язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ахборот, ахборотлаштириш ва алоқа соҳасидаги бошқарув ва назорат/ Ўзбекистон Республикаси радиочастоталар бўйича Давлат комиссияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 10.07.1998 й. 293-сон қарорига 6-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1998 йил 10 июлдаги

293-сон қарорига

6-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси радиочастоталар

бўйича Давлат комиссияси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси радиочастоталар бўйича Давлат комиссияси (кейинги ўринларда радиочастоталар бўйича Давлат комиссияси деб аталади) радиочастота спектридан фойдаланишни тартибга солиш ссҳасидаги ишлар самарали бажарилиши, радиочастоталардан фойдаланиш ва уларнинг вазифаси масалалари бўйича республика манфаатларини халқаро ташкилотларда ҳуқуқий ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги ҳузурида ташкил этилган.

2. Радиочастоталар бўйича Давлат комиссияси радиочастота спектрини тақсимлаш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат сиёсатини таъминловчи радиочастоталарни давлат томонидан бошқариш органи ҳисобланади, радиочастота спектридан фойдаланиш масалалари бўйича халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифодалайди.

3. Радиочастоталар бўйича Давлат комиссияси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонларига, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларига, Халқаро электр алоқаси уюшмасининг норматив ҳужжатларига, мазкур Низомга амал қилади ҳамда Вазирлар Маҳкамасига ҳисоб беради.


4. Радиочастоталар бўйича Давлат комиссиясининг раиси этиб Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги бош директори белгиланган.


5. Ички ишлар, мудофаа, фавқулодда вазиятлар, адлия, ташқи ишлар, қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлари ўринбосарлари; Миллий хавфсизлик хизмати, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, мудофаага ёрдам берувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Марказий Кенгаши, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, "Ўзбекнефтгаз" миллий корпорацияси, "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компанияси раисларининг ўринбосарлари; "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпания, Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги бош директорлари ўринбосарлари; Ҳукумат алоқа хизмати, Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғи ўринбосарлари лавозимларига кўра ва кўрсатиб ўтилган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар раҳбарларининг тақдимномасига биноан радиочастоталар бўйича Давлат комиссияси аъзолари этиб белгиланган.

6. Радиочастоталар бўйича Давлат комиссияси аъзолари ўз вазифаларини жамоатчилик асосида бажарадилар. Ходимлари комиссия таркибига киритилган вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат бошқаруви органлари раҳбарлари уларнинг комиссия таркибида ишлашлари учун шароит яратиб берадилар.


7. Радиочастоталар бўйича Давлат комиссияси Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган ва номи ўзбек ҳамда инглиз тилларида ёзилган ўз муҳрига ва ўз ҳисоб-китоб счётига эга бўлади.


8. Комиссиянинг ишлаши учун материалларни мувофиқлаштириш, ишлаб чиқиш ва тайёрлаш юзасидан шошилинч жорий ишларни бажариш мақсадида Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги ҳузурида радиочастоталар бўйича Давлат комиссиясининг ишчи гуруҳи тузилган, унга комиссия раисининг ўринбосари бошчилик қилади.

Ишчи гуруҳ фаолияти Электромагнит мослик маркази маблағлари ҳисобига маблағ билан таъминланади.


9. Электромагнит мослик маркази радиочастоталар бўйича Давлат комиссиясининг ижро этувчи органи ҳисобланади ва Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги тузилмасига киритилади.


10. Радиочастоталар бўйича Давлат комиссияси раиси ишчи гуруҳ тузилмасини, штатлар жадвалини ва ишчи гуруҳни сақлаш харажатлари сметасини тасдиқлайди.



