язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ахборот, ахборотлаштириш ва алоқа соҳасидаги бошқарув ва назорат/ Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.12.2012 й. 355-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2012 йил 19 декабрдаги

355-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш

ва телекоммуникация технологиялари

давлат қўмитаси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси (кейинги ўринларда Давлат қўмитаси деб аталади) мақомини, асосий вазифаларини, функцияларини, ҳуқуқларини ва фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.


2. Давлат қўмитаси:

алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари, радиочастота спектридан фойдаланиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий оммавий ахборот воситаларининг теле-, радиомаҳсулотларини тарқатиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органи, шунингдек электрон рақамли имзодан фойдаланиш соҳасидаги махсус ваколатли орган ҳисобланади;

ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради;

Компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ишчи органи функциясини бажаради.

Радиочастоталар бўйича республика кенгашининг ишчи органи ҳисобланади ҳамда унинг фаолиятини ташкилий-техник, норматив-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, мувофиқлаштириш, материалларни ишлаб чиқиш ва тайёрлашга доир жорий тезкор ишларни бажаради.

2-1. Давлат қўмитасининг электромагнит мослашув ва радиочастота спектри мониторингини таъминлаш бўйича радиочастота органи сифатидаги функциясини "Электромагнит мослашув маркази" давлат унитар корхонаси бажаради.

3. Давлат қўмитаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига ва мазкур Низомга амал қилади.


4. Давлат қўмитасининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


5. Давлат қўмитаси Халқаро электр алоқа иттифоқида, Бутунжаҳон почта иттифоқида ҳамда алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасидаги бошқа халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифодаловчи ваколатли орган ҳисобланади.


6. Давлат қўмитаси "Ўзбекистон почтаси" очиқ акциядорлик жамияти, "Ўзбектелеком" ва "Матбуот тарқатувчи" акциядорлик компанияларининг устав фондларидаги акциялар давлат пакетларининг ишончли бошқарувини амалга оширади.


7. Давлат қўмитаси юридик шахс ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.



II. ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Қуйидагилар Давлат қўмитасининг вазифалари ҳисобланади:

алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, ахборот технологияларини ривожлантириш, ахборотни ҳимоя қилиш ва ундан фойдаланишнинг жаҳон даражасини ҳисобга олган ҳолда замонавий ахборот ва телекоммуникация технологияларини жорий этиш бўйича комплекс миллий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

ахборот ресурслари, ахборот тизимлари ва тармоқлари, дастурий маҳсулотлар ва хизматлар, уларни таъминлаш ва ҳимоя қилиш воситалари бозорини жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган умумий қабул қилинган халқаро нормалар ва стандартларга мувофиқ алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида қонун ҳужжатлари ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасининг ривожланиши ва самарали ишлаши устидан, шу жумладан, халқаро стандартлари, техник регламентлар, мамлакат иқтисодиёти тармоқлари ва соҳаларини ахборотлаштириш даражасини баҳолаш мезонлари ва индикаторлари тизимини жорий этиш механизмлари орқали давлат бошқаруви ва назоратини, шунингдек телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятни лицензиялашни амалга ошириш;

телекоммуникация инфратузилмаси ва маълумотлар узатиш, мобил ва йўлдош алоқа тармоқларини янада ривожлантириш ва модернизациялаш, ахборот ресурслари ва ахборот тизимларидан юқори тезликда кенг полосали фойдалана олишни, шу жумладан, қишлоқ жойларда жорий этиш, телефон алоқаси, телевидение ва радиоэшиттириш рақамли тизимларига тўлиқ ўтилишини таъминлаш;

давлат бошқаруви органларида, иқтисодиёт соҳаси ва тармоқларида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва фойдаланишни комплекс, тизимли таҳлил қилиш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш;

давлат ахборот ресурслари ва маълумотлар базаларини шакллантириш, сақлаш ва фойдаланишнинг ягона тизимини яратиш, маълумотларни узатиш ва алмашиш идоралараро тармоқларининг интеграциялашган тизимларини яратиш ва бошқариш, электрон ҳужжат айланиши тизимини яратиш ҳисобига "электрон ҳукумат" платформасида ахборот муҳитини янада ривожлантиришни таъминлаш, давлат ахборот ресурсларини интеграциялаш, вазирликлар ва идораларнинг ягона вертикал корпоратив тармоқларини шакллантириш, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига интерактив давлат хизматлари кўрсатишнинг электрон шаклларини жорий этиш;

