язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ахборотлаштириш. Телекоммуникациялар тараққиёти/ Телекоммуникация линиялари ва иншоотларини муҳофаза қилиш Қоидалари (ЎзР ВМ 15.05.1998 й. 210-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1998 йил 15 майдаги

210-сон қарорига

ИЛОВА



Телекоммуникация линиялари ва

иншоотларини муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Телекоммуникация линиялари ва иншоотларини муҳофаза қилишнинг мазкур қоидалари (кейинги ўринларда Қоидалар деб аталади) Ўзбекистон Республикасида алоқа, радиолаштириш ва сигнализация линияларининг муҳофаза қилинадиган ҳудудида қуриш, сақлаш ва фойдаланиш тартибини белгилайди.

Қоидаларнинг амал қилиши барча линияларга, уларнинг кимга қарашлилиги ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, жорий этилади.

Қоидаларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги барча корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва алоҳида шахслар (кейинги ўринларда юридик ва жисмоний шахслар деб аталади) томонидан бажарилиши мажбурийдир.



I. ТЕЛЕКОММУНИКАЦИЯ ЛИНИЯЛАРИ

ВА ИНШООТЛАРИНИ КЎРИШ


1. Алоқа, радиолаштириш ва сигнализация линияларига (кейинги ўринларда "алоқа коммуникациялари" деб аталади) уларга сим ва алоқа кабели тортилган алоқа ҳаво линиялари, алоқа ва радиолаштиришнинг тиргакли линиялари, уларнинг сигнал ва ўлчов белгилари (устунлар)ни билдирадиган ер ости кабель линиялари, радиореле алоқа линиялари, кабелли телефон канализацияси, хизмат кўрсатилмайдиган ер усти ва ер ости кучайтириш (регенерация қилиш) пунктлари, тақсимловчи шкафлар, қутилар, ерга уланган симлар контурлари ва бошқалар киради.

Алоқа коммуникациялари: шаҳар ва қишлоқ телефон алоқаси, радиолаштириш ва сигнализация, шаҳарлараро, халқаро алоқа, радиореле алоқаси, турли хил технология алоқаси линияларига бўлинади.


2. Ўзбекистон Республикасида алоқа коммуникацияларини қуриш ва реконструкция қилиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ, барча манфаатдор юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда, лойиҳалаштириш ва қуришнинг амалдаги меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ, махсус рухсатнома (лицензия)ларга эга бўлган ихтисослаштирилган лойиҳалаш институтлари ёки лойиҳалаш гуруҳлари томонидан ишлаб чиқиладиган лойиҳалар бўйича амалга оширилади.


3. Алоқа иншоотлари кўриш учун белгиланган тартибда рухсат олган юридик ва жисмоний шахсларга барча ер майдонларида, жумладан, саноат, қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги, сув хўжалиги мақсадларидаги ёрларда, шахсий ҳовлиларда, ажратилган жойларда ва тақиқланган ҳудудларда, шунингдек, биноларнинг томларида, темир йўл ва автомобиль йўллари кўприкларида, коллекторларда, метрополитен ва темир йўллар туннелларида, техник шарт-шароитлар бўйича мулкдорлар ёки ушбу ерлардан ва иншоотлардан фойдаланувчиларда, ушбу ер участкалари, бинолар, кўприклар ва бошқа иншоотлар, кимнинг мулки, эгаси ким ёки кимнинг фойдаланишида бўлишидан қатъи назар, алоқа коммуникацияси барпо этиш, улардан фойдаланишни таъминловчи мосламалар (қудуқлар, қопқоқлар, зинапоялар, тўсиқлар ва шу кабилар) ўрнатиш ҳуқуқи берилади.


4. Алоқа коммуникациялари қурилиши учун ер участкалари Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан белгиланадиган тартибда ажратилади.

Алоқа коммуникациялари қурилиши учун қурилиш даврида ерлар, иншоотларни бузмасдан ва кўп йиллик дарахтларни олиб ташламасдан, вақтинчалик олиб қўйилади.

Юридик ва жисмоний шахслар ер участкалари ҳудудлари бўйича, автомобиль йўллари, кўприклар, ер ости йўллари, кўчалар, иморатлар, зовурлар, тақиқланган ҳудудлар, ўрмонлар орқали алоқа коммуникацияларини ётқизиш шартлари ер участкалари эгалари, ердан фойдаланувчилар ва санаб ўтилган объектлар эгалари билан, алоқа коммуникациялари ва автомобиль йўллари параллель жойлашганда ва ажратилган полосага яқинлиги 50 метрдан кам бўлганда эса - йўл хўжаликлари. билан келишиб олинади.


5. Қишлоқ хўжалиги мақсадларидаги ерларда алоқа коммуникациялари қурилишига, қоидага кўра, ҳосил йиғиб-териб олингандан кейингина рухсат этилади. Бунда ер ажратиш, уни қайта обод қилиш шартларига риоя қилиниши керак. Агар алоқа коммуникациялари қурилиши қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун ердан фойдаланишнинг экинлар ўсадиган даврига мўлжалланаётган бўлса, бу ерлар экин билан банд қилинмаслиги керак. Бундай ҳолларда ердан мажбурий равишда фойдаланилмаганлиги билан боғлиқ зарарни компенсация қилиш назарда тутилиши керак.

Ерни экинлар билан банд қилмаслик тўғрисидаги масала қурилиш буюртмачиси ва ер эгаси (ердан фойдаланувчи, шу жумладан, ижарачи)нинг биргаликдаги шартномаси асосида ҳал этилиши керак. Шартнома экиш ишлари бошланишидан камида 6 ой олдин тузилади.


6. Мавжуд алоқа коммуникациялари муҳофаза қилинадиган ҳудудлари ер майдонлари ер участкалари эгаларидан, ерга эгалик қилувчилардан (ердан фойдаланувчи, шу жумладан ижарачидан) олиб қўйилмайди ва кўрсатиб ўтилган коммуникацияларни сақлашни таъминлаш шарти билан улардан фойдаланилиши мумкин.

