язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм/ Жисмоний тарбия ва спорт/ Спорт соҳасини бошқариш, спортчиларни тайёрлаш/ Олий маҳорат спорт мактаблари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 28.01.2016 й. 18-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2016 йил 28 январдаги

18-сон қарорига

1-ИЛОВА



Олий маҳорат спорт мактаблари тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом олий маҳорат спорт мактаблари (кейинги ўринларда спорт мактаблари деб аталади) фаолияти ва уни молиялаштириш тартибини белгилайди.


2. Спорт мактаблари юридик шахс мақомига эга бўлган спорт-таълим муассасалари ҳисобланади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига ҳисобот беради.

Спорт мактабларининг ихтисослашуви минтақаларда шаклланган мактабларни, анъаналарни, тренер-ўқитувчилар тартибини ва эришилган спорт натижаларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.


3. Спорт мактаблари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳамда ўз уставларига амал қилади.


4. Спорт мактаблари Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳудудий бўлинмаларининг идоравий мансуб ташкилотлари ҳисобланади, ўз уставига, мустақил балансга, Молия вазирлиги Ғазначилигида ва унинг ҳудудий бўлинмаларида шахсий ҳисоб рақамларига, ўз номи кўрсатилган муҳрга, бурчакли штампга, ўз номи ёзилган бланкаларга эга бўлади.


II. СПОРТ МАКТАБЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


5. Спорт мактаблари давлат муассасасининг ташкилий-ҳуқуқий шаклида ташкил этилади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтади.


6. Спорт мактабларида спортчиларни тайёрлаш бўйича ҳар йилги ўқув режалари, ўқув дастурлари, спортчилар учун назорат нормативлари спорт федерациялари (уюшмалари)нинг таклифларига биноан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан тасдиқланади.

7. Спорт мактабида спортчиларни тайёрлаш сифати юзасидан давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан спорт федерациялари (уюшмалари) билан биргаликда амалга оширилади.

8. Спорт мактабида спортчиларнинг кўп йиллик спорт тайёргарлиги ўқув-машқ босқичида, спорт камолоти ва олий спорт маҳорати босқичларида амалга оширилади.


9. Спорт мактаблари спорт турлари бўйича ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ очилади.



III. СПОРТ МАКТАБИНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


10. Қуйидагилар спорт мактабининг асосий вазифалари ҳисобланади:

зарур спорт анжомлари ва ускуналари билан жиҳозланган, замонавий халқаро талаблар ва стандартларга жавоб берадиган моддий-техник ҳамда ўқув-машғулот базаларини яратиш ва турли даражадаги халқаро мусобақаларда - жаҳон ва Осиё чемпионатлари, Олимпия ва Осиё ўйинлари, Универсиадалар ҳамда бошқа халқаро ва минтақавий мусобақаларда Ўзбекистоннинг шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган халқаро даражадаги спортчиларни тайёрлашда ушбу базалардан самарали фойдаланиш;

халқаро даражадаги спортчиларни тайёрлаш учун юқори малакали мутахассисларни - мураббийлар, психологлар ва услубчиларни, шу жумладан хорижий мамлакатлардан етакчи мутахассисларни кенг жалб этиш орқали олий маҳорат спорт мактаблари мураббий-ўқитувчилари таркибини мустаҳкамлаш;

спортчиларнинг ўқув-машғулот жараёнини халқаро стандартлар даражасида ташкил этиш, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, ўқув-машқ жараёнларига энг янги илмий-услубий технологияларни жорий этиш йўли билан уларни назарий ва техник-тактик жиҳатдан тайёрлаш сифатини мунтазам ошириб бориш;

ёш истиқболли спортчиларни танлаш ва тарбиялаш масалалари бўйича болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, олимпия захиралари коллежлари билан узлуксиз ҳамкорликни амалга ошириш, уларга ўқув-методик ҳамда меъёрий-ахборот ёрдами кўрсатишни таъминлаш;

олий маҳорат спорт мактаблари базасида миллий терма жамоалар ва уларнинг захиралари иштирокида ўқув-машқ йиғинлари, республика ва минтақавий спорт мусобақаларини ташкил этиш ва мунтазам равишда ўтказиб бориш, мураббийлар ҳамда спортчиларнинг касб маҳорати даражасини ошириш учун тажриба алмашиш бўйича хорижий спорт мактаблари, клублари ва марказлари билан ҳамкорликни ривожлантириш.


