язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя/ Нафақа. Компенсация ва бошқа тўловлар/ Айрим тоифадаги шахсларга бериладиган имтиёзлар, уларга тўланадиган компенсация ва бошқа тўловлар/ ёш оилаларга/ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан вақтинча фойдаланилмаётган ётоқхоналар, уйлар ва кўп хонадонли уйлардаги бўш турган хоналарни ёш оилаларга бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.07.2007 й. 144-сон Қарорига илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2007 йил 17 июлдаги

144-сон қарорига

ИЛОВА



Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан

вақтинча фойдаланилмаётган ётоқхоналар, уйлар ва

кўп хонадонли уйлардаги бўш турган хоналарни

ёш оилаларга бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан вақтинча фойдаланилмаётган ётоқхоналарни, уй-жойларни ҳамда кўп хонадонли уйлардаги бўш турган хоналарни ёш оилаларга бериш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низом мақсадларида эр-хотиннинг иккиси ҳам ўттиз ёшдан ошмаган оила ёхуд фарзанд (бола) тарбиялаб вояга етказаётган ўттиз ёшдан ошмаган ёлғиз отадан ёки ёлғиз онадан иборат бўлган оила, шу жумладан никоҳдан ажралган, бева эркак (бева аёл) ёш оила деб эътироф этилади.

3. Ёш оилаларга уй-жойлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан вақтинча фойдаланилмаётган ва давлат мулки бўлган ётоқхоналардаги, уй-жойлардаги ҳамда кўп хонадонли уйлардаги бўш турган хоналардан берилади.

Давлат мулки бўлган ётоқхоналар, агар улар белгиланган тартибда сўнгги олти ой мобайнида эгалланмаган бўлса ёхуд тегишли асосларсиз белгиланган мақсадда фойдаланилмаётган бўлса вақтинча фойдаланилмаётган деб эътироф этилади.

Давлат мулки бўлган, сўнгги олти ой мобайнида эгалланмаган уй-жойлар (квартиралар) вақтинча фойдаланилмаётган уйлар ва кўп хонадонли уйлардаги бўш турган хоналар деб эътироф этилади, бундай уй-жойлар белгиланган тартибда вақтинча йўқ бўлган фуқаролар тасарруфида қолдирилган ҳоллар бундан мустасно.


4. Маҳаллий давлат ҳокимияти тегишли органлари балансида бўлган ва ёш оилаларга бериш учун мўлжалланган уй-жойлар белгиланган мақсадли коммунал уй-жой фондига киритилади ва улар бўйича алоҳида ҳисоб юритилади.


5. Идоравий уй-жой фондидаги фойдаланилмаётган уй-жойлардан фойдаланиш тегишли давлат корхоналари, муассасалари, ташкилотлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги шартнома асосида амалга оширилади. Бунда уй-жойлар, кейинчалик уларни ёш оилаларга бериш учун белгиланган мақсадли коммунал уй-жой фондига киритган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари балансига белгиланган тартибда берилиши мумкин.


6. Ушбу Низомга мувофиқ бериладиган уй-жойлар хусусийлаштирилмайди. Ёш оилага белгиланган мақсадли коммунал уй-жой фондидан уй-жой олиш ҳуқуқи бир марта берилади.



II. УЙ-ЖОЙГА МУҲТОЖ БЎЛГАН

ЁШ ОИЛАЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ


7. Ушбу Низомга мувофиқ уй-жой олиш ҳуқуқига уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган ва уй-жой олиш учун ҳисобда турган ёш оилалар эгадир.


8. Эр-хотиннинг иккаласи ҳам уй-жой мулкдорлари бўлмаган:

оиланинг бир нафар аъзоси ҳисобига етти квадрат метрдан кам умумий уй-жой майдони билан таъминланган;

уй-жойлар учун белгиланган талабларга жавоб бермайдиган хонада яшаётган;

қариндошлик муносабатлари бўлмаган икки ва ундан кўп оилалар билан битта квартирада яшаётган;

оиласи таркибида сурункали касалликнинг оғир шаклига чалинган ва алоҳида квартирада яшашга муҳтож бўлган бемор мавжуд бўлган ёш оилалар уй-жой олиш учун ҳисобга қўйилади. Тегишли касалликлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.


