язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя/ Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш. Хайрия фаолияти/ "Саховат" кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйлари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 23.08.2011 й. 240-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2011 йил 23 августдаги

240-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Саховат" кексалар ва ногиронлиги бўлган

шахслар учун интернат уйлари тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигининг (кейинги ўринларда Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги деб аталади) "Саховат" кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйларини (кейинги ўринларда "Саховат" интернат уйлари деб аталади) ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши тартибини белгилайди.

2. "Саховат" интернат уйлари Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган, Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига мувофиқ уларни парвариш қилиши шарт бўлган қариндошлари ёки бошқа шахслар бўлмаган ёлғиз кексалар ҳамда 18 ёшидан бошлаб I ва II гуруҳлар ногиронлиги бўлган шахслари (кейинги ўринларда васийликка олинувчилар деб аталади) учун давлат тиббий-ижтимоий муассасалари ҳисобланади.

3. "Саховат" интернат уйлари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳамда Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигининг буйруқларига, бошқа қонун ҳужжатларига, ушбу Низомга, шунингдек ўз уставларига амал қиладилар.

4. "Саховат" интернат уйлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишган ҳолда Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги томонидан, белгиланган тартибда ташкил этилиши, қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши мумкин. "Саховат" интернат уйларини тугатишда васийликка олинганларни Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги томонидан белгиланадиган тартибда бошқа "Саховат" интернат уйларига ўтказиш таъминланади.

5. "Саховат" интернат уйларида даволаш-меҳнат ва фаоллаштирувчи терапияни амалга ошириш учун даволаш-ишлаб чиқариш (меҳнат) устахоналари, шунингдек, агар "Саховат" интернат уйлари қишлоқ жойларда жойлашган бўлса, зарур анжомларга, асбоб-ускуналарга ва транспортга эга бўлган ёрдамчи хўжалик ташкил этилади.


6. "Саховат" интернат уйлари уставлари Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги томонидан тасдиқланади.

7. "Саховат" интернат уйлари фаолиятини мувофиқлаштириш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар тиббий-ижтимоий хизматлар бўлимлари (кейинги ўринларда тиббий-ижтимоий хизматлар бўлимлари деб аталади) томонидан амалга оширилади.

8. "Саховат" интернат уйларидаги ўринлар сони Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан келишиб, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мажбурий риоя қилган ҳолда Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги томонидан белгиланади.

9. "Саховат" интернат уйлари давлат муассасаси шаклидаги юридик шахслар ҳисобланади, ўз уставига, мустақил балансига, ғазначиликнинг тегишли ҳудудий бўлинмаларида шахсий ҳисоб рақамига ва банкда валюта ҳисоб рақамига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ҳамда ўз номи кўрсатилган муҳрга, штампга, бланкларга эга бўлади.

"Саховат" интернат уйлари туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларида давлат рўйхатидан ўтказилади.



II. "САХОВАТ" ИНТЕРНАТ УЙЛАРИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


10. Қуйидагилар "Саховат" интернат уйларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

васийликка олинганларни таъминлаш, уларга ижтимоий хизмат кўрсатиш, уларни соғломлаштириш ва қўллаб-қувватлаш, уларнинг сифатли тиббий-ижтимоий ёрдам олишларига кўмаклашадиган шароитлар яратиш;

васийликка олинганларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларнинг соғлиғини муҳофаза қилишни таъминлаш;

дастлабки тиббий ёрдам кўрсатиш, соғлиқни сақлаш тизимининг юқори малакали мутахассисларини жалб этган ҳолда уларни ҳар йили 2 марта диспансеризациядан ўтказиш, режали соғломлаштириш, муҳтож бўлинганда уларни ихтисослаштирилган стационарларда даволаш, васийликка олинганларни тиббий кўрсаткичлар бўйича протез-ортопедия буюмлари, реабилитациянинг техник воситалари (эшитиш аппаратлари, ногиронлар аравачалари, ҳасса ва қўлтиқтаёқлар) билан таъминлаш;

васийликка олинганларни мунтазам меҳнат қилишга ва ижтимоий хизмат кўрсатишни такомиллаштиришга йўналтирилган санитария-эпидемияга қарши ва маданий-маърифий тадбирларни амалга ошириш.



