язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ахборотлаштириш. Телекоммуникациялар тараққиёти/ Фонд бозорида ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланишга ўрнатилган талаблар тўғрисида Низом (АВ томонидан 09.09.2008 й. 1855-сон билан рўйхатга олинган Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази бош директорининг 01.08.2008 й. 2008-13-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2008 йил 9 сентябрда 1855-сон

билан рўйхатга олинган

Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги

Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини

мувофиқлаштириш ва назорат

қилиш маркази Бош директорининг

2008 йил 1 августдаги

2008-13-сон буйруғи билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Фонд бозорида ахборот-коммуникация

технологияларидан фойдаланишга

ўрнатилган талаблар тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида" (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 29-30-сон, 278-модда), "Ахборотлаштириш тўғрисида" (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 й., 1-2-сон, 10-модда), "Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида" (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 20-сон, 230-модда), "Электрон рақамли имзо тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 й., 1-2-сон, 12-модда) қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2006 йил 27 сентябрдаги ПҚ-475-сонли қарорига (Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 йил 39-сон, 387-модда) мувофиқ, фонд бозорида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга, қимматли қоғозлар бозорида фойдаланилаётган технологияларни унификациялаш ва стандартлаштиришга бўлган талабларни ўрнатади.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ахборотларни криптографик муҳофаза қилиш (бундан кейинги ўринларда криптографик муҳофаза қилиш деб юритилади) - криптографик ўзгартиришлар алгоритми (криптоалгоритмлар) ёрдамида амалга оширилувчи ахборотларнинг бутлигини, очиқлиги ва маҳфийлигини таъминлашга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуаси;


ахборотларнинг конвертацияси - ахборотларнинг электрон ҳужжат шакли (маълумотлар шакли) бир шаклидан бошқа шаклига ўзгариши;

телекоммуникациялар оператори (бундан кейинги ўринларда оператор деб юритилади) - мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида телекоммуникациялар тармоғига эга бўлган, унинг ишлаши, ривожланишини таъминловчи ва телекоммуникация хизматларини кўрсатувчи юридик шахс;


телекоммуникациялар хизмати - сигнал ва бошқа ахборот шаклларини телекоммуникация тармоқлари орқали қабул қилиш, узатиш, қайта ишлаш бўйича оператор ва провайдерлар фаолиятининг маҳсулоти;


телекоммуникация хизматлари провайдери (бундан кейинги ўринларда провайдер деб юритилади) - фойдаланувчиларга операторларнинг тармоқлари орқали тижорат асосида телекоммуникация хизматларини кўрсатувчи юридик шахс;


технологик жараёнлар - қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларининг фаолиятини таъминловчи услублар, усуллар, иш тартиби, операция ва тартиб-таомилларнинг кетма-кетлиги;


Тизим иштирокчилари - электрон ҳужжат айланиши (бундан кейинги ўринларда ЭҲА деб юритилади) ва электрон рақамли калит сертификатидан фойдаланган ҳолда қонунчилик ва мазкур Низом талабларига мувофиқ ўзаро электрон алоқани амалга оширувчи қимматли қоғозлар бозорининг иштирокчилари;


фонд бозорида ахборот-коммуникация технологиялари (бундан кейинги ўринларда фонд бозорида АКТ деб юритилади) - қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари фаолиятининг технологик жараёнларига мувофиқ электрон ҳужжатларни сақлаш, ўзгартириш, ҳимоя қилиш, қайта ишлаш, жўнатиш ва қабул қилишни таъминловчи дастурлар ва техник воситалар мажмуаси;


фонд бозорида электрон ҳужжат айланиши тизими (бундан кейинги ўринларда Тизим деб юритилади) - бозор иштирокчилари ўртасида электрон ҳужжатларни алмашиш учун қўлланиладиган электрон ҳужжатларни шакллантириш, жўнатиш ва қабул қилиш, қайта ишлаш ва сақлашга имкон яратадиган қимматли қоғозлар бозори ҳар бир иштирокчисининг дастурий-техник воситалари мажмуаси;