9. Агар ёш оила ушбу Низомнинг 8-бандида кўрсатилган бир нечта асослар бўйича ҳисобда туриш ҳуқуқига эга бўлса, бундай оилалар ўз хоҳишига кўра ушбу асослардан бири бўйича ёки асосларнинг ҳаммаси бўйича ҳисобга қўйилиши мумкин.


10. Эр-хотин уй-жой шароитларининг ёмонлашишига олиб келган, бунинг натижасида ёш оила уй-жойга муҳтож деб эътироф этилиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатларни содир этган тақдирда бундай ёш оила уй-жой шароитларининг ёмонлашишига олиб келган кўрсатиб ўтилган хатти-ҳаракатлар содир этилган кундан бошлаб беш йилдан эрта бўлмаган вақтдан кейин уй-жойга муҳтож сифатида ҳисобга қўйилади.


11. Ёш оилаларни уй-жойга муҳтож сифатида ҳисобга қўйиш туман, шаҳар ҳокимлиги (кейинги ўринларда ҳокимлик деб аталади) томонидан, яшаш жойидаги кўрсатилган органга эр-хотиндан бирининг берган аризаси асосида амалга оширилади.

Ҳисобга қўйиш тўғрисида ариза берган фуқарога ариза олинган сана кўрсатилган ҳолдаги тилхат берилади.


12. Аризалар Уй-жойга муҳтож бўлган ёш оилаларнинг аризаларини рўйхатга олиш дафтарида рўйхатдан ўтказилади.


13. Тегишли ҳокимликлар томонидан қабул қилинган аризалар Уй-жой майдонини ҳисобга олиш ва тақсимлаш комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) томонидан олдиндан кўриб чиқилади, Комиссия ёш оиланинг уй-жой шароитларини ва тегишли ҳужжатларни ўрганиб чиққандан кейин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда текшириш далолатномаси тузади. Текшириш далолатномасига ва бошқа ҳужжатларга мувофиқ Комиссия ҳисобга қўйиш ёки ҳисобга қўйишни рад этиш тўғрисида хулоса тузади, у ҳокимнинг қарори билан тасдиқланади.


14. Ҳисобга қўйиш ёки ҳисобга қўйишни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза берилган кундан бошлаб ўттиз иш кунидан кечикмай ҳокимлик томонидан қабул қилинади.


15. Ҳокимлик тегишли қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч иш кунидан кечикмай ҳисобга қўйиш ёки ҳисобга қўйишни рад этиш тўғрисидаги билдиришномани ариза берган фуқарога беради ёки жўнатади.


16. Ёш оилани уй-жойга муҳтож сифатида ҳисобга қўйишни рад этишга, агар:

ҳисобга қўйиш учун ушбу Низомнинг 8-бандида назарда тутилган асослар мавжуд бўлмаса;

ушбу Низомнинг 10-бандида кўрсатилган ҳолларда йўл қўйилади.


17. Ёш оилалар қуйидаги ҳолларда:

улар томонидан ҳисобга қўйиш жойи бўйича ҳисобдан чиқариш тўғрисида ариза берилганда;

улар томонидан ушбу Низомга мувофиқ уларга уй-жой олиш ҳуқуқини берувчи асослар йўқотилганда;

улар бошқа аҳоли пунктидаги яшаш жойига жўнаб кетганда;

улар уй-жой сотиб олиш ёки қуриш учун белгиланган тартибда кредитлар ёхуд бошқа маблағлар олишганда;

уларга уй-жой қуриш учун белгиланган тартибда ер участкаси берилганда;

ҳужжатларда ҳақиқий бўлмаган ва ҳисобга қўйиш учун асос бўлган маълумотлар, шунингдек ҳокимликнинг мансабдор шахслари томонидан ҳисобга қўйиш тўғрисидаги масалани ҳал қилишда ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилгани аниқланганда уй-жойга муҳтож сифатидаги ҳисобдан чиқарилади.

Ёш оилаларни уй-жойга муҳтож сифатидаги ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги қарор бундай қарорларни қабул қилиш учун асос бўлган ҳолатлар аниқланган кундан бошлаб ўттиз иш кунидан кечикмай тегишли ҳоким томонидан қабул қилинади. Ёш оилаларни уй-жойга муҳтож сифатидаги ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги қарорларда ушбу бандда назарда тутилган ҳолатлар албатта кўрсатилган ҳолда бундай ҳисобдан чиқариш асослари мавжуд бўлиши керак. Ёш оилаларни уй-жойга муҳтож сифатидаги ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги қарорлар ўзига нисбатан бундай қарор қабул қилинган ёш оилага мазкур қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч иш кунидан кечикмай берилади ёки жўнатилади ва унинг юзасидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.



