язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Лицензиялаш. Рухсат бериш тартиб-таомиллари/ Таълим. Маданият. Ноширлик фаолияти/ Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 09.12.2015 й. 354-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2015 йил 9 декабрдаги

354-сон қарорига

1-ИЛОВА



Концерт-томоша фаолиятини

лицензиялаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасида ва унинг ташқарисида концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш тартибини, шунингдек ижрочиларнинг рейтинг гуруҳларини белгилаш бўйича мезонлар ва малака талабларини белгилайди.


2. Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши ҳузуридаги ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳининг (кейинги ўринларда ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳи деб аталади) хулосалари асосида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси (кейинги ўринларда лицензияловчи орган деб аталади) томонидан амалга оширилади.

3. Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия 5 йил муддатга берилади. Талабгорнинг аризасига кўра лицензия 5 йилдан кам муддатга, бироқ камида 3 ойга берилиши мумкин. Лицензиянинг амал қилиш муддати лицензия берилган кундан бошлаб ҳисобланади.

Лицензия фақат ижрочиларга - жисмоний шахсларга ва ижодий жамоаларга - юридик шахсларга берилади.


4. Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун намунавий (оддий) лицензиялар берилади.


5. Лицензия концерт-томоша фаолиятининг олти рейтинг гуруҳлари бўйича берилади:

а) I, II, III, IV рейтинг гуруҳлари берилиши:

яккахон ижрочи концертини ташкил этиш (битта ижрочининг яккахон концерт дастури);

битта жанрнинг икки ёки ундан кўп ижрочиси иштирокидаги концерт дастурида иштирок этиш;

турли жанрлар йўналишларининг бир нечта ижрочилари иштирокидаги концерт дастурида иштирок этиш;

оммавий ахборот воситаларида қўшиқлар ва видеоклиплар тақдим этиш;

тўйлар, юбилейлар ва бошқа тантаналарда концерт хизмати кўрсатиш ҳуқуқини беради;

б) V ва VI рейтинг гуруҳлари берилиши тўй, юбилей ва бошқа тантаналарга концерт хизмати кўрсатиш (ресторанлар, барлар, қаҳвахоналар ва хусусий уйларда тўй, юбилей ва бошқа тантаналарга хизмат кўрсатиш), шу жумладан кўнгилочар ташкилотларда (клублар, дискотекалар, ресторанлар, барлар ва қаҳвахоналарда) концерт хизмати кўрсатиш ҳуқуқини беради.

Лицензия талабгорининг аризасига кўра лицензия умуман фаолият турига ёки унинг бир қисмига берилиши мумкин.


6. Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш ушбу Низомнинг 1-иловасидаги схемага мувофиқ амалга оширилади.



II. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


7. Қуйидагилар концерт-томоша фаолиятини амалга оширишдаги лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш соҳасидаги қонун ҳужжатларига мажбурий риоя қилиш;

ижрочиларининг ушбу Низом билан белгиланадиган рейтинг гуруҳларидан бири мезонлар ва малака талабларига мувофиқлиги;

лицензиатлар томонидан аҳолига концерт-томоша хизматларини қатъий равишда ушбу Низомнинг 2-иловасида кўрсатилган аҳолига концерт-томоша хизматлари кўрсатиш ҳуқуқи бўйича амалга ошириш;

концерт-томоша тадбирларида, тўйлар ва бошқа тантаналарда артистнинг одоб-ахлоқ қоидаларига, саҳна маданияти ва ташқи кўриниш маданиятига зид бўлган хатти-ҳаракатлар қилишини ҳамда маънавиятга салбий таъсир кўрсатувчи ва томошабинларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилувчи, ахлоқсизлик ғояларини тарғиб қилишни истисно этган ҳолда миллий менталитетга, миллий қадриятлар ва урф-одатларга мувофиқ бўлган қўшиқларни ва улар бўйича яратилган видеоклипларни ижро этиш;

ўтказилган концерт-томоша тадбирлари сони тўғрисида лицензияловчи органнинг ҳудудий бўлинмаларига лицензияловчи орган томонидан белгиланадиган шакл бўйича ҳар чораклик ҳисоботлар тақдим этиш;

Ўзбекистон Республикаси ташқарисида концерт-томоша тадбирларини амалга ошириш тўғрисида лицензияловчи органни ёзма равишда хабардор қилиш;

концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун давлат божи тўлаш.


8. Лицензия битимида ушбу Низомнинг 7-бандидан келиб чиқадиган аниқ лицензия талаблари ва шартлари назарда тутилади.



