ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Услубий, тушунтирув, маълумот тусидаги материаллар / Оммавий ахборот воситалари /

Босма оммавий ахборот воситаларида медиа-бизнесни юритиш асослари

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН МУСТАҚИЛ БОСМА ОММАВИЙ АХБОРОТ

ВОСИТАЛАРИ ВА АХБОРОТ АГЕНТЛИКЛАРИНИ

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ  ВА РИВОЖЛАНТИРИШ

ЖАМОАТ ФОНДИ




БОСМА ОММАВИЙ АХБОРОТ

ВОСИТАЛАРИДА МЕДИА-БИЗНЕСНИ

ЮРИТИШ АСОСЛАРИ*


АМАЛИЙ ҚЎЛЛАНМА



КИРИШ


Мазкур қўлланма "Босма оммавий ахборот воситаларида медиа-бизнесни юритиш асослари" лойиҳаси доирасида, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг молиявий кўмагида "NORMA" МЧЖ иқтисодий-ҳуқуқий нашриётининг экспертлар гуруҳи томонидан тайёрланган.

Бозор муносабатларига ўтиш шароитида Ўзбекистон босма ОАВ таҳририятлари олдида муҳим вазифалар турибди. Бир тарафдан, Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат ва демократик жамият қурилиши шароитида кишиларни оламда юз бераётган воқеалардан ўз вақтида ва холисона хабардор қилиш, жамоат фикрини шакллантириш, республикада амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳар томонлама ёритиш матбуот вакилларининг долзарб ва кундалик вазифаларидир. Бунда ўзининг миллий ўзига хослигини, кўп асрлик маданият, анъаналар, таълимий-тарбиявий йўналишни ҳам сақлаб қолиш муҳим.

Бошқа тарафдан эса - таҳририятлар ўз нашрининг ўзини ўзи қоплаши ва фойда келтиришини таъминлашлари керак, бу эса ОАВ фаолияти эркинлигининг асосий иқтисодий шартидир.

Қўлланма босма ОАВ бош муҳаррирлари ва ходимларининг иқтисодиёт ҳамда медиа-бизнесни ташкил қилиш тўғрисидаги билимларини ошириш орқали иккинчи вазифани ҳал этишда ёрдам беришга йўналтирилган. Унинг материаллари босма ОАВларини бизнес сифатида оқилона бошқаришга, ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш асосида рақобат муҳити шароитида фаолият юритишларида ёрдам беришга қаратилган. Ушбу қўлланма профессионал журналистларда иқтисодий фикрлашни шакллантиришга, нашрнинг иқтисодий базасини мустаҳкамлаш ва унинг рақобатбардошлигини оширишда ўз ролларини англашларига ёрдам беради.

Ушбу китоб босма ОАВ таҳририятларининг ходимлари учун амалий қўлланмадир. Унда бозор иқтисодиёти шароитида фаолият юритиш қоидалари ўзига хос фаолият - журналистик, таҳририят амалиёти тажрибасида ёритилади. Ушбу тажрибанинг таҳлили асосида маслаҳат ва тавсиялар берилади. Қўлланмада ёритилган турли амалий вазиятлар билан таништирилади, китобхонга янги билимларни идрок этиш ва ўзлаштириш жараёнини фаоллаштиришга, улардан таҳририят амалиётида фойдаланишга имкон яратади.

Китобда ахборот бозори хусусиятлари, Ўзбекистонда босма ОАВлар фаолиятини қонун йўли билан тартибга солиш, медиа-бизнесни ташкил қилиш ва юритишнинг ташкилий-ҳуқуқий шакллари, таҳририят фаолият юритишининг иқтисодий асослари, менежмент, босма ОАВларида таҳририят-ноширлик маркетинги масалалари ёритилган. ОАВда реклама фаолияти ва бизнесни режалаштириш масалаларига алоҳида эътибор берилган. Материални пухта ўзлаштириш учун бўлимлар ўзини ўзи текшириш учун мўлжалланган саволлар билан якунланган.

Қўлланмага таҳририятларнинг кундалик фаолиятида энг кўп фойдаланиладиган ҳуқуқий ҳужжатларнинг (уставлар, низомлар, шартномалар ва бошқалар) намуналари, "Тадбиркор" вилоят газетаси таҳририятининг батафсил бизнес-режаси ишланмаси мисоли илова қилинган.

Қўлланма мутахассисларнинг кенг доираси, аввало газеталар, ҳафтаномалар, журналларнинг таҳририятларида, ахборот агентликларида ишлаётган журналистлар; ушбу таҳририятлар, компаниялар, агентликларга раҳбарлик қилувчилар, уларнинг муассислари, эгалари ва ноширлар, шунингдек профессионал журналистик фаолият соҳасига қадам ташлашга тайёрланаётганлар - журналистика факультетлари ва бўлимларининг талабалари учун мўлжалланган.

Таҳририят раҳбарлари, босма ОАВ муассислари ва эгалари ушбу қўлланмадан ўз кундалик ишларида фойдаланиб, таҳририят жамоаларини бошқариш амалиёти улар олдига мунтазам равишда қўяётган мураккаб муаммоларни ҳал эта оладилар. Ҳаёт уларни янги, бозор шароитларида муваффақиятга эришиш; энг яхши таҳририятлар ва нашрларнинг янги маҳаллий ва хорижий тажрибасини мушоҳада қилган ҳамда уни ўз таҳририяти ёки компанияси шароитларида ижодий қўллашга ҳаракат этган ҳолда аввало босма нашр иқтисодиёти соҳасида янги билимларни ўзлаштириш учун узлуксиз ўқиш ва қайтадан ўқиб-ўрганишга мажбур қилмоқда. Таҳририят амалиётида иқтисодий дастаклардан фойдалана олиш уларга энг кам талафотлар билан, жиддий хатолар ва янглишишларга йўл қўймасдан янги шароитларда тез йўналиш олиш, тўғри қарорлар қабул қилиш имконини беради.



I БЎЛИМ. ОММАВИЙ АХБОРОТ

ВОСИТАЛАРИ ВА БОЗОР


1.1. БОСМА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИНИНГ

ПАЙДО БЎЛИШ ТАРИХИДАН


Ҳозирги барча оммавий ахборот воситалари (ОАВ) ичида (газеталар, журналлар, радио, телевидение ва бошқалари) энг биринчи бўлиб газета пайдо бўлган. Газетанинг пайдо бўлишидан то бизнинг кунларимизгача босиб ўтган йўлини шартли равишда бир неча босқичга бўлиш мумкин.


Биринчи босқич милодгача бўлган I асрдан - милоднинг XIV асри бошларигача бўлган даврни қамраб олади. Бу босқичда ахборотни узатиш ва тарқатишнинг бирламчи усуллари, воситалари, йўллари, кейинчалик эса тизими пайдо бўлган. Улар барчасининг асосида инсонларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжи ётган. Бу ахборот уларга мулоқот ва ўз ҳаётларини таъминлаш учун имкониятлар эшигини очди.

Давлатчилик ва ёзувнинг пайдо бўлишини ахборот узатишнинг бирламчи шакллари ва усуллари пайдо бўлишининг энг муҳим шартларига киритиш керак. Ҳукмдорлар ўз фуқароларига бошқарувга оид фармонлар, буйруқлар, фармойишлар ва шу каби номалар шаклидаги хабарларни тезроқ етказишга муҳтож эдилар. Даставвал, бу ахборот оғзаки шаклда қайд этилиб, оммага етказилган, уни амирлар, хонлар ва бошқа ҳукмдорларнинг чопарлари ва элчилари, жарчилари ёдлаб олишиб, шаҳар майдонларида, масжидларда ва аҳоли гавжум бўладиган бошқа жойларда эълон қилишган. Кейинроқ бу ахборот ёзма равишда қайд этила бошланган.


Бу даврда ахборот олувчилар - ундан фойдаланувчиларнинг шаклланиш жараёни кечди. У икки йўналишда ривожланди. Улардан бири - бошқарувга оид, сиёсий ахборотдан фойдаланувчилар: амалдорлар, улар томонидан бошқарилган давлатнинг раияти, фуқаролари. Бошқа йўналиш - иқтисодий ахборотни олувчилар: ишлаб чиқариш ва бозорларда турли товарларнинг мавжудлиги, уларнинг нарх-навоси, пулнинг қиймати, шаҳарларга карвонлар ёки портларга товар ортилган кемаларнинг келиши ва ҳоказолар ҳақидаги ахборот зарур бўлган тижоратчилар, савдогарлар, ҳунармандлар, саррофлар.

Дастлабки газеталарнинг пайдо бўлиш тарихининг иккинчи босқичи тахминан Европада Уйғониш даврининг бошланишидан - XIV асрдан бошланиб XVII асргача давом этди.

Саводхонликнинг кенгайиши энг муҳим омиллардан бири бўлди. Саводсиз киши ахборотни фақат оғзаки шаклда - ҳикоялар, мишмишлар, ҳужжатларнинг мазмунини баён қилиб бериш орқали қабул қилиши мумкин. Европада университетлар ва Шарқ шаҳарларида мадрасалар сонининг кўпайиши, кўплаб мактабларнинг очилиши ёзма ахборотни қабул қилишга лаёқатли саводли аҳоли табақасининг пайдо бўлишига олиб келди.

Хитойда VII асрда пахтадан қоғоз тайёрлаш усули кашф қилинди. Европада фақат XIII-XIV асрлардан қоғоз тайёрлашга киришилди. Ниҳоят ёзма ахборотни қайд этиш ва тарқатиш учун арзон материал олинди. XV аср ўрталарида Гутенберг томонидан кўчма литерли босма дастгоҳнинг яратилиши билан Европада газеталарни кўпайтириш учун техник восита пайдо бўлди. Дастлабки газеталарнинг пайдо бўлиши учун шарт-шароитлар юзага келди. Европада ҳам давлат, ҳам хусусий, тижорат почтасининг пайдо бўлиши билан газета ахборотига эҳтиёжмандлар уни тез ва мунтазам олиш имконига эга бўлдилар.


