язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Хўжалик судлари томонидан айрим қонун актларини қўллаш масалалари/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 27.11.2015 й. 290-сон "Акциядорлик ва бошқа хўжалик жамиятлари томонидан улар ҳақидаги ахборотни ошкор қилишнинг белгиланган тартиби бузилган ҳолда амалга оширилган (қабул қилинган) битимларни (қарорларни) ҳақиқий эмас деб топишнинг айрим масалалари тўғрисида"ги қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

27.11.2015 й.

N 290



АКЦИЯДОРЛИК ВА БОШҚА ХЎЖАЛИК

ЖАМИЯТЛАРИ ТОМОНИДАН УЛАР ҲАҚИДАГИ

АХБОРОТНИ ОШКОР ҚИЛИШНИНГ БЕЛГИЛАНГАН

ТАРТИБИ БУЗИЛГАН ҲОЛДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН

(ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН) БИТИМЛАРНИ (ҚАРОРЛАРНИ)

ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИШНИНГ АЙРИМ

МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Акциядорлик ва бошқа хўжалик жамиятлари томонидан улар ҳақидаги ахборотни ошкор қилишнинг белгиланган тартиби бузилган ҳолда амалга оширилган (қабул қилинган) битимларни (қарорларни) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низоларни ҳал этишда хўжалик судлари томонидан қонун ҳужжатлари нормаларининг тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 47-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судлар акциядорлик ва бошқа хўжалик жамиятлари томонидан улар ҳақидаги ахборотни ошкор қилишнинг белгиланган тартиби бузилган ҳолда амалга оширилган (қабул қилинган) битимларни (қарорларни) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низоларни ҳал этишда ахборотни ошкор қилиш ҳақидаги талаблар:

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси;

"Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги, "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги, "Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги ҳамда "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 2 июлдаги 176-сонли қарори билан тасдиқланган Акциядорлик жамиятларининг корпоратив веб-сайтларига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низом;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2012 йил 31 июлда 2383-сон билан рўйхатга олинган Қимматли қоғозлар бозорида ахборот тақдим этиш ва эълон қилиш қоидаларида назарда тутилганлигини инобатга олиши зарур.

Судлар инобатга олишлари лозимки, мазкур қарорда акциядорлик ва бошқа хўжалик жамиятлари - қимматли қоғозлар эмитентларининг қарорлари, битимлари юзасидан низолашилаётганда судлар томонидан ахборотни ошкор қилишга оид талабларни назарда тутувчи қонун ҳужжатлари нормаларининг қўлланилиши тўғрисида тушунтириш берилган.


2. Ахборотни ошкор қилиш деганда, қимматли қоғозлар бозорида манфаатдор шахсларнинг ахборотни қайси мақсадда олишидан қатъи назар, ахборотдан унинг топилиши ва олинишини кафолатлайдиган шаклларда фойдаланишини таъминлаш тушунилади.

Судларнинг эътибори қаратилсинки, "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 43-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи, қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари, шу жумладан, микрофирмалар ва кичик корхоналар ахборотни:

оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш;

ҳисоботлар, маълумотлар ва бошқа ахборот тақдим этиш орқали ошкор қилади.


3. "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 44-моддасига мувофиқ эмитент (давлат қимматли қоғозлари эмитенти бундан мустасно) ахборотни:

қимматли қоғозлар эмиссия рисоласида;

эмитентнинг йилнинг ҳар чорагидаги ва йиллик ҳисоботида;

эмитентнинг фаолиятидаги муҳим фактлар тўғрисидаги хабарларда ошкор қилади.

Бунда, эмитент деганда, эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқарувчи ва улар юзасидан қимматли қоғозларнинг эгалари олдида мажбуриятлари бўлган юридик шахс тушунилади.


4. Қимматли қоғозлар эмиссия рисоласининг мазмунига, эмитентнинг йилнинг ҳар чорагидаги ва йиллик ҳисоботига талаблар ҳамда эмитентнинг фаолиятидаги муҳим фактларнинг рўйхати "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 44-моддасида келтирилган.

Эмитентнинг йилнинг ҳар чорагидаги ва йиллик ҳисоботининг мазмунига, эмитентнинг фаолиятидаги муҳим фактларга қўшимча талаблар ҳамда муҳим фактларнинг юзага келиш пайти Қимматли қоғозлар бозорида ахборот тақдим этиш ва эълон қилиш қоидалари билан белгиланган.