III. ИЖРОЧИЛАРНИНГ РЕЙТИНГ ГУРУҲЛАРИНИ

БЕЛГИЛАШ БЎЙИЧА ЛИЦЕНЗИЯЛАШ МЕЗОНЛАРИ

ВА МАЛАКА ТАЛАБЛАРИ


9. Қуйидагилар концерт-томоша фаолиятини лицензиялашда мезонлар ҳисобланади:

а) ижодий мақом мезони:

концерт-томоша фаолияти соҳасида ижрочиларга ва ижодий жамоаларга бўлган талаб даражаси;

хизматлар бозорида ижрочиларга ва ижодий жамоаларга бўлган талаб даражаси;

б) ижро маҳорати ва репертуар мезони:

ижрочилар ва ижодий жамоаларнинг электрон манбаларга ёзилган асарларини эшитиш йўли билан аниқланадиган ижро маҳорати;

яккахон ижрочиларни жонли ижрода эшитиш йўли билан баҳоланадиган ижро маҳорати;

репертуардаги мусиқа ва қўшиқлар сўзлари сони ва сифати;

в) унвонлар ва мукофотлар, танловлар ва кўрикларда иштирок этиш мезони:

давлат мукофотлари ("Ўзбекистон Республикаси халқ артисти", "Ўзбекистон Республикаси халқ ҳофизи", "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист", "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими"), "Ниҳол" Давлат мукофоти ва бошқаларнинг мавжудлиги;

республика ва халқаро даражадаги танловлар, кўриклар ғолиби дипломларининг мавжудлиги.


10. Яккахон ижрочиларнинг малака (профессионал) сифатларини мунтазам ва холисона баҳолаш мақсадида ҳар йили (улар лицензияларни олган кундан бошлаб) ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳи яккахон ижрочиларнинг ижодий фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни ўрганади ва уларни жонли ижрода эшитади. Ўрганиш ва эшитиш натижалари бўйича яккахон ижрочининг рейтинг гуруҳи оширилиши, пасайтирилиши, олдинги даражада қолдирилиши ёхуд, ижрочи малака талабларига мувофиқ бўлмаган тақдирда, лицензиатга концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини бериш рад этилиши мумкин.

Лицензиат рейтинг гуруҳини қайта кўриб чиқиш тўғрисида ариза бериш ҳуқуқига эга.



IV. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН ЗАРУР БЎЛГАН ҲУЖЖАТЛАР


11. Лицензия олиш учун лицензия талабгори - юридик шахс лицензияловчи органнинг ҳудудий бўлимига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) лицензия бериш тўғрисидаги ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади:

юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк бўлимининг номи ва банкдаги ҳисоб рақамлари;

солиқ тўловчининг идентификация рақами;

юридик шахс амалга оширишни мўлжаллаётган лицензияланадиган фаолият тури (унинг қисми) ва кўрсатиб ўтилган фаолият тури (унинг қисми) амалга ошириладиган муддат;

б) юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

в) лицензияловчи орган томонидан лицензия талабгори аризасини кўриб чиқиш учун лицензия талабгори томонидан йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

г) ижрочиларнинг 4 х 6 см ўлчамли 2 та фотосурати;

д) ижрочиларда мусиқа маълумоти мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг (гувоҳномалар, аттестатлар, дипломлар) нусхалари - улар мавжуд бўлганда;

е) давлат мукофотлари, мукофотлар, совринлар ва шу кабилар олганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари - улар мавжуд бўлганда;

ж) лицензия талабгори томонидан тузилган ижрочиларнинг репертуари тўғрисидаги маълумотнома;

з) ижрочиларнинг малакаси тўғрисида янада аниқ тасаввурни шакллантириш мақсадида лицензия талабгори қўшимча равишда мустақил тақдим этишни хоҳлайдиган бошқа ҳужжатлар.