инвестиция сиёсатини шакллантиришда иштирок этиш, алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасига инвестициялар, энг аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини таъминлаш, шунингдек ахборот технологияларини, шу жумладан, давлат буюртмаси доирасида ривожлантириш ва қўллаш билан боғлиқ инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича фаолиятни мувофиқлаштириш;

Интернет тармоғи миллий сегментини янада шакллантиришни таъминлаш, мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган турли йўналишдаги замонавий веб-ресурсларни, шу жумладан аҳолининг, айниқса ёш авлоднинг ахборот ва интеллектуал эҳтиёжларини қондириш учун тармоқ ресурсларини яратиш;

сифатли, рақобатбардошли дастурий маҳсулотларни мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқаришни мувофиқлаштиришни таъминлаш ва ривожлантиришга ёрдам кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар, ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларини ишлаб чиқариш ва жорий этиш соҳасида мамлакат хизматлар бозорини янада шакллантириш;

ахборот хавфсизлигини таъминлаш, телекоммуникациялар тармоқлари, ахборот тизимлари ва ресурсларини ҳимоя қилишнинг замонавий технологияларини жорий этиш, шу жумладан, телекоммуникациялар тармоқларида, телерадиоэфирда ва ахборот тизимларида ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ахборот ресурсларини ҳимоя қилиш бўйича техник инфратузилмани янада ривожлантириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида, шу жумладан, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш, маълумотларнинг ахборот базалари, ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг самарали тизимини ташкил қилиш;

алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари, Интернет тармоғи миллий маконини тартибга солиш ва бошқариш, радиочастота спектридан фойдаланишни, кадрлар тайёрлаш ва инновацион фаолият соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон рақамли имзодан фойдаланиш, чет эл оммавий ахборот воситаларининг телерадиомаҳсулотларини тарқатиш соҳасини тартибга солиш ва бошқариш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш бўйича почта алоқаси операторлари, провайдерлари томонидан ички назорат тизими жорий этилишини ташкил этиш;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш бўйича махсус ваколатли давлат органлари билан биргаликда почта алоқаси операторлари, провайдерлари учун ички назорат қоидаларини ишлаб чиқиш;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан лицензия битимларининг, радиочастота спектридан самарали фойдаланишнинг ва телекоммуникация тармоқлари, почта алоқаси, телерадиоэшиттиришда, соҳанинг тегишли ташкилотлари орқали ахборот тизимларида иш юритишнинг назорат қилиниши ва бажарилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

оммавий коммуникациялар, шу жумладан, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, йўлдош тизимлар, Интернетнинг глобал тармоғи, ахборотни, шунингдек босма маҳсулотларни етказиб бериш ва тарқатишнинг бошқа электрон воситалари соҳасида фаолият юритувчи юридик ва жисмоний шахсларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, стандартлар, техник регламентлар, лицензия битимлари шартларига риоя этиши юзасидан мониторингни амалга ошириш;

аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни ташкил қилиш ва ривожлантириш.


9. Давлат қўмитаси ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида стратегик устувор вазифаларни шакллантиради ва амалга оширади, телекоммуникация тармоқлари, маълумотлар узатиш, радиоалоқа, радиоэшиттириш, телевидение, почта алоқаси тармоқлари, матбуот тарқатиш тармоқларини ривожлантириш, радиочастота спектридан фойдаланиш соҳасида давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришни амалга оширади;

алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида фаолият масалалари бўйича, шу жумладан, радиочастота спектридан фойдаланиш, миллий ахборот макони мониторинги ҳамда Давлат қўмитаси фаолиятининг бошқа йўналишлари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида фойдаланиладиган ахборот тизимлари интеграциясини таъминлаш мақсадида миллий ахборот тизимини шакллантириш бўйича ягона техник сиёсатни белгилайди ва амалга оширади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ахборот айирбошлашнинг электрон шаклларига ўтиш бўйича дастурлар амалга оширилишини мувофиқлаштиради;

аҳолининг, айниқса ёш авлоднинг ўсиб бораётган ахборот ва интеллектуал эҳтиёжларини қондириш учун мамлакатимиз ахборот ресурсларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича қулай шарт-шароитларни шакллантириш йўли билан Интернет тармоғининг миллий сегментини янада ривожлантириш устувор вазифаларини белгилайди;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига интерактив давлат хизматларини жорий этиш бўйича ягона технологик ечим амалга оширилишини техник жиҳатдан қўллаб-қувватлашни ташкил этади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасида идоралараро ўзаро ҳамкорликнинг ахборот тизимларини жорий этишни ташкил этади ва мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон рақамли имзо воситаларидан фойдаланиш ва чет эл оммавий ахборот воситаларининг телерадиомаҳсулотларини тарқатиш соҳасида махсус ваколатли орган функциясини амалга оширади;