III. УЙ-ЖОЙЛАРНИ БЕРИШ


18. Уй-жойга муҳтож сифатида ҳисобда турган ёш оилаларга уй-жойлар навбат бўйича, бундай оилалар ҳисобга олинган санадан келиб чиққан ҳолда ва тегишли уй-жой майдони мавжудлигига қараб берилади.


Уй-жойларни бериш навбатини аниқлашда ҳисобга қўйилган сана, шарт-шароитлар бир хил бўлган тақдирда эса - уй-жойлар билан таъминланганлик даражаси асосий шарт ҳисобланади.


19. Қуйидагиларга:

уй-жойлари яшаш учун белгиланган тартибда яроқсиз деб эътироф этилган, шунингдек уларни таъмирлаш ёки реконструкция қилиш мумкин бўлмаган;

эр-хотиннинг иккаласи ҳам етим бўлган;

эр-хотиндан биттаси Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида хизматни тугатган ёки озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазони ўташ муассасаларидан қайтиб келган;

ушбу Низомнинг 8-бандига мувофиқ сурункали касалликларнинг оғир шаклларига чалинган беморлар билан бирга яшайдиган ёш оилаларга уй-жойлар навбатдан ташқари берилади.


20. Уй-жойга муҳтож сифатида ҳисобда турган ёш оилаларга уй-жойлар ҳокимнинг қарорлари асосида берилади.

Комиссия томонидан қарор қабул қилингунгача ёш оиланинг уй-жой шароитлари қайтадан ўрганилади ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда текшириш далолатномаси тузилади. Текшириш далолатномасига ва бошқа маълумотларга мувофиқ Комиссия уй-жой бериш тўғрисида хулоса тузади ва уни ҳокимга кўриб чиқиш учун киритади.

Уй-жой бериш тўғрисидаги қарор ўзига нисбатан ушбу қарор қабул қилинган ёш оилага қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч иш кунидан кечикмай берилади ёки жўнатилади.


21. Кўп хонадонли уйдаги уй-жойлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланадиган уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси доирасида, Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексига мувофиқ берилади.

Оилавий ётоқхоналардаги уй-жойлар бир киши ҳисобига камида етти квадрат метрдан кам бўлмаган ҳажмда берилади. Бунда битта оилага битта алоҳида изоляция қилинган хона ёхуд, ётоқхонанинг тузилишига мувофиқ, умумий кириш йўлаги билан бирлаштирилган бир нечта хона берилади.

Бериладиган уй-жой ҳажмини белгилашда ёш оила билан бирга доимий яшайдиган эр-хотиннинг меҳнатга лаёқатсиз ва (ёки) муомалага лаёқатсиз ота-оналари ҳамда қарамоғидаги бошқа шахслар, агар мазкур фуқаролар уй-жойнинг ижарачилари, уй-жой ижарачисининг оила аъзолари, уй-жойнинг мулкдорлари ёки уй-жой мулкдорининг оила аъзолари бўлмаса ва уларнинг ёш оила билан алоҳида яшаши учун асос мавжуд бўлмаса, ҳисобга олинади.


22. Уй-жой бериш тўғрисидаги қарор асосида ҳокимлик ёш оилага белгиланган намунадаги ордер беради, у берилган уй-жойга кўчиб кириш учун асос ҳисобланади.


23. Ордер ҳокимнинг қарорига мувофиқ, уй-жой майдонини ҳисобга олиш ва тақсимлаш бўлими ёки тегишли ҳоким томонидан тайинланадиган махсус ваколатли мансабдор шахс томонидан берилади.

Ёш оилага ордер фақат амалда бўш турган уй-жой учун берилади.


24. Ордерни ёш оиланинг қариндошларига ёки бошқа учинчи шахсларга беришга йўл қўйилмайди.


25. Уй-жойга кўчиб кирилгандан ва рўйхатдан ўтказилгандан кейин ордер ёш оилада сақланади.


26. Ордерни олиш вақтида никоҳдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома, паспорт (туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома), шунингдек ордерга киритиладиган оила аъзоларининг ҳаммаси учун ушбу ҳужжатлар ўрнини босадиган бошқа ҳужжатлар кўрсатилиши керак.