11. Юкланган вазифаларни бажариш учун спорт мактаби белгиланган тартибда қуйидаги функцияларни бажаради:

қобилиятли ва истиқболли спортчиларнинг янада спорт камолотига эришишлари учун уларга зарур шарт-шароитлар яратади;

манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда спорт захираси ва юқори маҳоратли спортчиларни танлаш ва тайёрлашнинг методик ва тиббий таъминланишини амалга оширади;

ўқитишнинг барча босқичларида спортчиларнинг спорт тайёргарлигининг ишлаб чиқилган ўқув режалари ва ўқув дастурларига мувофиқ ўқув-машқ жараёнининг ташкил этилиши ва ўтказилишини, унга илғор илмий технологиялар ва методикалар жорий этилишини ташкил этади;

ўқув-машқ жараёни натижаларини, спортчиларнинг жисмоний фазилатлари ривожланишининг якка тартибдаги кўрсаткичлари ўсиши динамикасини, спорт тури техникасининг асослари ўзлаштирилишини таҳлил қилади;

спортчиларнинг ўқув-машқ йиғинларида, туман, вилоят, республика ва халқаро спорт тадбирларида иштирокини таъминлайди;

спорт турларида энг янги жаҳон илмий-методик тавсияларини ва технологияларини қўллаган ҳолда кучли спортчилар - республиканинг миллий терма жамоаларига номзодларни ва уларнинг энг яқин захираларини тайёрлайди;

спортчиларнинг спорт мусобақаларида, чемпионатларда, кубок ўйинларида, турнирларда, фестивалларда, конференцияларда, симпозиумларда, семинарларда, йиғинларда ва бошқа жисмоний тарбия-оммавий тадбирларда, шу жумладан халқаро тадбирларда иштироки орқали спортчиларнинг спорт маҳоратини, спорт мактабларининг мураббийлари ва бошқа мутахассисларининг малакасини ошириш тадбирларини ўтказади.



IV. СПОРТ МАКТАБИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ,

МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


12. Спорт мактаби белгиланган тартибда:

тайёрлаш даври ва босқичига қараб ўқув-машқ ишининг бир ҳафталик режимини белгилаш;

ўқитиш ва тарбиялашнинг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган шаклини, воситаларини ва усулларини танлаш;

юкланган вазифаларни бажариш юзасидан тадбирларни амалга ошириш учун мактабга бириктирилган моддий-техник база ва мол-мулкни тасарруф этиш ҳуқуқига эга.


13. Спорт мактаби:

ўқув-машқ ва тарбиявий жараённи амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилишини, ходимлар ва спортчилар томонидан ўз мажбуриятлари, ўқув дастурлари ва топшириқлар бажарилишини таъминлашга;

спорт турлари бўйича тасдиқланган ўқув дастурлари асосида спорт мактабининг йиллик ўқув режасини, ўқув жадвалини ва ўқув-машқ машғулотлари жадвалини ишлаб чиқишга;

спорт турлари бўйича ўқув дастурлари талабларига ва ўқув режаларига мувофиқ ўқув-машқ ва тарбиявий жараённи амалга оширишга;

ўқув-машқ жараёнини ўтказиш даврида спорт мактабининг спортчилари ва ходимларининг хавфсизлигини таъминлашга;

ўқув-машқ ва тарбиявий жараённи ўтказиш юзасидан жорий назоратни амалга оширишга, спортчиларни тест синовидан ўтказишга ва улар томонидан назорат нормативлари топширилишини амалга оширишга;

спорт мактабининг моддий-техника базаси ва мол-мулки сақланишини ва улардан оқилона фойдаланилишини таъминлашга мажбур.