Судларнинг эътибори қаратилсинки, "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг юқорида кўрсатилган моддасида келтирилган ошкора қилинадиган маълумотлар рўйхати тугал эмас, чунки эмитент қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ахборотни ҳам ошкор қилиши мумкин.


4.1. "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ:

жамият устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай ўз кредиторларини бу ҳақда ёзма шаклда хабардор қилади (20-модда);

жамият акцияларнинг ёки акцияларга айирбошланадиган эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан ўн кун ичида оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш орқали ўзининг имтиёзли ҳуқуққа эга бўлган акциядорларига акцияларни ёки акцияларга айирбошланадиган эмиссиявий қимматли қоғозларни мазкур акциядорларда мавжуд бўлган акциялар сонига мутаносиб равишда тенг шартларда, қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисида қарор қабул қилган жамиятнинг бошқарув органи томонидан белгиланган жойлаштириш нархи бўйича олишни таклиф этиши шарт (36-модданинг биринчи қисми);

акциялар олинадиган муддат бошланишига кечи билан ўн кун қолганда жамият муайян турдаги акцияларининг эгалари бўлган акциядорларни жамият томонидан акциялар олиниши тўғрисида оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш ва ўз расмий веб-сайтида жойлаштириш орқали хабардор этиши шарт (37-модданинг еттинчи қисми);

жамият акциядорларни ўзларига тегишли акцияларнинг жамият томонидан қайтариб сотиб олинишини талаб қилиш ҳуқуқи мавжудлиги, қайтариб сотиб олиш нархи ва қайтариб сотиб олишни амалга ошириш тартиби тўғрисида хабардор этиши шарт (41-модданинг биринчи қисми);

жамият жамиятнинг акциядорлари реестрини шакллантириш тўғрисидаги топшириқларга имзо қўйиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар ҳақида Марказий депозитарийни ёзма шаклда хабардор қилиши шарт (44-модданинг иккинчи қисми);

жамият тўланадиган дивидендлар миқдори тўғрисидаги маълумотларни қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг ва жамиятнинг расмий веб-сайтларида қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда эълон қилади (55-модда);

акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги хабар акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида йигирма бир кундан кечиктирмай, лекин узоғи билан ўттиз кун олдин Корпоратив ахборотнинг ягона порталида, жамиятнинг расмий веб-сайтида, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади, шунингдек акциядорларга электрон почта орқали юборилади (62-модданинг биринчи қисми);

қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай жамият ўз кредиторларини бу ҳақда ёзма шаклда хабардор этади (92-модданинг олтинчи қисми);

тугатувчи жамиятнинг тугатилиши ҳақида оммавий ахборот воситаларида эълон беради. Жамиятни ихтиёрий равишда тугатиш тўғрисидаги эълон рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан унинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади (99-модданинг биринчи қисми).

4.2. "Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ:

жамият ўз устав фондини (устав капиталини) камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан ўттиз кун ичида жамиятнинг устав фонди (устав капитали) камайтирилгани ва унинг янги миқдори ҳақида жамиятнинг ўзига маълум бўлган барча кредиторларини ёзма равишда хабардор қилиши, шунингдек қабул қилинган қарор тўғрисида оммавий ахборот воситаларида хабар эълон қилиши шарт (19-модданинг саккизинчи қисми);

жамиятни қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан, жамият қўшиб юбориш ёки бирлаштириш шаклида қайта ташкил этилганда эса, бу ҳақда қўшилишда ёки бирлаштиришда иштирок этаётган жамиятлардан охиргиси томонидан қарор қабул қилинган санадан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай жамият бу ҳақда жамиятнинг ўзига маълум барча кредиторларини ёзма равишда хабардор қилиши ва қабул қилинган қарор ҳақида оммавий ахборот воситаларида хабар эълон қилиши шарт (49-модданинг олтинчи қисми).


4.3. "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 26-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ акциядорлик жамиятлари, шунингдек суғурта компаниялари, банклар ва бошқа молия ташкилотлари ҳар йилги молиявий ҳисоботни акциядорларнинг ёки бухгалтерия ҳисоби субъектининг бошқа юқори бошқарув органининг йиллик умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида икки ҳафта олдин ижобий аудиторлик хулосаси билан бирга эълон қилиши шарт.