12. Лицензия талабгори - жисмоний шахс лицензия олиш учун лицензияловчи органнинг ҳудудий бўлимига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) лицензия бериш тўғрисида ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади:

фамилияси, исми, отасининг исми, лицензия талабгори шахсини тасдиқловчи ҳужжатга доир маълумотлар;

солиқ тўловчининг идентификация рақами;

жисмоний шахс амалга оширишни мўлжаллаётган лицензияланадиган фаолият тури (унинг қисми) ва кўрсатиб ўтилган фаолият тури (унинг қисми) амалга ошириладиган муддат;

б) лицензияловчи орган томонидан лицензия талабгори аризасини кўриб чиқиш учун лицензия талабгори томонидан йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

в) 4 х 6 ўлчамли 2 та фотосурат;

г) ижрочида мусиқа маълумоти мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг (гувоҳномалар, аттестатлар, дипломлар) нусхалари - улар мавжуд бўлганда;

д) давлат мукофотлари, мукофотлар, совринлар ва шу кабилар олганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари - улар мавжуд бўлганда;

е) лицензия талабгори томонидан тузилган ижрочининг репертуари тўғрисидаги маълумотнома;

ж) лицензия талабгорининг малакаси тўғрисида янада аниқ тасаввурни шакллантириш мақсадида лицензия талабгори қўшимча равишда мустақил тақдим этишни хоҳлайдиган бошқа ҳужжатлар.


13. Лицензия талабгоридан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларнинг тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.


14. Лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар лицензия талабгори томонидан лицензияловчи органнинг ҳудудий бўлимларига бевосита, олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома олинган ҳолда почта алоқа воситаси орқали ёки электрон шаклда тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар лицензия талабгорининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Лицензия олиш учун лицензияловчи органнинг ҳудудий бўлимларига тақдим этилган ҳужжатлар рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси кўрсатиб ўтилган орган томонидан ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).


15. Ишончсиз ёки бузилган маълумотлар тақдим этилганлиги учун лицензия талабгори қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



V. АРИЗАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ЛИЦЕНЗИЯ

БЕРИШ ЁКИ ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШНИ РАД ЭТИШ

ТЎҒРИСИДА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


16. Лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун қонун ҳужжатларида тўлов кунида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Лицензия талабгори берилган аризадан воз кечган тақдирда тўланган йиғим суммаси қайтариб берилмайди.


17. Лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда олинган кундан бошлаб йигирма бир кундан ошмайдиган муддатда қабул қилинади.


18. Лицензия бериш (муддатини узайтириш) тўғрисидаги ҳужжатларни кўриб чиқиш, улар бўйича хулосалар тайёрлаш ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳи томонидан амалга оширилади. Ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳининг мажлиси ўн беш кунда камида бир марта ўтказилади.

Лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда улар қабул қилинган кундан бошлаб уч кун мобайнида ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳининг кўриб чиқиши учун киритилади.

Ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳи тақдим этилган ҳужжатларни ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқади ва улар бўйича лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисида хулоса тайёрлайди. Хулоса ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳи мажлисининг баёни билан тасдиқланади ва гуруҳ раҳбари (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади.


19. Ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳи лицензия талабгорлари томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнида малака (профессионал) сифатларни баҳолайди ва ижрочиларни ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ малака талабларига биноан лицензиатларга аҳолига концерт-томоша хизматлари кўрсатиш ҳуқуқи берилишини назарда тутувчи аниқ рейтинг гуруҳларига (биринчи - олтинчи гуруҳлар) киритади.


20. Ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳи:

ҳар бир яккахон ижрочининг малакаси ва касб маҳорати даражасига боғлиқ равишда яккахон ижрочи - вокалистга ва унинг ансамбли аъзоларига - турли рейтинг гуруҳлари;

ижодий ва халқ бадиий жамоалари томонидан концерт-томоша фаолияти амалга оширилишида - умуман жамоага ва яккахон ижрочига рейтинг гуруҳи бериши мумкин.


21. Лицензияловчи орган беш кун муддатда ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳи хулосаси асосида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Лицензияловчи орган жойлардаги ҳудудий бўлимлар орқали лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун мобайнида хабардор қилади.

Лицензия бериш юзасидан қарор қабул қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига банк ҳисоб рақами реквизитлари, давлат божини тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади).


22. Лицензияловчи орган билан лицензиатнинг ўзаро ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгиловчи лицензия битимида қуйидагилар бўлиши керак:

битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;

томонларнинг реквизитлари;

рейтинг гуруҳи ва амалга оширилишига лицензия берилаётган фаолият тури (унинг қисми);

лицензиатларнинг аҳолига концерт-томоша хизматлари кўрсатиш ҳуқуқи;

лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;

лицензиянинг амал қилиш муддати;

лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

лицензиат томонидан лицензия битими талаблари ва шартлари бажарилишини лицензияловчи орган томонидан назорат қилиш тартиби.

Лицензия битими икки нусхада - лицензиат ва лицензияловчи орган учун бир нусхадан тузилади.


