язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ёқилғи-энергетика комплекси/ Нефть маҳсулотларини сотиш бўйича (нефть маҳсулотларини автомобилларга ёнилғи куйиш шохобчалари ва мой алмаштириш пунктлари орқали сотишдан ташқари) фаолиятини лицензиялаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 28.06.2003 й. 289-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 28 июндаги

289-сон қарорига

1-ИЛОВА



Нефть маҳсулотларини сотиш бўйича

(нефть маҳсулотларини автомобилларга ёнилғи

қуйиш шохобчалари ва мой алмаштириш

пунктлари орқали сотишдан ташқари)

фаолиятни лицензиялаш тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом нефть маҳсулотларини сотиш бўйича (нефть маҳсулотларини автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ва мой алмаштириш пунктлари орқали сотишдан ташқари) фаолиятни лицензиялаш тартибини белгилайди.


2. Автобензин, авиабензин, экстрабензин, дизель ёқилғиси, авиакеросин, мазут, печь ёқилғиси, нефть битуми, шунингдек техник мойлар ва мойлаш материалларини сотиш бўйича фаолият лицензияланиши керак, уларнинг заводда идишга қадоқланганлари бундан мустасно.


3. Нефть маҳсулотларини сотиш бўйича фаолият фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилади.


4. Нефть маҳсулотларини сотиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига намунавий (оддий) лицензиялар берилади.


5. Лицензияларни бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш тўғрисидаги қарорлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг нефть маҳсулотларини сотиш бўйича фаолиятни лицензиялаш Комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) томонидан қабул қилинади.

"Ўздавнефтгазинспекция" Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг нефть маҳсулотларини сотиш бўйича фаолиятни лицензиялаш Комиссиясининг ҳужжатларни қабул қилиш, улар бўйича эксперт хулосаси тайёрлаш, лицензияларни расмийлаштириш ва қайта расмийлаштириш, лицензиялар реестрини юритиш, лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб қўйиш ва тиклаш, лицензия битимлари тузиш ва уларнинг бажарилишини назорат қилишни амалга оширувчи ишчи органи ҳисобланади.

Комиссия фаолияти Комиссия томонидан тасдиқланадиган низомга мувофиқ ташкил этилади.


6. Нефть маҳсулотларини сотиш бўйича фаолиятни амалга оширишга лицензия 5 йил муддатга берилади.


II. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


7. Қуйидагилар нефть маҳсулотларини сотиш бўйича фаолиятни амалга оширишнинг лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

а) лицензиат томонидан нефть маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш, ҳисобга олиш ва сотиш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, экология, санитария, метрология, ёнғиндан сақлаш ва техник нормалар, нормативлар ва қоидаларга риоя этиш;

б) штатда лицензияда кўрсатилган фаолият тури бўйича тегишли маълумотга ва камида уч йил иш стажига эга бўлган камида бир нафар ходимнинг, шунингдек хизмат кўрсатувчи техник ходимларда махсус тайёргарликнинг мавжуд бўлиши;

в) сотиладиган нефть маҳсулотларига сифат сертификатининг мавжудлиги ва уларнинг сифат сертификатига ҳақиқатда мувофиқлиги;

г) фаолиятнинг лицензияланаётган аниқ турини амалга ошириш, шу жумладан мавжуд моддий-техника базасидан, нефть омборидан ва ёнилғи қуйиш асбоб-ускуналаридан, бошқа техника воситаларидан фойдаланиш учун шароитларнинг яратилганлиги;

д) лицензиат томонидан давлат сири ҳисобланадиган маълумотлардан фойдаланиш билан боғлиқ ишлар бажарилган тақдирда режим органининг мавжудлиги;

е) лицензияланаётган фаолият турини амалга ошириш учун фойдаланиладиган бинолар, иншоотлар, муҳандислик коммуникациялари ва технологик асбоб-ускуналарнинг мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ билан лицензия талабгорида мавжудлиги.