27. Ёш оила учун уй-жойга ордер бериш, агар ёш оиланинг таркиби тўғрисидаги маълумотлар (ёш оиланинг ҳақиқий таркиби) уй-жой бериш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган маълумотларга мувофиқ бўлмаса, ҳокимнинг қарори билан тўхтатилиши мумкин.


28. Ёш оилалар учун уй-жойни ва уй-жой учун берилаётган ордерларни рўйхатдан ўтказиш тегишли ҳокимликларда амалга оширилади.


29. Ёш оила учун уй-жойга берилган ордер суд тартибида ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши мумкин.



IV. УЙ-ЖОЙНИ ИЖАРАГА

БЕРИШ ШАРТНОМАСИ


30. Ҳокимлик ёхуд унинг томонидан вакил қилинган бошқарувчи ташкилот ва уй-жой берилган ёш оила ўртасидаги ёш оила учун уй-жойни сақлаш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ўзаро муносабатлар уй-жой қонунчилиги ҳамда ушбу Низомга иловага мувофиқ шакл бўйича намунавий ижара шартномаси асосида тузиладиган шартнома билан тартибга солинади.


31. Уй-жойни ижарага бериш шартномаси ҳокимлик ёхуд унинг томонидан вакил қилинган бошқарувчи ташкилот ва ёш оиланинг номига ордер берилган аъзоларидан бири ўртасида ёзма шаклда 5 йил муддатга тузилади.


32. Ёш оила учун уй-жойни ижарага бериш шартномаси муддати шартнома имзоланган кундан бошлаб ҳисобланади ва ушбу Низомнинг 31-бандида кўрсатилган муддатда тугайди.

Уй-жойни (оилавий ётоқхоналардаги хоналар бундан мустасно) ижарага бериш шартномаси янги муддатга тузилиши мумкин.

Ижара шартномасини янги муддатга тузиш зарур бўлган тақдирда ёш оила Комиссияга ариза беради, Комиссия аризани кўриб чиққандан кейин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи билан биргаликда тегишли ҳокимга ёш оила учун уй-жойни ижарага бериш шартномаси қайта тузилиши мумкин бўлган муддат тўғрисида таклиф киритади.

Ҳокимнинг қарори асосида ёш оила учун уй-жойни ижарага бериш шартномаси белгиланган тартибда қайта тузилади.


33. Ижара шартномасини бекор қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


34. Томонларнинг уй-жойни ижарага бериш шартномаси бўйича мажбуриятларни бажармаганлиги ёки зарур даражада бажармаганлиги учун жавобгарлиги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилинган ҳолда томонларнинг битими билан белгиланади.



V. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


35. Қонунда назарда тутилган ҳолларда ижарага олувчиларда ва унинг оила аъзоларида уй-жой, шунингдек ижара шартномаси амал қиладиган муддатда белгиланган тартибда қўриқлаш гувоҳномаси (брон) олиш ҳуқуқи сақланиб қолади.


36. Ёш оилага ушбу Низомга мувофиқ ижарага берилган уй-жой учун тўлов ундирилмайди. Бунда ёш оила белгиланган тартибда қуйидагилар учун:

умумий мулкни сақлаш, унга хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш бўйича умумий харажатлар учун - хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига ёки бошқа бошқарувчи ташкилотга;

коммунал хизматлар учун - коммунал хизматлар кўрсатувчиларга тўловни амалга оширади.


37. Ёш оила эгаллаб турган уй-жойини фақат айнан ўша уй-жой фондига қарашли уй-жойда яшайдиган ёш оила билан алмаштириши мумкин.


38. Белгиланган нормадан ортиқ уй-жой майдонига эга бўлган ёш оила уй-жойни берган ҳокимликка ўзи эгаллаб турган уй-жойни кичик ҳажмдаги уй-жойга алмаштириш тўғрисидаги илтимос билан мурожаат қилишга ҳақлидир.


39. Ёш оилалар учун уй-жой бериш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ низолар қонунда белгиланган тартибда ҳал этилади.





