17. Рухсатнома ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва тегишли ҳимояланганлик даражасига эга бўлган ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича махсус бланкада расмийлаштирилади.

Ваколатли орган аттестациядан ўтказувчи органлар ҳисобини олиб боради.



III. РУХСАТНОМАНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИШ ВА ТЎХТАТИБ ТУРИШ


18. Ваколатли орган қуйидаги ҳолларда:

аттестациядан ўтказувчи органнинг аризасига кўра;

аттестациядан ўтказувчи орган тугатилган тақдирда рухсатноманинг амал қилишини белгиланган муддатдан олдин тўхтатиш ҳуқуқига эга.


19. Аттестациядан ўтказувчи орган томонидан ўзининг аттестациядан ўтказишга доир фаолиятини муддатидан олдин тўхтатганлиги тўғрисида ариза берилган тақдирда ваколатли орган рухсатномани қайтариб олади. Ариза фаолиятни тўхтатиш мўлжалланаётган санадан камида 30 календарь кун олдин берилади.


20. Аттестациядан ўтказувчи орган томонидан унга қўйиладиган талаблар бузилган тақдирда, ваколатли орган берилган рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиш ва/ёки тўхтатиб туриш юзасидан қонун ҳужжатларига мувофиқ чоралар кўриш ҳуқуқига эга.


21. Рухсатноманинг амал қилишини қонун ҳужжатларига мувофиқ тўхтатиш ёки тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинганда ваколатли орган аттестациядан ўтказувчи органга расмий билдиришнома юборади.



IV. РУХСАТНОМАНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ,

УНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ,

ДУБЛИКАТ БЕРИШ


22. Аттестациядан ўтказувчи орган номи, жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганда, қайта ташкил этилганда, бир ҳафта муддатда ваколатли органга рухсатномани қайта расмийлаштириш тўғрисида кўрсатиб ўтилган ўзгаришларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза бериши шарт.


23. Рухсатноманинг амал қилиш муддатини узайтириш аттестациядан ўтказувчи органнинг аризасига мувофиқ амалга оширилади.

Рухсатноманинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза ваколатли органга рухсатноманинг амал қилиш муддати тугашидан камида уч ой олдин берилиши керак.

Рухсатноманинг амал қилиш муддатини узайтириш билан боғлиқ ишларга ҳақ тўлаш тартиби ваколатли орган томонидан белгиланади. Йиғим суммаси ваколатли органнинг ушбу рухсатноманинг амал қилиш муддатини узайтириш билан боғлиқ харажатлари доирасида белгиланади ва мазкур харажатларни қоплаш учун фойдаланилади.


24. Йўқотиб қўйилган ёки амал қилиш муддати тугамаган, бироқ яроқсиз бўлиб қолган рухсатнома ўрнига аттестациядан ўтказувчи органнинг аризасига кўра дубликат берилади. Дубликат берилганлиги учун йиғим ундирилмайди.






Низомга

1-ИЛОВА



Аризанинг шакли намунаси

(ариза берувчининг фирма бланкасида)



Ўзбекистон Республикаси

Давлат хавфсизлик хизмати

Ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқлик

юзасидан ахборотлаштириш объектларини

аттестациядан ўтказиш ишларини амалга

ошириш учун рухсатнома бериш тўғрисида

АРИЗА

        


20__ й. "___" ____________


(ташкилотнинг тўлиқ ва қисқартирилган номи)


                    

гача муддатга Ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқлик юзасидан ахборотлаштириш объектларини аттестациядан ўтказиш ишларини амалга ошириш ҳуқуқи учун рухсатнома беришни илтимос қилади.


Тўловни кафолатлаймиз.


Почта манзили:

Банк реквизитлари:

Телефон:

Факс:

E-mail:

Иловалар:



(Ахборотлаштириш объектларини аттестациядан ўтказиш ишларини амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 8-бандида назарда тутилган ҳужжатлар рўйхати бўйича).

            

       



(ташкилотнинг раҳбари имзоси ва сана)


М.Ў.




       



(ташкилотнинг бош бухгалтери имзоси ва сана)


       





Низомга

2-ИЛОВА



Ахборот хавфсизлиги талабларига

мувофиқлик юзасидан ахборотлаштириш

объектларини аттестациядан ўтказиш ишларини

амалга ошириш учун рухсатнома шакли намунаси

(Ваколатли органнинг махсус бланкасида бажарилади)


РУХСАТНОМА N __________

20__ й. "___"_______ да



га берилган.

(ташкилотнинг номи)


Ушбу рухсатнома билан


га


(ташкилотнинг номи)


ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқлик юзасидан ахборотлаштириш объектларини аттестациядан ўтказиш ишларини амалга ошириш ҳуқуқи берилади.

      

Қуйидаги ахборотлаштириш объектлари бундан мустасно:


     

        

        

       

        

         

Рухсатнома 20__ й. "___" ___________________ даги _____-сон ариза асосида берилган.

Ташкилотнинг почта манзили


     

        

Рухсатноманинг амал қилиш муддати: 20__ й. "___" _____________ дан 20__ й. "___" ___________________ гача.


Рухсат берилган фаолият амалга ошириладиган фаолиятга татбиқ этиладиган қонун ҳужжатларига, давлат стандартларига ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек рухсатноманинг ажралмас қисми ҳисобланган ушбу рухсатноманинг амал қилиш шартларига мувофиқ амалга оширилади.

Аттестация ўтказувчи орган томонидан қўйилган талаблар бузилган тақдирда, ваколатли орган берилган рухсатноманинг амал қилишини қонун ҳужжатларига мувофиқ тўхтатиш ва/ёки тўхтатиб туриш чораларини қўллашга ҳақлидир.

Ариза берилган фаолият зарур тарзда бажарилишига таъсир кўрсатадиган янги омиллар пайдо бўлган тақдирда, ваколатли орган рухсатноманинг амал қилиш шартларига тузатиш киритиши мумкин.

Ташкилот тугатилган тақдирда рухсатноманинг амал қилиши тўхтатилади.

Ваколатли орган рухсатноманинг амал қилиши шартлари бажарилиши устидан давлат назоратини амалга оширади.

Ваколатли органнинг

масъул шахси




(имзо ва сана)


М.Ў.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 45-46-сон, 472-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами", 2011 йил, 11-сон, 86-модда