язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Меҳнат муҳофазаси/ Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари/ Юк кўтариш машиналарини хавфсиз ишлатишни назорат қилувчи муҳандис-техник ходимлар учун Намунавий йўриқнома (АВ томонидан 24.11.2015 й. 2732-сон билан рўйхатга олинган "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси бошлиғининг 09.11.2015 й. 126-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2015 йил 24 ноябрда 2732-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда,

кончиликда ва коммунал-маиший

секторда ишларнинг бехатар олиб

борилишини назорат қилиш давлат

инспекцияси бошлиғининг

2015 йил 9 ноябрдаги

126-сон буйруғига

ИЛОВА



Юк кўтариш машиналарини хавфсиз ишлатишни

назорат қилувчи муҳандис-техник ходимлар учун

НАМУНАВИЙ ЙЎРИҚНОМА


Мазкур Намунавий йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг "Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида"ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 11 майдаги 131-сон "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси тузилмасини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, юк кўтариш машиналарини хавфсиз ишлатишни назорат қилувчи муҳандис-техник ходимларнинг иш фаолиятини ташкил этишга қўйиладиган талаблар, уларнинг вазифалари, ҳуқуқ ва жавобгарлигини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Намунавий йўриқнома юк кўтариш машиналарини хавфсиз ишлатишни назорат қилувчи муҳандис-техник ходимларга (бундан буён матнда назорат қилувчи ходим деб юритилади) тааллуқлидир.


2. Юк кўтариш машиналарига эга бўлган ташкилотлар (бундан буён матнда ташкилот деб юритилади) ушбу Намунавий йўриқнома асосида назорат қилувчи ходимларнинг сони, таркиби, шунингдек юк кўтариш машиналарини ишлатишга оид маҳаллий шароитларни инобатга олган ҳолда назорат қилувчи ходимлар учун лавозим йўриқномаларини ишлаб чиқишлари ва тасдиқлашлари зарур.


3. Мазкур Намунавий йўриқномада юк кўтариш машиналари деганда минора кранлар, портал кранлар, кўприксимон кранлар, харрак кранлар, стрелали кранлар (автомобиль, темир йўл, занжирли, пневмо-ғилдиракли, кран-манипуляторлар, қувурётқизгичлар), портал кранлар, кабелли кранлар ва ишлаш жараёнида кўчмас асосга ўрнатиладиган бошқа кранлар, электр таллар, эскалаторлар, фуникулёрлар тушунилади.



2-БОБ. НАЗОРАТ ҚИЛУВЧИ ХОДИМЛАРГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР ВА УЛАРНИНГ

ИШ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


4. Назорат қилувчи ходимларнинг билимларини синаш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


5. Назорат қилувчи ходимлар Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ синовдан ўтган шахслар ташкилот раҳбарининг буйруғи билан тайинланади.


6. Назорат қилувчи ходимларнинг сони ва таркиби ташкилотда мавжуд бўлган юк кўтариш машиналарининг сони ва уларни ишлатиш шароитини ҳисобга олган ҳолда ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади.


7. Назорат қилувчи ходим ташкилотнинг бош муҳандисига, агар ташкилотда бундай лавозим мавжуд бўлмаса, тўғридан-тўғри ташкилот раҳбарига бўйсунади.


8. Назорат қилувчи ходим бош муҳандис (ташкилот раҳбари) томонидан тасдиқланадиган иш режа асосида иш юритади ва иш режада белгиланган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан ҳар ойда камида бир марта бош муҳандисга (ташкилот раҳбари) ҳисобот бериб боради.


9. Назорат қилувчи ходимлар қуйидагиларни билишлари зарур:

Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) талабларини;

Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1400, 2004 йил 20 август) талабларини;

назорат қилувчи ходимнинг лавозим йўриқномасида белгиланган вазифа ва мажбуриятларини;

юк кўтариш машинасидан фойдаланишга оид техник йўриқнома (техник паспорт) талабларини.


10. Назорат қилувчи ходим меҳнат таътилида, хизмат сафарида бўлган вақтда ёки бошқа узрли сабабларга кўра ишда бўлмаган ҳолларда, унинг вазифаларини вақтинча бажариш ташкилот раҳбарининг буйруғи билан зарур малакага эга бўлган бошқа муҳандис-техник ходимга юклатилиши мумкин.