23. Лицензиялар жисмоний шахслар учун - 3-иловага мувофиқ шакл бўйича, юридик шахслар учун - 4-иловага мувофиқ шакл бўйича махсус бланкаларда расмийлаштирилади.

Лицензиялар бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади. Лицензиялар бланкалари лицензияловчи органнинг буюртмаси бўйича "Давлат белгиси" давлат-ишлаб чиқариш бирлашмасида матбаа усулида тайёрланади. Лицензияловчи орган раҳбари лицензия бланкалари ҳисобга олиниши, сақланиши ва улардан мақсадли фойдаланилиши учун белгиланган тартибда шахсан жавоб беради.

Лицензиялар лицензия талабгори томонидан давлат божи тўланганини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан ва у лицензия битимини имзолагандан кейин уч кун муддатда расмийлаштирилади ва берилади.


24. Агар лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб уч ой мобайнида лицензияловчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса ёхуд лицензия битимини имзоламаса, лицензияловчи орган лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.


25. Лицензия бериш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида белгиланган асослар бўйича рад этилиши мумкин.

Лицензия талабгори лицензия бериш рад этилиши тўғрисидаги қарор, шунингдек лицензияловчи орган мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.


26. Лицензия беришнинг рад этилиши тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни такроран кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги билдиришномада кўрсатилган муддат аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.


27. Лицензия бериш рад этилишига асос бўлган сабаблар лицензия талабгори томонидан бартараф этилган тақдирда, ҳужжатлар лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда олинган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда такроран кўриб чиқилади.

Бунда такроран тақдим этилган ҳужжатлар ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳига кўриб чиқиш учун улар қабул қилиб олинган кунда тақдим этилади.

Ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳи тақдим этилган ҳужжатларни беш кундан ошмайдиган муддатда қайта кўриб чиқади ва улар бўйича лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида эксперт хулосаси тайёрлайди.

Лицензияловчи орган ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳи хулосаси асосида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида тўрт кун муддатда қарор қабул қилади.


28. Лицензия талабгорининг аризаси қайта кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Лицензия талабгорининг аризасини қайта кўриб чиқишда илгари лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.



VI. ЛИЦЕНЗИЯНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ,

УНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИНИ

УЗАЙТИРИШ, ДУБЛИКАТ БЕРИШ


29. Лицензиат - юридик шахс ўзгартирилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда лицензияловчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

Лицензиат - жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ёки турар жойи ўзгарган тақдирда лицензиат қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда лицензияловчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза бериши шарт.

Янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга юридик шахслар - лицензиатлар қўшиб юборилган тақдирда, лицензияни ушбу банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган тартибда қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.

Лицензиянинг амал қилиши лицензияланадиган фаолият турининг бир қисми турлари (класслари) учун тўхтатилган тақдирда, лицензия қайта расмийлаштирилади.

30. Лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар лицензиат лицензияда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.


31. Лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензияловчи орган лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Лицензияларни қайта расмийлаштириш лицензияловчи орган томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияларни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза олинган кундан ёки лицензиянинг амал қилишини лицензияланадиган фаолият турининг бир қисми (қисмлари) учун тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб беш кун мобайнида амалга оширилади.

Лицензияни қайта расмийлаштиришда йиғим ундирилмайди.


32. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензиатнинг аризасига кўра амалга оширилади. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза лицензияловчи органга лицензиянинг амал қилиш муддати ўтгунга қадар икки ойдан кечикмай берилиши керак. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензия бериш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади.


33. Амал қилиш муддати ўтмаган йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига лицензиатнинг аризасига кўра унинг дубликати берилиши мумкин.

Лицензияларнинг дубликатларини беришда йиғим ундирилмайди.



VII. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИГА

РИОЯ ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


34. Лицензиат томонидан лицензия шартлари ва талабларига риоя этилишини назорат қилиш лицензияловчи орган ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


35. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилишни амалга оширишда лицензияловчи орган ва унинг ҳудудий бўлинмалари ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текшириш;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар юзасидан лицензиатдан зарур ахборотни сўраш ва олиш;

текширишлар натижалари асосида, лицензия талаблари ва шартларининг лицензиат томонидан аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатнома (маълумотнома)лар тузиш;

лицензиатга аниқланган талаблар ва шартлар бузилишини бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай талаблар ва шартлар бузилишини бартараф этиш муддатларини белгилаш;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ёки лицензияни бекор қилиш тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қарор чиқариш ёки судга мурожаат қилиш.


36. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текширишда лицензияловчи органнинг ва (ёки) унинг ҳудудий бўлинмаларининг текширувчи ходимлари томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, уларнинг биттаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси лицензияловчи органда ёки унинг ҳудудий бўлимида қолади.



VIII. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ ТЎХТАТИБ

ТУРИШ, ТЎХТАТИШ, ЛИЦЕНЗИЯНИ БЕКОР ҚИЛИШ


37. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, уни бекор қилиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22 - 24-моддаларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.

Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, уни бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиш мумкин. Суд томонидан лицензияловчи органнинг қарори асоссиз деб эътироф этилган тақдирда лицензияловчи орган лицензиат олдида унинг кўрган зарари миқдорида жавоб беради.



IX. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИ


38. Лицензияловчи орган концерт-томоша фаолиятининг лицензиялар реестрини юритади.

Лицензиялар реестрида лицензиатлар тўғрисида қуйидаги асосий маълумотлар кўрсатилиши керак:

юридик шахслар учун - юридик шахснинг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефони, солиқ тўловчининг идентификация рақами;

жисмоний шахслар учун - лицензиатнинг фамилияси, исми, отасининг исми, унинг паспортига оид маълумотлар, уй манзили, телефони, солиқ тўловчининг идентификация рақами;

лицензиялар берилган сана ва тартиб рақами;

лицензияларнинг амал қилиш муддати;

лицензияларни қайта расмийлаштириш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тиклашнинг асослари ва санаси;

лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;

лицензияларни бекор қилишнинг асослари ва санаси;

дубликат беришнинг асослари ва санаси.


39. Лицензияларнинг реестрларида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиб чиқиш учун очиқ бўлади.



Х. ДАВЛАТ БОЖИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ.

ЛИЦЕНЗИЯЛАШДАН ТУШГАН МАБЛАҒЛАРДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


40. Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия олган жисмоний шахслар ўзларига берилган рейтинг гуруҳига боғлиқ равишда табақалаштирилган миқдорда давлат божи тўлайдилар.

Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия олган юридик шахслар ҳар бир ижрочига берилган рейтинг гуруҳига боғлиқ равишда табақалаштирилган миқдорларда давлат божи тўлайдилар.

Давлат божи миқдори ҳар бир лицензия талабгори учун унга берилган рейтинг гуруҳига боғлиқ равишда белгиланади.


41. Давлат божи лицензия талабгорлари томонидан лицензияловчи органнинг махсус ҳисоб рақамига тўланади ва қуйидаги тартибда тақсимланади:

30 фоизи - республика бюджетига;

70 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг ҳисоб рақамига.

Давлат божи ставкалари ўзгарганда тўланиши лозим бўлган давлат божи лицензиянинг ставкалар ўзгаргандан кейинги амал қилиш даври учун қайта ҳисоблаб чиқилади.

Давлат божи лицензия берилган муддат мобайнида ҳам бирйўла ва ҳам чораклар бўйича тўланиши мумкин.

Лицензиат илгари давлат божи тўланган давр тамом бўлган пайтдан бошлаб уч ой мобайнида навбатдаги давр учун давлат божи тўламаган тақдирда лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш чораларини кўради, айни пайтда лицензия амал қилишининг барча даври учун тўланмаган давлат божини белгиланган тартибда ундириб олади.

42. Давлат божини чораклар бўйича тўлашда лицензиянинг амал қилиши тўхтатилганда ёки лицензия бекор қилинганда тўланган давлат божи қайтарилмайди.

Давлат божи бир йўла тўланганда ёки давлат божи бир йилга тўланганда йил чорагида (чоракларида) фойдаланилмаганлиги учун давлат божининг фойдаланилмаган суммасини қайтариш лицензиатнинг ёзма аризаси асосида тўловни қайтариш тўғрисидаги ариза берилган санадан бошлаб ўттиз иш куни мобайнида амалга оширилади.

43. Концерт-томоша фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига лицензия бериш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш учун тушадиган маблағлар суммаси тўлиқ миқдорда лицензияловчи орган ҳудудий бўлинмаларининг талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб рақамларига ўтказилади.


44. Лицензия талабгорлари ва лицензиатларнинг аризалари кўриб чиқилганлиги учун тушган маблағлар лицензияловчи органнинг ҳудудий бўлинмаларини сақлаб туришга йўналтирилади.




Низомга

1-ИЛОВА



Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш

СХЕМАСИ

Босқичлар




Субъектлар




Тадбирлар



Бажариш

муддатлари


1-босқич



Лицензия талабгори - юридик ва жисмоний шахс



       

1. Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомда назарда тутилган рўйхатга мувофиқ лицензия олиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлайди.

