язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ахборотлаштириш. Телекоммуникациялар тараққиёти/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.08.2008 й. ПҚ-952-сон "Корея Республикаси Ҳукуматининг грант маблағларини жалб этган ҳолда илмий-техника адабиётлари электрон кутубхонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

26.08.2008 й.

N ПҚ-952



КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИ ҲУКУМАТИНИНГ

ГРАНТ МАБЛАҒЛАРИНИ ЖАЛБ ЭТГАН ҲОЛДА

ИЛМИЙ-ТЕХНИКА АДАБИЁТЛАРИ ЭЛЕКТРОН

КУТУБХОНАСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида электрон ахборот-кутубхона ресурсларини яратиш соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, илмий-техника адабиётларининг электрон манбаларини шакллантириш ва тўплашнинг замонавий технологияларини татбиқ этиш ҳамда республика фуқароларининг ундан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида:


1. Маълумот учун қабул қилинсинки, Корея Республикаси Ҳукумати томонидан 2008-2009 йиллар мобайнида илмий-техника адабиётлари электрон кутубхонасини ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига жами 2 млн. АҚШ доллари миқдорида грант маблағлари бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Белгилансинки, Корея Республикаси Ҳукуматининг грант маблағлари доирасида олиб келинадиган ускуналар ва материаллар, шунингдек кўрсатиладиган техник ёрдам Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг Тошкент шаҳар "Билим" ахборот-кутубхона маркази негизида илмий-техника адабиётлари электрон кутубхонасини ташкил этишга йўналтирилади.


2. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги мазкур грант маблағларини олиш учун барча зарур тартиб-қоидаларни Корея томони билан келишиб олинган муддатларда амалга оширилишини таъминласин.


3. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги зиммасига Корея Республикаси томонидан берилган грант маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш вазифаси;

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги зиммасига лойиҳани самарали амалга ошириш, грант маблағлари доирасида олиб келинадиган ускуналар ва материаллардан мақсадли фойдаланиш масъулияти юклансин.


4. Грант маблағлари ҳисобидан Тошкент шаҳар "Билим" ахборот-кутубхона маркази негизида илмий-техника адабиётлари электрон кутубхонасини ташкил этиш лойиҳаси бўйича:

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги - буюртмачи этиб;

"Алоқалойиҳа" лойиҳалаштириш институти - бош лойиҳалаштирувчи этиб;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки - грант маблағлари ҳисобидан ҳисоб-китоб операцияларини амалга оширувчи банк этиб белгилансин.


5. Илмий-техника адабиётлари электрон кутубхонасини ташкил этиш учун Корея Республикаси Ҳукуматининг грант маблағлари ҳисобидан олиб келинадиган ускуналар ва материаллар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин.


6. "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК ва "Ўзбекистон темир йўллари" ДАТК мазкур грант доирасида олиб келинадиган ускуналар ва материалларни аэропортларда ҳамда темир йўл станцияларида йиғимлар ундириб олинмаган ҳолда юкларни топшириш ишлари амалга оширилиши ҳамда сақланишини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги талабномаларига кўра, лойиҳани амалга оширишда иштирок этадиган хорижий мутахассисларнинг кириш визалари консуллик йиғими ва бошқа йиғимлар ундириб олинмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги талабномаларига кўра, лойиҳанинг хорижий қатнашчиларига кўп марталик визалар бериш ва муддатини узайтириш, шунингдек уларнинг истиқомат жойида вақтинча рўйхатда туриш ва унинг муддатини узайтиришни белгиланган тартибда расмийлаштиришни таъминласин ҳамда улар давлат божи тўлашдан озод қилинсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2010 йилдан бошлаб Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигига грант доирасида олиб келинадиган жиҳозларга техник хизмат кўрсатиш учун бюджетдан ажратиб бериладиган маблағлар чегарасидаги харажатларни назарда тутсин.


10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                           И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 35-36-сон, 345-модда.