3-БОБ. НАЗОРАТ ҚИЛУВЧИ ХОДИМЛАРНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ, ҲУҚУҚ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


1-§. Назорат қилувчи ходимларнинг вазифалари


11. Қуйидагилар назорат қилувчи ходимларнинг вазифалари ҳисобланади:

юк кўтариш машиналари, уларнинг юк илгаклари, юкнинг жойини ўзгартиришга мўлжалланган махсус идишлар ва юк кўтариш машинаси юриши учун мўлжалланган йўлларнинг техник ҳолатини кўздан кечириш;

юк кўтариш машиналари, уларнинг юк илгаклари, юкнинг жойини ўзгартиришга мўлжалланган махсус идишлар ва юк кўтариш машинаси юриши учун мўлжалланган йўлларни таъмирлаш, уларга техник хизмат кўрсатиш ишларини ва даврий кўрикдан ўтказишни назорат қилиш;

юк кўтариш машинаси машинисти (бундан буён матнда машинист деб юритилади) томонидан юк кўтариш машиналарининг тўғри ўрнатилганлигини назорат қилиш;

машинист томонидан иш вақтида лавозим йўриқномасида белгиланган талабларга риоя этилишини назорат қилиш;

ишларни бажариш вақтида машинист ва юк илувчилар томонидан техник талабларга риоя этилаётганлигини назорат қилиш;

электр тармоқларига яқин бўлган жойларда ишлаш вақтида машинист томонидан хавфсизлик чоралари кўрилганлигини назорат қилиш;

юк кўтариш машиналаридан фойдаланиш ҳамда ишларни бажариш вақтида хато, камчиликлар ва авария ҳолатлари содир этилишининг олдини олиш мақсадида барча машинист ва юк илувчиларга тегишли услубий кўрсатмалар бериш.


12. Қуйидаги ҳолларда юк кўтариш машиналаридан фойдаланишга йўл қўйилмайди:

ишчи лойиҳа, технологик карта ва наряд-рухсатнома мавжуд бўлмаган ҳолларда;

ишлаётган машинист ва (ёки) юк илувчилар белгиланган синовдан ўтмаган бўлса;

ишлаётган юк кўтариш машинасини ишлаб чиқарувчи корхона томонидан берилган юк кўтариш машинасидан фойдаланишга оид техник паспортда фойдаланиш муддати ўтган, техник шаҳодатлашдан ўтмаган ёки техник шаҳодатлаш муддати тугаган бўлса;

ишлаётган юк кўтариш машинасининг конструкцияларида ёриқлар (дарз) пайдо бўлган бўлса, юк кўтариш машинасининг конструкцияси шакли ўзгарган бўлса, қисмларнинг уланган жойларидаги маҳкамлагичлар бўшалиб қолган бўлса, шунингдек бошқарув ва тормоз тизимларида, юк кўтариш машинаси юриши учун мўлжалланган йўлларда ва ерга туташтириш мосламаларида носозликлар аниқланганда, юк илгаклари, пўлат арқонлар ва занжирларда емирилишлар сезилганда;

кўтарилиши лозим бўлган юкнинг оғирлиги юк кўтариш машинаси, юк илгаги ва пўлат арқоннинг юк кўтариш қобилиятига мувофиқ бўлмаган ҳолларда.



2-§. Назорат қилувчи ходимнинг ҳуқуқ ва жавобгарлиги


13. Назорат қилувчи ходим муҳандис-техник ходимлар ва юк кўтариш машиналарининг ҳолатига жавобгар шахслардан юк кўтариш машинасига тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиш учун сўраб олиш ҳуқуқига эга.


14. Назорат қилувчи ходим ўзига юклатилган вазифалар бажарилиши юзасидан жавобгар ҳисобланади. Бунда назорат қилувчи ходим юк кўтариш машиналарининг ишга яроқлилигини аниқлаши ва аниқланган ҳолатлар бўйича ташкилот раҳбарини дарҳол хабардор қилиши лозим.



4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


15. Мазкур Намунавий йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, "Ўзмахсусмонтажқурилиш" акциядорлик компанияси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 30 ноябрь, 47-сон, 601-модда