Алоқа коммуникациялари эгалари ер участкалари эгаларини, ерга эгалик қилувчиларни, ердан фойдаланувчиларни, шу жумладан, ижарачиларни алоқа коммуникациялари мавжудлиги ва уларнинг сақланишини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар кўриш тўғрисида ёзма шаклда огоҳлантирадилар.


7. Хизмат кўрсатилмайдиган ер усти ва ер ости кучайтирувчи (регенерация қилувчи) пунктларни қуриш учун лойиҳалашга технологик меъёрлар билан белгиланадиган ҳажмларда доимий равишда ер ажратилади.


8. Алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси билан келишилган ҳолда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда алоқа коммуникациялари қурилишига йўл қўйилади, давлат қўриқхоналари, табиий боғлар ва давлат биосфера резерватларининг қўриқхона ҳудудлари бундан мустасно.

9. Алоқа коммуникациялари трассаларида муҳофаза ҳудудлари белгиланиши муносабати билан мулк эгаларидан, ер эгаларидан ва ундан фойдаланувчилардан ерлар олиб қўйилган ёки уларнинг ҳуқуқлари чегараланган ҳолларда жисмоний ёки юридик шахслар - коммуникациялар эгалари томонидан уларга Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси қонунчилиги билан белгиланган тартибда компенсация тўланади.



II. АЛОҚА КОММУНИКАЦИЯЛАРИНИ

МУҲОФАЗА ҚИЛИШ


10. Алоқа коммуникациялари сақланишини таъминлаш учун:

а) қуйидаги мақсадлар учун муҳофаза ҳудудлари белгиланади:

кабель ва ҳаво коммуникациялари учун - шу коммуникациялар бўйлаб ўтган, ер ости кабель трассасидан ёки ҳаво линияларининг чекка симларидан ҳар қайси томондан 2 метр масофадаги тўғри чизиққа параллель равишда белгиланган ер участкасидан иборат муҳофаза ҳудуди;

дарёлар, кўллар, сув омборлари, каналлардан ўтганда - сув сатҳидан то тубигача ҳар қайси томондан 100 метр, денгиз кабели линиялари учун эса - 0,25 миля масофада сув сатҳининг бутун чуқурлиги участкасидан иборат муҳофаза ҳудуди;

кучайтиргич ва регенерация пунктлари хизматлари кўрсатилмайдиган ер усти ва ер ости алоқа коммуникациялари учун - кучайтиргич ва регенерация пунктларидан ёки уларни ўраган чегарадан 3 метр наридаги узлуксиз чизиқ билан белгилаб қўйиладиган ер участкасидан иборат муҳофаза ҳудуди.

Шаҳар чеккасидан ташқаридаги ер ости коммуникациялари трассаларида, шунингдек аҳоли яшаш жойларида ер ости коммуникациялари ўтган жой эканлигини кўрсатувчи темир-бетон ўлчов устунлари ўрнатилади. Электр узатиш линиялари, тўсиқлар ва уйларнинг деворларига маҳкамлаб қўйиладиган кўрсаткичлар ҳам шундай жойларни кўрсатувчи ҳисобланади. Шаҳарларда ер ости коммуникацияларининг қаердан ўтганлиги техник ҳужжатларда белгиланади.

Денгиз кабель линиялари трассаларида, дарёлар, кўллар, сув омборлари ва каналлар орқали ўтиш жойларидаги алоқа кабеллари трассаларида муҳофаза қилиш ҳудудлари чегаралари чиқиш жойидаги сигнал белгилари билан бирга белгиланади. Денгиз кабель алоқа коммуникациялари трассалари "Денгизда сузувчиларга хабарномалар"да кўрсатилади ва денгиз хариталарига киритилади;

б) ўрмон массивларида ва дарахтзорларда ҳаво алоқа коммуникациялари учун қуйидагича очиқ жойлар қолдирилади:

бўйи 4 метрдан баланд бўлмаган дарахтлардан иборат дарахтзорларда - эни чеккадаги симлар ўртасидаги масофадан кам бўлмаган кенгликка яна 4 метр (ҳар қайси томоннинг энг чеккасидаги симлардан дарахтларнинг шохигача 2 метрдан иборат) масофа қўшилган очиқ жой қолдирилади;

бўйи 4 метрдан баланд бўлган дарахтзорларда - энг чеккадаги симлар ўртасидаги масофадан кам бўлмаган яна 6 метр (ҳар қайси томоннинг энг чеккасидаги симлардан дарахтларнинг шохигача 3 метрдан иборат) масофа қўшилган очиқ жой қолдирилади.

Дарахтларнинг ағдарилиб тушиши тез-тез содир бўладиган дарахтзорда очиқ жойларнинг кенглиги энг чеккадаги симлар ўртасидаги масофага ҳамда иккала томондаги дарахтларнинг ўртача баландлиги қўшилган масофага тенг бўлиши керак. Бундай ҳолларда очиқ жойнинг чеккасида ўсган айрим дарахтлар ёки дарахтлар гуруҳининг баландлиги дарахтзорнинг ўртача баландлигидан юқори бўлса, улар кесиб ташланиши лозим. Очиқ жойлардаги дарахтларни парвариш қилишда харидоргир дарахтлар очиқ жойлар ўтган хўжаликлар ихтиёрида қолдирилади. Харидоргир бўлмаган дарахтлар ўрмон хўжалиги ҳудудидан чиқариб ташланади ва йўқ қилинади.

Алоқа коммуникациялари парклар, боғлар орасидан ўтган ҳолларда тегишли ташкилотлар, корхоналар, муассасалар билан ўзаро келишилиб, очиқ жойларнинг кенглигини камроқ қилиб белгилашга йўл қўйилади.

Ўрмон массивлари ва дарахтзорлар орасидан ўтган алоқа коммуникациялари учун ажратилган очиқ жойлар алоқа коммуникацияси эгалари кучлари билан ёнғин чиқишига йўл қўйилмайдиган хавфсиз ҳолатда сақланиши керак.