алоқа, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини истиқболли ривожлантириш бўйича чора-тадбирларнинг давлат дастурларини, шу жумладан, кенг полосали фойдаланишнинг замонавий воситалари, маълумотлар узатишнинг рақамли тизимлари, йўлдош ва мобил алоқа, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига давлат интерактив хизматлари кўрсатишни кенгайтириш, мамлакатда сифатли, рақобатбардош дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқишни ташкил этиш, ахборот тизимлари ва ресурсларини жорий этиш бўйича босқичма-босқичли дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

умумий техник регламентлар ва давлат стандартларини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун белгиланган тартибда тақдим этади, давлат стандартлари сифатида халқаро стандартларни қабул қилиш ишларини ташкил этади, мамлакатнинг ягона ахборот маконини яратиш, шунингдек электрон рақамли имзодан фойдаланиш мақсадида радиоэлектрон воситалар, телекоммуникация воситалари ва ахборот-коммуникация технологияларига махсус техник регламентлар ва норматив ҳужжатлар талабларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

Радиочастоталар бўйича республика кенгаши таркибига кирувчи давлат органлари билан биргаликда радиочастота спектрини тақсимлаш, ундан фойдаланиш соҳасида ва ушбу соҳада қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади;

почта алоқаси, телекоммуникациялар, ахборот-коммуникация технологиялари, телерадиоэшиттириш воситалари ва тармоқларини, радиомониторинг, дастурий маҳсулотларнинг техник воситаларини ривожлантириш учун инвестиция сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ҳамда чет эл инвестицияларини жалб этишда иштирок этади;

ҳудудий бошқармаларнинг ишларини, алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида стандартлаштириш ва норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришни таъминлаш, радиочастоталардан фойдаланиш, шунингдек алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологияларини сертификатлаштириш масалаларини ташкил этади ва мувофиқлаштиради;

телекоммуникациялар соҳасида фаолиятнинг алоҳида турларини белгиланган тартибда лицензиялашни амалга оширади;

телефонларни рақамлаш режаси ва тизимини, номер сиғимини ажратишни тасдиқлайди, телекоммуникация тармоқларини рақамлаш ресурсларидан фойдаланишни, Интернет тармоғи миллий сегменти аниқ йўналтирилган маконини тақсимлашни ҳисобга олиш ва назорат қилишни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишган ҳолда почта алоқаси ва телекоммуникациялар универсал хизматларининг рўйхатини ва уларнинг сифатига қўйиладиган талабларни қонун ҳужжатларига мувофиқ белгилайди, почта алоқаси ва телекоммуникация универсал хизматларига тарифларни тасдиқлайди;

телекоммуникациялар, маълумотлар узатиш, почта алоқаси тармоқларини бирлаштириш ва операторлар, провайдерлар томонидан ўзаро хизматлар кўрсатилиши ва улар ўртасида ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби ва шартларини тасдиқлайди;

почта тўлови давлат белгиларининг намуналарини тасдиқлайди ва почта маркаларини нашр этиш, уларни муомалага киритиш ва муомаладан чиқариш тартибини белгилайди;

почта индексларини, ёзма хат-хабарларни олиб қўйиш частоталари нормативларини, шунингдек почта алоқаси операторлари ва провайдерлари учун мажбурий бўлган почта жўнатмалари ўтишининг назорат муддатларини тасдиқлайди;

почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг транспорт воситаларида жойлаштириладиган, почта, курьерлик жўнатмалари ва пул маблағларини ташишда ишлатиладиган фарқловчи махсус белгиларни тасдиқлайди;

почта тўлови давлат белгиларининг давлат коллекциясини шакллантиради;

франкирлаш машиналаридан фойдаланиш тартибини белгилайди;

почта алоқаси миллий оператори ходимининг формали кийим-боши ва кўкрак нишонини тасдиқлаш ва формали кийимда юриш тартибини белгилайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида бошқарувнинг ташкилий тузилмасини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда киритади;

тегишли давлат органлари билан биргаликда мамлакатда ишлаб чиқарилган дастурий маҳсулотларни ривожлантиришни рағбатлантириш механизмини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади;

давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари учун Миллий ахборот тизими доирасида янгидан ишлаб чиқиладиган, мослаштириладиган ёки сотиб олинадиган махсус дастурий маҳсулотларнинг мажбурий экспертизасини ўтказишни ташкил этади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг махсус дастурий маҳсулотлардан фойдаланишлари учун рухсатнома беради;

дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқишни ташкил этади ва уларни иқтисодиёт тармоқларида ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнларида фойдаланиш учун жорий этади;

бозорда, биринчи навбатда, ички эҳтиёжларни қондириш учун рақобатбардош замонавий маҳаллий дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқишни ривожлантиришда иштирок этади;

алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари, радиочастота спектри ва электрон рақамли имзодан фойдаланиш соҳасида мониторинг олиб бориш, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларга барҳам бериш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишган ҳолда телекоммуникацияларнинг алоҳида хизматлари турлари рўйхатини белгилайди ҳамда уларга тарифларни ва фойдаланувчиларнинг манфаатларини ҳисобга олиб, тармоқлараро уланишларнинг тарифларини белгиланган тартибда келишади;

Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти учун тенг шарт-шароитлар яратилишига, рақобатни ривожлантиришга ҳамда алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари, шунингдек электрон рақамли имзодан фойдаланиш соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ёрдам беради;

электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатдан ўтказиш марказларини белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказади ва электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатдан ўтказиш марказларининг ваколатли шахсларига электрон рақамли имзолар калитларининг сертификатларини беради;

электрон рақамли имзо калитларини рўйхатдан ўтказиш марказлари фаолиятини назорат қилади;

электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатдан ўтказиш марказлари ваколатли шахсларининг электрон рақамли имзолар калитлари сертификатлари ягона давлат реестрини юритади ҳамда улардан юридик ва жисмоний шахсларнинг эркин фойдаланишини таъминлайди;

юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларига кўра электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатдан ўтказиш марказлари ваколатли шахсларининг электрон рақамли имзоси ҳақиқийлигини тасдиқлайди;

Давлат қўмитаси тизимининг моддий маблағлари давлат захирасида сафарбарлик режаси, жамғарма тузилмаси, таркиби, нормалари ва режасини ишлаб чиқади, ҳарбий қисм кучлари ва воситалари билан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари алоқасини таъминлаш учун авария-тиклаш ишларини бажаришни, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси тизимининг ўта муҳим объектларини қўриқлашни ташкил қилади;

стратегик устувор вазифаларни амалга оширишда ҳудудий бошқармаларнинг телекоммуникация тармоқларини, шу жумладан, маълумотлар узатиш, телерадиоэшиттириш, почта алоқаси тармоқлари, матбуот тарқатиш, ахборот ресурслари ва тизимлари бозорини, радиочастота спектридан фойдаланишни ривожлантириш соҳасида давлат томонидан самарали тартибга солишда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро ҳамкорлигини ва фаолияти мувофиқлаштирилишини ташкил этади;

аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни ташкил этади ва уни такомиллаштириш чораларини кўради;

электрон кутубхоналар тизимини, кутубхона ахборот ресурсларини тизимлаштиришни ривожлантиришни, аҳоли кенг қатламларининг ахборот-кутубхона ресурслари марказларидан фойдаланишини таъминлайди;

ахборот тизимларини яратишга, ахборот ресурсларини шакллантиришга, алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида хизматларни кенгайтиришга кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл оммавий ахборот воситаларининг телерадиомаҳсулотларини тарқатиш ҳуқуқи учун тақдим этилган ҳужжатларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини экспертизадан ўтказишни ташкил қилади;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан лицензия битимлари, радиочастота спектридан самарали фойдаланиш, почта алоқаси ва телекоммуникациялар тармоқларида хавфсизлик бўйича техник ва технологик талаблар, шу жумладан, маълумотлар узатиш, телерадиоэшиттириш, давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ахборот тизимларида, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ва бошқа ташкилотларда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича ишларни назорат ва таҳлил қилишни ва уларнинг бажарилишини ташкил этади;

оммавий коммуникациялар, шу жумладан, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, йўлдош тизимлар, Интернет глобал тармоғи, ахборотни, шунингдек босма маҳсулотни етказиш ва тарқатишнинг бошқа электрон воситалари соҳасида фаолиятни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар томонидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва норматив ҳужжатлар, стандартлар, техник регламентлар талабларига риоя этилишини Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси орқали назорат қилишни ташкил этади;

