язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ахборотлаштириш. Телекоммуникациялар тараққиёти/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20.09.2013 й. ПҚ-2042-сон "Мамлакатимизнинг дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларини рағбатлантиришни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

20.09.2013 й.

N ПҚ-2042



МАМЛАКАТИМИЗНИНГ ДАСТУРИЙ ТАЪМИНОТ

ВОСИТАЛАРИ      ИШЛАБ      ЧИҚУВЧИЛАРИНИ

РАҒБАТЛАНТИРИШНИ ЯНАДА КУЧАЙТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасининг "Ахборотлаштириш тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари учун халқаро стандартларга мос дастурий таъминот воситаларини республикада ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, сифатли, рақобатбардошли дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш юзасидан мамлакатимиз ишлаб чиқувчиларини рағбатлантиришни кучайтириш, шунингдек, уларнинг маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларда илдам силжитишга кўмаклашиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги ва  Молия вазирлигининг Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларининг миллий реестрини тузиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

Белгилаб қўйилсинки:

Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларнинг миллий реестри software.uz Интернет-порталида жойлаштирилган дастурий маҳсулотлар ва ишлаб чиқувчиларнинг миллий каталоги негизида яратилади;

Миллий реестр электрон шаклда он-лайн режимида юритилади;

ўз дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқиш, татбиқ этиш ва сотишдан олинган даромадлари улар сотган товарлар (ишлар, хизматлар) умумий ҳажмининг камида 50 фоизини ташкил этадиган юридик шахслар Миллий реестрга ихтиёрий ва бепул асосда киритилади.


2. Қуйидагилар Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчилар миллий реестрини юритишнинг асосий вазифалари ва йўналишлари деб ҳисоблансин:

мамлакатимизнинг дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчилари тўғрисидаги ахборотнинг ягона электрон банкини яратиш ва истиқболли лойиҳаларни ҳамда инновацион компьютер технологияларини яратиш билан машғул бўлган истеъдодли ёш дастурчиларни қўллаб-қувватлаш;

миллий дастурий маҳсулотларнинг маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда мамлакатимизда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш бозорининг ҳолати ва салоҳияти тўғрисида ахборот бериш;

ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошли бўлган, сифатли миллий дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқишни рағбатлантириш;

иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг реал эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқишнинг устувор йўналишларини белгилаш;

мамлакатимиз дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқувчиларининг манфаатларини ифодалаш, уларга ўз маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларда илдам силжитишда кўмак бериш.


3. Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларининг миллий реестрини шакллантириш, юритиш ва янада ривожлантириш вазифалари Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги зиммасига юклансин.

4. Миллий реестрга киритилган дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқувчилар 2020 йилнинг 1 январига қадар муддатда:

барча турдаги солиқлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл фондига, бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан;

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича ўз эҳтиёжлари учун олиб келинадиган ускуналар, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технология ҳужжатлари, дастурий таъминот воситаларига бож тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод қилинсин.


5. Қуйидагилар белгилаб қўйилсин:

мазкур қарор 4-бандининг иккинчи хатбошисида назарда тутилган солиқ имтиёзлари берилиши муносабати билан бўшайдиган маблағлар Миллий реестрга киритилган юридик шахслар - дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларининг ходимларини рағбатлантириш, моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга йўналтирилади;

Миллий реестрга киритилган юридик шахслар - дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқувчилар учун ушбу қарорда назарда тутилган солиқ имтиёзларининг амал қилиш муддати, агар уларнинг ўзлари ишлаб чиқарган дастурий таъминот воситаларини экспорт қилиш ҳажми улар сотган товарлар (ишлар, хизматлар) умумий ҳажмининг камида 50 фоизини ташкил этган тақдирда, 2 йилга узайтирилади.


6. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2006 йил 5 январдаги ПФ-3706-сонли Фармонининг амал қилиши Миллий реестрга киритилган юридик шахслар - дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларга, агар улар хонадонларда ишловчи (касаначи) жисмоний шахслар билан меҳнат шартномалари тузадиган бўлсалар, татбиқ этилсин;

юридик шахслар фойдасига солинадиган солиқ ва ягона солиқ тўлови бўйича янги технология ускуналарини харид қилиш чоғида солиққа тортиладиган базани камайтиришга доир амалдаги тартиб республика корхоналари ва ташкилотлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг ҳар йилги Инвестиция дастурига киритиладиган ахборот тизимларини яратиш бўйича инвестиция лойиҳалари доирасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дастурий таъминот воситаларини сотиб олишга йўналтириладиган маблағлар миқдорига жорий қилинсин.


7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Миллий реестрга киритилган юридик шахслар - дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчилар дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқариш ва уларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишлар ҳамда хизматларни Интернет тармоғининг он-лайн дўконлари орқали экспорт шартномаси мавжуд бўлмасдан хорижий валютага экспорт қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва Марказий банк билан биргаликда икки ой муддатда Дастурий таъминот воситалари экспорти  ва импорти тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин, унда дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқариш, сотиш ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ташқи савдо операцияларини амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари назарда тутилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларнинг миллий реестри тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.

9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                          И. Каримов



"Халқ сўзи", 2013 йил 21 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 30 сентябрь, 39-сон, 508-модда