Паркларда, боғларда, ўрмон дарахтзорларида, шаҳарлар ва аҳоли яшаш жойлари атрофидаги дарахтзорларда, иҳота дарахтзорларида, автомобиль ва темир йўллар бўйларидаги иҳота ўрмонзорларида, дарёлар, каналлар бўйларидаги, кўллар ва сув ҳавзалари атрофидаги тақиқланган ўрмонзорларда, қимматли дарахтлардан иборат ўрмонзорларда очиқ жойлар шундай қолдирилиши керакки, уларни очиш чоғида дарахтзорларга энг кам зарар етадиган бўлсин ва шу дарахтзорларнинг ҳимоя хусусияти йўқолишига йўл қўйилмасин. Жумладан, бунда буталар ва ёш дарахтлар кесиб ташланмаслиги, тупроғи юмшоқ тик (15 градусдан юқори) қияликлардаги эрозия жараёнларидан зарарланган жойлардаги тўнкалар кавлаб олинмаслиги керак.

Очиқ қолдириладиган жойлардаги дарахтларни кесиш алоқа коммуникациялари эгалари томонидан ўрмон хўжалиги ташкилотларининг шартларига кўра амалга оширилади. Дарахтзорларни кесиш қоидалари бузилишига йўл қўйган алоқа коммуникациялари эгалари бунинг учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар;

в) алоқа коммуникациялари билан бошқа иншоотлар ўртасида тегишли иншоотларни қуриш қоидалари билан белгиланадиган энг кам миқдорда йўл қўйиладиган масофа (оралиқ)лар қолдирилади.


11. Радиореле алоқа линиялари трассаларида радио тўлқинлари тарқалишига тўсқинлик қилишининг олдини олиш мақсадида бинолар ва иншоотлар қуриш, шунингдек, дарахтлар ўтқазиш тақиқланган алоҳида ер участкалари белгилаб қўйилади. Бу участкаларнинг жойлашиши ва чегаралари радиореле линияларини қуриш лойиҳаларида назарда тутилади ва лойиҳалаш ташкилотлари томонидан тегишли вилоятлар, туманлар, шаҳарлар архитектура бошқармалари (бўлимлари)га маълум қилинади.


12. Алоқа коммуникациялари трассаларидаги муҳофаза ҳудудлари ва очиқ жойлар доирасида ушбу коммуникациялар эгаларининг ёзма равишдаги розилигисиз:

а) 0,3 метрдан ортиқ чуқурликда ҳар қандай қурилиш, ер қазиш, монтаж ва портлатиш ишлари, қишлоқ хўжалиги далаларида қишлоқ хўжалиги зарурати учун ерни юмшатиш, шунингдек, суғориш тармоқларини тозалашни амалга ошириш;

б) хўжалик уйлари ва бошқа иншоотлар барпо этиш, дарахтлар ва токлар экиш, дала шийпонларини жойлаштириш, чорва моллари боқиш, материаллар, ем-хашак ва ўғитларни тўплаб қўйиш, гулханлар ёқиш, ўқ отиш майдонлари ташкил қилиш;

в) алоқа коммуникацияларини муҳофаза қилиш бўйича махсус чора-тадбирларсиз автотранспортлар, трактор ва механизацияларнинг ўтишини ва тўхтаб туриш жойларини ташкил қилиш, ҳаво алоқа коммуникациялари симлари остидан габаритсиз юкларни ташиш;

г) қудуқлар, шурфлар қазиш ва тупроқдан намуналар олиш билан боғлиқ бўлган геологик-расмга олиш, геодезия, қидирув ва бошқа излаш ишларини бажариш;

д) кемалар, баржалар ва сузувчи кранлар тўхтаб туриши учун причаллар қуриш, юк ортиш-тушириш, сув тагини чуқурлаштириш ва ер қазиш ишларини бажариш, лангар ташлаш, ташланган лангарлар, занжирлар, лотлар, волокушалар ва траллар билан ўтиш, балиқ овлайдиган участкалар ажратиб бериш, балиқ, шунингдек, бошқа сув жониворларини ва ўсимликларини сув тагига бориб етадиган асбоблар ёрдамида овлаш, чорва моллари суғориладиган жойлар қуриш, музларни тешиш ва муз тайёрлаш тақиқланади.

Автомобиль йўллари ва темир йўллар ўтган жойлардаги алоқа коммуникацияларининг муҳофаза қилинадиган ҳудудлари йўл ва темир йўллар органлари томонидан ўз эҳтиёжлари учун, лекин коммуникацияларнинг сақланишини албатта таъминлаган ҳолда, фойдаланилиши мумкин.

Алоқа коммуникациялари сақланишини таъминлаш учун мазкур Қоидаларнинг V бўлимига мувофиқ ушбу коммуникацияларнинг трассалари муҳофаза ҳудудлари ва очиқ жойлар доирасида ишларни амалга ошириш шартлари белгиланади.


13. Алоқа коммуникациялари ишини бузиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатларни амалга ошириш тақиқланади, жумладан:

а) алоқа коммуникациялари ўтказилган, ушбу коммуникацияларнинг ҳаво тирговучлари ўрнатилган, кабель қутилари ва тақсимлагич қутичалар жойлаштирилган ерларда ушбу иншоотлар ва қурилмалар эгалари билан келишиб олинган лойиҳа бўйича алоқа коммуникацияларини қурувчилар томонидан олдиндан олиб чиқиб кетмасдан биноларни, кўприкларни бузиш ва реконструкция қилиш, зовурларни, метрополитен ва темир йўлларнинг ер ости йўлларини қайта кўриш;

б) ўлчов ва сигнал белгиларини кўмиб юбориш ва синдириш, оғир (5 тоннадан кўп) нарсаларни ташлаш, алоқа коммуникациялари трассаларида кислоталар, тузлар, ишқорлар ва бошқа суюқликлар оқизиладиган ариқлар барпо этиш;