электрон рақамли имзо (бундан кейинги ўринларда ЭРИ деб юритилади) - электрон ҳужжатдаги мазкур электрон ҳужжат ахборотини ЭРИнинг ёпиқ калитидан фойдаланган ҳолда махсус ўзгартириш натижасида ҳосил қилинган ҳамда ЭРИнинг очиқ калити ёрдамида электрон ҳужжатдаги ахборотда хатолик йўқлигини аниқлаш ва ЭРИ ёпиқ калитининг эгасини идентификация қилиш имкониятини берадиган имзо;


электрон ҳужжат - электрон шаклда қайд этилган, ЭРИ билан тасдиқланган ҳамда электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имконини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган ахборот;


электрон ҳужжат маълумотларининг шакллари (бундан кейинги ўринларда маълумотлар шакллари деб юритилади) - қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш учун электрон ҳужжатларда мужассамлашган ахборотларнинг мажбурий стандартлашган таркиблари ва турлари;


электрон ҳужжатнинг шакли - электрон ҳужжатнинг ЭҲА тўғрисидаги қонунчилик ёки Тизим иштирокчиларининг келишувлари билан ўрнатилган, мажбурий стандартлашган реквизитлари;


2. Қимматли қоғозлар бозорида бозор иштирокчилари томонидан фаолият юритилганда унинг иштирокчилари ўртасидаги ЭҲА қонун ҳужжатлари ва ушбу Низом талабларига мувофиқ амалга оширилади.


3. Тизим иштирокчилари томонидан фонд бозорида АКТдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қимматли қоғозларни чиқариш, жойлаштириш, уларнинг муомалада бўлиши, ҳақини тўлаш ва бекор қилиш вақтида фойдаланилади.

Қимматли қоғозларнинг биржа бозорида ва уюшган биржадан ташқари бозорида қимматли қоғозларга доир битимларни тузиш ҳамда рўйхатдан ўтказиш уларни ёзма равишда (қоғозда) расмийлаштириш заруратисиз, электрон шаклда амалга оширилади.


II. ФОНД БОЗОРИДА АКТГА ҚЎЙИЛАДИГАН

УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


4. Тизим иштирокчиларининг фонд бозорида АКТ электрон ҳужжатларининг бут сақланишини, ўзгартирилишини, муҳофаза қилишини, қайта ишланишини, жўнатилиши ва қабул қилинишини, шу жумладан:

электрон ҳужжатларнинг, улар жўнатилган ва қабул қилинган сана ва вақтлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган реквизитларнинг такрорий нусхаси кўчирилиши ва архивда сақланишини;

Тизим иштирокчилари ўртасидаги қоғоз шаклидаги ҳужжат алмашинишини қисқартириш ҳамда инсон омилининг ахборотларни қайта ишлаш сифати ва тезкорлигига бўлган салбий таъсирини камайтириш мақсадида қоғоз ва электрон ҳужжатларнинг қўл ишини минималлаштиришни;

ахборотларни киритиш/чиқаришни такрорловчи операцияларни истисно этишни, катта ҳажмдаги ахборотларни қайта ишлаш ва ахборот тизимларининг интеграциялашуви мумкинлигини;

электрон ҳужжатларнинг маҳфийлигига, бутлигига ва уларга муаллифлик қилишга қўйилган талабларга риоя этилишини;

қонунчиликда ўрнатилган талабларга мувофиқ ЭРИнинг ҳаққонийлигини, шунингдек қабул қилувчи томонидан электрон ҳужжатни қайта ишлаш пайтида жўнатувчининг ЭРИ калити сертификати амал қилаётганини текшириш мумкинлигини;

электрон ҳужжатларнинг транзит ўтказилишидан, у амалга ошириладиган транзит амалга ошириладиган тизимда иштирокчилар томонидан очилмаслиги ва кўрилмаслиги шарти билан (ёпиқ конверт фақат унинг эгаси томонидан очилиши мумкин) фойдаланишни таъминлаши лозим.