III. ВАСИЙЛИККА ОЛИНГАНЛАРНИ "САХОВАТ"

ИНТЕРНАТ УЙЛАРИГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ


11. "Саховат" интернат уйларига Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган, Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига мувофиқ уларни парвариш қилиши шарт бўлган қариндошлари ёки бошқа шахслар бўлмаган ёлғиз кексалар ҳамда 18 ёшидан бошлаб I ва II гуруҳлар ногиронлиги бўлган шахслари қабул қилинади.

Қабул қилиш бўш ўринлар мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.

12. Қуйидагилар "Саховат" интернат уйларига юборишга қарши кўрсаткичлар ҳисобланади:

тез-тез, ҳар ойда 5 мартадан кўп тутқаноқ содир бўладиган эпилепсия, мунтазам тутқаноқларга, эпилептик мақомга, кун охирига бориб бўшашувчанликка, дисфорияларга мойиллик;

беморнинг ўзи ва атрофидагилар учун хавфли бўлган мойилликнинг қўпол бузилишлари ва ахлоқий дағаллик билан бирга кечадиган руҳий касалликлар.

13. Қуйидагилар "Саховат" интернат уйларига қабул қилишга қарши умумий кўрсаткичлар ҳисобланади:

жараённинг фаол босқичидаги сил касаллиги;

юқумли тери ва соч касалликлари;

ўткир юқумли касалликлар;

салбий жараёндаги, ёмон ҳолатда ўтадиган шиш касалликлари ва рецидивлари;

таносил касалликлари.

"Саховат" интернат уйларига қабул қилиш чоғида юқори ҳарорат ёки ноаниқ этиологияли тошма аниқланган шахслар соғлиқни сақлаш муассасаларига юборилади.


14. "Саховат" интернат уйларига юбориш, шунингдек, биттасидан иккинчисига ўтказиш Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигининг Махсус комиссияси қарорига мувофиқ тиббий-ижтимоий хизматлар бўлимлари бошлиғининг белгиланган тартибда қабул қилинган буйруғи асосида амалга оширилади.

"Саховат" интернат уйларига расмийлаштириш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги юзасидан масъулият тиббий-ижтимоий хизматлар бўлимига юкланади.

15. "Саховат" интернат уйларига расмийлаштириш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

"Саховат" интернат уйига расмийлаштирилаётган ёлғиз кексанинг ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахснинг доимий яшаш жойидаги туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси бошлиғи номига берилган аризаси;

"Саховат" интернат уйига расмийлаштирилаётганнинг паспорти нусхаси;

рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган соғлиқнинг ҳолати тўғрисидаги тиббий ҳужжатлар;

туман (шаҳар) ҳокимининг ёлғиз шахс сифатида ҳисобга олиш тўғрисидаги қарори нусхаси;

пенсионер гувоҳномасининг нусхаси, мавжуд бўлса;

"Саховат" интернат уйига расмийлаштирилаётганнинг 2 та (6 см х 4 см ҳажмли) фотосурати.

"Саховат" интернат уйига расмийлаштирилаётганнинг ногиронлиги аниқланган тақдирда, белгиланган тартибда тиббий-меҳнат эксперт комиссияси томонидан берилган ногиронлик тўғрисидаги маълумотноманинг нусхаси ҳам тақдим этилади.


16. "Саховат" интернат уйларига қабул қилинаётган ҳар бир шахс учун шахсий йиғмажилд юритилади, унга ушбу Низомнинг 15-бандида санаб ўтилган ҳужжатлар тикиб қўйилади.

Васийликка олинганларнинг шахсий йиғмажилдлари "Саховат" интернат уйи директорида сақланади.