14. Спорт мактаби қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда:

ўқув-машқ жараёнининг қўлланиладиган шакллари, усуллари ва уни ташкил этиш воситаларининг спортчиларнинг ёши билан боғлиқ руҳий-жисмоний хусусиятларига, майлларига, қобилиятларига, қизиқишларига, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш талабларига муқобиллиги;

спортчилар ва ходимларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиниши;

спорт мактабига юкланган вазифаларнинг зарур даражада ва самарали бажарилиши учун жавоб беради.



V. СПОРТ МАКТАБИНИНГ СПОРТЧИЛАРИ, ҚАБУЛ ҚИЛИШ

ВА СПОРТ ЎҚУВ ГУРУҲЛАРИНИ ТЎЛДИРИШ


15. Спортчиларни олий маҳорат спорт мактабларига қабул қилиш спорт турлари бўйича миллий терма жамоаларнинг асосий таркиби аъзолари ва захирасидан, шунингдек болалар-ўсмирлар спорт мактабларида, олимпия захираси ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ва коллежларида дастлабки тайёргарликдан ўтган, спортнинг муайян тури билан шуғулланиш учун зарур спорт кўрсаткичларига ва юқори маҳоратли спортчилар салоҳиятига эга бўлган истиқболли спортчилар орасидан танлов асосида амалга оширилади.

Спорт мактабларига ёш йигит ва қизлар жинсидан, тилидан, ирқидан, миллатидан, диний мансублигидан, ижтимоий келиб чиқишидан, машғулотлари туридан, ижтимоий мақомидан, яшаш жойидан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қанча вақт яшаганлигидан қатъи назар, қабул қилинадилар.


16. Спортчиларни спорт мактабига қабул қилиш белгиланган тартибда спорт мактаби директорининг буйруғи билан амалга оширилади.


17. Спорт мактаби спортчиларини ўтказиш, четлатиш ва тиклаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан тасдиқланади.

18. Спорт мактаби спортчилари:

ўқув режалари ва ўқув дастурларига мувофиқ мураббий-ўқитувчининг раҳбарлигида спорт тайёргарлигидан ўтиш, ўқув машқ жараёнида ва спорт мусобақаларида қатнашиш;

спорт мактаби томонидан белгиланган тартибда спорт мактабининг ахборот ресурслари, жисмоний тарбия-спорт иншоотлари, спорт анжомлари ва асбоб-ускуналаридан фойдаланиш;

якка тартибда фойдаланиладиган спорт формаси ва анжомларини белгиланган тартибда олиш;

ўқув-машқ машғулотлари жараёнида соғлиғининг хавфсиз шарт-шароитлари ва муҳофаза қилиниши, тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.


19. Спорт мактабининг спортчилари:

ўз назарий, умумий ва махсус жисмоний тайёргарлигини доимий равишда ошириб боришга, спорт маҳоратини такомиллаштиришга;

якка тартибдаги ва гуруҳли машғулотларнинг ўқув режалари ва ўқув дастурларини бажаришга;

спорт режимига ва гигиена талабларига риоя қилишга;

мураббий-ўқитувчилар ва бошқа спортчиларнинг шаъни ва шахсий қадриятини ҳурмат қилишга;

спорт мактабининг мол-мулкига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишга, спорт мактабининг ички тартибига риоя этишга;

тиббий назорат талабларига қатъий риоя қилишга, мунтазам равишда, 6 ойда камида бир марта диспансер кўригидан ўтишга мажбур.


20. Спорт мактаби спортчиларининг рўйхатдаги таркиби ва ўқув гуруҳлари сони ҳар йили (ўқув йили бошлангунга қадар) спорт мактаби директорининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари ва спорт федерациялари (уюшмалари) билан келишилган таклифи бўйича Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси томонидан тасдиқланади.