5. "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 64-моддаси ва "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 32-моддаси қимматли қоғозлар бозори ва бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлишини назарда тутади.

Судлар инобатга олишлари керакки, акциядорлик ва бошқа хўжалик жамиятлари томонидан ахборотни ошкор қилишнинг белгиланган тартибининг бузилганлиги нафақат жамиятнинг мансабдор шахсини маъмурий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади, балки у қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда умумий йиғилиш қарори ва (ёки) жамият томонидан тузилган битимни ҳақиқий эмас деб топиш каби оқибатларни ҳам келтириши мумкин.


6. Судларнинг эътибори қаратилсинки, ахборотни ошкор қилишнинг белгиланган тартибининг ҳар қандай бузилиши ҳам умумий йиғилиш қарорини ва (ёки) жамият томонидан тузилган битимни ҳақиқий эмас деб топишга олиб келмайди.


7. Судларнинг эътибори қаратилсинки, ахборотни ошкор қилишнинг белгиланган тартибининг бузилганлиги сабаби билан умумий йиғилишнинг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш учун:

йиллик молиявий ҳисоботни мажбурий эълон қилиш тўғрисидаги талабга риоя қилмаслик;

умумий йиғилиш ўтказиш санаси, вақти ва жойи тўғрисида акциядорларга, жамият иштирокчиларига хабар бериш тартибини бузиш;

йиғилишнинг кун тартибига киритилмаган масала бўйича қарор қабул қилиш асос бўлиши мумкин.


7.1. Йиллик молиявий ҳисоботни мажбурий эълон қилиш талабига риоя этмаслик деганда,

йиллик молиявий ҳисоботни қонунда белгиланган муддатларда эълон қилмаслик;

йиллик молиявий ҳисоботнинг ишончлилиги аудиторлар томонидан тасдиқланмаган ҳолда;

акциядорларнинг умумий йиғилиши муҳокамасига тақдим этилган ҳисобот ўрнига бошқа ҳисобот;

қонун ҳужжатлари билан ҳисоботнинг мазмунига қуйилган талабларга жавоб бермайдиган йиллик молиявий ҳисоботнинг эълон қилиниши тушунилиши лозим.


7.2. Умумий йиғилиш ўтказиш санаси, вақти ва жойи тўғрисида акциядорларга, жамият иштирокчиларига хабар бериш тартибини бузиш деганда:


а) акциядорлик жамияти бўйича:

акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида йигирма бир кундан кечиктирмай, лекин узоғи билан ўттиз кун олдин Корпоратив ахборотнинг ягона порталида, жамиятнинг расмий веб-сайтида, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинмаганлиги, шунингдек акциядорларга электрон почта орқали юборилмаганлиги;

жамият томонидан давлат вакилининг акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида етти кун олдин ёзма шаклда хабардор қилинмаганлиги, агар давлат томонидан жамиятни бошқаришда иштирок этишга бўлган махсус ҳуқуқ жорий этилган бўлса;


б) масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар бўйича:

жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишини ўтказишдан камида ўттиз кун олдин жамиятнинг ҳар бир иштирокчиси жамият иштирокчиларининг рўйхатида кўрсатилган манзил бўйича буюртма хат билан ёки жамиятнинг уставида назарда тутилган бошқа усулда хабардор қилинмаганлиги;

хабарномада жамият иштирокчиларининг умумий йиғилиши ўтказиладиган вақт ва жой, шунингдек таклиф қилинаётган кун тартиби кўрсатилмаганлиги;

жамият иштирокчиларининг таклифига биноан жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг дастлабки кун тартибига ўзгартишлар киритилган бўлса, жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишини чақирувчи орган ёки шахслар умумий йиғилиш ўтказиладиган кундан камида ўн кун олдин кун тартибига киритилган ўзгартишлар ҳақида жамиятнинг барча иштирокчилари хабардор қилинмаганлиги тушунилиши лозим.


7.3. Йиғилишнинг кун тартибига киритилмаган масала бўйича қарор қабул қилиш деганда, акциядорларнинг умумий йиғилишининг кун тартибига киритилмаган масалалар бўйича қарор қабул қилиш, масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар бўйича эса - жамият иштирокчиларига хабар қилинмаган масалалар бўйича қарорлар қабул қилинганлигини тушуниш лозим, бунда мазкур умумий йиғилишда жамиятнинг барча иштирокчилари қатнашаётган ҳоллар мустасно.