халқаро стандартлар асосида, шу жумладан, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, банк ва молия соҳасида, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш индикаторлари ва улардан фойдаланиш самарадорлиги мезонлари ва баҳолаш механизмини, ахборотлаштириш масалаларини ишлаб чиқади;

фан ва маркетинг тадқиқотлари, ахборот-коммуникация технологиялари, алоқа тармоқлари ва хизматлари, стандартлар ва техник регламентларни ривожлантириш ва такомиллаштириш мониторингини олиб бориш, телекоммуникация тармоқларини ривожлантиришнинг мамлакат ва жаҳон анъаналарини, шу жумладан, маълумотлар узатиш, телерадиоэшиттириш, почта алоқаси ва ахборот-коммуникация технологиялари тармоқларини ўрганиш ва таҳлил қилиш ишларини ташкил этади;

радиочастота спектри, радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалардан фойдаланиш мониторинги, шунингдек радиоҳалақитларни, шу жумладан, индустриал ҳалақитларни бартараф этиш ишларини ташкил этади;

телекоммуникация тармоқларида телерадиоэфирда ва ахборот тизимларида ахборот хавфсизлигини таъминлаш, Интернет тармоғи орқали аҳолининг, айниқса ёш авлоднинг дунёқарашига ва онгига салбий таъсирнинг олдини олиш учун ахборот ресурсларини ҳимоя қилиш бўйича техник инфратузилмаларни янада ривожлантириш бўйича ягона сиёсатни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

телекоммуникациялар ва почта алоқаси тармоқларида, телерадиоэшиттириш, ахборот тизимларида ахборот хавфсизлигини, замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда ахборот тизимларини ҳимоялашнинг самарали воситалари ва усуллари жорий этилишини, тезкор-қидирув тадбирлари тизимлари жорий этилишини, шунингдек улардан давлат, Ўзбекистон Республикаси мудофааси ва миллий хавфсизлиги манфаатларини кўзлаб ва фавқулодда вазиятлар шароитларида устувор фойдаланишни таъминлайди;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш бўйича ички назорат қоидаларига почта алоқаси операторлари, провайдерлари томонидан риоя этилиши мониторинги олиб борилиши ва назорат қилиниши масалалари бўйича ишларга раҳбарлик қилади ва мазкур ишларни мувофиқлаштиради;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат бюджети маблағлари ҳисобига ташкил қилинган юридик ва жисмоний шахсларнинг ахборот ресурсларини шакллантириш бўйича ишларни ташкил қилади ва мувофиқлаштиради;

телекоммуникациялар, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари тармоқлари, тизимлари ва воситаларини яратиш ҳамда ишлатиш бўйича хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти устидан давлат назоратини ташкил қилиш ва амалга ошириш қоидалари ва тартибини ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлайди;

почта алоқаси, телекоммуникациялар, маълумотлар узатиш, телерадиоэшиттириш, ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларининг тармоқлари ва воситалари хавфсизлигини таъминлаш бўйича талабларни белгилайди;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг мудофаа қобилияти ва миллий хавфсизлигини, алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларнинг узлуксиз ва хавфсиз ишлашини, хўжалик юритувчи субъектларнинг техник куч ва воситаларидан фойдаланган ҳолда табиий офатлар оқибатларининг бартараф этилишини таъминлаш мақсадида комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқади ҳамда уларнинг бажарилишини ташкил этади;

телекоммуникация тармоқларини бошқариш, уларнинг самарали ишлашини таъминлаш, телекоммуникациялар ресурсларини ривожлантириш ва улардан оқилона фойдаланиш, истеъмолчиларнинг телекоммуникациялар хизматларига бўлган эҳтиёжини янада тўлиқ қондириш учун турли операторларнинг телекоммуникациялар тармоқларини, идоравий тармоқлар эгаларини мувофиқлаштирилган тарзда бошқариш тизимини яратиш, шунингдек тармоқлардан давлат органларининг, Ўзбекистон Республикаси мудофааси ва миллий хавфсизлиги манфаатларини кўзлаб оқилона фойдаланилишини таъминлаш ишлари мувофиқлаштирилишини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси ахборот маконида рухсатсиз фойдаланишга уринишлар ва компьютер вируси ҳужумлари тўғрисида ўз вақтида хабар қилиш ва ҳаракат қилишнинг усул ҳамда воситаларидан фойдаланиб, Интернет тармоғининг миллий сегментида веб-ресурсларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича идоралараро ҳамкорлик қилиш механизмини амалга оширади;

алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасидаги таълим муассасаларининг иқтидорли талабаларига Давлат қўмитасининг стипендияларини белгилайди;

алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация ҳамда радиочастота спектридан фойдаланиш соҳасида белгиланган тартибда халқаро идоралараро битимлар ва шартномалар тузади;

алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари, радиочастота спектридан фойдаланиш соҳасида давлатлараро ва ҳукуматлараро битимлар ва шартномаларнинг лойиҳаларини тайёрлашда қатнашади;

халқаро молия институтлари, хорижий мамлакатлар ҳукуматларининг алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳаси, радиочастота спектридан фойдаланиш учун ажратиладиган грантларидан фойдаланишнинг устувор йўналишларини белгилайди;

алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасини ривожлантиришга инвестицияларни, шу жумладан, хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича тендерлар, танловлар ва савдолар уюштиради ва уларни ўтказишда иштирок этади;

алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида, биринчи навбатда, дастурий воситалар, ахборот маълумотлар базалари, миллий ахборот ресурслари, контентлар, барча даражалардаги ахборот-коммуникация тармоқларини шакллантириш йўналишида замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ташкил этади;

ахборот-коммуникация технологияларининг замонавий бозори ривожланиши тенденцияларини ва хориж тажрибасини ҳисобга олган ҳолда таълимнинг янги йўналишлари учун алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида мутахассислар тайёрлаш борасида таълим стандартларини ишлаб чиқишда қатнашади;

етакчи хорижий таълим муассасаларининг мутахассисларини ва экспертларни жалб қилган ҳолда ўқув жараёнларида ахборот технологияларидан фойдаланиш бўйича таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари таркибини тайёрлаш ва малакасини оширишнинг комплекс дастурларини ишлаб чиқишда ва амалга оширишда иштирок этади.


10. Давлат қўмитаси ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита ҳамда ҳудудий бошқармалар, ўзига идоравий мансуб ташкилотлар орқали ҳал қилади.



III. ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


11. Давлат қўмитаси ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат органларидан, хўжалик юритувчи субъектлардан Давлат қўмитаси ваколатига тегишли бўлган масалалар бўйича зарур ахборотларни сўраш;

Давлат қўмитасининг ваколатига кирадиган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва давлат бошқарув органларига белгиланган тартибда таклифлар киритиш;

фавқулодда вазиятларда (ҳарбий ҳаракатлар пайтида, зилзилаларда, сув тошқинида, ёнғинларда, эпидемияларда ва бошқаларда) почта алоқаси, телекоммуникациялар ва ахборот тизимларининг ҳар қандай тармоқлари ва воситаларидан устувор фойдаланиш, улар ишини чеклаш ёки тўхтатиб қўйиш, шунингдек телекоммуникация тармоқлари ва воситаларини марказлаштирилган ҳолда бошқариш, телекоммуникация хизматлари махсус фойдаланувчиларининг телекоммуникация тармоқлари бундан мустасно;

ўз ваколати доирасида, шу жумладан, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси орқали почта алоқаси, телекоммуникациялар хизматларини, шунингдек ташкилотларда ахборот-коммуникация технологиялари хизматлари кўрсатиш бўйича норма ва қоидаларга ташкилотлар томонидан риоя қилиниши устидан назоратни амалга ошириш;

почта ва телекоммуникациялар соҳасида фаолият олиб борадиган ҳамда белгиланган нормалар, стандартлар, техник регламентлар ва кўрсатиладиган почта ва телекоммуникация хизматлари сифати, республика ҳудудида фойдаланиладиган телекоммуникациялар воситалари, юқори частотали қурилмалар ва радиоэлектрон воситалар радионурланишларининг параметрлари бузилишига йўл қўяётган хўжалик юритувчи субъектларнинг айрим қурилмалари ва технологик участкалари ишини аниқланган камчиликлар бартараф этилгунга қадар вақтинчалик тўхтатиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикасида юқори частотали қурилмалар ва радиоэлектрон воситалардан фойдаланишга зарур рухсатномалар бериш, шунингдек радиочастота спектридан фойдаланишни тўхтатиш, тўхтатиб туриш ва чеклаш;

радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалар белгиланган стандартлар, техник регламентлар ва техник нормаларга мувофиқ бўлмаганда, фуқароларнинг хавфсизлиги, атроф-муҳит муҳофазаси таъминланмаганда, радиочастота спектридан фойдаланганлик учун ҳақ тўланмаганда, шунингдек алоҳида ҳолатларда уларни ишлатишни белгиланган тартибда тақиқлаш;