VI. ЎҚУВ-ТАРБИЯ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА УНИНГ МАЗМУНИ


21. Спорт мактабида ўқув йили 2 сентябрдан бошланади. Ўқув йилининг қанча давом этиши спорт турининг ўзига хослигига, спорт мусобақалари тақвимига, спорт тайёргарлигининг даврийлаштирилишига боғлиқ бўлади ва спортнинг ҳар бир тури учун спорт мактаби раҳбарияти томонидан якка тартибда белгиланиши мумкин.


22. Спортчилар билан ўқув-машқ машғулотлари белгиланган тартибда тасдиқланган ўқув дастурлари ва йиллик ўқув режаси бўйича ўтказилади.


23. Ўқув-машқ машғулотлари жадвали машқларнинг янада қулай режимини белгилаш, спортчиларнинг дам олиши, болаларнинг ёш хусусиятлари ва белгиланган санитария қоидалари, нормалар ва гигиена нормативлари ҳисобга олинган ҳолда спортчиларни умумтаълим муассасаларида ва бошқа муассасаларда ўқитиш мақсадида мураббий-ўқитувчининг тақдимномаси бўйича спорт мактаби маъмурияти томонидан тузилади.


24. Ўқув-машқ машғулотларининг мазмуни белгиланган тартибда тасдиқланган ўқув дастурларига мувофиқ бўлиши керак.


25. Ўқув-машқ жараёни ўқитишнинг техник воситалари кенг қўлланган, тиклаш тадбирлари ўтказилган ҳолда спорт машқларининг замонавий методикалари асосида мураббийлар-ўқитувчилар томонидан амалга оширилади ҳамда машқ қилиш ва мусобақалашиш фаолиятини бирга қўшиб олиб бориш негизида қурилади.


26. Қуйидагилар спорт мактаби ўқув-машқ жараёнининг асосий шакллари ҳисобланади:

гуруҳлар бўйича ва якка тартибдаги ўқув-машқ ва назарий машғулотлар;

ўқув-машқ йиғинлари;

спортчиларнинг соғлиғини тиклаш, профилактика ва соғломлаштириш тадбирларини, тиббий-биологик текширишларни, педагогик тестдан ўтказишни амалга ошириш;

спортчиларнинг мусобақаларда ва турли даражадаги мусобақа учрашувларидаги иштирокини ташкил этиш;

спорт-соғломлаштириш лагерларида спортчилар билан машғулотлар ўтказиш;

ўқув видеоёзувларини, кинодастурларни, шунингдек етакчи спортчилар иштирокидаги спорт мусобақаларини кўриш ва таҳлил қилиш;

спортчиларнинг инструкторлик ва ҳакамлик амалиётини ўтказиш.


27. Республика ва халқаро мусобақаларда қатнашишга қўйилган жамоалар ва спортчиларни тайёрлаш мақсадида, спорт мактаби ўқув-машқ ишларига ажратилган маблағлар доирасида, спорт ва жисмоний тарбия-оммавий тадбирларнинг календарь режасига мувофиқ ўқув-машқ йиғинларини ўтказади.


28. Ўқув-машқ йиғинларини ташкил этиш ва ўтказиш белгиланган тартибда спорт мактабининг календарь йил бошланишидан икки ой олдин тасдиқланадиган спорт-оммавий тадбирлар календарь режасига мувофиқ амалга оширилади.


29. Ўқув-машқ йиғинларининг вазифалари туман, вилоят, республика ва халқаро спорт тадбирларининг календарь режасини ҳисобга олган ҳолда спорт мактабининг мураббийлар кенгаши томонидан аниқланади. Ўқув-машқ йиғинлари спортчиларнинг спорт маҳоратини оширишни таъминлаши керак, улар мақбул шароитларда ва машқ тизимининг муайян даврларида ўтказилади.