2. "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмасига ҳужжатларни олганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан бевосита, почта алоқа воситаси орқали ёки электрон шаклда тақдим этади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар лицензия талабгорининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

          


лицензия талабгори хоҳишига кўра































2-босқич



"Ўзбекконцерт" давлат  муасасасининг ҳудудий бўлимлари



       

1. "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси ҳудудий бўлимининг масъул ходими ҳужжатларни рўйхат бўйича қабул қилади, унинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилинган сана кўрсатилган ҳолда ариза берувчига (берилади) юборилади.

2. Ҳужжатларни кўриб чиқиш учун ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳига киритади.

         


зарур ҳужжатлар олинган кундан бошлаб 3 кундан ошмайдиган муддатда




























3-босқич



Ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳи



        

1. Тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва улар бўйича лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида хулоса тайёрлайди.

2. Хулоса ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳи баёни билан тасдиқланади ва гуруҳ раҳбари (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади.

        


ҳужжатлар олинган кундан бошлаб 10 кундан ошмайдиган муддатда агар ҳужжатлар такрор тақдим этилса, 5 кун мобайнида





























4-босқич



"Ўзбекконцерт" давлат  муасасаси



         

1. Ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳи хулосаси асосида лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

2. Ўзининг ҳудудий бўлими орқали қабул қилинган қарор тўғрисида лицензия талабгорини ёзма равишда хабардор қилади.

3. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори ҳужжатларни такрор кўриб чиқиш учун тақдим қилиш мумкин бўлган, кўрсатилган сабабларни бартараф этиш учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ёзма билдиришнома юборилади (топширилади).

4. Реестрга тегишли ёзувни киритади.

          


1 - Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши ҳузуридаги ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳининг хулосаси олинган кундан бошлаб 5 кун мобайнида.

2, 3, 4 -тегишли қарор қабул қилингандан кейин 3 кун мобайнида

































Лицензиат



      

Лицензияловчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади ва лицензия битимини имзолайди. Ушбу шартлар бажарилмаган тақдирда лицензияловчи орган лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.

        


лицензия талабгорига лицензия бериш ҳақида қарор қабул қилинганлиги тўғрисида хабарнома юборилган вақтдан бошлаб уч ойдан кечикмай






















5-босқич












Лицензия талабгори



      

1. Лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда ҳужжатларни такроран тақдим этиш ҳуқуқига эга.

2. Лицензия талабгорларининг аризалари қайта кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

3. Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.

          


лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган муддатда, бироқ уч ойдан ошмайдиган муддатда





































6-босқич



"Ўзбекконцерт" давлат  муасасаси



         

1. Лицензиат томонидан лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилган ҳамда лицензия битими имзоланган тақдирда тегишли лицензия бланкаларини расмийлаштиради.

2. Расмийлаштирилган лицензия лицензиатга лицензияловчи орган томонидан берилади.

        


лицензия битими имзолангандан ва давлат божи тўлангандан кейин уч кун муддатда


















             





Низомга

2-ИЛОВА



Лицензиялаш мезонлари ва ижрочиларнинг рейтинг

гуруҳларини белгилаш бўйича малака талаблари,

лицензиатларнинг аҳолига концерт-томоша

хизматлари кўрсатишга

ҲУҚУҚЛАРИ

Рейтинг гуруҳ-

лари


Мезонлар


Мезонлар бўйича малака талаблари


Лицензиатларнинг аҳолига

концерт-томоша хизматлари

кўрсатишга ҳуқуқлари


I

1. Ижодий мақоми:

концерт-томоша фаолияти соҳасида талаб даражаси.

2. Ижрочилик маҳорати ва репертуари:

яратилган қўшиқларнинг сони ва сифати.

3. Мукофотларнинг мавжудлиги, танловлар ва кўрикларда иштироки.


Ижодий мақоми бўйича:

а) камида 5 йил мобайнида мунтазам равишда яккахон ижрочи концертлари ўтказиш;

б) концерт-томоша фаолияти соҳасида ижрочилар ёки ижодий жамоаларга талаб даражаси.

Ижрочилик маҳорати ва репертуари бўйича:

а) ижодий фаолият давомида камида 5 та альбом чиқариш;

б) атоқли ёзувчилар, бастакорлар ва аранжировкачилар билан ўзаро ҳамкорлик.