7.4. Судлар назарда тутишлари керакки, йиллик молиявий ҳисоботни мажбурий эълон қилиш талабини бузганлик учун акциядорлар умумий йиғилишининг ҳар қандай қарори эмас, балки йиллик ҳисобот тасдиқланган қароригина ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.


7.5. Умумий қоидага кўра умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаб узрли сабаб билан акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этмаган ва (ёки) бундай қарорга қарши овоз берган акциядор томонидан билдирилиши мумкин. Ушбу қоидадан йиллик молиявий ҳисоботни мажбурий эълон қилиш тартиби бузилганлиги сабабли умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаб, агар акциядорга қарорни қабул қилиш учун овоз берган пайтида бу ҳолат маълум бўлмаган бўлса, мустасно ҳисобланади. Ушбу ҳолатда умумий йиғилишнинг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаб қарорнинг қабул қилиниши учун овоз берган акциядор томонидан билдирилиши мумкин.


8. Ахборотни ошкор қилишнинг белгиланган тартиби бузилганлиги натижасида акциядорлик ва бошқа хўжалик жамияти томонидан тузилган битимни ҳақиқий эмас деб топиш учун:

акциядорлик жамиятининг корпоратив веб-сайтида жойлаштирилган ишончсиз ахборот;

фонд биржасининг биржа котировкаси варағига қимматли қоғозлари киритилган эмитент томонидан фонд биржасининг расмий веб-сайтида ошкора этилган ишончсиз ахборот;

аффилланган шахс томонидан жамиятни ўзининг жамият билан аффилланганлиги тўғрисида хабардор қилмаслик асос бўлиши мумкин.


8.1. Акциядорлик жамиятларининг корпоратив веб-сайтларига қўйиладиган талаблар тўғрисидаги низомнинг 3-бандида жамиятнинг корпоратив веб-сайтида жойлаштирилиши лозим бўлган маълумотлар (ахборот) санаб ўтилган.

Агар битим юзасидан низолашаётган тараф бундай битимни жамиятнинг корпоратив веб-сайтида жойлаштирилган ахборотга асосланган ҳолда тузганлигини исботласа, акциядорлик жамияти билан тузилган битим жамиятнинг корпоратив веб-сайтида жойлаштирилган ахборотнинг ишончсизлиги асосида ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Бундай ҳолда битим Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 122-моддасига асосан янглишиш таъсирида тузилган сабабли ҳақиқий эмас деб топилади.

Судлар эътиборга олишлари лозимки, кўрсатилган асос бўйича битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талабни фақат янглишиш таъсирида ҳаракат қилган битим тарафи билдириши мумкин.


8.2. "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 44-моддасининг саккизинчи қисмига асосан агар эмитентнинг қимматли қоғозлари фонд биржасининг листингига киритилган бўлса, ушбу моддада назарда тутилган ахборотни мажбурий равишда ошкор қилиш фонд биржасининг расмий веб-сайтида амалга оширилади.

Фонд биржасининг листингига қимматли қоғозлари киритилган эмитент билан тузилган битим фонд биржасининг расмий веб-сайтида жойлаштирилган ахборотнинг ишончсизлиги асосида ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Бундай ҳолда битим Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 122-моддасига асосан янглишиш таъсирида тузилганлиги сабабли ҳақиқий эмас деб топилади.

Судлар эътиборга олишлари лозимки, кўрсатилган асос билан фақат эмитентнинг қимматли қоғозлари олди-сотдиси билан боғлиқ битим ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин ва бундай талабни фақат ушбу битимнинг тарафи билдиришга ҳақли.


8.3. "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 86-моддасининг биринчи қисмига асосан аффилланган шахс жамият билан битим тузишда аффилланган эканлиги тўғрисида тузилиши кутилаётган битим ҳақидаги маълумотларни, шу жумладан, битимда иштирок этаётган шахслар, битим предмети тўғрисидаги маълумотларни, тегишли шартноманинг муҳим шартларини батафсил кўрсатган ҳолда ёзма билдириш юбориш орқали жамиятни хабардор этиши шарт.