II. КОМИССИЯНИНГ ВАЗИФАЛАРИ


11. Қуйидагилар Радиочастоталар бўйича Давлат комиссиясининг асосий вазифалари ҳисобланади:

радиочастоталар спектрини тақсимлаш ва улардан фойдаланиш ва уни истиқболда режалаштириш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш;

радиочастоталарни тақсимлаш миллий жадвалини ва радио алоқа миллий регламентини шакллантириш;

радиочастоталарни режалаштириш, уларни белгилаш ва улардан фойдаланиш масалаларида халқаро ташкилотларда вакиллик қилиш ва Ўзбекистон Республикаси манфаатларини халқаро ҳуқуқий ҳимоя қилиш;

радиочастоталар спектридан фойдаланиш соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш;

радиочастоталар спектри тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши устидан назоратни амалга ошириш;

радиочастоталар спектридан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш.


III. КОМИССИЯНИНГ ФУНКЦИЯЛАРИ


12. Белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида радиочастоталар бўйича Давлат комиссияси:

радиоэлектрон воситаларнинг барча турларига тайинлаш учун частоталарни ҳисобга олиш тартибини белгилайди;

радиоэлектрон воситаларнинг радио спектридан фойдаланиш ва ундан фойдаланишни назорат қилиш тартибини белгилайди;

радиочастота спектрини тақсимлаш ва ундан фойдаланиш масалалари юзасидан норматив ҳужжатлар қабул қилади. Ўз ваколатлари доирасида радиочастота спектрини тақсимлаш ва ундан фойдаланиш соҳасида йўриқномалар ва низомлар ишлаб чиқади;

хорижий давлатлар алоқа маъмуриятлари билан биргаликда белгиланган тартибда частоталарни тайинлашни мувофиқлаштиришни ва Халқаро электр алоқаси уюшмасида Ўзбекистон Республикасининг радиоэлектрон воситаларига тайинланган частоталарни рўйхатга олишни амалга оширади;

Ўзбекистон почта ва телекоммуникациялар агентлиги билан қўшни давлатлар алоқа маъмуриятлари ўртасида айрим радиохизматлар томонидан частоталардан фойдаланишни мувофиқлаштириш бўйича битимларни ишлаб чиқишда ва техникавий тайёрлашда қатнашади;

хорижий давлатлар алоқа маъмуриятлари билан олиб бориладиган музокараларда қатнашади, эришилган битимлар бўйича республика алоқа маъмурияти мажбуриятларининг бажарилишини таъминлашни ташкил этади;

манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда республика радиоэлектрон воситаларининг частота тайинловларини халқаро ҳуқуқий ҳимоя қилиш йиллик режалари лойиҳаларини ишлаб чиқади, уларнинг бажарилишини ташкил этади ва назорат қилади;

радиочастоталардан фойдаланишни мувофиқлаштириш, нурланишни назорат қилиш ва ўз ваколатига кирувчи бошқа масалалар юзасидан делегацияларнинг техникавий топшириқлари, кўрсатмалари ва ишчи материалларини, шунингдек делегацияларнинг таркиби бўйича таклифларини белгиланган тартибда тайёрлайди, делегациялар ишида қатнашади, делегацияларнинг ҳисоботларини таҳлил қилади ва эришилган битимларни амалга оширишни ташкил этади;

Халқаро электр алоқаси уюшмасининг полосаларни тақсимлаш ва радиочастоталарни режалаштириш ва радио алоқаси регламентини қайта қуриш бўйича жаҳон ва минтақа маъмурий конференцияларига тайёргарлик комиссияларининг ишида иштирок этади;

дипломатик ваколатхоналарнинг ва хорижий давлатлар бошқа органларининг, шунингдек республика ҳудудида жойлашган халқаро ташкилотларнинг радиоэлектрон воситалари частота тайинловларини мувофиқлаштириш ва Халқаро электр алоқаси уюшмасида рўйхатга олиш ишларини белгиланган тартибда олиб боради;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан халқаро-ҳуқуқий тусга эга бўлган ва халқаро электр алоқаси конвенцияси ва бошқа халқаро ҳужжатлар бўйича республика мажбуриятларига дахлдор бўлган масалаларни келишиб олади;

радиоэлектрон воситаларнинг электромагнит мослигини таъминловчи частота ва ҳудудий айириш нормаларини тасдиқлайди ва ишга туширади;

радиоэлектрон воситаларнинг электромагнит мослигини белгиловчи радиочастоталардан, таниб олиш сигналларидан фойдаланиш талаблари бўйича стандартларнинг лойиҳаларини ва техник шартларини, радиоэлектрон воситаларни етказиб бериш тартибини келишиб олади;

вазирликлар, идоралар билан биргаликда радиоэлектрон воситаларнинг электромагнит мослигини таъминловчи ташкилий-техникавий тадбирларни ишлаб чиқади ва уларнинг бажарилишини назорат қилишни ташкил этади;

илмий-тадқиқот ва лойиҳа-конструкторлик ишлари, давлат андозаларини ишлаб чиқиш, илмий-техника ахборотини ташкил этиш, ихтирочилик ва рационализаторликни ривожлантириш юзасидан таклифлар тайёрлайди ва хулосалар беради;

частоталарни тақсимлаш миллий жадвалини ва республика радио алоқаси иш тартибини ишлаб чиқади ва нашр этади;

хорижий мамлакатлар билан илмий-техникавий алоқалар юзасидан белгиланган тартибда таклифлар тайёрлайди ва тақдим этади;

вазирликлар, идоралар, корхоналар, ташкилотлар ва фуқароларнинг радиочастоталар полосалари ажратиш ҳақидаги буюртманомаларини техникавий экспертизадан ўтказади ва улардан фойдаланиш юзасидан техникавий таклифлар ишлаб чиқади;

юқори частотали қурилмалар, электр қурилмалар, машиналар, аппаратлар, приборларнинг электромагнит мослигини белгиловчи техникавий тавсифларнинг андозалари, техникавий шартларининг шунингдек индустриал шовқинларнинг андозалари ва умумдавлат нормалари лойиҳаларини кўриб чиқади ва келишиб олади.

радиочастоталар органлари ўртасида радиочастоталар полосаларини тақсимлайди;

радиочастоталар спектридан фойдаланиш соҳасида радиочастоталар органлари фаолиятини мувофиқлаштиради.


IV. КОМИССИЯНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


13. Радиочастоталар бўйича Давлат комиссияси қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

барча турдаги радиоэлектрон воситаларнинг частота тайинловларини Халқаро электр алоқаси уюшмасида рўйхатга олиш ишларини олиб бориш;

радиочастоталар бўйича электр алоқаси уюшмаси фаолиятида қатнашиш ва частота спектридан фойдаланиш масалалари бўйича республика манфаатларини ҳимоя қилиш;

радиоэлектрон воситаларнииг частота тайинловини халқаро миқёсда мувофиқлаштириш ишларини олиб бориш ва шу мақсадда хорижий давлатларнинг алоқа маъмуриятлари билан олиб бориладиган музокаралар учун материаллар тайёрлаш;

Халқаро электр алоқаси уюшмасининг ва хорижий давлатлар алоқа маъмуриятларининг радиоэлектрон воситалари частота тайинловларини мувофиқлаштириш ва рўйхатга олиш билан боғлиқ бўлган техник материалларни таҳлил қилиш ва улар юзасидан тегишли хулосалар тайёрлаш;

радиоэлектрон воситаларнинг барча турларини республикада тайёрлаш ва ишлаб чиқиш ҳамда чет эллардан сотиб олиш учун частоталар полосасини белгилаш;

радиоэлектрон воситаларга давлат андозалари, техникавий шартлар, нормалар ва улардан фойдаланиш қоидаларини ва бошқа норматив-техникавий ҳужжатларни ишлаб чиқишда қатнашиш.

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда радиочастоталар спектридан вақт ва (ёки) ҳудуд бўйича фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиб қўйиш ёки чеклаш;

частоталарни фойдаланувчиларга тақсимлаш ҳуқуқи берилган органларнинг қарорларини бекор қилиш, башарти ушбу қарорлар радиочастоталар бўйича Давлат комиссияси томонидан тасдиқланган амалдаги норматив ҳужжатлар талабларини бузса;

радиочастота спектрини энг кўп даражада самарали тақсимлаш ва ундан фойдаланиш масаласида частоталарни фойдаланувчиларга тақсимловчи органлар фаолиятини тартибга солиш.