Мукофотларнинг мавжудлиги, танловлар ва кўрикларда иштироки бўйича:

"Ўзбекистон Республикаси халқ артисти", "Ўзбекистон Республикаси халқ ҳофизи", "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист" ва бошқа фахрий унвонлари мавжудлиги;

республика ва халқаро даражадаги танловлар, кўриклар ғолиби дипломлари, улар мавжуд бўлганда.


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида яккахон концерти ташкил этиш;

битта жанрнинг икки ва ундан кўп ижрочилари иштирокидаги концерт дастурида, турли жанрлар йўналишларининг бир нечта ижрочилари иштирокидаги концерт дастурида қатнашиш;

оммавий ахборот воситаларида қўшиқлар ва видеоклипларни тақдим этиш.


II

1. Ижодий мақом:

концерт-томоша фаолияти соҳасида талаб даражаси.

2. Ижрочилик маҳорати ва репертуари:

яратилган қўшиқларнинг сони ва сифати.

3. Мукофотларнинг мавжудлиги, танловлар ва кўрикларда иштироки.


Ижодий мақоми бўйича:

а) камида 3 йил мобайнида мунтазам равишда концерт дастурларида қатнашиш;

б) концерт-томоша фаолияти соҳасида ижрочилар ёки ижодий жамоаларга талаб даражаси.

Ижрочилик маҳорати ва репертуари бўйича:

а) ижодий фаолият давомида камида 3 та альбом чиқариш;

б) ижрочилик маҳорати, мусиқалар ва қўшиқлар сўзлари даражаси;

в) ёзувчилар, бастакорлар ва аранжировкачилар билан ўзаро ҳамкорлик.

Мукофотларнинг мавжудлиги, танловлар ва кўрикларда иштироки бўйича:

"Ўзбекистон Республикаси халқ артисти", "Ўзбекистон Республикаси халқ ҳофизи", "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист", "Ниҳол" Давлат мукофоти ва бошқа фахрий унвонлари мавжудлиги;

республика ва халқаро даражадаги танловлар, кўриклар ғолиби дипломлари - улар мавжуд бўлганда.


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яккахон концерти ташкил этиш;

битта жанрнинг икки ва ундан кўп ижрочилари иштирокидаги концерт дастурида, турли жанрлар йўналишларининг бир нечта ижрочилари иштирокидаги концерт дастурида қатнашиш;

оммавий ахборот воситаларида қўшиқлар ва видеоклипларни тақдим этиш.


III

1. Ижодий мақом:

концерт-томоша фаолияти соҳасида талаб даражаси.

2. Ижрочилик маҳорати ва репертуари:

а) яратилган қўшиқларнинг сони ва сифати;

б) мусиқалар ва қўшиқлар сўзлари даражаси.

3. Мукофотларнинг мавжудлиги, танловлар ва кўрикларда иштироки.


Ижодий мақоми бўйича:

а) камида 1 йил мобайнида мунтазам равишда концерт дастурларида қатнашиш;

б) концерт-томоша фаолияти соҳасида ижрочилар ёки ижодий жамоаларга талаб даражаси.

Ижрочилик маҳорати ва репертуари бўйича:

а) ижодий фаолият давомида камида 1 та альбом чиқариш;

б) ижрочилик маҳорати, мусиқалар ва қўшиқлар сўзлари даражаси;

в) ёзувчилар, бастакорлар ва аранжировкачилар билан ўзаро ҳамкорлик.

Мукофотларнинг мавжудлиги, танловлар ва кўрикларда иштироки бўйича:

"Ниҳол" Давлат мукофоти ва бошқалар мавжудлиги;

Республика ва халқаро даражадаги танловлар, кўриклар ғолиби дипломлари - улар мавжуд бўлганда.


битта жанрнинг икки ва ундан кўп ижрочилари иштирокидаги концерт дастурида, турли жанрлар йўналишларининг бир нечта ижрочилари иштирокидаги концерт дастурида қатнашиш;

оммавий ахборот воситаларида қўшиқлар ва видеоклипларни тақдим этиш.


IV

1. Ижрочилик маҳорати ва репертуари:

а) ижрочилик маҳорати;

б) яратилган қўшиқларининг сони ва сифати;

в) мусиқалар ва қўшиқлар сўзлари даражаси.