в) хизмат кўрсатилмайдиган кучайтиргич (регенерация) жойларининг кабель канализациялари қопқоқларини тупроқ, ахлат, қурилиш материаллари билан кўмиб ташлаш, бетон ёки асфальт ётқизиш;

г) хизмат кўрсатилмайдиган (ер ости ва ер усти) кучайтиргич (регенерация) жойларининг ва радиореле станцияларининг, телефон канализацияси кабель қудуқларининг, тақсимлаш шкафлари ва кабель қутиларининг эшикларини ва қопқоқларини очиш, шунингдек, хизмат кўрсатиш учун алоқаси бўлмаган шахсларни ушбу алоқа коммуникацияларига жалб қилиш;

д) дарёларнинг қайирларида ва ўзанида оқими бўйича кабель ўтган жойлардан 2,5 км яқин масофада баландда ёки қуйида шағал ёки қумни саралаб олиш учун очиқ кон қазиш;

е) олдиндан чуқурлаштирмасдан ёки ер ости алоқа коммуникацияларини чиқариб олмасдан ерни текислаш;

ж) бир жўякнинг ўзи бўйлаб ер юмшатиш тракторларини бир неча бор ўтказиш ва алоқа коммуникацияларининг муҳофаза қилинадиган ҳудудларида жўякларда ер юмшатиш тракторларини буриб олиш;

з) алоқа коммуникацияларига шикаст етказиши мумкин бўлган бошқа (масалан, ҳаво алоқаси линиялари тирговучлари ва арматурасини шикастлантириш, симларни узиб юбориш, уларга бошқа нарсаларни ташлаб юбориш) ҳаракатларни қилиш;

и) амалда бўлиш муддати ўтиб кетган рухсатномалар бўйича ишларни амалга ошириш.


14. Шаҳарларда ва бошқа аҳоли яшайдиган жойларда алоқа коммуникацияларининг сақланишини таъминлаш учун ушбу коммуникациялар тасарруфида бўлган жисмоний ва юридик шахслар топогеофизика-геодезия бажариш расмлари материалларини ер ишларини олиб боришга рухсатномалар берадиган ҳокимият органига тақдим этишлари шарт.


15. Кема лангари ёки балиқ овлаш асбоби кабелни илиб кўтариб чиққан тақдирда, кемаларнинг капитанлари (кемаларнинг командирлари) лангарлари ёки ов асбоблари нобуд бўлиши билан ҳисоблашмай, кабелга шикаст етказмаган ҳолда, уни лангардан ёки ов асбобидан ажратиб олиш учун ҳамма чораларни кўришга мажбурдирлар. Кабель илиниб кўтариб чиқилганлиги тўғрисида кемаларнинг капитанлари (кемаларнинг командирлари) кабель кўтарилган жойнинг координатларини, шунингдек, кабель кўтарилган вақтни кўрсатиб, энг яқин жойдаги портга радио орқали дарҳол хабар қиладилар. Тасодифий равишда кабель кўтарилиб қолганлиги тўғрисидаги хабарни қабул қилиб олган порт бу ҳақда яқинроқдаги алоқа корхонаси (ташкилоти)га маълум қилади.


16. Алоқа коммуникациялари ўтган ер участкалари мулкига берилган, тасарруфида, фойдаланишида бўлган юридик ва жисмоний шахслар:

а) ушбу коммуникацияларнинг бузилмай сақланишини таъминлашга ёрдам берадиган ва ўзларига боғлиқ бўлган барча чора-тадбирларни кўришлари;

б) алоқа коммуникациялари эгалари билан ишни бошлаш муддатларини ва ушбу ишлар қаерда олиб борилишини олдиндан келишиб олмай туриб геология-суратга олиш, қидириш, геодезия ва бошқа қидирув ишларининг амалга оширилишига, бинолар ва иншоотлар қурилишига йўл қўймасликлари;

в) коммуникацияларни чуқурлаштириш учун ишчи кучи ва механизмларни ажратган ҳолда, пулга, агар бу қандайдир ишларни амалга ошириш учун зарур бўлса, алоқа коммуникациялари эгаларига ёрдам кўрсатишлари шарт.


17. Янги қурилишлар, шаҳарларни, аҳоли яшайдиган бошқа жойларни ва алоҳида биноларни реконструкция қилиш, йўллар ва кўприкларни қайта қуриш, қишлоқ хўжалиги далаларини қайта режалаштириш сабабли алоқа коммуникацияларини қайта қуриш ва ўтказиш асосий қурилиш ёки ишларни амалга ошириш ишларини ташкил этувчилар, ер участкалари эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер эгаларининг капитал қўйилмалари ва моддий ресурслари ҳисобидан алоқа коммуникациялари ва иншоотлари эгалари билан келишган ҳолда техник шартлар бўйича амалга оширилади. Мавжуд алоқа коммуникациялари ва иншоотларини ушбу коммуникация ва иншоотлар эгалари билан келишмасдан бошқа жойга кўчириш тақиқланади.

Асосий қурилишлар ва ишларни олиб борувчи ташкилотлар ва шахслар ушбу коммуникациялар бўйича уларнинг жойини ўзгартиришда ёки қайта қуришда алоқа ишларининг тўхтаб қолишидан етказилган зарарларни алоқа коммуникациялари эгаларига тўлашга мажбурдирлар.

Алоқа коммуникацияларини бошқа жойга ўтказиш назарда тутилган лойиҳа бўйича ишларни амалга ошириш фақат ушбу коммуникациялар қайта улангандан кейин бошланиши мумкин.


18. Қурилиш учун ер участкалари ажратиш бўйича ҳокимликлар комиссияларида ушбу участкаларни ажратиш тўғрисидаги масала ушбу коммуникациялар эгаларининг хулосаларини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилиши керак.


19. Лойиҳалаштирилаётган бинолар, иншоотларнинг қурилиш майдончалари ҳудудлари орқали алоқа коммуникациялари трассалари ўтадиган ҳолларда, ушбу объектларни қуриш лойиҳалари ва сметаларида шу телекоммуникациялар эгалари билан келишув бўйича коммуникацияларнинг сақланишини таъминлашнинг зарур чора-тадбирлари назарда тутилиши керак.