5. Тизим иштирокчилари томонидан электрон ҳужжатларни муҳофаза қилиш учун фойдаланилаётган фонд бозоридаги АКТ қонунчиликда ўрнатилган тартибда сертификатланган бўлиши ва фойдаланиш ҳужжатларига мувофиқ ишлатилиши лозим.



III. АХБОРОТ ХАВФСИЗЛИГИГА ҚЎЙИЛГАН ТАЛАБЛАР


6. Электрон ҳужжатларнинг чиқиб кетиши, ўғирланиши, йўқотилиши, бузилиши, уларга чекловларнинг ўрнатилиши ва қалбакилаштирилишининг ҳамда электрон ҳужжатларга рухсатсиз кириш ва улардан нусха кўчиришнинг олдини олишни ўз ичига олувчи Тизим иштирокчисининг ахборот хавфсизлиги Тизим иштирокчисининг дастурий-техник чора-тадбирлари билан таъминланади.

Ахборот хавфсизлиги, шунингдек бошқа мавжуд воситалар билан ҳам қонунчилик ва ушбу Низом талабларини инобатга олган ҳолда, Тизим иштирокчисининг ички қоидаларига мувофиқ таъминланиши мумкин.


7. Тизим иштирокчилари қонунчилик ва ушбу Низом талабларини инобатга олган ҳолда, белгиланган қоидаларнинг бузилишини ва унинг учун жавобгарликка тортилишнинг олдини олишни назарда тутувчи ахборот хавфсизлиги ва Тизимдан фойдаланишнинг ички қоидаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.


8. Дастурий-техник чора-тадбирлар қуйидагиларни таъминлайди:

Тизим иштирокчиси - ташкилот ходимларининг мазкур ташкилот ходимларининг лавозим йўриқномаларидан келиб чиққан ҳолда, дастурий ресурсларга чекланган киришини;

фонд бозорида АКТдан фойдаланишда Тизим иштирокчиси бўлган ташкилотларнинг барча ҳаракатларини антивирус билан муҳофаза қилиш ва баённома юргизишни.


9. Тизим иштирокчилари криптографик муҳофаза қилишни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширади.



IV. ЭҲАНИНГ ТЕХНОЛОГИК ЖАРАЁНИ ВА ЭЛЕКТРОН

ҲУЖЖАТЛАР ҲАМДА МАЪЛУМОТЛАРНИНГ ШАКЛЛАРИ

БЎЙИЧА ФОНД БОЗОРИДА АКТГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


10. Тизим иштирокчиларининг электрон ҳужжатлар билан ўзаро алмашиши телекоммуникация хизматлари воситасида ёки қонунчиликка зид бўлмаган бошқа усуллар билан амалга оширилади.


11. Тизим иштирокчилари очиқ ЭРИ калити сертификатларини ихтиёрий ўзаро қулай усулларда бир-бирлари билан алмашадилар.

Тизим иштирокчилари электрон ҳужжатларни алмашиш жараёнида рўйхатга олиш Маркази томонидан белгиланган тартибда рўйхатга олинган ҳолда берилган ЭРИ очиқ калитлар сертификатларига эга бўлган ЭРИ калитидан фойдаланадилар.


12. Электрон ҳужжат бевосита уни жўнатувчи ёки ахборот воситалари томонидан юборилган бўлсагина жўнатилган деб ҳисобланади.

Электрон ҳужжат электрон ҳужжат тизимининг тегишли иштирокчисига келиб тушган пайтидан бошлаб, қабул қилинган деб ҳисобланади.


13. Тизим иштирокчилари ЭҲАдан фойдаланиш йўли билан улар томонидан қимматли қоғозларнинг биржа ва уюшган биржадан ташқари савдоларига хизмат кўрсатилаётганида, қимматли қоғозлар билан бўладиган операцияларни амалга оширишнинг таркиби ва муддатлари тартибини ўрнатади.

14. Қимматли қоғозлар бозорида фойдаланилаётган технологияларни бирхиллаштириш ва стандартлаштириш мақсадида Тизим иштирокчиларининг фонд бозоридаги АКТ ҳар бир Тизим иштирокчиси томонидан фойдаланиладиган ахборотларнинг Тизим иштирокчиси томонидан олинган маълумот ва электрон ҳужжатларни тўғри қабул қилиш ва қайта ишлаш мақсадида маълумотларнинг ва электрон ҳужжатларнинг белгиланган шаклларига конвертация қилинишини таъминлаб бериши лозим.