30. Спорт мактабининг турли спорт мусобақаларида ва жисмоний тарбия-оммавий тадбирлардаги, шу жумладан турли ташкилотлар томонидан ўтказиладиган халқаро тадбирлардаги иштироки тасдиқланган календарь режасига ва уларнинг регламентларига, низомларига ёки расмий таклифларга мувофиқ амалга оширилади.


31. Спорт мактаби ўқув-машқ машғулотлари жараёнида директор тасдиқлаган режага мувофиқ спортчилар билан тарбиявий ишларни амалга оширади. Спорт мактабининг тарбиявий ишлари шахснинг ҳар томонлама камол топишига ёрдам беради ва спортчиларда ватанпарварлик туйғусини, жисмоний тарбия ва спорт машғулотларига эҳтиёжни, уларнинг ўз билимлари, маҳорати ва кўникмаларини доимий равишда тўлдириб боришига йўналтирилади.


32. Спорт мактаби ўқув-машқ ва тарбия жараёнини ташкил этиш ва ўтказиш учун қонун ҳужжатларида ва спорт мактабининг уставида белгиланган тартибда зарур ҳужжатларни юритади.



VII. СПОРТ МАКТАБИНИ БОШҚАРИШ


33. Спорт мактабини бошқариш ушбу Низомга, қонун ҳужжатларига ва спорт мактабининг уставига мувофиқ амалга оширилади.


34. Спорт мактаблари ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ намунавий тузилма бўйича ташкил этилади.


35. Спорт мактабига Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари тақдимига биноан ва тегишли спорт федерациялари (уюшмалари) билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор бошчилик қилади.

Спорт мактаби директори мактабда ривожланган спорт турлари, жисмоний тарбия ва спорт бўйича олий жисмоний тарбия маълумотига ҳамда жисмоний тарбия ва спорт бўйича ташкилотларда камида беш йил иш стажига эга бўлган мутахассислар орасидан тайинланади.


36. Директор спорт мактаби ишларига умумий раҳбарлик қилади, унинг фаолияти юзасидан тўлиқ жавоб беради, мураббийлар жамоаси билан биргаликда спорт мактабини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилайди, давлат ва жамоатчилик ташкилотларида унинг манфаатларини ифодалайди, спорт мактабининг хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлган барча масалаларни ҳал қилади, кадрларни танлайди ва жой-жойига қўяди, ходимларни, шу жумладан мураббийларни лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади.


37. Спорт мактаби директорининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси билан келишган ҳолда спорт мактаби директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

38. Директорнинг ўқув-машқ жараёни бўйича ўринбосари жисмоний тарбия соҳасида олий маълумотга ҳамда жисмоний тарбия ва спорт ташкилотларида мураббий-ўқитувчи ёки жисмоний тарбия ўқитувчисидан паст бўлмаган лавозимда камида уч йил иш стажига эга бўлган тажрибали мутахассислар орасидан тайинланади.

Директорнинг ўқув-машқ жараёни бўйича ўринбосари ўқув жараёни ва тарбиявий ишларнинг ташкил этилиши, спорт бўйича мураббий-ўқитувчилар малакасини ошириш ишлари юзасидан жавоб беради, мактабда спорт мусобақаларининг ўтказилишини ҳамда спорт мактаби спортчиларининг туман, шаҳар ва бошқа спорт мусобақаларида чиқишларини таъминлайди, спортчиларни ўқитиш ва машқ қилдириш методикасини такомиллаштириш чора-тадбирларини кўради, ўқув-машқ машғулотларининг сифати, ўқув режаларининг ва машғулотлар жадвалининг бажарилиши юзасидан назоратни амалга оширади.


39. Директорнинг моддий-техник ва ижтимоий-маиший база масалалари бўйича ўринбосари маъмурий-хўжалик фаолиятига доир тажрибага эга бўлган мутахассислар орасидан тайинланади.