давлат секторида ахборот-коммуникация технологиялари жорий қилиниши ҳолатининг таҳлили ва мониторингини олиб бориш;

ўз ваколати доирасида ташкилотлар, операторлар ва провайдерлар фаолиятини назорат қилиш;

алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида фаолиятни амалга оширадиган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан лицензия битимлари талаблари ва шартлари бажарилиши устидан тизимли мониторинг олиб бориш;

алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат ва мониторинг натижалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларининг аниқланган бузилишлари бартараф этилганлиги тўғрисида тақдимнома бериш;

дастурий маҳсулотларнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш учун маҳаллий дастурий маҳсулотлар бозорининг ривожланиш ҳолатини таҳлил қилиш ва ўрганиш;

вақтинчалик меҳнат қобилиятини йўқотганлик бўйича нафақа тўлаш, мавжуд кредиторлик қарзларини узиш, моддий-техникавий базани мустаҳкамлаш, Давлат қўмитаси ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ривожланиш бўйича тадбирларни ташкил этиш учун Давлат қўмитасининг Ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш;

Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Давлат қўмитасининг марказий аппаратида ва идоравий мансуб бўлинмаларда, Тошкент ахборот технологиялари университетида ишлаш учун ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида етакчи хорижий мутахассисларни, шу жумладан, раис (раҳбар) ўринбосарлари лавозимига - маслаҳатчилар сифатида шартнома асосида жалб этиш;

алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари, радиочастота спектри, электрон рақамли имзо, ахборот хавфсизлиги, телерадиоэшиттириш, почта алоқаси соҳасида фаолиятни тартибга соладиган, барча вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш.

Давлат қўмитаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


12. Давлат қўмитаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишнинг таъминланиши, шунингдек ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



IV. ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Давлат қўмитасига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган ва лавозимидан озод этиладиган раис бошчилик қилади.

Раиснинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган олти нафар ўринбосари, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.

Давлат қўмитаси раиси мақомига кўра вазирга, Давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари - тегишли равишда вазирнинг биринчи ўринбосарига ва вазир ўринбосарларига тенглаштирилади.


14. Давлат қўмитасининг раиси айни вақтда Радиочастоталар бўйича республика кенгаши раисининг ўринбосари ҳисобланади.

15. Давлат қўмитасининг раиси:

Давлат қўмитаси фаолиятига яккабошчилик асосида умумий раҳбарлик қилади;

Давлат қўмитаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ҳамда Давлат қўмитасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

ўз ўринбосарларининг ваколатларини белгилайди, улар ўртасида вазифаларни тақсимлайди, Давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари, идоравий мансуб ташкилотлар мансабдор шахсларининг ваколатларини белгилайди;

Давлат қўмитаси фаолияти йўналишларининг алоҳида участкаларига раҳбарлик қилиш юзасидан, шунингдек ҳудудий бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотлар ишлари учун ўз ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги даражасини белгилайди;

Давлат қўмитаси ва идоравий мансуб ташкилотлар ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар, қарорлар ва фармойишлар чиқаради ҳамда кўрсатмалар беради;

зарурат бўлганда, Давлат қўмитаси марказий аппарати тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга;

Давлат қўмитасининг марказий аппарати, ҳудудий бошқармаларининг штат жадвалини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Давлат қўмитаси марказий аппарати, ҳудудий бошқармаларининг, Республика бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган идоравий мансуб давлат ташкилотлари ҳамда уларнинг бўлинмаларининг харажатлар сметасини тасдиқлайди;

Давлат қўмитасининг бошқармалари, бўлимлари ва ҳудудий бошқармалари тўғрисидаги низомларни, шунингдек идоравий мансуб ташкилотларнинг уставларини (низомларини) белгиланган тартибда тасдиқлайди;

Давлат қўмитаси марказий аппарати ходимларини, ҳудудий бошқармалар, идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади.

Давлат қўмитаси раиси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.


16. Давлат қўмитасида раис (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозими бўйича), Давлат қўмитаси фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалар раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат тузилади.

Ҳайъат аъзоларининг сони ва шахсий таркиби Давлат қўмитаси раисининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат:

Давлат қўмитаси фаолиятининг ушбу Низомда белгиланган асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

Давлат қўмитаси номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрлар танлаш, уларни жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

ижро интизомини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Республикаси қонунларида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларида, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши таъминланиши учун Давлат қўмитаси тизими раҳбарлари ва ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади.