20. Алоқа коммуникациялари трассаларидаги муҳофаза ҳудудлари ва очиқ жойлар яқинида мазкур коммуникацияларга шикаст етказиши мумкин бўлган ишларни ташкил этувчилар:

алоқа коммуникациялари эгалари билан шу ишларни амалга ошириш тартибини назарда тутган ҳамда алоқа коммуникациялари сақланишини таъминлайдиган, ишларни бажарувчилар амалга ошириши лозим бўлган тадбирларни кўзда тутган битимлар тузишлари;

ишларни амалга ошириш вақти ва жойи ҳамда уларнинг олиб борилишини кузатиш тартиби тўғрисида алоқа коммуникациялари эгаларини хабардор қилишлари шарт.


21. Ер ишларини амалга оширувчилар шу ишларни бажариш тўғрисидаги техник ҳужжатларда қайд этилмаган ер ости кабелларига дуч келиб қолганларида кабеллар учраган жойлар атрофидаги ишларни дарҳол тўхтатишлари, уларнинг сақланишини таъминлаш чора-тадбирларини кўришлари ва бу тўғрида маҳаллий ҳокимликнинг архитектура бўлими (бошқармаси)га хабар қилишлари шарт.



III. МУҲОФАЗА ҚИЛИНАДИГАН ҲУДУДЛАРДА

АЛОҚА КОММУНИКАЦИЯЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ


22. Алоқа коммуникациялари эгаларининг техник ходимларига алоқа коммуникацияларининг муҳофаза ҳудудларидан ва очиқ жойлардан бемалол ўтиш, авария-тиклаш ишларини бажараётганларида эса, ўз машиналарида бемалол ўтиб кетиш ҳуқуқи берилади. Агар кўрсатиб ўтилган коммуникациялар тақиқланган ҳудудлар ва махсус объектлар ҳудудидан ўтган бўлса, унда тегишли ташкилотлар куннинг ҳар қандай вақтида назорат қилиб туриш ва ишларни бажариш учун алоқа коммуникациялари эгаларига рухсатномалар бериб қўйишлари керак.


23. Алоқа коммуникациялари эгаларига муҳофаза қилинадиган ҳудудлар ва очиқ жойларда:

а) хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган йўллар, кириш йўлаклари, кўприклар ва коммуникациялардан фойдаланиш учун зарур бўлган бошқа иншоотларни кўришга (ерлар ажратиш ва умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларига қўшилиш учун қўшимча келишувлар бўйича);

б) ушбу коммуникацияларни тузатиш учун ўралар, хандақлар ва котлованларни мажбурий равишда тупроқ билан қайта кўмиш ва ерни қайта созлаб қўйиш шарти билан қазишга;

в) очиқ жойларнинг белгиланган кенгликда бўлишини таъминлаш учун дарахт шохларини кесишга рухсат этилади.


24. Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерларда алоқа коммуникацияларидан фойдаланиш мақсадида хизмат кўрсатиш ва тузатиш (авария-тузатиш ишларидан бошқа) ишларини, қоидага кўра, ушбу ерлар қишлоқ хўжалиги экинлари билан банд бўлмаган даврда бажаришга рухсат этилади.

Аварияларни бартараф этиш ишлари ҳар қандай вақтда (экинлар бор-йўқлигидан қатъи назар) бажарилиши мумкин. Кўрсатиб ўтилган ишлар бажарилгандан сўнг алоқа коммуникациялари эгалари қишлоқ хўжалиги мақсадларидаги ерларни қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши учун яроқли ҳолга келтиришлари, шунингдек, ер эгаларига, ердан фойдаланувчиларга, шу жумладан, ижарачиларга авария-тиклаш ишларини бажаришда етказилган зарарларни, агар алоқа коммуникациялари шикастланишига ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, шу жумладан, ижарачилар томонидан мазкур Қоидалар талаблари бузилиши сабаб бўлмаган бўлса, тўлашлари керак.


25. Алоқа коммуникацияларини тузатиш бўйича (авария-тиклаш ишларидан ташқари) йўлнинг устки қатламларини олиб ташлашни ва ерни қазишни талаб қиладиган ишларни бажариш шарт-шароити тегишли йўл органлари билан, шаҳарлар ва бошқа аҳоли яшаш жойлари доирасида эса - ҳокимликлар билан келишиб олингандан кейин амалга оширилиши мумкин. Кўрсатилган ишларни бажариш шартлари тўғрисида тегишли орган шундай ишларни бажариш зарурлиги тўғрисида ёзма хабар олгандан сўнг 3 кун муддатда алоқа коммуникациялари эгаларига маълум қилиши керак. Иш жойларини ўраб қўйиш ДАН органлари билан келишиб олинади.

Авария-тиклаш ишлари уларнинг шартлари олдиндан келишиб олинмаган ҳолда бажарилаверади, аммо иш бажарилаётган жойга йўл органи ёки ҳокимлик вакили албатта чақиртирилиши керак. Бунда мазкур ишларни амалга оширувчи алоқа коммуникациялари эгалари транспорт ва йўловчилар учун зарур огоҳлантирувчи белгиларни ўрнатган ҳолда авария бўлган жойни айланиб ўтиш йўлларини кўрсатиб қўйишлари керак. Устки қатлами олиб ташланган йўл ушбу қатламни олиб ташлаган алоқа коммуникациялари эгалари ҳисобидан, йўл органлари томонидан тикланади.


26. Алоқа коммуникациялари тош йўл ва темир йўллар, трубопроводлар, кема қатнайдиган дарёлар, кўллар, сув омборлари, каналлар, саноат корхоналари ҳудудлари, метрополитен туннелларида кесишган жойларда бундай коммуникациялардан фойдаланиш тартиби алоқа коммуникациялари эгалари томонидан транспорт, саноат ва бошқа тегишли ташкилотлар, муассасалар ва шахслар билан келишиб олиниши керак.


27. Ҳокимликлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар ва миллий хавфсизлик органлари алоқа коммуникацияси эгаларига ушбу коммуникацияларнинг шикастланишининг олдини олишда ва барча корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва фуқаролар томонидан мазкур Қоидалар талабларини таъминлашда ўз ваколатлари доирасида ёрдам берадилар.



IV. АЛОҚА КОММУНИКАЦИЯЛАРИ ТРАССАЛАРИДА

МУҲОФАЗА ҚИЛИНАДИГАН ҲУДУДЛАР ВА ОЧИҚ

ЖОЙЛАР ДОИРАСИДАГИ ИШЛАРНИ АМАЛГА

ОШИРИШ ШАРТЛАРИ


28. Ҳокимликлар томонидан саноат ва бошқа қурилишлар учун ерлар ажратилганда, шунингдек, аҳолига қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер участкалари ажратилганда, кўрсатилган участкаларни олган шахслар ва ташкилотлар улардан фойдаланишни тегишли алоқа коммуникациялари эгалари билан келишиб олишлари шарт.


29. Алоқа коммуникациялари мавжуд бўлган ер участкаларида бинолар ва иншоотлар қуриш учун қурувчи томонидан лойиҳа кўрсатилиши керак.

Лойиҳасиз бажариладиган қурилиш, тузатиш ва бошқа ишларни амалга ошириш учун алоқа коммуникациялари эгаларининг ёзма равишдаги розилиги олиниши керак.

Бундай ишларга:

- ер ости кабель линиялари трассаларида - чуқурлар қазиш, йўллардан вақтинча бурилиш жойлари очиш, транспорт ўтадиган йўлни ёпиш ва сув ўтказиш учун ер қазиш, далаларни текислаш, қозиқ қоқиш, тўсиқ учун тирговуч ўрнатиш, тупроқ намунасини олиш, турли маҳсадлар учун хандақлар қазиш ва бошқалар;

- ҳаво алоқаси линиялари трассаларида тирговуч, тортқи, тамбадан 2 метрдан кам масофада камида 0,3 метрдан ортиқ чуқурликда ер ишлари олиб бориш; симлар ва осилиб турган кабеллар остидан габарити осилиб турган симлар билан тенг ёки ундан баланд бўлган транспорт ва механизмларни вақтинча ўтказиш жойини қуриш, йиқилаётганда симларни шикастлантириши мумкин бўлган дарахтларни йиқитиш ва бошқалар;

- биноларнинг томлари бўйлаб ўтказиладиган тираб қўйиладиган линияларда симларни шикастлаши мумкин бўлган тираб ва тортиб турадиган ва бошқа мустаҳкамлаш билан бевосита боғлиқ бўлган томлар ва чердакларни алмаштириш ёки тузатиш ишлари киради.


30. Лойиҳасиз амалга ошириладиган ишларни бажариш ҳудудида ер ости коммуникациялари мавжудлигини аниқлаш учун ишларни бажарувчилар томонидан туман (шаҳар) архитектура бошқармаси (бўлими)дан маълумот олиниши керак.


31. Алоқа коммуникациялари муҳофаза қилинадиган ҳудудда ишларни амалга оширадиган буюртмачи (қурувчи) иш бошлангунга қадар 3 суткадан кечикмасдан техник ҳужжатлар бўйича ва ер ости коммуникациялари (шу жумладан, ер ости кучайтиргич жойларининг, кузатиш қурилмалари бўлган кабель канализацияси, ерга уланиш контурлари ва бошқалар)нинг аниқ жойлашган ўрнини шурфлаган ҳолда белгилаш, уларнинг ётқизилиш чуқурлигини ва қурилаётган объектларнинг иншоотлар билан ўзаро жойлашувини аниқлаш учун коммуникация эгасининг вакилини чақириши шарт.


32. Ер ости алоқа коммуникацияларининг аниқ жойлашувини аниқлаш амалга оширилаётган ишлар ҳудудида уларнинг бутун узунлиги бўйича бажарилади ва бунинг учун ушбу коммуникацияларнинг эгалари жавоб берадилар.

Қурилиш узоқ муддат олиб борилганда амалга оширилаётган ишлар ҳудудида аниқланган ер ости коммуникациялари трассаси баландлиги 1,5-2 метр бўлган нишон қозиқлари билан белгиланиши керак. Нишон қозиқлари трассанинг 0,5 метрдан кўп бўлган тўғри чизиқли ўқидан барча оғиш нуқталарида, трассанинг барча муюлишларида, шунингдек, ишлар қўлда бажариладиган ер қазиш чегараларида, трассанинг тўппа-тўғри участкаларида 15-20 м оралиқда ўрнатилади.

Нишон қозиқлари ўрнатиш ва шурфлар очиш ишлари алоқа коммуникацияси эгасининг вакили иштирокида қурувчининг кучи ва маблағлари билан бажарилади.

Трассалар нишон қозиқлари билан белгилаб чиқилмагунгача ер ишларини бажаришга йўл қўйилмайди.

Қурилиш узоқ муддат олиб борилганда ҳам алоқа коммуникацияси эгалари томонидан зарур миқдордаги намунавий огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилади.


33. Ер ости алоқа коммуникациялари трассасини аниқлаш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида қурувчи (буюртмачи) вакили, иш бажарувчи ва ер ости коммуникацияси эгаси иштирокида далолатнома тузилади. Далолатномада қандай ва нечта қудуқ қазилганлиги, нишон қозиқлари ва белгилар ўрнатилганлиги, муҳофаза қилинадиган ҳудуддаги ишларнинг қайси босқичида алоқа коммуникацкяси эгаси қатнашиши кераклиги кўрсатилади.

Далолатнома имзолангандан кейин алоқа коммуникациялари ва ўрнатилган белгиларнинг сақланиши учун ишларни амалга оширувчи жавоб беради.