Директорнинг моддий-техник ва ижтимоий-маиший база масалалари бўйича ўринбосари ўқув-машқ жараёни учун моддий-техник шароитларнинг яратилиши, спорт мактабининг мол-мулки ва анжомларининг сақланиши ва соз ҳолатда бўлиши, бино ва хоналардан фойдаланиш, уларни зарур даражада санитария ҳолатида бўлиши, транспортни сақлаш ва ундан фойдаланиш юзасидан жавоб беради.


40. Спорт мактабида ташкилий, тарбиявий, соғломлаштириш ва методик ишларни олий жисмоний тарбия маълумотига ва мураббий-ўқитувчилик ишида камида бир йил тажрибага эга бўлган мутахассислар орасидан тайинланадиган инструктор-методист амалга оширади.

Инструктор-методист ўқув-машқ машғулотларининг ўтказилиши, спорт турлари бўйича дастурлар, ўқув режалари ва машғулотлар жадвалининг бажарилиши, ўқув-методик ҳужжатларнинг юритилиши, спорт мактабининг разрядчилари ва спорт рекордларининг ҳисобга олиниши юзасидан назоратни амалга оширади, спорт мактабининг методик кабинети ишларига раҳбарлик қилади, тиббиёт муассасалари, таълим муассасалари ва ўқув-тарбия жараёни масалалари бўйича бошқа ташкилотлар билан алоқани таъминлайди.


41. Спорт мактабининг катта инструктор-методисти инструктор-методист лавозимида камида уч йил иш стажига эга бўлган шахслар орасидан тайинланади.

Катта инструктор-методист инструктор-методистлар ишларига раҳбарлик қилади ва ўқув-машқ жараёнининг ўтказилиши юзасидан назоратни таъминлайди, методик кабинет ишларини ташкил қилади, спорт мактаби тадбирларини амалга оширади, спортчиларни жисмоний тарбиялаш бўйича умуммактаб тадбирларининг ўтказилиши учун жавоб беради.


42. Спорт мактабининг мураббий-ўқитувчилар таркиби олий ёки ўрта махсус, жисмоний тарбия бўйича касбий маълумотга эга бўлган мутахассислар орасидан тўлдирилади.

Спорт бўйича мураббий-ўқитувчилар ўқув гуруҳларини танлаш ва тўлдиришни, спортчилар билан тарбия ва ўқув-машқ ишларини амалга оширади, спортчиларнинг тиббий ва диспансеризация кўригидан ўз вақтида ўтишини назорат қилади, спортчиларнинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда улар учун ўқув-машқ режаларини ишлаб чиқади, ўқув-машқ жараёнига энг самарали ҳамда замонавий шакллар ва методларни жорий этиш ҳамда уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади.


43. Спорт мактабида спорт федерациялари (уюшмалари) билан келишган ҳолда мураббийлар кенгаши ташкил этилади, у ўқув-машқ ва тарбиявий ишлар, спортчиларни тайёрлашни якка тартибда режалаштириш, спорт мактабининг спорт тадбирларидаги иштироки масалаларини, шунингдек спорт мактабининг уставида назарда тутилган бошқа масалаларни кўриб чиқади.


44. Спорт мактабини бошқарув, ёрдамчи, хўжалик ва тиббиёт ходимлари билан тўлдириш белгиланган тартибда тасдиқланган нормативларга мувофиқ амалга оширилади.


45. Спортчиларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) спорт мактабида ўтказиладиган ўқув-машқ ва тарбия жараёни билан танишиш, шунингдек спорт мактабининг уставида назарда тутилган тартибда унда қатнашиш ҳуқуқига эга.



VIII. ТИББИЙ НАЗОРАТ


46. Спорт мактабида спортчилар соғлиғининг ҳолати юзасидан тиббий назорат спорт мактабининг тиббиёт ходими, у бўлмаган тақдирда - белгиланган тартибда мактабга бириктирилган тегишли ҳудудий соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан амалга оширилади.


47. Спорт мактаби спортчиларини пухта тиббий текширувлардан ўтказиш спорт мактаби жойлашган жойдаги тегишли соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан таъминланади.