8. Лицензия битимида мазкур Низомнинг 7-бандида санаб ўтилганлардан аниқ лицензия талаблари ва шартлари назарда тутилиши мумкин.


9. Нефть маҳсулотларини сотиш бўйича фаолиятнинг тегишли турини амалга ошириш учун зарур бўлган моддий-техник базага, асбоб-ускуналарга ва бошқа техника воситаларига минимал талабларни "Ўздавнефтгазинспекция" белгилайди ва улар Комиссия томонидан тасдиқланади.


III. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН

ЗАРУР БЎЛГАН ҲУЖЖАТЛАР


10. Лицензия олиш учун лицензия талабгори "Ўздавнефтгазинспекция"га қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисоб рақами, фаолиятнинг (ёхуд унинг бир қисмининг) лицензияланадиган тури кўрсатилган ҳолда лицензия бериш тўғрисидаги ариза;

в) лицензия бериш тўғрисидаги аризанинг лицензияловчи орган томонидан кўриб чиқилганлиги учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

г) фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга ошириш учун фойдаланиладиган муҳандислик коммуникциялари ва технологик асбоб-ускуналарга эгалик ҳуқуқининг ёки бошқа ашёвий ҳуқуқнинг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат;

д) "Ўздавнефтгазинспекция" ҳудудий бўлимининг нефть маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш, ҳисобга олиш ва сотиш учун нефть омбори хўжалигининг асбоб-ускуналар билан таъминланганлиги ҳолати, хизмат кўрсатувчи ходимларнинг махсус маълумотга эгалиги тўғрисидаги хулосаси;

е) "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси бўлинмасининг нефть омбори хўжалигининг саноат хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси;

ж) ёнғин назорати ҳудудий органларининг ёнғиндан сақлаш талабларига мувофиқлик тўғрисидаги хулосаси;

и) Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси бўлинмасининг нефть омбори хўжалигининг табиатни муҳофаза қилиш ва экология талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси.


10-1. "Ўздавнефтгазинспекция" лицензия бериш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотларни белгиланган тартибда ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан электрон тарзда мустақил равишда олади, ушбу Низомнинг 10-бандида назарда тутилган ҳужжатлар ва ахборотлар бундан мустасно.

11. Лицензия талабгоридан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларнинг тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.


12. Ҳужжатлар лицензия талабгори томонидан "Ўздавнефтгазинспекция"га бевосита, олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқаси орқали ёки электрон шаклда етказиб берилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар лицензия талабгорининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

13. Лицензия олиш учун тақдим этилган ҳужжатлар "Ўздавнефтгазинспекция"нинг масъул шахси томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда лицензия талабгорига юборилади (топширилади).

14. Лицензия бериш тўғрисидаги аризанинг кўриб чиқилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.

15. Лицензия бериш юзасидан ҳужжатларнинг кўриб чиқилганлиги учун йиғим суммаси лицензияловчи органнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.


16. Лицензия талабгори берилган аризадан воз кечган тақдирда тўланган йиғим қайтарилмайди.



IV. АРИЗАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА

ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШ ЁКИ ЛИЦЕНЗИЯ

БЕРИШНИ РАД ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


17. Нефть маҳсулотларини сотиш бўйича фаолиятни лицензиялаш ушбу Низомга илова қилинаётган схемага мувофиқ амалга оширилади.

Лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати лицензия олишга ариза ва барча зарур ҳужжатлар тушган кундан бошлаб ўттиз кунни ташкил қилади.


18. "Ўздавнефтгазинспекция" ариза олинган кундан бошлаб ўн беш кундан ошмайдиган муддатда ҳужжатларни кўриб чиқади, улар юзасидан эксперт хулосалар тайёрлайди ва лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги таклифни тегишли қарор протоколи лойиҳаси билан биргаликда Комиссияга тасдиқлаш учун тақдим этади.

"Ўздавнефтгазинспекция" эксперт хулосасини тайёрлаш учун давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органларининг мутахассисларини жалб этиш ҳуқуқига эга.