34. Иш бажарувчилар - усталар, бригадирлар, ер ковлагич ва қозиқ қоқувчи ва бошқа қурилиш механизмлари ҳамда машиналарнинг машинистлари алоқа коммуникациялари муҳофаза қилинадиган ҳудудларда иш бошлангунга қадар ер ости коммуникациялари трассаларининг жойланиши, уларнинг жойлардаги белгиланиши билан танишйб чиқишлари керак. Улар билан алоқа коммуникациялари сақланишини таъминловчи қўлда ва механизациялашган усул билан ер ишларини бажариш тартиби тўғрисида ҳам инструктаж ўтказилиши керак. Бундан ташқари, улар алоқа коммуникацияларида одамларнинг ҳаёти учун хавфли бўлган кучланиш борлигини ҳисобга олиб, электр токи билан шикастланиш хавфи тўғрисида, шунингдек, кўрсатиб ўтилган коммуникацияларнинг шикастланиши учун жавобгарлиги тўғрисида огоҳлантирилишлари керак.

Алоқа коммуникациялари муҳофаза қилинадиган ҳудудларда ишларни бажариш топшириқномаларида ер ости ва ҳаво алоқа иншоотлари мавжудлиги, ушбу иншоотлар эгаси вакили чақирилиши кўрсатилиши, зарур бўлган ҳолларда эса қўлда бажариладиган ишларни амалга ошириш чизмаси берилиши керак.

Алоқа коммуникациялари муҳофаза қилинадиган ҳудудлардаги ишлар прораб ёки мастер кузатувида бажарилиши керак.


35. Алоқа коммуникацияси муҳофаза қилинадиган ҳудудда ишларни ташкил этувчилар иш бошланишидан камида бир сутка олдин алоқа коммуникацияси эгаларига ишни бошлаш санаси ва соати, ишларни бажаришда уларнинг вакили иштирок этиши зарурлиги тўғрисида телефонограмма билан ёки шахсан бориб хабар беради.

Алоқа коммуникацияси эгалари ушбу коммуникацияларнинг сақланишини таъминловчи чора-тадбирларга риоя қилиниши учун техник назоратни амалга ошириш мақсадида иш жойига ўзларининг вакилларини ўз вақтида, кўрсатилган муддатда келишларини таъминлашга мажбурдирлар.

Кўрсатиб ўтилган вакиллар белгиланган жойга етиб келмаган ҳолларда иш бажарувчилар бир сутка мобайнида бу тўғрида алоқа коммуникацияси эгаларига хабар беришга мажбурдирлар.

Кўрсатиб ўтилган вакиллар ҳозир бўлмаган тақдирда алоқа коммуникацияси муҳофаза қилинадиган ҳудудда ер ишларини олиб бориш тақиқланади. Алоқа коммуникацияси эгалари вакиллари келмаганлиги сабабли пайдо бўлган зарарларни қоплаш масалалари қонун билан белгиланган тартибда ҳал қилинади.


36. Алоқа коммуникациялари муҳофаза қилинадиган ҳудудда ёки трассалардаги очиқ жойларда ишларни олиб боришга ёзма ҳолдаги розилик мавжуд бўлмаган, мазкур Қоидаларнинг талаблари бузилган ҳолларда алоқа коммуникацияси эгаси ишларни тўхтатишни талаб қилишга ва бу ҳақда тегишли баённома тузишга ҳақлидир.


37. Алоқа коммуникациялари муҳофаза қилинадиган ҳудудда ёки очиқ жойда кечиктириб бўлмайдиган тузатиш-тиклаш ишларини талаб қилувчи авария ҳолатларида бундай ишларни кўрсатиб ўтилган коммуникация эгалари билан олдиндан келишувсиз бажаришга, қуйидаги талабларни бажариш шарти билан йўл қўйилади:


а) сутканинг қайси вақтида бўлишидан қатъи назар, авария содир бўлган жойга ишчиларни жўнатиш билан бир вақтда алоқа коммуникациялари эгаларига улар вакилларининг ҳозир бўлиши зарурлиги тўғрисида телефонограмма орқали хабар берилади;

б) авария ишларини бажариш жойида мазкур бўлимнинг 7-бандига мувофиқ инструктаж ўтказиши керак бўлган, бу ишлар учун масъул шахс ҳеч қаёққа кетмасдан туришга мажбурдир;

в) алоқа коммуникациялари эгаларининг вакиллари авария жойига етиб келгунга қадар муҳофаза қилинадиган ҳудуддаги ер ишлари қўлда олиб борилиши керак. Алоқа кабелига дуч келинганда унинг сақланиши таъминланиши лозим;

г) авария жойига етиб келган алоқа коммуникациялари эгасининг вакили ушбу коммуникациялар жойлашган жойни кўрсатишга, уларнинг сақланишини таъминлаш чора-тадбирларини кўришга ва ишлар тугаллангунга қадар шу ерда бўлишга мажбурдир.


38. Лойиҳада кўзда тутилган алоқа коммуникацияларининг жойи ўзгартириладиган жойларда ишларни бажариш (иш вақтида ёки доимо) ишлаб турган алоқа коммуникациялари кўчирилгандан кейингина  бошланиши мумкин.

Ишлаб турган алоқа коммуникацияларини янгидан қурилганларига кўчириш ишлари ушбу коммуникациялар эгалари томонидан топшириқнома бўйича ва қурувчи ҳисобига коммуникацияларнинг жойини ўзгартириш ишлари тугалланганидан кейин беш суткадан кечикмай амалга оширилади.


39. Ер ости алоқа коммуникациялари трассалари бўйича бевосита қурилиш механизмлари ва транспортнинг ҳаракат қилиши учун вақтинчалик ўтиш йўллари очиш зарур бўлганда ишларни ташкил этувчилар билан келишув бўйича кўрсатилган коммуникацияларни ёғоч ёки бетон плиталар тўшаш, шағал, қум ва бошқалар тўкиш йўли билан механик шикастланишдан ҳимоялаш амалга оширилади.

Ҳаво алоқа коммуникациялари симлари остидан габаритсиз юкларни олиб ўтишда симларни узиб юбормаслик учун траверс ёки баландроқ тирговуч ўрнатиш, симлар билан юкнинг (механизмнинг) энг юқори нуқтаси ўртасида камида 200 мм тирқиш қолдирган ҳолда улар вақтинча кўтариб қўйилади. Бу ишлар алоқа коммуникациялари эгалари томонидан қурувчи ёки ишни амалга оширувчининг ишчи кучи билан ва маблағлари ҳисобидан бажарилади.

Юқорида кўрсатиб ўтилган ишлар қурилишни ташкил этиш лойиҳасида назарда тутилган бўлиши керак.


40. Алоқа коммуникацияларининг муҳофаза қилинадиган ҳудудлари ва очиқ жойларидаги ишлар амалдаги қурилиш нормалари ва қоидаларига, ерни қазишда қияликларнинг тик жойлари ва хандақлар ҳамда котлованларни мустахкамлаш асосида, ер ишлари хусусиятларига риоя қилинган ҳолда бажарилиши керак,


41. Ер ости алоқа коммуникацияларига бевосита яқин жойларда ер қазишга кучли зарбаларсиз, фақат белкураклар ёрдамида йўл қўйилади; уриб ишлатиладиган асбоблар (лом, чўкич, пона, пневматик асбоб)дан фойдаланиш тақиқланади.


42. Ишлаб турган алоқа коммуникациялари билан кесишган жойларда ер қазиш ишлари энг қисқа муддатларда бажарилиши керак.


43. Кабелли алоқа коммуникациясига тегиб кетадиган хандақлар ва котлованлар қазишда иш бажарувчилар уларни шикастланишдан қуйидаги тартибда ҳимоя қиладилар:


а) бевосита ерга ётқизилган кабеллар қўлда тўлиқ қазиб олинади ва яхлит (ёғочдан ёки бошқа материалдан ясалган) қутига киритилади, у зарур бўлганда хандақларга кўндаланг ҳолда қўйилган тўсин ёки ходаларга маҳкам қилиб осиб қўйилади. Қутиларнинг учи хандақ четларидан камида 0,5 метр чиқиб туриши керак. Қути симлардан тайёрланган хомутларга осиб қўйилади;

б) қувурлар ёки блокларга ётқизилган кабеллар қувур (блок)нинг юқори четигача фақат қўлда қазиб очилади. Кейин уларни осиб қўйиш учун зарур бўлган тўсинлар ётқизилади. Ундан кейин қувур (блок)нинг пастки четигача қазиш давом эттирилади, улар осиб қўйилади ва сўнгра ерни қазиш яна давом эттирилади;

в) агар хандэқ ёки котлован кабель ётқизилган жойдан пастроқ ёки унга бевосита яқин жойда қазилса, у ҳолда тупроқнинг чўкиши ёки силжишига йўл қўймаслик чора-тадбирлари кўрилиши керак;

г) кабель канализациясининг кабель ёки блоклари катта масофада очилиб қолган ҳолларда, уларнинг муҳофазаси ишларни амалга ошириш лойиҳасида ишлаб чиқилиши керак.

Ҳимояланмаган очиқ кабелларни қўриқлаш коммуникациялар эгалари ёки ишни бажарувчиларнинг кучи билан ташкил этилиши керак.


44. Сув ости алоқа коммуникацияларининг муҳофаза қилинадиган ҳудудида ишларни амалга ошириш шартлари бундай ишларни ушбу коммуникациялар эгалари билан келишиб олиш чоғида белгиланади.


45. Алоқа коммуникациялари жойлашган ҳудудда музлаган ерни қиздириш шундай олиб борилиши керакки, токи бунда тупроқ ҳарорати кабелнинг қобиғини ва изоляция симларининг шикастланишига сабаб бўлмасин. Музлаган ерни пона қоқиш ёрдамида қазиш тақиқланади.


46. Алоқа коммуникациялари кесишган жойларда хандақлар тупроқ қатламини 0,1 метрдан кўп бўлмаган қалинликда қилиб, пухта зичлаштирилган ҳолда кўмилади. Қишки шароитларда улар қум ёки эриган юмшоқ тупроқ билан кўмилади.

Хандақ тўсинлар ва кабеллар жойлаштирилган қутилар билан бирга кўмилади, ишнинг тугалланганлиги тўғрисида далолатнома тузилади.


47. Алоқа коммуникациялари шикастланган ҳолларда ишни амалга оширувчи ушбу коммуникация эгаларига бу тўғрида дарҳол хабар беришга ҳамда ишчи кучи ва механизмлар ажратган ҳолда шикастланишни тезроқ бартараф этишда ёрдам кўрсатишга мажбурдир.

Шикастланган алоқа коммуникациялари эгалари шикастланиш сабаблари тўғрисида баённома тузишади.

Баённомалар маъмурий жазолаш, етказилган зарарни қоплаш ёки жиноий иш қўзғатиш учун тегишли органларга тақдим этилади.



V. МАЗКУР ҚОИДАЛАРГА РИОЯ ЭТИЛИШИ БИЛАН

БОҒЛИҚ, ШУНИНГДЕК, МУҲОФАЗА ҚИЛИНАДИГАН

ҚУДУДДА АЛОҚА КОММУНИКАЦИЯЛАРИНИ

ҚУРИШ, МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ВА УЛАРДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ БУЗИЛГАНДА

ПАЙДО БЎЛАДИГАН БАҲСЛАРНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ


Мазкур Қоидалар талабларига риоя этилиши билан боғлиқ, шунингдек, муҳофаза қилинадиган ҳудудда алоқа коммуникацияларини қуриш, муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби бузилганда пайдо бўладиган баҳслар қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.




VI. МАЗКУР ҚОИДАЛАРНИ БУЗГАНЛИК

УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


Мазкур Қоидаларнинг талабларини бузган шахслар жавобгарликка тортиладилар ва етказилган зарарни қонунчиликда белгиланган тартибда қоплайдилар.