Босма оммавий ахборот воситалари тарихининг учинчи босқичи XVII аср бошига тўғри келади. Европада дастлабки ҳақиқий газеталар пайдо бўлди: 1609 йилда Германияда "Avisso Relation, oder Zeitung" газета чоп этила бошланди, 1622 йилда Англияда ҳафталик "Weekly News" газетаси, 1631 йилда Францияда "La Gasette" газетаси пайдо бўлди.

Россияда 1702 йилнинг декабрида Петр I босмахона усулида дастлабки ҳақиқий босма газетани чоп этиш ҳақидаги фармонни имзолади. 1702 йилнинг охири - 1703 йилнинг бошида "Ведомости" номи остида унинг дастлабки сонлари дунё юзини кўрди.


Газеталар тарихининг тўртинчи босқичи капиталистик жамиятда журналистиканинг гуллаб-яшнаши билан ажралиб туради, XIX ва XX асрларда бутун дунёни оммавий босма даврий нашрлар қамраб олди. Газеталарнинг мафкуравий, сиёсий, ижтимоий, миллий, касбий ва бошқа асосларга кўра табақалашуви ва ихтисослашуви юз берди. Газетанинг тижоратлашуви, унинг даромад ва фойда олишга қаратилганлиги бу босқичнинг тамойилларидан бири бўлди.


Газеталар ривожининг бешинчи босқичи XX асрнинг иккинчи ярмидан бошланди. Янги оммавий ахборот воситаларининг, янги технологиялар - компьютерлар, Интернет ва шу кабиларнинг пайдо бўлиши, турли оммавий ахборот воситаларининг аломатлари ва имкониятларини уйғунлаштирувчи мультимедианинг туғилиш истиқболи унинг мазмунини белгилаб берди.


Туркистонда босма оммавий ахборот воситаларининг тарихи. Дастлабки даврий нашр - "Туркестанские ведомости" газетасининг биринчи сони Туркистон генерал-губернатори Кауфманнинг фармонига кўра 1870 йил 28 апрелда (10 майда) Тошкентда босилиб чиқди. 1870 йилда газетанинг 17 та сони чоп этилди; 1871 йилдан бошлаб ҳафтасига бир марта, 1903 йил декабридан ҳафтасига 3 марта, 1907 йилдан ҳафтасига 4 марта, ва ниҳоят, 1907 йил июлидан ҳар куни чиқа бошлади. Бу газетанинг охирги сони 1917 йил 15 декабрда чиқди. 47 йил мобайнида газетанинг жами 6406 та сони чоп қилинди.

1870 йил июлидан "Туркестанские ведомости" газетасига илова сифатида ва унинг бевосита ёрдамида ўзбек тилидаги биринчи газета - "Туркистон вилоятининг газети" чиқа бошлади..

"Туркестанские ведомости"да Туркистон генерал-губернаторининг буйруқлари ва фармойишлари, тарих, география, этнография, статистика ва бошқа соҳаларга оид мақолалар, шунингдек, тарихий ва илмий мазмундаги кўплаб материаллар, маҳаллий янгиликлар, эълонлар ҳам босиларди. Дастлабки йиллари газета 100 нусхада чоп қили-нарди, 1909 йилдан бошлаб унинг адади 853 нусхани ташкил қилди.

Шу даврда Туркистонда рус тилида "Русский Туркестан", "Туркестанский курьер", "Туркестанское сельское хозяйство", "Асхабад" газеталари, "Средне-Азиатский вестник" (1896-1907), "Средняя Азия" (1910-1911) журналлари чиқа бошлади.

Миллий матбуотнинг шаклланишида жадидлар ҳаракати муҳим роль ўйнади. Чунончи, Туркистонда 1906 йил июнида жадидлар томонидан "Тараққий" газетаси чиқарила бошланди. 1907 йил 1 декабридан Тошкентда А.Авлоний муҳаррирлигида "Шуҳрат" газетаси чиқа бошлади. 1912 йилда Бухорода "Бухорои шариф" газетаси ташкил топди, 1913 йилда Самарқандда Маҳмудхўжа Беҳбудий муҳаррирлигида "Самарқанд" газетаси чиқа бошлади.

1913 йил 20 августида Самарқандда "Оина" журналининг биринчи сони чиқди. Ушбу журналнинг нусхалари нафақат Самарқанд, Бухоро ва Туркистондаги ўқувчиларга, балки Кавказ, Татаристон, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон ва Туркияга ҳам етиб борди.

Россияда 1917 йилда подшолик тузуми қулагандан кейин Туркистоннинг кўпгина шаҳар ва минтақаларида турли газета ва журналлар, шу жумладан хусусий газеталар пайдо бўла бошлади. Улар орасида муваққат ҳукуматнинг органи - "Нажот", Наманганда "Фарғона саҳифаси", Самарқандда "Турон", "Шўрои ислом", "Кенгаш", "Ҳуррият", Қўқонда "Эл байроғи" газеталари бор эди. Қўқонда Ҳамза муҳаррирлигида "Кенгаш", "Ҳуррият", "Юрт" журналлари чоп қилинди. Бу газета ва журналлар ўша даврда ўқувчилар диққат марказида бўлган долзарб масалаларни кенг ёритдилар.



1.2. БОСМА ОАВЛАРИНИНГ ҲОЗИРГИ ЖАМИЯТДАГИ РОЛИ


Замонавий жамиятда турли институтлар - сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи, маърифий ва бошқа тузилмалар фаолият кўрсатади. Оммавий ахборот воситалари шундай ижтимоий институтлардан биридир.

Босма оммавий ахборот воситалари одамларнинг мулоқотга эҳтиёжларини қондириш воситаси сифатида пайдо бўлган. Босма даврий нашр ва энг аввало газета кишиларнинг шахслараро ва умумий мулоқотининг самарали воситаси ҳисобланади. У фуқарога аниқ бир кишига шахсан ёки нашрнинг ўқувчилар оммасига мурожаат қилиш, газетага маслаҳат сўраб мурожаат этиш, тавсиялар олиш, ўз ғояларини ватандошлар билан муҳокама қилиш, мунозарада иштирок этиш имконини беради. Газета унинг учун минбарга, маслаҳатчига, маълумотхонага ва асосийси ўз ҳаётий масалаларини ҳал қилиш учун зарур бўлган ахборот манбаига айланади.

Мулоқот, ахборот айирбошлаш ва уни олиш воситаси сифатида газетанинг ҳаммага очиқлиги унинг демократиклигини, унинг хизматларидан жамиятнинг ҳар бир аъзоси фойдалана олиш имкониятини таъминлайди.

Оммавий ахборот воситаларининг жамиятнинг барча қисмлари ва унсурлари ўртасида алоқа ўрнатувчи ижтимоий воситачи сифатидаги роли беқиёсдир. У исталган ижтимоий гуруҳ, исталган ижтимоий тузилма учун жамиятнинг бошқа аъзоларига мурожаат қилиш, улар билан алоқа ўрнатиш имкониятини очади. Бунинг учун шундай гуруҳнинг қарашлари, позицияси, дастурини ёритувчи газета ташкил қилишнинг ўзи етарлидир. Шу муносабат билан жамиятни бошқариш дастаги сифатида босма оммавий ахборот воситасининг роли алоҳида аҳамият касб этади.

Босма оммавий ахборот воситалари ижтимоий институт сифатида ҳокимият ва фуқаролар ўртасида боғловчи бўғин сифатида хизмат қилади. Бир томондан, босма нашр давлат ҳокимияти органлари учун фуқароларга қонунлар, фармонлар, қарорлар кўринишидаги бошқарув ахборотини етказиш учун жамиятни бошқаришнинг самарали воситасига айланади. Иккинчи томондан, фуқаролар босма оммавий ахборот воситаларидан ҳокимиятга - турли даражадаги давлат органларига ўз сўровлари ва талабларини, таклифлари ва уларнинг ишлари ҳақидаги фикрларини юбориш, давлатнинг фаолияти устидан жамоатчиликнинг назоратини ўрнатиш учун фойдаланадилар. Чунончи, босма оммавий ахборот воситалари давлат тузилмаларининг омма учун очиқлигини - уларнинг барча ҳаракатлари ҳақидаги ахборотнинг эркинлигини таъминлайди. Шу муносабат билан "тўртинчи ҳокимият" сифатида намоён бўлувчи журналистика, оммавий ахборот воситалари концепцияси пайдо бўлди, у қонунчилик, ижроия ва суд ҳокимиятлари каби ҳокимият функцияларига эгадир. Бироқ бу концепция ҳақиқий ҳолатни акс эттирмайди. Босма оммавий ахборот воситалари ҳам, бошқа ОАВлар каби, давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар қабул қилинишини таъминлай олмайди. Улар фақат бундай қарорларни оммага етказишга, эълон қилишга, фуқароларнинг таклифлари ва тавсияларини давлат органларига етказишга ҳамда уларни амалий ишлар қилиш учун ундашга ёрдам беришга лаёқатлидир. Босма ва бошқа оммавий ахборот воситалари - ҳокимият эмас, аммо жамоатчилик фикрини ифодаловчи ва реал ҳокимиятга таъсир қилувчи, ҳатто баъзан унинг имкониятларини чекловчи жуда катта кучдир. Журналистика ва босма оммавий ахборот воситаларини жамият ва давлат фойдаланадиган дастак сифатида тушуниш ҳақиқатга яқинроқдир.

Ҳозирги босма оммавий ахборот воситаларига ижтимоий институт сифатида унинг мақоми ва ролининг икки хиллиги хосдир. Бир томондан, улар жамият ёки унинг муайян бир қисмига ахборот хизмати кўрсатиш учун барпо этилган институтлардир. Аммо иккинчи томондан, мамлакатда ахборот бозорининг пайдо бўлиши билан босма ОАВ ва унинг таҳририяти - фаолияти фойда олишга қаратилган корхонадир.