17. Васийликка олинганларга тиббий хизмат кўрсатишни, уларни парваришлашни яхшилаш ҳамда уларнинг ижтимоий меҳнат реабилитацияси бўйича тадбирларни амалга ошириш мақсадида улар сақлаш режимига (ўрин-тўшаклар, кузатиш, сақлашнинг эркин тартиби), соғлиғи, ёши ва шахсий хоҳишига мувофиқ ҳолда алоҳида бўлимлар ва хоналар бўйича жойлаштирилади.



III-1. ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИНИНГ МУАЙЯН ЯШАШ

ЖОЙИГА ЭГА БЎЛМАГАН ШАХСЛАРНИ РЕАБИЛИТАЦИЯ

ҚИЛИШ МАРКАЗЛАРИДА САҚЛАНАЁТГАНЛАРНИ "САХОВАТ"

ИНТЕРНАТ УЙЛАРИГА ЖОЙЛАШТИРИШ

17-1. Ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказларида (кейинги ўринларда реабилитация марказлари деб аталади) сақланаётган мазкур Низомнинг 11-бандида кўрсатилган шахслар "Саховат" интернат уйларига жойлаштирилади.

"Саховат" интернат уйларига жойлаштириш учун юбориш белгиланган тартибда реабилитация маркази бошлиғининг буйруғи асосида Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигининг Махсус комиссияси қарорига мувофиқ амалга оширилади.

17-2. Реабилитация марказларидан "Саховат" интернат уйларига юборилаётганлар мазкур Низомнинг 11 ва 12-бандларида кўрсатилган кўрсаткичлар бўйича тиббий кўрикдан ўтказилади.

Тиббий кўрик реабилитация марказлари тиббиёт ходимлари ва тегишли мутахассис шифокорлар томонидан амалга оширилади. Тиббий кўрик натижалари бўйича ёзма хулоса расмийлаштирилади.


17-3. Реабилитация марказларида сақланаётган шахсларни "Саховат" интернат уйларига жойлаштириш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

"Саховат" интернат уйларига жойлаштириш тўғрисида реабилитация марказида сақланаётган мазкур Низомнинг 11-бандида кўрсатилган шахсларнинг реабилитация маркази бошлиғи номига берилган аризаси;

"Саховат" интернат уйига расмийлаштирилаётганнинг шахси тўғрисидаги маълумотлар;

"Саховат" интернат уйларига жойлаштирилаётганнинг соғлиғи ҳолати бўйича тиббий хулоса;

ҳудудий тиббиёт бошқармасидан олинган руҳий-асаб касалликлари, силга қарши курашиш, онкологик ҳамда тери-таносил касалликлари диспансерларининг хулосалари;

"Саховат" интернат уйига жойлаштирилаётганнинг 2 та (6 см х 4 см ҳажмли) фотосурати;

"Саховат" интернат уйига расмийлаштирилаётганнинг ногиронлиги аниқланган тақдирда белгиланган тартибда тиббий-меҳнат эксперт комиссияси томонидан берилган ногиронлик тўғрисидаги маълумотноманинг нусхаси ҳам тақдим этилади.

Мазкур бандда кўрсатилган барча ҳужжатлар реабилитация марказлари томонидан тўпланади.


17-4. Реабилитация марказларида "Саховат" интернат уйларига жойлаштирилаётган ҳар бир шахс учун икки нусхада шахсий йиғмажилд юритилади, унга ушбу Низомнинг 17-3-бандида кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар тикиб қўйилади.

"Саховат" интернат уйларига жойлаштирилаётганларнинг шахсий йиғмажилдлари бир нусхаси сақлаш учун "Саховат" интернат уйи директорига белгиланган тартибда тақдим этилади.



IV. "САХОВАТ" ИНТЕРНАТ УЙЛАРИДА

ВАСИЙЛИККА ОЛИНГАНЛАР


18. "Саховат" интернат уйларида васийликка олинганларнинг тиббий-ижтимоий таъминоти тўлиқ давлат таъминоти асосида амалга оширилади.