Аффилланган шахс аффилланганлиги тўғрисида жамиятни хабардор қилмаганлиги жамият томонидан қайд этилган Қонунда манфаатдорлик бўлган битимларни тузишга қўйилган талабларга риоя этилмаслигига олиб келади, бу эса бундай битимни ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўлади.

Тузилишидан манфаатдорлик бўлган битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаб акциядорлик жамияти ёки акциядор, қонунда кўрсатилган ҳолатларда эса бошқа ваколатли органлар томонидан ҳам тақдим этилиши мумкин.

Судларнинг эътибори қаратилсинки, аффилланганлиги тўғрисида акциядорлик жамиятини олдиндан хабардор қилмаган аффилланган шахс билан тузилган битим, агар:

аффилланган шахс билан тузилган битимни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилган акциядорнинг овоз бериши акциядорларнинг ушбу битимни маъқуллаш тўғрисида қарор қабул қилинган умумий йиғилишида унинг иштирок этишидан ёки иштирок этмаслигидан қатъи назар, овоз бериш натижаларига таъсир кўрсатмаса;

мазкур битимнинг тузилиши жамиятга ёки даъво билан судга мурожаат қилган акциядорга зарар етказилишига сабаб бўлганлиги ёки зарар етказилишига сабаб бўлиши мумкинлиги исботланмаган бўлса;

мазкур битим бўйича зарарлар битим тарафларининг ҳаракатларига боғлиқ бўлмаган ҳолатларнинг (форс-мажор ҳолатларнинг) натижаси бўлганлиги исботланган бўлса;

мазкур битимнинг кейинчалик маъқулланганлиги далиллари ишни судда кўриб чиқиш пайтида тақдим этилган бўлса, ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин эмас.


8.4. "Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 43-моддасининг биринчи қисмига кўра тузилишидан жамият кузатув кенгашининг аъзоси, жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи вазифасини амалга оширувчи шахслар, жамиятнинг коллегиал ижро этувчи органи аъзоси манфаатдор бўлган ёки ўз аффилланган шахслари билан биргаликда жамият иштирокчилари умумий овозлари сонининг йигирма ва ундан ортиқ фоизига эга бўлган жамият иштирокчисининг манфаатдорлиги бўлган битимлар жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг розилигисиз жамият томонидан тузилиши мумкин эмас.

Мазкур Қонун 43-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг эътиборига:

улар, уларнинг эрлари (хотинлари), ота-оналари, болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ва (ёки) аффилланган шахслари акцияларининг (пайлар улушларининг) йигирма ва ундан ортиқ фоизига эга бўлган юридик шахслар тўғрисидаги;

улар, уларнинг эрлари (хотинлари), ота-оналари, болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ва (ёки) уларнинг аффилланган шахслари бошқарув органларида лавозимни эгаллаб турган юридик шахслар тўғрисидаги;

улар тузилишидан манфаатдор деб эътироф этилиши мумкин бўлган тузиладиган ёки тахмин қилинадиган битимлар тўғрисидаги ахборотни етказишлари керак.

Судларнинг эътибори қаратилсинки, тузилишидан манфаатдорлик бўлган ва қайд этилган Қонуннинг 43-моддасида назарда тутилган талаблар бузилган ҳолда тузилган битим жамият ёки уни иштирокчисининг даъвоси бўйича суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.


9. Судлар инобатга олишлари лозимки, акциядорлар акциядорлик жамиятининг фаолиятидан келиб чиқадиган низолар бўйича ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги даъво билан хўжалик судига мурожаат қилган тақдирда, акциядорларга давлат божини тўлаш муддати кечиктирилиб, бу бож кейинчалик айбдор тарафдан ундирилади. Бунда, илтимосномага акциядор томонидан унинг мулкий аҳволи давлат божини ўрнатилган тартибда тўлаш учун имконият бермаслигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг илова қилиниши талаб этилмайди.

Ваколатли давлат органларининг акциядорлар, шу жумладан, миноритар акциядорлар манфаатларида иқтисодий судга тақдим этган даъволари бўйича давлат божи ундирилмайди. Бундай ҳолда даъво талаблари қаноатлантирилганда давлат божи даъвонинг қаноатлантирилган қисмига мутаносиб равишда жавобгардан ундирилади.

Олий хўжалик суди раиси

  

К. Камилов

Олий хўжалик суди

Пленумининг котиби в.в.б., судья

З. Қурбонова