Комиссия "Ўздавнефтгазинспекция"нинг таклифи олингандан сўнг 10 кундан ортиқ бўлмаган муддатда уни кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор тўғрисидаги протоколни тасдиқлайди. Комиссия томонидан қабул қилинган қарорнинг протоколи Комиссия раиси томонидан имзоланади.

Комиссия қарори сўров йўли билан қабул қилиниши мумкин (ёзма тарзда ёки тасдиқловчи электрон рақамли имзо билан электрон шаклда).

19. "Ўздавнефтгазинспекция" лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун мобайнида хабардор қилади.

Лицензия беришга қарор қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига банк ҳисоб рақами реквизитлари, давлат божи тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади).


20. Лицензия битими "Ўздавнефтгазинспекция" ҳамда лицензиат ўртасида тузилади ва унда қуйидагилар бўлиши керак:

битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, эгаллаб турган лавозими;

томонларнинг реквизитлари;

амалга оширилишига лицензия берилаётган фаолият турининг номи;

лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;

лицензиянинг амал қилиш муддати;

лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

лицензиат томонидан лицензия битими талаблари ва шартлари бажарилишини лицензияловчи орган томонидан назорат қилиш тартиби;

нефть маҳсулотларини сотиш бўйича фаолият хусусиятларига тааллуқли бошқа шартлар.

Лицензия битими икки нусхада - лицензиат ва "Ўздавнефтгазинспекция" учун бир нусхадан тузилади.

21. Лицензия белгиланган шаклдаги бланкаларда "Ўздавнефтгазинспекция" томонидан расмийлаштирилади ва Комиссия раиси (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади.

Лицензиялар бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади.

Лицензиялар бланкаларини тайёрлаш, уларни ҳисобга олиш, сақлаш ва расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 2 майдаги 200-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.


22. Лицензия лицензия талабгори томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан ва у лицензия битимини имзолагандан кейин уч кун муддатда берилади.

Давлат божи суммаси давлат бюджетига ўтказилади.


23. Агар лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб уч ой мобайнида "Ўздавнефтгазинспекция"га лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса ёхуд лицензия битимини имзоламаса, Комиссия лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.

24. Лицензия бериш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад этилиши мумкин.

Лицензия талабгори лицензия бериш рад этилиши тўғрисидаги қарор, шунингдек "Ўздавнефтгазинспекция" мансабдор шахсининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.

25. Лицензия бериш рад этилиши тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни такроран кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун мобайнида ёзма шаклда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.

26. Лицензия талабгори томонидан лицензия бериш рад этилишига асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда олинган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Бунда "Ўздавнефтгазинспекция" ҳужжатлар такроран тақдим этилгандан кейин олти кун мобайнида улар юзасидан эксперт хулосаси тайёрлайди ва лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги таклифни қарорнинг тегишли протоколи лойиҳаси билан биргаликда Комиссияга тасдиқлаш учун тақдим этади.

Комиссия "Ўздавнефтгазинспекция" таклифи олингандан кейин тўрт кун муддатда уни кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор тўғрисидаги протоколни тасдиқлайди. Комиссия томонидан қабул қилинган қарор протоколи Комиссия раиси (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади.

Лицензия талабгорларининг аризалари такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Лицензия талабгорининг аризасини қайта кўриб чиқишда илгари лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.



V. ЛИЦЕНЗИЯЛАРНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ,

УЛАРНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИНИ

УЗАЙТИРИШ, ДУБЛИКАТ БЕРИШ


27. Лицензиат қайта ташкил этилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда "Ўздавнефтгазинспекция"га кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

28. Лицензиат лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.


29. "Ўздавнефтгазинспекция" лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Лицензияларни қайта расмийлаштириш "Ўздавнефтгазинспекция" томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияларни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза олинган кундан бошлаб беш кун мобайнида амалга оширилади.

Лицензияларни қайта расмийлаштиришда қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

30. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензиатнинг аризасига кўра амалга оширилади.

Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза "Ўздавнефтгазинспекция"га лицензиянинг амал қилиш муддати тугагунга қадар икки ойдан кечикмай берилиши керак.

Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки уни узайтиришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия бериш учун назарда тутилган тартибда қабул қилинади.


31. Амал қилиш муддати ўтмаган йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига лицензиатнинг аризасига кўра унинг дубликати берилиши мумкин.

Лицензия дубликатини беришда қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.


VI. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИГА

РИОЯ ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


32. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда "Ўздавнефтгазинспекция":

лицензия талаблари ва лицензия битимлари шартларига лицензиатлар томонидан риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режали текширади;

лицензия талаблари ва шартлари лицензиат томонидан бузилганлигидан далолат берувчи ҳоллар мавжуд бўлган тақдирда лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонунда белгиланган тартибда режадан ташқари текширади;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар юзасидан лицензиатдан зарур ахборотни сўрайди ва олади;

текширишлар натижалари асосида, лицензия талаблари ва шартларининг аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар тузади;

лицензиатга аниқланган лицензия талаблари ва шартлари бузилишларини бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқаради, бундай бузилишларни бартараф этиш муддатларини белгилайди;

Комиссияга лицензиянинг тўхтатиш ёки уни бекор қилиш тўғрисидаги қарорни кўриб чиқиш учун киритади.

Давлат назорат органлари, шунингдек давлатнинг бошқа органлари, ўз ваколатлари доирасида, лицензия талаблари ва шартлари бузилишлари аниқланганда лицензияловчи органга аниқланган бузилишлар ва кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида хабар қилиши шарт.


33. "Ўздавнефтгазинспекция" лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текширишда давлатнинг тегишли бошқарув ва назорат органлари мутахассисларини жалб қилиш ҳуқуқига эга. Текширишлар натижалари бўйича икки нусхада далолатнома тузилади, уларнинг биттаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси "Ўздавнефтгазинспекция"да қолади.


VII. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТЎХТАТИШ,

ЛИЦЕНЗИЯНИ БЕКОР ҚИЛИШ


34. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда "Ўздавнефтгазинспекция" томонидан амалга оширилади.

"Ўздавнефтгазинспекция"нинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиш мумкин. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда, "Ўздавнефтгазинспекция" лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.

35. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда Комиссия қарорига кўра амалга оширилади.

Комиссиянинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиш мумкин. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда, Комиссия лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.


36. Лицензияни бекор қилиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда Комиссия қарорига кўра амалга оширилади.

Комиссиянинг лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиш мумкин. Лицензияни бекор қилиш асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда, Комиссия лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.



VIII. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИ


37. Лицензияловчи орган белгиланган тартибда лицензиялар реестрини юритади.


38. Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

а) лицензиатлар тўғрисидаги асосий маълумотлар: юридик шахснинг тўлиқ ва қисқартирилган номи, унинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар (рўйхатдан ўтказиш санаси, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг берилган санаси ва тартиб рақами), почта манзили, телефони ва факси рақами, электрон почтаси манзили;

б) лицензияланаётган фаолият тури;

в) лицензияларнинг берилган санаси ва тартиб рақами;

г) лицензияларнинг амал қилиш муддати;

д) лицензияларни қайта расмийлаштириш, уларнинг амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш ва тиклашнинг асослари ва санаси;

е) лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;

ж) лицензияларни бекор қилишнинг асослари ва санаси;


39. Лицензияларнинг реестрларида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиб чиқиш учун очиқ бўлади.





Низомга

ИЛОВА


Нефть маҳсулотларини сотиш бўйича

(нефть маҳсулотларини автомобилларга ёнилғи

қуйиш шохобчалари ва мой алмаштириш пунктлари

орқали сотишдан ташқари) фаолиятни лицензиялаш

СХЕМАСИ

     

Босқичлар

Субъектлар




Тадбирлар


Бажариш

муддатлари

1-босқич

Лицензия

талабгори -

юридик шахс




        

1. Нефть маҳсулотларини сотиш бўйича (нефть маҳсулотларини автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ва мой алмаштириш пунктлари орқали сотишдан ташқари) фаолиятни лицензиялаш тўғрисидаги низомда назарда тутилган рўйхатга мувофиқ лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлайди.