19. "Саховат" интернат уйларидаги васийликка олинганлар белгиланган тартибда қуйидагилар билан таъминланади:

инсон шаънини ва қадр-қимматини камситмайдиган инсоний муносабатда бўлиш;

узоқ қариндошлар, танишлар ва дўстлари билан телефон орқали сўзлашувлар йўли билан алоқа боғлаш, бошқа алоқа воситалари ва учрашувлар орқали мулоқотда бўлиш, жўнатмалар, бандероллар, буюмлар, хат ва телеграммаларни олиш ва жўнатиш;

бепул овқат, кийим-кечак, пойабзал, бошқа буюмлар ва тасдиқланган нормалар бўйича юмшоқ анжомлар билан таъминланиш.

Эҳтиёж бўлганда, васийликка олинганлар протез-ортопедия буюмлари ва реабилитациянинг техник воситалари билан бепул таъминланадилар.

Васийликка олинганларга пенсия ва нафақалар тўлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


20. Васийликка олинганлар соғлиқни сақлаш органлари мансабдор шахсларининг, "Саховат" интернат уйлари раҳбарлари ва ходимларининг қарорлари ва хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан шикоят билдириш ҳуқуқига эга.

21. Васийликка олинганларга тиббий ёрдам кўрсатиш "Саховат" интернат уйларининг штатдаги тиббий ходимлари томонидан, зарур ҳолларда эса - тегишли соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан таъминланади.

Васийликка олинганнинг соғлиғи ёмонлашганда ёки у вафот этганда маъмурият бу ҳақда унинг қариндошлари, танишлари ва дўстларини зудлик билан хабардор қилади.


22. Вафот этган васийликка олинганни дафн этиш билан боғлиқ харажатлар "Саховат" интернат уйларининг харажатлар сметаларида назарда тутилган маблағлар, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг, қариндошларининг хайрия эҳсонлари ҳисобига амалга оширилади.


23. Васийликка олинганнинг "Саховат" интернат уйи ҳудудидан ташқарига чиқиши фақат "Саховат" интернат уйи раҳбариятининг рухсати билан амалга оширилади.

Васийликка олинган ўзбошимчалик билан "Саховат" интернат уйи ташқарисига чиққан тақдирда, маъмурият ушбу ҳолат қайд этилган вақтдан бошлаб зудлик билан бу ҳақда ички ишлар органларига, соғлиқни сақлаш органларига хабар қилади.

24. Қариндошлари, танишлари ва дўстлари васийликка олинганлар билан кўришиб туриш ҳуқуқига эга.


25. Васийликка олинганларни озиқ-овқат, кийим-бош, пойабзал, ашёвий таъминотнинг бошқа буюмлари ва юмшоқ анжомлар билан таъминлаш нормалари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

26. Тиббий-ижтимоий хизматлар бўлимлари ҳар чоракда "Саховат" интернат уйларида васийликка олинганлар тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган ҳисоботлар шаклларга мувофиқ Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигига тақдим этадилар.

27. Васийликка олинганни "Саховат" интернат уйларидан чиқариш:

тиббий-ижтимоий хизматлар бўлимлари рухсати билан;

тураржой майдони, яшаш учун маблағлар ва ўз-ўзига хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд бўлганда ёки васийликка олинганни таъминлаш ва зарур даражада парваришлашга қодир бўлган қариндошларининг илтимосига кўра, шунингдек навбатдаги тиббий кўрикдан ўтказишда III гуруҳ ногиронлиги белгиланганда (меҳнат бўйича тавсиялар мавжуд бўлганда) амалга оширилади.

Бунда васийликка олинганларни таъминлаш ва уларни зарур даражада парваришлаш бўйича қариндошларининг бунга қодирлиги васийликка олинганни чиқариш тўғрисидаги илтимос билан мурожаат қилаётган қариндошининг доимий яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг тегишли маълумотномаси билан тасдиқланган бўлиши керак.