Оммавий ахборот воситалари тизимида босма нашрлар. Газета - биринчи, энг кекса оммавий ахборот воситасидир. Тўрт асрдан зиёд бўлган ўз тарихи мобайнида газета журналлар билан бир қаторда кўп миллионлаб кишилар учун беқиёс ахборот манбаи бўлиб келди. Техника тараққиётининг жадаллашуви туфайли унинг ўзи ва унинг жамиятдаги мавқеи жиддий ўзгарди. Аввалига радио, кейинчалик эса телевидение навбати билан энг муҳим оммавий ахборот воситаларига айландилар. Ниҳоят ХХ аср охирида, янги электрон ва рақамли технологиялар, Интернетнинг кириб келиши билан ахборотни яратиш ва олишнинг илгари номаълум бўлган имкониятларини очиб берувчи тармоқ даврий нашрлари пайдо бўлди. Сифат жиҳатидан янги бўлган оммавий ахборот воситалари тизими пайдо бўлди.

Бу тизимнинг ривожланиши билан эски - даврий босма нашрларнинг йўқолиши муқаррарлиги ҳақидаги башоратлар тез-тез билдириладиган бўлди. Аммо бу башоратлар ўзини оқламади. Газета ўлмади, балки янги шароитга мослаша олди. Газетанинг яшаш шароитлари ўзгариши билан, унинг ўзи ҳам ўзгарди, мосланувчанлиги ва мослашишга қодирлигини намоён қилди. Газеталарнинг ихтисослашув жараёни кучайди: ҳамма учун мўлжалланган нашрлардан ташқари турли ижтимоий гуруҳлар ва тузилмалар, махсус ўқувчилар доираси учун мўлжалланган кўплаб газеталар пайдо бўлди.

Босма оммавий ахборот воситалари бошқа ОАВлар билан қиёслаганда муҳим афзалликка эгадир. Бу афзаллик қоғоз варағининг моддий эканлиги билан боғлиқ. Газета хабари босилган қоғоз босма даврий нашр сонининг мазмунини узоқ вақт сақлашни таъминлайди. Газетани тўлиқ ёки қисман ўқиш, уйга олиб келиб охиригача ўқиш, архивга қўйиш ва у сақланиб турса, исталган вақтда олиб ўқиш мумкин.



1.3. ЖУРНАЛИСТИК АХБОРОТ ТОВАР СИФАТИДА


Иқтисодиёт тизимида журналистиканинг ўрни ва роли. Журналистиканинг иқтисодиёт умумий тизимидаги роли у ишлаб чиқариш турларидан бирини ифодалаши билан белгиланади. Унда ишлаб чиқариш жараёнининг барча унсурлари мавжуд. Бу жараёнда ишлаб чиқарувчи интиладиган мақсадни; ишлаб чиқариш объектига ишлов бериш учун ўз ишлаб чиқариш воситаларини ажратиб кўрсатиш мумкин. Бу жараён натижасида истеъмолчига зарур бўлган маҳсулот ишлаб чиқарилади. Таъкидлаш муҳимки, бу ишлаб чиқариш ўзига хос хусусиятга эгадир. Аввало, бу маънавий ишлаб чиқариш туридир.

Журналист бу соҳадаги ишлаб чиқарувчидир. У ўзининг ўзига хос ишлаб чиқариш воситаларидан, журналистик меҳнат қуролларидан (қоғоз, ручка, диктофон, компьютер, фото ва видеокамера ва ҳоказо) фойдаланади ва фақат шу соҳадаги фаолият учун хос бўлган алоҳида усуллар, йўллар ва воситаларни қўллайди.

У таъсир қиладиган объект ўзига хосдир. Бу ижтимоий ахборот - турли манбалардан олинадиган - инсон ҳаётига тааллуқли, одамларни қизиқтирувчи барча маълумотдир. Бу ишлаб чиқаришнинг маҳсулоти - журналистик ахборот ҳам ўзига хосдир. У истеъмолчига тезроқ етиб бориши, уни қабул қилишни осонлаштириш ва истеъмолчига кучли таъсир қилиш мақсадида алоҳида тарзда қайта ишланган ижтимоий ахборотни ифодалайди.

Журналистик ахборот икки ёқлама хусусиятга эгадир. Бир томондан, у инсон онгига таъсир кўрсатиш, уни маълум фаолиятга ундаш, унинг олам ҳақидаги тассаввурларини ўзгартириш ёки ўзи турган ҳаётий вазиятларда яхши йўл топишга йўналтириш мақсадида яратиладиган маънавий ишлаб чиқариш маҳсулотидир. Иккинчи томондан, бу ахборот бозорга келиб тушади ва товарга айланади. Ҳар қандай товар каби у истеъмол қийматига ва пул ифодасидаги қийматга эгадир. Биринчиси, бу товарнинг харидорнинг ахборотга эҳтиёжини қондиришга лаёқатини англатади. Иккинчиси, бу товарни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган меҳнат сарфининг нархини англатади.

Одамларда пайдо бўлувчи ахборотга эҳтиёж уларни ўзларига зарур ахборотни излашга ва уни ташувчиларни сотиб олишга мажбур қилади. Шундай қилиб, журналистик ахборотни ишлаб чиқарувчилар ва унинг истеъмолчилари ўртасида бозор муносабатлари вужудга келади. Улар ўртасида айирбошлаш жараёни бошланади, унинг мобайнида ҳар икки томон ўз эҳтиёжларини қондиради. Ахборотнинг истеъмолчиси уни сотиб олар экан, ўзига ҳаётда йўл топишга ёрдам берувчи маълумотларни, билимларни олади. Ахборотни ишлаб чиқарувчи - журналист ҳам ўз эҳтиёжларини қондиради. У ўз товарини сота туриб, нафақат пул, балки бошқа шаклда ҳам қадр топиш - ўқувчига маънавий, мафкуравий таъсир кўрсатиш, фикрини ўзгартириш имкониятига эга бўлади. Бундай бозор айирбошлаши натижасида журналист меҳнатини қадрлашнинг бошқа шакли ҳам мавжуд бўлиши мумкин - унинг муаллиф сифатида машҳур бўлиши, унинг касбий маҳоратининг тан олиниши. Журналист билан бир қаторда муаллиф асарини эълон қилган оммавий ахборот воситасининг муассиси ва эгаси ҳам моддий манфаат топади. Айни вақтда у ахборотнинг харидорларга таъсир этиши имкониятига ҳам эга бўлади. Журналистик ахборот билан боғлиқ таъсир ҳам айрим ижтимоий гуруҳ вакиллари - сиёсатчилар, ҳокимият тузилмалари учун катта қийматга эга бўлган товар ҳисобланади.

Ҳар қандай товар сингари журналистик ахборот ҳам маълум товар бирлиги кўринишида бозорга чиқади. Одатда ўқувчи сотиб оладиган газета ёки журнал сони шундай бирликка айланади. Баъзан кейинги сонлардан бирига кирадиган бўлғуси материалнинг ярим тайёр маҳсулоти - таҳририят сотиб оладиган хабар, репортаж, мақола матни ёки фотосуратнинг асл нусхаси товар бирлиги бўлиши мумкин.



1.4. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

БОСМА ОАВЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ДАВЛАТ

ТОМОНИДАН ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ


Ўзбекистон Республикасида босма оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг моддий негизини мустаҳкамлаш ва журналистларнинг касбий малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатнинг ахборот соҳасидаги сиёсати Ўзбекистон Республикаси Конституциясида эълон қилинган фуқароларнинг сўз эркинлиги ва ахборот олиш ҳуқуқини изчил ва тўлиқ амалга оширишни таъминлашга қаратилган.

Ахборот соҳасида жамоат, нодавлат институтлари ва тузилмаларини тузиш ва ривожлантириш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий, техник шарт-шароитлар яратилган. Республикада Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси ва бир қатор бошқа жамоат бирлашмалари ўз фаолиятини амалга оширмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондини (бундан кейин - Фонд) ташкил этиш тўғрисида" 2005 йил 16 ноябрдаги Фармони ОАВларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасидаги муҳим қадам бўлди.

Фонд фаолиятининг асосий мақсади - мамлакатда мустақил, ўзини ўзи таъминловчи, замонавий демократик талаб ва стандартларга жавоб берадиган босма ОАВларини шакллантириш, уларнинг моддий-техника базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш жараёнини қўллаб-қувватлаш.

Фонд фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари:

- босма нашрлар ва ахборот агентликлари материалларининг касбий, бадиий даражасини оширишга қаратилган лойиҳалар ва дастурларни молиялаштириш;

- мустақил босма ОАВларининг моддий-техника базасини ривожлантириш, модернизациялаш ва мустаҳкамлаш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш;

- ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни молиялаштириш;

- журналистларнинг маҳорати ва ижодий фаоллигини ошириш бўйича танловлар, семинарлар, анжуманлар ва бошқа тадбирлар ўтказиш.

Оммавий ахборот воситаларини рўйхатга олиш ва қайта рўйхатга олиш учун йиғимлар сифатида олинадиган маблағларнинг бир қисми (50%) Фонд ҳисобига ўтказилади ва унинг низомдаги вазифаларини амалга ошириш учун сарфланади.

Фонд тузилгандан бери ўтган қисқа давр ичида унинг молиявий ёрдамида мамлакатда босма ОАВларини ривожлантириш бўйича катта ҳажмда ишлар бажарилди, шу жумладан:

- берилган грантлар туфайли республикада 80 дан ортиқ босма ва Интернет нашрлар барқарор фаолият кўрсатмоқда:

- 15 та газетанинг таҳририятларига ОАВларнинг моддий-техника базасини такомиллаштириш ва модернизациялаш лойиҳаларини амалга оширишга имтиёзли кредитлар берилди;

- босма нашрларнинг 80 дан ортиқ веб-сайтлари яратилди;

- Нукус, Андижон, Самарқанд ва Қаршидаги етакчи газеталар таҳририятлари ҳузурида журналистларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг ижодий салоҳиятини ошириш учун "Журналист маҳорати марказлари" ташкил қилинди;

- "Маърифат" - "Учитель Узбекистана", "Жамият", "Бизнес Вестник Востока", "Uzbekistan Today" газеталари таҳририятлари ва "Туркистон-пресс" ахборот агентлиги ҳузурида журналистика факультетларининг талабалари учун маҳорат синфлари ташкил қилинди;

- фонднинг ҳаммуассислигида "Region Inform" ахборот хизмати, "Uzbekistan Today", "Жамият" газеталари ташкил этилди;

- "InfoCom.UZ" журнали таҳририяти ҳузурида мастер-класс ташкил этилди. "Босма оммавий ахборот воситалари вакиллари учун мастер-класс ташкил этиш" лойиҳасининг асосий мақсади босма ОАВ ходимлари малакасини ошириш, ўқув қўлланмаси тайёрлаш, тажриба алмашиш, семинарлар ташкил этиш, босма ОАВ амалиётига янги технологиялар ва замонавий иш усулларини жорий этиш бўйича комплекс ёндашиш;

- "Босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликлари журналистларининг ахлоқ кодекси" ва "Босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликлари хартияси" қабул қилинди;

- "Босма оммавий ахборот воситалари таҳририятлари учун қўлланма" тайёрланиб, нашр этилди;

- мамлакат журналистлари ўртасида бир қатор танловлар ўтказилди ва ҳоказо.