2. Ҳужжатларни "Ўздавнефтгазинспекция"га бевосита, олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқаси орқали ёки электрон шаклда тақдим этади.

         


Лицензия талабгорининг хоҳишига кўра
















































2-босқич

"Ўздавнефтгаз-

инспекция"




          

1. Лицензия олиш учун тақдим этилган ҳужжатлар "Ўздавнефтгазинспекция"нинг масъул шахси томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, унинг нусхаси ҳужжатларни қабул қилиш санаси кўрсатилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).

2. Хулоса тайёрлайди ва лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги таклифни тегишли қарор протоколи лойиҳаси билан биргаликда тасдиқлаш учун Комиссияга киритади.

3. Ҳужжатларни кўриб чиқади ва лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилгандан кейин ҳужжатлар лицензия талабгорлари томонидан қайта тақдим этилган тақдирда хулоса тайёрлайди.

          


1) иш тартибида ҳужжатларни қабул қилиш белгиланган кунда



2) ариза олинган кундан бошлаб 15 кундан ортиқ бўлмаган муддатда


3) ҳужжатлар қайта тақдим этилгандан кейин 6 кун мобайнида



























































3-босқич

Комиссия




       

1. "Ўздавнефтгазинспекция"нинг таклифини кўриб чиқади ва Комиссиянинг қарори протоколини тасдиқлайди.

2. Комиссия томонидан қабул қилинган қарор протоколи Комиссия раиси томонидан имзоланади.

        


10 кундан ортиқ бўлмаган муддатда (такроран кўриб чиқилганда - Комиссия қарори протоколи лойиҳаси тақдим этилгандан кейин 4 кун мобайнида)































4-босқич

"Ўздавнефтгаз-

инспекция"




          

1. Қабул қилинган қарор тўғрисида лицензия талабгорини ёзма равишда хабардор қилади. Лицензия беришга қарор қабул қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан бир вақтда лицензия талабгорига лицензия битими лойиҳаси юборилади.

2. Лицензия бериш рад этилиши тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги билдиришнома рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда лицензия талабгорига ёзма шаклда юборилади (топширилади).

3. Реестрга тегишли ёзувни киритади.

        


тегишли қарор қабул қилингандан кейин 3 кун мобайнида








































































5-босқич

Лицензиат




       

"Ўздавнефтгазинспекция"га лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатни тақдим этади ва лицензия битимини имзолайди. Ушбу шартлар бажарилмаган тақдирда Комиссия лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.

        


лицензия беришга қарор қабул қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига юборилган пайтдан бошлаб уч ойдан кечикмай






























Лицензия

талабгори




          

1. Лицензия бериш рад этилиши учун асос бўлиб хизмат қилган сабаблар бартараф этилган тақдирда ҳужжатлар такроран кўриб чиқилиши ҳуқуқига эга.

2. Лицензия талабгорларининг аризалари такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

3. Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат тамом бўлгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза деб ҳисобланади.

        


лицензия бериш рад этилиши тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддатда













































6-босқич

"Ўздавнефтгаз-

инспекция"




        

1. Лицензиат томонидан лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат тақдим этилганда ва лицензия битими имзоланганда тегишли лицензия бланкаларини расмийлаштиради.

2. Лицензиатга лицензияни беради.

        


1) лицензия битими имзолангандан ва давлат божи тўлангандан кейин бир кун муддатда

2) лицензия имзолангандан кейин бир кун муддатда


















































7-босқич

Комиссия

раиси




       

"Ўздавнефтгазинспекция" томонидан расмийлаштирилган лицензияларни имзолайди.

         


лицензия расмийлаштирилгандан кейин бир кун муддатда