Низомга

ИЛОВА



Вақтинча фойдаланилмаётган ётоқхоналар, уйлар ва кўп

хонадонли уйлардаги бўш турган хоналар негизида барпо

этилган уй-жойнинг ёш оила томонидан ижарага олиниши

НАМУНАВИЙ ШАРТНОМАСИ

200___й. "___"_________

N___

_______________________

ҳоли пунктининг номи)

___________________________________________________________________

(маҳаллий давлат ҳокимияти органининг ёки унинг томонидан ваколат берилган бошқарувчи ташкилотнинг номи)


__________________________________________________________номидан,


________________________________________________асосида иш кўрувчи,

кейинги ўринларда "Ижарага берувчи" деб юритиладиган ва кейинги

ўринларда "Ижарага олувчи" деб юритиладиган фуқаро _______________

______________________________________________________________нинг

(маҳаллий давлат ҳокимияти органининг номи)


200__й. "__"_________ даги ____________-сон қарорига мувофиқ берилган

________________серияли _______________рақамли ордер асосида мазкур

шартномани қуйидагилар тўғрисида туздик:


I. Шартнома предмети


1. Ижарага берувчи Ижарага олувчига ва унинг оила аъзоларига _______________________________________________ манзилдаги умумий майдони __________кв. м, _______ хонадан иборат уй-жойни мазкур шартноманинг ажралмас қисми ҳисобланган Квартирани ижарага бериш далолатномаси (мазкур шартномага илова) бўйича ижарага беради.


II. Оила аъзолари


2. Мазкур Шартномага мувофиқ берилган уй-жойда ижарага олувчи билан бирга қуйидагилар доимий яшайдилар:

___________________________________________________________________

(Ф.И.О., қариндошлик даражаси)

___________________________________________________________________

(Ф.И.О., қариндошлик даражаси)

___________________________________________________________________

(Ф.И.О., қариндошлик даражаси)

___________________________________________________________________

(Ф.И.О., қариндошлик даражаси)


III. Томонларнинг мажбуриятлари


3. Ижарага берувчи қуйидагиларга мажбур:

уй-жойни Ижарага олувчига техник соз, яшаш учун яроқли ҳолатда тақдим этиш;

уй-жойни ва ётоқхонани, шунингдек уй-жойнинг техник қурилмаларини уй-жойлардан фойдаланиш қоидалари талабларига мувофиқ бут сақлаш;

коммунал хизматлар ва бошқа хизматлар узлуксиз кўрсатилишини таъминлаш;

уй-жой ва уйнинг техник қурилмалари, муҳандислик асбоб-ускуналарида пайдо бўладиган носозликларни ўз вақтида бартараф этиш;

уй-жойлар ва умумий фойдаланиладиган жойларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мукаммал таъмирлаш.


4. Ижарага олувчи қуйидагиларга мажбур:

берилган уй-жойдан унинг белгиланган мақсадида ва шартнома шартларига мувофиқ фойдаланиш;

уй-жой, ёрдамчи хоналар ва асбоб-ускуналардан, уй атрофидаги ҳудуддан, шунингдек умумий фойдаланиладиган жойлардан бошқа фуқаролар ва юридик шахсларнинг уй-жой ҳуқуқларига, бошқа ҳуқуқларига зарар етказмасдан вазифасига кўра фойдаланиш, ташқи ободонлаштириш объектларини эҳтиёт қилиш;

уй-жойлардан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиш;

уй-жойларни яхши сақлаш ва уларнинг зарур ҳолатда бўлишини таъминлаш;

уй-жойнинг аниқланган носоз элементлари тўғрисида Ижарага берувчига ўз вақтида маълум қилиш;

авария вазиятлари пайдо бўлганда ўзи эгаллаб турган уй-жойга аварияларни бартараф этиш учун тегишли таъмирлаш-фойдаланиш ташкилотларининг вакиллари киришини таъминлаш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган санитария-гигиена, экологик, архитектура-шаҳарсозлик, ёнғинга қарши ва фойдаланиш талабларини бажариш;

коммунал хизматлар ҳамда уй ва умумий фойдаланиладиган мол-мулк таъминоти учун тўловни ўтган ойдан кейинги ойнинг 10-кунидан кечикмай тўлаш;

ижара шартномаси муддати тамом бўлгандан кейин эгаллаб турган уй-жойни бўшатиб қўйиш ва уни зарур техник ҳолатда топшириш;

никоҳ бекор қилинган тақдирда суд (ФҲДЁ) қарори қабул қилингандан сўнг 10 кун мобайнида бундан хабардор қилиш.