28. "Саховат" интернат уйларидан чиқаришда васийликка олинганга қуйидаги ҳужжатлар берилади:

"Саховат" интернат уйида бўлганлик тўғрисидаги маълумотнома;

соғлиғининг ҳолати тўғрисидаги маълумотнома (тиббий ҳужжатлар).

Маълумотномаларни бериш тартиби ва шакллари Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги томонидан белгиланади.

29. "Саховат" интернат уйи директори васийликка олинганларни "Саховат" интернат уйларига қабул қилиш ва улардан чиқариш учун ушбу Низом ва "Саховат" интернат уйи устави талабларига мувофиқ шахсан жавоб беради.



V. ИЖТИМОИЙ-ПСИХОЛОГИК

КУЗАТУВНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


30. Васийликка олинганларга тиббий-ижтимоий ёрдамни амалга ошириш мақсадида "Саховат" интернат уйларида тиббий-психологик комиссия (кейинги ўринларда комиссия деб аталади) ташкил этилади. Комиссия "Саховат" интернат уйининг мутахассис ходимларидан иборат бўлади. Комиссия таркиби "Саховат" интернат уйи директорининг буйруғи билан тасдиқланади. Комиссия таркибига мажбурий тартибда комиссияни бошқарадиган "Саховат" интернат уйининг директори, "Саховат" интернат уйи директорининг тиббий бўлим бўйича ўринбосарлари, врач-психиатр киради.


31. Комиссия:

васийликка олинганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади;

ташхис, психологик-профилактик, коррекция, маслаҳат ва реабилитация ишларини амалга оширади.



VI. "САХОВАТ" ИНТЕРНАТ УЙЛАРИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


32. "Саховат" интернат уйларига ишга қабул қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


33. Тиббий хизмат кўрсатиш "Саховат" интернат уйларининг тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади, улар (маъмурият билан бир қаторда) васийликка олинганларнинг соғлиғи, овқатланиш режими ва сифати, даволаш-профилактика тадбирларининг ўтказилиши ҳамда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этилиши учун жавоб берадилар. "Саховат" интернат уйларида даволаш-маслаҳат ёрдами ва ўтказилган даволаш-профилактика тадбирларини таҳлил қилиш тегишли соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан амалга оширилади.

34. "Саховат" интернат уйларида психологик таъминот Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигига томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.

35. "Саховат" интернат уйларининг маъмурияти "Саховат" интернат уйлари мутахассис ходимларининг касбий маҳорати доимий такомиллаштириб борилиши учун жавоб беради.


36. "Саховат" интернат уйларининг ходимлари қуйидагиларга мажбур:

ушбу Низом нормаларига ва ички меҳнат тартиб-қоидаларига, касбий ахлоқ-одобга қатъий амал қилиш;

васийликка олинганларга тиббий-ижтимоий ёрдамнинг, ижтимоий-психологик ва тиббий кузатиб боришнинг юқори самарадорлигини таъминлаш;

ўз касб малакасини мунтазам ошириб бориш.


37. "Саховат" интернат уйларининг ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

"Саховат" интернат уйини бошқаришда ушбу Низомда белгиланган тартибда қатнашиш;

касб шаънини ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган ижтимоий имтиёзлар ва кафолатларга эга бўлиш.


38. "Саховат" интернат уйлари ходимлари ва раҳбарларининг лавозим ҳуқуқлари ва мажбуриятлари қонун ҳужжатлари, ушбу Низом, шунингдек "Саховат" интернат уйлари уставлари билан белгиланади.



VII. "САХОВАТ" ИНТЕРНАТ УЙЛАРИНИ БОШҚАРИШ


39. "Саховат" интернат уйларини бошқариш демократия, ошкоралик тамойиллари бўйича ва "Саховат" интернат уйи жамоасининг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлиги асосида амалга оширилади.