Босма ОАВларининг қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши улар фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг салмоқли шакли бўлди. Чунончи, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси 208-моддасининг 19-бандига мувофиқ: "босма маҳсулотлар, шунингдек босма маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни реализация қилиш билан боғлиқ таҳририй, матбаа ва ноширлик ишлари (хизматлари) қўшилган қиймат солиғидан озод этилади".



1.5. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

БОСМА ОАВЛАР БОЗОРИ


Ахборот соҳасидаги ўзгаришлар, давлат томонидан амалга оширилаётган қўллаб-қувватлаш чоралари мамлакат босма оммавий ахборот воситаларининг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатмоқда, уларнинг сони кейинги 12 йилда икки баравардан кўпроқ ошди. 2008 йил 1 январдаги ҳолат бўйича Ўзбекистонда 895 босма ОАВ, шу жумладан, 671 газета, 208 журнал, 16 хабарнома ва бюллетень чоп этилмоқда. 55 нашриёт, 4 ахборот агентлиги муваффақиятли ишламоқда.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда босма ОАВлар бозори жадал суръатлар билан ривожланди. Ўзбекистон даврий нашрлари бозорида қуйидаги бозор сегментларини ажратиб кўрсатиш мумкин:

ижтимоий-сиёсий нашрлар;

иқтисодиёт, молия ва бизнес соҳасидаги нашрлар;

қишлоқ хўжалиги ва фермерлик масалалари бўйича нашрлар;

таълим ва фан масалалари бўйича нашрлар;

тиббиёт ва саломатлик бўйича нашрлар;

кўнгилочар нашрлар ва дайжестлар;

хотин-қизлар учун нашрлар;

спорт матбуоти;

сатирик нашрлар;

кечки газеталар;

сиёсий партиялар ва ҳаракатларнинг нашрлари;

миллий тиллардаги газета ва журналлар (қорақалпоқ, қозоқ, тожик, корейс ва бошқа тилларда).

Кўнгилочар нашрлар ва дайжестлар ўртасида рақобат айниқса кучлидир. Ўқувчиларни кўпроқ жалб этиш учун бир неча ўнлаб нашрлар кескин рақобатга киришган. Уларнинг ҳаммаси хусусий нашрлардир, уларнинг қизиқиши - фойда олишдан иборат. Шу сабабли улар ўз маҳсулотларини фаол олдинга суришга, уларни реклама қилишга, мослашувчан нарх сиёсатини ўтказишга ҳаракат қиладилар. Фермерлар учун нашрлар, ижтимоий-сиёсий нашрлар ўртасида рақобат даражасининг пастлиги бу мураккаб бозор сегментларини сармоя жалб этиш учун жозибадор қилади.

Айрим таҳририятлар халқаро матбуот бозорига чиқишга қизиқа бошлашмоқда. Унга нафақат Ўзбекистоннинг йирик ахборот агентликлари, балки бир қатор газета ва журналларнинг таҳририятлари ҳам чиқмоқда (масалан, "Uzbekistan Airways", "Деловой партнер Узбекистана", "Бизнес вестник Востока", "Uzbekistan Today"). Улар аввало аҳолисининг бир қисми ўзбекистонликлар бўлган МДҲ мамлакатларида ахборот харидорларини топишмоқда.

90-йиллар бошларида Ўзбекистонда ахборот агентликлари бозори ҳам шакллана бошлади. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда қуйидаги ахборот агентликлари муваффақиятли ишламоқда: "Миллий ахборот агентлиги" (ЎзА), "Жаҳон" ахборот агентлиги (Ўзбекистон Республикаси ТИВ), "Туркистон пресс" нодавлат ахборот агентлиги" ва "Қорақалпоқ ахборот агентлиги", улар тижорат асосида ишлашади ва бошқа барча ОАВлар учун журналистик ахборотни тайёрлашнинг турли йўналишларига ихтисослашганлар. Яқиндагина "Uzbekistan Today" ахборот агентлиги ва "Регион Информ" ахборот хизмати ўз фаолиятини бошлади.



Текшириш учун саволлар


1. Қандай шарт-шароитлар газета ва бошқа босма ахборот воситалари юзага келиши учун сабаб бўлган?


2. Европада дастлабки босма газеталар қаерда ва қачон пайдо бўлган? Бундай газета Туркистонда қандай ва қачон ташкил қилинган?


3. Ҳозирги жамиятда босма нашр сифатида газетанинг ривожланиши учун нималар хос?


4. Нима учун журналистика ишлаб чиқариш ҳисобланади?


5. Ушбу ишлаб чиқаришнинг маҳсулоти нима?


6. Журналистик ахборот нима? У қандай қилиб товарга айланади ва қандай кўринишда бозорга чиқади?


7. Ахборот бозори нима ва у қачон юзага келади?


8. Ўзбекистонда босма ОАВлари фаолиятининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши нимада ифодаланади?


9. Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари қандай?


10. Ўзбекистонда даврий нашрлар бозорини қандай сегментларга бўлиш мумкин?




II БЎЛИМ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАCИДА

ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИНИ

ТАШКИЛ ҚИЛИШ ВА УЛАР ФАОЛИЯТ

КЎРСАТИШИНИНГ ҲУҚУҚИЙ

АСОСЛАРИ


2.1. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ОАВЛАР

ФАОЛИЯТИНИ ҚОНУН БИЛАН ТАРТИБГА СОЛИШ


Умумий қонунлар - Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, кодекслар - фуқаролик, жиноят кодекслари ҳамда оммавий ахборот воситалари фаолиятига бевосита алоқадор бўлган махсус ҳуқуқий ҳужжатлар - ОАВлар, реклама тўғрисидаги қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорлари, Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган идоравий меъёрий ҳужжатлар ҳам ОАВлар фаолиятини тартибга солишнинг ҳуқуқий негизи ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси (67-модда) оммавий ахборот воситаларининг эркинлигини кафолатлади ва цензурани тақиқлади. "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Қонун (2007 йил 15 январдаги янги таҳрири) журналистлар ва ОАВларнинг жамият ва давлат билан муносабатларини аниқлаштирди, ОАВлар таҳририятлари фаолияти ва унинг иштирокчилари бўлган субъектлар фаолиятининг мақсадлари ва йўналишларини, ушбу субъектлар ўртасидаги муносабатларни, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини, давлат органлари ва жамиятнинг бошқа институтлари билан муносабатларининг ҳуқуқий асосларини белгилаб берди.

Мазкур қонун оммавий ахборот воситалари фаолиятини бошқаришда асос ҳисобланади. Мустақиллик йилларида республикада ОАВни жадал, изчил ривожлантиришнинг салмоқли қонунчилик, меъёрий-ҳуқуқий негизи яратилди. Ҳозирги талаблар ва стандартларни ҳисобга олиб, "Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида", "Реклама тўғрисида", "Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида", "Ахборотлаштириш тўғрисида" қонунлар ва бошқа бир қатор қонуности ҳужжатлари қабул қилинди.

Таҳририят раҳбарлари, шу жумладан, унинг корхона сифатида фаолияти учун жавоб берувчи менежерлари мамлакатимизда давлат ва тижорат корхоналарининг иқтисодий фаолиятини тартибга солувчи бир қатор қонунларнинг қоидаларига ҳам амал қилишлари керак.

Ўзбекистон Республикасининг "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Қонуни ва уни аниқлаштирувчи, ижтимоий фаолиятнинг бу соҳаси билан боғлиқ махсус қонунлар таҳририят фаолият кўрсатишининг ва у чиқарадиган босма нашрнинг қуйидаги асосий йўналишлари ва жиҳатларини:

- таҳририят ва унинг босма нашрининг ҳуқуқий мақомини, уларни таъсис қилиш шартларини, уларнинг давлат органлари ва жамиятнинг бошқа тузилмалари билан муносабатларини;

- таҳририят фаолиятининг субъектларини ва уларнинг ўзаро муносабатларини;

- журналистнинг ҳам таҳририят жамоаси аъзоси, ҳам газетадаги мақолаларнинг муаллифи сифатидаги ҳуқуқий мақомини ва таҳририят раҳбарлари билан муносабатларини;

- таҳририят ва унинг журналистининг босма нашр ўқувчилари доираси билан муносабатларини белгилаб беради.



2.1.1. Босма оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш


Амалдаги қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари оммавий ахборот воситаларини таъсис қилиш ҳуқуқига эгадирлар. ОАВ бир неча муассис томонидан ҳам таъсис этилиши мумкин.

Қуйидагилар оммавий ахборот воситаларининг муассиси бўлиши мумкин эмас:

ўн саккиз ёшга тўлмаган шахс;

қасддан содир этгани учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган ёхуд суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахс;

фаолияти қонун билан тақиқланган нодавлат нотижорат ташкилоти.

Шунингдек, устав фондида чет эл инвестицияларининг улуши ўттиз ва ундан ортиқ фоизни ташкил этган юридик шахслар томонидан оммавий ахборот воситаларини таъсис қилишга йўл қўйилмайди.