48. Спорт мактабининг тиббиёт ходими ўқув-машқ жараёнини, спорт мусобақаларини ва спорт-соғломлаштириш лагерини тиббий жиҳатдан таъминлашни, машқлар юкламаларининг ҳажми ва интенсивлигини назорат қилади, спортчиларни тайёрлашнинг якка тартибдаги режаларини тузишда ва тасдиқлашда қатнашади, уларнинг пухта тиббий текширишдан ўтишини ташкил қилади.


49. Спорт мактабининг спортчилари учун белгиланган намунадаги тиббий-назорат картаси тўлдирилади, унда спортчилар соғлиғининг ҳолати тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади, у спорт мактабининг тиббиёт кабинетида ёки спорт мактаби жойлашган жойдаги соғлиқни сақлаш муассасасида сақланади.



IX. СПОРТ МАКТАБИНИНГ МОДДИЙ ТАЪМИНОТИ,

УНИНГ МОЛИЯЛАШТИРИЛИШИ ВА ҲИСОБОТЛАРИ


50. Спорт мактаби ўз мол-мулкига эга бўлади ва ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган мол-мулкни сотиб олади.


51. Спорт мактаби ўзида мавжуд бўлган ва қонун ҳужжатларига мувофиқ унга ажратилган маблағлар ҳисобига сотиб олинган мол-мулкни тасарруф этади.


52. Спорт мактабининг спорт асбоб-ускуналарини, анжомларини, методик адабиётларини ва кўргазмали қўлланмаларини, спорт кийимлари ва формаларини сотиб олиш, шунингдек спортчиларнинг спорт тадбирларида ва ўқув-машқ йиғинларида қатнашишини таъминлаш спорт мактабига ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида унинг томонидан амалга оширилади.

Тасдиқланган йиллик режада назарда тутилмаган тадбирлар ўтказиладиган тақдирда уларни ташкил этиш бюджетдан ташқари манбалар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


53. Спорт мактаби фаолиятини молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда:

Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия эҳсонлари;

асосий машғулотлардан бўш вақтда мол-мулкни ижарага топширишдан тушадиган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


54. Спорт мактаби қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли молия органларида рўйхатдан ўтказилган харажатларнинг тасдиқланган сметаси асосида молиялаштирилади.


55. Спорт мактаблари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларнинг меҳнатини моддий рағбатлантириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 23 сентябрдаги 211-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасидаги Давлат бюджетидан молиялаштириладиган спорт мактаблари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларнинг меҳнатини моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ аниқланади.


56. Спорт мактабларининг мураббий-ўқитувчилари меҳнатига ҳақ тўлаш бир нафар спортчи ҳисобига нормативлар бўйича амалга оширилади.


57. Спорт мактаби муассис билан келишган ҳолда ўзининг молия-хўжалик фаолиятини режалаштиради, қонун ҳужжатларига мувофиқ юридик ва жисмоний шахсларга кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов миқдорини мустақил равишда белгилайди.


58. Спорт мактаби белгиланган тартибда молия ва статистика ҳисоботини юритади, оператив ва бухгалтерия ҳисобини амалга оширади.


59. Спорт мактабининг молия-хўжалик фаолияти ва молия интизомига риоя қилиши юзасидан назорат қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади.



X. ХАЛҚАРО ФАОЛИЯТ


60. Спорт мактаби қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, давлат ва жамоатчилик ташкилотлари орқали жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш масалаларига доир халқаро фаолиятни амалга ошириш, спорт мактабининг мураббий-ўқитувчи ходимлари ва спортчиларини айирбошлаш бўйича хорижий спорт ташкилотлари билан шартномалар тузиш, биргаликда спорт тадбирлари, байрамлар, кўриклар, семинарлар ўтказиш ҳуқуқига эга.



XI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


61. Спорт мактабини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.