Ижрочилик маҳорати ва репертуари бўйича:

а) ижрочилик маҳорати, шу жумладан солистларни жонли овозда эшитиш йўли билан баҳоланадиган уларнинг маҳорати;

б) ўзига хос истеъдоди, талантининг мавжудлиги;

в) камида 2 та қўшиғининг мавжудлиги;

г) мусиқалар ва қўшиқлар сўзлари даражаси, ёзувчилар, бастакорлар ва аранжировкачилар билан ўзаро ҳамкорлик.


битта жанрнинг икки ва ундан кўп ижрочилари иштирокидаги концерт дастурида, турли жанрлар йўналишларининг бир нечта ижрочилари иштирокидаги концерт дастурида қатнашиш;

оммавий ахборот воситаларида қўшиқлар ва видеоклипларни тақдим этиш.


V

1. Ижодий мақом:

хизматлар бозорида ижрочилар ва ижодий жамоаларга талаб даражаси.

2. Ижрочилик маҳорати ва репертуари:

а) ижрочилик маҳорати;

б) мусиқалар ва қўшиқлар сўзлари даражаси.


Ижодий мақоми бўйича:

камида 1 йил тўйларда, юбилейларда ва бошқа тантаналарда концерт хизматлари кўрсатиш.

Ижрочилик маҳорати ва репертуари бўйича:

а) ўзига хос истеъдоди, талантининг мавжудлиги;

б) ижрочилик маҳорати;

в) ҳаваскорлик санъати.


тўйларда, юбилейларда ва бошқа тантаналарда концерт хизмати кўрсатиш (ресторанларда, барларда, қаҳвахоналарда ва хусусий уйларда тўйлар, юбилейлар ва бошқа тантаналарга концерт хизматлари кўрсатиш), жумладан ҳордиқ чиқариш ташкилотларида (клубларда, дискотекаларда, ресторанларда, барларда ва қаҳвахоналарда) концерт хизматлари кўрсатиш.


VI

1. Ижрочилик маҳорати ва репертуари:

а) ижрочилик маҳорати;

б) мусиқалар ва қўшиқлар сўзлари даражаси.


Ижрочилик маҳорати ва репертуари бўйича:

а) ўзига хос истеъдоди, талантининг мавжудлиги;

б) ижрочилик маҳорати;

в) ҳаваскорлик санъати.


          

Изоҳлар:

Ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳи лицензиатларнинг рейтинг гуруҳларини кўтариш ёки пасайтиришга ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилишда қуйидаги кўрсаткичларга асосланади:

концерт-томоша фаолияти соҳасида ва аҳоли ўртасида талаб ва таклиф даражасининг ўсиши ва камайиши;

давлат мукофоти, турли профессионал мукофотлар олиши;

белгиланган мезонлар ва малака талабларига мувофиқ келмаслиги;

касбий касалликлари сабабли бир йилдан ортиқ фаолият юритмаслиги.

Концерт-томоша тадбирлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.






Низомга

3-ИЛОВА



(Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири)


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

"ЎЗБЕККОНЦЕРТ" ДАВЛАТ МУАССАСАСИ

Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи


ЛИЦЕНЗИЯ

(Ижрочи-жисмоний шахс учун)

Серия AA

№ 0000

Тошкент ш.

Берилган сана "___" __________ 20__ йил

"Ўзбекконцерт" давлат муассасасининг 20__ йил "___" ____________даги _______-сон ___________ буйруғи асосида _____________________________

           

(лицензия эгасининг Ф.И.О.)

             

(лицензия эгасининг яшаш манзили, паспорт маълумотлари, СТИР)

       

      

       

концерт-томоша фаолиятининг


      

      

            

қисми бўйича фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи берилди.

Амал қилиш муддати:


Ваколатли шахс



                      M.Ў.


Реестр бўйича тартиб рақами _____________






Низомга

4-ИЛОВА



(Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири)


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

"ЎЗБЕККОНЦЕРТ" ДАВЛАТ МУАССАСАСИ

Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи

ЛИЦЕНЗИЯ

(Ижодий жамоа-юридик шахс учун)

Серия AY

№ 0000

Тошкент ш.

Берилган сана "___" __________ 20__ йил

"Ўзбекконцерт" давлат муассасасининг 20__ йил "___" ____________даги _______-сон ___________ буйруғи асосида _____________________________

              

(юридик шахснинг номи, почта манзили, СТИР)

           

(ижодий жамоа аъзоларининг Ф.И.О.)

        

        

      

концерт-томоша фаолиятининг


      

     

       

қисми бўйича фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи берилди.

Амал қилиш муддати:


Ваколатли шахс



                      M.Ў.


Реестр бўйича тартиб рақами _____________



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 14 декабрь, 49-сон, 613-модда