2.1.2. Босма ОАВларини рўйхатдан ўтказиш  ва лицензиялаш


Босма ОАВларини давлат рўйхатидан ўтказиш. Босма ОАВларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ОАВ чиқарувчи юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказишни фарқлаш зарур. Босма ОАВларини давлат рўйхатидан ўтказишни Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги (ёки Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бўлинмалари) амалга оширади. ОАВ чиқарувчи юридик шахсни (хусусий корхона, масъулияти чекланган жамият ва ҳоказо ташкилий-ҳуқуқий шаклларда тузиладиган) давлат рўйхатидан ўтказишни маҳаллий ҳокимият органлари амалга оширади. Бунда босма нашрни чиқариш учун таҳририят алоҳида юридик шахс сифатида, ёхуд ишлаб турган юридик шахснинг таркибий бўлинмаси сифатида (муассис, ношир, тарқатувчи, реклама агентлиги ва ҳоказо) ташкил этилиши мумкин.

ОАВларни давлат рўйхатидан ўтказиш масалалари Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 11 октябрдаги 214-сон қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида низом" билан тартибга солинади.

Босма ОАВларини давлат рўйхатидан ўтказиш қуйидагича амалга оширилади:

а) Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги:

- асосан Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида, унинг ташқарисида, икки ва ундан кўп вилоятлар (Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри) ҳудудларида тарқатишга мўлжалланган даврий босма нашрларни);

- ахборот агентликларини;

- оммавий ахборот воситаларининг маҳсулотлари электрон кўринишда тарқатиладиган бошқа турларини давлат рўйхатидан ўтказади;

б) Қорақалпоғистон Республикаси Матбуот ва ахборот агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар матбуот ва ахборот бошқармалари - асосан бир вилоят (Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри) ҳудудида тарқатишга мўлжалланган даврий босма нашрларни давлат рўйхатидан ўтказади.

Босма оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун муассис ёки у ваколат берган шахс рўйхатдан ўтказувчи органга белгиланган шаклда ёзма ариза беради, унда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

- муассис тўғрисида маълумотлар;

- оммавий ахборот воситасининг номи, тили ва тури;

- мақсади ва вазифалари;

- ихтисослашуви;

- тарқатилиш ҳудуди.

ОАВ тўғрисидаги қонун муассисга аризада молиявий манбаларни, нашрнинг даврийлигини ва оммавий ахборот воситасининг кутилаётган энг катта ҳажмини; манзилини (почта манзилини), таҳририят ҳақидаги бошқа маълумотларни; муассис ва таҳририят бошқа оммавий ахборот воситаларига муассислиги, ишончли бошқарувчилиги, ноширлиги, тарқатувчилиги ҳақидаги маълумотларни кўрсатиш мажбуриятини юклайди.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

- белгиланган тартибда тасдиқланган таҳририят уставининг (низомининг) нусхаси;

- таъсис шартномаси;

- белгиланган миқдордаги рўйхатдан ўтказиш йиғимининг тўланганлиги ҳақидаги банк тўлов ҳужжати.

Агар муассис бир киши бўлса, унда рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим этиладиган аризага таҳририятнинг устави (низоми) ва банк тўлов ҳужжати илова қилинади.

Оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказганлик учун қуйидаги миқдорларда рўйхатдан ўтказиш йиғими ундирилади:

        

Оммавий ахборот воситасининг тури

Рўйхатдан ўтказиш йиғими миқдори

Даврий босма нашрлар (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, альманахлар ва бошқалар)

энг кам иш ҳақининг

25 баравари миқдорида

Теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар, ахборот агентликлари

энг кам иш ҳақининг

30 баравари миқдорида


Маҳсулотлари Интернет умумжаҳон тармоғи орқали тарқатиладиган оммавий ахборот воситалари (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, альманахлар, теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар ва бошқалар)

энг кам иш ҳақининг

1 баравари миқдорида

Асосан болалар, ўсмирлар, ногиронлар учун мўлжалланган ҳамда таълим ва маданий-маърифий йўналишдаги оммавий ахборот воситалари (газеталар, журналлар, буклетлар, теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар ва бошқалар)


энг кам иш ҳақининг

5 баравари миқдорида

Реклама учун мўлжалланган оммавий ахборот воситалари (рекламага ихтисослашган газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, альманахлар, теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар ва бошқалар)


энг кам иш ҳақининг

50 баравари миқдорида


Бошқа турдаги оммавий ахборот воситалари (маҳсулотлари электрон кўринишда тарқатиладиган оммавий ахборот воситалари)

энг кам иш ҳақининг

25 баравари миқдорида


          

Қорақалпоғистон Республикаси Матбуот ва ахборот агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар матбуот ва ахборот бошқармалари томонидан амалга ошириладиган оммавий ахборот воситасини давлат рўйхатидан ўтказганлик учун юқорида келтирилган белгиланган рўйхатдан ўтказиш йиғимининг 70 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун ундириладиган йиғимнинг 50%и рўйхатдан ўтказувчи орган ҳисобрақамига, қолган қисми Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳисобрақамига йўналтирилади.

Оммавий ахборот воситаси унга давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома топширилгандан кейин рўйхатдан ўтган ҳисобланади.

ОАВлар тўғрисидаги Қонун 22-моддасининг 1-қисмига мувофиқ ОАВларни қуйидаги ҳолларда давлат рўйхатидан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш рад этилиши мумкин, агар:

- оммавий ахборот воситасининг мақсад ва вазифалари қонунчиликка зид бўлса;

- агар оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги ариза мазкур Қонунга мувофиқ оммавий ахборот воситасини таъсис этиш ҳуқуқига эга бўлмаган юридик ёки жисмоний шахс номидан берилган бўлса;

- оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги аризадаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаса;

- илгари айнан шу ном остида ёки адаштириш даражасида ўхшаш номда оммавий ахборот воситаси рўйхатга олинган бўлса.

Оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказиш рад этилганда аризачига қарор чиқарилгандан кейин ўн кун ичида рад этиш асослари кўрсатилган ҳолда ёзма хабарнома жўнатилади. Муассис рўйхатдан ўтказувчи органнинг оммавий ахборот воситасини рўйхатдан ўтказишни рад этиш ҳақидаги қарори устидан судга шикоят қилиши мумкин.

Таҳлил шуни кўрсатадики, Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги Қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 11 октябрдаги 214-сон қарори билан белгиланган талаблар ва меъёрларни тўлиқ бажармаслик сабабли босма ОАВларини давлат рўйхатидан ўтказиш пайтида кўп хатоларга йўл қўйилади. Энг кўп такрорланадиган хатоларга қуйидагиларни киритиш мумкин:

- рўйхатдан ўтказувчи органда оммавий ахборот воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш учун аризани муассис ёки у ваколат берган шахс томонидан нотўғри/чала расмийлаштириш;

- аризанинг Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги Қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 11 октябрдаги 214-сон қарори 1-иловасидаги шакл талабларига номувофиқлиги;

- давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризага илова қилинадиган зарур таъсис ҳужжатларини тўлиқ ҳажмда тақдим этмаслик (таҳририят устави /низоми/нинг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси; таъсис шартномаси; белгиланган миқдорда рўйхатдан ўтказиш йиғими тўланганлиги ҳақидаги банк тўлов ҳужжати).

Таҳририятни юридик шахс сифатида маҳаллий ҳокимият органларида давлат рўйхатидан ўтказиш хабардор қилиш тамойилига асосланади ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 24 майдаги ПҚ-357-сон қарори билан тасдиқланган "Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низом"га мувофиқ рўйхатдан ўтказиш учун зарур ҳужжатлар рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим этилганидан кейин 2 иш куни мобайнида кўриб чиқилади.


ОАВларнинг ноширлик фаолиятини лицензиялаш. Босма ОАВ давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса, ўз нашрини (газета, журнал) чиқариш учун лицензия талаб қилинмайди. Ўзбекистон Республикасининг "Ноширлик фаолияти тўғрисида" Қонунининг 6-моддасига мувофиқ, агар босма ОАВ таҳририяти ноширлик фаолиятини амалга оширмоқчи (яъни, қўшимча босма маҳсулот, масалан, китоблар чиқармоқчи) бўлса, у бунга фақат ноширлик фаолияти учун лицензия олгандан кейин киришиши мумкин. Бундай лицензияни олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 11 июндаги 275-сон қарори билан тасдиқланган "Ноширлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисида низом" асосида белгиланади.

Лицензиялар бериш ва уларни бекор қилиш, уларнинг амал қилишини тугатиш ҳақидаги қарорлар Вазирлар Маҳкамасининг Ноширлик фаолиятини лицензиялаш бўйича комиссияси томонидан қабул қилинади. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Комиссиянинг ишчи органи вазифаларини бажаради. Лизенцияларга юридик шахслар даъвогарлик қилишлари мумкин. Ноширлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиялар 5 йил муддатга берилади.



2.2. ТАҲРИРИЯТ ВА УНИНГ БОСМА НАШРИНИНГ

ҲУҚУҚИЙ МАҚОМИ


ОАВлар тўғрисидаги қонунга мувофиқ таҳририят ва унинг босма нашрининг (газета, журнал) ҳуқуқий мақомини фарқлаш керак. Бу тушунчаларнинг ҳар бири ўз вазифасига ва ўз хусусиятларига эгадир.

Газета, журнал оммавий ахборотни даврий тарқатиш шаклини ифодаловчи оммавий ахборот воситаси - даврий босма нашр ҳисобланади. Газета таҳририяти эса оммавий ахборот воситасини ишлаб чиқарадиган ва чоп эттирадиган ташкилот, муассаса, корхонадир. ОАВ тўғрисидаги Қонунга мувофиқ юридик шахс ёки юридик шахснинг оммавий ахборот воситасини чоп этадиган таркибий бўлинмаси таҳририят бўлиши мумкин.


Медиабизнесни олиб боришнинг ташкилий-ҳуқуқий шакллари. Ўзбекистон Республикасининг "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Қонуни 15-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ ОАВ таҳририяти қонунчиликда белгиланган исталган ташкилий-ҳуқуқий шаклда тузилиши мумкин. Таҳририятнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини танлаш ҳақидаги қарорни юридик шахс сифатида мулк эгаси қабул қилади. Босма ОАВ таҳририяти юридик шахс мақоми билан, хусусий корхона, масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамият, унитар корхона, очиқ ёки ёпиқ турдаги акциядорлик жамияти, шунингдек, бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларда тузилиши ва рўйхатдан ўтказилиши мумкин.