Низомга

1-ИЛОВА



Олий маҳорат спорт мактабларининг

ИХТИСОСЛАШУВИ

Т/р

Олий маҳорат спорт мактабларининг номи


Спорт турлари бўйича

ихтисослашув


1.

Нукус олий маҳорат спорт мактаби


Спорт кураши

2.

Андижон олий маҳорат спорт мактаби


Бокс

3.

Бухоро олий маҳорат спорт мактаби


Гимнастика

4.

Жиззах олий маҳорат спорт мактаби


Бокс

5.

Қарши олий маҳорат спорт мактаби


Дзюдо

6.

Навоий олий маҳорат спорт мактаби


Спортнинг сув турлари

7.

Наманган олий маҳорат спорт мактаби


Велоспорт (шоссе, трек)

8.

Самарқанд олий маҳорат спорт мактаби


Енгил атлетика

9.

Термиз олий маҳорат спорт мактаби


Спорт якка кураши

10.

Гулистон олий маҳорат спорт мактаби


Теннис, стол тенниси

11.

Тошкент вилояти олий маҳорат спорт мактаби


Ўқ отиш спорти

12.

Фарғона олий маҳорат спорт мактаби


Таэквондо WTF

13.

Урганч олий маҳорат спорт мактаби


Оғир атлетика

14.

Тошкент шаҳар олий маҳорат спорт мактаби


Спортнинг ўйин турлари

            

Изоҳлар: зарурият бўлганда ҳамда зарур шарт-шароитлар ва имкониятлар мавжуд бўлганда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан келишган ҳолда спортчилар умумий сонининг 20 фоизидан ортиқ бўлмаган контингент билан спортнинг бошқа турлари бўйича бўлинмалар ташкил этишга рухсат берилади.

Олий маҳорат спорт мактабларининг лойиҳа-смета ҳужжатлари спортнинг ҳар хил турлари бўйича спорт объектларидан кўп мақсадли фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади, бунда келгусида уларнинг базасида спортнинг муқобил турларини ривожлантириш назарда тутилади.






Низомга

2-ИЛОВА



Олий маҳорат спорт мактабининг

НАМУНАВИЙ ТУЗИЛМАСИ







Директор

Мураббийлар кенгаши






































Директорнинг ўқув-машқ жараёни бўйича ўринбосари

Директорнинг моддий-техник ва ижтимоий-маиший база масалалари бўйича ўринбосари

Кадрлар ва мураббий-

ўқитувчилар таркибини танлаш бўлими

1 (1) нафар
















Умумжисмоний тайёргарлик ва ўқув-машқ жараёнини илмий-методик таъминлаш бўлими

3 (1) нафар

Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботлар бўлими

2 (1) нафар

Юрисконсульт

1 (1) нафар
















Ўқув-машқ йиғинларини ташкил этиш ҳамда спорт мактаблари, ташкилотлари ва терма жамоалар билан ҳамкорлик қилиш бўлими

3 (1) нафар

Тиббий таъминотни ташкил этиш ва овқатланиш рациони мониторинги бўлими

3 (1) нафар









































Моддий-техник таъминот ва фойдаланиш хизмати**




















Мураббий-ўқитувчилар таркиби*















































Ходимларнинг чекланган умумий сони (мураббий-ўқитувчилар таркибидан, хизмат кўрсатувчи ва техник ходимлардан ташқари) - 16 нафар, шу жумладан, бошқарув ходимлари - 9 нафар.


*) Мураббий-ўқитувчилар таркибининг сони тегишли олий маҳорат спорт мактаби ўқув гуруҳларининг тўлдирилганлигига ва ўқув-машқ ишларининг режимига мувофиқ аниқланади.

**) Хизмат кўрсатувчи ва техник ходимлар сони олимпия захиралари коллежларида алоҳида лавозимларни жорий этиш нормативларига мувофиқ аниқланади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 1 февраль, 4-сон, 37-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2016 йил, 1-сон, 7-модда