40. "Саховат" интернат уйларининг маъмурияти "Саховат" интернат уйларида яшайдиган васийликка олинганлар томонидан жамоатчилик асосида ҳамда "Саховат" интернат уйи томонидан тасдиқланадиган амалдаги низомлар асосида ташкил этиладиган маданий-маиший комиссия, жамоатчилик кенгаши ёрдамида маиший ва маданий хизматларни ташкил қилади.


41. "Саховат" интернат уйларида васийликка олинганларни таъминлашнинг махсус шарт-шароитлари таъминланади, улар қуйидагиларни назарда тутади:

ҳудудни ҳимоя қилиш;

васийликка олинганларни ҳам бир-бирларининг, ҳам атрофдагиларнинг салбий таъсиридан юқори даражада ҳимоя қилиш;

унинг ҳудудидан ташқарига эркин чиқишни чеклаш;

васийликка олинганларни, шу жумладан ухлаш учун ажратилган вақтда ҳам - бутун сутка давомида назорат қилиш.


42. "Саховат" интернат уйига бевосита раҳбарликни олий маълумотга эга бўлган директор амалга оширади. Директор лавозимига тайинлаш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишган ҳолда Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги томонидан амалга оширилади.

43. Директор "Саховат" интернат уйида тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг аҳволи учун тўлиқ жавоб беради.


44. "Саховат" интернат уйи директори:

"Саховат" интернат уйи номидан иш кўради ва унинг манфаатларини ифодалайди;

"Саховат" интернат уйи ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ва ўз зиммасига юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

қонун ҳужжатларида ва "Саховат" интернат уйи уставида белгиланган тартибда "Саховат" интернат уйи мол-мулкини тасарруф этади ва шартномалар тузади;

ўз ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди, уларнинг ваколатларини ва жавобгарлик даражасини белгилайди;

ўз ваколатлари доирасида "Саховат" интернат уйининг барча ходимлари ва васийликка олинганлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

тегишли органларга кўриб чиқиш учун "Саховат" интернат уйининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, малакали кадрлар билан таъминлаш ва "Саховат" интернат уйи фаолиятининг бошқа масалалари бўйича тегишли органларга таклифлар киритади ҳамда ходимлар билан меҳнат шартномалари тузади;

тегишли буйруқ чиқариш ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатлар йўли билан рағбатлантириш ва интизомий танбеҳ бериш чораларини амалга оширади.



VIII. МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ


45. "Саховат" интернат уйларининг хоналари техника хавфсизлиги қоидаларига ва санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ жиҳозланади ва улардан фойдаланилади.

46. "Саховат" интернат уйлари фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия эҳсонлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


47. "Саховат" интернат уйлари белгиланган тартибда тегишли молия органларида тасдиқланган ва рўйхатдан ўтказилган харажатлар сметаси асосида молиялаштирилади.


48. Бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларни сарфлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Бунда "Саховат" интернат уйларига ҳар ойда Бюджет ташкилотини ривожлантириш жамғармасига хайрия эҳсонлари тарзида тушган маблағларнинг энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараварини товарлар харид қилиш ва хизматларга доир кечиктириб бўлмайдиган харажатларни корпоратив банк карточкаларидан фойдаланган ҳолда тўлаш учун (Ғазначилик органларида уларнинг юридик ва молиявий мажбуриятларини ҳисобга олмасдан) улар учун тижорат банкларида очиладиган карточка ҳисоб рақамларига ўтказишга рухсат берилади.

49. Штатлар жадвали Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган намунавий штатларга мувофиқ тасдиқланади.

50. "Саховат" интернат уйлари қонун ҳужжатларида белгиланган молия ва статистика ҳисоботларини юритади.


51. "Саховат" интернат уйларининг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш белгиланган тартибда молия органлари томонидан амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 34-35-сон, 348-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами", 2011 йил, 8-сон, 71-модда