Ҳайъат Давлат қўмитасининг ваколатига тегишли бўлган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқишга ҳақли.

Ҳайъат мажлисига Давлат қўмитасининг ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

Мажлисда ҳайъат таркибининг ярмидан кўпи қатнашса, Ҳайъат ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқиладиган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари Давлат қўмитаси раисининг буйруқлари билан амалга оширилади. Раис ва Ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар юзага келганда, раис юзага келган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикрини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига билдиришлари мумкин.

Ҳайъат фаолиятининг тартиби Ҳайъат томонидан тасдиқланадиган Ҳайъат регламенти билан белгиланади.


17. Республика бюджети ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари Давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари, ташкилотлари фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.

Давлат қўмитаси, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси, Давлат фельдъегерлик хизмати, Махсус авария-тиклаш бошқармаси (15361-ҳарбий қисм), "Республика махсус алоқа узели" ДУК, ахборот-кутубхона марказлари, Тошкент ахборот технологиялари университетининг жорий таъминоти Республика бюджети маблағларидан молиялаштирилади.

Қуйидагилар:

Давлат қўмитаси, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг ходимларини қўшимча рағбатлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича харажатлар;

Оммавий коммуникациялар воситалари мониторинги маркази, Республика ахборот-кутубхона маркази, "Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази - UNICON.UZ" ДУК ҳузурида фаолият кўрсатадиган Алоқа объектлари давлат кадастри хизмати, Таянч стандартлаштириш ташкилоти, Таянч метрология хизмати, Электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш хизмати, Атамашунослик ва луғатлар хизмати, ZiyoNet тармоғи ресурс маркази, Миллий ахборот тизимини шакллантириш ва ривожлантириш департаменти, "Ўзинфоком" компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази ҳузурида фаолият кўрсатадиган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумат порталини ахборот жиҳатидан таъминлаш ва ривожлантириш гуруҳи, "Электрон ҳукумат" тизимини ривожлантириш маркази, Ахборот хавфсизлигини таъминлаш марказининг таъминоти Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағларидан молиялаштирилади.

Давлат қўмитаси ва унинг ташкилотлари фаолияти қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига ҳам молиялаштирилиши мумкин.


18. Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағларидан ходимларни қўшимча рағбатлантириш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

а) муайян муддат хизмат қилганлик учун ҳар ойлик устама. Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида муайян муддат хизмат қилганлик учун ҳар ойлик устама қуйидаги миқдорларда тўланади:

Иш стажи

Устама миқдори, лавозим маошига

нисбатан коэффициентларда


3 йилдан 5 йилгача бўлганда


0,3

5 йилдан 10 йилгача бўлганда


0,4

10 йилдан 15 йилгача бўлганда


0,5

15 йил ва ундан ортиқ бўлганда


0,6

б) чорак якунлари бўйича энг ташаббускор ва самарали ишлаган ходимларни лавозим маошининг 100 фоизигача бўлган миқдорда бирйўла мукофотлаш;

в) энг ташаббускор ва самарали ишлаган ходимларни лавозим маошининг 100 фоизигача бўлган миқдорда моддий рағбатлантириш.

Бунда бир чоракда бирйўла мукофотлаш ва моддий рағбатлантириш тўловлари суммаси устамани (рағбатлантириш коэффициентини) ҳисобга олган ҳолда лавозим маоши миқдоридан ошмаслиги керак.

Энг ташаббускор ва самарали ишлаган ходимларни бирйўла мукофотлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисидаги Низом, шунингдек муайян муддат хизмат қилганлик учун мукофот олиш ҳуқуқини берадиган иш стажини ҳисоблаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Давлат қўмитаси раиси томонидан тасдиқланади.

Давлат қўмитасини ривожлантириш жамғармасига тушадиган маблағлар ҳисобига ходимларга қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тўловлар ҳам тўланиши мумкин.

Идоравий мансуб хўжалик ҳисобидаги ташкилотларнинг моддий-техника таъминоти, шунингдек уларнинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ўз маблағлари ҳисобидан, Давлат қўмитасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


19. Давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари юридик шахс ҳисобланмайди ва ўз фаолиятини Давлат қўмитаси раиси томонидан тасдиқланадиган низомларга мувофиқ амалга оширади.

Давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармаларига Давлат қўмитаси раиси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган бошлиқлар бошчилик қилади.



V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


20. Давлат қўмитасини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 52-сон, 589-модда