15. Тизимдаги электрон ҳужжатнинг шакли қонунчиликда белгиланган ёки Тизим иштирокчилари ўртасида келишилган ҳолда ягона, стандартлашган ва барча Тизим иштирокчилари учун умумий бўлади.


16. Тизим иштирокчилари қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш учун Тизим иштирокчилари ўртасида келишилган ҳолда маълумотлар шаклига конвертация қилинадиган, ахборотларни ўзида қамраб олган электрон ҳужжатлар билан алмашадилар.

17. Олинган ахборотларнинг Тизим иштирокчиларига қабул қилишга имкон берувчи маълумотлар шакллари қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш учун минимал зарур ахборотни ўзида мужассамлаштиради.


18. Қимматли қоғозларнинг давлат Марказий депозитарийси маълумотлар шаклларини бепул ишлаб чиқишни ташкил этади.



V. ТИЗИМ ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


19. Тизим иштирокчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қонун ҳужжатлари ва мазкур Низомда белгиланган тартиб ва ҳолларда электрон ҳужжатларни жўнатиш ва қабул қилиш;

томонлардан уларга жўнатилган электрон ҳужжатларни олганликларини тасдиқлашларини сўраш;

тизим иштирокчилари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.


20. Тизим иштирокчилари қуйидагиларга мажбурдирлар:

тизимнинг узлуксиз фаолиятини таъминлаш;

ахборот хавфсизлиги ва Тизимдан фойдаланишнинг ички қоидаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш (фақат Тизим иштирокчиси юридик шахс бўлган ҳолда);

электрон ҳужжатларни тузишни ва жўнатишни қонун ҳужжатлари ҳамда ушбу Низом талабларига мувофиқ равишда қатъий таъминлаш;

мустақил равишда ЭРИ сертификатини олиш, шунингдек фонд бозорида АКТнинг ЭҲАдан фойдаланиладиган зарур иш ҳолатини қўллаб-қувватлаш;

электрон ҳужжатларда кўрсатилган буюртма ва/ёки топшириқларни фонд бозорининг технологик жараёнларига мувофиқ, қонунчилик талабларини инобатга олган ҳолда қабул қилиш/жўнатиш, топшириш/ижро этиш;

тизим иштирокчилари қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлишлари мумкин.


21. рўйхатга олиш Маркази томонидан ЭРИ очиқ калити сертификатининг амал қилишини тўхтатганида ёки бекор қилганида, тизим иштирокчиси бу ҳақда уни кечиктирмаган ҳолда, тегишли тизим иштирокчиларига хабар беради.


22. Электрон ҳужжатлар қонунчиликда белгиланган тартибда Тизим иштирокчилари томонидан сақланади.



VI. ТИЗИМ ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ

ЖАВОБГАРЛИКЛАРИ


23. ЭРИдан фойдаланиш ваколатига эга бўлмаган ва ундан шахсий ёхуд учинчи шахс манфаатлари йўлида фойдаланган Тизим иштирокчиси ва иштирокчи ташкилот ходимлари қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.


24. Тизим иштирокчиси унинг ўзи томонидан Тизимда исталган ҳаракатларни амалга оширишга ваколат берган шахснинг унинг номидан бажарган барча ҳаракатларига жавобгардир.


25. Тизим иштирокчилари телекоммуникация хизматларидан фойдаланганда электрон ҳужжатларни жўнатиш/қабул қилишда оператор ва/ёки провайдер айби билан юзага келиши мумкин бўлган вақтинчалик кеч қолишларга жавобгар эмаслар.


26. ЭҲА тўғрисидаги қонунлар ва ушбу Низомга хилоф иш тутган шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



VII. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


27. Тизим иштирокчилари ўртасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


28. Ушбу Низом Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 37-38-сон, 386-модда.