IV. Томонларнинг ҳуқуқлари


5. Ижарага берувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ижарага олувчидан уй-жойдан фойдаланиш қоидаларига риоя этишни талаб қилиш;

Ижарага олувчидан коммунал хизматлар ҳамда уй ва умумий фойдаланиладиган мол-мулк таъминоти учун тўловлар мазкур шартноманинг 4-банди тўққизинчи хат бошида назарда тутилган муддатларда тўланишини талаб қилиш;

уй-жой ва ёрдамчи хоналарнинг конструкциялари ва техник қурилмалари ҳолатини кўздан кечириш;

Ижарага олувчи ва у билан бирга яшайдиган шахслар уй-жойни бузса ёки ундан бошқа мақсадларда фойдаланса, ёхуд яшаш қоидаларини мунтазам равишда бузган ҳолда бошқа шахсларнинг ўзлари билан битта квартирада ёки битта уйда бирга яшашини мумкин бўлмайдиган ҳолатга келтирса ва бунда огоҳлантириш ва жамоатчилик таъсири кўрсатиш чоралари натижасиз тугаса, уларни бошқа уй-жой бермасдан суд тартибида кўчириб юбориш;

агар ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум бўлган шахсларнинг уларга нисбатан ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилган болалар билан бирга яшаши мумкин эмаслиги эътироф этилган бўлса, бундай шахсларни бошқа уй-жой бермасдан суд тартибида кўчириб юбориш.


6. Ижара олувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ижарага берувчининг розилиги билан оила аъзоларини кўчириб келтириш. Ёш оилаларга мўлжалланган уйларда ижарага олувчи билан доимий равишда бирга яшайдиган эр-хотин ва уларнинг болалари уй-жойни ижарага олганнинг оила аъзолари деб ҳисобланади. Эр-хотиннинг ота-оналари, агар улар илгари бу ҳуқуқни қўлга киритмаган бўлса, фақат ўзаро розилик бўйича Ижарага берувчининг оила аъзолари деб эътироф этилиши мумкин. Агар бу, уй-жойда яшаётган ёш оилалар учун уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёж сезувчи фуқаролар, шунингдек уй-жойнинг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган ҳажмда ўз турар жойига эга бўлиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар сифатида эътироф этилишига олиб келса, шартномага бошқа фуқароларнинг киритилишига йўл қўйилмайди;

вақтинча бўлмаган вақтида қонунда назарда тутилган тартибда уй-жойга бўлган ҳуқуқни ўзида сақлаб қолиш ёки қонунда назарда тутилган ҳолларда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида муҳофаза гувоҳномаси (брон) олган ҳолда уй-жойни брон қилиш;

зарурият бўлганда квартиранинг, уйнинг конструкциялари ва техник қурилмалари режадан ташқари текширилишини, аниқланган қоидани бузилишлар бартараф қилинишини талаб қилиш;

Ижарага берувчининг мажбуриятларига кирадиган квартира элементларини таъмирлаш кечиктирилмаслиги зарур бўлганда, бу ҳақда Ижарага берувчини ёзма равишда хабардор қилгандан кейин уни амалга ошириш ва ушбу ишлар қийматини Ижарага берувчидан ундириб олиш;

ушбу шартнома бўйича мажбуриятлар Ижарага берувчи томонидан бажарилмаган тақдирда умумий мулкни сақлаш, унга хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш бўйича тўловлар қайта ҳисоб-китоб қилинишини талаб қилиш;

эгаллаб турган уй-жойни ёш оилаларга мўлжалланган уйлардаги фақат ана шундай уй-жойга бегиланган тартибда алмаштириш.


V. Томонларнинг жавобгарлиги


7. Ижарага берувчи мазкур шартнома бўйича ўз мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки зарур тарзда бажарилмаганлиги натижасида етказилган зарарни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ижарага олувчига тўлайди.


8. Ижарага олувчи мазкур шартнома бўйича ўз мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки зарур тарзда бажарилмаганлиги натижасида етказилган зиённи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ижарага берувчига тўлайди.


VI. Алоҳида шартлар


9. Мазкур шартнома бўйича ижарага берилган уй-жой хусусийлаштирилмайди.


10. Мазкур шартнома муддати тамом бўлгандан кейин Ижарага берувчи янги муддатга уй-жой ижараси шартномаси тузиш тўғрисида мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади (оилавий ётоқхоналардаги уй-жойлар бундан мустасно).


11. Ижарага олувчи оиланинг вояга етган аъзолари ва у билан доимий равишда бирга яшайдиган фуқаролар розилиги билан уч ой олдин Ижарага берувчини ёзма равишда огоҳлантириб мазкур шартномани исталган вақтда бекор қилишга ҳақлидир.