Хусусий корхона. Ўзбекистон Республикасида мулкдор - бир жисмоний шахс томонидан тузилган ва бошқариладиган тижорат ташкилоти хусусий корхона ҳисобланади. Хусусий корхона ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли бор мол-мулк билан жавоб беради. Хусусий корхона мулкдори қонунчиликка мувофиқ корхонанинг мол-мулки етарли бўлмаганда хусусий корхонанинг мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мулк билан субсидиар жавобгар бўлади. Хусусий корхонанинг устав жамғармаси бўлинмасдир, унинг миқдорини мулкдорнинг ўзи белгилайди.


Масъулияти чекланган жамият (МЧЖ). Бир ёки бир неча шахс томонидан таъсис этилади. МЧЖнинг устав жамғармаси улушларга бўлинади, уларнинг миқдорлари таъсис ҳужжатлари билан белгиланади. МЧЖ иштирокчилари унинг мажбуриятлари учун жавоб бермайдилар ва ўзларининг устав жамғармасига киритган улушлари доирасида жамият фаолияти билан боғлиқ зарар хатарини ўз зиммаларига оладилар. МЧЖ иштирокчиларининг сони элликтадан ошмаслиги керак. МЧЖ иштирокчилари устав жамғармасига киритган ўз улушларига мутаносиб жавобгар бўладилар, қарорлар қабул қилишда қатнашадилар ва даромад оладилар.


Акциядорлик жамияти (АЖ) - устав жамғармаси тенг номинал қийматдаги муайян сондаги акцияларга бўлинган жамият. АЖ иштирокчилари (акциядорлар) унинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайдилар ва ўзларига тегишли акциялар қиймати доирасида жамият фаолияти билан боғлиқ зарарлар хатарини ўз зиммаларига оладилар. АЖ очиқ ёки ёпиқ турда бўлиши мумкин.


Очиқ акциядорлик жамияти (ОАЖ) - иштирокчилари уларга тегишли бўлган акцияларни бошқа акциядорларнинг розилигисиз эркин тасарруф қила оладиган АЖ. ОАЖ чиқарилаётган акцияларга очиқ обуна ўтказиш ва уларни эркин сотувга чиқариш ҳуқуқига эгадир. ОАЖ ҳар йили ҳамма билиши учун йиллик ҳисобот, бухгалтерия баланси ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботни чоп этиши шарт. ОАЖ устав фондининг энг кам миқдори - жамият рўйхатга олинган санада Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг курси бўйича 50 000 АҚШ долларига эквивалент сумма.


Ёпиқ акциядорлик жамияти (ЁАЖ) - акциялари фақат ўзининг муассислари ёки олдиндан белгиланган кишилар доирасида тақсимланадиган АЖ. Ўз акциясини сотмоқчи бўлган ЁАЖ акциядори уларни жамиятнинг бошқа акциядорларига ёки жамиятнинг ўзига таклиф қилиши шарт. Агар жамиятнинг иштирокчилари ва жамиятнинг ўзи акцияларни сотиб олишни рад қилишса, бу ҳолда акциядор жамият розилиги билан акцияларни учинчи шахсларга сотиш ҳуқуқига эга бўлади. Ёпиқ акциядорлик жамияти устав жамғармасининг энг оз миқдори - белгиланган энг кам иш ҳақининг 200 бараварига тенг. Ёпиқ акциядорлик жамияти муассисларининг энг оз миқдори уч кишидан иборат бўлади. Ёпиқ акциядорлик жамияти аъзоларининг сони эллик кишидан кўп бўлиши мумкин эмас.


Унитар корхона. Мулк эгаси томонидан унга мулкдорлик ҳуқуқи берилмаган тижорат ташкилоти унитар корхона деб ҳисобланади. Унитар корхона мол-мулки бўлинмасдир ва у улушларга (ҳисса, пай) қараб тақсимланиши (жумладан корхона ходимлари ўртасида) мумкин эмас. Унитар корхона мол-мулки унга хўжалик юритиш ёки тезкор бошқариш ҳуқуқида тегишли бўлади. Унитар корхона ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли жами мол-мулк билан жавоб беради ва мулкдорнинг мажбуриятлари учун ўз мол-мулки билан жавоб бермайди.

Таҳририятнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини танлаш қуйидагиларга боғлиқ:

- бизнеснинг тури ва унинг миқёсига;

- бўлғуси ишбилармон шерикларнинг сонига, улар ҳар бирининг иштироки ва масъулияти даражасига;

- тасарруфда мавжуд маблағлар ва қонун билан белгиланган устав жамғармаси миқдорига;

- шериклардан ҳар бирининг устав жамғармасидаги улуши миқдорига;

- саналган юридик шакллардан ҳар бирининг хусусиятларига.

Ўзбекистонда босма ОАВлари ташкил қилиш амалиётида хусусий корхона, масъулияти чекланган жамият ва ёпиқ акциядорлик жамияти каби ташкилий-ҳуқуқий шакллар энг кўп қўлланилади. Бу шаклларнинг ҳар бири ўз хусусиятларига эга. Бу ташкилий-ҳуқуқий шакллардан ҳар бирининг афзалликлари ва камчиликларини батафсил кўриб чиқамиз.



Хусусий корхона


Афзалликлари:

- Бизнесни бошқаришнинг оддийлиги;

- Таъсис ҳужжатларини (фақат устав) тайёрлаш ва корхонани давлат рўйхатидан ўтказиш жуда оддий;

- Устав жамғармасининг миқдори корхона мулкдори томонидан белгиланади;

- Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлагандан кейин қоладиган фойда унинг мулкдори тасарруфига келиб тушади ва қўшимча солиққа тортилмайди.



Камчиликлари:

- Муассис ўз корхонасининг мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли жами мол-мулк билан жавоб беради;

- "Хусусий корхона тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ (15-модда, 7-хатбоши) хусусий корхона мулкдори ўзига тегишли корхонани яккабошчилик асосида ўзи бошқариши лозим. Яъни, ҳатто агар у корхонани бошқаришнинг жорий масалаларини ишга ёлланган директор ўринбосарига топширган тақдирда ҳам, корхонани бошқариш масъулияти унинг зиммасида қолади.



Масъулияти чекланган жамият


Афзалликлари:

- Ҳар бир иштирокчининг моддий жавобгарлиги унинг жамият устав жамғармасидаги улуши суммаси билангина чегараланган;

- Устав жамғармасининг энг оз миқдори энг кам иш ҳақининг 50 бараварига тенг;

- Бизнесни ишга ёлланган ижрочи директор орқали юритиш имконияти бор.



Камчиликлари:

- Кредитлаш ва битимлар тузиш имкониятининг чекланганлиги (чунки масъулият корхона устав жамғармасининг миқдори билан белгиланади).



Ёпиқ акциядорлик жамияти


Афзалликлари:

- Сармояларнинг бирлашуви;

- Устав сармояси ЁАЖ аъзоларининг бадалларидан иборат;

- Масъулият акциядорларга тегишли мол-мулк билан чекланган.



Камчиликлари:

- Устав жамғармасининг энг оз миқдори - энг кам иш ҳақининг 200 бараварига тенг (2008 йил 1 апрелдан - 4 173 000 /тўрт миллион бир юз етмиш уч минг/ сўм);

- Акцияларни бошқа шахсларга бериш фақат бошқа акциядорлар билан келишилган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Юқорида саналган ташкилий-ҳуқуқий шаклларнинг бирида барпо этилиб, таҳририят ўз фаолиятини хўжалик жиҳатидан таъминлаш масалалари билан мустақил ва бевосита шуғулланиши, шартнома ва низоларда тараф сифатида чиқиши, ҳисоб-китобларда мустақил иштирок этиши мумкин. Шу билан бирга, хўжалик соҳасида мустақиллиги муайян мажбуриятларни - рўйхатдан ўтказувчи органда давлат рўйхатидан ўтишни, солиқ инспекцияси ва статистика органларида ҳисобга туришни, банкда ҳисобрақамлар очишни, бухгалтерия ҳисобини мустақил юритишни, асосийси эса, таҳририят қабул қилган барча қарорлар ва амалга оширган ҳаракатлар учун мустақил иқтисодий ва юридик жавобгарликни назарда тутади.



2.3. ТАҲРИРИЯТНИНГ ИҚТИСОДИЙ ЖАВОБГАРЛИГИ


Хўжалик юритишнинг бозор шароитларида ОАВ таҳририятларининг, ёлғон ёки туҳматдан иборат ахборот тарқатганлик учун шахсан материаллар муаллифларининг ва уни чоп этганлик учун муҳаррирларнинг иқтисодий жавобгарлиги муаммоси энг муҳим қоидалардан биридир. "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Қонуннинг 6-моддасида ОАВ эркинлигини суиистеъмол қилишга йўл қўймаслик ҳолатлари белгиланган. Хусусан, оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш, уларнинг шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланади. Бунда гап масаланинг ахлоқий-этик томонидагина эмас. Бундай ҳуқуқбузарликлар таҳририят бюджети учун ғоятда салмоқли бўлган молиявий санкцияларни қўллашга олиб келиши мумкин.