VIII. Шартнома муддати, уни ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби


12. Мазкур шартнома беш йил муддатга тузилган ва 200__ й. "___"_________гача амал қилади.


13. Ижарага олувчининг вояга етган оила аъзолари ва у билан доимий равишда бирга яшайдиган фуқаролар Ижарага берувчини хабардор қилиб Ижарага олувчи билан уй-жойда доимий равишда бирга яшайдиган барча фуқаролар Ижарага берувчи олдида Ижарага олувчи билан биргаликда жавоб бериши ва биргаликда ижарага олувчилар ҳисобланиши тўғрисида Ижарага олувчи билан шартнома тузишлари мумкин.


14. Мазкур шартнома томонларнинг ўзаро розилиги билан бекор қилиниши мумкин ва Ижарага олувчи уй-жойдан чиқиб кетган кун шартнома бекор қилинган кун ҳисобланади.


15. Мазкур шартнома қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда томонлардан исталганининг талаби билан суд тартибида бекор қилиниши мумкин.


IX. Якунловчи қоидалар


16. Мазкур шартномани бажариш пайтида томонлар ўртасида пайдо бўлган низолар қонунда белгиланган тартибда ҳал этилади.


17. Мазкур шартномада назарда тутилмаган ҳолларда томонлар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига амал қилади.


18. Мазкур шартнома икки нусхада тузилди ҳамда Ижарага берувчида ва Ижарага олувчида сақланади.


X. Томонларнинг имзолари ва реквизитлари

Ижарага берувчи

Ижарага олувчи

(номи ва юридик манзили)

(Ф.И.О. ва манзил)

(банк ҳисоб рақами, банк муассасаси номи)

(мансабдор (ваколатли) шахснинг Ф.И.О. ва имзо)

(имзо)

М.Ў.





Намунавий шартномасига

ИЛОВА


Квартирани Ижарага олувчига топшириш

ДАЛОЛАТНОМАСИ

200___й. "___"__________

__________________

ҳоли пунктининг номи)

Бизким, ___________________________________________________________

(маҳаллий давлат ҳокимияти органининг ёки унинг томонидан ваколат берилган бошқарувчи ташкилотнинг номи)


__________________________________________________________ номидан,

Ижарага берувчининг топшириғи бўйича иш кўрувчи Ижарага

берувчининг вакили ________________________________________________

(лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми)

ва ___________________________________________________________ нинг

(маҳаллий давлат ҳокимияти органининг номи)


200__й. "__"_________ даги ____________-сон қарорига мувофиқ берилган

________________ серияли __________________ рақамли ордер асосида иш

кўрадиган фуқаро __________________________________________________

(фамилияси, исми, отасининг исми)

томонидан _______________ манзилидаги __________ қаватдаги _________

______ -квартирани _________________________________________________

(ётоқхонадаги уй-жой, квартира эканлиги кўрсатилиши зарур)


Ижарага берувчининг вакили топширганлиги, Ижарага олувчи эса қабул қилганлиги тўғрисида мазкур далолатнома тузилди.

Квартира (уй-жой) _____ хонадан иборат, умумий майдони ____ кв. м, шу жумладан:

ошхона

___________________ кв.м;

ювиниш хонаси

___________________ кв.м;

ҳожатхона

___________________ кв.м;

(биргаликдаги) йўлак (холл)

___________________ кв.м;

деворга ўрнатилган жавонлар

(буюм сақланадиган жойлар)

___________________ кв.м;

болохона айвони

___________________ кв.м;

айвон

___________________ кв.м;

пешайвон

___________________ кв.м;

турар жой майдони

___________________ кв.м.

Квартира сув таъминоти (совуқ, иссиқ сув), канализация, иситиш (марказий, маҳаллий), электр нури билан ёритиш, радиотрансляция тармоғи билан жиҳозланган, телефон ўрнатилган (мавжуд эмасларининг устидан чизилсин).

Квартиранинг ёрдамчи хоналарида __________________________________

_____________________________________________ жиҳозлари ўрнатилган.


Хоналарнинг техник ҳолати _________________________________________

(хоналарнинг техник ҳолати акс эттирилади)

___________________________________________________________________


Ижарага берувчининг вакили

Ижарага олувчи

(Ф.И.О., муҳр билан тасдиқланган имзо)

(Ф.И.О., имзо)

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 29-30-сон, 304-модда.