Фуқаролик кодексининг 100-моддасига мувофиқ фуқаро ёки юридик шахс ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар юзасидан, башарти бундай маълумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлай олмаса, суд йўли билан раддия талаб қилишга ҳақли.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг оммавий ахборот воситаларида чоп этилган ҳақиқатга мос келмайдиган маълумотларга раддия талаб қилиш ҳуқуқи "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Қонуннинг 34-моддасида ҳам низоларни судгача ҳал қилиш доирасида мустаҳкамланган. Чунончи, чоп этилган материал натижасида ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган юридик ва жисмоний шахслар мазкур ОАВда раддия ёки жавоб чоп этиш ҳуқуқига эгадирлар. Раддия ёки жавоб махсус рукн остида, жавоб босиб чиқарилишига сабаб бўлиб хизмат қилган материал жойлаштирилган саҳифада чоп этилиши керак. Уни газетларда чоп этишнинг мажбурий муддати раддия ёки жавоб олинган кундан бошлаб бир ой мобайнида деб белгиланган, бошқа даврий нашрларда раддия кейинги сонда чоп этилиши керак. Агар юридик ва жисмоний шахсларнинг нотўғри маълумотларни рад қилиш ҳуқуқи амалга оширилса, нотўғри ахборотни тарқатиш оқибатлари бартараф этилади ва судга мурожаат қилиш предмети қолмайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1992 йил 19 июндаги "Фуқаролар ва ташкилотларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг суд томонидан қўлланиш амалиёти ҳақида" 5-ПЛ-92-сон қарорининг 9-бандига кўра шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини жамоат фикри ёки айрим фуқаролар фикрида қонунлар, жамиятнинг ахлоқий қоидалари нуқтаи назаридан камситадиган маълумотлар доғ туширувчи маълумотлар ҳисобланади. Бунда ишдаги камчиликлар, жамоат жойида, жамоа, турмушдаги хулқ-атвор танқидининг воқеликка тўғри келадиган маълумотларини рад этиш тўғрисидаги талаблар асосли деб тан олиниши мумкин эмас.

Ишни судга тайёрлаш тартибида иш бўйича тегишли жавобгарларни аниқлаш пайтида, агар аризада оммавий ахборот воситаларида тарқатилган маълумотларга раддия бериш талаби кўрсатилган бўлса, бундай жавобгарлар сифатида муаллиф ва тегишли оммавий ахборот органи жалб этилади. Маълумотлар расмий хабарлардан келиб чиққан ҳолларда ("Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Қонуннинг 40-моддаси) суд биринчи бўлиб ёлғон маълумотлар тарқатган шахсни ҳам жавобгар сифатида ишга жалб этиши мумкин, бош муҳаррир ва журналист эса мазкур вазиятда ОАВда воқеликка тўғри келмайдиган материалларни тарқатганлик учун жавобгар бўлмайдилар.

Агар доғ туширувчи маълумотлар фуқаролик процессуал ҳуқуқий лаёқат берилмаган деворий ёки кўп нусхали газетада босилган бўлса, босилган материалларнинг муаллифи билан бир қаторда газетани нашр этувчи органи ҳисобланган ташкилот ҳам жавобгар бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида фуқароларнинг шахси, ҳуқуқ ва эркинликларига, мулк, давлат ва жамоат тартиби, табиий муҳитга тажовуз қиладиган ғайриқонуний, айбли (қасддан ёки эҳтиётсизлик билан) ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилган. Туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 40-моддаси). Шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш - ҳақорат қилиш - ЭКИҲнинг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солиш билан жазоланади (МЖТКнинг 41-моддаси). Кўрсатилган ҳуқуқбузарликлар учун Кодексда назарда тутилган маъмурий жавобгарлик, агар ушбу ҳуқуқбузарликлар ўз хусусиятига кўра жиноий жавобгарликка олиб келмаса, бошланади.

Жиноят кодексига мувофиқ бундай ҳаракатлар қуйидагича жазоланади:

- нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат қилиш - энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача озодликдан маҳрум этиш билан (ЖК 139-моддасининг иккинчи қисми);

- нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали ҳақорат қилиш - ЭКИҲнинг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан (ЖК 140-моддасининг иккинчи қисми).

Бироқ шуни унутмаслик лозимки, суд муҳокамаси ҳолатида оммавий ахборот воситалари томонидан унинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларини поймол қилган маълумотлар эълон қилинган фуқаро ёки ишчанлик обрўси бадном қилинган юридик шахс бундай маълумотларга раддия бериш билан бир қаторда, уларни тарқатиш билан етказилган зарарлар ва маънавий зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли бўлади.

ЎзР Олий суди Пленумининг 2000 йил 28 апрелдаги "Маънавий зарарни компенсациялаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг баъзи масалалари тўғрисида" 7-сон қарорида белгиланишича, воқеликка тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш билан етказилган маънавий зарар бундай муълумотларни тўплаган шахсдан ундирилиши керак, агар ушбу маълумотлар маълумотнома, маъруза ва бошқа ҳужжатларга киритилган ва гуруҳ (комиссия) томонидан маъқулланган бўлса, маънавий зарар ушбу гуруҳнинг ҳар бир иштирокчисидан ундирилиши керак (7-банд).

Бундан ташқари, Фуқаролик кодексининг 163-моддасига кўра шахсий номулкий ҳуқуқларни ва бошқа номоддий бойликларни ҳимоя қилиш ҳақидаги талабларга даъво муддати жорий қилинмайди. Зарар ор-номус, қадр-қиммат ва ишчанлик обрў-эътиборини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатиш туфайли етказилган бўлса, маънавий зарар уни етказувчининг айбидан ва қопланиши керак бўлган мулкий зарардан қатъи назар, қопланади (ФКнинг 1021-1022-моддалари).

Фуқаролик кодекси 989-моддасининг 1-қисмига мувофиқ юридик шахс ўз ходими меҳнат (хизмат, лавозим) мажбуриятларини бажариб турган вақтида етказган зарарни қоплаши шарт. Қонуннинг кўрсатилган қоидаси маънавий зарар етказилган ҳолларга ҳам татбиқ этилади.

Ходим (журналист) ва иш берувчи (бош муҳаррир, муассис)нинг ўзаро муносабатларини Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси тартибга солади. Чунончи, МКнинг 198-моддасига кўра ходим иш берувчига бевосита етказилган ҳақиқий зарарни тўлаши шарт. Бевосита етказилган ҳақиқий зарар деганда иш берувчининг мавжуд мол-мулки (шу жумладан иш берувчи учинчи шахслардан ижарага олган мол-мулк) амалда камайганлиги ёки ёмон ҳолатга келганлиги, шунингдек иш берувчининг ортиқча тўловлар қилиш зарурати тушунилади.

Ходим иш берувчига бевосита етказилган ҳақиқий зарар учун ҳам, иш берувчи бошқа шахсларга етказилган зарарни тўлаши натижасида келиб чиққан зарар учун ҳам моддий жавобгар бўлади.

Амалдаги қонун ҳужжатларида иш берувчига зарар етказилган чоғдаги аниқ ҳолатларни ҳисобга олиб, айбдор ходимдан зарарни ундиришдан қисман ёки тўлиқ воз кечиш ҳуқуқи берилган. Лекин бундай ҳолда етказилган зарар корхона фойдаси ҳисобидан қопланади (МКнинг 200-моддаси).

Шу сабабли таҳририят ишини ташкил этаётганда таҳририят ва ҳар бир журналистнинг ўқувчи олдидаги жавобгарлигини ва ҳаддан ташқари қимматга тушадиган эҳтимолий хатоларни унутмаслиги жуда муҳимдир.



2.4. БОСМА ОАВЛАРИ СОҲАСИДА

ИНТЕЛЛЕКТУАЛ МУЛКНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ


Босма ОАВларида интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш масалалари Ўзбекистон Республикасининг "Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги Қонуни билан тартибга солинади.

Оммавий ахборот соҳасида фуқаролик ҳуқуқлари объектларининг икки тури билан доимо ишлашга тўғри келади: мулк ҳуқуқи объекти сифатида ахборот билан ва мутлақ ҳуқуқларнинг (интеллектуал мулк) объекти сифатида асарлар билан. Агар даврий босма нашрларда учрайдиган муаллифлик ҳуқуқи объектларини тизимга солишга уринилса, қуйидагиларни ажратиш мумкин:

а) таҳририятларнинг штатдаги ходимлари яратган бадиий асарлар (хизмат асарлари);

б) штатдан ташқари мухбирлар ва чет муаллифларнинг бадиий асарлари;

в) фотография ва тасвирий санъат асарлари (расмлар, карикатуралар);

г) нашрни саҳифалаш ва босмахонада безашнинг бошқа унсурлари.

"Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги Қонун 8-моддасида ҳуқуқий ҳимоя оддий матбуот ахбороти тусидаги кундалик янгиликларга доир ва жорий воқеалар ҳақидаги хабарларга татбиқ қилинмаслиги борасида аниқ кўрсатмалар мавжуд.

Расмий ахборотнинг имкон борича янада кенг тарқалиши зарурлигидан келиб чиқиб ҳамда "инсон ва фуқаро ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятларига дахлдор бўлган исталган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, агар улар умумий танишув учун расман эълон қилинмаган бўлса, қўлланилиши мумкин эмас"лигини ҳисобга олиб, Қонун "қонунлар, қарорлар ва шу кабилар"ни, шунингдек, уларнинг расмий таржималарини муаллифлик ҳуқуқи объектларидан чиқариб ташлайди. Бундан ана шундай матнларнинг ОАВларда чоп қилиниши муаллифлик ҳуқуқи белгилайдиган чеклашларнинг йўқлиги маъносида эркинлиги келиб чиқади.

Интервью эса бошқа гап. Қонунга мувофиқ: "Ёзиб олишга муаллифлик ҳуқуқи интервью берган шахсга ва интервью ўтказувчи ва ҳаммуаллиф сифатида уни ёзиб олувчи шахсга, агар улар ўртасидаги келишув билан бошқача ҳолат назарда тутилмаган бўлса, тегишлидир". Ундан фойдаланиш ҳуқуқи журналистга ва интервью берган шахсга биргаликда тегишлидир. Шу сабабли интервьюни интервью берган шахснинг розилиги билангина эълон қилишга йўл қўйилади. Яхшиси бундай розиликни матн остига қўйилган интервью берган шахснинг имзоси билан тасдиқлаш керак.

Даврий нашрларни яратишга таҳририятнинг катта ижодий меҳнати сарф бўлади. Шу сабабли уларга нашр борасида мутлақ ҳуқуқларнинг берилиши умуман ўзини оқлайди. Қонунга мувофиқ, фақат ҳуқуқ эгаси асарларни эркин кўчириб босишни тақиқлаши мумкин. Тақиқ шакли ҳар хил бўлиши мумкин. Масалан, "Солиқ ва божхона хабарлари" газетасининг ҳар бир сонида қуйидаги эълон берилади: "Солиқ ва божхона хабарлари"да эълон қилинган материалларни тўла ёки қисман кўчириб олиш, электрон ва бошқа воситаларда кўпайтиришга фақат "СБХ" таҳририяти билан шартнома асосида йўл қўйилади".

"Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги Қонуни бу қоидаларни аниқлаштиради, қуйидаги қоидаларга риоя қилган ҳолда кўчирма олишнинг ҳуқуқий тўғрилигини кўрсатади:

а) кўчирма келтирилаётган асарнинг муаллифи ва олинган ўзлашма манбаи албатта кўрсатилиши керак;

б) илмий, тадқиқий, баҳслашув, танқид ва ахборот мақсадларидагина кўчирма келтиришга йўл қўйилади;

в) кўчирма ҳажми кўчирма келтириш мақсадини оқлаши керак.



2.5. ТАҲРИРИЯТДАГИ МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ


2.5.1. Босма ОАВларида кадрларни танлаш

ва жой-жойига қўйишнинг хусусиятлари


Журналист кадрларни танлаш, жамоанинг мақбул таркибини белгилашда бош муҳаррир ва кадрлар бўйича менежер муҳим роль ўйнайдилар. Нашрни тайёрлаш ва чиқариш учун қанча ходим талаб қилиниши кераклиги хусусидаги саволга жавоб бериб, ОАВ муассиси ва жамоа раҳбари ушбу иккинчи саволга: таҳририятга қандай ходимлар, қандай журналистик, техник ва тижорий ихтисосликларнинг вакиллари зарур деган саволга жавоб топишлари керак.

Таҳририятларнинг штатдаги ходимлари сони ва таркиби ўз уставига мувофиқ таҳририятнинг ўзи томонидан тузилган штатлар жадвали билан белгиланади. Штатлар жадвали таркибий бўлинмалар, лавозимлар рўйхати, штат бирликлари миқдори, мансаб маошлари, устамалар ва иш ҳақининг ойлик фонди тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади. У таҳририят раҳбари ёки у ваколат берган шахс буйруғи билан тасдиқланади. Штатлар жадвалига ўзгартишлар таҳририят раҳбари ёки у ваколат берган шахснинг буйруғига мувофиқ киритилади.

Турли хилдаги нашрлар таҳририятларининг таркиблари кўп жиҳатдан фарқланади. Агар, масалан, ижтимоий-сиёсий гезатага репортёрлар, иқтисодчи журналистлар ва сиёсат, ижтимоий ҳамда ҳуқуқий муаммолар соҳасидаги мутахассислар, шарҳловчилар ва тармоққа доир ихтисослашувнинг бошқа йўналишлари вакиллари талаб қилинса, ишбилармонлик нашрининг таҳририятига ходимларнинг бошқача таркиби керак. Унга биринчи навбатда иқтисодиётнинг турли соҳалари - молия, товар бозорлари, биржа фаолияти ва бошқа соҳалар, шунингдек реклама, статистика ва ҳоказо соҳаларга ихтисослашган журналистлар ва шундан кейингина репортёрлар зарур.

Раҳбар таҳририят жамоасини тўлдириш ва мустаҳкамлашнинг реал имкониятлари ҳамда манбаларини равшан тасаввур этиши керак.

Ушбу манбалардан бири - университетларнинг журналистика факультетлари. Уларда таҳсил олувчилар турли ОАВ таҳририятларида мослашиш учун зарур бўлган назарий тайёргарликни етарлича оладилар. Бироқ уларнинг амалий тажрибаси ва маҳорати жуда оз бўлади, шу боис уларнинг жамоада мослашуви бир оз чўзилади. Лекин мослашиб олгач, дипломли журналистларнинг катта қисми ўзларини энг яхши томондан кўрсатадилар. Бир шаҳарда нашр этиладиган ва кўпинча рақобатчи ролида чиқадиган бошқа нашрларнинг таҳририятлари таҳририят кадрларининг яна бир манбаига айланади. Мустаҳкам молиявий негизга эга бўлган нашрнинг менежери энг яхши меҳнат шароитлари - қизиқарли иш ва катта иш ҳақини кафолатлаб, ўзини қизиқтирадиган журналистни ўз таҳририятига жалб этишга уриниб кўриши мумкин.

Кичик шаҳар ва туман нашрларининг таҳририятлари учун маҳаллий олий ўқув юртларининг ижтимоий фанлар факультетлари ва фаоллар таҳририят ходимлари сафини тўлдириш манбаи бўлиб қолмоқда. Нашр фаоллари доирасида журналистларга яхши таниш бўлган, таҳририятнинг четдан қатнашиб турадиган муаллифлари бор, саводли, ёзиб турадиган кишилар: ўқитувчилар, талабалар, ҳисобчилар ва бошқаларни танлаб, уларни бўш турган лавозимларни эгаллашга таклиф қиладилар. Албатта, бу кишилар таҳририят ходимларига айланиши учун бир оз муддат ўтади, бироқ уларда камчиликларни қоплайдиган бир қатор афзалликлар мавжуд - улар маҳаллий шарт-шароитни яхши билишади, аҳоли билан мулоқотга эгалар.

Таҳририятнинг штатдаги барча ходимлари бош муҳаррир, директор ёки у ваколат берган шахс, яъни иш берувчи билан меҳнат шартномаси тузадилар. Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига мувофиқ меҳнат шартномаси - ходим билан иш берувчи ўртасида муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича ишни ички меҳнат тартибига бўйсунган ҳолда тарафлар келишуви, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган шартлар асосида ҳақ эвазига бажариш ҳақидаги келишув. Меҳнат шартномалари номуайян муддатга; муайян муддатга (беш йилдан ортиқ бўлмаган); муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб тузилиши мумкин.

Бўлажак ишнинг хусусиятини, уни бажариш шартларини ҳисобга олганда номуайян муддатга шартномалар тузиш мумкин бўлмаганда муддатли меҳнат шартномалари тузилади. Шу боис иш берувчи жалб этишдан манфаатдор бўлган таҳририятнинг штатдан ташқари ходими билан муддатли шартномалар тузиш афзалроқ. Бу таҳририят раҳбарига контракт шартларини бажармаётган малакасиз, нопок ходимдан қонуний йўл билан халос бўлиш имконини беради. Зарур бўлганда шартномага қўшимча шартлар киритилади. Унда шартномани бекор қилишнинг алоҳида шартлари ҳам қайд этилиши мумкин.



2.5.2. Таҳририят ходимлари меҳнатини меъёрлаштириш


Таҳририят фаолияти ишлаб чиқариш-ижодий тусга эга, шу сабабли журналист меҳнати натижаларини баҳолаш учун меъёрлар жорий этилган.

Таҳририят амалиётида миқдорий меъёрлар кенг қўлланади. Таҳририят раҳбарлари, масалан, материаллар миқдорини ва уларнинг умумий ҳажмини бўлим ҳафта ёки чорак мобайнида топшириши керак бўлган саҳифаларда белгилайдилар. Улар ҳар бир журналист муайян вақт ичида топшириши керак бўлган материаллар ҳажмини - терилган сатрлар (белгилар) миқдорини ҳам белгилайдилар. Баъзи таҳририятларда меъёр икки қисмдан - топширилаётган материалларнинг умумий ҳажми, миқдори ва жанрларидан иборат қилиб тузилади. Охирги ҳолда меъёр журналист иши сифатини баҳолашни ҳам белгилайди. Нашрнинг навбатдаги сони учун журналист топшираётган материалнинг энг кам миқдорий меъёрини белгилаш, унинг сифат тавсифларига нисбатан юқори талабларга риоя қилинганида, жамоанинг бир маромда ишлашини таъминлаши мумкин. Одатда у таҳририят раҳбарлари ҳар бир ходимнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олмасдан белгилайдиган ўртача меъёрдир. Ҳар бир журналистнинг қобилияти ва имкониятларини ҳисобга олган ҳолда белгиланадиган якка тартибдаги меъёр анча катта самара бериши мумкин. Бундай меъёрни таҳририят ходими билан тузиладиган шартномада ҳам қайд этиш мумкин.

Таҳририят амалиётига меъёрларни жорий этиш ходимлар меҳнатининг натижаларини ҳисобга олишни ҳам тақозо этади. Агар таҳририятда ушбу мажбуриятни ходимлардан бирига топшириш имконияти бўлмаса, бу билан котибият шуғулланиши керак, чунки унинг ходимлари нашрни тайёрлаш ва чиқаришда ҳар бир журналистнинг ҳиссаси тўғрисида энг аниқ тасаввурга эгалар.

ОАВ таҳририятлари бошқа ишлаб чиқариш корхоналаридан меҳнатга ҳақ тўлаш тизимларининг хилма-хиллиги билан фарқланадилар. Таҳририят ходимларининг ҳар бир тоифаси - мухбирлар, муҳаррирлар, техник ва маъмурий ходимлар учун натижа миқдори ва сифатига боғлиқ ҳолда меҳнатга ҳақ тўлашнинг якка тартибдаги тизимини қўллаш мумкин. Чунончи, муҳаррирлар кўпинча таҳрир қилинган материалларнинг миқдори ва сифатига боғлиқ бўлмаган ҳолда белгилаб қўйилган ҳақ (маош) оладилар, мухбирлар эса, аксинча, кўпроқ ишбай меҳнат қилиб, тайёрланган материаллар учун гонорар (қалам ҳақи) ёки меҳнатга ҳақ тўлашнинг бирлаштирилган тизими бўйича - энг кам иш ҳақи миқдоридан кам бўлмаган озроқ маош ҳамда гонорарларни ҳисоблаб ёзишнинг ишлаб чиқилган ва тасдиқланган сеткаси бўйича гонорар оладилар.

ОАВ таҳририятлари техник ва маъмурий ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлашга ҳам турли тизимлар қўлланиб, улар ходимларнинг янада унумли, сифатли меҳнат қилишини рағбатлантириш имконини беради. Бироқ амалиётнинг кўрсатишича, кўп ҳолларда таҳририятларнинг техник ва маъмурий ходимлари белгилаб қ

...
Время: 0.0312
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск